Сурат манбаси: assembly.kz
Муаллиф: Эльвира Айдарханова – Олмаота бошқарув университетининг ўқитувчиси, “Forbes Kazakhstan” журналида энергетика масалалари бўйича шарҳловчи.
Қозоқ миллатининг илдизлари қаерда? Қозоқлар, ўзбеклар ва қозоқларнинг қандай умумий жиҳатлари бор? Жу-Юп Ли ушбу интервьюсида “қозоқ” деб аталган, янги давлатлар, жумладан, Марказий Осиё ва Ҳиндистондаги давлатлар, ўзбек ва қозоқ хонликлари тузилишида муҳим рол ўйнаган сиёсий дарбадарлар, иддаоси баланд ва эркин жангчилар ҳақида ҳикоя қилади.
Жу-Юп Ли – фалсафа доктори, Торонто университетининг туркий-форсий тадқиқотлар бўйича фалсафа доктори, Унинг Qazaqlïq, Or Ambitious Brigandage, and the Formation of the Qazaqs: State and Identity in Post-Mongol Central Eurasia (Brill, 2016) (“Қозоқлик ёки даштнинг сиёсий дарбадарлари ва уларнинг замонавий Евроосиёга таъсири) китоби 2017 йили CESS (Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамияти) мукофотига сазовор бўлди. У яна Оксфорд тадқиқотлари энциклопедиясининг Осиё тарихи бўйича “Қозоқ хонлиги” ва “Мўғул ва постмўғул Марказий Осиёси ва Қипчоқ даштидаги туркий кимлик (identity)” мақолалари муаллифи ҳамдир.
– Сиз ўз китобингизда келтирилган асосий далиллари ҳақида гапириб берсангиз. Тадқиқотингизни қандай тайёрлаган эдингиз?
– Китобимда асосий далил сифатида XVI аср бошланишида қозоқлар шаклланишини қозоқликнинг (рус тилида: казачество, казакование) тарихий контекстида, мўғуллардан сўнгги Марказий Евроосиё минтақасида давлат ва кимлик шаклланишида муҳим рол ўйнаган сиёсий дарбадарлик одати орқали тушуниш керак бўлади. Бу гапимни аниқроқ тушунтиришимга ижозат этсангиз.
Мўғуллардан сўнгги даврда қозоқларнинг ҳаёт тарзини англатадиган қозоқлик (qazaqlïq) сиёсий дарбадарликни билдирган, бу билан ўз давлати ёки қабиласидан қочиш ва/ёки чегарада ёки алоҳида ҳудудда “дарбадар”ларча эркин ҳаёт кечиришни назарда тутган. Бундай ҳаёти тарзи – қозоқлик – XIV аср ўртасидан эътиборан кенг тарқалди. Чингизийлар, сўнгра Темурийлар империясининг майда давлатларга бўлиниб кетиши сиёсатга қайтиш ёки сиёсий жиҳатдан омон қолиш учун қочиб-пусиб, “эркин авантюристлар”га айланган сиёсий дарбадар – кўчманчиларнинг ва Мовароуннаҳрнинг чегарабўйи ҳудудлари ҳамда Қипчоқ даштининг иккала чеккасига доимий оқиб боришига сабаб бўлди. Амир Темур, Абулхайрхон, Жонибекхон, Керейхон, Муҳаммад Шайбонийхон ва Бобур – буларнинг барчаси Чингизийлар ва Темурийлар сулолаларининг кўчманчилик қилган етакчилари бўлиб, ўз давлатларига асос солишдан олдин “қозоқча” ҳаёт кечирган. Бу уларга содиқ жангчилардан махсус қўшин гуруҳларини тузиб, сиёсий ва ҳарбий қудратини ошириш имконини берган. Бир сўз билан айтганда, қозоқлик янги давлатлар, жумладан, Марказий Осиё ва Ҳиндистондаги Темурийлар давлатлари, ўзбек ва қозоқ хонликлари ташкил бўлишида муҳим рол ўйнаган.
