Сурат манбаси: kursiv.kz
Муаллиф: Камола Алиева – гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Оилавий – маиший зўравонлик муаммоси Ўзбекистон жамияти учун “ёпиқ” мавзу ҳисобланади. Кўпчилик бу муаммони “уй ичидаги масала” сифатида қабул қилиб, оилавий масалаларга ҳеч ким аралашмасилиги кераклигига ишонади. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали ёритилаётган оилавий зўравонлик бўйича турли резонанс ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунга жавобан, давлат томонидан оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш юзасидан алоҳида ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, улар томонидан ушбу муаммони ечишда тегишли кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиши йўлга қўйилмоқда. Ушбу мақолада жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонлик ҳолатлари ва унга қарши кураш учун амалга оширилаётган ишлар таҳлили баён қилинади.
Жамиятимизда оилавий зўравонлик ҳолати бўйича жорий вазият қандай?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва масс медиа орқали жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонлик ҳолатларини сони ошиб бораётганини кузатилмоқда. Ўзбекистонда зўравонликка қарши мустақил ахборот лойиҳаси ҳисобланган NeMolchi.uz (Sukut Saqlama) саҳифасида оилавий зўравонлик оқибатида ўз жонига қасд қилган аёллар ҳақида маълумотлар кетма-кетлиги эълон қилинди. Қуйида ушбу ходисалар ҳақида батафсил тўхталамиз.
Хоразмда 19 ёшли келин осилган ҳолда топилди (манба: gazeta.uz)
Дастлабки экспертиза маълумотига кўра, марҳуманинг ўлимига ўзини ўзи осиши натижасидаги асфикция сабаб бўлган. Марҳума 2020 йил октябрь ойида 20 ёшли М.Янгибоев билан турмуш қуриб, унинг оиласи билан «Катқалъа» маҳалласида истиқомат қилиб келган.
Воқеа содир бўлга пайтда Қозоғистонда бўлган Мухлиса Қадамбоеванинг отаси Зафар Пиров қизининг ўлимини билиб, дарҳол қайтиб келган. У воқеаларга қуйидагича изоҳ берди:
29-март куни мен Қозоғистонга кетиш учун Тошкентга бордим. Ўша куни қизим янги оиласидан холасинининг туғилган кунига бориш учун рухсат сўраган, лекин улар қизимга рухсат бермасдан ўз ишларига кетишган. Кейин қизим уларни қайтишини кута бошлади аммо охиргача кутолмади. У эшикни қулфлаб, калитни деразага кўйган ва қўшнисидан йўл кира учун 5 минг сўм қарз олиб, уйига кетган. Сўнгра, қизим ва бувиси холасининг туғилган кунига кетишган. Ўша куни менда дадам қўнғироқ қилиб, қизимнинг уйида қандайдир келишмовчилик бўлганини ва у уйга қайтиб келганини айтди.
Мен қизим билан гаплашиб, унга биз билан уйда қолишни таклиф қилдим. Қизимнинг айтишича, олдин ҳам улар куёвим билан 1-2 марта уришишган экан, аммо бизга хавотирга қўймаслик учун бу масалани айтмаган экан. Ярим соатдан сўнг, “Дамас” автомобилида куёвимнинг акаси келди ва “Дўстим билан мен сени олиб кетишга келдик. Тез кетишимиз керак, ҳаммаси яхши бўлади” деган.
Ўша вақда рафиқам уйда экан, шовқинни эшитиб эшик олдига борган, қизим эса машина тараф яқинлашган. Қизим машина эшигини очганда орқа ўриндиқда ўтирган одам уни машина ичига тортиб солди. Рафиқам бақиришига қарамасдан машина тезда маҳалладан чиқиб кетган.
31 март куни онам ва рафиқам қизимни кўришга боришди. Қайнонаси бозорга кетгани учун уй эшигини қулфлаб кетган экан, қизим эса кўчада бўлган. Рафиқам қизимнинг ўнг томонида кўкариш кўрди. Маълум бўлишича, у Дамасга ўтирганида, Муроджон (куёв) ҳам ўша ерда бўлган. Йўлда у қизимга мушт билан зарба берган. “Энди мени бошдан оёқ ўнг томоним оғрияпти, бошқа чидолмайман, мени уйга олиб кетинглар,” – деди.
Кейин қайнонаси бозордан қайтди. Рафиқам бу ҳолатга тоқат қилолмаслигини айтган ва қизимни уйга олиб кетмоқчи бўлган. Шунда қайнотаси келиб: “Агар қизингизни олиб кетсангиз, мен уни бошқа қайтиб қабул қилмайман, ўғлимни 20 кунда бошқасига уйлантириб қўяман,” – деди. Қизим йиғлаб уйга кириб кетди.
1 апрель куни қўшнилар қўнғироқ қилиб, қизим ўзини осиб қўйганини айтдилар. Мен дарҳол билет сотиб олиб уйга қатиб келдим. Мени қизим руҳий касал бўлмаган. Бизнинг авлодимизда бундайлар бўлмаган. Қизим мактабда “аъло” баҳоларга ўқиган, – дейди Зафар Пиров.
