2017 йил бошида Palgrave Pivot (Palgrave Macmillan нашриётининг электрон китобларни тезкор чоп қилиш бўлими) грузин сиёсатчиси Ника Гилаурининг “Practical Economics. Economic Transformation and Government Reform in Georgia 2004–2012” (“Амалий иқтисодиёт – иқтисодий трансформация ва Грузия ҳукуматининг ислоҳотлари (2004 – 2012)”) китобини чоп қилди (китобни мана бу ерда бемалол ўқиш мумкин). Ника Гилаури 2004 йилдан энергетика вазири ва президент Михаил Саакашвили ҳукуматида 2009 йилдан 2012 йилгача бош вазир бўлиб хизмат қилган. У ислоҳотчилар командаси билан “Грузия мўъжизаси”ни яратишга муваффақ бўлди ҳамда ўн йилдан камроқ вақт мобайнида қолоқ, банкрот бўлган, ташқи оламдан узилиб қолган ва коррупция ботқоғига ботган мамлакатни иқтисодиёти барқарор ўсаётган, инвестициялар учун жозибали ва ижтимоий кўрсаткичлари анча яхшиланган очиқ юртга айлантирди.
Грузия тажрибаси чиндан ҳам ноёб, халқаро экспертлар ва институтлар бу ҳақда кўплаб мақолалар ёзди. Ушбу китобнинг ўзига хослиги шундаки, у оддий тилда, “жаргон” ва иқтисодий назарияни деярли қўшмаган ҳолда ёзилган, асосан, Гилуарининг реал амалий тажрибасига таянади. “Амалий иқтисодий назария, – деб ёзади Гилуари, – муайян мамлакатда муайян даврда тўғри “микс политик”ни топишга имкон берадиган назариядир”. Китобнинг асосий саволлари: бошқариш нуқтаи назаридан, ҳукуматнинг иқтисодиёт кўламига нисбатан бюджети нуқтаи назаридан унинг энг мақбул ўлчами қандай? Хусусий сектор билан ҳамкорлик қилган ҳолда ҳукумат ва унинг қарорлари самарадорлигини қандай таъминлаш мумкин?
2012 йилги сайловда Саакашвилининг “Грузия орзуси” партияси ютқазгандан сўнг Ника Гилуари «Реформатикс» хусусий консалтинг компаниясини ташкил этиб, муваффақият қозонди. «Реформатикс» дунёга машҳур “McKinsey and Co” компанияси билан ҳамкорликда фаолият юритади. Ўтган вақт мобайнида Ника билан командаси 200 дан ошиқ мамлакат, жумладан, Қозоғистонга маслаҳатлар берди ҳамда стратегия ишлаб чиқиш ва ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашди. Гилуари командаси ёрдамида Қозоғистон “Бизнес юритиш осонлиги индекси”да 33-ўрингача кўтарилди. Эстония енгиллаштирилган солиққа тортишнинг янги принципларини жорий қилмоқда, Нигерия бу сафар Грузия тажрибасига асосланган ҳолда коррупцияга қарши курашиб, ислоҳотларда реал олға силжишга эришишга ҳаракат қилмоқда. Ушбу мамлакатда олдин ҳам бунақа ислоҳот ўтказишга уринишлар бўлган эди.
Гилуарининг китобида Грузиянинг барча йўналишларда инқилобий ислоҳотлар ўтказишдаги тажрибаси синтез қилинади. Унда Грузияда 2004 – 2012 йилларда ўтказилган 35 та ислоҳотга тавсиф берилади ва у қадам-бақадам тушунтирилади; ХВЖ билан Грузия ҳукуматининг макроиқтисодий сиёсатга ёндашувлари ўртасидаги фарқ кўрсатиб берилади (масалан, грузин иқтисодчилари буҳрон вақтида солиқларни ошириш салбий оқибатларга олиб келади, деган фикрда қатъий туриб олади ва ҳақ бўлиб чиқади – солиқ юкини камайтириш ҳисобига солиқ тушумлари ЯИМга нисбатан фоиз ҳисобида 2003 йилдаги 7 фоиздан 2012 йилга келиб 24 фоизга кўтарилади); шунингдек, қисқа вақт ичида, олий раҳбариятнинг сиёсий иродаси бўлган ҳолда, кескин ва самарали ўзгаришларни амалга ошириш учун бошқа мамлакатларнинг сиёсий раҳбарлари ва иқтисодиёт вазирларига амалий кўрсатмалар таклиф қилинади. Қизиғи шундаки, китобда президент Саакашвили деярли эсланмайди – фақат ўша ғояни у бергани, лекин унга ҳеч ким ишонмагани айтилади. Бу Батумининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга чет эл инвестицияларини жалб қилиш ғояси эди.
