Колумбия университети профессори ва тарихчи Эдвард Оллворт 1987 йилда ўзининг «The Modern Uzbeks: From the fourteenth Century to the Present: A Cultural History (Studies of Nationalities)» китоби муқаддимасида “ўзбек халқининг СССР доирасида анъанавий шаклда сақланиб қолишининг ноаниқлиги туфайли” ўзбек ўзига хослигининг шаклланишини тадқиқ этишга қарор қилганини ёзади. Унинг хавотирига қарамасдан, СССРнинг қулаши билан ўзбекларнинг сақланиб қолиш масаласи ҳам йўқолди, ўзига хослик мавзуси эса энди мустақил давлатда аҳамият касб эта бошлади. 27 йилдан буён ўзбек бўлиш нимани англатади, деган савол ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Стэнфорд университети профессори Уэйн С. Вучиничнинг сўзларига кўра, Оллвортнинг китоби Ўзбекистон тарихининг ижтимоий-маданий ҳаракатига доир ғарбдаги илк тадқиқот ҳамда совет тарихшунослиги ва фалсафасининг танқиди ҳисобланади. Оллвортнинг миллат шаклланишига бўлган қараши Ўзбекистондаги тарихчилик билан тўғри келмаслиги мумкин. Бироқ ушбу китоб ўзбеклар тарихига бефарқ бўлмаганлар учун жуда қизиқарлидир.
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад-Дўст
Шу билан бирга, китобнинг «маданий» тарихга бағишланганини ҳам унутмаслик керак, шу боис муаллиф уни ўзига хосликни шакллантиришда аҳамият касб этган тушунча ва қадриятларга ажратган. Муаллиф тарихчи ва адабиётшунос сифатида адабий ва тарихий манбалардаги концепция ва ғояларни таҳлил қилган ва битта бобида турли даврлар ва ҳукмдорлардан далиллар келтирган. Шу боис Оллвортнинг воқеаларни баён қилиши хронологияга ҳамиша ҳам тўғри келавермайди. Китоб икки қисмдан иборат. Ушбу шарҳда биринчи қисмдаги бўлимларнинг асосий ғоялари келтирилади.
Тадқиқотлар асоси
Оллворт китобда ўз олдига икки масалани қўяди. Биринчи масала – гуруҳ ташқи қоидалар таъсирида янгича ўзига хосликка эга бўлиши мумкин бўлган давр ва иккинчиси – халқнинг шаклланиши (айниқса, у сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватланган ва четдан амалга оширилаётган бўлса) одамларга қандай таъсир кўрсатиши масаласи. Китобнинг I қисми ҳамжамият ғоялари, суверенитет рамзлари ва қадриятлари, номлар ва қабилалар, етакчилик, мақтов ғояси ва адабиёти, дипломатия сингари бобларни ўз ичига олади. Муқаддимада таъкидланганидек, ҳар бир бобда ўзбек тарихини гуруҳларга оид ўзига хосликнинг етти назарий жиҳатига қўллашга ҳаракат қилинган (бобларнинг тегишли номларига кўра).
Ҳамжамият ғоялари
Муаллиф «Ҳамжамият ғоялари» бобида ўзбекларнинг минтақадаги бошқа гуруҳлар билан алоқалари ҳақида сўзлайди. Ўзбеклар 14-15 асрларда фаол сиёсат юритганлар, бошқа тўдалар билан рақобатга киришганлар ҳамда кўпинча Олтин Ўрда хонлари таъсири остида ёки улар билан иттифоқдош бўлганлар. Китобда қайд этилишича, ўзбек ёлланма аскарлари Идиқ Баҳодирнинг рус князларига қарши курашида унга ёрдам берганлар ҳамда Хоразмни эгаллашда темурийлар билан ёвлашганлар. Муаллифнинг фикрича, ўзбеклар 1380-йилларда бир тўда сифатида пайдо бўлган бўлишларига қарамай, бир аср давомида уларнинг саводли тарихшунослари бўлмаган. Фақат 1430-йиллардан бошлаб, имконият ва эркинликка эга бўлган айрим хонларгина ўз тарихларини ёзиш учун олимларга ёрдам кўрсата бошлаганлар. Фазлуллоҳ Исфаҳонийнинг 1509 йилда Шайбонийхон учун ёзилган «Меҳмонномайи Бухоро» китоби бунга яққол мисол бўла олади. Унда Исфаҳоний ҳукмдорнинг тарихи ва фаолиятини баён қилган, деб ёзади Оллворт. Муаллиф ўзбеклар турк тилида сўзлашган бўлсалар-да, тарихчилар одатда форс тилида ижод қилганлар ва бу минтақа тарихшунослигида ўзига хос жанрга айланган, деб аниқлик киритади.
