Фируз АЛЛАЕВ – Интернет орқали маиший техника, электроника сотуви билан шуғулланувчи asaxiy.uz интернет-дўконининг директори. 1989 йили Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида ўқитувчи оиласида туғилган. Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университатининг таржимонлик факультетини, шунингдек, Франциянинг Халқаро Сиёсий Тадқиқотлар Институтида магистратурани тугатган, asaxiy.uz интернет-дўконини очиб, тадбиркорликни бошлагунча таржимон, гид, туроператор, спорт журналисти каби соҳаларда ишлаб, тажриба орттирган. Ўзбек, рус, француз, инглиз тилларида бемалол сўзлашади.
Uzanalytics.com мухбири Фируз АЛЛАЕВга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.
Яқин истиқболда қандай китобларни чоп этишни режалаштиргансиз? Ўқувчиларни ҳозир қандай асарлар кўпроқ қизиқтирмоқда?
– “Asaxiy Books” лойиҳаси узоқ муддатга мўлжалланган ва китоблар рўйхати доим бойиб боряпти. 2019 йилнинг ўзида 15 тадан ортиқ номда китоб чиқаришни режа қилганмиз. Масалан, ҳозирги кунда Уолтер Айзексоннинг “Стив Жобс”, Ўрхан Памукнинг “Менинг исмим қирмизи”, Ден Брауннинг “Ибтидо”, Малколм Глодвелнинг “Зукколар ва ландовурлар”, Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” каби китоблари таржимаси тугади ва яқин ойларда чоп этилади.
Сизнингча, китоб ноширчилигини ривожлантириш учун нималар қилиш керак (қонунчилик базаси, қарорлар)?
– Китоб бозорини ривожлантириш бўйича қарорлар бор, муҳими энди ишлаш керак. Бу соҳада маркетингни ривожлантириш керак, одамларимизга китоб ўқишнинг муҳимлигини тушинтира билиш лозим, логистикани осонлаштириб, китобларни ҳар бир шаҳар ва қишлоқдаги китоб дўконларига етиб боришини таъминлашимиз зарур. Кўпроқ қизиқарли китоблар чоп этилса, одамларда китоб ўқишга бўлган қизиқиш ҳам ошиб боради.
Пойтахт Тошкент ва ҳудудларда йирик китоб дўконлари мавжудми?
– Тошкент шаҳрида ҳам, вилоят ва туманларда ҳам катта китоб дўконлари бор. Уларнинг орасида биринчи бўлиб “Китоблар олами”ни санаб ўтишим мумкин. Яна бир неча нашриётларга тегишли китоб дўконлари бор. Умид қиламанки, одамларимизда китоб ўқишга бўлган қизиқиш яна ортса, китобга нисбатан бозорда яна талаб кўпайса, китоб дўконларининг сони ҳам шунга яраша бўлади.
Рус тилидаги китоблар ҳақида нима дея оласиз?
– Бугунги кунда рус тилидаги китоблар асосан Россиядан олиб келинади, баъзи бирлари давлат нашриётлари томонидан ҳам чоп этилади. Бозорда талаб кам бўлишига қарамасдан рус тилида китоблар сони анчагинани ташкил қилади. Ва энг муҳими керакли китобни рус тилида топиш муаммо эмас. Одатда Европа ёки АҚШда чоп этилган китоб 9-24 ой ичида рус тилига таржима қилиб чоп этилади. Афсуски, ўзбек тилида вазият анча бошқача.
Хорижий тиллардан, шу жумладан, рус тилидан таржима қиладиган таржимонлар бизда етарлими?
– “Asaxiy Books” лойиҳасини бошлаганда, таржимон масаласида қийналамиз деб ўйлагандик. Йўқ, таржимонлар топишда муаммо бўлмади, анча сифатли таржима қила оладиган ёшларни кашф этдик. Рус тилидан таржимага устоз таржимонларни жалб этдик. Фақат француз тилидан сифатли таржима қила оладиган таржимонлар ҳозирча муаммо бўлиб қолмоқда.
Ўзбек китобхонлари орасида таржима нашрларга талаб қай даражада?
