Муаллиф: Қодирбек Атамбоев, Август 17, 2017
«…Меҳнат муҳожирлари ва потенциал террорчиларчиларнинг, нари борса, палов, ўрик ва “Гулчатой, юзингни оч”нинг ватани – буларнинг барчаси, европаликларнинг Марказий Осиё ҳақидаги тасаввурларини қайсидир маънода умумлаштиради, деб ёзади китобнинг илмий муҳаррири ва таржимони Артём Космарский. Марказий Осиё ва Кавказ бўйича тадқиқотлар институти президенти, Джон Хопкинс Университети ҳузуридаги Пол Нитц халқаро тадқиқотлар мактаби ўқитувчиси Стивен Фредерик Старрнинг китоби Марказий Осиё минтақаси тарихи ва меросига оид мазкур қолипларни ўзгартиришга ундайди.
Стивен Фредерик Старр ўз интилувчанлиги, изанувчанлиги ва заковати туфайли Марказий Осиё Маърифатининг асл ҳақиқати ва гўзаллигини тўла очиб бера олган атоқли тадқиқотчилар тоифасидандир. Олимнинг, ушбу ҳудуд зиддиятларни мулоҳаза қилиши ва синчковлик билан амалга оширилган таҳлиллари ўша даврнинг мантиқий жараёнини берибгина қолмай, “Осиёнинг ўзагидан” аста-секин унинг чекка ҳудудга айланишига таъсир қилган барча сабабларни англашга ҳам ёрдам беради.
Энг асосийси, ўқувчилар китобда баён этилган аскарият воқеалар ва шахслар – Ибн Сино, Умар Хайём, Ал-Форобий ва Ал Берунийларни танишади ёки улар ҳақида эшитганлар. Бироқ, Старрнинг китоби уларнинг узуқ-юлуқ таржимаи ҳолини бир бутун қилиб жамлайди ва Марказий Осий Маърифатининг буюк оламига шўнғиш имконини беради. Муаллиф 8-дан 12 асргача бўлган даврдаги “цивилизация чорраҳаси”да илм-фан ва маданият ривожининг асосий лаҳзаларини синчковлик ила кузатади.
Дунё Маркази
«Location, location, and location», – дейди Старр, Марказий Осиёнинг Олтин Асри сабабларини аниқлаганда. Марказий Осиёнинг 15-16-асрга денгиз орқали қатнов давригача бўлган географик жойлашуви мазкур минтақани Евроосиёнинг кўплаб муҳим экспорт йўллари марказига, ўзига хос Дунё Марказига айлантирди. Шарқда Хитой, жанубида Ҳиндистон, жануби-ғарбда Араб Ярим ороли, ғарбда Усмонлилар Империяси ва ғарбда Европа – айнан Осиё Маркази ўша пайтда ҳар хил коммуникациялар тугуни ва маркази сифатида саҳнага чиқади.
Ўрта асрларда 226 килограммгача юк таший оладиган маҳаллий икки ўркачли туя асосий логистика воситаси бўлиб хизмат қилган. Туялар карвони Ипак Йўлининг “юк поездлари” бўлган. Араб “нортуяси” эмас, айнан маҳаллий икки ўркачли туя савдо-сотиқда асосий транспорт воситаси ҳисобланган. Ипак йўли карвонларини араблар ҳам, хитойликлар ҳам тўлдирмаганлар, аксинча, асосий савдогарлар асли Марказий Осиёлик бўлишган, дейди муаллиф. Эҳтимол, Ҳиндистонга денгиз йўлини очган Васко Да Гама денгиз йўлларининг ривожланиши Марказий Осиёнинг савдо маркази сифатида заифлашувига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Тадқиқотчилар Европа, Яқин Шарқ ёки Жануби-Шарқий Осиёни ўрта аср “Дунё Маркази” деб кўрсатган бўлсалар, Старр айнан Марказий Осиёни бу рольга муносиб деб билади.
Муаллифнинг қайд этишича, Марказий Осиё “денгиз савдо йуллари” кашф этилгунга қадар Евроосиёнинг маркази бўлган. Маҳмуд Қошғарий Боласоғун ва Иссиқ кўлни сайёра маркази деб кўрсатганида, бутунлай Марказий Осиёнинг ролини тасвирлаган эди. Манба: Google Maps.
Шаҳарлар мамлакати
Милоддан аввалги 1-асрда яшаган юнон географи Страбон араблар истилосига қадар бу минтақани “минглаб шаҳарлар маскани” деб ёзган эди. Марказий Осиё шаҳарларнинг катталиги Яқин Шарқ аҳолисини ҳайратга солган. Масалан, Афғонистон шимолида жойлашган қадимий шаҳар бўлмиш Балхдаги Бала-Хисар қўрғони Троя умумий майдонидан 10 баравар, Туркиянинг қадимий Приенна шаҳрининг бутун пастки қисмидан икки баравар катта бўлган.
Туркманистонда жойлашган қадимий Марв шаҳри 12- асрда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрини ортда қолдирган ҳолда, дунёдаги энг улкан шаҳар ҳисобланган. Тертиус Чандлер ўзининг “Шаҳарлар ривожининг тўрт минг йили” номли тадқиқотида, 1150-йилда Марв шаҳри 200 000 аҳолиси билан дунёнинг энг йирик шаҳри бўлгани ҳақида ёзган.