Бош прокуратура матбуот хизматининг NeMolchi.uz сайти таҳририятига маълум қилишича, 1 апрель куни осилган ҳолда топилган Мухлиса Қадамбоевани ўзини ўзи ўлдириш даражасига ҳеч ким етказмаган. Қўшимча терговдан сўнг, жиноят иши очишга рад этилди.
Тергов давомида марҳуманинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва унинг оила аъзолари, қўшнилари, синфдошлари, ўқитувчиларидан маълум бўлишича, унинг оиласида жанжал ёки бошқа ҳодисалар бўлмаган. Тергов М.Қадамбоеванинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш бўйича ҳеч қандай далил топмади.
Марҳуманинг турмуш ўртоғига МЖтК нинг 52-моддаси 2-қисми билан енгил тан жароҳати етказишда айбланган. М.Қадамбоеванинг осилгани ва ўз жонига қасд қилиш фактига кўра, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тўпланган ҳужжатлар маъмурий ишни кўриб чиқиш учун Шовот туман судига юборилди.
Навоий вилоятида 31 ёшли аёл ўзи ва уч нафар қизини поезд тагига ташлади (манба: darakchi.uz)
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 21 март куни Наврўз байрами муносабати билан вилоятнинг Навбаҳор туманидаги «Совунгар» МФЙда яшовчи 31 ёшли аёл 2013, 2016 ҳамда 2018 йилда туғилган қиз фарзандларини Навоий шаҳридаги дам олиш масканига олиб борган ва улар билан сайр қилган. Бироқ дам олишдан қайтаётган аёл кутилмаган қарорга келган. Ва ўзи ва уч нафар фарзанди билан поезд тагига ётиб, жонига қасд қилган.
Қизлардан бири охирги лаҳзада онасининг қўлидан қочишга муваффақ бўлган, қолган икки қиз ҳам тирик қолган. Олинган тан жароҳатлари туфайли фақат онаси вафот этди.
Воқеа кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Фожеа ҳеч кимни бефарқ қолдирмадию Вазият Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглиги қўмитаси томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, аёл ўғил туғолмагани учун стрессда яшаган. Эри хотинини бу масала юзасидан танқид қилиб келган.
“Фуқаро З. Жабборованинг яқин қариндошлари билан суҳбат чоғида, унинг оилавий моддий аҳволи ўртача бўлса-да, яқинда эри О.Рўзиев билан бўлган зиддият туфайли унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги маълум бўлди. У хотинини “Сен ўғил туғмаяпсан!” деб танқид қиларди” – дейилади Олий Мажлис Сенати хабарида.
Шу йилнинг январь ойида кўп болали она яна ҳомиладор бўлганини билиб қолди. Ультратовуш текшируви ҳомиланинг яна қиз эканлигини кўрсатди, кейин аёл аборт қилишга қарор қилди.
Ажабланарлиси шундаки, марҳума бошқа оила аъзолари, танишлар ёки бошқа шахслар билан ҳеч қандай келишмовчиликларга бормаган.
Шунингдек, аёл ўзини руҳий беқарор деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай сабаб кўрсатмаган. Ташқи кўринишидан оила оддий ва ҳеч қандай келишмовчиликларсиз бўлган.
Бироқ, маълум бўлишича, оилада келишмовчиликлар бўлган. Аммо, аёл маҳалла фуқаролар йиғини ходимларидан ёрдам топишга уринмаган, шунингдек, туман ИИБ профилактика инспекторига ҳам мурожаат қилмаган.
Чироқчида бир аёл ўзининг икки фарзанди билан поезд остига ташлади (манба: gazeta.uz)
Қашқадарёнинг Чироқчи туманида яшовчи аёл, қайнотаси билан жанжаллашгандан сўнг, ўзини ва икки фарзандини поезд остига ташлади. Уларнинг учаласи ҳам ҳалок бўли. Қарши транспорт прокуратураси бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди. “Дарё” нашр манбасининг хабар беришича, воқеа 14 июль куни соат 5:00 атрофида содир бўлган.
“Бу оила Чироқчи туманида яшайди. Марҳуманинг эри Россияда ишлайди. Келин қайнатаси билан жанжаллашиб қолиб, ўзи ва икки фарзандини поезд тагига ташлаган экан. Марҳуманинг эри бугун (15 июль санаси назарда тутилмоқда) уйига қайтаётган экан”, — дейди “Дарё” нашрининг манбаси.
Воқеага вилоят ИИБ бошлиғи Актам Бешимқулов ҳам изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, воқеа 14-июль куни эмас, бир неча кун олдин содир бўлган.
«Воқеа беш-олти кун илгари содир бўлган. Ҳақиқатан ҳам аёл ўзи ва икки нафар фарзандини поезд тагига ташлаб вафот этган. Воқеага оилавий можаро сабаб бўлган. Воқеа сабаби ва тафсилотларини масъул ташкилотлар ўрганмоқда», — деди Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.