Энди менга қозоқлар қандай ташкил бўлгани ҳақидаги берилган тушунтириш қандай аҳамиятга эга экани ва у олдинги тушунтиришлардан нимаси билан фарқ қилиши ҳақида фикр юритишимга ижозат бергайсиз. Китобимда, қозоқлар бронза асридан то мўғуллар босқинига қадар Қозоғистон даштидаги барча кўчманчи халқларни бирлаштириш йўли билан ҳосил бўлган деб ҳисобланадиган қозоқлар этногенезининг замонавий қозоқча талқинига ҳам, қозоқ этногенези келиб чиқишини XV аср иккинчи ярмида Қозоқ хонлиги пайдо бўлиши билан боғлайдиган ғарбча тушунтиришга ҳам қарши борилади. Биринчи тушунтиришда қозоқлар кимлиги XV аср ўртасига қадар мавжуд бўлмаганидай муҳим тарихий ҳақиқат эътибордан қочади. Ғарбча тушунтиришда эса қозоқ этногенезининг мураккаб табиати эсдан чиқади. Менинг китобимда, аксинча, Шарқий Қипчоқ даштида қозоқлар кимлиги ривожланиши Жонибекхон билан Керейхон кўчгандан сўнг Мовароуннаҳрда ўзбеклар – шайбоний ўзбеклар тегишли тартибда кўчгандан кейин ҳокимиятга кўтарилиши ҳамда Муҳаммад Шайбонийхоннинг кўчиб ўтиши ва XVI аср бошида Марказий Осиёнинг жанубий қисмини эгаллаши билан параллел тарзда юз бергани таъкидланади. Бошқача айтганда, китобимда қозоқларнинг шаклланишига ундан ҳам йирик тарихий жараённинг бир қисми сифатида қараш кераклигига урғу берилади. Ўша жараёнда Жўчийлар/Ўзбеклар улуси бир тарафдан Жонибекхон билан Керейхоннинг (Ўрусийлар/Чингизийлар уруғидан), бошқа тарафдан эса Муҳаммад Шайбонийхоннинг (Абулхайрийлар/Чингизийлар уруғидан) можароли ва ўзаро боғлиқ тарзда қозоқлик фаолияти (сиёсий дарбадарлиги) оқибатида қозоқлар ва ўзбекларга бўлиниб кетди. Кейинроқ китобимда Қора денгизбўйи даштларидаги казаклар ҳам қозоқлик феномени маҳсули экани таъкидланади. Жўчи (Олтин Ўрда) улуси XV аср давомида майда давлатларга бўлина бориши билан Қора денгизбўйи даштлари сиёсий жиҳатдан ҳеч кимга тегишли бўлмаган Ёввойи Далага айланиб қолди, у ерда эркинлик ва ўлжа излаб, бу ерга қочиб келган жуда кўп қочқинлар яшириниб олган эди. Илк казак қўшини бўлинмалари татар қочқинларидан ташкил топганди, лекин вақт ўтиши билан сўнгги бўлинмаларда улар ўрнини шарқий славян авантюристлари ҳамда Польша-Литва ва Московиядан келган қочқинлар эгаллади. Айни казак гуруҳлари орасида украин казаклиги энг муҳим ўрин эгаллайди. Украин авантюристларининг сиёсий дарбадарлиги Украин казаклик гетманлиги ташкил этилишига олиб келди, шу билан бирга, украинларнинг русларникидан фарқ қилувчи алоҳида кимлиги мустаҳкамланишига ҳам эш бўлди.
Гувоҳи бўлаётганингиздек, китобим 2 та мавзу: “қозоқлик” феномени ва қозоқлар шаклланишига бағишланган. Мана шу 2 та мавзуни ўзаро бирлаштириш ғояси меники эмас, уни менга илмий ҳамраҳбарларим, профессор Виктор Остапчук ва профессор Мария Ева Субтелний таклиф этган эди. Дастлаб мен бор этиборимни Қозоғистон тарихига қаратмоқчи бўлганман. Лекин ушбу икки мавзуни бирлаштириш тадқиқотимни ноёб ва ўзига хос қилди ҳамда у 2017 йили CESS (Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамияти) мукофотига сазовор бўлди.
