Сурат манбаси: РИА Новости / В. Киселев
Муаллиф: Камола Алиева – гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият Марказий Осиё мамлакатлари матбуотининг энг долзарб мавзусига айланди, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар, интернет саҳифаларида Толибон ҳукми остидаги ушбу мамлакат аҳолисида қўрқув ва ваҳима тарқалгани ҳақида ёзилмоқда. Кўпчилик мамлакатда барқарор вазият ўрнатилмагунча эмиграцияни, яъни бошқа давлатларга кўчиб ўтишни афзал кўрмоқда. Тарихда, яъни Толибларнинг 1996-2001 йиллардаги бошқаруви пайтида жамиятдаги аёллар ва қизлар қандай ҳолатга тушганлиги маълум. Аммо, бугунги Толибон илк маротаба жаҳон ҳамжамияти учун матбуот анжумани ўтказиб, мамлакатда хотин-қизлар ўз ҳуқуқларидан шариат қонунлари асосида фойдаланишлари мумкинлигини эълон қилди. Бироқ, хориждаги афғон диаспораси, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари бу сўзларни турлича шарҳлаш мумкинлигини айтиб, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини имкон қадар мазкур масалага қаратишга ҳаракат қилмоқда.
Ушбу мақолада Афғонистондан эвакуация қилинган афғон аёли Суума Аслами билан суҳбат асосида мавжуд вазият таҳлил қилинган.
1996-2001 йилларда Толиблар Афғонистонни эгаллаган даврда хотин-қизларнинг ҳолати
Пуштун тилида “талабалар” деган маънони англатувчи Толибон ҳаракати 1994 йили Афғонистон жанубидаги Қандаҳор атрофида пайдо бўлган. Толибон ҳаракати Совет Иттифоқи ва ҳукумат қулаши ортидан мамлакатни бошқариш учун фуқаролар уруши олиб бораётган гуруҳлардан бири эди. Aфғонистондаги пуштунликларни бирлаштирган ва Мужоҳидларнинг хунрезликларига қарши тура олувчи ягона ҳаракат сифатида оммалашган Толибон қўшни Покистон ва бошқа кучлардан турли манфаатлар эвазига олган сиёсий дастаги эвазига 1996 йили Aфғонистонда ҳукуматни қўлга олди ва Исломий Aмирлик тузди.
1996-2001 йиллар давомида Афғонистонни бошқарган Толибон ҳаракати мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан қатор чекловлар ўрнатди. Масалан,
- Аёллар (аёл муҳандислар, ўқитувчилар ва бошқа соҳа мутахассислари)нинг уйдан ташқарида ишлаши тўлиқ таъқиқланган. Фақатгина Қобулдаги баъзи шифохоналарда бир нечта аёл шифокор ва ҳамширага ишлаш учун рухсат берилган.
- Маҳрам (ота, ака ёки эр каби яқин эркак қариндош) ҳамроҳлик қилмаса, аёлларнинг уйдан ташқарига чиқиши тўлиқ таъқиқланган.
- Аёлларни эркак шифокорлар даволаши таъқиқланган.
- Хотин-қизларнинг мактаб, университет ёки бошқа таълим муассасаларида ўқиши таъқиқланган.
- Аёлларга танани бошдан-оёқ ёпиб турадиган узун вуал (бурқа) кийиш талаби қўйилган.
- Агар аёллар Толибон қоидалари асосида кийинмаган бўлса ёки маҳрамсиз кўчага чиққанлиги аниқланса, уларга нисбатан қамчилаш, калтаклаш ва оғзаки ҳақоратлаш жазолари қўлланган.
- Тўпиқлари ёпилмаган аёллар омма олдида қамчиланган.
- Косметикадан фойдаланиш таъқиқланган. (Тирноқлари бўялган кўплаб аёлларнинг бармоқлари кесилган
- Аёлларга баланд овозда кулиш ва товуш чиқарадиган баланд пошнали пойабзал кийиш таъқиқланган. (Ҳеч бир бегона эркак аёлнинг овозини ва оёқ товушини эшитмаслиги керак)
- Аёлларга маҳрамсиз таксига чиқиш таъқиқланган.
- Аёлларнинг радио, телевидениеда чиқиши ёки ҳар қандай оммавий йиғилишларда иштирок этиши таъқиқланган.