11-асрда Марвнинг рақиби бўлмиш (Шимолий Эрондаги) Нишопур шаҳрини Лондон билан таққослаб кўринга! Ўша пайтда Нишопур аҳолиси 200 000 дан 500 000 гача бўлган бир пайтда, Лондон аҳолиси сони 10 000 нафар кишини ташкил этган. Джордж Керзон Систан ҳудуди (Шарқий Эрон)дан ўтаётиб, дунёнинг ҳеч бир ерида бу қадар кўп сонли харобалар бўлмаган, деб ёзади. Афсуски, шаҳарлар қурилишида ишлатилган қум вақт таъсирига шунчалик тез берилганидан, илгариги меъморчилик меросининг муштдеккина қисмигина асрлар оша бизгача етиб келган, холос, Марказий Осиё шаҳарлари дастлабки ҳолатидагидек сақланганида эди, улар Венеция билан тўла рақобатлаша олган бўлардилар, деб ёзади Старр.
Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги Ай-Ханум шаҳри Александр Македонский қўшинининг авлодлари томонидан барпо этилган, деб ҳикоя қилади Старр. Бу бозор майдони, 6000 нафар томошабинга мўлжалланган театр, Зевс ибодатхонаси, гимназия ва атрофи 108 та устун билан ўралган улкан саройга эга ҳақиқий юнон полиси эди. “Худди ўрта асрларда Европада лотин тили каби, Марказий Осиёда ҳам юнон тили 200 йил давомида миллатлараро мулоқот тили бўлган”, – деб ёзади Ўзбекистонлик Эдвард Ртвеладзе.
Суғориш усталари
Марказий Осиё ўрта аср шаҳарларининг сув таъминоти тизими яна бир мўъжизанинг ўзи – Марв шаҳрида гидравлика тизимининг ишлашини таъминлаш учун 12 000 нафар киши, ушбу тизимга қараб туриш учун 300 нафар сувга шўнғувчилар меҳнат қилган. Шаҳарлар дамбалар, сопол ер ости қувурлари, клапанлар, ёмғир сувларини йиғиш ва тозалаш марказлари каби мураккаб ҳамда техник жиҳатдан аъло даражадаги сув таъминоти тизимларига эга бўлган. 1920 йилда Совет муҳандиси Марказий Осиёда мавжуд бўлган минглаб қадимий сув кўтаргичлар (чиғириқ ёки чарх) замонавий суғориш тизими даражасигача кўтарила олган, бироқ, улар 30-50% кам сув талаб этганини аниқлаган. Синьцзяндаги сувни сақлаш бўйича энг мукаммал кегриз тизимлари, ерости каналлари ҳанузгача замонавий тадқиқотчиларни ҳайратга солиб келмоқда. Ҳайрон қоларли жиҳати шундаки, минг йиллар ўтса ҳамки, айрим жойлардаги ирригацион тизимлар ана шу қадимий тизимлар билан тенглаша олмайдилар. Масалан, бурама михлар, сув тортувчи босим насослар, тирсакли валлар каби технологик янгиликлар Хитойга айнан Марказий Осиё ва унинг бой «гидравлика цивилизацияси» дан кириб келган.
Оламшумул экспортчилар
“Марказий Осиё савдогарлари ипакни ўзларида ишлаб чиқариш афзаллигини 10-асрдаёқ билганлар. Марв шойи ишлаб чиқариш ва уни Ғарбга етказиб берувчи ягона йирик марказ бўлган. Шу жумладан ипакчилик саноатини таъминлаб турувчи ўз тармоқларига эга бўлган.”
Айни пайтда, Марказий Осиё оддий транзит маркази деган фикр ҳақиқатга тўғри келмайди. Минтақа турфа хилдаги товарларни экспорт қилувчи ҳалкаро марказ бўлган. Афғонистон уни Миср фиръавнлари давридан машҳур қилган ложуварди туфайли Шарқ ва Ғарбда ҳашаматли буюмларнинг асосий манбаси саналган.
Хотандан жадеит (қимматбаҳо тош), Бадахшондан зумрад тошлар, Ўзбекистондан олтин Шарқ ва Ғарбга олиб кетилган. Сомонийлар даврида юқори сифатли қалай, қўрғошин, мис ва қимматбаҳо металлар қазиб олинган. Савдо бозорларидан ҳақиқий Хитой кулолчилик буюмларини сиқиб чиқарган Ниса (Туркманистон)нинг қалбаки хитой кулолчилиги билан боғлиқ тарих ҳам қизиқарлидир.
Металлга ишлов берадиган техника – тигелли пўлат ишлаб чиқариш технологияси биринчи бўлиб Акшикент, Поп, Марвда пайдо бўлган, кейин Дамашққа, сўнгра эса, ғарбга етиб борган. Юнон тарихчиси Плутарх томонидан 1-асрда шу қадар мақталган тобланган пўлат ишлаб чиқариладиган ҳақиқий саноат кварталлари бўлган. Яҳудий ҳунармандлари Мисрдан Марвга шишадамгарлик технологияларини олиб келганлар. 4-аср охирига келиб эса, Балхдан Хитойга шиша буюмларини экспорт қила бошлаганлар. Шишасозлик Афросиёб (Самарқанд), Шош (Тошкент) ва Фарғона водийсида йирик минтақавий тармоққа айланган. Атторлик молларидан тортиб, дори-воситаларигача, тайёр заргарлик буюмлари, тоза металлар, турли кундалик моллари, кулолчилик, шиша буюмлари, қоғоз ва китоблар, шойи, тўқимачилик буюмлари, мебель, тиббиёт анжомлари – буларнинг бари Улкан Марказий Осиёдан экспорт қилинган. Ёрқин пахта матолари (тираз) бутун савдо йўлида жуда машҳур бўлган. Шунингдек, Марказий Осиё аҳолиси дунёда биринчи бўлиб, нон ёпиш учун ғалла экишни бошлаганлар. Отларни хонакилаштириш, қаттиқ эгар ва узангининг ихтиро қилиниши ҳам Марказий Осиёнинг ютуқларидан саналади.
