Сурат манбаси: golosameriki.com
Ушбу мақола Anhor.uz нашрида эълон қилинган, қуйида уни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан солиштирганда Ўзбекистонда COVID-19 туфайли ўлим ҳолатлари кўрсаткичи паст. Мазкур мақолада ўлим ҳолатларининг аксарияти қайси касалликлар бўйича қайд этилгани ва бундан ким манфаатдор эканлиги кўриб чиқилади.
Covid-19 пандемияси – кўпнинг бошига келган фожиа. Пандемия 2020 йилнинг ёзида авж олди. Расмий маълумотларга кўра, республикада суткасига минг нафарга яқин коронавирусга чалинганлар ва кунига ўртача ўнлаб ўлим ҳолатлари қайд этилган. Шифохоналар тўлиб кетди, тез ёрдам машиналари шаҳар бўйлаб тўхтовсиз қатнади, дорихоналарда эса кўпроқ вирусга қарши препаратлар танқислиги кузатилди.
Ўзбекистонда Covid -19 га чалиниш бўйича илк ҳолат 2020 йилнинг 15 март куни аниқланган эди. Шу куни ҳукумат барча мактабгача таълим муассасалари ва ўқув масканларида карантин эълон қилди, оммавий тадбирлар бекор қилиниб, хорижий мамлакатлар билан транспорт алоқаси тўхтатилди. Коронавирус туфайли ўлим ҳолати биринчи бор 27 март куни қайд этилди.
Пандемия пайтида мамлакат соғлиқни сақлаш тизими дуч келган коллапсга қарамай, Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботига кўра, 2020 йили ўзбекистонликлар Covid-19 туфайли кўп вафот этмаган. Аммо пандемия бошланиши билан мамлакатда ўлимнинг асосий сабаблари бўйича леталлик авж олди.
Маълумотнома: Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, асосий ўлим сабаблари – қон-томир тизими, нафас аъзоларининг касалликлари, айрим инфекцион ва паразитар касалликлар, қандли диабет, ОИВ бўлган.Инфекцион касалликлардан ўлим ҳолатлари энг кўп кузатилди – у уч баробардан кўпроқ ошган. Нафас аъзолари касалликларидан ўлим ҳолатлари деярли икки баробар ўсган. Диабет туфайли эса ўлим кўрсаткичи – учдан бир қисмга ошган.
2020 йил учун прогноз COVID-19ни ҳисобга олмаган ҳолда 2017 йилдан бошлаб, ҳар бир ойдаги ўлим ҳолатлари бўйича маълумотлар асосида амалга оширилган. Жадвалда ўлим ҳолатларининг асосий сабаблари бўйича динамика келтирилган, унда реал динамика прогнозга нисбатан юқорироқ. Таҳлил бўйича тўлиқ маълумотлар қуйидаги ҳаволада.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, кўп ҳолларда коронавирусдан ўлим ҳолатлари сурункали касалликлари бор кишиларда кузатилган. Диабет, юрак қон-томир тизими касалликлари, сурункали ўпка касалликлари, инфекцион касалликлар, ОИВ каби ёндош хасталиклар касалланишнинг оғир ривожи ва ўлим ҳолати хатари омили сифатида қайд этилади.
Маълумотнома: ЖССТ COVID-19дан ўлим ҳолатлари қуйидагича ҳисобга олинишини тавсия этади: агар вирусга чалинган киши вафот этган бўлса, унинг ўлими статистикага киритилади. Ўлим ҳолати яққол бошқа муаммо (масалан, киши йўл-транспорт ҳодисасига учраган ёки унда ёрдам бериб бўлмайдиган саратоннинг терминал босқичи бўлса) билан боғланган бўлсагина бу тамойилдан четга чиқиш мумкин.
Ўтган йили сентябрь ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг ҳокимиятга ва Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун кўрилаётган чоралар самарадорлиги билан боғлиқ масалаларга ишонмаслик даражаси ўсганини кўрсатган эди. Ҳукуматга қилинган мурожаатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) кундалик ҳисобот билан чекланган ҳолда ўлим ҳолатлари ҳақидаги умумий ахборотни бермаётгани, шунингдек, пневмония ва ушбу касалликдан ўлим ҳолатлари бўйича статистика билан боғлиқ вазият ноаниқлигича қолаётгани кўрсатилган.