Бошида Мовароуннаҳрда ўзбекларга нисбатан салбий муносабатда бўлганлар. Ўзбек — “дашт аскари” деган тушунча пайдо бўлган ва у салбий маънони англатган.
Темурийларнинг сўнгги авлоди бўлмиш Бобур Марказий Осиёда ўзбекларга қарши жиддий курашган, ўз асарларида улар ҳақида номақбул фикрларни билдирган, деб ёзади Оллворт. Шунингдек, сафавийлар ҳам Марказий Осиё ва Эрон билан кураш туфайли улардан ўзларини четга олганлар. Мазкур салбий коннотациялар туфайли ўзбек хонлари ҳақида асар ёзадиган баъзи тарихчилар жуда эҳтиёткор бўлганлар. Муаллифнинг билдиришича, Исфаҳоний Шайбонийхон ҳақида ёзганида, унинг қабиласи ўзбеклар эмас, ўзбек-шайбонийлар бўлган, деб қайд этади.
«Ўзбеклар темурийлар ва сафавийларнинг салбий муносабатига қарамай, Марказий Осиёнинг жанубий қисмида истиқомат қиладиган аҳолининг кўнглидан жой оладилар ва вақт ўтиб, ўзларига нисбатан муносабатни ўзгартирадилар, бу 1500 йил адабиётида муҳим ўрин эгаллайди», деб ёзади Оллворт.
Темур Самарқанд атрофидаги базмда. “Зафарнома”.
Суверенитет рамзлари ва қадриятлари
Китобнинг ушбу бобидаги асосий мазмун шундан иборатки, халқнинг шаклланиши учун қадриятлар ва рамзлар керак эди, ўзбекларнинг қадриятлари ва рамзлари эса тарихий ва маданий эврилишлар натижасида ўзгариб турган. 2-боб ҳукмдорнинг мезонлари шарҳи ва уларнинг вақт сайин ўзгарганини ўз ичига олади. Оллвортнинг таъкидлашича, минтақа бошқарувида икки хил тушунча – бунёдкор ва вайрон қилувчи тушунчалар кураш олиб борган.
Биринчи ҳолатда гап адолатли ва маърифатпарвар ҳукмдорнинг андазаси ҳақида гап боради. Александр Македонский ва Хусравхон ана шундайлардан. Хусусан, адолат ғояси файласуфларнинг ҳукмдорлар қадриятлари ҳақидаги асарларида ўз ифодасини топган, деб ёзади Оллворт. Унинг айтишича, ушбу сифатлар Исмоил Сомоний шахсиятида жуда яхши мужассамлашган. У одил, раҳмдил ва бойликка интилмаган ҳукмдорлардан бўлган. Одиллик подшоҳда бўлиши лозим бўлган 12 та муҳим ҳислатдан биридир, деб ёзади файласуф ал-Фaробий ўз асарларида, дейди муаллиф. Оллворт, шунингдек, “Алпомиш” достонида келтирилган мурувват ва саховатга оид ғояларни ҳам муҳим деб ҳисоблайди.
Оллворт бу андазага сўзсиз бўйсуниш қадрият ҳисобланган золим подшоҳ ғоясини қарши қўяди. Муаллиф буни мўғулларнинг минтақага бостириб кириши ва Чингизхон шахсияти билан боғлайди. Бунда ҳокимиятга эътирозсиз бўйсуниш, улуғворлик, этнос ва ҳокимият ўртасидаги алоқа аҳамият касб эта бошлайди, деб қайд этади Оллворт.
Муаллифнинг Амир Темур мана шу иккита қарама-қарши андазани ўзида мужассамлаштиришга интилгани ҳақидаги кузатувлари ҳам қизиқарли. «У қисман раҳбарликнинг илгариги маҳаллий (indigenous) андазасидан боришга ҳаракат қилди ва китобларда адолат ҳақида ёзди», дейди Оллворт. Муаллифнинг ёзишича, гарчи Темур саводсиз бўлса ҳам, тинглашни ва тарихчилар нимани айтиши ёки гапириши кераклигини билган. Бу ҳукмдорнинг «Темур тузуклари»да ўз аксини топган. Ўзбек хони, Шайбонийхоннинг бобоси Абулхайрхон ҳам Оллворт учун ана шундай раҳбарлардан бири бўлган. Муаллиф у ҳақда кейинроқ яна ёзади.