Европада қоғоз ишлаб чиқариш 13-срда йўлга қўйилган бир пайтда, Турфан (Синьцзян), Хотан (Синьцзян) ва Дуньхуан (Ганьсу) сингари шаҳарларда 3-асрдаёқ қоғоз ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари Хитой қоғози эмас, айнан Самарқанд қоғози бир неча асрлар давомида дунё сифати стандартини белгилаб келган. Хитойнинг тут ва бамбук толасидан тайёрланган қоғози сифати жиҳатидан Афросиёбнинг узун пахта толали қоғози билан тенглаша олмаган. Старр Блумга асосланиб, Ипак йўли ўзга маънода “Қоғоз йўли” бўлган ва айнан Марказий Осиёда бошланган, деб кўрсатади. 14-асрда Шарқий Туркистон (Синьцзян) нинг уйғур шаҳарларида нақшли ва ҳарф териш ноширлиги усулларида диний матнлар чоп этилган.
Қизиғи шундаки, қадимги рим динори ўрнига келган сомонийлар динори халқаро савдода энг кенг тарқалган тангалардан бўлган. Болтиқ мамлакатларида олиб борилган қазишмалар шуни кўрсатдики, ўша даврнинг жиноят олами элитаси- скандинавия викинглари ўмарган бойликларини 97% и соф олтиндан иборат бўлган сомонийлар динорига ўтказишга ҳаракат қилганлар. Бутун Болтиқ минтақасида айланган пулларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ислом оламининг асосий ҳунармандчилик марказлари бўлган Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Балх, Ҳирот (Афғонистон), Нишопур (Шимолий Эрон), Марв (Туркманистон) зарбхоналаридаги тангалар бўлган.
Саводхонлик маркази
“Самарқанднинг барча аҳолиси келгусида савдогар бўлиш учун тарбияланган. 5 ёшга тўлган ўғил болани ўқишга, сўнгра эса, иш юритишга ўргатишган.”
Дунёнинг энг илғор минтақаларидан бири бўлган Марказий Осиё жаҳондаги энг ўқимишли ҳудуд унвонига бемалол даъво қила оладиган саводхонлик маркази ҳисобланган. “Самарқанднинг барча аҳолиси келгусида савдогар бўлиш учун тарбияланган. 5 ёшга тўлган ўғил болани ўқишга, сўнгра эса, иш юритишга ўргатишган”, – деб ёзади Хитой солномачилари. Йигитлар 20 ёшгача савдо ишига аралаштирилмаганлар, бу пайтгача улар ўқиш билан банд бўлганлар. Милоддан аввалги 3-асрга тааллуқли хизматкорларнинг хатлари бизгача яхши сақланиб қолган – ҳамма саводхон бўлган, саводхонлик жамиятнинг барча табақаларига тарқалган, деб ёзади Старр. Афсуски, Марказий Осиёда саводхонлик ислом давригача бўлган пайтда анча кенг тарқалган. Бартольднинг ёзишича, 9-асрда шарқий Эрондаги Тоҳирийлар сулоласи даврида камбағал деҳқон болалари ўқиш учун шаҳарларга юборилган. Араб географи Ёқут Ал-Хамавий (1179-1229) Марвдаги 12 та кутубхонада ўзининг уч йил вақтини ўтказган. Ушбу кутубхоналарнинг ҳар бирида 12 000 та китоб сақланган. Ўз навбатида, Марказий Осиё шаҳарлари ўзларининг китоб кварталлари билан ҳам машҳур бўлганлар. У ерда Аристотель ва Платоннинг китобларини ҳам топиш мумкин бўлган. 1090-йилда 3000 нафар талабаси бўлган Нишопурдаги Низомий мадрасаси ўша даврдаги дунёнинг энг йирик таълим маркази бўлган. 15-асрда Улуғбек 10 000 нафар талаба ва 12 та муассасага ёрдам қўлини чўзган, талабаларнинг 500 нафари математикага ихтисослашган таълимга эга бўлган. Улуғбек ўзининг ўқув масканлари эшикларига Пайғамбарнинг “Илм эгаллашга интилиш – ҳар бир мусулмоннинг фарзидир (бурчидир)”- деган ҳикматли гапини ўйиб ёздирган.
Буддизм ва маданий алмашинувнинг тарқалиши
Марказий Осиё дунёвий динлардан бири – буддизм биринчи бўлиб ёйилган минтақадир. Минг йиллар илгари буддизмнинг энг асосий маркази айнан Марказий Осиёда жойлашган. Ўзбекистондаги Бухоро шаҳри номининг келиб чиқишига оид тахминлардан бири «вихара» сўзи бўлиб, бу қадимги ҳинд адабий тилида будда монастири деган маънони англатади. Ярим яланғоч ҳинд зоҳиди бўлмиш будда образи ҳирпираган кийим кийган эллинлар донишмандига айланади – Афғонистонлик Терракота Буддаси бутун Шарқий Осиё учун Будда образи намунаси бўлади. Марказий Осиё ҳовончалари ва тангаларидаги Будда образи Хитой, Корея ва Японияга тарқалади. Бутун Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб собиқ ибодат қолдиқларини топиш мумкин. Фақат Қирғизистон шимолининг ўзидадагина тўртта монахлар мажмуаси ва учта ибодатхона бўлган. Совет олими Борис Литвинский будда матнларини хитой тилига таржима қилувчиларнинг олти нафари ҳиндулар, олти нафари хитойликлар ва 16 (!) нафари Марказий Осиёликлар бўлганини айтиб ўтган. Будданинг, мазкур дин издошлари буддизмни ўз она тилларида ўрганишлари лозим, деган сўзлари таржималарнинг кенг тарқалишига хизмат қилган.
