Сурат манбаси: phys.org
Муаллиф: Наргиза Умарова
Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер тенгликни таъминлаш Ўзбекистон ички сиёсий концепциясининг устувор йўналишлари қаторига киради. Бугунги кунда мамлакат академик доираларида аёлларнинг ўрни ва мавқеини ошириш, янги авлод олималарини тарбиялаш ҳамда истиқболли лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Кўзланган мақсад-вазифаларга эришиш эса илм-фан соҳасини ислоҳ этиш масаласига тизимли ёндашувни талаб қилади.
Ҳозирча бу борада ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Ўзбек хотин-қизларининг илмий салоҳияти, уларнинг халқаро миқёсда ўзини намоён этиши ҳамда рақобатлашишига тўсқинлик қилаётган омиллар хусусида “Олима аёллар учун илмий лаборатория” (HIVE) лойиҳаси муаллифи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти Рауф Салохўжаев билан фикрлашдик.
– Ўзбекистонда аёлларнинг академик фаоллиги ҳақида нима дея оласиз?
– Аввало, айтиш керак, мамлакатимизда нафақат илмий муассасалар, балки олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар ҳам олим, деб юритилади. Яъни университет ўқитувчиси бир вақтнинг ўзида дарс бериши ва илмий изланишлар олиб бориши мумкин. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда аёл тадқиқотчиларнинг салмоғи оз эмас. Бироқ раҳбарлик лавозимларида улар деярли кўрсатилмаган.
Энди академик фаоллик масаласига келсак. Дунёда тартиб-таомил шундайки, университетда ишлаётган педагог мунтазам равишда илмий маҳсулот яратмаса, олимликка даъво қилолмайди. Ҳатто фан доктори ёки профессор бўлса ҳам! Халқаро маълумотлар базаларида индексацияланувчи илмий журналларда мақола чиқариш илм-фандаги пешқадамликнинг дастлабки ва асосий шартидир. Академик мобиллик худди шу мезон билан ўлчанади. Ижтимоий фанлардан мана шу талабга жавоб бера олаётган тадқиқотчиларимиз, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ниҳоятда кам. Аниқ ва табиий фанларда вазият бирмунча яхши.
– Хўш, муаммо нимада?
– Ўзбекистонлик олимлар республика, нари борса, Ҳамдўстлик мамлакатларида тарқатиладиган илмий нашрларда мақола эълон қилишга одатланиб қолган. Халқаро журналлар билан ҳамкорлик қилишини эса аксариятининг инглиз тилини талаб даражасида билмаслиги қийинлаштирмоқда. Бу совет давридан давом этиб келаётган “анъана”. Ваҳоланки, 1992 йилдан кейин мамлакатимиз жаҳонга очилди. Энди маҳаллий академик доиралар ўзининг тор қобиғидан чиқиб, жаҳон олимлари билан рақобатга киришиши зарур. Бунга вақт керак, албатта. Ҳозир ўтиш давридамиз. Ўтган йили Ўзбекистон “йиртқич” журналларда чоп этилган мақолалар сони бўйича етакчи позицияни эгаллагани ҳам фикримни тасдиқлайди.
Ўн йил аввал Хитойда ҳам шундай муаммо бор эди. Давлатнинг истиқболли илмий тадқиқотларни муносиб рағбатлантириш механизми эвазига эндиликда бу мамлакат нуфузли илмий журналларда эълон қилинаётган мақолалар сони бўйича жаҳонда пешқадамлик қилмоқда (ҳадемай, АҚШдан ўзиб кетса ҳам, ажаб эмас!). Топ журналдаги ҳар бир мақола учун хитойлик олим ҳукуматдан 20-30 минг долларгача мукофот олади. Мана буни чинакам мотивация деса бўлади.
