Veiled Empire. Gender and Power in Stalinist Central Asia, 2003 («Паранжидаги салтанат. Сталин Марказий Осиёсидаги гендер ва ҳокимият») номли машҳур китоб муаллифи Дуглас Нортроп ушбу мақолада Совет Иттифоқидаги мусулмон хотин-қизларнинг иҳоталанишини чекловчи советча кампания тарихини атрофлича муҳокама қилишни давом эттиради.
Ҳужум бу – хотин-қизларни озодликка чиқиш ва паранжи ташлаш ҳаракати орқали аксари мусулмон бўлган Марказий Осиёда Совет Иттифоқининг пролетар инқилобини дастаклашга уринишларни акс эттиради. Советлар ўзларини аёллар ва оилага эътибор қаратгандек кўрсатган ҳолда янгича “озод қилинган” ижтимоий тартибни ўрнатишга интилдилар.
Douglas Northrop, The Limits of Liberation: Gender, Revolution, and the Veil in Everyday Life in Soviet Uzbekistan, Everyday Life in Central Asia Book Subtitle: Past and Present. Book Editor(s): Jeff Sahadeo, Russell Zanca. Published by: Indiana University Press. (2007) Stable URL: http://www.jstor.org/stable/j.ctt16gznnw.14
1935 йил октябрь ойи аввалида Тошкентдаги нашрлари Ўзбекистон меҳнаткаш хотин-қизларининг биринчи съезди очилиши муносабати билан ташкил этилган байрам ва халқ сайилларини кенг ёритди.
Бутун Ўзбекистон ва минтақадаги қўшни республикалар, айрим хорижий мамлакатлар ҳамда Озарбайжон каби мусулмонлар яшайдиган юртлардан келган хотин-қизлар Совет Марказий Осиёсидаги аёлларнинг муаммоларини муҳокама қилиш мақсадида бир жойга тўпланадилар. Уларнинг аксарияти – келиб чиқиши асли қишлоқдан бўлган, мактабни зўрға тамомлаб, комсомолга кирган, энди турмушга чиққан аёллар эди. Большевикларнинг қарийб йигирма йиллик ҳукмронлигидан сўнг улар Совет озодлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган, Совет матбуотининг ёзишига кўра, коммунистик партия раҳнамолигида Марказий Осиёда хотин-қизларнинг турмушини яхшилаш бўйича амалга оширилган кенг миқёсдаги ислоҳотлардан кейин улар 1917 йилдагидан кўра анча илгарилаб кетганди.
Кампания муваффақиятининг исботи сифатида съездга маҳаллий патриархатга қарши чиқа оладиган 650 нафар сиёсий фаол ва иқтисодий мустақил аёл таклиф этилди.
Совет матбуоти айрим вакилларнинг ўзларини ҳатто парашютчи сифатида ҳам синаб кўрганини фахр билан қайд этади: бу хотин-қизларнинг кундалик ҳаётини ифодалаган, ҳуқуқларни чеклаш ва от терисидан тайёрланган қалин паранжи кийиб юриш каби шафқатсиз урф-одатлар билан солиштирганда советлар эркинлиги самарасининг ифодаси эди.
Тантана ва дабдабага қарамай, барибир қаршилик ҳаракатлари ҳали мавжуд эди. Тингловчиларни руҳлантириш бўйича қилинган улкан саъй-ҳаракатларга қарамасдан, аксарият чиқиш қилганлар партиянинг Ўзбекистон мусулмон хотин-қизларини “озод қилиш” борасида биргаликдаги интилишлари муваффақиятсизликка учраётганини қайд этадилар. Ўзбекистон Комсомол МК котиби Исроил Ортиқов съезддаги муҳим чиқишларининг бирида Совет ҳукуматининг Ўзбекистон ССРдаги дастлабки ўн йиллик фаолияти якунларига оид муҳим ва бир пайтнинг ўзида зиддиятли маълумотларни баён этади.
