«Ҳозирги ўзбек бадиий адабиётининг инглиз тилига қилинган нодир таржимасидаги хонлар, комиссарлар, жосуслар ва малика-шоиралар ҳақидаги жимжимадор асар”.
The Economist журнали машҳур ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг янги «Жинлар базми» (The Devils’ Dance) романини (бу унинг инглиз тилига таржима қилинган олтинчи романи) шундай тасвирлайди. Китоб даврлар ва қаҳрамонларни, наср ва назмни, замонавийлик ва мумтозликни бирлаштирадиган, жумбоқларга тўла маҳоратли сюжети учун адабий танқидчиларнинг ҳайратга тўла тақризларига мушарраф бўлди. Танқидчиларга кўра, роман мураккабликларига қарамасдан жуда осон ўқилади; у кучли аёлларни, нафис шеъриятни ва ғарб адабиётида танқис бўлган “космополит ва маданий жиҳатдан турфа ислом”ни қадрлайдиган адабий Марказий Осиёни ҳаётга даъват қилади.
Ҳамид Исмоилов – машҳур ўзбек ёзувчиси ва журналист.
Ҳ. Исмоилов Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилиб, ҳозир Буюк Британияда яшамоқдa. Исмоилов Би-би-сида катта иш тажрибасига эга. Бугунги кунда журналист Би-би-сининг Марказий Осиё хизматини бошқаради. Ёзувчи 2010 йилда BBC World Service қароргоҳида 4,5 йилга Writer-in-Residence бўлиб ҳам тайинланган. Унинг илк бор инглиз тилига таржима қилинган «Railway» (Темир йўл) романи 2006 йилда нашр этилган.
Муаллиф
Бу ўзбек ёзувчисининг инглиз тилига таржима қилинган бошқа романлари қаторида “A Poet and Bin-Laden,” “Underground,” “The Dead Lake,” («Шоир ва бен Ладен», «Ерости йўли», «Ўлик кўл») ва бошқалар. “The Devils’ Dance” – «Жинлар базми» романи инглиз тилида чоп этилган охирги китоб.
Охирги пайтларгача Ҳамид Исмоиловнинг Ўзбекистонга келишига тақиқ бор эди, шунинг учун ҳам кенг жамоатчилик унинг ижоди ҳақида кўп билмайди. 2016 йилда бироз силжиш юз берди – Ўзбекистоннинг «Академнашр» нашриёти Исмоиловнинг «Жинлар базми ёки катта ўйин» романини Ўзбекистонда чоп этди. Афсуски, 2017 йилнинг март ойида Ҳамид Исмоиловга Би-Би-Си делегацияси таркибида Ўзбекистонга киришга рухсат беришмади. Бу ёқимсиз ҳодисага қарамасдан, Ўзбекистон раҳбарияти ўз қарорини қайта кўриб чиқиб ва келгусида ёзувчининг Ўзбекистонга бемалол ташриф буюришига тўсқинлик қилмайди, деган умид бор.
Сизнинг романингиз нима ҳақида? Сиз бизга унинг мазмуни ҳақида қисқача айтиб бера оласизми? Китобингиздаги “жин” (иблис) ким?
1937 йилда машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий роман ёзишга қарор қилади. Унинг айтганидек, роман шу қадар гўзал бўладики, у чоп этилгандан кейин, халқ эъзозлайдиган “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чиққан чаён” романларини ўқимай қўядилар. Роман учта ўзбек хонига хотин бўлган канизак – ўзига хос ўзбек Троялик Еленаси ҳақида бўлиши керак эди. Қодирий ҳаммага хабар берганди: «Мен романни бу қишда ёзиб тугатаман – ҳамма тайёргарлик ишларини қилиб бўлдим, уни ёзиш қолди, холос. Ундан кейин одамлар менинг олдинги романларимни ўқимай қўйишади».