Ўзбекистонда ҳам илм аҳлини, биринчи навбатда, моддий рағбатлантириш керак. Турли фан соҳалари бўйича мукофотлар таъсис этиш мумкин. Менимча, бу масалага индивидуал тарзда ёндашилгани маъқул. Нега, масалан, ҳозир давлат илмий грантлари фақат олимлар жамоасига ажратилади? Ахир, олимнинг ўзи ҳам молиявий кўмак олишга ҳақли-ку.
– Ўтиш даврида олимлар, хусусан, аёлларимизга яна қандай қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келмоқда?
– Жаҳон илм-фанида рақобатлашиш учун инглиз тилини мукаммал билиш керак. Илмий мақола ёзишда тил ва услубга доир қатъий талаблар бор. Халқаро илмий журналлар қуруқ, техник тилдан аллақачон воз кечиб бўлган. Таҳририятлар ўз нашрининг ўқишли бўлишини, мақолалар наинки олимлар, балки сиёсатчи, бизнесменлар томонидан ҳам ташналик билан мутолаа қилинишини хоҳлайди. Бу эса замонамиз олимлари олдига қўшимча вазифалар қўймоқда.
Кейинги нозик масала илмий тадқиқот олиб бориш усуллари билан боғлиқ. Аниқ ёки табиий фанларда турли кузатув, тажриба экспериментлар асосида илмий хулосага келинади. Лекин ижтимоий фанларнинг табиати бошқачароқ. Иқтисодиёт ёки социология бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари жаҳон илм аҳлининг эътиборига тушиши учун материал ўта юқори савияли таҳлилий характер касб этиши зарур. Яқин вақтгача ўзбекистонлик олимлардан бундай кўникма талаб қилинмасди.
Ҳар қандай ихтиро ёки кашфиёт замирида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган оригинал ғоя ётади. Аслида илм-фанинг бирламчи вазифаси ижтимоий ҳаётдаги муаммоларга ностандарт ечим топишдан иборат. Афсуски, ҳалигача олимларимиз асосан локал, яъни мамлакат ичидагина долзарб бўлган масалалар ечими устида бош қотириб келмоқда. Албатта, бу мавзулар ҳам керак. Аммо энди маррани юқорироқ олиш зарур. Акс ҳолда, жаҳон илм-фанидан орқада қолиб кетаверамиз. Шусиз ҳам жуда кўп вақтни бой бердик. Илмий тафаккурнинг трансформациясига яна камида 5-6 йил талаб қилинади.
Хитой тажрибасига қайтаман. Бу давлат дунёдаги етакчи илмий марказлардан энг номдор олимларни маҳаллий лабораториялар ҳамда университетларга жалб қилган. Уларнинг орасида бир пайтлар бошқа юртларга кўчиб кетган асл хитойлик маърифатпарварлар ҳам бор эди. Илмий коллаборация ҳисобига Хитой олимлари бебаҳо тажриба орттирди. Мамлакатнинг илмий салоҳияти жадал суръатларда юксала бошлади. Назаримда, биз ҳам янги авлод олимларини тарбиялашда шу усулини қўллаганимиз маъқул.
Яна бир гап. Ўзбекистондаги олий таълим тизими ниҳоятда бюрократик. Профессор-ўқитувчилар кераксиз юкламалар билан кўмиб ташланган. Натижада уларда илмий фаолият билан шуғулланишга деярли вақт қолмаяпти. Охирги йилларда давлат олийгоҳларининг бирин-кетин кредит-модуль тизимига ўтказилиши ижобий самара бермоқда. Бундай тизим ўқитувчига семестр давомида неча кун педагогик, неча кун илмий фаолият билан банд бўлишини аниқ ҳисоб-китоб қилиб олиш ҳамда ўз вақтини мустақил тарзда режалаштириш имконини беради.
Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари ўз нуфузини ошириш мақсадида халқаро рейтингларга киришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳам ижобий тенденция. Рейингдаги натижасини яхшилаш учун улар олимларга ўзи устида кўпроқ ишлаб, нуфузли илмий нашрларда мақолалар чоп этишга ундаши турган гап.
