2018 йил 7 июнь куни Марказий Осиё дастурида Central Asia in the Era of Sovereignty: The Return of Tamerlane? (Марказий Осиё миллий мустақиллик даврида. Амир Темурнинг қайтиши? ) китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда китоб муаллифларидан Тереза Сабонис-Хельф (Джорджтаун Университети ), Дэн Бургарт (Миллий разведка университети), Марлен Ларуэль (Джордж Вашингтон Университети), Роджер Кангас (Миллий мудофаа Университети), Лаура Адамс (USAID), София Шринивасан (Standard & Poor’s), Гавдат Бахгат (Миллий мудофаа университети) ва Роберт Тимм (Ҳарбий-денгиз ҳарбий коллежи) лар иштирок этишди.
Китоб кенг доирадаги мавзуларни қамраб олган. Биринчи бобда икки асосий йўналиш – минтақадаги сиёсий ривожланиш ва давлатнинг трансчегаравий муаммолари – ОИТС, ижтимоий тармоқлар, исломнинг қайта тикланиши, эмиграция ва муаммоли чегаралар каби ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган масалалар баён этилган. Иккинчи қисмда иқтисод ва хавфсизлик масалалари кўриб чиқилади, янги инфратузилма, бозорлардан тортиб, жиноий тармоқларгача бўлган норасмий иқтисодиёт, энергетиканинг ривожланиши, Фарғона водийсида анклавларнинг роли, Марказий Осиё давлатларида ҳарбий тузилмаларнинг ривожланиши таҳлил этилади. Ушбу бобда иқтисодий жараён ва хавфсизлик ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳамда хавф-хатар омиллари ёритилган. Бешта мавзу тадқиқотини ўз ичига олган якуний қисмда Марказий Осиёдаги ҳар бир давлатни ривожлантирадиган жиддий омиллар чуқур баён этилади. Булар Қозоғистоннинг ташқи сиёсати, Қирғизистоннинг ички сиёсати, Тожикистоннинг гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишга уринишлари, Туркманистонга йўналтирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва Ўзбекистондаги одатий коррупцияга оид маълумотлардир.
Мазкур тўплам Миллий мудофаа Университети томонидан 2004 йилда Даниэл Л. Бургарт ва Тереза Сабонис-Хельф таҳрири остида нашр этилган In the Tracks of Tamerlane: Central Asia’s Path to the 21st Century (“Амир Темур изидан: Марказий Осиё XXI аср сари”) номли китобининг давомидир. Дэн Бургартнинг айтишича, мазкур лойиҳа “Амир Темур” тўғрисидаги китоб”нинг яхши китоб эканлигини тушунганидан сўнг бошланган, лекин ундан кейин кўп нарса ўзгарди. Балки уни янгилаш вақти етгандир”. Муҳаррирлар алоҳида мамлакатларни таҳлил қилиш ўрнига, мавзулар бўйича ишлашга қарор қилишди. Бунда, муаллифларга бўлимларни энг долзарб мавзулар бўйича ёзиб, сўнгра мазкур бешта мамлакатни солиштириш имконини берадиган тарзда, бирлаштириш таклиф этилди.
“Амир Темур” тўғрисидаги китоб” яхши китоб эди, лекин ундан кейин кўп нарса ўзгарди. Балки уни янгилаш вақти етгандир”.
София Шринивасан Туркманистон нефть-газ тармоғига тўғридан-тўғри киритилган хорижий инвестициялар ҳақидаги қисмини ёзган. Муаллиф қайд этганидек, экспертларнинг фикрига кўра, 2030 йилга келиб, табиий газ дунё энергия ресурсларининг учдан бир қисмини ташкил этади ва Марказий Осиё жаҳонда газ таъминоти бўйича муҳим роль ўйнайди. Жаҳонда табиий газ заҳирасининг кўплиги бўйича олтинчи ўринда турадиган Туркманистон бу борада етакчи ўринни эгаллайди.
Совет Иттифоқи пароканда бўлганидан сўнг Туркманистонда ўз заҳираларидан фойдалана олишига нисбатан ишонч пайдо бўлди. Бироқ Ниёзовнинг авторитар режими сабабли бу умидлар ўзини оқламади. 2007 йилда янги раҳбар – Гурбангули Бердимуҳаммедов уни ўзгартирганидан сўнг ушбу тармоқнинг очиқ бўлишига ишонч пайдо бўлди. Лекин, сўнгги ўн йиллик натижалари Туркманистон нефть-газ тармоғи амалда тобора Хитойга тегишли бўлиб бораётганини кўрсатди.