Оллворт художўйлик ва катталарга бўлган ҳурматни муҳим қадриятлар деб атайди. У ушбу хислат хоннинг нафақат отаси, балки онаси томонидан ҳам кўрсатилганини қайд этади ва Улуғбекнинг темурийлар ва ўзбеклар ўртасида авлодлараро иттифоқ пайдо қилиб, Абулхайрхонга турмушга чиққан қизи Робия Султон Бегимни мисол қилиб келтиради. Муаллиф боб якунида «Шу билан бирга Марказий Осиёда тараққиёт секинлашиб, шафқатсизлик орта бошлайди», деб ёзади. Авторитар замонавийликда (authoritarian modernity) янги қурол янгича бошқарув усули билан уйғунлаша бошлайди. Оллворт «адолатсизлиги ҳамда дин, маданият ва санъатни менсимаслиги билан алоҳида ажралиб турган» Насруллохон (1826-1860)ни тоталитар ҳукмдорга мисол қилиб кўрсатади.
Номлар ва қабилалар
Оллворт ушбу бобда ўзбекларнинг тарихий илдизлари ҳақида ҳикоя қилади. У ўзбеклар конфедерациясининг номи ва келиб чиқиши 14-асрга, шимоли- ғарбий Осиёга бориб тақалади, деб ҳисоблайди ва бу нарса номлардаги чалкашликлар оқибатида содир бўлган, дея таъкидлайди. Масалан: «маълумотларнинг гувоҳлик беришича, татар жангчилари ўзбеклар деб аталувчи биринчи конгломерацияни тузганлар, аммо улар ўзбекларнинг келиб чиқишини кўрсатмаганлар», деб ёзади муаллиф.
Бироқ Оллворт уларнинг ирқи ёки этносини эмас, айнан номларини энг муҳим унсур деб ҳисоблайди. Муаллиф улар аслида Чингизхоннинг ўғли Жўчининг фарзанди, Ботунинг набираси Ғиёсиддин Муҳаммад Ўзбек (Ўзбекхон (1312-1341) дан келиб чиққан татар қабилалари бўлганлар, деб тахмин қилади. Оллвортнинг фикрича, Ўзбекхон Волга қирғоқларига жойлашиб олиб, дарё бўйларини пойтахт ҳудудига айлантиради: «унинг шуҳрати ва мўғул урф-одатлари татар қабилаларининг унинг исмини қабул қилишга мажбур қилди. Форс тилидаги китобларда «ўзбек» (ўзбекияян) ва улуси-ўзбек (ўзбеклар ери) номлари айнан Ўзбекхон ва унинг қўл остидагиларга тааллуқли бўлган», деб аниқлик киритади муаллиф.
Ана шу ерда муаллиф ҳозирги Қозоғистоннинг шимолида яна бир ўзбек конфедерациясининг пайдо бўлгани ҳақида ёзади. Бу ўзбеклар Саройдан тахминан 1600 км шимоли-шарқда жойлашган Ғарбий Сибирдан бўлганини ҳисобга олиб, Оллворт Ўзбекхоннинг ўлимидан сўнг қабиланинг бир қисми Сибирга йўл олган ва сибир ўзбекларининг маркази сифатида пойтахт – Чимга Тўра (Тюмень)га асос солганлар деб тахмин қилади. Уларнинг ҳудудлари Ўзбекхоннинг исми туфайли эмас, (1360-йилларда пайдо бўлган) корпоратив бирлашма ҳудуди сифатида «ўзбек ерлари» деб аталган. Оллворт
Абулхайрхон ҳукмронлигининг бошларида 24 та, 16 асрга келиб эса 92 тага етган кўплаб қабила номларини келтиради (улар орасида Барака, Байли, Дўрмон, Имчи, Жат, Кенагас, Хитой, Қиёт, Қиём, Қўшчи, Манғит, Минг, Найман, Қарлуқ, Қўнғирот, Тангут, Тоймас, Тубай, Туман, Угриш-Найман, Утарчи, Уйғур, Уйсун, Алма ва бошқалар).