Ҳаракат иштирокчиларининг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев аввал ҳам ҳокимлар ва раҳбарларни коронавирусга чалиниш бўйича реал рақамларни яшириш жиноий жавобгарликкача бўлган жазога олиб келиши ҳақида огоҳлантирган эди. Зеро, ҳаққоний, холис ва тезкор ахборот фуқароларга асосли қарор қабул қилиш ва ўз соғлиғи ҳамда атрофдагиларнинг саломатлигини асрашга масъулият билан ёндашиш имконини беради.
2020 йилнинг июль ойида ССВ ҳудудлар бўйича батафсил статистикани чоп этишни тўхтатди. Шунингдек, вафот этганларнинг жинси, ёши, исм-шарифи ва яшаш жойи ҳам кўрсатилмайдиган бўлди. Кейинчалик айрим нашрлар ССВ коронавирусдан уйда даволанаётганларнинг статистикасини юритмаётгани ва пневмония ҳолатларини қайд этмаётганини ҳам кўрсатиб ўтди. Кундалик статистикада тақдим этилаётган маълумотлар суткалик умумий касалланишлар сони ва ўлим ҳолатлари сонидан иборат бўлиб қолди.
«Юксалиш» ҳаракати иштирокчилари “ёпиқлик, сукут сақлаш ва турлича маънолилик одамлар орасида ваҳималар, уйдирмалар тарқалиши, фейклар кўпайишининг асосий омилига айланмоқда”, деган хулосага келишди.
Тошкент Вирусология ИТИ маълумотлар жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги билан ўртоқлашади. Улар пандемияни идрок қилишга реал таъсир кўрсатиши мумкин эди ва эҳтимол, бу кимнидир ниқоб тақишга ва эмланишга ишонтирган бўлар эди. “Бир томондан, ССВ пандемия устидан ғалаба қозонилганини таъкидламоқда, шифокорлар эса нега одамлар эмланиш учун навбатда турмаётганидан ҳайрон ”, дея қайд этади тиббиёт вакиллари.
Нега мамлакатлар COVID-19 туфайли ўлим ҳолатлари бўйича реал статистикани яширмоқда?
Инсонни тадқиқ қилиш ва ривожлантириш маркази директори, психотерапевт шифокор Азизбек Болтаев соғлиқни сақлаш тизими коронавирус ҳақидаги маълумотларни чоп этишда ҳал қилувчи ролга эга эканини ва ССВга тиббиётга доир бирор нарса ҳақида ёзишни ҳеч ким таъқиқлай олмаслигини қайд этади.
Шунингдек, экспертнинг сўзларига кўра, маълумотларни яширишнинг салбий оқибатлари ҳам бор – ҳукумат вирус хавфини англамаяпти ва қатъий карантин чораларини жорий этмаяпти. Аҳоли коронавирусни катта таҳдид сифатида баҳоламаяпти: одамлар ниқоб тақмаяпти ва эмланишга шошилмаяпти. Шу тариқа касалланиш даражаси ва соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юклама ортмоқда.
Ўзбекистон молия вазирининг собиқ биринчи ўринбосари, иқтисодий шарҳловчи ва мустақил эксперт Абдулла Абдуқодировнинг фикрича, реал рақамлар яширилишининг асосий сабаби – бу мамлакатларнинг пандемия ва унинг оқибатларига қарши курашиш учун қарз маблағларини ажратаётган халқаро молиявий ташкилотлар олдидаги қарз мажбуриятларидир.
Ўзбекистон молия вазирлигининг мутахассиси Азамат Нурбеков мамлакатлар маълумотларни яширишининг бошқа томонини ҳам қайд этади. Унинг сўзларига кўра, коронавирусдан ўлим ҳолатлари бўйича статистика халқаро майдонда мамлакат имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкин:
«Ҳозир мамлакатимиз янги ислоҳотлар босқичида турибди, шу боис, молиявий-иқтисодий кўрсаткичлардаги ҳар қандай ўзгариш мамлакатнинг катта хорижий инвестициялар учун жозибадорлигига таъсир кўрсатиши ҳамда “Янги Ўзбекистон”нинг имижига путур етказиши мумкин».
Ўзбекистонда Covid-19 га чалинган беморларни даволаш кимнинг ҳисобидан амалга оширилмоқда?
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган бир нафар беморни даволаш қиймати – 32 млн.дан 64 млн. сўмгачадир. Бу хусусда 2020 йилнинг апрель ойида ўтказилган брифингда собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилган эди. «Айтиш жоизки, коронавирусга чалинган ёки ушбу касалликка гумон қилинган беморларни даволаш ҳамда карантинга жойлаштирилганларни парваришлаш давлат маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилади», дея таъкидлаган ўшанда ССВ вазири.