Сурат манбаси: kasugati.ru
Сан-Диего штат университетининг сиёсатшунослик профессори Ахмет Куру 2019 йилда Cambridge University Press нашриётида чоп қилинган Islam, Authoritarianism, and Underdevelopment: A Global and Historical Comparison (“Ислом, авторитаризм ва қолоқлик: Глобал ва тарихий таққослаш”) китобида мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил этувчи 50 та мамлакатдаги авторитаризм ва ижтимоий-иқтисодий қолоқлик муаммоларини муҳокама қилади. Китоб 2 та академик мукофотга сазовор бўлди ва 9 тилга таржима қилинди ёки таржима қилиниш жараёнида. Ахмет Куру CAAN сайтига берган интервюсида қандай омиллар мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи жамиятлардаги умумий қолоқликни, шунингдек, эрта мусулмон Маърифатини тушунтириб бериши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Китобингизда асосий далилда мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи жамиятлардаги умумий қолоқликни ислом дини пешволари (уламо) давлатнинг таркибий қисми бўлгани билан боғлиқ бўлгани айтилади. Шуни яхшилаб тушунтириб берсангиз. Тадқиқотингиз Яқин Шарқ мамлакатлари ва Шимолий Африка мамлакатларига асосланганми? Масалан, Марказий Осиёнинг дунёвий мамлакатларида уламо ва давлатнинг бундай иттифоқи бевосита мавжуд эмас ёки ундай эмасми?
Интервью учун раҳмат, бу менга китобимни Евросиёнинг айрим ҳудудларида, айниқса, Марказий Осиёда тақдим этиш имкониятини беради. Марказий Осиё минтақа сифатида IX – XI асрларда, яъни мусулмон илми ва иқтисодиётининг олтин асрида етакчи рол ўйнаган. Китобимда ўша давр батафсил тавсифланиб, Фаробий, ал-Хоразмий, Ибин Сино, Беруний ва бошқа мусулмон эрудитлари (кенг қамровли билимга эга кишилар) фалсафа, математика, тиббиёт, оптика ва фаннинг бошқа турли соҳаларига илғор ҳисса қўшгани тушунтириб берилади. Ўша олтин даврда мусулмон жамиятларида ҳам қитъалараро савдо-сотиқ қилган, чеклар, тўлов векселлари сингари молия институтларини ривожлантирган тадбиркорларнинг тиниб-тинчимас синфи ривожланган. Ўша мусулмон тараққиёти даврида Ғарбий Европа ҳам илмий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қолоқ бўлган.
Китобимда Марказий Осиёда, Яқин Шарқда ва Шимолий Африкада IX – XI асрлар ўртасида илмий ва иқтисодий тараққиётнинг 2 та ўзига хос хусусияти таъкидлаб ўтилади.
Биринчидан, бундай ривожланишга диний келиб чиқиши турлича – сунний мусулмонлар, шиа мусулмонлари, агностиклар (Худонинг мавжудлигини инкор қилмайдиган, аммо бирор дин вакиллари ёнини олмайдиган кишилар), христианлар, яҳудийлар ва ҳк. – бўлган кишиларнинг бирга саъй-ҳаракатлари шарофати билан муваффақ бўлинди. Мусулмонлар ҳукмронлик қилган, лекин улар бошқалар билан ҳамкорлик қилиш баробарида улардан ўрганган ҳам. Иккинчидан, ўша даврда ислом уламолари билан давлат ҳокимияти ўртасида муайян ажралиш бор эди. Уламоларнинг мутлақо кўпчилиги, жумладан, Абу Ҳанифа, Молик, Шофий ва Ибн Ҳанбал давлат хизматидан воз кечган. Мана шу дин билан давлатнинг ўзаро ажралгани кўп жиҳатдан олтин асрнинг фалсафий динамизмига ёрдам берди.
Шунга қарамай, XI асрдан сўнг Марказий Осиёда, Эронда ва Ироқда кўп даражали эврилишлар бошланди. Ўша вақтдаги иқтисодий таназзул ердан олинадиган даромадлар, “иқто” тизимини тақсимлашнинг марказида давлат турган тизим сифатида институционаллашга олиб келди. Айни пайтда Бағдоддаги Аббосийлар халифалари сунний султонлар ва уламоларни бирлашишга даъват этди. Улар ўша даъват доирасида айрим шиалар, илоҳиёт мутахассислари – муътазалийларни ва файласуфларни эътиқодидан қайтган кишилар деб эълон қилди – улар қатл этилиши керак эди. Ушбу даъват янги ҳарбий куч – яқинда Туркияда қарор топган ва Марказий Осиё, Эрон, Ироқ ва Онадўлининг аксарият қисмида ҳукмронликни қўлга олган Салжуқийлар империясида қабул қилинди. Салжуқлар ярим феодал “иқта” тизимини кенгайтирди, у илгари мустақил исломий уламоларни молиявий жиҳатдан таъминлаб келган савдогарларнинг ижтимоий ролини чеклаб қўйди.