Шахматнинг дунёга тарқалишига таъсир кўрсатган инсон Вузург-Мизра (531-578)ни ҳам яхши таниймиз. У Эронга ташриф буюрган ҳинд ҳукмдорини ютган ва жавоб тариқасидаги совға сифатида нардаларни ўйлаб топган. Илк шахмат таҳлилчиси Ассули 4 юз йилдан сўнг шахмат бўйича дастлабки мумтоз таҳлилни тузади. Чингизхон авлодлари ҳам янги империяда билим алмашиш бўйича кўп иш қилганлар. Несториан-шифокорлари хитойлик ҳамкасбларни Ибн Синонинг “Қонунлари” билан таништирганлар. Хубилай буйруғига кўра “Тиб қонунлари” хитой тилига таржима қилинган. Бухоролик Жамол-ад-Дин Пекинда ислом астрономия институтига асос солган ва хитойлик олимларни Беруний, Умар Хайём устурлоби ҳамда шарсимон глобус билан таништирган.
Жамол-ад Дин Юань империяси тадиқотларига бағишланган 755 жилдли китоб ёзган, бироқ афсуски, бизгача унинг фақат кириш қисмига етиб келган холос. 1360 йилда астрономияга оид китоблар, Евклид ва Птолемейнинг асарлари ҳамда Ал Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарини юнон ва араб тилларидан хитой тилларига ўгириш учун Афғонистоннинг Кундуз шаҳридан таржимонлар ёлланган.
Одатда араблар Марказий Осиёнинг буюк маърифатпарварлари деб тан олинадилар, бироқ, араб халқлари маданиятини айнан Марказий Осиё аҳолиси бойитган. Кўп сонли турк қўшинлари халифа ҳокимиятига Омейядлар ўрнига Аббосийлар сулоласини олиб келганлар. “Халифалик даврида Марказий Осиё аҳолиси интеллектуал билимда ҳам, ҳарбий ва савдо-молия соҳалари бўйича ҳам устунлик қилганлар”, – деб қайд этади Старр, биз араб деб ҳисоблайдиган кўпгина олимлар эса, аслида араб тилида ёзганлар холос. “Хуросон астрономия ва математика билимларини Боғдодга элтган йўл бўлган”, – деб ёзади Лейси О’Лири. Арабларнинг Маърифатпарварлик даври Марказий Осиё меросидан бошланган.
Архитекторлар
Марказий Осиё архитекторлари ҳам алоҳида эслатиб ўтилади. Бухоронинг Калон минорасидаги нақшлар ўрта аср Италия сайёҳини шу қадар ҳайратга солганки, бу нақшлар Венециядаги Дожей Саройининг ғишт деворида ҳам қайта тасвирланади.
Икки қаватли гумбаз концепцияси Марказий Осиёда Салжуқийлар сулолсаси ҳукмронлиги даврида пайдо бўлган. Жанубий Тожикистоннинг 11-асрга оид Абулфазл мақбараси ана шундай гумбазнинг (Қадимги Римдан ташқаридаги) кўҳна намуналаридан бўлган. Марказий Осиёнинг якка ҳукмдори бўлган салжуқий султон Санжарнинг баландлиги 40 метр бўлган мақбараси икки қаватли гумбазнинг Эрон ва Кавказ, сўнгра Анталия ва Ўрта ер денгизига тарқалишига сабаб бўлган ҳолда, дунё меъморчилигига таъсир кўрсатди. 1367 йилда Флоренция ҳукумати ўз черковига қадимги Рим Капитолийси образида икки қаватли гумбаз қуришга қарор қиладилар, бироқ “икки қаватли гумбаз”нинг йўқотилган рим техникаси Марказий Осиёдан келган эди. Санкт-Петербургдаги Исаакиевский Собори ҳам ўз навбатида, Флоренция Собори меъморчилигига асосланган. 1866 йилда Қўшма Штатлардаги Капитолий қурилишида Исаакиевский Собори асос қилиб олинган. “Шундай қилиб, ғарб меъморчилигининг учта энг нодир асари Марказий Осиёдаги Санжар мақбарасининг “бевосита авлодлари” саналади”, – деб қайд этади Старр.
Деҳлидаги Бобурнинг ўғли Ҳумоюн мақбараси бутун ҳинд монументал меъморчилигининг намунасига айланди. Марказий Осиё архитектурасининг ҳинд меъморчилигига кўрсатган таъсири шунда кўринадики, Аградаги Тож-Маҳал, Амир Темур мақбараси ва Улуғбек мақбараси ғоят ўхшашдир. Ислом олами пойтахти – Боғдод шаҳри ҳам Афғонистоннинг Балх шаҳрида туғилган Бармоқ бой оиласидан чиққан, асли Марвлик Холид режаси асосида бунёд этилган. Шунингдек, Боғдоддаги Бош кўча ва квартал ҳам Марв деб номланади, Марказий Осиё пойтахти – Эрк Қалъанинг 24 метр деворли қўрғони эса, Боғдод султони ал-Мансурни ҳайратда қолдирган ва Боғдод қурилишида тимсол бўлган бўлса, ажаб эмас.
Тиббиёт
Замонавий Европа тиббиёти айнан қадимги юнон ва Марказий Осиё тиббиёт мактабига асосланади. Ушбу минтақада Хитой ва Ҳиндистондан таклиф этилган истеъдодли офтальмолог ва жарроҳлар бўлган. Марказий Осиёнинг буюк олимларидан бўлган Ибн Сино 12-асрдан 17-асрга қадар Шарқ ва Ғарбда асосий дарслик ҳисобланган “Тиб қонунлари”нинг муаллифи бўлган.
Ибн Сино “Тиб қонунлари”да сувни ифлослайдиган ва касалликларни тарқатувчи майда моддалар мавжудлигини тахмин қилади. У чечак касаллигини, ўлат ва вабо касалликлари ўртасидаги фарқни, мохов ва бошқа кўплаб касалликларни аниқ тавсифлаб беради. Авиценнанинг (ғарбда Ибн Сино шундай деб аталади) “Тиб қонунлари” 600 йил давомида Европанинг энг нуфузли университетларида тенги йўқ манба сифатида қўлланилган.