1935 йилда большевиклар Сталин бошқарувидаги давлатнинг қудрати ва обруйидан фойдаланган ҳолда Марказий Осиёдаги хотин-қизларни озодликка чиқариш учун бор куч ва имкониятларини ишга соладилар. Амалиёт нимани кўрсатди? Ортиқов болалигида етим қолган, ўша пайтда эса совет давлатида фаол ишлаётган ёш ўзбек қизи – Ашурбиби Тошматова ҳаётини ҳаммага мисол қилиб кўрсатади. Тошматова озодликка чиққан Совет аёли сифатида обрўга эгалигига қарамасдан, унинг таржимаи ҳоли Ўзбекистондаги кундалик ҳаёт партия орзу-умидларига хилоф равишда фақат қисман ўзгарганини исботларди холос. Бундан ташқари, у келтирган ҳаётий мисоллар 1930 йилларда мусулмон Марказий Осиёсидаги совет ҳокимиятининг мавжуд қаттиққўл чекловларини кўрсатиб берарди.
Ортиқовнинг айтишича, Ашурбиби Тошматованинг болалик йиллари оғир кечган. Эрта етим қолган, ўн уч ёшида иккита опасидан айрилган ва акасидан узоқда яшаган Тошматова опасининг 45 ёшли эрига турмушга чиқишга мажбур бўлади. Шундоқ ҳам еттита хотини бўлган бу эркак Афғонистондаги танишлари ҳамда Совет ҳукуматига қарши таниқли шахслар билан алоқа қилиб турарди. У Афғонистондан қайтиб Денов шаҳрида совет амалдори сифатида ишлай бошлаганидан сўнг Тошматованинг ҳаёти янада қийинлашади. Тошматова бир неча бор ундан қочишга уринади, бироқ у ҳокимиятдаги танишлари ёрдамида хотинини қайтариб олиб келади. Хайриятки, тез орада Совет милицияси эрининг аксилшўравий “босмачилари” билан алоқаси борлигини аниқлайди ҳамда ўлим жазосига ҳукм қилиниб, отиб ўлдирилади.
Афтидан бу ҳикоя йиғилган барча делегатлар, асосан, ёш коммунистлар ва Сталин даври қаҳрамонларини сиёсий контрреволюция кучларига қарши курашга руҳлантириши керак эди. Мақсадга кўра, улар совет ҳокимиятининг Тошматовага 1917 йилларгача умуман имконсиз бўлган иқтисодий мустақилликка, сиёсий эркинликка ва ўз-ўзини намоён этишга эриша олиш имкониятини берганини овоза қилиши керак эди. Бироқ Тошматованинг ҳикояси бошқача тус олди. Эри отиб ўлдирилгандан сўнг, деб давом этади Ортиқов, уни маҳаллий қишлоқ кенгаши бошлиғи ва собиқ бой Жумамир Насаровга яна мажбуран турмушга беришади. Тошматова унинг иккинчи хотини бўлади, ундан сўнг бой учинчи хотинга ҳам уйланади. Кўпхотинлилигини яшириш учун бой аввалги икки хотини билан расман ажрашади, бироқ, шаръан бирга яшайверади.
Насаров Тошматованинг акаси қайтишидан қўрқиб уни ўлдириш учун одам ёллайди. Чунки, синглисининг хўрланишини кўрган акаси Насаровни собиқ босмачи ва кўпхотинли эркак деб совет ҳокимиятига топширишидан хавфсирайди. Тошматова совет адолатидан умиди пучга чиққан бўлиши ҳам мумкин эди. Бироқ, у ҳокимиятга содиқлигича қолди ва ундан ёрдам сўрашда давом этди, деб ғурур билан маълум қилади Ортиқов. Тошматова ажрим учун қишлоқ кенгашидан бир неча бор ёрдам сўраганидан сўнг маҳаллий агрономга мурожаат қилади. У ўз навбатида, бу ҳақда райкомга ёзади ва шундан сўнг комиссия Ашурбибининг эрини ҳибсга олади. У қамоқдан қочишга муваффақ бўлади ва Ашурбибини унинг қамоққа тушишига бош сабабчи бўлганини билгани ҳолда бир неча кун давомида уни ўлдиришга ҳаракат қилади. Сал кейин у қайтадан ҳибсга олинади ва Ўзбекистондан ташқарига сургун қилинади.