- Аёлларга спорт билан шуғулланиш ёки спорт маркази ёхуд клубига кириш таъқиқланган.
- Аёлларга ёрқин рангли кийим кийиш таъқиқланган. Толибонларнинг фикрига кўра, бундай ранглар “жинсий қизиқиш уйғотувчи” ҳисобланган.
- Аёлларнинг байрамлари ёки ҳар қандай турдаги ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган йиғилишлари таъқиқланган.
- Аёлларга дарё бўйида ёки жамоат жойларида кийим ювиш таъқиқланган.
- “Аёллар” сўзини ўз ичига олган барча жой номлари ўзгартирилган. Масалан, “аёллар боғи” – “баҳор боғи” деб ўзгартирилган.
- Хотин-қизларнинг ўз уйлари балконига чиқиши таъқиқланган.
- Барча уйларнинг деразалари аёллар уй ичкарисидан кўринмаслиги учун мажбурий равишда бўялган.
- Аёлларни суратга ёки тасвирга олиш таъқиқланган.
- Газета ва китобларда нашр қилинган ёки уйлар ва дўконларнинг деворларига осилган аёлларнинг расмлари таъқиқланган ва бошқалар.
Юқорида келтирилган мисолларни хотин-қизлар ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши деб баҳолаш мумкин. Уларнинг баъзиларига алоҳида тўхталмоқчимиз.
Масалан, хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқи ҳисобланмиш таълим олиш ҳуқуқи бўйича Толибон ўрнатган қоидаларга кўра, қиз бола фақатгина 8 ёшга қадар мактабга бориш ҳуқуқига эга бўлган. Аммо, ушбу ҳуқуқ ҳам тўлиқ кафолатланмаган бўлиб, UNICEF ҳисоботига кўра, афғон болаларининг атиги 4-5 фоизи бошланғич мактабда таълим олиш имкониятига эга бўлган, холос. Натижада, 2000 йилга келиб, афғон аёлларининг атиги 12,6 фоизи ўқиш-ёзишни билган.
Бундан ташқари, афғон хотин-қизлари эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Толибон ўрнатган қоидаларга кўра, балоғатга етган хотин-қизларнинг яқин қариндош эркак, яъни маҳрамсиз кўчага чиқиши таъқиқланган. Натижада, оиласидаги эркакни урушда йўқотган аёл ҳаттоки тиббий ёрдам керак бўлса ҳам уйини тарк эта олмаган. Сабаби, бу вазиятда ҳам полиция калтаклаши хавфи мавжуд эди.
Соғлиқни сақлаш бўйича ҳам хотин-қизларнинг ҳолати ачинарли бўлган. Толибон қонунларига кўра, аёлларни фақат аёл шифокорлар даволаши мумкин эди. Афғонистонда хотин-қизларнинг таълим олиши чеклангани сабаб, мутахассис топиш имконияти паст бўлган. Мазкур омиллар туфайли Афғонистонда оналар ўлими кўрсаткичи жаҳонда юқори ўринларни эгаллади.
Аёлларга қарши зўравонлик ва жазо масалаларида ҳам Толибон бешафқатлиги билан машҳур бўлган. Уларнинг жазо турлари сифатида тана аъзолари ампутацияси, калтаклаш, тошбўрон ва оммавий қатл қилишни мисол келтиришимиз мумкин. 1996 йили Қобулда бир аёл тирноғига лак суртгани учун бош бармоғи кесиб ташланган[1]. Худди шу йилнинг декабр ойида аёлларнинг кийиниш қоидалари бузилганлиги бўйича ўтказилган рейдда 225 нафар аёл ушланган ва уларнинг оёқлари қамчи билан саваланган. Бундан ташқари, Толиблар бир аёлни ўз уйида махфий мактаб очиб, болаларни ўқитгани учун, бошқа бир афғон қизини (12 ёшида мажбурий турмушга берилган) 18 ёшида эрининг уйидан қочиб кетгани учун ёки кўплаб аёлларни таъқиқланган меҳнат фаолияти билан шуғуллангани учун аёвсиз жазолаган.