Марказий Осиё олимларининг тиббиёт ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Масалан, Ар-Розийнинг 30 жилддан иборат “Тиббиётга оид кенг қамровли” асарини олайлик. (ғарбда Разес номи билан машҳур бўлган) Ар-Розийнинг чечак ва қизамиқ касалликларига оид изланишлари фақат Европанинг ўзида 1475 йиллардан 1866 йилларгача камида 40 марта нашр этилган. Марказий Осиёда фармацевтика ҳам жуда тараққий этган. Шаҳарларда бўлган тиббиёт дўконлари ҳам бунинг яққол далилидир. Ал-Берунийнинг “Тиббиётда фармакогнозия” (“Доривор ўсимликлар ҳақида”ги) китобида қарийб 900 га яқин турли хил ўсимликлар, уларнинг қисмлари, аниқ белгилари ва тавсифи берилган. Ал-Беруний истеъдодли энцеклопедиячи сифатида ўсимликларнинг 4500 та белгиларини араб, юнон, ҳинд, сирия, турк ва форс тилларида тўплаган.
Буюк олимлар
Ғарбда Гебер (721-815) номи билан машҳур бўлган Жобир асли (Абу Мусо Жобир ибн Хайян) араб бўлган бўлсада, қадимий Хуросоннинг Тус шаҳрида туғилиб вояга етган. “Кимё фани отаси” ва илм-фанда тажриба-лаборатория услуби асосчиси бўлган Жобир сув ўтказмайдиган қоғоз, зангламайдиган пўлатни ҳамда қотишманинг кристалланишини тозалашнинг самарали усулини ихтиро қилган. Гебернинг Европада, масалан, 1529 йили Страсбургда нашр этилган китоблари жуда машҳур. Бироқ, ғарбда “Гербер номи остида” ёзилган 2500 та сохта китобларни мутоала қилиш янада мароқлидир. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, инглиз тилидаги gibberish сўзи Гебер номи билан боғлиқ бўлиб, у “сирлилик” маъносини билдиради ҳамда олим асарларининг ноаниқлиги билан боғланган.
Марвлик Хаббаш ал-Марвозий математика ва астрономия фани асосчиси бўлган, қуёш баландлигига қараб аниқ вақтни кўрсатувчи воситаларни яратиш учун тутилишдан фойдаланган. Шарсимон устурлоб, кўплаб астрономик жадвалларнинг кашф этилиши, ер айланасига оид ҳисоб-китоблар, сайёралар ва Ер ўртасидаги ҳамда уларнинг бир-бири ўртасидаги масофа – буларнинг бари марвлик астрономни қизиқтирган. Хаббаш замонавий тригонометрияга тангенс ва котангенсни киритган. Тошкентдан жануби-шарқ томонда жойлашган ҳудудда туғилиб ўсган Аҳмад Ал-Фарғоний “Астрономиянинг бошланиши” ишида Хаббашнинг меҳнатларига янги деталлар киритган. Аҳмад ал-Фарғоний, асарлари энг кўп ўқилган ислом астрономидир, ҳатто Христофор Колумбни ҳам унинг ўқувчилари сирасига киритишади. “Астрономиянинг бошланиши” китоби Дантенинг “Илоҳий комедия” ва “Пир” каби асарларида тилга олинади. Фом Аквинский, Данте, Кант ва Маймонид асарларида Ал-Форобийнинг таъсири катта бўлган. Марказий Осиё файласуфи Аристотель ва Платоннинг асарлари ҳақида йирик илмий асарлар ёзган. Турк (Тюркские, туркий)тадқиқотчилари бўлган Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Болосуғунлар турк халқларининг энциклопедистлари ва луғатшунослари бўлишган.
Марказий Осиёлик яна бир олим Ал-Хоразмий алгебрани тизимга солган ва мазмунан, унга бу номни берган. У алгебра стандартларини 500 йил илгарига ўрнатган ҳолда, квадрат тенгламаларни ечишнинг қулай услубини таклиф қилган. Сферик тригонометрия, ҳинд ўнталик тизимининг тарқалиши, “ноль” рақами, манфий соннинг қўлланилиши, деб ёзади бельгиялик ёзувчи Джордж Сартон, “Ал-Хоразмий “ўз даврининг буюк математиги ва барча даврлардаги буюк математикларидан бири бўлган”. Унинг китоби 16-асргача Европада математика фани бўйича асосий дарслик сифатида қўлланилган. Ал-Хоразмийнинг “Алгебра” китоби Марказий Осиё амалиётчилари учун ҳамда савдо ишларини юритиш ишларида, асосан “мол-мулкни мерос қилиш, бўлиш, суд даъволари ва савдо-сотиқ ҳамда ўзаро битимлар, ерларни чамалаш, каналлар ва турли хил объектларни қуриш, геометрик ҳисоблашлар” учун ёзилган бўлиб, бу минтақанинг бой иқтисодий ҳаётидан далолат беради. “Синд ва Ҳинд астрономия жадваллари” асари осмон жисмлари, Ой чиқиш вақтига оид юзлаб жадваллар, синус ва тангенсларнинг маъноларини ўз ичига олади. Дастурлашда қўлланиладиган “алгоритм” тушунчаси Ал-Хоразмий номидан олинган. Рим рақамлари ўрнига араб рақамларини ишлатиш учун курашган европалик математиклар “ал-хоразмий” шарафига ўзларини “алгоритмчилар” деб аташган.
“Грейферли экскаватор, шахта ваа қудуқлардаги ҳаво тозалагичлар, противогазлар (газниқоб), керосин лампага ўхшаш чироқлар, ўзини баланслаш чироғи – буларнинг барчасига Марказий Осиёнинг Да Винчилари бўлмиш ака-ука Бану Мусолар илмий тавсиф берганлар.”