Бош прокуратура матбуот хизатида айтилганидек, ҳодиса 11 июль куни юз берган. Қарши транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни қасддан ўлдириш) “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентда 20 ёшли қиз тўққизинчи қаватдан қулаб тушди, марҳуманинг онаси қизининг ўлимида унинг қайнонаси ва эрини айбламоқда (манба: repost.uz)
Тошкентда 21-июн куни, тахминан соат 00:20 да, Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйнинг тўққизинчи қаватидан Эъзоза исмли 20 ёшли келин йиқилиб ҳалок бўлди.
Қайд этилишича, марҳуманинг онаси қизнинг тасодифан ўлганига ишонмайди. Онанинг сўзларига кўра, унинг Шаҳрисабз шаҳрида туғилган қизи 2019 йилда пойтахтлик йигитга турмушга чиққан. Қайд этилишича, оилавий ҳаёт биринчи кунданоқ яхши бўлмаган. Қиз эрининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишини билиб қолган. Эъзоза бу фактни видеога ёзиб олиб қайнонасига кўрсатган, бу ҳолат юзасидан унга қайнонаси чора кўришини айтган. Бироқ, у ўғлига ҳаммасини айтиб берган. Шундан сўнг, қиз вақти-вақти билан эри томонидан жисмоний зўравонликка дучор бўлган. Эъзоза бу ҳақида онасига кўп мартта айтган. Бир марта, она ва қиз ўртасидаги телефон суҳбати ёзиб олинганини билиб қолишади. Қайнона янги оила қурганларнинг хонасига овоз ёзиш мосламасини ўрнатган экан. Онанинг сўзларига кўра, бу ёзув, Эъзозага умрининг охиригача тинчлик бермаган, шунинг учун ҳам эри уни доимо калтаклаган.
“21-июнь, ярим тунда, бизга қўнғироқ қилишди ва қизимиз 9-қаватдан йиқилганини айтишди. Қудамнинг ҳабар беришича, қизим йиқилиб тушган. Шу билан бирга, қизимизнинг жасадини текширганимизда, биз фақат бошнинг шикастланган қисмини ва ўнг қўли синганини кўрдик. Уни ташлаб юборишган юборишгандек ҳис қилдик”, – деди марҳуманинг онаси.
Шунингдек, онанинг сўзларига кўра, қизи ўзини ўзи ташламаган, чунки унинг ўз жонига қасд қилишга мойиллигини кўрсатувчи ҳатти-ҳаракатларини умуман пайқамаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, воқеага қизининг қайнонаси ва эрининг мунтазам зўравонликлари сабаб бўлган ва эҳтимол улар уни итариб юборишган.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суриштирув давомида видеоёзувда кўрсатилган важлар ҳам ўрганиб чиқилиши таъминланади.
Шунингдек, оилавий зўравонлик оқибатида эркаклар томонидан ўз хотини жонига қасд қилганлиги юзасидан қатор мисоллар ҳам мавжуд. Қуйида улардан баъзилари ҳақида батафсил тўхталамиз.
Жиззахда ўрта мактаб директорининг ўринбосари ўз турмуш ўртоғини ўлдирганликда айбланмоқда (манба: xabar.uz)
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги умутаълим мактабида директор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган 35 ёшли Х.М. жорий йилнинг 31-март куни соат тонгги 4-30 ларда вақтинчалик ижарада яшаб келаётган хонадонда турмуш ўртоғининг жонига қасд қилгани айтилди.
Xabar.uz нинг маълумотига кўра, 1992-йилда туғилган турмуш ўртоғи М.М.нинг телеграмдаги ёзишмаларини ўқиб қолиши ва ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал ушбу мудҳиш ҳодисага сабаб бўлган. Жанжал оқибатида Х.М. яшаш хонадони меҳмонхонасида ўткир тиғли ошхона пичоғи билан М.М.нинг чап бўйин соҳасига икки маротаба уриб, уни қасддан ўлирган.
Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра, М.М.нинг ўлимига “бўйин соҳасида санчилиб – кесилган тан жароҳатидан кўп қон кетиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл тумани суди томонидан айбланувчи Х.М. га нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур ҳолат юзасидан Дўстлик туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқандлик эркак аразлаб опасиникига кетиб қолган аёлини пичоқлаб ўлдирди (манба: darakchi.uz)
Маълум қилинишича, эр-хотин ўртасидаги жанжалга рашк сабаб бўлган. Марҳуманинг акаси айтишича, унинг синглиси эрининг зўравонлигидан азият чекаётганини айтган. Аёл ушбу масалада бир неча марта мутасаддилардан ҳам кўмак сўраган. «22 октябрь куни эри томонидан калтакланганидан кейин опасининг уйига қочиб келган. Эри унинг орқасидан келган», — дейди аёлнинг акаси.
Судланувчи ўзи томонидан содир этилган ўта оғир жиноят фош бўлишини ўйлаб, муқаррар жавобгарликдан қутулиш мақсадида қўлидаги ошхона пичоғи билан ўз жонига суиқасд қилган. Бироқ ҳодиса жойига келиб қолган гувоҳларнинг ёрдами билан ҳаёти сақлаб қолинган.