Шринивасан бу борада шундай дейди: “Биз BP, Chevron ва бошқа йирик халқаро нефть компанияларининг бозорга киришга уринганини кўрдик, бироқ самарасиз. Лекин BP дан кичикроқ Италиянинг Eni каби компаниялари бозорда озроқ плацдармларни эгаллашди. Аммо энг катта ўринни эгаллаган бу – Хитой миллий нефть корпорацияси бўлди”.
2016 йилда Туркманистон Россия билан нарх-наво бўйича тортишувлар сабаб ушбу мамлакатга газ экспортини тўхтатди ва Хитой бу ердаги ягона мижозга айланди. Шринивасан Хитойнинг қандай қилиб Ғарбнинг йирик компаниялари эришолмаган нарсани қўлга киритгани ва нима учун айрим майда компанияларнинг мамлакат энергетика бозорига мустаҳкам ўрнашганини муҳокама қилади. Ушбу бобда шунингдек, мамлакатда нефть ва газ қазиб олиш тарихи, ушбу тармоқнинг ривожланиш жараёнлари ва хорижий сармояларга кўмаклашган ва тўсқинлик қилган омилларга оид маълумотлар келтирилган.
Ҳарбий денгиз ҳарбий коллежидан Роб Тиммнинг фикрича, 2014 йил Афғонистонда Америка ҳарбийлари сони камайган даврда Марказий Осиёда стратегик, сиёсий\ҳарбий соҳаларда фаоллик бор эди. АҚШ нинг минтақага бўлган қизиқиши сусайиши билан Москванинг дадиллиги кучайди. 2015 йилда Россия илк бор Сурияда ҳарбий операцияни амалга оширди. Хитой ҳам нафақат иқтисод, инфратузилма, балки шунингдек хавфсизлик соҳасида ҳам фаоллашди. ISIS нинг пайдо бўлиши, кўплаб Марказий Осиё фуқароларининг Сурияда қора байроқ остида жанг қилиш учун ўтиб кетаётганликлари ва ҳукумат ўзгаришидаги ноаниқликлар ҳудуддаги жўшқин ҳаракатни кучайтирди. Шундай бўлсада, бу ерда хавфсизликнинг тўлиқ таъминланишига эришилмади, деб қайд этади муаллиф:
“Биз кўраётган нарса – ўзгармас нарсалардир. Хавфсизлик кучлари олдингидек, биринчи навбатда ички таҳдидларга қаратилган. Халқаро хавфсизлик соҳасида ҳамон Россия КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) доирасида устунлик қилмоқда. Ҳар қайси Марказий Осиё давлати ўз нуқтаи-назаридан, географик жойлашувининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, Россиянинг хавфсизлик борасидаги устунлигига кўниккан”.
Ўзаро тахминлар шароитида баъзан халқаро ташкилотлар томонидан минтақавий ҳамкорлик амалга оширилади ва унда НАТО, ШҲТ ва КХШТ сингари хорижий шериклар устунлик қилади. Айни пайтда, Марказий Осиёнинг ҳар қайси давлати ҳам хавф саватчасини диверсификация қилиш бўйича ўз қадамларини қўяди.
Шунда янги Левиафан пайдо бўлди – Хитой
Джорджтаун университетидан Тереза Сабонис-Хельф мазкур тўпламда Марказий Осиёдаги сиёсий иқтисодиётда юз берган ўзгаришларни тадқиқ этади. У асосан, Марказий Осиё иқтисодиётининг Хитой фаолияти таъсирида қай тарзда тубдан ўзгаргани ҳақида ҳикоя қилган. Марказий Осиё давлатлари денгиз йўлларига чиқиш имконияти йўқлигидан йиллаб азият чекишган; ишончли қўшниларнинг йўқлиги сабабли савдо билан шуғулланишнинг ҳам деярли имкони бўлмаганди. Гарчи ушбу давлатларда дунё бозорида юқори баҳоланадиган маҳсулотлар бўлсада, гўё фақат Россия уларни қандай экспорт қилишни биларди. Шу пайтда янги Левиафан – Хитой пайдо бўлади. Хитой Марказий Осиё давлатларига сармоя киритибгина қолмай, айни пайтда ушбу минтақа орқали ўтадиган савдо-сотиқ ҳажмини ҳам оширади, бу ўзгаришлар эса, Марказий Осиё давлатларининг ўз қўшнилари ва савдо салоҳиятига назар ташлашига таъсир кўрсатади. Улар транзит ва транзит фаолиятда қатнашишнинг аҳамиятини тушуна бошлайдилар. Мамлакатлар шунингдек, ҳам товар, ҳам хизмат саналган ва юқори даражадаги давлатлараро мувофиқлаштирувни талаб этадиган электр энергия савдосида ҳам иштирок этадилар.
