Сурат манбаси: dw.com
“Эндигина 16 ёшга кирган қиз эдим. Кунларнинг бирида умумий тиббий текширув учун шифохонага боришимга тўғри келди. Асосий тестлардан ўтишим кераклигини айтишди. Шифокор таҳлил натижасини олгач, ОИВ билан касалланганим ҳақида огоҳлантирмаганим сабабини сўраб, менга савол берди. Табиийки, ҳайрон бўлдим, тушунмовчилик, бу, деб ўйладим. Кейин билсам, шифокор янглишмаган экан, менда ҳақиқатан ҳам, одам иммунитети танқислиги вируси (ОИВ) аниқланибди. Ўша куни онам билан эдим. Бизни ОИТС марказига юборишди. У ерда мутахассислар ҳаммасини тушунтиришди, агар мунтазам равишда шифокорлар кўригидан ўтиб турсам (у пайтлар оммавий даволаш йўқ эди), ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Шифокор онамга ҳам болалар боғчасида ишлашда давом этиши мумкинлиги айтди. Хуллас, ОИТС маркази мутахассислари бизга оптимистик руҳда тавсиялар бериб, руҳан қўллаб-қувватлашди.
Отам касаллигим ҳақидаги хабарни хавотир билан қабул қилар экан, доим ёнимда эканини, аввалгидан ҳам кўпроқ меҳр беришини айтди. Катта акам эса йиғлаб-сиқтасам, “жиннивой” дея эркалаб, касаллигимдан фожиа ясамаслигим кераклигини гапирди, далда бўлди. Ташхисдан сўнг оиламнинг ғамхўрлиги ва шифокорларнинг малакали тиббий ёрдами касалликка нисбатан бир умр тўғри муносабатда бўлишимга замин яратди. Мен ҳеч қачон бошқа ОИВ-мусбат одамлардан фарқли ўлароқ, ўзимни жирканч ҳисобламаганман, ташхисимдан уялмаганман ҳам. Менимча, биринчи профессионал маслаҳат ОИВ билан касалланган кишининг хасталикни қандай қабул қилиши, келажакда қандай яшашини белгилаб берувчи муҳим омил. Ҳатто ташхис ҳақида хабар бераётган шифокорнинг овоз интонацияси ҳам бу борада ўта муҳим аҳамиятга эга. Мен бугун ОИВ билан касалланган одамларнинг атроф-муҳит уларга қандай даҳшатли муносабатда бўлиши ҳақидаги ҳикояларини эшитсам, ҳайратдан лол қоламан. Аввало, ҳар биримиз шуни яхши тушунишимиз керакки, ОИВ инфекцияси – сурункали касаллик бўлиб, даволаш ва профилактика қоидаларига риоя қилинган тақдирда беморнинг ҳам, унинг ён-атрофидагиларнинг ҳам ҳаёт сифатига таъсир кўрсатмайди. Баъзан мени қоралашади: “ОИВ қўрқинчли эмас, дейиш нотўғри, агар одамлар қўрқишмаса, улар ўзларини инфекциядан ҳимоя қила олмайдилар”. Мен эса бу фикрга қўшилмайман, қўрқув касалликнинг олдини олишда ишончли усуллардан бири бўлиши мумкин эмас”.
Бу Санкт-петербурглик YouTube-влогер, ОИВга чалинган бемор, “Е.В.А” нодавлат тармоқ ташкилоти координатори Мария Годлевскаянинг сўзлари. У қисқа видеолар форматида ОИВ билан қандай қилиб сифатли ва тўлақонли ҳаёт кечириш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беради. Мария ҳеч қачон ўзини касалманд ҳис қилмаган, ОИВга чалинганидан орланмаган. Бунинг ўрнига у хасталик ҳақида кенг тушунча ва билимга эга бўлди, ўз вақтида шифокор қабулига бориб турган бемор ҳеч бир чекловларсиз тўлақонли турмуш кечириши мумкинлигини англади. Ва ижтимоий тармоқдаги канали орқали буни бошқаларга ҳам тушунтирмоқда.