«2019 йил 25 апрель куни турмуш қургандик. Рашк туфайли келишмовчилик чиққан. Қилган хатомни англадим», — дейди айбланувчи.
Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчи Тойлоқ туман суди томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» бандида назарда тутилган жиноятда айбли деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Юқорида келтирилган воқеалар, ҳозирги кунда жамиятимизда содир бўлаётган баъзи ҳолатлар ҳисобланади холос. Аслида, масс медиа ва ижтимоий тармоқларга олиб чиқилмаган қанчадан қанча оилавий зўравонлик масалалари мавжуд. Мазкур муаммоларга кўз юмиш, уларни “оилавий” масала деб беркитиш, “бости-бости” қилиб юбориш қанчадан қанча аёл-қизларимиз учун фалокат бўлиши мумкинлигини англашимиз шарт. Оилавий зўравонлик муаммоси билан курашиш, унга бефарқ бўлмаслик ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиниги англаб етишимиз даркор деб ҳисоблайман.
Оилавий зўравонлик юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровномалар натижалари
Маълумки, жамиятимизда оилавий зўравонлик ҳолатларига нисбатан толерантлик руҳи шаклланган. Афсуски, кўпчилик бу муаммони уй ичидаги масала сифатида қабул қилади. Ачинарлиси, ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари ҳам оилавий зўравонлик тарғиботчисига айланган. Оилавий зўравонликка нисбатан аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида муаллиф томонидан ижтимоий сўровнома ўтказилди.
Ўтказилган сўровномада республиканинг турли ҳудудлари, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлган 16 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар иштирок этган. Мазкур сўровномада 600 дан ортиқ респондент қатнашган бўлиб, улардан 48,1% эркаклар ва 51,9 % аёллардан иборат бўлган. Сўровномада гендер тенглиги масалалари бўйича муаммоларни аниқлаш мақсадида турли саволлар берилган бўлиб, уларнинг баъзилари оилавий зўравонлик ҳолатларига бағишланган.
Демак, 9,6 % респондентларнинг фикрига кўра, баъзида эр хотинининг қилаётган ишларидан асабийлашса ёки ғазабланса, хотини билан жанжаллашса, у хотинини туртишга ёки уришга ҳақли ҳисобланади. 18,8 % респондентларг эса, бу саволга “билмайман” деб жавоб беришган.
Бундан ташқари, муаллиф томонидан ўтказилган сўровномада, оилавий зўравонликка аёлларниг сабр-тоқат қилиш масаласи юзасидан савол берилганда, унга қуйидагича жавоблар олинди: 4,5 % респондентлар аёл ўз оиласини сақлаб қолиш учун зўравонликка сабр қилиши кераклигига тўлиқ қўшилишини, 11,6% респондентлар эса ушбу фикрни маъқуллашини билдирганлар. Ачинарлиси шундаки, зўравонликка сабр қилиш, кўз юмиш ва умуман, аёллар томонидан оиласини сақлаб қолиш учун унга чидаш ҳолатлари оилавий зўравонликка қарши курашишга ҳалақит берувчи улкан тўсиқ ҳисобланади.
Шунингдек, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Халқаро оила куни арафасида никоҳ ва оилавий муносабатларнинг энг долзарб масалалари, мавжуд оилавий муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказди.
Сўров иштирокчиларининг аксарияти эр томонидан хотинга нисбатан жисмоний куч ишлатилишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Бироқ ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида хавотирли тенденция ҳам кузатилади: 10,3 фоиз респондентлар айрим ҳолларда куч ишлатиш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрига кўра, аёл ўз хатти-ҳаракати билан эрини куч ишлатишга мажбур қилган ҳолларда жисмоний зўравонлик ҳолатига йўл қўйиш мумкин.
Афсуски, ушбу жавоблар, жамиятимизда оилавий зўравонликка толерантлик руҳи мавжудлигидан далолат беради ва бу жуда ҳам ҳавотирли ҳолат.
Шу нуқтаи назардан, жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонликнинг сабаблари нимада эканлигини аниқлаш долзарб саналади. Чунки, муаммонинг сабаби ўрганилмасдан туриб, унинг ечимини топиш имконсиз.
Мазкур муаммонинг сабабларини аниқлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ижтимоий фанлар факультети, Ижтимоий иш кафедраси ўқитувчиси, социология фанлари бўйича фалсафа доктори Холида Зияевага мурожаат қилдик.
Жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонликнинг сабаблари нимада?
Холида Зияева: Фикримча, оилавий зўравонлик содир этилишининг бир қатор сабаблари мавжуд. Улар қуйидагилар:
1. Ижтимоий муҳит, икки тарафнинг мустақил оила қуришга тайёр эмаслиги, жавобгарликни ҳис қилмаслиги, оиладаги тарбия, эркакнинг оилада мутлақ хукмронликка эга бўлишга интилиши.