У асарни ёза бошлайди, аммо 1937 йил 31 декабрда Қодирий ҳибсга олинади. Барча қўлёзмалар мусодара этилади ва кейинчалик ёқиб юборилади. Романдан бирорта сўз ҳам сақланиб қолмаган. 1938 йил 4 октябрда Қодирий жаллодлар гуруҳи томонидан отиб ташланади. У Чўлпон, Фитрат ва бошқа кўплаб атоқли ўзбек маданияти арбоблари билан бирга ўлдирилади…
Менинг романим шу муайян даврга бағишланган; ҳибсга олинган ва қамоққа тиқилган ёзувчи, Қодирийнинг қамоқдаги ҳаёти ва ўз адабиётига мубтало бўлганлиги. Романимда айнан ана шу ёзилмаган, ёзувчининг тафаккурида ёйилиб борадиган асар ҳақида сўз боради. Қодирий бир кун “Мен ёзаётганимда, ҳеч нарса мени чалғита олмайди” деганди. Бундай лаҳзаларда у ўз ишининг жинниси, мубталоси бўлиб қоларди.
Роман қамоқхонада юз беради: ёзувчи билан қамоққа тиқилган одамлар нафақат романнинг иштирокчиларига, балки унинг ҳаммуаллифларига айланишади. Романда Соҳибжамол Еленага монанд аёл – Ойхон-пошшо иштирок этади. Ойхонни Қўқон хони Умархонга (у Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган, шоира Нодирбегимнинг эри бўлган) зўрлаб турмушга беришади. Кейин (Умархоннинг вафот этишидан сўнг) канизакни унинг ўғли Мадалихонга эрга беришади, алал-оқибат у Қўқонни босиб олган Бухоро амири Насруллохоннинг хотинига айланади. Ойхон-пошшонинг ҳаёти Қодирий адабиётининг умрини эслатади: иккалови ҳам гўзал ҳам алданган бўлиб қолишади.
Қайсидир маънода мен Қодирий ўйлаган романни охирига етказдим. Бироқ, менинг романим ёзувчига ва унинг ижодий жараёнига бағишланган. «Жинлар базми» – Қодирийнинг мўъжаз бир ҳикоясининг номи эди, мен уни Сталин даври қатағонлари замони ва ўзбек хонликлари даврини тасвирлаш учун қўлладим.
«Жинлар базми» – Қодирийнинг мўъжаз бир ҳикоясининг номи эди, мен уни Сталин даври қатағонлари замони ва ўзбек хонликлари даврини тасвирлаш учун қўлладим..
Сиз бизга асосий персонажлар, Ойхон-пошшо ҳақида кўпроқ айтиб беролacизми? У қанчалик тўқима образ? Ойхон қандай (ва нима учун) пайдо бўлди? Сизнинг романингиздаги бу аёл ҳам кучли ва, айни пайтда, ҳам кучсиздир. Ўша замондаги ва ҳозирги аёллар ҳақида шундай дейиш мумкинми?
Ойхон – романнинг аксарият қаҳрамонлари сингари тарихий бир персонаж. Уни яна учта хоннинг – Умархоннинг, унинг ўғли Мадалихоннинг ва Бухоро амири Насруллохоннинг – хотини сифатида Хон-пошшо деб билишади. “Мунтахаб-ут таворих” номли тарихий китоб бор (дарвоқе, Абдулла Қодирий бу китобни излаган, аммо уни топа олмаган), унда Ойхон ҳаёти ҳақида тафсилотлар мавжуд. Алал-оқибат, романда иккита персонаж – Абдулла Қодирий ва унинг қаҳрамони Ойхон ҳақида сўз боради. Иккаласи ҳам – ўзбек тарихи, маданияти ҳамда ҳаётининг гўзал ва фожеавий шахсларидир.