2001 йили Афғонистонда Толибон бошқаруви тугатилди. Келгуси 20 йил давомида Афғонистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги иштироки ва роли сезиларли даражада ошди. Муаллиф ушбу масала юзасидан Афғонистондан эвакуация қилинган Суума Асламига мурожаат қилди.
– 2001 йилдан 2021 йилга қадар Афғонистонда аёлларнинг вазияти қандай эди?
Суума Аслами: – 2001 йили Толибон режими тугагач, Афғонистонда демократик қадриятларга асосланган, Ғарб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган янги сиёсий тизим шаклланди. Аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш масаласи Толибондан кейинги Афғонистон ҳукуматининг кун тартибида турган асосий масалалардан бири эди. 90-йиллар Толибон режими даврида аёллар таълим олиш, меҳнат қилиш, эркин ҳаракатланиш каби фундаментал ҳуқуқлардан маҳрум бўлишган. Аммо сўннги 20 йил ичида хотин-қизлар нафақат асосий ҳуқуқларга, балки сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда иштирок этиш ҳуқуқларига ҳам эга бўлишди. Улар давлат бошқаруви жараёнида сайловлар ва муҳим ҳукумат лавозимларида ишлаш орқали фаол иштирок этишди. Сўнгги 20 йил ичида аёллар 30 фоизга яқин лавозимларни, хусусан, вазирликлар, бошқармалар ва турли ҳукумат позицияларини эгаллашди. Бундан ташқари, Парламентдаги мандатларнинг деярли 30 фоизи аёллар учун ажратилди. Хотин-қизлар эркаклар билан тенг равишда мактаб ва университетларда таҳсил олиб, турли ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жараёнларда фаол қатнашишди.
Масалан, мен сўнгги 11 йил давомида турли халқаро ташкилотлар билан ишладим. Магистратурага қадар эркаклар билан бир том остида таҳсил олганман. Кўплаб ижтимоий тадбирларда иштирок этганман. Бир ўзим, ёлғиз ҳолатда кўп маротаба мамлакатнинг турли ҳудудларига, шунингдек, Афғонистондан ташқарига бориб, турли гуруҳлар ва кишилар билан иш юзасидан учрашганман.
Аёлларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш учун Афғонистон жамиятида уларнинг шахсий ривожланишини чекловчи баъзи ижтимоий-маданий чекловлар ва хавфсизликдан бошқа ҳеч бир тўсиқ йўқ эди.
2021 йилнинг 15 август куни Толибон Афғонистон пойтахти Қобулни эгаллади. Янги Толибон 1996-2001 йилларда давлатни бошқарган Толибондан фарқ қиладими? Улар жаҳон ҳамжамиятига қандай ваъдаларни бермоқда? Қуйида мазкур масалани таҳлил қиламиз.
Янги Толибоннинг хотин-қизларга нисбатан сиёсати: ваъдалар ва реал ҳолат
15 август куни Толибон Қобулни қўлга киритгач, кўплаб қизлар университетлардан эвакуация қилинди, гўзаллик салонларининг эгалари эса салонлар деразасида акс этган аёллар тасвирларини ўчира бошлашди. Мамлакатда бурқанинг нархи кескин кўтарилиши кузатилди: агар ўтган йили нарх 200 афғони (тахминан 2,3 доллар) бўлган бўлса, ҳозир – 2000 дан 3000 афғонигача (тахминан 23-24 доллар) ошди.
Бироқ, Толибон ҳаракати жаҳон ҳамжамияти ва афғон халқини аёлларнинг ҳаёти ўзгармаслигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. 17 август куни ўтказилган матбуот анжуманида Толибоннинг матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид аёллар ҳуқуқларига алоҳида тўхталиб ўтди: “Аёллар масаласи жуда муҳим. Ислом Амирлиги аёлларнинг ҳуқуқларини шариат доирасида ҳимоя қилади. Бизнинг опа-сингилларимиз ва эркакларимиз бир хил ҳуқуқларга эга; улар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Улар бизнинг қоидаларимиз асосида таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда фаолият олиб боришлари мумкин. Улар биз билан елкама-елка ишлайдилар. Агар халқаро ҳамжамият хавотирга тушаётган бўлса, биз уларни аёлларни камситиш билан боғлиқ қонун-қоидалар бўлмайди, деб ишонтирмоқчимиз. Лекин, буларнинг ҳаммаси, албатта, бизнинг қоидалар доирасида. Аёлларимиз мусулмон. Улар ҳам шариат қоидалари доирасида яшашларидан хурсанд бўладилар”, деди Забиҳулла Мужоҳид
– Толибон гуруҳи матбуот котиби “аёлларга шариат қонунлари доирасида турли соҳаларда ишлаш, ўқиш ва бошқа фаолият билан шуғулланишга рухсат берилади” деди. Бу хусусда қандай фикрдасиз?