2. Аксарият ҳолларда бунга сабаб аёллар ўз ҳуқуқларини билмаслиги эмас, айнан уларнинг сабрлилиги, андишалилиги, фарзандларини етим қилмасликни ўйлагани сабабли келиб чиқмоқда ва айрим эркаклар аёлларни мана шу ҳислатини суистеъмол қилиб, зўравонликни қўлламоқдалар.
3. Кўплаб фуқаролар онгида менталитет ва диний таълимотни нотўғри талқин қилиш оқибатида аёлнинг эркакка тобелиги, шу жумладан, «оила сири» деган тушунча турғун шаклланганлиги. Яъни, хотин-қизлар ўз муаммоларини айта олмайдилар. Улар, “оила сири”ни сақлашлари оқибатида уларга нисбатан қўлланган у ёки бу зўравонликни яширин тарзда бошдан кечирмоқдалар.
4. Хотин-қизларнинг касб-ҳунарга, маълумотга эга эмаслиги, ишсизлик, оиланинг паст даромади ҳам оилада зўравонликка сабаб бўлмоқда.
5. Баъзи ҳолларда эркаклар томонидан зўравонликни қўллаш “инсон хулқини ўзгартирувчи ижобий ҳодиса” сифатида қаралиши.
6. Тадқиқот ўтказганимда, аксарият маиший зўравонликка учраган хотин-қизлар ўз турмуш ўртоқлари томонидан зўравонликка учраган бўлсаларда, улар, асосан, ёрдамни турмуш ўртоқларидан кутишларини таъкидлашган. Мазкур парадокс ҳолатни «оилавий маиший стокгольм синдроми» билан тушунтириш мумкин. Яъни, унда инсонларда онг остида зўравонликдан қутилишнинг иложи бўлмагандан сўнг, дўстлашишни қабул қилиш жараёни бўлади ва шу сабаб хотин-қизлар оиладаги зўравонликни қабул қиладилар ва шу сабаб кўрсатилган зўравонлик ҳеч қандай жазосиз яширин ҳолатда оилаларда йиллар давомида қўлланилишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур муаммонинг ечими бўйича қандай таклифлар бера оласиз?
Холида Зияева: Биринчидан, зўравонликни камайтиришда ОАВ, видеороликлар яратишда ўзбек халқининг миллий урф-одатларига таянган ҳолда, профессионал экспертларни кўпроқ жалб этиш, ушбу ижтимоий реклама маҳсулотлари, ижтимоий соҳа ходимлари, психологлар томонидан экспертиза қилинишига кўпроқ эьтибор қаратилиши жамиятда зўравонликка нисбатан муносабатни ўзгаришига олиб келади.
Иккинчидан, ИИВ ҳодимлари учун йилда 1-2 маротаба «Ўзбекистонда зўравонликка ўрин йўқ» рукни остида 3 кунлик қисқа семинар-тренинг ташкил этилиб, унда оиладаги зўравонликни баҳолашда жаҳон тажрибаси янгиликлари, зўравонликни асл сабаблари ва унинг оқибатлари ёритилган тезкор маьлумотлар ҳабарномаси ташкил этилса, Ўзбекистонда зўравонликни камайтиришга қаратилган сиёсатнинг самарадорлиги янада ошган бўлар эди.
Учинчидан, давлат ва нодавлат ташкилотларда имкон қадар ижтимоий ишчи штатини жорий қилиниши маиший зўравонликка учраган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш жараёнида тизимли стратегияни ишлаб чиқиш имконини беради.
Тўртинчидан, зўравонликка учраган хотин-қизлар билан ишловчи реабилитация марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш учун уларда хисоб-китоб, тикувчилик, тадбиркорлик асослари шунингдек мотивацион тренинглар ўтказилиши зўравонлик ҳолатига тушган хотин-қизларни жамиятга интеграциясига кўмаклашади.
Бешинчидан, зўравонликка учраган хотин-қизлар билан ишловчи реабилитация марказлари фаолиятини молиялаштириш жараёнларига бизнес тузилмаларини ихтиёрий жалб қилиниши реабилитацион марказлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Олтинчидан, Ўзбекистонда илғор ривожланган мамлакатлар тажрибаларидан фойдаланган ҳолда миллий менталитетга мос бўлган индикаторларни ишлаб чиқилиши бу борадаги давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини обьектив баҳолаш ва оптимал қарорларни қабул қилиш имконини беради, деб ҳисоблайман.
Муаллиф ушбу саволлар билан Психология фанлари магистри, психолог-педагог, NeMolchi.uz зўравонликка қарши мустақил ахборот лойиҳаси билан ҳамкорликда онлайн-вебинарлар ўтказувчи мутахасис Лиана Натрошвилига ҳам мурожаат қилди.
Жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонликнинг сабаблари нимада?
Лиана Натрошвили: Менимча, оилавий зўравонликнинг бир неча сабаблари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси тизимли ҳарактерга эга.