Мусо (Бану Мусо)нинг ўғиллари Марказий Осиёнинг Да Винчилари унвонига бемалол даъво қила оладилар. Марвдан бўлган Муҳаммад (Абу Жафар), Аҳмад ва Ҳасан Ибн Мусолар геометрия, астрономия ва механика соҳалари бўйича иш олиб борганлар, эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг отаси кўчманчи, карвонлар қароқчиси бўлган. Аҳмад “Ажойиб ускуналар ҳақида китоб” асарини ёзган. Унда бир ва икки ёқлама пневматик каналлар, автоматлар ва бошқа кўплаб мураккаб ускуналарга илк бора илмий тавсиф берилади. Унинг буғ ёрдамида ҳаракатга келтириладиган механик флейтаси ҳам ҳудди бир-бирини алмаштириб турадираган цилиндрлардан фойдаланилган “сув органи” сингари биринчи дастурлаштирилган машина бўлган. Яна бир Марвлик олим Ал-Хазиний бўлиб, у ўзининг “Донишмандлик вазнлари китоби” да “вазн”, “масса”, “куч” тушунчаларининг дифференциалларини топади. Ал-Хазиний истеъдодли механик сифатида оддий нарсаларни ўлчайдиган, нисбий зичликни аниқлайдиган ва турли аралашмаларнинг таркибини ўрганадиган ўша пайтда дунёдаги энг аниқ бўлган асбобни яратган – замонавий тадқиқотлар ушбу асбобнинг аниқлиги 1:60 000 га тенг эканини кўрсатди.
Шунингдек, “Рубоийёт” асари муаллифи Умар Хайём ҳам буюк астроном ва математик бўлган. У қуёш йилини 11-чи ўнли белгисигача ҳисоблаб чиққан: 365, 24219858156. Умар Хайём ўз юлдузлар каталогини тузган, 18-аср тарихчиси Гиббон, унинг қуёш календари ҳақида ёзганда, уни “аниқлиги бўйича юлиан календаридан ўтади ва григориан календарига яқин”, деб атайди. У гипербола ва айлана ёрдамида геометрик ечимга эга учинчи даражали тенгламаларнинг умумий назариясини ишлаб чиққан. Умар Хайём бином (иккиҳад) назариясини ўйлаб топган ва барча учинчи даражали тенгламалар учун ечимлар ишлаб чиққан биринчи олим бўлган бўлса керак.
Марказий Осиёнинг буюк олимларидан бири, глобусни яратган буюк шахс, «Геодезия» асари муаллифи Ал-Берунийдир. У 1038 йилда “Минералогия” ёки “Қимматбаҳо тошларни аниқлаш учун маълумотлар китоби”ни ёзган. Унда кўплаб минералларнинг солиштирма оғирлиги белгиланган ҳамда элликдан ортиқ минераллар, рудалар, металлар, қотишмалар ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Ал-Берунийнинг “Ҳиндистон” асари Старрнинг фикрича, “жамиятшунослик чорраҳасида халқаро муносабатлар, илоҳиёт ва илм-фан тарихи назариясидаги энг буюк ютуқлардан биридир”. Ал-Беруний ушбу асарида Ҳиндистон хронологияси, дини, маиший ҳаёти ва маданияти билан бирга, ҳинд халқларининг илмий билимларини, Пи сонининг ҳинд услубидаги ҳисобигача баён қилган. Беруний ўзининг “Масъуд қонуни” номли нодир асари билан сферик геометрия ва сферик астрономияда улкан янгилик яратади. У ушбу асарда сайёрамизнинг минглаб географик координатларини киритган. Ал-Беруний қуруқлик ва денгиз нисбатлари ўлчами асосида, биринчи бўлиб, Янги Дунё (Америка)нинг мавжудлиги ҳақидаги тахминни илгари сурган.
Улуғбекнинг замондоши ва сафдоши бўлган Жамшид Ал-Қоший “Хорда (Эгри чизиқнинг икки нуқтасини туташтирувчи тўғри чизиқ) ва синус ҳақидаги асар”ида Пи сонини юнонлар ва хитойликлардан икки баравар аниқ ҳисоблаб берган ва учинчи даражали тенгламаларни ечишнинг янги усулини таклиф этган ҳолда, европа ҳисобидан 150 йилга ўзиб кетади. У ўз замонида 1-даражали градусни ўз пайтида жуда аниқ топган олимдир. Унинг Улуғбекнинг ажойиб расадхонасида олиб борган ишларига асосланган “Астрономик жадваллар тўплами” 300 саҳифадан иборат бўлиб, унда 992 та юлдузнинг аниқ жойлашувига оид ҳисоб-китоблар берилган. Оксфорд университетининг арабшунос олими Томас Хайд 1665 йилда Улуғбекнинг асарини инглиз тилига таржима қилади ва юлдуз каталогини нашр этади. Жамшид Ал-Қоший сайёралар жойлашувини ҳисоблайдиган калькуляторга ўхшаш бўлган ўзига хос асбоб – «планетарный экваториум» яратади.
Улуғбек илмий доирасининг таъсири айниқса, Усмонлилар империясида ўз аксини топган. Улуғбекнинг устози Қозизода Румий биринчи олим, Бухоролик Али Қушчи эса, Константинополда бир йилгина яшаганига қарамасдан, биринчи астроном деб эълон қилинган. Астрономия Усмонлилар империясида 1576-йилга қадар, Али Қушчи набирасининг ўқувчиси Тақиюддин Шомий султонни Улуғбек андазасига ўхшаш расадхона барпо этишга кўндирмагунига қадар ривожланмади.