Ниҳоят, Ашурбиби Тошматова узоқ кутилган эркинликка эришади. 1931 йилда у ўзининг оғир паранжисини ташлаб комсомолда чиқиш қилади ва болалар боғчасига ишга жойлашган ҳолда тўла ҳуқуқли совет ишчисига айланади. Аммо Тошматовани яна мажбурлаб турмушга беришади. Унинг янги турмуш ўртоғи, қандайдир Бобохонов бўлиб, у ишчи, комсомол, қишлоқ кенгашида директор ёрдамчиси ва котиб бўлиб хизмат қиларди.
Ортиқов 1935 йилда Тошматованинг 2 йил Бобохонов билан бирга яшагани ва у фақат Тошматовани ҳақорат ва масхара қилгани, иш ҳатто унинг ҳаётига таҳдид қилишгача борганини баён қилади. Бундан ташқари, съезддан олдин Тошматованинг эри ажримга ариза берганида Ашурбиби Тошкентга ўқишга келади. У яна бир бор маҳаллий қўмита ва район раҳбарига расмий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Бироқ, “Улар Тошматовага ҳеч қандай ёрдам кўрсатишмайди”, деб ҳикоясини якунлайди Ортиқов.
Беқарор ижтимоий тузилмалар, аҳолини гўёки мустаҳкам чегара сарҳадлари орқали ҳаракатланиши ҳамда ҳукумат ва партия ташкилотларининг бутунлай заифлиги ёки аниқроғи, фаол қаршилиги: булар Ашурбиби Тошматова ҳаётидаги айрим чизгилар холос. Унинг ҳаётида рўй берган қийинчиликлар совет ҳокимияти ва Марказий Осиё мусулмон жамияти ўртасидаги кескин қаршиликларни акс эттирарди.
Кундалик инқилоб: паранжи васовет империясидаги турмуш
Миллий анъаналар қандай қилиб сиёсий тизимга қарши туриб қолди? Тошматова сингари хотин-қизлар қандай қилиб совет давлати талаблари ва бошқа томондан диний урф-одатлар ўртасида усталик билан ҳаракат қилишнинг уддасидан чиққанлар? Сталин инқилоби Ортиқов Тошкент съездида чиқиш қилганидан етти йил аввалдан амалга оширилаётган эди. Бу СССРда янги тамаддунни барпо этишга интилаётган давлат ва партиянинг оммавий кампаниялари даври эди.
Капиталистик Ғарб Буюк депрессиядан азият чекаётган бир пайтда кенг қамровли Сталин кампаниялари тезкор саноатлашиш ва қишлоқ хўжалигини мажбурий равишда коллективлаштириш орқали совет жамиятини қайтадан тузишга қаратилган эди. Шунингдек, маданий инқилоб орқали совет фуқаросининг янги типини шакллантириш вазифаси ҳам юкланган эди (хотин-қизларга нисбатан унинг алоқаси кам бўлган). 1937-1938 йилларда даҳшатли Катта террор деб аталган партия сафларини ёппасига тозалаш йиллари ҳам бўлган.
Бу партияларнинг барчаси Марказий Осиё қиёфасини ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Жамиятда туб ўзгаришлар юз беради, ҳамма жойда аҳолини кўчиришлар, Маркс ва Ленин асарларини ўқишга, замонавий маданият ва санъатдан баҳраманд бўлишга, бетоб бўлиб қолганда, шифокорга мурожаат қилиш ва совун билан ювиниб туришга мажбур қилиш каби кўринишларда ҳалқни маданийлаштириш жараёнлари бошланади.