Аслида ҳам, Мария бунга ҳақли. Зеро, сўнгги йилларда ОИВ инфекциясини даволаш борасида катта ютуқларга эришилди. Бундан бир неча ўн йиллар аввал муқаррар ўлим билан тугайди, деб ҳисобланган мазкур хасталик энди тиббиётнинг тўлиқ назорати остида. Бугунги кунда ОИВ билан хасталанган киши вақтида даволанишни бошласа, доимий тиббий кўриклардан ўтиб турса, ҳамма қатори умр кўриши, оила қуриши, соғлом фарзандларни дунёга келтириши мумкин. Бироқ, афсуски, жамиятнинг ОИВ беморларига нисбатан муносабати уларни даволаш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан устун келмоқда. Маълумотларга кўра, ОИВ беморларининг аксарияти бошқалар билиб қолиши хавфи мавжудлиги боис, тиббий муолажа олишдан қўрқишади. Бу қўрқув жамиятда касаллик ҳақидаги тушунчаларнинг етарли эмаслиги, маълум стреотиплар шаклланиб-қотиб қолганлиги ҳамда ОИВ ҳақида ахборот танқислиги мавжудлигидан далолатдир. Тиббиёт ОИВ билан фаол курашмоқда, йилдан-йилга унинг хавфини камайтириш бўйича муваффақиятларга эришмоқда, аммо кенг жамоатчиликнинг бу борадаги тушунчалари орқада қолиб кетяпти. Биз қуйида сизга тақдим қиладиган ҳикояларда тиббиёт эришган ютуқлар сабаб, ОИВ ташхиси билан узоқ йиллардан буён яшаб келаётган ва рисоладагидек ҳаёт қуриб, оилали, фарзандли бўлган, касбида ютуқларга эришиб келаётган юртдошларимизнинг ўзлари ҳақидаги ҳикояларини тақдим этмоқчимиз. Улар Мариядан фарқли ўлароқ, вирусга чалинганликларидан уялишади.
Манба: gazeta.uz
Аҳрор, 46 ёш: “Ҳамма азоблар рўйхатга олинганимдан кейин бошланди”
– Менга ОИВ ташхиси қўйилган кун шифокор шундай деди: “Аввал сизни вилоят ОИТСга қарши кураш марказида рўйхатга оламиз, ундан кейин сиз ҳақингиздаги маълумотларни ўзингиз яшаётган туман тиббиёт бирлашмаси бош инфекционистига юборамиз, у ҳам рўйхатга олади, сўнг маълумотларингиз оилавий поликлиникага юборилади, улар ҳам сизни рўйхатга олади. Хавотир олманг, ҳамма маълумотларингиз сир сақланади”. Бу сўзларни тингларканман, хаёлимда бир савол айланарди: бутунбошли вилоятнинг тиббиёт тизими бундан хабардор бўлса, қандай қилиб маълумотлар сир сақланиши мумкин?! Мен вирусни юқтириб олишдан ҳам кўра кўпроқ ОИВга чалинган деган “тамға”ни олганимдан ва шу муносабат билан рўйхатга киритилганимдан азият чекдим, руҳан сиқилдим, хавотир ичида яшадим. Шукурки, соғлиғимда ҳеч бир муаммо йўқ, шифокор айтган дориларни қолдирмай ичиб, тиббий текширувларга мунтазам бориб тураман. Фақат одамларнинг менга муносабатидан, касалимни тушунмаслигидан, мен туфайли оилам азият чекишидан қўрқаман. Қанийди, бизда ҳам чет элдагидек ҳамма нарсани тўғри қабул қилишса, бемор ва унинг оила аъзоларидан жирканишмаса…
Арарат, 26 ёш: “Стигма ва дискриминациянинг асоси нима эканини биламан”
– Агар мендан ОИВга чалинган бемор учун стигма ва дискриминациянинг асоси қаерда, деб сўрашса, шубҳасиз, “рўйхатга олиш тизимида”, деб жавоб берган бўлардим. Тўғри, ОИВ билан яшаётганларни рўйхатга олиш бошқа соғлом кишиларнинг хавфсизлиги учун муҳим, қолаверса, ушбу вирус билан яшовчиларнинг саломатлигини сақлаш ҳам шунга боғлиқ. Бироқ Ўзбекистон шароитидаги қайта-қайта рўйхатга олиш ва уни бир неча босқичларда бажариш беморни маънан- руҳан эзади, қолаверса, у ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши даражасини пасайтиради, зеро, кўпчилик билган маълумот ҳеч қачон сирлигича қолмайди. Мен тез орада Ўзбекистонда ҳам рўйхатга олиш бўйича ягона марказлашган тизим шаклланиши, маълумотларнинг фақат битта муассасада, яъни вилоят ОИТСга қарши кураш марказида сақланишини истардим. Беморнинг ОИВга чалингани ҳақидаги маълумотнинг туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий поликлиникага тарқатилишида ҳеч бир мантиқ кўрмаяпман.
Шерзод, 38 ёш: “Ҳаётимни издан чиқарган ҳамшира”
– Тиббий таҳлилим натижаси ОИВ-мусбат эканини билганимдан сўнг мен учун энг катта муаммо ва қўрқув рўйхатга олинишим бўлди. Бу ҳақида онам, яқинларим билиб қолишидан қаттиқ хавотирда эдим. Уларга касалим ҳақида ҳеч қачон гапирмасликка қарор қилгандим. Бироқ, ўзим яшаб турган маҳалладаги поликлиника ҳамшираси мени рўйхатга олиш учун уйимизга излаб келгач ва онамга бу хабарни “катта ҳамдардлик” билан етказгач, ҳаётим тубдан ўзгариб кетди. Онам ва опаларим мени уйдан ҳайдашди. Мана, сизга кўппоғонали рўйхатга олишнинг натижаси! Агар рўйхатга олиш шаҳар босқичи билан барҳам топганида эди, оила аъзоларим менинг вирусга чалинганим ҳақида ҳеч қачон билишмас ва ҳозир ўз уйимда, яқинларим ёнида яшаётган бўлардим. Ўн икки йилдан буён ОИВ билан умр кечираётган бўлсам, бу вақт ичида бировдан кам бўлмадим, ҳавас қилса арзирли ҳаёт қуришга эришдим, оилам, соғлом фарзандларим, мартабам ва тўкин ҳаётим бор. Фақат онам, жигарларимни соғинаман, уларни эсласам, юрагим оғрийди.