Сабонис-Хельф Тожикистонда амалга оширилаётган Роғун лойиҳаси орқали янги сиёсий иқтисодиётни муҳокама қилади. Ҳокимият раҳбарларининг фикрича, гидроэнергетика соҳасидаги ушбу лойиҳа алюмин саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Муаллифнинг қайд этишича, мазкур лойиҳанинг амалга тадбиқ этилиши уч хил усул ва учта турли нарратив билан изоҳланади.
Биринчи нарратив – тўғонни ҳукумат етакчиси Раҳмоннинг мағрурлик предмети сифатида, иккинчиси – у Совет Иттифоқидан қолган мерос сифатида. Учинчиси, шу орада “Тўғон шунчалик зарурмиди”, деган саволни ўртага ташланади.
Тожикистон ҳозирги пайтда электр энергияни ҳисобга олмаганда, алюминий ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бирорта ҳам компонентни ишлаб чиқармайди. Модомики, Душанбе келажакда мамлакат кўпроқ электр энергия ва алюминий ишлаб чиқариши керак, деб ҳисоблар экан, “Уни кўп қазиб олиш шартми”, деган савол туғилади. Ҳозирча уларнинг позицияси жуда ғалати: улар алюминий ишлаб чиқариш учун энг муҳим бўлган товар – арзон электр энергиясига эга ва ўзларининг асосий маҳсулотини экспорт қилиш учун алюминий ишлаб чиқаришда керакли бўлган бошқа барча нарсаларни импорт қилишларига тўғри келяпти – бу Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам кузатилаётган бир хил ҳолат.
Миллий мудофаа университетидан Гаудат Бахгат Марказий Осиёда ижтимоий тармоқларнинг ўрнини таҳлил қилган. Бунда у ижтимоий тармоқларнинг ҳар қайси давлат сиёсатига қай усулда таъсир кўрсатганини тадқиқ этган. Бахгат ўз диққат эътиборини ижтимоий тармоқларни ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг фойдаланувчиларига қаратади.
USAID дан Лаура Адамс Ўзбекистонни, ғарб демократияси тўғри эмас деб ҳисоблайдиган бошқарув тизимига эга бўлсада, маълум маънодаги самарали давлат деб кўрсатади. Муаллиф Лунд университетининг ижтимоий ҳуқуқ факультети социологи Рустам Ўринбоев ва Мон Свенссон билан ҳамкорликда кундалик ҳаётдаги муаммолар норасмий бошқарувда қай тарзда ҳал этилаётганини кузатган ҳолда, Стивен Краснернинг “етарли даражадаги яхши бошқарув” моделига муқояса қилинган назарий асосларни келтириб ўтади.
Адамс оддий масалалар ва битимлар қай усулда ҳал этилиши ва келишувлар қайси ҳолатда муваффақиятли бўлишини аниқлаш мақсадида, асосан коррупция деб аталадиган муайян ҳолатларга эътиборини қаратади. Айни пайтда, ҳукумат амалга ошираётган ислоҳотлар шароитида ушбу норасмий фаолиятнинг қай тарзда ишлаши, ҳатто бошқарувнинг расмий ва одил тизимига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар билан танишиш ҳам жуда қизиқарлидир.
Миллий мудофаа университетидан Роджер Кангас минтақадаги қонунчилик ва институтларни тадқиқ этади. Минтақа ўта анъанавий ҳуқуқ шаклларига мансуб бўлсада, бироқ бу ерда юз бераётган жараёнлар ва масъулият масалаларида совет тизимининг таъсири сақланган. Совет Иттифоқи инқирозга юз тутганидан сўнг қатор ташқи кучлар қонунчиликни ривожлантиришга уринаётган бир пайтда, мунозараларда Марказий Осиёда ҳуқуқларнинг ўзлаштирилиши қай тарзда шакллантириляпти, деган савол туғилади. Кангаснинг сўзларига кўра, бу ҳар қайси ўрганилган мамлакатда турли натижаларни кўрсатди.
“Бешта турли мамлакатни кўздан кечирар эканмиз, ҳақиқатан ҳам беш хил манзарани кўрамиз. Биз тараққиётга турфа ёндашувларнинг гувоҳига айланамиз”, дейди у. “Бу ғарбий дискурс аралашмаси, бироқ Россия, Хитой, турли давлатлардан ўзлаштирилган тузилмалар асосида давлат бошқарувини оқловчи, шахсий ҳуқуқларни чекловчи қоидалардир”.