Умуман олганда, Грузия тажрибасини бошқа мамлакатларда қўллаш ҳақида мунозара иккита нуқтаи назарга бўлинади. Биринчи нуқтаи назарга кўра, Грузия тажрибаси универсал бўлиб, уни барча мамлакатларга қўллаш мумкин, чунки Грузия 2003 йили бошқа қолоқ мамлакатлардан ҳеч қандай ажралиб турмас эди, деб тахмин қилинади. Бошқа нуқтаи назарга кўра эса, Грузия кичик мамлакат бўлгани учун ҳам ислоҳотларни амалга ошириш мумкин бўлди. Мамлакатда ташқи таҳдидлар сабаб жамиятни жипслаштиришга эришилди, шунингдек, унга анча-мунча ташқи молиявий ёрдам кўрсатилди. Ёш ислоҳотчилар командаси эса ҳам олий раҳбариятнинг, ҳам аҳолининг мисли кўрилмаган сиёсий кўмагини олди.
Муаллиф китобнинг кириш қисмида шундай эътироф этади: “Дунё мамлакатлари маданияти, тарихи, иқтисодий ривожланиш босқичлари , жуғрофий-сиёсий вазияти, таълим даражаси ва ижтимоий етуклиги билан бир-биридан фарқ қилади – бу аниқ. Лекин шу билан бирга барча мамлакатлар ва уларнинг ҳукуматлари учун бирдай универсал бўлган кўплаб нарсалар бор. Ушбу мамлакатларнинг аксарияти баландроқ ҳаёт даражаси, энг яхши таълим, соғлиқни сақлашнинг самаралироқ тизимлари, кўпроқ хавфсизлик, иқтисодий тараққиётга ва ишсизлик даражасини камайтиришга интилади. Аксарият ҳукуматларнинг эса, масалан, бюджет ресурсларининг чеклангани, қарздорлик даражасининг юқорилиги, илдиз отиб кетган коррупция, самарасиз давлат хизматлари сингари умумий муаммолари бор. Шундай экан, нега улар бир-биридан ўрганмаслиги керак?”
Келинг, Ника Гилуари китобининг муайян ва энг қизиқарли қисмлари ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтайлик.
Олдинги ва кейинги Грузия
Грузиянинг Шеварднадзе давридан қолган мероси ўта ачинарли эди. 2003 йили бюджет ва Миллий банк резервлари тугаб бўлган, электр қуввати пойтахтда бир кеча-кундузда бир неча соатгина, вилоятларда эса бундан ҳам кам берилар, давлат корхоналарининг ҳам ташқи, ҳам ички қарздорлиги ҳаддан зиёд ортиб кетган, жиноятчилик баланд, коррупция давлат бошқарувининг барча даражаларида – ҳукуматдан тортиб, йўл полицияси ва божхона инспеторига қадар гуллаб-яшнаётган эди.
2012 йилга келиб, Грузия бошқа мамлакатга айланди. У ерда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” мезонларига мос келадиган 35 та ислоҳот – ҳар йили олтитадан – муваффақиятли якунланди. Ислоҳотлар Грузияни Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш оддийлиги индекси”да 2006 йилги 112-ўриндан 2014 йилги 8-ўринга олиб чиқди ҳамда тўққиз йил мобайнида иқтисодиёт кўламини (номинал ифодада) 4 марта оширди. Грузия табиий ресурслар йўқлиги ҳамда жаҳон молиявий буҳрони ва Россия тажовузи юкига қарамасдан, 2008/2009 йиллардаги рецессия – иқтисодий пасайишдан минтақадаги мамлакатларнинг барчасидан олдинроқ қутула билди.
Коррупцияга қарши кураш ислоҳоти ва давлат хизмати
Муаллифга кўра, Грузияда коррупцияга қарши кураш ўз фаолиятига жиддий қарайдиган ҳар қандай мамлакат учун маъқул 3 та принципга асосланар эди: (1) давлат хизматчилари ишини тўғри рағбатлантириш; (2) қоида ва низомларни соддалаштириш, шунингдек, (3) қоидаларга ҳеч бир истисносиз риоя қилиш.
Илк қадам юксак лавозимли амалдорларнинг аксариятини тажрибасиз, иштиёқманд ва коррупция тажрибаси бўлмаган меҳнатсевар ёшлар билан алмаштиришдан иборат бўлди. Ушбу кескин қадамга сабаб бўлган нарса шуки, сиёсатчи ва маъмурларнинг олдинги авлоди амалиётнинг коррупциялашган турларига кўникибгина қолмасдан, сиёсий қадриятлар тизими давлат мулкини ўғирлашнинг ёмон жойи йўқ, деган ақидага асосланар эди.
Иккинчи қадам давлат хизматчилари оиласини боққан коррупция амалиётига ортиқ қайтмаслиги учун маошларни оширишдан иборат бўлди. Шу тариқа вазирнинг иш ҳақи 2003 йилдаги 75 АҚШ долларидан 2004 йилда 1200 долларгача ошди ва кейинги йилларда янада кўтарилиб борди. Айрим ҳолларда ўрта даражадаги амалдорлар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича бош инспекция ходимларининг ўртача иш ҳақи 20 доллардан 200 долларгача – ўн баробар оширилди. Маошлар солиқ тушумларининг анча-мунча ошиши ҳисобига кўпайтирилди. Бунга эса солиқ юкининг камайтирилиши ва маъмуриятчиликни соддалаштириш, шунингдек, солиқ тизимида коррупциянинг йўқ қилиниши ҳисобига эришилди. Ҳукумат амалдорлари янги режимда бойиб кетмаслиги, лекин ҳеч ким оиласини боқиш учун пора олмаслиги керак эди. Натижада коррупциялашган амалдорлар устунлик ҳиссидан ва жамиятнинг маънавий кўмагидан маҳрум бўлди. Бу қонунларга итоат қилувчи жамият сари ташланган қадам сифатида муҳим эди.