Сурхондарё вилояти Шеробод тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори: “Беморни рўйхатга олиш ҳеч бир муаммога сабаб бўлмайди”
– ОИВ аниқлангач, беморнинг диспансер рўйхатига қўйилиши унинг учун ҳеч бир муаммони келтириб чиқармайди, аслида. Муаммо одамларнинг бу борадаги билим ва тушунчалари жуда ҳам озлигида. Даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини таъминлайди. Вирус аниқланганда улар билан дастлабки ва кейинги маслаҳатлашув белгиланган стандартлар бўйича юқори малакали мутахассислар иштирокида амалга оширилиб, тиббий консультация тўғрисидаги маълумотлар даволаш-профилактика муассасасида очилган тиббий ҳужжатга ёзиб қўйилади. Бу тиббий варақа беморнинг ўзи ва унинг ишончли вакилларидан ташқари ҳеч кимга кўрсатилмайди. Даволаш-профилактика муассасасининг тиббиёт ходимлари ОИВни юқтириб олган шахсни даволаш ва профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда шифокор сирини сақлаб, унга нисбатан инсонпарварлик билан муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Беморнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўйилмайди. Тиббий текширув натижалари шифокор сири ҳисобланади ва уни бемор ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмайди.
Жўрабек, 42 ёш: “Муолажалар – замонавий, тушунчалар – ҳамон эски”
– Мен ўн йилдан зиёд вақт давомида ОИВ билан яшаб келяпман. АРТ муолажасини мунтазам олаётганим учун ўзимни соғлом ҳис қиламан. Ва бугун тушунаманки, ОИВ билан яшаган инсон кучлидир, иродалидир. Касаллик аниқланди дегани ўлим билан юзлашиш дегани эмас, буни бемор касаллик билан яқиндан танишгач тушунади. Лекин у ҳақидаги ахборот жуда озлиги ва аллақачон маълум стереотипларнинг жамиятда шаклланиб бўлгани ёмон, ОИВ ҳақидаги тушунчалар эса ҳамон эски. Ўйлаб қарасак, COVID-19 пандемияси даврида ҳам ахборот етишмовчилиги сезилди. Жаҳондаги бир гуруҳ олимлар ОИВ беморларининг COVID-19 ни юқтириш даражаси уларнинг CD4 ҳужайралари сонига боғлиқ экани ва улар ҳам хавф гуруҳига кириши ҳақида гапирган бўлса, яна бир гуруҳ олимлар АРТ муолажаси сабаб, ОИВ беморларида бу касалликни юқтириш хавфи паст деб баҳолади. Жаҳон бўйича тақдим қилинган статистикада ҳам ОИВ беморларининг COVID-19 дан ўлим даражаси жуда паст эканлигини билиш мумкин. Менимча ҳам шундай, ҳеч бир ваҳимага ҳожат йўқ. Одам иммунитети танқислиги вируси ҳам бошқа сурункали касалликлар сингари даволаниш ва одатий ҳаёт кечириш мумкин бўлган касалликдир. Фақат у ҳақида етарли тушунча ва тасаввурга эга бўлиш керак, холос.
Дарҳақиқат, коронавирус пандемиясининг дастлабки вақтларида у ҳақидаги ахборот етишмовчилиги сабаб, ҳамма бир-биридан қўрқиши, ўзаро ишончсизлик ҳолатлари ортиб борди, бутун жаҳонда хитойликларни айблаш, уларга нисбатан дискриминация юзага келди. Тез орада касаллик ҳақидаги ахборотнинг кўпайиб бориши ваҳима ва хавотирларга барҳам берди. Бугун ҳамма – каттаю кичик бу вирус ҳақида билади ва билим сабаб, ундан самарали ҳимояланиш усуллари барчага аён. ОИВ билан-чи? Йўқ, у билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Тўғри, вирус ҳақидаги маълумотлар ўтган асрнинг 80-90 йилларидагига нисбатан ҳозир кўп, бироқ етарли деб бўлмайди. Бу касаллик тўғрисида шаклланган нотўғри тушунчалар, уни назорат қилиш борасида тиббиёт эришаётган ютуқларни билмаслик ОИВ беморларининг руҳий ҳолатини ҳам, уларнинг ён-атрофидаги муҳитни ҳам оғирлаштиради. Айниқса, бу борада ўзбек контенти ҳамон заифлигича қолаётгани ачинарлидир.
Муаллиф: Шавкат Икромов