Дашти Қипчоқ Абулхайрхоннинг ҳудудига кирган ва бу ҳудуд Волга дарёсидан тортиб Сирдарё этакларигача бўлган бепоён ерларни қамраб олган. Бироқ хоннинг ўз қароргоҳини Чимги Тўрадан Марказий Осиёга кўчириш режаси айрим қабилаларнинг ундан ажралиб кетиши туфайли мураккаблашди. 1446-1447 йилларда у ўз қўшинлари учун Сирдарёнинг қуйи оқими бўйлаб қишки қароргоҳларини ташкил қилади, Сиғноқни ўз пойтахти деб эълон қилади ва ўзбекларнинг жанубга томон тарқалиши учун плацдарм тузади. Муаллиф буни ўзбек қабилалари тарихидаги кескин бурилиш даври деб атайди. Унинг ўлими 1468 йилда ўзбек конфедерациясининг уч гуруҳга: сибир ўзбеклари, ўзбек шайбонийлари ва ўзбек қозоқларига бўлиниб кетишини якунлади, деб ёзади Оллворт.
Мана шу ердан ўзбеклар образи янги деталлар билан ривожлана бошлади. «Ўзбек худди камситадиган атамадек» деб номланган тагбобида Оллворт ўзбекларни хушламайдиган темурий шоир ва сиёсатчи Алишер Навоий ва Бобурнинг асарларига таянади. Масалан, муаллифнинг ёзишича, Навоий ўзининг «Садди Искандарий» (Искандар девори) асарида ўзбек мўғуллари, ўзбек манғитлари ва қалмиқларни Искандарнинг енгилган европаликлари (фарангиз) томонига киритади. Ана шу ерда Оллворт уч муҳим хулосага келади: 1) темурийларнинг ўзбекларга бўлган адовати; 2) ўзбеклар умумлашган номининг қабилалараро ва қабила ости ўзига хослик сифатида муҳимлиги, бироқ айни дамда бу номнинг Мовароуннаҳр ва Туркистон ўзбеклари томонидан забт этилганидан сўнг ҳам иккиламчи экани; 3) «ўзбек» тушунчаси қабилалар ва сулолалар ўртасида йигирманчи асргача салбий сифатлаш ўрнида қўлланилгани. Шу билан бирга, «ўзбеклар» атамаси шаҳарларда яшаб кетмади, бунинг ўрнига аҳоли асосан тожиклар ва туркларга бўлиниб кетгани қайд этилади. Оллворт шунингдек, «сарт» атамасига кўчманчи ва ўтроқ ўзбеклар ўртасидаги фарқни белгиловчи фарқ сифатида қарайди.
Раҳбарлик
Ушбу бобда Оллворт Абулхайрхон ва Шайбонийхонларнинг ролини баён қилади. Муаллиф Марказий Осиё тарихи ва харитасининг шаклланишида ушбу етакчиларнинг аҳамияти таъсиридан келиб чиққан ҳолда уларнинг шахсиятига тўхталади. Абулхайрхон ҳақида гапирганда, Оллворт ҳам унинг шахсиятининг қадри, ҳам у қабул қилган тарихий муҳим қарорларига эътибор қаратади.
Масалан, ана шу хон ҳақида ёзган тарихчи Исфахонийнинг «ўз ҳукмдорлиги даврида унинг қўли остидаги ерларда олийҳимматлилик ва қонунийлик устунлик қилган», деган маълумотларини келтиради. Абулхайрхон олижаноблиги билан шуҳрат қозонган, дейилади ушбу бобда.
Шунга қарамасдан, раҳбар келгусида тарих учун муҳим аҳамият касб этган стратегик хатоларга ҳам йўл қўйган. Унинг Марказий Осиёга Сирдарё қирғоқларида жойлашиб олиш мақсади ўзбек конфедерациясининг ихтилофини юзага келтиради. Китобдаги ушбу бобда катта қабилаларга бошчилик қилган Сайидбек, ака-ука Ибак хон ва Буроқ Султон Сибирдан кетиш истаги йўқлигини билдиришади, Ғирай ва Жонибек бошчилигидаги бир неча қабилалар (қозоқлар ўз насл-насабларини шуларга тегишли деб ҳисоблайди) эса шарққа – Мўғулистон ҳудудига кўчиб борадилар. Оллворт бу қарорни «Бу Туркистон, Мовароуннаҳр ва Хуросон халқларининг раҳбарга нисбатан қаршилик қилиш ва янги жойларга кўчиб ўтиш анъанаси эди. Гарчи бу қочоқларга қимматга тушган бўлса-да. Уларнинг кетиши ўлкани норози аҳолидан озод этган. Бу сиёсий референдумга ўхшаш нарса бўлган», деб тушунтиради.