Марказий Осиёга Маркс ғояларини тадбиқ этиш йигирма йил давом этди. Маҳаллий пролетариат йўқлигида режим иттифоқчиларининг камчиликлари туфайли муайян қийинчиликлар содир бўлди ва бу большевикларни мусулмонлар Туркистонида социализмни барпо этиш партия дастурини жорий этиш учун бошқа йўлларни қидиришга мажбур қилди. Ўзгартиришга бўлган биринчи уринишлар мусулмон дини пешволарини танқид остига олган ҳолда, уларни “синфий душманлар” деб аташ ҳамда 1925-1926 йилларда муҳим табиий ресурсларни камбағал ва ерсиз деҳқонларга қайта тақсимлашга қаратилган кенг кўламли ер-сув ислоҳотларини амалга ошириш орқали Россияда қўлланилган тажриба такрорланди. Амалга оширилган тадбирларга қарамай янгича тасаввур қилинган синфни яратиш ёки большевикларга ёқишга бўлган уринишлар бесамар кетади. Минтақавий коммунистик партия вакиллари сони камлигича ва етарли даражада яккалигича қолади.
Натижада, 1926 йилнинг охирига келиб партиянинг Тошкентдаги минтақавий етакчилар хотин-қизлар бўлими фаолларининг қистови билан- Марказий Осиё бюросининг бош назорат органи орқали масалага янгича ёндашувни қўллашга қарор қиладилар.
Маҳаллий жамият патриархаллигича қолади ва уйда ўтиришга мажбур бўлган кўплаб мусулмон хотин-қизлари патриархат ва собиқ империалистик золимларнинг қурбони бўлиб қоладилар. Ана шунда Партиянинг Хотин-қизлар бўлими етакчилари ва раҳбарлари Марказий Осиё жамиятини шарҳлаш ғоясини ишга соладилар. Бунда мусулмон хотин-қизлари марксча нуқтаи назардан қараганда, “сунъий пролетариат” сифатида таништирилади. Шу тариқа, хотин-қизлар партиянинг гендер тенглиги ва озодлик ғояларини тарғиб этиш орқали аёлларни сафарбар қилиши мумкин бўлган иттифоқчиларнинг кучли гуруҳига айланадилар.
Коммунистик партия Хотин-қизларбўлими орқали ўз кампаниясини ҳужум ёки аёллар яккалиги ва тенгсизлигининг “эскирган урф-одатлар”ига барҳам бериш деб атаган ҳолда, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни воситасида бошлайди. Унинг мақсади турмушни зудлик билан ва бутунлай ўзгартириш эди. Гарчи у СССРнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби республикаларида турлича ёндашувни қўллаган бўлсада, умуман олганда, паранжини бутунлай йўқ қилишга йўналтирилган эди. Хотин-қизлар бўлими Марказий Осиё хотин-қизларини олти ой ичида, 1927 йил октябрь – большевиклар инқилобининг ўн йиллигига бағишлаб, қаҳрамонона озод қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди, амалда эса бунга қарийб ўттиз йил вақт сарфланади. Ана шу маҳалда Ашурбиби Тошматованинг азобли ҳаёти давлат учун устуворликка айланади, чунки, минглаб хотин-қизлар ҳаётида шунга ўхшаш қаршиликлар, аччиқ ва кўпинча зўравонлик ҳолатлари юз бераётган эди. Паранжи кийишга қарши қаратилган кампания кейинчалик15 йил мобайнида давом этди ва ўзининг маълум натижаларни берди: бир томондан кўрилган чора-тадбирлар хотин-қизлар учун кутилмаган имкониятларни яратиб берди.
Кўплаб хотин-қизлар назарида гендер муаммолари партия фаоллари кутганидек, жуда муҳим масала эди ва шу боис ҳужум эркак ва аёл ўртасида катта тенгликка эришишнинг белгиси ҳисобланган. Ўшанда юзлаб, ҳатто, минглаб ана шундай аёллар паранжи ташлайдилар. Ҳатто, кўпчилик аёллар маҳаллий аҳоли ўртасида патриархатнинг ҳар қандай шаклини йўқ қилиш бўйича зўр бериб ишлаган ҳолда хотин-қизлар бўлимига қўшилишади.
Партиянинг машҳур фаоли Тожихон Шодиевага ўхшаган айрим аёллар хотин-қизларни озодликка чиқариш рамзига айланишади. Уларнинг ҳаёти китоблар, газеталарда ёзилади, музей кўргазмаларида баён қилинади, улар ҳақида фильмлар суратга олинади.