Учинчи қадам давлат хизматини меритократия[1] руҳи билан тўлдиришдан иборат бўлди. Бунинг учун ҳукумат ҳар бир кишининг шахсий ишини рағбатлантириб борадиган бонуслар тизимини, шу билан бирга ахборот беришнинг аниқ ва шаффоф стратегиясини ҳам жорий қилди. Бу аҳолига коррупционерлар тез ҳамда мақоми ва қариндошлик алоқаларидан қатъи назар, қаттиқ жазоланишини кўрсатиб берди.
Солиқ, маъмурий ва бизнес бошқарувини соддалаштириш
Солиқ ислоҳоти қисман ХВЖ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тақчилликни қисқартириш учун макроиқтисодий ва молиявий сиёсатни қаттиқлаштиришни талаб қилувчи тавсияларига зид йўлдан борди. Грузияда, хусусан, асосий эътибор солиқ юкини анча-мунча камайтириш ва маъмуриятчиликни соддалаштиришга қаратилди. Бу таваккал ва дадил қадам эди, чунки ҳеч ким ҳукумат иқтисодиётнинг кўланкадан чиқиши ва солиқларнинг қонунийлаштирилиши ҳисобига кўпроқ даромад олишига кафолат бера олмас эди. Шунга қарамасдан, коммуникация тўғри ташкил қилингани, солиқ тўловчиларнинг юксак ишончи, шунингдек, ташқи ёрдам шарофати билан муваффақиятга эришилди.
Солиқлар 2 марта: илк марта 2004 йили, сўнгра 2008 йили, Россия билан урушдан кейин, Грузия иқтисодиёти пасайиш ҳолатида бўлган пайт камайтирилди. Натижада Грузия чет эл инвестицияларини жалб қилди, унинг ЯИМ ўсиши тезлашди, шунингдек, аҳоли учун янги ва кўпроқ маош тўланадиган иш ўринлари яратишга муваффақ бўлди.
Солиқлар сони 21 тадан 6 тагача қисқартирилди. Барча индивидуал солиқ ставкалари камайтирилди, қолган солиқлар ставкаларнинг ягона тизими билан алмаштирилди. Айни чоқда ҳокимият солиқ талабларига риоя қилмаслик кескин жазо чоралари қўлланишига сабаб бўлишини очиқ-ойдин айтди. Хусусан, илгари ҳукумат аъзолари, уларнинг оилалари ва ҳукуматга яқин бошқа шахсларга берилган барча истисною “махсус қоидалар” бекор қилинди.
Ислоҳотдан олдинги қоидаларга кўра, иш одамлари ҳам, амалдорлар ҳам коррупцион ва ноқонуний амалиётларда қатнашишдан манфаатдор эди. Янги солиқ кодекси амалга киритилиши билан ушбу ғайриқонуний туйнуклар ёпилди. Ҳукумат барча қоидаларни равшан, ўта содда ва аниқ қилиб ёзиб қўйди ҳамда барча манфаатдор тарафлар, жамоат ва давлат хизматчилари, жисмоний шахслар амал қилаётган қонунлар ва қоидаларни бир хил хусусий талқинларсиз тушунаётганига ишонч ҳосил қилди. Ҳукумат яна бизнесга ёрдам бериш ва Грузиянинг тараққиётига кўмаклашиш учун лицензия ва рухсатномалар сонини 90 фоиз қисқартирди. 300 дан ошиқ лицензиялар 41 тагача, рухсатномалар сони эса 600 тадан 53 тагача камайтирилди. Фақат давлат ва ватандошлар хавфсизлиги учун ўта муҳим бўлганларигина ўз кучида қолдирилди.
Бошқарувни камайтириш ислоҳотидан Грузия бир нечта сабоқ чиқарди. Биринчиси – ривожланаётган мамлакатда илғор қоидаларни бир зарб билан тиқиштириб бўлмайди. Бошқа сабоқлар қуйидаги оддий принциплардан келиб чиқади:
- Мамлакат қашшоқ ҳамда ҳукумат чексиз қоида ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва таъминлаш учун минглаб инспекторлар хизматидан фойдалана олмайди.
- Ўтмишда ҳукумат ва унинг идоралари энг коррупциялашган муассасалар эди, ҳеч бўлмаганда, айрим амалдорлар яна коррупция амалиётига қайтишни истаб қолиши мумкин.