– Илм-фандаги раҳбар лавозимлар аёлларга деярли тегмай қолаётгани ҳақида гапирдингиз. Сизнингча, нега бундай ҳолат юз беряпти?
– Гап олима аёлларимизнинг сон жиҳатдан камлиги ёки салоҳиятсизлигида эмас. Бу – аниқ. Аёлнинг IQ даражаси эркакникидан сира қолишмаслиги математик ҳисоб-китоблар асосида фанда аллақачон исботлаб берилган.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг раҳбарликка камроқ тайинланиши объектив омилллар билан боғлиқ.
Бунга кўпинча жамиятдаги стереотиплар сабаб бўлмоқда. Негадир илмий-тадқиқот институти директори, университет ректори, кафедра мудири ёки грант раҳбарлиги аёл кишига оғирлик қилади, деган қараш онгимизга ўрнашиб қолган. Бир ҳисобдан, хавотир ўринли. Чунки фан ва таълим соҳаларида бюрократия гуллаб-яшнамоқда. Даста-даста қоғоз тўлдириш, турли ҳисоботлар топшириш аёл тугул, эркакнинг ҳам тоқатини тоқ қилади.
Касбий юксалишда оиладаги муҳит муҳим роль ўйнайди. Афсуски, илмий иқтидори бор хотин-қизларнинг барчаси ҳам ўзини илм-фанга бағишлолмайди. Чунки жамиятимизда аёл рўзғор учун яратилган, у оилани биринчи ўринга қўйиб, керак бўлса бошқа режа-мақсадларидан воз кечиши зарур, дейдиганлар ҳали ҳам кўп. Тадқиқотчилик эса кишидан ҳазилакам меҳнат талаб қилмайди. Айтайлик, халқаро даражадаги битта илмий мақолани тайёрлашга 6-9 ойгача вақт кетади. Бунинг учун олимда хотиржам ишлашга шароит бўлиши зарур. Тан олайлик, анъанавий ўзбек оилаларидаги бир қатор стереотиплар аёлга мана шундай хотиржамликни таъминлаб беролмаяпти.
Баъзи аёлларни раҳбарлик масъулияти чўчитиб қўймоқда. Кимгадир катта ишларга қўл уришга андиша халақит беради. Эплаб кетолмасам уятга қоламан, одамлар мени калака қилади қабилидаги хавотирли ўй-фикрлар таъсирида олға қадам ташлолмаётган ҳамкасабаларим, афсуски, йўқ эмас. Бундай пайтда уларга далда бериш керак.
Тадқиқотчи хотин-қизлар учун мунтазам семинар-тренинглар ўтказиб келамиз. Айтиш керак, бу аудитория ниҳоятда фаол. Кўплари илмга ташна, янги билимларни ўзлаштиришга ошиқади. Менимча, илм-фанда юксак натижаларга эришиб келаётган олима аёлларни элга танитиш, уларни муваффақият эталонига айлантириш ҳамда ишларини кенг тарғиб қилиш зарур. Масалан, Ўзбекистонда илғор олимлар ёки олима аёллар рейтингини тузиш мумкин-ку. Шу йўсинда илмий журналларда энг кўп мақола эълон қилаётган, халқаро ва маҳаллий грантларда иштирок этаётган тадқиқотчиларни аниқлаб, муносиб рағбатлантирса бўларди.