Салжуқларнинг вазири аъзами Низомулмулк молиявий бўшлиқни тўлдириб, “низомия” деб аталган қатор мадрасалар қурдирди. Бу мадрасалар илгари ўзаро рақобатлашган ҳуқуқ ва илоҳиётшунослик мактабларини бирлаштириб, суннийлик ортодоксиясини ўрнатишда ёрдам берди. Улар яна сунний уламолари шиалар ва бошқа “ортодоксал бўлмаган” гуруҳларга қарши давлат билан бирлашди. Яъниким, мен “уламо ва давлат иттифоқи” деб атаган нарса Марказий Осиё, Эрон ва Ироқда Салжуқлар ҳукмронлиги даврида пайдо бўлди. XII – XIV асрларда уламо ва давлат иттифоқининг салжуқча модели Сурия, Миср ва Шимолий Африкадаги сунний давлатларга, айниқса, Мамлуклар империясига тарқалди.
XV – XVIII асрлар ўртасида Усмонлилар империяси, Сафавийлар империяси ва Буюк мўғул (Бобурийлар) империяси уламо ва давлат иттифоқининг ўз талқинларини жорий этди. Бу империялар ҳарбий жиҳатдан кучли эди, аммо улар дастлабки мусулмонларнинг интеллектуал ва иқтисодий динамизмини тиклай олмади, чунки файласуфлар ва ҳокимиятдан четда бўлган савдогарлар ролини йўққа чиқариб бўлган эди. Бу ҳам етмагандай, улар матбаа технологиясини 300 йилга яқин ўзлаштира билмади. XIX – XX асрларда Усмонлилар империяси, Миср ва мустамлакага айланган мусулмон мамлакатларида яшаган кўплаб ислоҳотчилар уламо ва давлат иттифоқи мусулмон жамиятлари ривожланишига тўсқинлик қилганини эътироф этган эди. Бироқ уларнинг ислоҳот ўтказишга уринишлари 3 та сабабга кўра амалга ошмади. Биринчиси – уламо кўрсатган қаршилик бўлди. Исмоил Гаспринский ва бошқа жадидлар чор Россиясидаги мусулмонлар таълимини ислоҳ қилишга ҳаракат қилганда, мана шу қаршиликка дуч келди. Иккинчи сабаб барча мусулмон дунёсининг мустамлака этилгани бўлди. Учинчи ва сўнгги сабаб ислоҳотчилар йўл қўйган сиёсий хатолар эди. Ҳатто Усмонлилар империясининг сўнгги йиллари ва республикачилар партиясида ҳам ислоҳотчилар авторитар модернизация сиёсатини ҳимоя қилган ва уламони бюрократлар билан алмаштирган эди. Ислоҳотчилар аслида интеллектуал синф ва тадбиркорлар синфи пайдо бўлишини ёқламаган.
Кўриб турганингиздек, Марказий Осиё эрта мусулмонликнинг олтин даври, XI асрдан сўнг уламо ва давлат иттифоқи пайдо бўлиши ҳамда уламо таъсирига қарши курашишга қаратилган замонавий ислоҳот уринишларини таҳлил қилишим учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мен Марказий Осиёнинг 5 та республикаси ва Озарбайжон уламо расмий ролга эга бўлмаган дунёвий давлат экани ҳақидаги гапингизга қўшиламан. Шунга қарамай, менинг таҳлилим ҳали-ҳамон барча ушбу дунёвий республикалар учун долзарбдир. Китобимда сиёсий, диний, интеллектуал ва иқтисодий синфлар автоном ҳаракат қилиши тавсия этилади – улардан ҳеч бири бошқалари устидан ҳукмронлик қила олмайди. Бундай тизим ижодий интеллектуаллар ва динамик тадбиркорлар юзага келишига сабаб бўлади.
Сиз дастлабки мусулмонларнинг илмий ютуқларини тилга олдингиз. Америкалик олим Фредерик Старрнинг Марказий Осиёда машҳур бўлган “Lost Enlightenment: Central Asia’s Golden Age from the Arab Conquest to Tamerlane” (“Йўқотилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб босқинидан Темургача бўлган олтин асри”) деган китоби бор. Марказий Осиё минтақаси аҳолиси ўтмишда яшаб ўтган кўплаб мусулмон интеллектуалларини ўзиники деб билади. Ўша замонлардан бери юз берган интеллектуал инқироз мўғуллар босқини билан изоҳланади. Аммо айрим олимлар иддаосича, мўғуллар даврида ҳам илмий тараққиёт тўхтаб қолмаган. Китобингизда мўғуллар босқини ҳақида нима дейилади?