Мен китобни ёзиш учун қозоқлар тарихи оёққа туриш даври ва қозоқликнинг ижтимоий-иқтисодий феномени ҳақида олдинги мунозараларда фойдаланилган илк манбалардан кўра кенгроқ қамровли манбалардан фойдаландим. Гарчи илк қозоқлар ва қозоқликка тааллуқли манбалар бир қадар чала ва парча-парча бўлса-да, бизгача етиб келган манбалар базаси улкан. Мен китобимда фойдаланган асосий илк манбаларни турли тилларда битилган ўзбеклар, мўғуллар, Темурийлар, Илҳонийлар, Қрим ва Волгабўйи татарлари, Москва, қозоқ ва Хитой тарихига бўлиш мумкин. Ушбу тадқиқот лойиҳасига киришишдан олдин мен бошқа тиллар қатори Чиғатой туркчаси, мўғул, хитой, рус ва қозоқ тилларини ҳам ўрганишимга тўғри келган.
–Айрим тарихчилар тахмин қилишича, “қозоқ” ва “алаш” сўзларининг келиб чиқиши тарихан бир. Яна бир далилга кўра, “қозоқ” сўзи “қашақ” (“қочоқ”) калимасидан келиб чиққан, бу сизнинг “сиёсий дарбадарлар” атамангизга яқин). Сизнингча, “қозоқ” сўзи қаердан келиб чиққан?
– Дастлаб бир нарсага ойдинлик киритиб олсам. [Иммануэл Кантнинг танқидий фалсафаси мухлиси сифатида] мен сақланиб қолган манбалардаги билиб олишимиз мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган нарсалар ўртасидаги тафовутни аниқлаб олмоқчиман. Китобимда “қозоқ” сўзининг этимологияси ҳақида ҳеч гап йўқ, чунки бу атаманинг келиб чиқишига оид ҳар қандай далил тахминларга асосланган. Шу сабаб китобимда Дюла Немет, Питер Б. Голден ва В. П. Юдин сингари олимларнинг далиллари фақат ҳавола тарзида берилган.
Китобимда ёзма манбалар ва мўғуллардан сўнгги даврнинг оғзаки анъаналарида топилган “қозоқ” атамасини ҳар томонлама тадқиқ қилиб кўрдим. Мен “қозоқлик” ижтимоий-сиёсий феномени ва унинг тарихий аҳамиятини илк бор тўлиқ тушуниш учун “қозоқлик” атамаси манбаларда кенг қамровли қўлланган ҳар хил контекстларни тадқиқ қилдим. Айни чоқда “қозоқ” ва “алаш” сўзларининг тарихий келиб чиқиши бир экани ёки “қозоқ” сўзи “қашақ” (“қочоқ”) сўзидан келиб чиққани ҳақидаги фаразни тасдиқловчи ҳеч қандай исбот топганим йўқ. Бироқ ишончли тарихий манбаларда тавсифланган кўплаб қозоқлик амалиётини пухта ўрганишга асосланиб, қуйидагилар хулосаларни чиқаришим мумкин:
Биринчидан, Темурийлар ва Темурийлар давридан сўнгги Марказий Осиё манбаларида “qazaq” атамаси одатда “(сиёсий) дарбадар/дарбадар” ва “(чегарадаги) қароқчи/авантюрист)” маъносида қўлланган, Қипчоқ дашти ва Шарқий Европада тартиб берилган туркий, славян ва лотин манбаларида эса “qazaq” атамаси (русча “kazak” ва укранича “kozak”) кенгроқ маънода “сиёсий мухолиф” ёки “қочоқ” маъноларида ҳам, “кезгинди/дарбадар” ва “қароқчи/авантюрист)” маъноларида ҳам қўлланган.
Иккинчидан, қочоқ, авантюрист, ёки дарбадар маъносидаги “қазақ (қозоқ)” атамаси XV асрдан бошлаб оммалашган. Бошқача айтганда, “қозоқ” атамаси XIV асрда кенг тарқалгани йўқ. Гарчи “қозоқ” атамаси XV асрдан олдин ёзилган манбаларда ҳам учраса-да, унинг маънолари турлича бўлган. Масалан, XIV аср ўртасига оид Мамлук сўзликларида “қозоқ” атамаси “эркин бўлган, эркин” ёки “бўйдоқ, ёлғиз” (qazaq bašlı) маъноларини англатган. Шу тарзда Хуросонда XIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб фаол бўлган негудерийлар сингари сохта кавказлик бўлинмаларни замондошлари қозоқлар деб атамаган. Афтидан, XIII ва XIV асрларда “қозоқ” атамаси Марказий Евроосиёда сиёсий қочоқларни ёки чегарадаги қароқчиларни англатмаган. Қочоқ, қароқчи ёки дарбадар маъносидаги “қозоқ” атамаси XIV асрда ёзилган манбаларда пайдо бўла бошлаган. Қайд этиш жоизки, XIV аср бошида форс тилида ёзилган Темурийлар тарихида Султон Ҳусайн Бойқаро (1469 – 70 йй. ва 1470 – 1506 йй.лар ҳукмронлик қилган) ва Бобурнинг (1526 – 1530 йй.да ҳукмронлик қилган) замонавий тарихларида – XV асрнинг иккинчи ярми ва ундан кейинги манбаларда – “қозоқ” сўзидан ушбу икки Темурий шаҳзоданинг сиёсий дарбадарлигини ифодалаш учун фойдаланилган.