Китобдан иқтибос:
Ойхон, чиройини тасвирлаш мушкул бўлган қиз – сўзлар уни тасвирлашга ожиз, тиллар лол, қаламлар синиб кетади. Байтда айтилишича:
«Оразин кўргач кўзимдан тўкилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон ўлғач қуёш».
(инглизчадан таржима)
Романдаги аёллар мавзусига келсак – Исломда, Марказий Осиёда ва ўзбек оиласида аёлнинг мавқеи тўғрисида алдамчи тасаввур кенг тарқалган. Мен ўйлайманки, «Жинлар базми»да бу англашилмовчиликни ҳал этишга даъват этилгандир. Аёлнинг маданиятни, анъаналарни ва урф-одатларни асраш ва келгуси авлодга узатишдаги ўрни биринчи даражали аҳамиятга эгадир. Ҳаёт тарзи ва ҳаётнинг ўзи ҳақидаги барча нарсани биз момоларимиз, оналаримиз, холаларимиз, опаларимиздан оламиз. Бу мавқенининг моҳиятини очиб берадиган жуда кўп ўзбек мақол ва маталлари мавжуд: «Эркаклар жаҳонни бошқариши мумкин, аммо эркакларни аёллар бошқаради» ёки «Агар эркак бош бўлса, аёл бўйиндир, бўйин қаёққа бурилса, бош ўша ёнга қарайди». Абдулла Қодирий романларини ёки унинг дўсти – Чўлпоннинг асарларини ўқиб қўринг, сиз ўзбек оиласида ва оила орқали ўзбек жамиятида аёлнинг енгилмас ўрнини кўрасиз. «Жинлар базми» нафақат Ойхоннинг фожеасини кўрсатади, балки унинг ҳаёт ташвишларига қарши туришдаги ноинсоний матонатини ҳам намойиш қилади. Ўқувчи романнинг шоиралар Нодирабегим, Увайсий ва бошқа персонажларида ҳам шу каби сифатларни кўриши мумкин.
Романингиз турли дунёлар ва даврлар ҳақида ҳикоя қилади. Сизнингча, улар бугунги кунда қай тарзда акс этади?
«Жинлар базми» – ҳам тарих ҳақида, ҳам бугунги давр ҳақида романдир. Ўқувчи ўз атрофида, сиёсатда ва шахсий ҳаётида турли даражадаги “жинлар базми”нинг суронларини кўра олиши учун жуда бой тасаввур шарт эмас. Мен романдаги воқеалар ва бугун ёзувчилар ва ҳокимият ўртасида кечаётган ходисаларда ўхшашликларни осонгина топа олишим мумкин. Ҳатто бугун ҳам ёзувчилар қамоққа олиниш ёки ўз асари учун таъқиб қилиниш таҳликасига дуч келадилар, менинг мамлакатим ҳам бундан холи эмас. Мажбурий никоҳлар ва оиладаги зўравонликлар ҳам ҳозирча фақатгина тарихий ходиса бўлиб қолгани йўқ.
Менинг романимда инсон табиати, унинг парвозлари ва инқирозлари, инсон қалбида илоҳий ва шайтоний ҳисларнинг ўзаро ҳаракатланиши тўғрисида ва инсон табиатини ўзгартириш энг мушкул масала эканлиги ҳақида сўз боради. Романдаги даврий ҳатти-ҳаракатлар ва саҳналар турлича бўлиши мумкин, аммо инсон ҳаёти деб аталадиган чарх уриб айланаётган ўйин худди саксон йил ёки 180 йил аввал қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда.
Менинг романимда инсон табиати, унинг парвозлари ва инқирозлари, инсон қалбида илоҳий ва шайтоний ҳисларнинг ўзаро ҳаракатланиши тўғрисида ва инсон табиатини ўзгартириш энг мушкул масала эканлиги ҳақида сўз боради.
Қодирий, Фитрат ва Чўлпондан ҳайратланиш – доимийдир. Ҳозирги авлод бу шахсларни яхши биладими? Уларнинг тарихи бугунги Ўзбекистон ёшларига қимматли сабоқлар бера оладими? Агар бера олса, бу қандай сабоқлар бўларди?