1. Зўравонлик маданияти. Бизнинг жамиятда куч ва қўрқув ҳали ҳам ота-она ва болалар, шунингдек ишқий муносабатлардаги муаммоларни ҳал қилишнинг тўғри усулларидан ҳисобланади. Зўравонлик ва севги бир-бирига мос келмаслигини тушунмагунимизча, бу ҳолат давом этаверади.
2. Эрта никоҳлар, босим остидаги никоҳлар, келишилган никоҳларнинг мавжудлиги оилавий зўравонликка олиб келувчи сабаблардан бири бўлиши мумкин. Болалик ва ўсмирлик узайтирилиши натижасида, 18-20 ёшда тузилган никоҳлар, аслида, болалар ўртасида тузилган ҳисобланади. Тадқиқотларга кўра, никоҳ ва ота-оналикка тайёр бўлиш 25-ёшдан бошлаб пайдо бўлади, бундан олдин эмас.
Бу бирданига бир неча муаммоларни келтириб чиқаради – эрта турмушга чиққан қиз таълим олиш ва карьера қуриш имкониятидан маҳрум бўлади, бу эса уни ҳимоясиз ва қарамлик ҳолатига келтиради. Иккинчи муаммо шундаки, у ўзини ҳимоя қилишни билмайди ва зўравонликни ҳар доим ҳам эрта босқичда аниқлай олмайди.
3. Ижтимоий босим. Аввало оила қуришга мажбурлаш ҳолати бўлади, сўнгра эса қизга оилавий муаммолар ва зўравонликка “Сабр қил” деб ўргатилади ва уни ўз уйига қабул қилишмайди. Гўё турмуш қурган аёлнинг қадр-қиммати хавфсизлик, соғлик ва ҳаётидан кўра муҳимроқдек.
4. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу турдаги аксарият ҳолатларга аралашмаслиги ва ҳаракатсизлиги. Оилавий зўравонликка учраган аёллар ёрдам ва ҳимояга эга бўла олмаганликлари ҳолатлари ҳам кам эмас. Бунинг оқибатида, бу зўравонликни амалга оширган одамлар ўзларини эркин ва жазосиз ҳис қиладилар. Бу эса, ушбу жиноятларни яна такрорланишига замин яратади.
Мазкур муаммонинг ечими бўйича қандай таклифлар бера оласиз?
Лиана Натрошвили: Психология нуқтаи назаридан, бу ижтимоий масала саналади. Бизга зўравонликни амалга оширган шахсларни ҳулқ-атворини тузатиш бўйича дастурлар, болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашувчи оилалар ва мактабларда ишлайдиган дастурлар, ривожланган ва йўлга қўйилган ижтимоий хизмат ва бошқалар бўлиши керак. Зўравонликнинг ҳар қандай тури ва шаклига қарши салбий муносабатни шакллантириш даркор.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошкаруви академияси, Бошкарув социологияси ва психологияси кафедраси катта ўкитувчиси, амалиётчи психолог Раъно Турахужаевага ҳам ушбу саволлар билан мурожаат қилдик.
Жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонликнинг сабаблари нимада?
Раъно Турахужаева: Маълумки, оилавий зўравонлик бир неча турларга бўлинади, булар жисмоний, психологик, жинсий ҳамда иқтисодий.
Жисмоний зўравонлик бу тарсакидан тортиб оғир турдаги жароҳатлар етказиш, психологик зўравонлик бу оиладаги доимий патологик қўрқув, турмуш ўртоғини шахсини таҳқирлаш, бошқа бир шахс устидан тўлиқ назорат, ижтимоий ҳаётдан бутунлай чеклаб қўйиш ва бошқалар киради. Жинсий зўравонликда – шахсни ўз хоҳишига қарши жинсий яқинликка мажбурлаш киради. Зўравонликнинг иқтисодий турида эса, турмуш ўртоғининг оилавий маблағдан фойдаланишга руҳсат йўқлиги, унинг бирор бир эҳтиёжлари учун маблағ ажратмаслиги, яшаб турган уйига тенг хуқуқли бўла олмаслиги ва бошқалар киради.