Агар мен билмаган тарихий манбалар асосида бундан буён ҳам қозоқликни тадқиқ қилиш бўйича тадқиқотлар ўтказилса, “қозоқ” сўзи маъноларини тўлиқ тушуниш имконига эга бўламиз, деб ўйлайман.
– Шундай қилиб, қозоқлар, шайбоний ўзбеклар ва украин казакларини “қозоқлар” ёки “иддаоси баланд қароқчилар” ҳосил қилган. Демак, “қозоқ” сўзининг этник маъноси бўлмаган экан-да?
– XV асрдан бошлаб Марказий Осиё ва Қипчоқ даштида “қозоқ” атамаси ўз давлати ёки қабиласидан қочган ва ёки чегарада қароқчилик қилиб кун кечирган сиёсий дарбадарларга нисбатан қўлланган. Шу жиҳатдан “қозоқ” сўзининг этник маъноси бўлмаган. Аммо XV асрнинг иккинчи ярмида Абулхайрхон давлатидан ажралиб чиққанлар ўзбеклар деб атала бошлагач, “қозоқ” этнонимга айланди. Тушунтириш бериб айтмоқчиманки, “ўзбек” Ўзбекхон (1313 – 1341 йилларда ҳукмронлик қилган) ҳукмронлигидан сўнг Жўчи улуси олган янги номдир. Гарчи замонавий илмий адабиётда “ўзбек” атамаси Абулхайрхон улуси ёки замонавий ўзбекларга тааллуқли бўлса-да, у мўғуллардан сўнгги даврдаги кўчманчи жўчийларни ҳам қамраб олган. Ўша жўчийларни руслар ва усмонлилар татарлар деб атаган. Дастлаб мухолиф ўзбеклар қозоқ ўзбеклари деб аталган, бу қочоқ ёки қароқчи ўзбеклар деган маънони англатади, абулхайрий ўзбекларни эса замондошлари шайбоний ўзбеклар деб атаган, чунки Абулхайрхон Жўчининг бешинчи ўғли Шайбоннинг авлоди бўлган. Вақт ўтиши билан қозоқ ўзбеклар оддий қилиб қозоқлар деб атала бошлади. Таъкидлаш муҳимки, дастлабки қозоқлар ва шайбоний ўзбеклар замондош ва битта халқ аталган. Улар битта жўчий/ўзбек қабилаларидан таркиб топган ва битта қипчоқ туркий тилидан фойдаланган.
Бироқ замонавий ўзбеклар билан шайбоний ўзбекларни фарқлаш керак бўлади. Совет Иттифоқи замонавий Ўзбекистоннинг турли форсий ва туркий тилли гуруҳларига “ўзбек” номини беришга қарор қилган эди. Шунинг учун замонавий ўзбекларни қисман қозоқларга қариндош деб айтиш мумкин.
Казакларга келсак, туркий тилли татар қочоқлари илк казаклар бўлган, улар шарқий Қипчоқ даштидаги ўзбеклар билан бир халқ эди. Олдин эслаб ўтганимдек, татар казак гуруҳларига кейинчалик Польша-Литва ва Московиядан шарқий славян авантюристлари ва қочоқлари келиб қўшилиб, татарларни у ердан сиқиб чиқарган.