- Амалда кўплаб қоида ва низомларга амал қилинмайди. Улар аҳоли фаровонлигига хизмат қилмайди. Барчаси у ёки бу даражада коррупцияга сабаб бўлади.
- Шундай қилиб, коррупцияга сабаб бўладиган ҳафсала пир бўлиши, тушунмовчилик ва чалкашлик потенциалини минимал даражага тушириш учун стандарт бўлмаган қоидаларга барҳам бериш ва қолганларини соддалаштириш керак.
- Мамлакат ривожланиб, иқтисодиёт ўсиб боргани сари фақат биз шаффоф тарзда риоя қилишимиз мумкин бўлган янги қоида ва низомлар жорий қилинади.
Айни мантиққа асосан, Грузиядаги бошқарувнинг меъёрий асоси қоррупцияга қарши кураш, ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ва солиқлар йиғими сингари устувор вазифаларни амалга ошириш учун қисқартирилди.
Ҳуқуқни қўллаш ва қонунга бўйсуниш
Янги қонун ва низомларни қабул қилишдан осони йўқ, бироқ уларга амал қилиш осон иш эмас. Масалан, “тасодифий назорат текшируви” концепцияси ва илк марта Нью-Йорк шаҳри мэри Рудолф Жулиани таклиф этган “ноль тоқат” сиёсатидан илҳомланиб, йўл полицияси (Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича бош инспекция) таркибида махсус назорати бўлими ташкил этилди. Яширин камералар билан жиҳозланган агентлар йўл полицияси ходими назорати остида қонунни атай буза бошлади. Уларга текширув вақтида пора таклиф қилишга кўрсатма берилган эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими жиноятчини тўхтатиб қола олмаса, ишдан бўшатилар, мабодо зобит агентни тўхтатса-ю, порани олса, қамоққа жўнатилар, порани олмаган тақдирда, унга хизмат вазифасидан кўтарилиш ёки бонус олиш учун тавсия берилар эди.
Грузияда божхона ходимлари ўртасида хизмат вазифасига мувофиқликни ошириш учун шунга ўхшаш ёндашув қўлланди. Махсус кўрсатмалар билан ҳимояланган мувофиқлик инспекторлари товарларни қўшни мамлакатлардан иморт қилиш учун сохта компаниялар ташкил қилар эди. Божхонада ҳужжатларни расмийлаштириш вақтида мувофиқлик бўйича инспектор масъул божхона ходимига пора таклиф қилар эди. Пора олганлар қамалар, олмаганлар лавозимини сақлаб қолар, тахмин қилинган қаллобни ҳибсга олиш учун ёрдам сўраганларнинг эса лавозими кўтарилар эди. Бундан ташқари, коррупцияга қаршилик қилган ва унга қарши фаол курашган ходимлар учун бонуслар тизими яратилди.
Энергетика соҳасидаги коррупция
2003 йили Грузиянинг энергетика сектори бутунлай коррупциялашган, бироқ жиноятчиларнинг танобини тортиб қўйишнинг имкони деярли йўқ эди. Электр қуввати тақсимоти билан шуғулланадиган компаниялар раҳбарлари унинг ноқонуний линиялар орқали ёки маблағларнингўғирланиш ҳолатларини “тижорат йўқотиши” сифатида ҳисобдан чиқариб юборар эди. Энг ёмони энергетика сектори раҳбарлари “қора бозори”дан олган даромадини жим туриши учун ҳукумат амалдорлари билан баҳам кўриб келган. Бунга барҳам бериш ва етказиб берилган электр қуввати учун ҳақ тўланганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳукумат тўлов йиғимлари даражасини сектор самарадорлигининг ягона кўрсаткичи деб эълон қилди. Бундан ташқари, улар мамлакатдаги энг йирик UDC дистрибьюторлик компаниясини бир қанча минтақавий кластерларга бўлиб юборди. Тармоқ ушбу кластерлар ўртасида уларнинг ҳар бири оладиган электр қуввати миқдори бўйича алдаш мураккаб бўлган тарзда тақсимланди.
Таълим
Таълим соҳасидаги ислоҳотнинг асосий ғояси ажратилаётган пул мактабга эмас, ўқувчиларга бериладиган бўлди. Дастлабки босқичда алоҳида шахсларга таълим ваучерлари тарқатилди, бу мактабларга бериладиган бевосита субсидияларнинг ўрнини босди. Ўқувчилар билан ота-оналари ҳамма бориб ўқийдиган, шунингдек, хусусий ва жуғрофий чекловларсиз мактабни эркин танлайдиган бўлди. Мактаблар ўқувчилардан олган ваучерларни нақд пулга айлантириши мумкин эди. Бу мактаблар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтирди ва хусусий мактаблар сони кескин ортиб кетишига сабаб бўлди. Иккинчи қадам сифатида Грузияда иштиёқни рағбатлантиришни муассасаларга эмас, алоҳида шахсларга нисбатан қўллаш амалиёти кенгайтирилди. Аммо ўқитувчилар ва директорлар иши ҳамда мактаб турларини баҳолашнинг комплекс тизимини жорий қилиш ўрнига ҳар бир мактаб ўқувчиларининг университетларга кириш имтиҳонларида қандай баҳо олганига қараб ёки кейинги йилларда мактабларнинг битириш имтиҳонлари асосида баҳоланадиган бўлди. Улар ушбу кўрсаткични оддийлиги ҳамда бу ҳол ўқувчилар ва ота-оналарнинг асосий қизиқишини акс эттиргани учун танлади. Натижалар кенг овоза қилинди, шу тариқа мактаблар ўртасида ваучерли ўқувчиларни қўлга киритиш учун рақобат кучайтирилди.