Китобимда XII – XIV асрларда мўғуллар босқини ва салибчилар, шунингдек, улар шаҳарларни қандай вайрон қилгани ва кўплаб мусулмонларни ўлдиргани тўғрисида алоҳида боб бор. Мўғуллар ҳам, салибчилар ҳам уламо ва давлат иттифоқига зиддиятли таъсир кўрсатган. Бир тарафдан, Айюбийлар давлатидан бошқа аксарият мусулмон давлатларининг, сўнгра Мисрда Мамлукларнинг ва Марокаш/Андалусияда Берберлар сулоласининг қулаши ўша иттифоқни заифлаштирди. Бошқа тарафдан, мўғуллар ва салиб юришларининг таҳдиди кўплаб мусулмонларни ҳарбий давлатдан босқинчилардан ҳимоя қилар деб паноҳ излашга мажбур қилди, улар қаторига босқин ва хунрезлик оқибатидаги оғир ҳаёт маъносини тушунтириб келган уламо ҳам бор. Бундан ташқари, салибчиларнинг “диний уруш”га асосий эътибор қаратиши мусулмонлар тарафининг шунга ўхшаш кайфияти билан мос тушаётган ҳамда уламо ва давлат иттифоқини янада мустаҳкамлаётган эди.
Қайд этиб ўтганингиздек, мўғуллар босқини иқтисодиёт билан илм-фан учун бир хил баҳолаб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарди. Бир тарафдан, мусулмон савдогарлари Евроосиёнинг бирлаштирилиши туфайли бир талай имкониятларга эга бўлди. Мўғуллар яна, масалан, Марағадаги (Озарбайжон) расадхонага ҳомийлик қилиб, табиий фанлар ҳисса қўшди. Шунга қарамай, умуман олганда, мўғуллар ҳам, салибчилар ҳам кўплаб мусулмон шаҳарларидаги тижорат ва илмий фаолият ёмонлашувига сабаб бўлди. Мўғул босчқинлари, айниқса, кўп зарар келтирди, чунки улар ирригация тизимларини бузиб ташлади ва Марказий Осиёда кўчманчилар чорвачилиги тарқалишига кўмаклашди. 1999 йилда мен Туркманистондаги Кўна Урганчга борганман, одамлар ҳали ҳам шаҳарни мўғуллар бузиб ташлаганини тилдан қўймаётган эди.
Ҳозирги даврга ўтамиз. Сиз жадидлар – Россия империясининг мусулмон модернистларини эслаб ўтдингиз. Марказий Осиё, айниқса, Татаристон Россиянинг интеллектуал ва маданий таъсири сабабли қизиқ намуна ҳисобланади. Шунга қарамай, жадидлар ўртасида буюк интеллектуаллар борлигига қарамай, Марказий Осиё ХХ аср, шунингдек, янги давр бошида улкан тараққиётга эриша олмади, минтақада коррупция, қашшоқлик, таълим тизимининг қолоқлиги ва эҳтимол камроқ зўравонлик қайд этилди. Бундай вазиятда Россия мустамлакачилигининг роли қандай бўлган? Китобингизда Ғарб мустамлакачилиги босиб олган мусулмон жамиятларининг энг биринчи ва асосий муаммоси ҳақидаги фикрга қўшилмаслигингизни таъкидлагансиз. Сиз Марказий Осиё билан боғлиқ вазиятда мустамлакачилик афзалликларини кўряпсизми? Совет Иттифоқи даврида мактаблар қурилган, китобларни таржима қилинган, барча кишиларнинг университетларга қириб ўқиш имкони бўлган. Ғарб мустамлакачилиги бошқа бирор иши билан ном қозонганми?
Биринчидан, авторитаризм ва қолоқликнинг замонавий муаммолари нафақат Марказий Осиёда, қолаверса, мусулмон оламининг барча минтақаларида мавжуд. Мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи 50 та мамлакатдан фақат 5 тасида электорал (бошқарув тизими раҳбарлари сайлаб қўйиладиган) демократия мавжуд. Мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг нисбатан паст даражаси кўзга ташланмоқда, бу аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад (ЯМД), кутилаётган умр узоқлиги, дунёдаги ўртача кўрсаткичлар билан солиштирганда, ўқув йиллари миқдори ва саводхонлик даражаси сингари ижтимоий-иқтисодий мезонларда акс этади.