– Бизнинг йўналишимиз асосан жаҳон адабиётини ва илмий китобларни ўзбек тилига таржима қилиш, шунингдек Ўзбекистон бўйлаб интернет орқали китоб сотувини ривожлантиришдир. Биз дастлаб чоп этган илк 3 та китобга талаб бозорда яхши ва маркетинг эвазига одамларимизни янада кўпроқ қизиқтиришга ҳаракат қиляпмиз.
Электрон китобларнинг келажаги қандай, улар ривожланадими?
– Ҳозир электрон китобларни сотиб олиб ўқиш имконини берадиган Андроид ва ИОС тизимлари учун маҳсус дастур ёзиляпти. Дастурни белорусиялик дастурчиларга буюртма берганмиз. Режамизга кўра, дастур нафақат бизда, балки дунёда энг замонавийларидан бири бўлиши керак. Бу дастур орқали китобхонлар нафақат китобларни электрон сотиб олиб ўқиш, балки аудио китобларни ҳам сотиб олиб эшитиш имкониятига эга бўладилар. Дастурни ёз ойларида ишга туширишни кўзлаганмиз.
Хорижий нашриётлар, хусусан Россиянинг наширётларидан китобларни чоп этиш учун рухсат (лицензия) оласизларми?
– Албатта, ҳар бир китобнинг муаллифини ҳурмат қилган ҳолатда, Ўзбекистон ҳудуди учун муаллифлик ҳуқуқини харид қилиб чиқаряпмиз. Масалан, Ден Брауннинг “Ибтидо” асарини Ўзбекистон ҳудуди учун муаллифлик ҳуқуқини 5 йилга харид қилдик. Бу борада ҳали олдинда яхши совғаларимиз ҳам бор.
Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонда бадиий адабиётларнинг таржимачилик мактаби яратилган эди. Ҳозир вазият қай даражада?
– Лойиҳани бошлаганда, айнан таржимонлар борасида иккилангандик. Юқорида айтиб ўтганимдек, француз тилини ҳисобга олмаганда бу борада муаммо йўқ. Ҳозир, Иброҳим Ғафуров, Карим Баҳриев ва бир нечта ёш таржимонлар билан ҳамкорлик қиляпмиз.
Китоб ноширчилиги борасидаги тажрибангизга таяниб айтингчи, одамлар кўпроқ китоб ўқишлари учун қандай чоралар қўллаган маъқул?
– Манимча китоб бозорида маркетингни ривожлантириш, китобнинг фойдасини кўпроқ тарғиб қилиш, телевидение орқали реалликка яқин, аҳоли учун ҳақиқатдан ҳам қизиқарли ток-шоу ёки дастурлар яратиш, китобларни аҳолига кўпроқ таҳлил қилиб бериш керак. Кейин, таълимда китоб ўқишга кўпроқ урғу бериш, ёшларни китоб ўқитишга қизиқтириш керак. Китоб ўқиса ухлаб қолмайдиган авлод етишиб чиқса, китоб бозори янада ривожланади.
Нима учун бундай бизнесга қўл ургансиз?
– Интернет-дўконини очганда даромаднинг тўртдан бир қисмини хайрияга йўналтирамиз, деб ният қилгандик. Бошида кичик-кичик хайрия ишларини қилдик, лекин бундан бутун жамиятга фойдаси тегадиган иш қилиб бўлмас экан. Сўнгги 2-3 йилда мамлакатда ижобий ўзгаришлар бошланганидан сўнг, китобга нисбатан талаб пайдо бўлди. Масалан, Facebook ижтимоий тармоғи орқали турли хил гуруҳларда қайсидир китобни маслаҳат беришса, биринчи келадиган “ўзбек тилида ҳам борми?” деган савол эди. Шундан ўзбек тилига китобларни таржима қилиб, бозорга етказиш фикри пайдо бўлди. Кейин китоб бозорини ўргана бошладик, бир ой Францияга бориб, у ердаги китоб бозорини ўрганиб келдим. Аста-секинлик билан бу ривожлантирса бўладиган, яхши даромад қилса бўладиган соҳа эканлигини тушиндик. Шундан сўнг, хайрияга деб режа қилинган пулдан ташқари, уй сотиб оламан деб йиққан пулимни ҳам шу лойиҳага тиқдим. Мана, аста-секинлик билан лойиҳани кенгайтиряпмиз.