Бу 2009 йили яна бир марта ишлаб кетгани сабаби
Грузиядаги ислоҳотлар билан боғлиқ яна бир қизиқ ҳолат 2008 – 2009 йиллардаги буҳрон ва Жанубий Осетиядаги Россия билан урушдан сўнг иқтисодиётнинг тикланиши бўлди. Ўсиш пасайишига қарамасдан, ҳукумат атай бюджет тақчиллигини ошириш, пулнинг мўътадил қадрсизланишига йўл бериш, еврооблигациялар чиқариш, инфратузилмага инвестициялар киритиш, арзон пул сиёсати ва паст солиқ юкини сақлаб қолиш йўлидан борди.
Иқтисодиётни тезда тиклаш режаси улкан муваффақият келтирди. Грузия рецессиядан тезда чиқиб олди. Ушбу муваффақият руҳиятга, шунинг баробарида иқтисодиётга боғлиқ эди. Ҳамма рецессиядан чўчийди. Истеъмолчилар ишсизлик ва солиқлар ошишидан хавфсирайди. Оқибатда улар пул сарфини камайтириб, тежай бошлайди, шу билан иқтисодиёт кўлами камаяди. Хусусий секторнинг беқарорликдан хавфсираган вакиллари йирик инвестицияларни ушлаб туради, янги ходимларни ёлламайди. Шу тариқа ЯИМ ўсиши сустлашади, бу эса ишсизлик ортиб кетишига сабаб бўлади. Чет эллик инвесторлар сармоясига алағда бўлади ва уни бошқа мамлакатларга тикади. Бошқача айтганда, рецессия шароитидаги қўрқув миллий иқтисодиётнинг энг катта душманидир.
Гилаури шундай деб ёзади: «Мен иқтисодчилар иқтисодий ривожланишни тушунтириш учун ўйлаб топган барча иқтисодий назариялар ва мураккаб концепцияларни ҳурмат қилишим барорбарида одамлар ва бозорларнинг хулқ-атвори уларнинг содир бўлаётган воқеаларни қандай идрок қилиши билан изоҳланишига ишонаман. Иқтисодиёт унинг иштирокчилари идрокига боғлиқ, унинг энг муҳим иштирокчиси хусусий сектордир. Ҳукуматлар узоқ истиқболда яна иш ўринлари яратади ва на иқтисодий ривожланишни мустақил рағбатлантира олади, дея олмайман. Аммо ҳукуматлар тадбиркорларнинг инвестиция киритиш ва иш ўринлари яратишга бўлган ишончи учун муҳит ярата олади. Шунинг учун ҳукуматнинг рецессия вақтида барқарорликни ёки ҳеч бўлмаганда, барқарорликни идрок қилишга кўмаклашиши қиладиган энг яхши ишидир”.
Айни чоқда муаллиф яна мана буларни ёзади: “Ҳукумат рецессия даврида қиладиган энг ёмон иши мужмалликни юза келтириши ва кўпайтиришидир. Айрим Европа мамлакатлари молиявий буҳрон вақтида қаттиқ тежаш чораларини эълон қилганда, ўша қаттиққўллик чоралари қабул қилинишидан олдин пасаювчи спираль бўйлаб ҳаракатланиш бошланган эди. Солиқ ўсиши, беқарорлик ва ишсизликдан қўрқиш ўз-ўзидан амалга ошувчи башоратга айланиб қолди. Бунга Греция, Португалия, Испания ва бошқа кўплаб мамлакатларни мисол қилиб келтириш мумкин”.
Халқаро молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан муносабатлар ҳақида
Халқаро молия институтларининг (ХМИ) етарли ресурслари бор. Агар ўша ресурслардан оқилона фойдаланилса, улар ривожланаётган дунё учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бироқ ресурсларни қабул қилувчи мамлакат ҳукумати улардан фойдаланишни тегишли тартибда мувофиқлаштирмаса, ХМИ лойиҳалари ўз йўлидан кетади. Бюрократия юки амалий фойдадан устун келиши мумкин. 2000 йилларнинг бошида Грузияда айнан шу нарса юз берган эди. Аммо ҳукумат кун тартиби назоратини ўз қўлига олиб, саъй-ҳаракатлар ва мувофиқлаштиришни тўғри ўзанга йўналтиргач, ташқи ёрдам самарадорлиги ошди.