Совет чақириғига жавоб берган хотин-қизлар кимлар бўлган? Уларнинг бир қисми партия изидан кетиб ўз оилаларини озодликка чиқаришга ҳаракат қилган Коммунистик партиянинг олий мартабали аъзолари хотинлари ва қариндошлари бўлишган. Бошқалари фоҳишалар ёки қашшоқ дайдилар бўлганлар ва хотин-қизлар қўмитасидан ёрдам кутганлар. Бу пайтда эса яна баъзилар кампанияни маҳаллий хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган чекловларга қарши норозилик ҳатти-ҳаракати сифатида иштиёқ билан қабул қилишди. Улар учун совет кампанияси янги имкониятлар берар ва ҳақиқатан ҳам озодликни англатарди.
Паранжи ташлаган кўплаб хотин-қизлар асосан аҳолининг заиф қатламларидан чиққан: совет идоралари ва хотин-қизлар клубларидан бошпана қидирган етим-есирлар, бевалар ва дайди қизлар эди. Бу эҳтимол уларнинг давлат идораларида янги танишлар орттириш(молиявий, жисмоний ва ҳатто эмоционал)га бўлган уринишлари билан боғлиқ бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, уларнинг қариндошлари бўлмагани сабабли, бундай хотин-қизлар жуда эркин эдилар ва уларга жамият томонидан кучли босим ўтказилмаган.
Бироқ, паранжи ташлашни истаган аксарият ўзбек аёллари қариндошлари ва қўшнилари томонидан қаттиқ танқид остига олинади. Уйда эркаклар ўз хотинларининг совет йиғилишларига боришларини ман этадилар ва уларни ажрим билан қўрқитадилар. Кўчада эса улар билан худди фоҳишаларга муносабатга бўлгандек муомала қиладилар. Марказий Осиёдаги минглаб мусулмон хотин-қиз ҳужумда иштирок этгани учун зўравонликка дуч келади. Юзлаб аёллар ўлдирилади; уларнинг жасадига қараб ҳам бўлмайди. Шундай ҳоллар ҳам бўлганки, қурбон бўлган аёлларнинг қариндошлари бўлмиш эрлар, оталар, акалар оила шаънини ҳимоя қилиш учун бу қотилликка қўл урганлар.Тушкунликка тушган аёллар совет ҳокимияти уларни ҳимоя қилмаса, қайтадан паранжи кийиб олишларини дўқ қилиб ҳукумат вакилларидан ёрдам сўраб мурожаат қилишади.
Бу воқеада ҳар бир шахс мураккаб ролни ижро этди. Шуни эътиборга олиш керакки, партия аъзоси бўлган айрим эркаклар маҳаллий аёлларни паранжи ташлашга мажбур қилишдан ўзга иложлари ҳам йўқ эди. Ўзбек хотин-қизларига келсак, уларнинг жуда кам қисмигина коммунистик партия сафига кирган ва ҳужумда фаол қатнашган. Аксарият хотин-қизлар намойишларда иштирок этишдан, амалдорларнинг кўзига кўринишдан қочганлар ва янгиликлардан узоқроқ юришга ҳаракат қилганлар.
Баъзи аёллар ҳужум ва оилавий ҳаёт талаблари ўртасида устомонлик билан ҳаракат қилиб, ёлғон йўллар билан ҳокимиятга содиқликларини ифода этганлар. Масалан, намойишларда худди ўзларини паранжи ташлаётгандек кўрсатардилар, бироқ кейин юзларини енглари, рўмоллари билан ёпиб олардилар. Ҳатто, дастурхонлардан фойдаланган ҳоллари ҳам бўлган. Партия ёки совет амалдорлари уларни намойишларда қатнашишга мажбур қилганида кўпчилик аёллар ўзларини улар билан ҳамкорлик қилишни исташаётгандек қилиб кўрсатардилар холос. Паранжи кийиш таъқиқланадиган фабрикаларда аёллар иш пайтида ўз паранжиларини ечишар, иш куни якунлангач уни яна кийиб олишарди.