Оллворт унинг ўзбеклар «қалмиқлар» деб атайдиган жунгар мўғуллари билан бўлган жангдаги мағлубиятини Абулхайрхоннинг иккинчи муваффақиятсизлиги деб атайди. 1457 жунгарлар ўзбеклар ҳудудига кириб бориб, Сиғноқдан унча узоқ бўлмаган жангда Абулхайрхоннинг қўшинини тор-мор қиладилар, ўзи эса шаҳар ташқарисига[1]. беркинишга мажбур бўлади. Бу ўзбекларнинг кучини янада заифлаштирди.
Хоннинг ўлимидан сўнг алоҳида қабилалар жанубда Ғирай ва Жонибек хонлари атрофида бирлашдилар. Айнан улар илк ўзбек-қозоқ қабилалари бўлган, дейилади бобда. Хоннинг қарори иккита йирик ўзбек бирлашмаларининг бир-бирига қарши курашишига олиб келди. Вақт ўтиши билан ўзбек-қозоқлар номларининг биринчи қисмини қолдириб, ўзларини оддий қилиб қозоқлар деб атай бошлайдилар. «Ушбу қабилалар гарчи этник ва жисмоний жиҳатдан бир хил бўлишса-да, номланишдаги фарқлар уларни икки гуруҳга ажратиб юборди», деб изоҳ беради Оллворт.
Иккинчи раҳбар — Абулхайрхоннинг набираси Муҳаммад Шайбоний. Оллворт унинг шахси, шеърияти, олиб борган сиёсати ва дипломатияси ҳақида китобнинг бошқа бобларида ҳам тўхталиб ўтади. Бу қисмда ўқувчи парчаланган айрим қабилаларни бирлаштириб, Марказий Осиёнинг харитаси ва тарихини ўзгартирган Шоҳбахт[2] (1451-1510)нинг ёшлик даври билан танишади. Бобоси вафот этгач, Шоҳбахт Қўшчи қабиласидан қолганлар билан бирга Ғирайхон таъқибидан қочиб, гоҳ Волгадаги Аштархонда, гоҳ Ўтрордаги Сирдарёда дарбадар кезиб юрди.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, у табиатни, чўлу биёбонлар, шеъриятни севган, Қуръон тафсирига қизиққан. У 1471 йили 21 ёшида Бухородан паноҳ топди ва Абул Фатх Муҳаммад Шайбоний номи билан машҳур бўлади. Бухорода у ўз билимларини бойитади ва диндорлар билан алоқаларни йўлга қўяди, бироқ бу унинг фақат динга бўлган интилишини билдирмайди. Муаллиф бу борада Бухоро шайхларидан бири (Мансур)нинг «Ўзбек подшоҳ бўлиш ниятида», деган сўзларини келтиради.
Оллворт адабиётшунос сифатида шеъриятнинг Шоҳбахт ҳаётига кўрсатган таъсирига алоҳида эътибор қаратган. У ўзини Буюк Александрга боғлаган бўлса керак. Эҳтимол, ўзбеклар етакчиси ўзини икки турли оламни бирлаштирувчи сифатида кўришни истабгина қолмасдан, юнонлар билан алоқасининг муҳимлигини ҳам фаҳмлагандир.
Бундан ташқари, Шайбонийхон адолат ғояларига амал қилишга ҳам ҳаракат қилган, бироқ унинг ўз меъёрлари бўлган, деб ёзади Оллворт.
Оллворт минтақдаги «яшиллар» ва «қизиллар» деб аталувчиларнинг қаршиликларини Шайбонийхондан қолган деб ҳисоблайди. Бу қаршиликнинг энг юқори чўққиси Хуросонда юз беради, бунда Шайбонийхон ўлдирилиб, боши танасидан жудо қилинади (унинг калла суяги Исмоил шоҳ томонидан Бобурга юборилади), танаси эса Самарқандда дафн этилади. Оллвортнинг билдиришича, ушбу мағлубият Шайбонийларнинг кенгайишига чек қўйди ва Эрон ҳалқининг қўшилиб кетишига тўсқинлик қилди. Бу Марказий Осиёнинг ўзига хос мустақиллигини мустаҳкамлади.