Гилуари олдинги ҳукумат вақтида донорлар тиқиштирган лойиҳаларга оид қизиқ мисолларни келтиради. Масалан, мамлакат ҳали тайёр бўлмаган янги Ғарб сифат стандартларини жорий қилиш ёки 40 миллион долларлик хусусуй секторни қўллаб қувватлаш лойиҳасини олайлик. Ушбу лойиҳа 4 йилда ҳеч қачон бажарилмаган сон-саноқсиз қонун ва низомларни қабул қилишни молиялаштирди, лекин унда жуда кўп амалдорлар ва бюрократларга маош бериш ва ўқитадиган “сайёҳлик” сафарларини уюштириш кўзда тутилган эди. Гилуарининг ёзишича, ХМИ инвесторлар сифатида хусусий сектор ва маҳаллий молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш ўрнига улар билан рақобатлашади. Боз устига, улар эътиборини инвестиция киритаётган мамлакат ривожланиши учун ўта зарур бўлган соҳаларга қаратиш ўрнига ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлади. ХМИ Грузияда хусусий сектор билан рақобатлашиб, уни сиқиб чиқара бошлади, шу тариқа бозордаги рақобатга оид қонунларни бузди, арзон ресурсларга эга бўлгани учун, масалан, молия секторида эркин иқтисодиёт ривожланишига тўсқинлик қилди.
Энди Грузия ХМИнинг ресурсларни қаттиқ тежаш ҳақидаги тавсиясига бўйсунмай, рецессиядан чиқиб олганига қисқача тўхталиб ўтсак:
- · такрорий соддалаштириш ҳамда солиқ ва божхона тартибларини қисқартириш;
- · буҳронга қарамасдан, бюджетнинг назорат қилинувчи ва муваққат тақчиллигига йўл бериш ҳамда “Битта бюджет” принципини қабул қилиш;
- · ижтимоий харажатлар маблағларини инфратузилмага инвестиция сифатида қайта тақсимлаш;
- · эътиборни фақат макроиқтисодий барқарорлик ўлчамидаги бюджет тақчиллигига эмас, инвестициялар билан бюджет нисбати кўрсаткичига қаратиш;
- · давлат корхоналарини хусусийлаштириш;
- · қўшимча маблағлар жалб қилиш учун давлатнинг қолган активларига еврооблигациялар чиқариш;
- · хусусий сектор бошқарувини камайтириш ва структура ислоҳотлари ўтказиш;
- · Кредитлаш имкониятларини ошириш бўйича банк сектори учун махсус қоидалар ишлаб чиқиш.
Хусусийлаштириш
Грузия, ҳатто бошқа мамлакатларда ҳам чиқарилган сабоқ шуки, хусусийлаштириш дудама қиличга ўхшайди. Агар моҳирона фойдалана олсангиз, у маҳобатли қуролга айланиб, давлатни кучли қилади ва аҳолига фойда келтиради. Лекин ушбу жараён профессионалларга хос бўлмаган коррупция аралашган тарзда ўтказилса, давлатга ҳам, унинг фуқароларига ҳам зарар келтиради. Нима бўлганда ҳам, давлат корхоналари хусусийлаштиришдан олдин уларнинг тузилмаси ўзгартирилиши ҳамда зарур бошқарув ва институтлар ташкил этилиши лозим. Шунда давлат корхоналарининг бўлғуси эгалари ўз ҳолатидан жамият ҳисобидан монополист сифатида фойдаланмаслиги кафолатланади. Кўпинча муайян рақобат ва шаффофликни таъминлаш учун ҳар қандай хусусийлаштиришга уринишнинг шорт-листи – калта рўйхатига камида иккита инвестор киритилиши шарт.
Давлат корхонасини хусусийлаштириш учун бошқа мамлакатларнинг давлат корхоналари инвесторлар сифатида жалб қилиниши мумкин эмас. Бир давлат корхонасини бошқа давлат корхонаси сотиб олган ҳолат хусусийлаштириш деб таснифланмайди ва бу давлат нуқтаи назаридан тўлиқ фойда келтирмайди. Ҳатто бўлғуси зарарларни бошқа ҳукумат қоплаб берган тақдирда ҳам, янги компания олдингисидан самаралироқ бўлиши даргумон. Ниҳоят, ҳукуматлар хусусийлаштириш жараёнининг ҳуқуқий, молиявий ва транзакцион жиҳатларида ёрдам бериши учун обрўли консалтинг компанияларини ёллаётиб ёки ҳатто (вақтинчалик бошқарувчи сифатидаги) шартнома тузувчи ташкилотларга хусусийлаштиришдан олдинги ўтиш даврида давлат корхоналарини бошқаришга рухсат бераётиб ҳам иккиланмаслиги керак.
