Сурат манбаси: tutorbin.com
Муаллиф: Азамат Шарипов – Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказининг таянч докторанти
2020 йилнинг баҳорида бутун жаҳонда таълим тизими кескин ўзгаришларга юз тутди. Фарзандлари масофавий ўқишга ўтган ота-оналар ҳам тизим билан бирга турли ноқулайликлар ва унинг натижасидаги тушкунликни бошдан кечиришди. Тадқиқотларга кўра, карантин пайтида ўқитувчиларнинг 84 фоизи, ўқувчи ва талабаларнинг 73 фоизи ҳамда ота-оналарнинг 68 фоизи онлайн таълим туфайли стрессдан азият чеккан. Мактаблар ҳам, университетлар ҳам онлайн ўқитишга тўлиқ тайёр бўлмагани учун таълим шакли ўзгариши фавқулодда кўплаб муаммоларга сабаб бўлди.
Аммо бунинг ижобий томонлари ҳам борлигини тан олиш лозим. Жаҳондаги энг нуфузли университетларнинг профессорлари, турли мамлакатлардаги таниқли ўқитувчиларнинг ижодий ва касбий салоҳияти онлайн таълим ривожига сафарбар қилинди. Айтиш мумкинки, халқаро илмий ҳамжамият ҳеч қачон масофадан ўқитишнинг самарали моделларини ишлаб чиқиш учун ҳозиргидек кўп куч сарфламаган. Гарчи, бу масала ўтган асрнинг 80- йилларидан эътиборан, кун тартибида бўлиб келаётган бўлса-да.
Маълумки, пандемиядан олдин ҳам жаҳон EdTech бозори фаол ўсиш кўрсаткичларига эга эди. Айрим прогнозларга кўра, 2025 йилга келиб, онлайн таълим инвестициялари ҳажми 350 миллиард долларга етиши керак эди, бироқ, ҳозир бу кўрсаткич анча юқорилади ва $1 триллион долларга етиши мумкинлиги айтилмоқда. Биз мазкур тадқиқотга тайёргарлик кўриш асносида онлайн таълим ҳақидаги кенг тарқалган стереотипларни ўрганиб чиқиб, қайси бири оқилона, қайси бири хато эканлигини аниқлашга ҳаракат қилдик.
Энг аввало, бизни талабалар ва олий таълим муассасалари профессор ўқитувчиларининг қандай онлайн платформалардан фойдаланиши қизиқтирди. Пойтахт ва вилоятлардаги айрим олий таълим муассасалари талабалари ва профессор ўқитувчиларидан бу хусусда сўрадик. Уларнинг 80 фоизи (жами 5 ОТМ, 350 нафар иштирокчи) Zoomда ёки телеграм тармоғи орқали дарс ўтганлигини айтди. Иштирокчиларнинг 20 фоизи бутун жаҳонда онлайн таълим учун фойдаланилаётган Moodle, eСlass, Google Classroom ҳамда онлайн курслари билан танилган Coursera, EdX, Udacity, Udemy каби платформаларни билишини айтди. Бизнингча, муаммо шу ердан бошланади, биз Ўзбекистонда онлайн таълимга ўтар эканмиз, энг аввало, ушбу шаклдаги таълим платформалари ва бу бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш зарурати бор.
Таълимнинг қайси шакли самаралироқ?
Онлайн ва анъанавий машғулотларни қарама-қарши қўйиш одат тусига кириб қолган. Сўнгги ўн йилликларда олимлар қайси формат яхшироқ эканлигини аниқлашга бир неча бор уринишди. Натижада, биз онлайн ўқишнинг анъанавийдан кўра самаралироқ эканлигини тасдиқловчи юзлаб тадқиқотларни топишимиз мумкин бўлди ва шу билан бирга, бунинг аксини ҳам кўрсатадиган кўплаб илмий тадқиқотлар мавжуд. Бизнингча, онлайн ва офлайн ўқишни таққослаш нотўғри. Иккала формат ҳам ўз хусусиятларига эга. Шубҳасиз, афзалликлари ҳам бор, уларнинг ҳар бири алоҳида ҳолатлар учун самарадордир. Одатда, натижа контекст, мавзу, ўқув мақсадлари, ўқувчининг шахсий хусусиятлари, таълим маҳсулотини амалга ошириш сифати ва бошқа бир қатор омилларга боғлиқ”.