Суума Аслами: – Толибоннинг ваъдалари ва уларнинг қилган ишлари ҳамиша бир-биридан фарқ қилган. Улар ҳукуматга келганидан буён аёлларга таълим муассасаларига бориш, ўз иши ва бурчини бажаришга таъқиқ қўйди. Аёллар маҳрамсиз кўчага чиқиши ёки саёҳат қилиши чекланди. Яқинда эса аёлларнинг ишлаши мумкинлиги, аммо юқори лавозимларни эгаллаш мумкин эмаслиги айтилди.
Бундан ташқари, мажбурий никоҳ, аёлларни зўрлаш каби ҳолатлар, мамлакатнинг турли ҳудудларида энг кўп учрайдиган аёллар ҳуқуқларининг бузилишларидан бири бўлиб, уларнинг ҳеч бири Ислом ва Шариат қонунларига тўғри келмайди. Ушбу масалалар юзасидан Толибон қандай изоҳ бериши бизга қоронғу. Улар қайси турдаги Ислом ва Шариат қоидаларидан баҳс этаётганлари ҳам тушунарсиз. Зеро, Толибон қилаётган ишлар мутлақо Ислом ва Шариат тамойилларига зид, деб ҳисоблайман.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Афғонистондаги вазиятни жаҳон ҳамжамияти синчковлик билан кузатмоқда. Айниқса, Толибоннинг матбуот анжуманидан сўнг уларнинг ваъдага содиқ қолиши ёки қолмаслиги кўпчиликни ўйлантирмоқда. Қуйида баъзи ҳолатларни кўриб чиқамиз.
Афғонистоннинг йирик телеканалларидан бири ҳисобланган TOLOnewsнинг аёл мухбири Беҳешта Аргҳанд Толибон раҳбарларидан интервью олган эди, аммо бироз вақт ўтиб, журналист аёл Афғонистонни тарк этгани ҳақида хабар тарқалди. Беҳештанинг BBCга берган интервьюсига кўра, у ўз ҳаёти ва хавфсизлиги борасида қўрққани боис, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
25 август куни берилган ваъдаларга қарамай, Толибон турли идораларда меҳнат қиладиган аёлларга хавфсизлик нуқтаи-назаридан ўз уйларини тарк этмасликларини буюрди. Забиҳулла Мужоҳиднинг сўзларига кўра, Толибон аскарлари аёлларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга “ўрганмаган”лиги туфайли вақтинчалик ушбу чорани қўллаш кераклигини эълон қилди. Толибон аёлларнинг ишга бориши ва ўз уйини тарк этишини маън қилди. Ушбу хабардан сўнг кўплаб афғон хотин-қизлари орасида қўрқув кучайиб кетгани айтилган.
India.comнинг ёзишича, Толибон университетларда аёл ва эркакларнинг биргаликда таҳсил олишига таъқиқ қўйди. Олий таълим вазирининг сўзларига кўра, “эркаклар қизларга таълим беришга ҳақли эмас”. Ушбу ҳолат қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини хавф остига қўйиши мумкин, чунки, мамлакатда етарлича аёл профессорлар ва алоҳида ўқув хоналарини ташкил қилиш учун зарур ресурслар мавжуд эмас.
3 сентябрь куни Толибон сўзловчиси Суҳайл Шаҳиин FoxNewsга берган интерьюсида АҚШнинг Афғонистондаги аёллар ҳуқуқлари борасида безовта бўлиши ноўринлигини айтган. У “Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Улар меҳнат қилиши ва таълим олиши мумкин. Аммо биз бир-биримизнинг маданиятимиз ва урф-одатларимизни ўзгартиришга уринмаслигимиз керак. Биз сизнинг урф- одатларингизга аралашмаганимиз сингари сиз ҳам бизникига аралашманг”, дея фикр билдирган.