Ёшлар мазкур шахсларни қанчалик билишларини мен билмайман, аммо мен одамлар жадидлар, яъни дин, маданият, таълим ва ҳатто яхлит анъанавий ҳаёти тарзимизнинг ислоҳотчилари билан қизиқишларини истардим. Сиз тилга олган шахслар амалда мазкур ислоҳотларнинг олдинги сафларида турганлар. Бугун мен ижтимоий тармоқлардаги мунозараларни ва ўзбек закийларининг, шулар қаторида ёшларнинг ақлини банд этган мушоҳадаларни кузатиб бораман. Катта афсус билан айтишим лозимки, мен уларнинг яна ўша эшикларни қайта чертаётганларини кўраман. Бу эшиклар аввал жадидлар томонидан аллақачон очилган эшиклардир. Улар жадидлар аллақачон ечган муаммолар билан тўқнашиб келмоқдалар ва жадидлар ўз вақтида енгиб ўтган тўсиқларга дуч келмоқдалар.
Биз, халқ бўлиб, ўзимизнинг ажойиб аждодларимиз билан фахрланишни севамиз, аммо биз уларнинг тажрибаларидан сабоқ чиқармаймиз ва бу дарсликлардан кам фойдаланамиз. Мен бор-йўғи кичик бир мисолни келтираман. Ўзбек тилининг табиатидан келиб чиққан ҳолда ўзбек шеърияти анъанавий тарзда сўзлар билан эмас, иборалар билан тамсил этилган. Чўлпон, эҳтимол, ўзбек шеъриятини сийқаси чиққан тайёр иборавий андозалар билан эмас, сўзлар билан ёза бошлаган биринчи ўзбек шоиридир. У ўзбек просодиясида (шеър тузилишига оид илмда) ҳайбатли истиқболларни ваъда қиладиган ёндашувида ҳозиргача ягонадир ва уни ҳали деярли ҳеч ким татқиқ этган эмас. Гарчанд, агар сиз бирор ўзбекдан ўзбек шеърияти ҳақида сўрасангиз, у дарҳол Чўлпон номини миллий байроқ каби қаршингизда силкита бошлайди.
Қўқон шаҳри нафақат Қўқон хонлигининг пойтахти бўлган, балким унинг адабий маркази ҳам эди. Бу ерда турли-туман истеъдодлар, турлича дунёқараш ва қобилият эгалари яшарди. Улар орасида сарой шоирлари, тараққийпарвар шоирлар ва шоиралар бўлган: Акмал (шоир Маҳмуднинг отаси), Амирий (Қўқон хони Умархон), Гулханий, Завқий, Муқимий, Пизандий, Фурқат, Ҳамза Ҳакимхода Ниёзий ва аёллар орасида – Нодирабегим, Увайсий, Маҳзуна ва бошқалар каби қўқонликлар кўп эди.
Қўқон хонининг саройи ва деворларидаги форс тилида ёзувлар
The Railway – “Темир йўл” – Исмоиловнинг энг машҳур романларидан бири. Китоб даставвал адиб Ўзбекистонни тарк этишидан аввал ёзилган. Роман инглиз тилига таржима қилинган ва 2006 йилда нашр этилган.
Сизнингча, нега бу роман британиялик ноширлар томонидан инглиз тилига таржима қилиш учун танлаб олинган? Инглиз тилидаги ўқувчилар ундан қандай баҳра олишлари мумкин?