Ижтимоий ҳимоя тизими ислоҳоти
Грузияда 2006 йилдан 2010 йилга қадар ўтказилган ижтимоий ҳимоя тизими ислоҳоти муваффақиятли кечди ва кўплаб мамлакатлар шундай тизимни жорий қилишдан ютди. Ислоҳотнинг марказий ғояси турли, хусусан, кўпгина фойда олувчиларнинг тасодифий гуруҳларига берилаётган анча-мунча субсидия ва нақд пулсиз имтиёзларни бекор қилишдай оддий ва кучли эди. Бунинг ўрнига энг кам даромадли ва эҳтиёжманд кишиларни аниқлаш, уларни қўлидаги молиявий маблағига асосан таснифлаш ҳамда ҳукуматнинг имкони борича пул ёрдами кўрсатиш йўлига ўтилди. Пулни қандай сарфлаш эҳитёжмандларнинг ўзига қўйиб беринг. Нақп пулсиз дотациялар ёки солиқ имтиёзларидан узоқроқ юринг, чунки улар кўпинча бойни янада бой қилади, аммо камбағалларга нафи тегмайди. Яна коррупцияга йўл бермаслик учун нафақа ва пенсияларни тайинлаш ва тўлаш механизмини ўта содда ва шаффоф қилинг.
Ислоҳотчилар командаси бўлишининг муҳимлиги ёки энг яхши мутахассисларни давлат хизматига жалб қилиш
Муаллиф ислоҳот ўтказишга муҳтож бошқа мамлакатлар ҳам шундай муваффақиятга эришиши мумкинми, деб савол беради. Унинг фикрича, эришса бўлади:
“Кўпгина сиёсатчилар мамлакатларида ҳақиқий истеъдод эгалари йўқлигидан, ҳатто бўлса ҳам, иш ҳақи камлиги сабабли энг яхши мутахассисларни ҳукумат ёки давлат муассасаларида ишлаш учун жалб қилиш муаммо эканидан шикоят қилади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, ҳақиқий муаммо сиёсатчиларнинг тор доирадан чиқмаслигида ҳамда давлат бошқаруви тизимига янги кишилар ва “тоза қон”ни жалб қилишга журъат қила олмаслигида. Албатта, ҳар қандай партия ёки ҳокимиятга яқин кишиларнинг тор доирасида яхши менежерлар ва жасур новаторлар сони кам бўлади. Грузияни ўзгартириб юборган жасур қадам командага потенциал янги аъзоларни ҳар доим ва ҳамма жойдан излашдан иборат бўлган эди. Бу – жасорат, ракетасозлик ва олий математика эмас: энг келажаги бор кишиларни, ким бўлишидан қатъи назар топинг ва уларга ўзини кўрсатиш учун имконият беринг. Синов ва хатоларга асосланган шундай ёндашувингиз бўлса, юксак самара берадиган командани тузиш имкониятингиз жуда юқори бўлади. Шунда бунақа одамларни фақат қариндошларингиз ёки дўстларингиз орасидан излагандан излаб юрмайсиз. Албатта, сиртдан қараганда, ҳамма ҳам ишончни оқлай олмайди, лекин вақт ўтиши билан давлат хизматчиларининг янги сараланган қатлами пайдо бўлади. Грузияда кўплаб агентликлар ва идораларнинг раҳбарлари, ҳатто кўплаб вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари бирор партияга, муайян гуруҳга ёки одамлар кастасига мансублиги учун эмас, янги ғояларга эга бўлгани, муайян мавзулар уларни қаттиқ безовта қилгани ҳамда ўйлашга қодир бўлгани ва керак нарсани раҳбариятга айта олгани учун танлаб олинган эди”.
Грузиядаги ислоҳотчи ҳукуматнинг яна бир муҳим жиҳати унинг ўз командасига ақлли кишиларни жалб қилишга тайёрлиги эди. Аксарият ҳолларда ташкилот, идора, вазирлик ёки ҳукуматлар раҳбарлари қўл остидаги ходимларидан ақлли деб ҳисоблаган одамларга иш беришга қўрқади, улар бунақа янги ходимлар пировардида ўз ваколатларига қарши чиқишидан, раҳбариятни ноқулай аҳволга солиб ёки ортиқча қилиб қўйишидан чўчийди. 2004 – 2012 йилларда ҳокимиятни бошқарган Грузия ҳукуматининг бунақа қўрқуви йўқ эди. Аксинча, вазирлар энг ақлли кишиларни жалб қилиш бўйича бир-бири рақобатлашар ва ўз командалари билан фахрланар эди. Кабинет аъзолари қўл остидаги ходимларининг ютуқларини худди ўзиникидай кўрар ва мақтар эди, бу кичик ходимларни рағбатлантиришнинг муҳим манбаси бўлди. Энг яхши ходимлар баҳолаш тизими натижаларига кўра маошига қўшимча бонуслар олар ва хизмат пиллапояларидан кўтарилиб борар эди.
Хатолар
Гарчи Грузияда ислоҳотлар муваффақият қозонган бўлса-да, хатоларга ҳам йўл қўйилди, муаллиф буни очиқ ёзади. Гилуарининг фикрича, Саакашвили командасининг энг катта хатоси давлат иқтисодиётнинг турли соҳаларига керагидан ортиқ аралашгани бўлди ва команда жараёнларини қўл билан бошқаришга ҳаракат қилар эди. “Иқтисодиёт соҳаси рақобатга асосланмаса, ривожланмайди. Ҳукумат формулани ишлаб чиқиши ва уни соҳага ташқаридан аралашувсиз риоя қилиш учун бериши керак”.