TOLOnews хабарига кўра, Толибон маданият комиссияси аъзоси Инамулла Самангани лидерлик кўникмаларига эга бўлган афғон аёллари бўлажак ҳукуматда иштирок этишлари мумкинлигини эълон қилган эди. Лекин бошқа Толибон раҳбари Шер Муҳаммад Аббас Станекзаи аёллар ишлаши мумкинлиги, аммо уларнинг ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллашига рухсат берилмаслигини таъкидлади. Бунга жавобан, Афғон аёллари гуруҳи ва фуқаролик жамияти фаоллари Ҳирот шаҳри ва Қобулда намойишлар ўтказишди. Уларнинг талабларига кўра, аёллар бўлажак ҳукуматга қўшилиши, қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиши ва сиёсатда ўз ўрнига эга бўлиши керак. Қобул аёллари Толибон ва халқаро ҳамжамиятни ўзларининг 20 йил давомида эришган ютуқларини сақлаб қолишга ва сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақиришди.
Юқоридаги хабар ва маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, келгусида афғон хотин-қизларининг вазияти қандай бўлиши бугун мавҳумлигича қолмоқда. Толибон вакиллари бераётган ваъдалар уларнинг қилаётган ишларига тўғри келмаяпти. Хўш, Толибон сиёсати мазкур йўналишда давом этадиган бўлса, келажакда аёлларнинг ҳолати қандай бўлади? Қуйида мазкур ва бошқа масалалар юзасидан Афғонистонлик Суума Асламига мурожаат қилдик.
– Эвакуация қилинишингиздан аввал Афғонистонда нима иш қилардингиз?
Суума Аслами: – Афғонистондаги ҳаётим мукаммал эди. Мен яхши ҳамкасблар билан, соғлом муҳитда ишлардим. Шу билан бирга, магистратурада ўқиётган эдим, битиришимга 2 ой қолганди. Бундан жуда ҳаяжонда эдим.
Умуман олганда, маънавий-руҳий куч-қувватга тўла бахли инсон эдим. Ҳар куни тушлик танаффусида офисимизнинг спорт залига борардим. Тушдан кейин эса турмуш ўртоғим билан уйимиз яқинидаги қаҳвахонада тез-тез ўтирардик. Дам олиш кунлари бир гуруҳ дўстларимиз билан йиғилишиб, мароқли дам олар эдик.
Мени мамлакатимизнинг хавфсизлик ҳолатигина ташвишга соларди, аммо бунга ҳам кўникиб қолгандим. Қобулни яхши кўрардим ва ҳеч қачон ўз Ватанимни тарк этишни хоҳламаганман. Айрим дўстларим Афғонистоннинг келажаги йўқ дейишганда жилмайиб туриб шундай жавоб қайтарардим: “Келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди!”.
Афғонистон мен учун ҳамма нарсани англатарди ва мен Ватанимни севардим. Йилига бир ё икки марта хорижга саёҳат қилганман, уйга қайтар чоғим эса доим юртимни соғиниб, унга нисбатан энг илиқ ҳисларни туйганман.
Бир неча йил ишлаганимдан сўнг уй сотиб олдим ва бир неча ой давомида унинг дизайни билан шуғулландим. Тез орада янги уйимга кўчиб ўтиш режам бор эди. Толибон Қобулга келганидан сўнг дарҳол квартирамга кўчиб ўтдим, чунки етти йил давомида бир жойда яшаганим туфайли ҳар ким менинг кимлигим, қаерда ишлашимдан хабардор, бу эса хавфли эди. Қўрқув ичида квартирамда бир неча кун яшай олдим, холос.