Кўчманчилар ва шаҳар анъанасининг уйғунлашувини муаллиф хондан қолган яна бир мерос деб атайди. Унинг ёзишича, «Шайбонийхон темурийлар мухлиси сифатида уларнинг маъмурий ислоҳотлари, жумладан, танга тайёрлашни ўзлаштириб олади; у, шунингдек, уларнинг шоирлари, тарихчиларини пойтахт Самарқандга олиб келади». Оллворт унинг Чингизхон авлоди сифатида бошқача фикрлаши ва ҳаёт тарзига олиб келган қарашларини ҳам унинг Марказий Осиё тарихига қўшган ҳиссаси деб ҳисоблайди. «У юксак цивилизацияли чўллар ва диний анъаналарга эга Мавороуннаҳрнинг шаҳар марказларида истиқомат қиладиган кўчманчилар кучи, инсоннинг дунёқараши ва турмуш тарзини, мазкур икки оламни ўз мисолида бирлаштирди», деб ёзади Оллворт.
Мақтов ғояси ва адабиёти
Китобнинг навбатдаги боби ғоявий кўрсатмалар ҳамда ўша давр адабиётидаги мақтов анъаналарига бағишланади. Оллвортнинг қайд этишича, хон ва амирларнинг диёнат ва саховати суверенитет рамзлари, ҳатто хавфсиз кўчалар ва чегаралардан ҳам юқори бўлган. «Ўн бешинчи аср хони сунний мусулмон сифатида Имом ал-Бухорий (870 й)нинг ҳадисларида келтирилган асосий гуноҳларга қарши қатъий ҳаракат қилган».
Оллвортнинг ёзишича, Бухорийнинг асарларида, биринчи қисмда еттита, иккинчи қисмда яна бир нечта гуноҳлар энг оғир гуноҳлар деб ҳисобланади. «Улар насроний черковларининг «ўлимга олиб борадиган» гуноҳларига (такаббурлик, ҳирс, шаҳват, ҳасад, баднафслик ва дангасалик) ёки инжилдаги ўнта диний амрларга жуда кам ўхшаб кетади. Исломда гуноҳлар бошқача ғоявий хусусиятларга эга бўлади». Муаллиф улар орасида кўп худолилик; сеҳр-жоду; одам ўлдириш, (қонунан одам ўлдиришдан ташқари); судхўрликдан фойда олиш; етимларнинг мол-мулкнини ноқонуний равишда ўзлаштириш; жангдан бош тортиш; тўғриликка қарши ёлғон гувоҳлик бериш ва беғам аёлларга ишониш кабиларни санаб ўтади. Бухорийдан келган ҳадисга кўра, ота-онага итоатсизлик, қўшнининг хотини билан бирга бўлиш, бошқа манбаларда эса хасислик ва баднафслик улардан унчалик оғир бўлмаган гуноҳлар ҳисобланади, деб қайд этилади китобда.
Оллворт, шунингдек, Шайбонийхон шеъриятини унинг ашаддий душмани Эрон шоҳи Исмоилий шеърияти билан таққослаган ҳолда, ўша пайтдаги маддоҳлик, гуноҳ ва художўйликнинг ўша давр адабиётида акс этиши ҳақида ҳам ёзади. Масалан, Шайбонийхон турк тилида ёзилган “Баҳр ул худо” (Sea of Guidance) номли фалсафий-диний асарида ўзининг гуноҳкор эканини тан олади ва Худодан уни кечириши ва раҳм қилишини сўрайди. У Аллоҳни Тангри (мўғул тилидан олинган бўлиб, «ҳукмдор» деган маънони билдиради) деб атайди ва асарларини Тангрига, унинг пайғамбари Муҳаммадга бағишлов билан бошлайди, шу билан бирга, пайғамбарга яратувчидан кўп сатрлар бағишланади. Асар муҳим бир инсон, вақт ёки воқеани кўкларга кўтаришни бошлаган Марказий Осиёдаги бошқа панегириклардан шуниси билан ажралиб туради, деб изоҳлайди муаллиф. Оллвортнинг ёзишича, у ерда ҳукмдорга нисбатан мақтовлар йўқ, чунки у шоир ҳисобланади. Бундан ташқари, асарда ҳам ўзини ўзи мақташ, ҳам Худога ва пайғамбарга бош эгиш ва ўз-ўзини танқид қилиш бор, деб қайд этади муаллиф. Шоир асарини Аллоҳдан унинг ва ўқувчиларнинг гуноҳларини кечиришини сўраб якунлайди.