Зўравонлик турларига кўра, жабрланувчилар категорияси ҳам мавжуд бўлиб, булар вояга етмаганлар, аёллар, қариялар бўлиши мумкин. Эр-хотин ўртасидаги зўравонликларга келсак, ушбу турдаги зўравонликларнинг сабаби турлича бўлиши мумкин, мен ўз фаолиятимда кўпроқ учратиладиган турларини санаб ўтаман, ушбу сабабларни икки турга ажратиш мумкин:
Ташқи сабаблар – жамиятда шаклланган “қоидалар”га боғлиқ бўлган сабаблар:
– Жамиятдаги стереотип фикрлаш тарзи – “ўзинг айбдорсан”, “шамол бўлмаса дарахтни учи қимирламайди”, “битта сен эмас бунақа яшаётган, ҳамма сендек яшайди”, “яхши кўрмаса урадими”. Шу каби стереотип фикрлаш тарзини қабул қилиш;
– Тўғри диний билимларга эга эмаслиги. Аниқ маълумотлар асосида эмас балки “ана телеграмда битта видео кўрдим”, “ кеча ўртоғим айтди у катта одам” бошқа шахсларнинг фикларига таяниб ҳаракат қилиш;
– Ҳуқуқий онгнинг ривожланмаганлиги;
Ички сабаблари – бу аниқ бир шахснинг ҳаёт йўлида орттирган тажрибаси, қандай шароитда катта бўлганлиги, унинг билим ва маданият даражасига боғлиқ бўлган сабаблар:
– Оилада дунёқарашларнинг бир-бирига мос эмаслиги, яъни икки шахснинг яшаш шароитидаги катта фарқланиш. Тасаввур қилинг, сизнинг турмуш ўртоғингизнинг оиласида аёлларга маблағлардан эркин фойдаланишга рухсат берилмайди ёки турмуш ўртоғига нисбатан доимий баланд ҳолатда гапириш, камситиш одатий ҳолдек қаралса, албатта бундай ҳолатлар ушбу оила учун одат тусига кириши мумкин ва бунга зўравонликка қарагандек қаралмайди. Шахс ўзи катта бўлган муносабатлар моделини энг мақбул деб ҳисоблайди;
– Турмуш уртоғининг қайси “тилда” мулоқот қилишини тушунмаслиги. Ким учундир унга нисбатан ҳурмат ва муҳаббатни изҳор этиш унинг сўзига итоат этишда намоён бўлади. Бошқа бир инсон учун эса унинг ота-онасига, оила аъзоларига бўлган ҳурмат ва эҳтиром унга бўлган муҳаббатни намоён этади. Ким учундир эса, ҳурмат ва муҳаббат унга нисбатан бериладиган моддий эътиборда бўлиши мумкин. Оиладаги зўравонликка олиб келувчи низолар турмуш ўртоғимизнинг қайси “тилда” мулоқот қилишини билмаслигида ҳам бўлиши мумкин;
– Турмуш ўртоғининг билим ва маданият даражасини пастлиги;
– Баъзи ҳолатларда оилада фарзанд кўришни кечикиши нафақат турмуш ўртоғи томонидан балки унинг оила аъзолари ва яқинлари томонидан ҳам бўлиши мумкин;
– Турмуш ўртоғини ноадекват рашк қилиши. Бунда турмуш ўртоғини доим асосиз ҳиёнат қилишда шубҳаланиш ва айблаш, ишончсизлиги назарда тутилади.
Оилавий зўравонликнинг пайдо бўлиш меҳанизими ҳақида гапирадиган бўлсак, уларни қуйидагича ажратиш мумкин:
1. Оилавий зўравонлик аввал психологик таъсирдан бошланади. Шахсни камситиш, унинг шахсиятига тегувчи сўзлар ишлатиш орқали унинг эмоционал ҳолатини нормал ҳолатдан чиқарилади.
2. Турмуш ўртоғини эмоционал ҳолатини бошқара бошлагандан сўнг, унинг психологик ҳолатига дош беролмаганида куч ишлатиш ҳолати кузатилиши мумкин. Кўпинча, зўравонлик қилган шахслар “ўзи асабимга тегди, бақириб ўзидан кетиб қолди ” деб ўзларини оқлайдилар.
Мазкур муаммонинг ечими бўйича қандай таклифлар бера оласиз?
Раъно Турахужаева: Оилавий зўравонликларни камайтириш ва йўқ қилиш борасида бутун дунё ҳамжамияти бош қотирмоқда ва ушбу муаммо бўйича мамлакатимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Шу ишларга қўшимча сифатида қуйидаги таклифим бор.
1. Аҳоли орасида ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни олиб бориш.
2. Оилага тайёрлаш даврида ҳар бир йигит ва қизга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англатиш, бўлажак турмуш ўртоғи қайси “тилда” мулоқот қилишларини тушунишга кўмаклашиш.
3. ОАВ жамоатчилик фикрини ўзгартира олишга эга бўлган шахсларни ушбу мавзудаги диний ва дунёвий чиқишларини таъминлаш.
4. “Оила мактаби” клубларини ташкил этиш, баъзида аёллар ўз ҳолатини бировга айтишдан андиша қилиб, “уят”дан қўрқиб вазиятни янада оғир ахволга олиб келишлари мумкин. Шу вақтда “Оила мактаби”да ташкил этилган аёллар клублари уларнинг ёлғиз эмасликларини, уларнинг вазиятари бошқа инсонларда ҳам учраганлиги ва буни олдини олиш мумкин эканлигини ҳис этишлари мумкин. Ҳар бир шахснинг энг бирламчи эҳтиёжларидан бири бу хавфсизликка бўлган эҳтиёждир.
5. Албатта ушбу масалада Маҳалла институтни ўрни алоҳида, эҳтиёжманд оилаларда низолар сабабини аниқлаш, фарзанд кечикиши сабабли зўравонлик келиб чиқаётган оилаларда тушунтириш ишларини олиб боришлари кўпгина оилавий зўравонликларни олдини олиши мумкин. Шу сабабдан уларга “ижтимоий ишчи” штатини ажратиш ҳам зўравонликларни олдини олишга катта ёрдам беради.