Рационалистлар
“Мўътазилийлар ақлни ҳақиқат калити деб билганлар ҳамда Худо ёвузлик ва эзгуликдан бирини танлашда эркаклар ва аёлларни тенг қилиб яратган, шахс ўз тақдири учун ўзи жавобгардир деб ҳисоблаганлар.”
Мўътазила (араб тилидан олинган бўлиб, “ажралиб чиққанлар”деган маънони англатади) ислом оқими бўлиб, ўша пайтда ислом динининг ривожланишига хизмат қилган. Ушбу оқим Марказий Осиёликлар томонидан асос солинмаган бўлсада, “эркин ихтиёр” таълимотини тарғиб этган ҳолда, ушбу минтақа аҳолиси (зардуштийлар, буддистлар ва насронийлар) ўртасида жуда машҳур бўлган. Мўътазила таълимоти ўзида “эътиқоднинг энг минимал шакли”ни ифодалаган ҳолда, диннинг рационал ва мантиқан талқин этилишини талаб қилган. Мўтазила таълимоти қадимги юнон фалсафасига жуда ўхшаш бўлган, халифа Ал-Маъмун эса, бутун олам билимларининг халифалик мадрасаларида кенг тарқатишда айнан мўътазилийлардан фойдаланган.
Мўътазилийлар таълимоти ҳаттоки “ислом илмий атеизми”нинг ривожланишига ҳам олиб келди. Олим Аҳмад Ибн Ар-Равандий ва унинг “Илоҳий доноликнинг беҳудалиги” китоби бунга мисол бўла олади. Бу китобда муаллиф дунё динларининг бефойда экани ҳақида ёзади. Фалсафа, сиёсат, мусиқа ва грамматикага оид 114 та китоб муаллифи бўлган Ар-Равандий Афғонистоннинг шимолида туғилган. Исмоилийларнинг “Софлик биродарлари” жамияти илк исломий илмий жамоага мисол бўла олади. Ушбу жамият тарафдорлари “барчалари ягона томойил, ягона сабаб, ягона олам ва ягона руҳдан пайдо бўлганликларига ишонган ҳолда”, “ҳеч қайси илм-фанлардан бўйин товламаслик, ҳеч қандай китобдан нафратланмаслик ва ҳеч қандай эътиқодга ёпишмаслик”ка қасам ичадилар. Буюк аллома Ибн Синонинг акаси “Софлик биродарлари” жамоаси қаторида бўлган. Ибн Сино ўзининг “Шифокорлик илм-фанлари қонунлари”да май ичиш ҳақидаги исломий таъқиқларни эътиборга олмасдан, майнинг ижобий ва салбий таъсири ҳақида ёзади ва уни бутунлай таъқиқламасдан, меёърида ичишликка чақиради. Старрнинг ёзишича, Хуросон ҳур фикрлилик ва скептиклик маркази бўлган. Ал-Маъмун вафотидан сўнг, мўътазилийларнинг давомчиларини аста-секин диний ҳаётдан четлаштира бошлайдилар. Кейинроқ Ал-Ғаззолий “Фалсафага Раддия ” асари билан Аристотель ёки Платоннинг асарларини ўрганишга бўлган ҳар қандай ҳаракатларга “сафсаталар” тамғасини қўяди.
Инқироз
Умуман, нима учун Марказий Осиёга Саодатли аср кириб келди? Старрнинг фикрича, бунга бир қанча сабаблар бор: ҳудудда жадал ривожланган савдо ва илғор суғориладиган қишлоқ хўжалиги туфайли тўпланган минтақа бойлиги; ҳокимият ва бой оилаларнинг илм-фан, санъат, маданиятга ҳомийлик қилиши, умуман дин (Ислом динининг кириб келиши ва унинг ҳақиқийлигини англаш ва исботлашга бўлган интилиш), шунингдек диний плюрализм ҳамда динлар ва тиллар билан хилма-хил маданий алоқаларнинг бўлганидир.
Унда нима учун Маърифат асри тугади? Албатта, барча “саодатли асрлар”нинг ҳам ўз интиҳоси бор. Бироқ, Марказий Осиёнинг Саодат Асри минтақани сифат жиҳатдан янги ҳолатга олиб чиқмади, аксинча, ундан сўнг «жоҳиллик» ва интеллектуал инқирозли асрлар бошланди. Кўпчилик тадқиқотчилар Саодат Асрини Марказий Осиё илм-фан анъаналарини мерос қилиб олган бошқа мусулмон империялари – Ҳиндистонда Мўғуллар империяси, Эронда Сефевидлар ва Оттоманлар империяларида давом этди, деб ҳисоблашади. Старр бу фикрга ишончсизлик билан қарайди. У мазкур империяларда илм-фан ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан чегараланган, фалсафа эса, аллқачон ёзиб битилган асарларга шарҳлар келтиришдан иборат бўлган, деб қайд этади.