Аксинча, шоҳ Исмоилнинг туркман турк тилида ёзилган шеъриятида шоир шиа имоми Али, кейин Муҳаммадни мақтайди. Унинг тахаллуси Хатай бўлиб, «гуноҳкор» деган маънони билдиради. Оллвортнинг ёзишича, Исмоил ўзида ҳақиқий суфий камтаринлигини акс эттирмоқчи бўлган эса-да, бу тахаллус ҳаётининг айрим қирраларини кўрсатиб берган. Улар ҳақида хабардор топган Шайбонийхон уни ёқтириб қолади.
Минтақадаги кейинги таназзул 1600 ва 1700-йиллардаги қадриятлар, мафкура ва сиёсатга таъсир кўрсатади ва ислом тасаввуфининг ҳам ўқимишлилар, ҳам саводсизлар ўртасида бирдек тарқалишига олиб келади. Муаллиф иқтисодий инқироз бошланиши билан «ҳукмдорлар кам ижодкорлик кўрсата бошладилар, бунинг ўрнига чидамлиликка эмас, шафқатсиз репрессияларга мойил бўладилар», деб ёзади муаллиф. У тасаввуфнинг Сўфи Оллоёр, ижодида Марказий Осиёнинг изтиробли йиллари кайфияти сезилган Насафий, Бедил, Машраб сингари бошқа машҳур шоирларнинг ижодига қандай таъсир кўрсатганини батафсил баён қилади.
Дипломатия
Оллворт бу ерда ўзбеклар ва темурийлар ўртасидаги дипломатик муносабатлардан тортиб, Россиянинг минтақани босиб олгунгача бўлган даврида у билан бўлган муносабатларигача бўлган дипломатия тарихи ҳақида ёзади. Дипломатия Марказий Осиёда мустақиллик рамзи бўлган. У ҳукмдорнинг мустақил мавқега эга эканини кўрсатган. «Марказий Осиёдаги аксарият дипломатик топшириқлар, агарда ҳарбий таҳдид остида қолган бўлмасалар, асосан, савдо билан шуғулланганлар», деб ёзади муаллиф. Баъзан дипломатия мусулмонларнинг муқаддас жойларга зиёрат қилишини таъминлаш учун белгиланган.
Оллвортнинг қайд этишича, бошида ўзбекларнинг тўсатдан Марказий Осиёнинг мураккаб цивилизацияли ва иқтисодий тармоғи учун масъул бўлган кўчманчилар сифатида дипломат бўлиши қийин бўлган. Бунга Шоҳ Исмоил Сафавий ва Шайбонийхон ўртасидаги дипломатик алоқаларни мисол қилиб келтиради. Унда Шайбонийларнинг мактуби Исмоилнинг отаси ва хотини хотирасини ҳақорат қилади ва шоҳни «эрон камбағали» деб атайди. Биз биламизки, шоҳ Исмоилга қарши 1510 йилда бошланган «муқаддас» уруш Шайбонийхоннинг муваффақиятсизликка учраши билан якун топади. Афтидан Оллворт агар улар ҳамкорлик қилишганида, тарих бошқача бўлган бўлармиди, деб афсусланиб ёзади.
Россия давлати билан муносабатлар
Англиялик савдо вакили Энтони Женкинсон ва Рус шоҳидан бошлаб Абдуллахон саройи Россия билан алоқа қилиб турган. 16-асрнинг иккинчи ярмида Россияда Марказий Осиёнинг 14 та элчихонаси бўлган.