Қобулдан кетган куним ўзимни қандай ҳис қилганимни фақат Аллоҳ билади. Мен кўп йиллар давомида Ватаним равнақи учун қаттиқ меҳнат қилдим. Афғонистоннинг кўп вилоятларига саёҳат қилдим, турли одамлар ва жамоалар билан учрашиб, уларнинг умидлари, дардларини тингладим. Ҳар доим юртим ва халқимнинг аҳволини ўзгартиришни хоҳлардим. Лекин охирги 11 йил давомида қилган меҳнатимни, қурган ҳамма нарсамни ташлаб, кўзларим тўла ёш ва вайрон бўлган қалбим билан Ватанни тарк этишга мажбур бўлдим. Мен бутун ҳис-туйғуларимни, қувончларимни, кулгу ва кучимни Қобулга ташлаб, нолдан янги ҳаёт бошлаш учун мажолсиз танам билан Канадага келдим. Ҳаётим бир кун ичида остин-устун бўлди ва мен ҳамма нарсамни йўқотдим. Балки бу ерда мени яхшироқ ҳаёт ва келажак кутаётгандир, лекин ишончим комилки, Қобулда қолиб кетган туйғуларим бошқа қайтмайди. Биз ҳаётимизни бузганларни ҳеч қачон кечирмаймиз!
– Толибон Афғонистонида афғон хотин-қизларининг келажаги қандай бўлиши мумкин деб ўйлайсиз?
Суума Аслами: – Шу пайтга қадар бошдан кечирганларимга асосланган ҳолда айтишим мумкинки, толиблар ҳеч қандай принципларга, халқаро ва миллий меъёрлар, қадриятларга амал қилмайди, аёлларнинг ҳуқуқларини таъминламайди. Уларнинг 90-йиллардаги ҳукмронлиги даврида аёлларга инсон сифатида қаралмаслиги ва ҳеч қачон хотин-қизларга нисбатан инсонпарварлик билан муносабатда бўлинмаслиги ўз исботини топган. Хотин-қизларни мажбуран никоҳлаб олиш ва зўрлаш ҳоллари аллақачон баъзи ҳудудларда қайд этилганининг ўзиёқ, уларнинг аёллар ҳуқуқларига умуман ҳурмати йўқлигини кўрсатади. Афғонистон аёлларининг келажаги номаълум ва афсуски, охирги 20 йил ичида эришилган барча ютуқлар йўққа чиқмоқда. Афғон аёли сифатида толиблар ёғдирган қора кунларни эслар эканман, сўнгги 20 йил ичида инсон сифатида ўз ҳуқуқларининг бир қисмини қўлга кирита олган аёллар ва қизларнинг аҳволидан жуда хавотирдаман. Афғон аёлларининг келажаги жуда мажҳул ва умидсиз кўринмоқда.
– Жаҳон ҳамжамиятига қарата нималар деган бўлардингиз?
Суума Аслами: – Бугун Афғонистон ва унинг халқи ҳар қачонгидан ҳам халқаро ҳамжамият кўмагига муҳтож. 20 йил давомида мамлакатда олиб борилган нотўғри сиёсат ва ҳукуматда кенг тарқалган коррупция ватанимни шу ҳолатга олиб келди. Хориж давлатлари сарфлаган миллиардлаб долларлар, қурбонликлар ҳеч қандай фойда бермади. Аммо афғон халқи, айниқса, ҳар доим қурбон бўлган аёллар ва болалар мамлакатимизни вайрон қилганларнинг хатоси эвазига ҳақ тўламаслиги керак. Халқаро ҳамжамият Толибоннинг халқаро меъёрларга амал қилиши, хусусан, аёллар ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаши учун босим ўтказиши зарур. Аксинча ҳолатда эса Толибон ҳукумати халқаро доирада тан олинмаслиги керак. Жаҳон ҳамжамияти Толибонга инсониятнинг барча қонун-қоидалари ва қадриятларига амал қилмагунча сиёсий қонунийликни бермаслиги керак, деб ҳисоблайман.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Афғонистондаги беқарор, нотинч вазият ва гуманитар инқироз оддий халқни, хусусан, аёллар, болалар ҳаёти, келажагини хавф остида қолдирмоқда. Мамлакатда бўлаётган намойишлар, халқнинг норозилиги, ваҳима ва қўрқув асосли эканлиги, шубҳасиз. Кўпчиликни бошпанасиз, озиқ-овқатсиз ва пулсиз қолдирган тўнтаришлар, афсуски, бутун Афғон халқи турмушига салбий таъсир ўтказади ва оғир асоратлар қолдиради.
[1] Griffin, Michael (2001). Reaping the Whirlwind: The Taliban movement in Afghanistan. London: Pluto Press. pp. 6–11, 159–165. ISBN 0-7453-1274-8.