Ҳукумат йўл қўйган энг катта хато суд тизими ва адлия ислоҳоти вақтида бошланмагани бўлди. Айрим ўзгартиришлар киритилганига қарамасдан, ислоҳотлар суръати суст ва натижалар билинар-билинмас эди. Айрим ҳолларда, айниқса, маҳаллий тадбиркорлар билан ишлаётганда, прокуратура ваколатларини суиистеъмол қиларди. Бу компаниялар солиқ тўлашни ўрганаётган давр эди. Аксарият ҳолларда прокуратура қабул қилаётган қарорлар тушунарли эди – солиқ тўлашдан кенг миқёсли бўйин товлаш ҳоллари бор эди, лекин бундай ёндашув ўта шафқатсиз ва адолатсиз бўлган ҳоллар ҳам учраб турди. Оқибатда одамларнинг прокуратуранинг номақбул хатти-ҳаракатларидан ҳафсаласи пир бўлди.
Шафқатсиз ёндашув ҳимоячиларига кўра, жиноятчи оилалар устунлигига барҳам беришнинг ягона йўли жиноятчилик даражасини камайтириш ва коррупцияни илдизи билан қўпориб ташлашдир. Уларнинг гапи тўғри, кўплаб ватандошлар зарурат бўлганда кескин чоралар кўриш ёндашувини тўғри қабул қилди, чунки оғир касалликлар жиддий даволашни талаб қилади. Ҳокимиятнинг марказлашуви ва ҳеч кимга шафқат қилинмаслиги “атиргул инқилоби”нинг дастлабки беш йилида тўғри қўлланган воситалар бўлган эди.
Ушбу натижаларга эришилгач, адлия тизими синчковлик билан ислоҳ қилиниши керак эди, бироқ ислоҳот ўтказилмай қолиб кетди. Оқибатда ватандошлар ҳукумат ўзига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлаётганини сезиб қолди. Ушбу ихлос қайтиши 2012 йилги сайловда ҳукмрон партиянинг ютқазишига сабаб бўган воқеаларга туртки бўлди.
Таҳлилчи Сванте Корнелл ўша ҳукумат ҳақида мана бундай деб ёзган эди: “Грузия ҳукумати лаёқатли давлат қуриш учун ҳокимиятни марказлаштириш ҳамда жамият ва амалда ҳаёт нишонаси бўлмаган давлат институтлари устидан назоратни кучайтириши кераклигини билиб қолди. Ишлаб турган давлат либерал ва конституцион демократиянинг дастлабки шарти ҳисобланади, асло бунинг тескариси эмас. Грузиядай ташқи босим остида қолаётган мамлакат учун либерал демократия суверен, қобил ва ишлаб турган давлат чорчўпларисиз ривожланади, деб ўйлаш хомхаёл бўлурди. Шу тариқа давлат қурилишига берилган устувор аҳамият тушунарли эди. Грузиядаги муаммо шундан иборат эдики, инқилобчилар – эҳтимол дастлабки йилларда – айрим соҳалардаги амалиётни тўхтата олмади, тегишли конституцион жараёнларга охиригача амал қилиш ва қонун устунлигига тўлиқ риоя этиш йўлида ҳаддан зиёд босим ва қонунбузарликни камайтириб бўлмади”.
Хулоса – плутократиядан[2] меритократияга ўтиш энг асосий ютуқ сифатида
Муаллиф 2004 – 2012 йиллар даврига назар ташлаб ҳамда ўша вақтда эришилган муваффақиятлар ва муваффақиятсизликларни баҳолар экан, Грузия энг янги тарихидаги воқеаларнинг ақл бовар қилмас тус олиши асосий омилларидан ҳамда муваффақият формуласининг асосий таркибий қисмларидан бири мисли кўрилмаган тарзда плутократиядан меритократияга ўтиш бўлганини эътироф этади. Эҳтимол, бу барча чегараларни қамраб олувчи институтлар ташкил этиш учун етарли бўлмагандир, бироқ айрим асосий хусусиятлар пойдевори тикланди ва улар аниқ белгилаб олинди. Эҳтимол, бу давр ҳуқуқ устунлиги ёки хусусий мулкнинг амалий принципларини тўлиқ жорий этиш учун етарли бўлмагандир, аммо меритократия ва ижтимоий хизматларнинг ривожланиши чиндан ҳам катта ютуқ бўлди, улар ушбу китобда тавсифланган иқтисодий муваффақият ва тафаккур ўзгариши учун пойдевор яратиб берди.
[1] Меритократия – раҳбарлик лавозимларини ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий даромадидан қатъи назар, энг қобилиятли одамлар эгаллашига оид бошқарув принципи.
[2] Плутократия – бойларнинг сиёсий ҳукмронлиги бўлиб, давлат ҳокимияти уларнигн манфаатига хизмат қилади.