Ушбу мамлакатларнинг муаммолари бўйича 2 та машҳур далил келтирилади. Китобимда ушбу далилнинг заиф жиҳатлари тушунтирилади. Ислом динини тараққиётга тўсқинлик қилишда айблаш, илк даврларда яшаган мусулмонларнинг илмий ва ижтимоий-иқтисодий ютуқларини ҳисобга олсак, далил бўла олмайди, бу ҳақда юқорида гапириб ўтдик. Бундан ташқари, мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи 50 та мамлакатнинг сиёсий режимлари ва ижтимоий-иқтисодий шароитлари ўртасида фарқ борлиги кўзга ташланмоқда.
Бошқалар мустамлакачиликни айблайди. Сиз одилона таъкидлаганингиздай, китобимда ҳам ушбу далилга танқидий кўз билан ёндашилади. Вақт нуқтаи назаридан мусулмон оламининг илмий ва иқтисодий турғунлиги Ғарб мамлакатлари ёки Россия мусулмонлар ерларини ҳамма жойда мустамлакага айлантиришга ўтган XVIII асрдан анча олдин бошланган эди. Таққослаш учун Осиё ва Африканинг бир қанча мустамлакачиликни бошидан кечирган мамлакати тараққиёт ва/ёки демократлаштиришга эришганини айтиб ўтиш жоиз, бу ҳол мустамлака ўтмиши ривожланиш ва демократлаштиришга тўсиқ бўла олмайди.
Бундан маълум бўляптики, менинг Ғарб ва Россия мустамлакачилиги ҳақидаги умумий фикрим, албатта, салбий. Мен китобимда мустамлакачилар Америка, Африка ва Осиё ресурсларидан қандай фойдаланганини ҳужжатлар билан кўрсатиб берганман. Улар миллионлаб африкаликларни қул қилди ва миллионлаб америкаликларни ўлдирди. Уларнинг мусулмон дунёсига ҳам умумий таъсири ўта салбий бўлди. Мустамлакачилар ҳатто бир неча мактаб ёки университет қурган бўлса ҳам, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйган.
Ниҳоят, сиз мусулмон жамиятларидаги секуляризм келажагини қандай тасаввур қиласиз? Ёш авлоднинг уламо ва давлат боғлами ҳақидаги фикри қандай? Биз муҳокама мавзуси сифатида олишимиз мумкин бўлган қандайдир ўтказилган сўров натижалари борми? Сиз ислом динини ҳар қандай ислоҳ қилиш истиқболига қандай қарайсиз?
Мураккаб саволларингиз учун раҳмат. Бу саволингизга қисқа жавоб беришимга ижозат этсангиз. Агар биз секуляризмни дин билан давлатнинг бир-биридан конституцион ажратилиши деб олсак, бу ҳам дин, ҳам давлат учун фойдалидир. Уларнинг ўзаро иттифоқи коррупция, адолатсизлик ва авторитаризмни болалатиб юборади. Агар дунёвий ҳаёт тарзи ҳақида гап кетса, сўнгги бир неча сўровлар Туркия, Эрон ва бир қанча араб мамлакатларидаги ёшлар дунёвийроқ бўлиб бораётгани, диндорлиги камаяётганини айтиб ўтиш жоиз. Бу ўша мамлакатларни турли даражада исломий ҳукуматлар бошқараётган пайтда юз бермоқда. Аслида ушбу иккита ҳодиса ўзаро боғлиқ: ёшлар исломий режимларга муносабат билдириб, бунда динни айбламоқда.
Мен ислом дини барча муаммоларни ҳал этиши мумкин, деган исломий кўз қараш муваффақиятсизликка учрганини тан олиш зарур, деб биламан. Ислом дин сифатида замонавий жамият ахлоқига ҳисса қўшиши мумкин. Лекин ислом дини мусулмонларнинг барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолари ечими эмас. Бошқача айтганда, ислом динини давлатдан ажратиш учун ислоҳот ўтказиш зарур бўлади.
VIII ва XI асрлар ўртасида исломий ва давлат ҳокимияти ўртасида муайян ажралиш бор эди. Агар мусулмонлар ўша даврнинг турли-туманлиги ва ижодиётидан сабоқ ола билса, илмий ва иқтисодий ютуқларини яна такрорлаши мумкин. Мен мусулмонларга Ғарб намуналарига тўлиқ тақлид этишни тавсия қилмайман; бунинг ўрнига уларга бир нарсага олдиндан билмай туриб, ёмон кўз билан қарамасликни, динамизм ва иш унумдорлигига интилишни тавсия этаман.