Шундай бўлса-да, муносабатлар бир текис бўлмаган, деб ёзади Оллворт. Суннийлар Эрон билан бўлган кураш туфайли хавф-хатарсиз Форсни кесиб ўтолмаганлар, руслар эса, 1556 йилда Астрахан хонлигини қўлга оладилар ва бу вазиятни янада оғирлаштиради. Муаллифнинг ёзишича, Абдуллахоннинг «ўз диндорларига форс ҳудуди орқали Маккага боришлари учун шароит яратиб бериши ёки Россиянинг шимолда Қора денгиз орқали ва усмонлилар йўналишлари бўйлаб Арабистонгача бўлган Каспий ўтиш жойини назорат қилишига эътироз билдиришга кучи қолмаганди». Умуман, Оллворт «Россиянинг хатти-ҳаракатлари, дипломатияси ва мактубларида марказий осиёликларни менсимаслик ифодаланганини» бир неча бор ёзади. Масалан, шоҳнинг дипломатик хатларида форс шоҳи «оға, аъло ҳазратлар ва буюк шоҳ» деб аталган бир пайтда, марказий осиёлик хонлар «губернаторлар, қироллар ва назоратчилар деб аталган».
Сўнгра ушбу бобда дипломатия, жумладан, Хива хони Ёдгор Хоннинг чопари Ашур Бий билан бўлган машъум эпизод баён қилинади. Дипломат 1714 йилда Россия подшосининг Амударёда олтин борми, деган саволини хушмуомалалик билан тасдиқлайди. Оллвортнинг ёзишича, чопар Хива Амударё оқимининг ўзгариши ва унинг қуриган қадимий Ўзбай канали ва Каспий денгизи орқали ўтишига қаршилик қилмайди, деб ўйлаган. Россия учун бу йўл Марказий Осиё ва Ҳиндистонда бойлик қидириб, Каспий денгизидан Хива ва унинг ташқарисида жанубгача бўлган ерларда денгиз йўлини очиш орзуси бўлган, деб ёзади муаллиф. Оллвортнинг қайд этишича, Ашур Бий олтин кўплиги ҳақида келишиб олгач, шарқ халқларига хос кўнгилчан деган тасаввур қолдиради. «Бунда у россияликларга кўп олтин ҳақида орзу қилишларига имкон яратиб, ўз ватани ва хива-рус муносабатлари учун фойдасидан кўра зиёни тегишини кўрсатади, келгусида русларни итоаткор хиваликлар жойлашган Хивани осонгина қўлга олиш кутарди», деб қўшимча қилади у.
Маълумки, олдинги Хива экспедициялари муваффақиятсиз бўлган, бироқ Бухоро ва Хиванинг минераллари, шаҳарлари ва заиф томонлари ҳақидаги маълумотлар дипломатлар, жумладан, италиялик Флорио Беневени томонидан Россияга юборилиб туради. Ички ихтилофлар ва Эрон билан бўлган адоват (жумладан, Хива хони Элбарснинг Эрон Нодир шоҳига бўлган нодипломатик ҳаракатлари – Шайбонийхон хатосининг такрорланиши) хонликнинг заифлашувига олиб келди. Ўзбек хонликлари гарчи Россиядан қўрқишса-да, у билан яқин алоқада бўлишда давом этганлар, деб ёзади Оллворт.
Минтақа жанговар Эрон, форс таъсиридаги Афғонистон ва шарқда кўчманчи қозоқлар қуршовида қолади. Оллворт самарасиз раҳбарлик обрў ва ҳокимиятни пасайтирди, ҳудудларни қисқартирди ҳамда манманликни кучайтирди, деб қўшимча қилади. Муаллиф бобни якунлар экан, «Ўн саккизинчи асрда Марказий Осиё парчаланаётган ислом жамиятлари ва институтлари билан ўзининг ўртадан паст обрўини норма деб қабул қилади. 1730-йилга келиб эса, минтақа ўзининг шонли ўтмиши билан овуниб яшай бошлади», деб ёзади.
[1] Жунгарлар бир неча қишлоқ ва шаҳарларни талон-торож қилганларидан сўнг сулҳ тузиб, хоннинг уч ёшли набирасини асирга оладилар. Жунгарлар уни ўн ёшгача ўзларида сақлайдилар. Бироқ чўлларда хон ҳокимлиги кучсиз бўлгани боис, у озод этилганидан сўнг, уни ўзбек-қозоқ қабилалари ўғирлаб кетишади ва фақат қариндошининг ёрдами уни тўнғич акаси Шоҳбахт (Муҳаммад Шайбоний)нинг ёнига қайтишига ёрдам беради.
2 Шайбонийхоннинг болаликдаги исми