Джордж Вашингтон Университети мутахассиси Марлен Ларуэль Қозоғистонда Марказий Осиё интеграцияси ва Евроосиё интеграциясининг кириб келиши ўртасидаги тўқнашув ва ўхшашликларни кўриб чиқишга қарор қилади. Қозоғистон ҳокимият кучлари ҳамиша ҳар иккала ҳолатни ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган. Бироқ Евроосиё интеграцияси воқеликка айланиши билан Марказий Осиё интеграцияси қоғозда қолади. Бу зиддият Остона учун тўсатдан реалликка айланади: Қозоғистон “Евроосиё”ни ўзининг кўп тармоқли сиёсатини баён қилиш услуби сифатида кўрарди, бироқ Россиянинг яқиндаги ҳаракатлари – унинг бошчилигида амалга оширилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи лойиҳасидан тортиб, Украина инқирозигача бўлган воқеалар “Евроосиё” терминини Россиянинг ушбу ҳудуддаги устунлигини ифодаловчи рамзга айлантиради.
Евроосиё интеграцияси Марказий Осиё интеграцияси фаровонлигини камроқ даражада таъминлайдими?
Табиийки, воқеалар тобора ривожланади. Ўзбекистонда янгича даражадаги ошкораликни қўллаб-қувватловчи янги президент Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши билан, Евроосиё интеграцияси секинлашаётган бир пайтда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудий интеграцияга интила бошлайди.
Ларуэль ўз бўлимида шунингдек, Қозоғистоннинг танлаган йўлидаги амбивалент ҳаракатларини ҳам кўриб чиқади. Мамлакат бир вақтда минтақада етакчилик мақоми учун даъвогар ва кимларгадир қулоқ солишни истамайди. Назарбоев бир пайтлар мамлакат номини “Қозоқ эли” номига ўзгартиришни ҳам таклиф этганди. Унинг сўзларига кўра, Монголия алоҳида ва ҳудуддан айри сиёсат олиб бориш йўлидан бораётган ўрнак давлат бўла олади. Бироқ бу қадам бошқа кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин: Қозоғистонни турк меросидан хийла чўл дунёсига узоқлаштириш. Бу эса уни Сибирь, демакки, Россияга яқинлаштирарди. Шу боис ҳам, Қозоғистон қийин дилеммага тўқнаш келади.
Миллий разведка университети вакили Дэн Бургарт “Катта ўйинни нима ўзгартириши мумкин: Марказий Осиёда энергиянинг ўзгарувчан табиати” номли бўлимни таништирган ҳолда, тақдимотга якун ясайди. У минтақада қисқа муддат ичида энергетика бозорини бузиши мумкин бўлган омилларни аниқлашга ҳаракат қилади. Биринчи омил, бу – дунё иқтисодиёти ҳолатидир. Агар жаҳон иқтисодиёти пасайса, энергияга бўлган талаб ҳам камаяди, бу эса ҳудуддаги барча давлатларга таъсир кўрсатади. Дунё иқтисодиёти ўсса, энергияга бўлган эҳтиёж ҳам юқори бўлади.
Кейинги омил – технологиялар ва айниқса, энергетика бозорига технологик ноаниқликни олиб кирган сланец энергиясидир. Россия ва Саудия Арабистони ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиришга келишишади, бу эса, нархларнинг кўтарилиши сабаб бўлади, бироқ нархлар жуда ҳам ошиб кетса, Қўшма Штатлар бозорни сланец билан тўлдирган ҳолда, ўзи сармоя киритган барча технологияларни ишга солади. Яна бир омил – сиёсий ноаниқликни келтириб чиқарган Украина масаласидир. Масалан Россияга қарши қўлланилган санкциялар Марказий Осиёга ҳам таъсир кўрсатди. Мазкур омиллар эҳтимол, Марказий Осиёда энергияга бўлган талабни кучайтирса ҳам ажаб эмас.
Айни пайтда Бургарт қуйидагиларни қайд этади: “Биз дунёнинг асосий қисми глобализациянинг пасаяётганига эътибор қаратаётганини кўряпмиз. Ана шундай бир пайтда, Марказий Осиё ҳамкорлик имкониятларини очди. Бироқ Марказий Осиё давлатлари суверенитет даврида ҳам, маълум маънода ўз суверенитетидан воз кечишга тайёр эмаслар, лекин минтақада ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлиш учун бироз ён босишлари мумкин. Яқин келажакда бундай ўзгаришларни кузатиш янада қизиқ бўлади”.
Материалнинг асли инглиз тилида