Джаред Даймонд ва унинг «Коллапс: нима учун баъзи жамиятлар яшаб қолади, айримлари эса, ўлади», деган китобига кўра, Маърифат Асрининг тугаши ҳам «асосли марксизм қарашлари» ҳам экологик сабабларга эга. Чингизхоннинг Хоразмга ҳужум қилиши албатта, минтақа иқтисодиёти ва экологиясини бузган. Бироқ, Старр мўғуллар босқинини минтақа интеллектуал инқирозининг ягона сабаби деб айблашга шошилмайди. Тўғри, мўғуллар катта талафотларни келтирган. Тарихда демографик, маданий, цивилизацияга оид мислиз йўқотишлар бўлгандир, эҳтимол. Балх, Нишопур, Тус, Гургандж, Ҳирот одам яшамайдиган саҳроларга айлантирилган. Мўғул босқинига қадар тахминан 700 000 киши аҳолиси бўлган Марвнинг ўзида аҳолининг 90% ўлдирилган. Фороб, Гургандж, Шош (Тошкент), Болосоғун (Токмок), Узген, Хўжант, Бамиан, Қобул ва Термиз шаҳарларнинг 75% дан 90% гача аҳолиси йўқ қилинган. Бухоро ва Самарқанд мўғуллар истилосидан 100 ўтганидан кейин ҳам харобалар ичида қолган. Марказий Осиёни ҳатто айрим ёзувчилар мақтаган мўғулларнинг “эркин савдо ҳудуди” га кирмаган ҳам, Европа ва Хитой ўртасидаги савдо-сотиқ ушбу минтақа орқали ўтган холос. Бироқ, Старр ирригацион тизимнинг вайрон этилиши ва усталарнинг қириб ташланишини мўғуллар босқинчилигининг энг жиддий талафотларидан деб ҳисоблайди. Бу тармоқдаги техник таъминот ва ушбу билим-кўникмага бўлган талабни йўқ қилди. Шу билан бирга, Марказий Осиё мўғул чавандозларининг Ўтрорни қамал қилишидан олдин интеллектуал таназзулга юз тута бошлаган эди, деб ёзади Старр.
Васко да Гама ва унинг Хитойга денгиз йўлини очиши Евроосиёнинг қуруқликдаги савдосининг синишига олиб келди, деган фикр иқтисодий детерминизмдан келиб чиққан. Бироқ, Марказий Осиёликларнинг ўзлари, денгиз йўли бўлган билан рақобатда ўз Ипак йўлларини ҳимоя қила олмаганлар – масалан, савдо йўлларининг хавфсизлигини таъминлай олмаганлар ёки бож тўловларини пасайтирмаганлар (аксинча, уларни кўтарганлар), деб ёзилади китобда. Савдонинг йўқолиши минтақанинг интеллектуал жиҳатдан яккаланиб қолиши, кўп асрлар давомида қашшоқлашиши ва қолоқ бўлиб қолишига олиб келди.
Старр Марказий Осиёда Саодат асри якунининг илдизларини мусулмон умматини шиалар ва суннийларга ажратган исломий бўлинишда, шавқатсиз ғоявий кураш ва диний ўзгаришда, деб билади. “Марказий Осиё бир неча асрлар давомида ёт тупроққа очиқ бўлиб, ундан дур ишлаб чиқара олгани минтақа маданиятининг мўъжизаси бўлган”, – Старр.
“Ақл йўли” “иймон йўли” билан алмашган, мутафаккир Ғаззолий жамиятни барча донишмандликлар аллақачон Қуръон ва ҳадисларда берилган ҳамда фалсафа ва илм-фан ҳеч қачон шариат қонунларининг ўрнини босолмайди, деб ишонтирган пайтда, мадрасалар исмоилийлар ва шиаларга қарши курашда илмий услуб ва фалсафани ўрганишни эмас, “диний тафаккур”ни тарқата бошлайдилар.
Айрим тарихчилар Ал-Ғаззолийни Муҳаммад пайғамбардан кейин энг обрўъли мусулмон деб аташади.
Салжуқийларнинг бош вазири Низом Ал-Мулк Ал-Ғаззолий идеаллари ислом олами учун умумий бўлиши учун бор саъй-ҳаракатини аямади ва Ал-Ғаззолийни энг йирик ислом таълим муассасаси Низомийнинг раҳбари этиб тайинлайди. “Шунинг учун уларнинг барчаларига адашган инсонлар томонидан ёзилган китобларни ўқишларига имкон даражасида йўл қўймаслик керак… Бу фалокатдан қочиш учун одамларни файласуфларнинг мунофиқликни келтириб чиқарадиган ҳамда хавфли китобларини мутоала қилишларидан тийиш лозим”, – деб ёзади Ал-Ғаззолий.
Ғаззолий ғояларининг тантана қилиши ва унинг фалсафа ва мантиқни инкор қилиши бора-бора маърифат руҳининг йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Оқибатда, ислом олами китоблардан “хавфсирай” бошлайди ва китоб ноширлиги бу ерга жуда кеч кириб келади – дастлабки китоб 1729-йилда Истамбулда Сефевийлар империяси даврида чоп этилади. Ҳатто 14-асрда Синьцзянда ибтидоий усулда китоб чоп этилган бўлсада, ноширлик диний матнлардан уёғига ўтмаган. Улуғбекнинг ўлимидан сўнг уламолар мадрасалардаги “бидъат деб қаралган” илмий бўлимларни тезда ёпиб ташлайдилар ва унинг расадхонасини шип-шийдон қилиб, вайрон этадилар. Юнонларнинг “ликей” (лицей) ларига жуда ўхшаб кетадиган ва илоҳиёт билан бирга илмий фанларни ўқитадиган мадрасалар Ал-Ғаззолийнинг 11-асрда асос солган анъаналарини давом эттирган ҳолда, фақат “диний тафаккур” билан чегараланиб қолган илоҳиёт институтларига айланади.
P.S.
Қуръоннинг илк босма нашрлари ислом оламида эмас, 1530-йилда Венецияда пайдо бўлган. Шу билан бирга, Қуръоннинг маҳаллий ҳокимият томонидан таъқиқланган 1542-йилдаги Базель нашрини Лютернинг ўзи ҳимоя қилган: “Исо шарафи йўлида, насронийларнинг саодати учун, туркларга зиён келтириш, шайтонни раанжитиш мақсадида ушбу китобни эркин тарқатинг ва уни таъқиқламанг…”, – деб ёзганди буюк немис ислоҳотчиси.
Стивен Фредерик Старр. Утраченное Просвещение. Золотой век Центральной Азии от арабского завоевания до времен Тамерлана. Издательство: Альпина Паблишер. 2017