Хуллас, қозоқлар, шайбоний ўзбеклар ва казакларнинг илк авлодлари айнан бир халқ бўлган. Улар барчаси Жўчи улуси (Олтин Ўрда) ва Мўғул империясининг туркий тилли кўчманчилари эди. Аммо шайбоний ўзбеклар форс тилли гуруҳлар билан аралашиб кетган, илк татар казаклари эса шарқий славян казаклари билан қўшилиб кетган ва улар сўнгра татарларни сиқиб чиқарган. Бунинг маъноси шуки, қозоқлар Жўчи улусининг (Олтин Ўрда) тўғридан-тўғри ворислари бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
– Кўплаб қозоқлар скифлардан мўғулларгача бўлган турли тарихий гуруҳлардан илдизларини қидиради. Қозоқлар антропологик жиҳатдан яшил кўзли ва қизил сочли европаликлардан бошлаб, кавказликлар ёки японларгача ўхшашдир. Қисман шунинг учун қозоқлар ўртасида генетик тадқиқотлар, айниқса, оммалашган. Бу ҳақда фикрингиз қандай? Миллатнинг ушбу портретига нималар таъсир кўрсатган?
– Замонавий ДНК тадқиқотлари кўрсатишича, қозоқлар Ички Осиё аҳолисидан ҳам, Ғарбий Евроосий аҳолисидан ҳам келиб чиққан. Қозоқлар дастлаб ҳинд-европаликлар бўлган, аста-секин ички осиёликлар билан аралашиш оқибатида уларга айлангани ҳақида кенг тарқалган фикрга зид ўлароқ, қозоқлар ҳар доим турли унсурлардан таркиб топиб келган ва келмоқда. Баъзи қозоқлар ҳинд-европаликлардан, бошқалари эса Ички Осиё аҳолисидан келиб чиққан, деб айтиш тўғрироқ бўлади. Ушбу мантиқий фикрлашни Y-ДНК чизиқларига нисбатан ҳам, митохондриал ДНК чизиқларига нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, келиб чиқишига кўра ички осиёлик бўлган қозоқнинг юзи ғарбий европаликники, келиб чиқишига кўра ғарбий европалик бўлган қозоқнинг ички осиёлик фенотипи (тананинг кузатилаётган хусусиятлари ва аломатлари мажмуи) бўлиши мумкин. Бу фенотиплар ҳар доим ҳам бир чизиқ бўйлаб авлоддан-авлодга ўтмаслиги билан боғлиқ.
ДНК таҳлили далолат беришича, қозоқлар, аниқроғи, жўчий-ўзбек улуси мўғул империяси ташкил топгандан сўнг пайдо бўлган, унда Евроосиё даштларининг барча туркий, форсий-европа ва мўғул кўчманчи гуруҳлари бир бутунга қўшилиб кетган.
– Сиз қандай тарихий мавзуларни ўрганиш долзарб деб ўйлайсиз? Яқинда Қозоғистонда Олтин Ўрда институти очилди. Қандай материаллар ёки мавзулар тарихда оқ доғлар бўлиб қолмоқда?
– Мен Олтин Ўрда институти Олтин Ўрда – Жўчи улуси тарихини ўрганишга улкан ҳисса қўшишига ишонаман. Яна қозоқ тарихчилари барча тегишли материаллар ва мавзуларни ўрганиб чиққанидан ҳам хабарим бор. Шахсан мен Жўчи тарихини ўрганишда Марказий Евроосиё тарихига яхлит ҳолда ёндашилишини кўрмоқчиман. Мўғуллар ва мўғуллардан кейинги даврларда “турклар” ва “мўғуллар” бир-биридан тил жиҳатдан фарқ қилмаган. Чингизхон ва Чингизийларнинг кўчманчи издошлари мўғуллар ҳисобланган, айни чоқда мўғуллар ислом дунёсида туркийлар ўлароқ танилган. Шунга кўра, Олтин Ўрдада ва Қозоқ хонлигида туркийлар ва мўғулларга бўлиниш бўлмаган.
– Қозоғистон билан алоқаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Қозоғистонда бўлганмисиз? Мамлакат, унинг маданияти, қозоқ тили ва ҳк. ҳақидаги таассуротларингиз ва кузатишларингизни гапириб бера оласизми?