Мен ўйлайманки, бу саволларни ноширларнинг ўзига бергани маъқул бўлади. Бу менинг инглиз тилига қилинган биринчи романим эмас ва, умидворманки, охиргиси ҳам эмас, шунинг учун бу ерда бирор алоҳида сабаб кўрмаяпман. Бироқ, мен ажойиб таржимон – Дональд Рейфилдни алоҳида тилга олишим керак. У билан биргаликда ишлашимиз кўрсатдики, ўзбеклар ва инглизларда тарихга муносабат масаласида ўхшашлик бор. Ўзбек тилида ҳам, инглиз тилида ҳам бир неча ўтган замон бор, улар, эҳтимол, ўтмишга ва тарихга нисбатан олқишлашни, қизиқишни ва эҳтиромни намойиш этса керак. Бу тушунтиришларнинг биридир. Мен бу фикрни ривожлантирган бўлардим. Мен Британияда қанчалар узоқ яшасам, денгизга чиқиш йўли бўлмаган “орол” Ўзбекистон ва ҳаққоний орол бўлган Буюк Британия ўртасида шунчалик ўхшашлик топаман. Шу каби ўзича хосликлар ва нозикликларга эга бўлган «орол менталитети» дунёнинг бу икки қисми ва уларнинг маданияти ўртасидаги маданий ва эстетик яқинликнинг сабаби бўлиши мумкин. Шунга мисол, айнан Кристофер Марло «Буюк Темур» пьесасини ёзган биринчи ёзувчи бўлган.
Аммо буларнинг барчаси ўзига хос дастаклардир. Агар батамом ошкора гапирадиган бўлсам, бу романни ёзаётганда мен бирор-бир инглиз бошқа бирор халқаро ўқувчини назарда тутганим йўқ эди. Мен уни ўзбек тилида ёздим, у ўзбеклар учун эди ва шунинг учун унинг исталган таржимаси менинг учун шунчаки бир туҳфадир.
Сиз ўз романингизда шеъриятдан фойдаланасиз. Нега насрий асарда назмдан фойдаланишга қарор қилдингиз? Китобда сизнинг севимли шеърий вазнингиз қайси?
Мен ушбу романимни ўзбеклар учун ёзгандим, шунинг учун ўзбек маданиятида қабул қилинган тимсоллардан фойдаландим. Сиз биласиз, ўзбек адабиёти асосан назмда ёзилган. Алишер Навоийнинг «Хамса» асарини олинг – достонлар тарзида ёзилган 5 роман ёки бошқа мисолларга эътибор қилинг, шунда сиз ўзбек адабиётида ва ўзбекнинг қалбида назмнинг ўрнини англайсиз. Ёки бизнинг барча маросимларимизга эътибор қилинг: инсон туғилганда, аёллар чақалоқни бешик устидаги аллалар билан, яъни шеърий байтлар орқали кутиб олишади. Инсон уйланса ёки турмушга чиқса, барча маросимлар «Ёр-Ёр» ёки «Келин салом» қўшиқлари каби тантаналар ва санъат базмлари билан бажарилади. Ўлим дақиқаларида ҳам видо ва йиғи-сиғилар шеърий шаклга эга бўлади. Шундай қилиб, бизда шеърият бешикдан қабргача ёндош, у ҳамма пайт ва ҳамма ерда мавжуддир. Мен уни ўзимнинг шубҳасиз ўзбекона романимда қандай қилиб шеъриятни ишлатмаслигим мумкин?
Романнинг шаклий ва услубий эксперименталлиги чуқур илдизларга эга, чунки ўзбек адабий анъаналари насрга эмас, назмга асосланган
– Financial Times
Менинг афзал кўришимга келсак, мен ёқтирганига умрбод ёпишиб олган, осонгина севган рангим яшил, севган унлим “у”, севган нотам “до” деб осон жавоб берадиган одам эмасман. Асло! Мен эрталаб бир ҳикоядан завқланишим ва ўша куни кечда ундан нафратланишим мумкин. Шеърият билан ҳам айни шундай. Мен бу ерда романга киритилган барча шеърларни келтиришим ва романга киритилмаган, лекин мен ёқтирадиган, ўзим учун асраб қўйишга қарор қилган шеърларни ҳам айтишим керак бўларди. Бироқ Чўлпон ижодида акс этган ўзбек шеърияти шарафига уларнинг биттасини ҳавола этаман:
Баланд-пастлик, катта-кичик бинолар;
Қизил, кўм – кўк, яшил томлар устида.