Давлат оилавий зўравонликка қарши қандай курашмоқда?
5-март 2021 йилда Президентнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5020-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилиши белгиланган. Мазкур жамоатчилик кенгашининг 2-сон баённомасига асосан, “Оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш” бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари С.Б.Артикова бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу ишчи гуруҳ таркибига Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон кинематографияси агентлиги, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, “NIHOL” нодавлат нотижорат ташкилоти, Nemolchi.uz асосчиси, журналистлар, блогерлар ва мустақил экспертлар жалб қилинган.
Шунингдек, мазкур баённома асосида, оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш юзасидан “Йўл харитаси” ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, бундай қилмишлардан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни ёритиш “Медиа режаси” тасдиқланган бўлиб, қуйида мазкур ҳужжатларда амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилади.
Йўл харитасига асосан, оилавий зўравонликка қарши курашиш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:
1. Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимининг самарадорлигини ўрганиш. Яъни, унинг ишлаш механизмига кўра: Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, бундай ҳуқуқбузарликларни норматив-ҳуқуқий тартибга солиш тизимини, ушбу масалаларда ваколатли органлар ва муассасалар фаолиятини, шунингдек, ахборот-тушунтириш ва профилактика ишларини танқидий ўрганиш ҳисобланади.
2. Оилавий зўравонликка нисбатан жавобгарликни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш. Яъни бунинг механизмига кўра, оилавий зўравонликка нисбатан жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, миллий қонунчилик асосларни инвентаризация қилиш белгиланган. Шунингдек, жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасиз, учинчи шахсларнинг (қўшнилар, маҳалла вакиллари, тиббиёт ходимлари ва бошқа гувоҳларнинг) хабарлари асосида оиладаги зўравонлик қўлланганлиги учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида модда билан Жиноят кодексини тўлдириш имкониятини ўрганиш ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни шунга ўхшаш моддалар билан тўлдириш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилган.
3. Оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишларини кўриб чиқишда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш. Яъни, бунинг асосида, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Олий суд Раёсатининг алоҳида қарорини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилади. Бундан ташқари, жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишларини кўриб чиқишда судларга тегишли жазони қўллаш учун асос сифатида оиладаги зўравонлик фактларини эътиборсиз қолдириш амалиётига барҳам бериш, шунингдек оиладаги зўравонлик қўллангани қайд этилган оилаларнинг никоҳларини бекор қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
4. Фаровон бўлмаган оилалар билан мақсадли иш олиб бориш, оиладаги зўравонликдан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш.
5. Телеграм-каналлар орқали зўравонликдан жабр кўрганлар томонидан турмушидаги жанжаллар тўғрисида мурожаатлар юбориш имконияти яратилишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш.
6. Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича профилактика, ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш тизимини такомиллаштириш.
7. Мактаб ўқувчилари учун оиладаги зўравонликнинг олдини олишга, оилада эр-хотин ўртасида эрта ёшдан ҳурмат билан муносабатда бўлиш қадриятларини шакллантиришга қаратилган факультатив машғулотлар дастурини ишлаб чиқиш.
8. Оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш бўйича ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш.
9. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги зўравонлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ишини тезкор ташкил этишга кўмаклашиш.
10. Миллий ва диний қадриятлар асосида аҳолида оилавий зўравонликка нисбатан муросасизлик дунёқарашини шакллантириш ва бошқалар.
Мазкур масалалар юзасидан тасдиқланган “Медиа режа”га кўра, қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган:
1. Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларини ёритиш. Яъни, бу бўйича ижтимоий роликлар, чиқишлар ва муносабатлар тайёрлаш, шунингдек жамоатчиликка оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини кенг тушунтириш йўлга қўйилади.
2. Оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида мақолалар тайёрлаш ва нашр этиш.
3. Телесериаллар ва бадиий фильмлар ишлаб чиқиш. Яъни, Оиладаги зўравонликка нисбатан жамоатчилик онгида муросасизликни шакллантиришга қаратилган телесериаллар ва бадиий фильмлар ишлаб чиқишни амалга ошириш.
4. “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва оиладаги зўравонликдан жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш” шиори остида семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказиш ва ушбу тадбирларни ОАВларда ёритиш.
5. Мактаб ўқувчилари учун оиладаги зўравонликнинг олдини олиш, оилада эр-хотин ўртасида ҳурмат билан муносабатда бўлиш қадриятларини ёшликдан сингдиришга йўналтирилган факультатив машғулотлар дастурини ёритиш.
6. “Оиладаги зўравонлик – бу билан қандай курашиш мумкин?” мавзусида жамоатчилик фикри юзасидан ОАВни жалб қилган ҳолда ижтимоий сўров ўтказиш ва бошқаларни ўз ичига олган.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган мутахассислар фикри ва бошқа маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича таклифларнинг инобатга олиниши ва давлат томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг ўз самарасини беришидан умидвормиз.