– Қозоғистон тарихини тақрибан 20 йилдан бери ўрганаман. Шу билан қаторда, мени қозоқларнинг бой тарихи ва маданияти мероси ўзига мафтун этиб келади. Тажрибам ва ўқишимга асосланган таассуротларим ва кузатишларим мана бундай: Қозоғистон – ривожланган мамлакат, минтақа миқёсидаги йирик мамлакат, Монголия билан бирга Мўғуллар империясининг энг муҳим тўғридан-тўғри ворисидир. Назаримда, яна Қозоғистон мен сўнгги ўн етти йилда яшаётган Канада сингари улкан, космополит ва кўп миллатли мамлакатдир. Мен корейс миллатига мансуб киши сифатида Қозоғистон билан Кореянинг кўп ўхшаш жиҳатлари борлигини ҳис қиламан, иккала мамлакат ҳам тез орада иқтисодий тараққиёт ва демократлаштиришни бошидан кечирди. Стратегик ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришимизга умид қиламан.
Мен Торонто университетидан тадқиқот сафарига грант олганимдан сўнг 2010 йилда Қозоғистонда тахминан 1 йил яшаганман. Олма-Ота шаҳрида яшаб туриб, Яссавийнинг отаси мақбараси жойлашган Сайрамни ҳам зиёрат қилдим. Маршрут таксида Қозоқ хонлиги пойтахти Туркистон шаҳрига боришдан олдин Чимкентдаги кичик бозорда хуштаъм кабобни (шашликни) татиб кўрдим. Мени шаҳарнинг тарихий жозибаси мафтун этди. Сўнгра поездда Туркистондан Олма-Отагача ўн етти соат йўл босдим, бир ўзим сафар қилаётганим учун йўлдаги вақтим осон кечмади, чунки одамлар билан ўзим яхши билмайдимган русчада мулоқот қилишимга тўғри келди. Шунга қарамай, бу ҳаётимнинг энг яхши лаҳзалари бўлди. Агар яна Қозоғистонга келсам, футуристик (лотинча “futurum” (келажак) сўзидан олинган, меъморчиликдаги услубий оқимга хос) шаҳри бўлмиш Нур-Султонни албатта бориб кўраман. Яна Алашхон ва Жўчихон мақбараларини зиёрат қилиш учун Жезқазғанга ҳам бораман.
2010 йилда на олимлар ва на талабалар билан учрашдим. Мен у ерда бегона эдим. Лекин кўчада учратганим қозоқларни унута олмайман. Олма-Отада адашиб қолганимда қаҳвахона эгаси мўлжални топиб олишимга ёрдам берди ва Олма-Отанинг яхши харитасини менга ҳадя қилди. Сайёҳлик агентлиги ходимаси (эсимда бор – исми Арина эди) ҳеч ҳам оғринмай ярим кун давомида менга Чимкентга қадар поездга чипта олишимга буюртма беришга ҳаракат қилди. Олма-Ота поездида кетаётганимда, атираулик Қанат исмли йигит мен билан дўстлашди ҳамда сосиска ва чой таклиф этди. Унга ташаккурларимни айтаман.
Мен яна дабдабали савдо марказида (Мега) кечки овқат билан меҳмон қилган ва Олма-Отада кечки сайрга олиб чиққан КИМЭП (Қозоғистон менежмент, иқтисодиёт ва прогнозлаш институти) професссори Ниғмат Ибадулдиндан ҳам миннатдорман. Биз у билан бир марта Торонтдаги конференцияда кўришган эдик. Ниғмат менинг энг яқин дўстларимдан бирига айланиб қолди.
Интервюмни тугатишдан олдин асли келиб чиқиши корейс бўлган қозоқ дўстим, Назарбоев университетининг марҳум профессори София Анга тадқиқотимнинг турли босқичларида кўмак бергани учун чексиз ташаккуримни изоҳор қилмоқчиман. Афсуски, у бир йил олдиy саратон касаллигидан вафот этди. Унинг жияни, Қозоғистонда меҳмон бўлиб турганимда чин маънода меҳмондўстлик қилган Дмитрий Цой энди менинг ҳам тутинган жияним бўлди. У менга кўплаб жойларни, жумладан, Медеу курорти, “Кўчманчи” филми тасвирга олинган маскан, мен боришни мақсад қилган сўнгги жой – Или дарёсини томоша қилдирди. Унинг умр йўлдоши Олга менга энг мазали палов тайёрлаб берди. Сўзимнинг охирида Қозоғистон жону дилимга айланганини айтмоқчиман.