Ола-була, қуюқ-суюқ булутлар…
Кўкни қоплаб, бир томонда тўпланған!
Кун ботадур… тарқоқ, ёйиқ лолалар,
Унда-бунда булутларнинг юзида
Сил юзидек ранги кетиб сўлиблар…
Қоронғилик Шарқ томондан қўзғалған!
Шом азони… муаззиннинг ёсунсиз,
Кучсиз товши титрабгина чўзилған…
Ёмғир пича ёғиб ўткан, бузилған –
Қинғир кўча четидаги узун из…
Қисмат излаб хар томонға тарқалған
Катта-кичик, ёшу қари бўшашиб,
Ҳориб, чарчаб секингина қайтадир,
Маҳалланинг бир ерига тўпланған
Бир тўп бола… турлик ўйин ўйнашиб,
Кетганларни кутадир…
Белгисизлик қанотини кенг ёйиб,
Коиниотни қучоғиға тортадир.
Чироғлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб,
Хира қараб мунғайиб
Кўринадилар.
Килкиллаб –
Ёмғир суви ер бағрида ётадир.
Келинг, замонавий ўзбек адабиёти ҳақида сўзлашайдик. Financial Times таҳлилида шундай ёзилади: «”Жинлар базми”, эҳтимол, идеалда, ўзбек ва Марказий Осиёлик муаллифларнинг инглиз тилига кўпроқ таржималарга илҳомлантириши мумкин». Сиз ҳам шу фикрдамисиз? Сиз таржима учун қандай китобларни тавсия этган бўлардингиз?
Мен «The Financial Times»нинг башоратлари рўёбга чиқишини истайман ва умид қиламанки, биз ҳали нафақат ўзбекча, балки кўплаб Марказий Осиёлик муаллифларнинг романларини турли тилларга таржима қилинишига гувоҳ бўламиз. Ростдан ҳам кўплаб истеъдодли ўзбек ёзувчилари ва шоирлари бор. Мен энг юқори инстанция бўлишни ва уларнинг қай бири таржима этилиб, қай бири аслича қолиши лозимлигини тавсия этишни истамайман. Мен кўп йиллар давомида севиб ўқиган китобларим ҳақида гапиришим мумкин. Бахтимизга жадид адабиётининг биз олдин тилга олган айрим мумтоз вакиллари охирги йилларда ниҳоят бир неча Европа тилларига таржима қилинди. Мен Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романлари инглиз тилига таржима қилинганидан хабардорман. “Кеча ва кундуз” француз тилига ҳам таржима қилинди. Менинг дўстим Эркин Аъзам, Ўзбекистоннинг етакчи замонавий ёзувчиларидан бири, «Буюк гуноҳкор шайх Синьоннинг меросхўрлари» асарини ёзди ва ўтган йили бу китоб инглиз тилига таржима қилинди. Яна мен шуни биламанки, турли ўзбек ёзувчиларининг қисқа ҳикоялари тўплами АҚШ университетларининг бирида чоп этилади. Турк ноширлари ҳам қатор ўзбек муаллифларининг китобларини нашр этдилар.
Кимларни ўқишни севасиз, деб сўрасангиз, булар Мурод Муҳаммад-Дўстнинг “Лолазор” романи, Хайриддин Султоновнинг “Тоза юрак” асари, раҳматли Тоғай Муроднинг ҳикоялари, раҳматли Шукур Холмирзаевнинг ҳикоялари сингариларни севиб ўқийман. Уларнинг бари 1980-йилларда ёзилган. Муҳаммад Солиҳ нафақат Усмон Азим ва Хуршид Даврон сингари ажойиб шоир, балки уста памфлетчи ҳамдир. Кейинги асарларга келсак, Муҳаммад Шарифни, Саломат Вафони ва бошқа кўплаб муаллифларни ўқишни яхши кўраман. Яна ўқувчилар севиб ўқийдиган кўплаб ёзувчи ва шоирларимиз бор.