Умуман олганда, ўтиш давридаги муаммолар вақтинчалик ҳолат бўлиб, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши асносида бартараф этилади. Илмий раҳбар кадрларни танлаш ва тайинлашдаги гендер мувозанатга ҳам худди шу йўл билан эришиш мумкин. Иқтисодий фаровонлик натижасида одамларнинг қўшимча қиймат яратиладиган соҳаларга талаб-эҳтиёжи ҳамда қизиқиши ортади. Келгусида Ўзбекистонда илм-фан энг сердаромад соҳалардан биринига айланишига шубҳам йўқ. Бу олимлар ўртасида жиддий рақобатнинг шаклланишига олиб келади. Аёллар ҳам илмий фаолиятда ўзини жадалроқ намоён этишга, ўз илмий мактабларини яратишга, нуфузли илмий жамоалар ҳамда халқаро грант лойиҳаларига раҳбарлик қилишга интилса, ажаб эмас.
– Аслида илмий фаолиятда гендер тенгликни таъминлаш шунчалик муҳимми? Бундан жамият қандай наф кўради?
– Академик доираларда аёл ёки эркакларнинг миқдорий устунлиги умуман ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Тадқиқотни қайси жинс вакили олиб бораётгани муҳим эмас. Муҳими эришиладиган натижа. Лекин ўша натижага эришиш учун аёлда ҳам, эркакда ҳам бир хил имконият бўлмоғи даркор. Мана бу принципиал масала. Илм-фан ривожи учун масъул амалдорлар уни эътиборсиз қолдирмаслигини хоҳлардим.
Модомики аёллар илмий фаолиятида эркакларга қараганда кўпроқ қийинчиликларга дуч келаётган экан, бунинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш зарур. Масалан, кўпгина хорижий университетларда ходимларнинг фарзандлари учун боғчалар ташкил қилинган. Бу олимга турли ижтимоий масалаларга чалғимай, тадқиқот ишини бафуржа бажариш имконини беради. Илмий фаолиятда жинсий дискриминация муаммосига ҳам самарали ечим топиш айни муддао, назаримда. Мазкур масала юқорида тилга олинган стереотиплар билан жиддий курашишни тақазо этади.
– Хотин-қизларни илм-фанга жалб этишда давлат ҳамда ижтимоий институтларнинг ўрни қандай бўлиши керак?
– Айни чоғда олимларни рағбатлантириш жуда муҳим. Мен, аввало, моддий кўмакни назарда тутяпман. Юртимизда олима аёллар учун нуфузли мукофотлар таъсис этиш, грант ҳамда хорижда стажировка ўташ дастурлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини йўлга қўйишнинг пайти келди. Бу уларнинг академик мобиллигини оширишга хизмат қилади. Илмий тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда ҳам аёлларга кўпроқ эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. Шу мақсадда давлат томонидан алоҳида молиявий манбалар яратилса ёмон бўлмасди.
Ўзбекистонда аҳолининг интеллектуал маҳсулотларга бўлган талабини шакллантириш билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳам бор. Давлат ва жамият ҳаётидаги муаммоларга илм-фангина оқилона ечим топиб бера олади. Демак, олимларнинг меҳнат маҳсулига, аввало, эҳтиёжни пайдо қилиш зарур. Шунда уларнинг жамиятдаги нуфузи ҳамда қадр-қиммати ортади.
Ўз йўналишида салмоқли ютуқларга эришган олимларни эл-юрт билиши ҳамда эътироф этиши лозим. Олимпиада чемпионларига қанчалик ҳурмат-эътибор кўрсатсак, Ўзбекистон номини дунёга танитаётган илм аҳлини ҳам шунчалик ардоқлашимиз шарт. Чунки муайян маррага етиш учун олим спортчидан кам меҳнат қилмайди. Фарқи шуки, у чеккан заҳмату машаққатлар неча йиллардан кейингина ўз ҳосилини беради. Ҳозирги босқичда илм-фанни ижтимоий тараққиёт двигателига айлантириш зарур. Мамлакат ҳаёти ва келажагига дахлдор муҳим қарорлар илмий тадқиқот натижалари асосида қабул қилинса, илмий хулосалар негизида давлат дастурлари, турли стратегия ва “йўл харита”лари ишлаб чиқилса, ушбу мақсадга тўлақонли эришган бўламиз.