1928 йилда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси маҳаллий аёлларнинг турли шароитларда нечоғлик эҳтиёткор бўлганликлари ҳақида ёзади. Улар ҳақорат қилиш ва мазах қилиш хавфи бўлмаган хотин-қизлар йиғинларида ўз паранжиларини бемалол ечадилар, кўча ва бозорларда паранжисиз аёлни учратиш имконсиз эди.
Ўзбек хотин-қизларининг ҳужум талабларига қаршилик кўрсатиши ўша даврдаги совет фаоллари учун (бугунги кундаги кўпчилик ғарб ўқувчилари учун ҳам) энг зиддиятли ва тушунарсиз ҳол бўлган. Улар ҳужумни ҳам, унда иштирок этганларни танқид остига олиб, шу тариқа ўзларининг эркинликка чиқишига қарши чиққанлар. Айрим жанжалли ҳолатлар пинҳона муҳокама қилинар ва ўзбек аёллари қай тарзда шахсий “эркинликларига” қарши чиқаётганлари ҳақида партиянинг ўта махфий тўпламларига ёзиб бориларди. Масалан, 1929 йил май ойида махфий хизмат ходимлари томонидан Андижон вилоятида икки юз нафар аёл аксилсовет йиғини ўтказганини аниқлаган. Унда мажбуран паранжи ташлашга ва уни мусодара қилишга нисбатан норозиликларини ифодалаганлар. Митингда паранжиларни қайтариш талаби билан норозилик маршини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бироқ митинг раҳбари Уголиби Ражабобоева(тарж: эҳтимол Ўғилой ёки Ўғилбиби бўлиши мумкин) талаб қилинган нарсани ололмагач, зобитлардан бирига пичоқ ўқталиши билан воқеалар издан чиқади. Воқеадан икки кун ўтиб пичоқ ва тош кўтарган аёллар милиционернинг уйига боришади. Унинг уйида ҳеч ким йўқлигини кўриб жаҳли чиққан аёллар тўдаси кўчага чиқади ва юзи очиқ хотин-қизларни уриб кетади.
Кампаниянинг олти ой ичида паранжини йўқ қилишга қаратилган режалари 1927 йилда муваффақиятли тугамайди. Хотин-қизлар кундалик ҳаётидан паранжининг бутунлай йўқ бўлиб кетиши учун қарийб ўттиз йил кетади. Марказий Осиёдаги ҳаёт 40-йиллар, минтақанинг Иккинчи жаҳон урушида қатнашиши оқибатида тубдан ўзгарди. Паранжининг аста-секин йўқолиб кетиши Ўзбекистон турмуши ва маданиятининг урушдан кейинги советлаштириш даврига тўғри келади.
Ҳужумдан қолган мерос ўз изини кўрсатди. Кампания иғвоси билан қўзғалган воқеалар гендер муносабатлари Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий кучлари билан қай даражада қийин қўшилгани ҳамда ўзбек миллий ўзига хослигини шакллантиришда аёлларнинг иштироки қандай бўлганини кўрсатди. Аслида, Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликни қўлга киритганидан сўнг айрим туманлар(айниқса Фарғона водийси)да хотин-қизлар миллий ва диний-маданий ўзига хосликларини ифодалаш услуби сифатида яна рўмол ўрай бошлайдилар.
1935 йилда Ортиқовнинг ўз сиёсий мурожаатида Ашурбиби ҳаётидан фойдалангани ажабланарли ҳол эмас. Большевиклар учун паранжидаги аёл чор империясида руҳан сиқилганлик, қолоқлик ва примитивизм рамзи ҳисобланган. Уларнинг рақиблари учун очиқ юрган аёл оила масъулиятини ҳис этмайдиган ҳамда Худо ва Унинг қонунларини очиқчасига инкор этадиган бегона, мустамлака, ахлоқсиз аёл образини ифодалаган. Бу қиёмат бошланганини англатарди. Тошматова сингари аёллар ўз ҳоҳиши ва танловига эга шахсдан кўра кўпроқ кураш предмети бўлганлар. Бу озодликка чиқиш ва қаршилик кўрсатиш ҳикоясини маълум даражада қийинлаштирган.