«Жинлар базми»ни баён қилиб бўлмайди. Бир томондан, у Солженициннинг маҳбусхона адабиётини эслатади… Иккинчи томондан, Абдулла Қодирий ўз романлари учун авайлаб асрайдиган араб эртаклари оламини, яширин ва экзотик оламни акс эттиради. Бу порлаган нур ҳамда иблисона зулмат дунёсидир, у тенг даражада гўзаллик, заковат, шафқатсизлик ва иккиюзламачиликка тўладир»
– Asian Book Review
Ўзингиз севган ва Сизни илҳомлантирган мумтоз адабиёт ҳақида гапириб берсангиз
Мен сизга момоларим менга эртак айтиб берганлари, биз дарсликлар ўрнига бутун мумтоз адабиётни “А”дан “Я”гача мутолаа қилган мактаб даври ва ҳоказо, ва ҳоказолар ҳақида минг бир тарихни айтиб беришим мумкин, аммо унда мен бутун таржимаи ҳолимни айтиб беришим лозим бўларди. Севган китобларим ҳаддан зиёд кўп, улар билан жуда кўп хаёлотим боғлиқдир… Бугун биз асосан «Жинлар базми» ва унинг бош қаҳрамони Абдулла Қодирий ҳақида гаплашаётганимиз учун мен Қодирийнинг мен хаддан зиёд кўп бора севиб ўқийдиган бир китоби ҳақида ўқувчиларга айтиб бераман. Бу унинг машҳур романлари ёки “Жинлар базми” деган ҳикояси эмас. Мен Абдулла Қодирий томонидан 1920-йилларда «Муштум» сатирик журнали учун ёзилган ҳажвий ҳикоялар тўпламининг қаҳрамони, мулла Калвак Маҳдум ҳақида гапирмоқчиман.
Инглиз ўқувчиси ёки томошабини эслаши мумкин, кўп йиллар аввал марҳум Марк Вайлнинг “Илҳом” театри Лондондаги Барбикан театрига «Оқ, оппоқ, қора лайлак» номли спектаклни олиб келганди. У ана шу қисқа ҳикояларга асосланган эди, гарчанд ҳикояларнинг ўзи янада бой, кулгили ва ўткирроқдир. Агар ягона «ўзбек нарративи» бўлса, бу мен учун Калвак Маҳдумдир.
«Оқ, оппоқ, қора лайлак», Илҳом театри
Сизнинг ўз тажрибангиздан келиб чиқсак, Лондон сингари кўп маданиятли шаҳарда ўзбек бўлиш нимани англатади?
Мен қачондир ўз-ўзимга айтгандимки, мен бу ерда қанчалик узоқ яшасам, шунчалик ўзимни ўз уйимдадек ҳис қиламан. Мен ҳеч қачон бир ерда бу қадар узоқ яшамаганман. Лондон ишларимга бирор бир марта аралашмай, жуда кўп романларимни ўзбек ва рус тилларида ёзиш имконини берди. Мен бу шаҳарнинг бағрикенглиги ва очиқлиги учун ўзимни қарздор ҳис қиламан, шунинг учун унинг шарафига бир неча романларимни инглиз тилида ёзишга қарор қилдим. Яқиндагина бир романимни ёзиб тугатдим ва эрта-индин буни эълон қиламан. Бизнинг ўрта асрлардаги буюк шоиримиз Алишер Навоий ўз шеърларидан бирида айтганидай: «Собиту сайёрға қолмайдур орому қарор, Туташти кўк миръотиға гўё намудоринг сенинг…»
Инглизча аслияти