Онлайн таълим бозори жуда хилма-хил. Бу – очиқ онлайн курслар (Coursera, EdX, Udacity, Udemy), умумий таълим платформалари, b2b ечимлари (биринчи навбатда ҳар хил LMS), таълим учун мобил иловалар ва компьютер ўйинлари, видеоконференцалоқа воситалари, ўқитувчилар билан виртуал дарслар ва бошқалардир. “Қай бири самаралироқ?”, деган савол эса кўпинча, аҳамиятли эмас. Бунда платформалар имкониятларини тушуниш муҳимроқ. Энг яхши натижага эришиш учун формат ва воситаларни тўғри бирлаштириш кўникмаларига эга бўлиш зарур.
Пандемиянинг биринчи тўлқинидан сўнг жаҳондаги етакчи университетлар аралаш дарсларни жорий этиш режаларини ишлаб чиқди ва амалиётга жорий қилди. Чунки, классик дарслар онлайн-платформада ишлаш билан тўлдирилади. Бу қарорга келишга нафақат пандемиянинг давом этишига тайёргарлик кўриш зарурати, балки объектив сабаблар ҳам туртки бўлди. Хусусан, Қўшма Штатларда ўтказилган сўров натижаларига кўра, талабаларнинг 81 фоизи ёрдамчи рақамли қурилмалардан фойдаланиш таълим сифати ва академик кўрсаткичларни сезиларли даражада яхшилайди, деб ҳисоблайди.
Келажакда онлайн таълим анъанавий таълим шакли билан алмаштириладими?
Энг аввало, айтиш мумкинки, онлайн таълим шакли қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган анъанавий таълим шаклини яқин юз йилликда ҳеч қачон сиқиб чиқара олмаса керак. Онлайн таълим анъанавий таълимни тўлдирувчи, унинг самарадорлигини янада оширувчи бир восита бўлиб қолади. Ҳаётимиз давомида биз янги билим ва кўникмаларни мунтазам ўзлаштиришимиз керак, таълим учун ажратган муайян давримизда эса бунга эришиб бўлмайди, албатта. Шунинг учун ишлаш ва яшаш учун қулайлик яратиш мақсадида кечадиган бошқа ҳаракатларимиз давомида ҳам биз таълим олишни давом эттирамиз, мана шу вазиятда онлайн ўқитиш жуда муҳим воситага айланмоқда. Масофавий формат малака ошириш, ўзига хос тор кўникмаларни ривожлантириш, янги дастурлар ва рақамли воситалар билан танишиш учун жуда ҳам қулай воситадир. Пандемия даврида махсус кўникмаларнинг тез ривожланиши кузатилди, жамиятнинг барча қатламлари қандайдир янги кўникмани ўрганишга интилди. Udemy глобал таълим платформаси вакиллари пандемиянинг биринчи тўлқинида Zoom орқали видеоконференцалоқа ўтказиш ва виртуал жамоани бошқариш бўйича дарслар энг оммабоп курслардан бири бўлганини таъкидлашади.
Онлайн таълимнинг афзалликлари ҳақида қанча кўп гапирсак ҳам, унутмаслик керакки, кўпгина мутахассисликлар фундаментал билимларни талаб қилади. Уларни ўрганиш учун кўпинча, мураккаб илмий-техник базадан фойдаланилади. Дипломини масофадан туриб ўқиш натижасида олган шифокорга бориб, даволанишни ҳеч ким хоҳламаслиги тайин, ҳатто у энг замонавий симуляторларда ўқиган бўлса ҳам. Бундан ташқари, классик таълимнинг, шубҳасиз, афзаллиги бор, бунда энг муҳим жиҳат – иштирокчиларнинг жонли алоқаси, юзма-юз мулоқот. Замонавий технологиялар ҳақиқий “мавжудлик ҳисси” ни яратиш имкониятига эга эмас. Ўқитувчининг харизми, оғзаки мулоқот, синфдаги муҳит ўқув жараёнида илҳом беради ва бу таълим сифатига энг кўп таъсир қиладиган омиллардан биридир.
Биз юқорида, асосан, олий таълим муассасаларида онлайн таълим бериш муаммолари ҳақида гапирдик. Бироқ пандемия шароитида мактаблардаги онлайн таълим ҳам алоҳида мавзудир. Ва онлайн таълимнинг бу соҳада бир қатор психологик муаммолари мавжуд. Болалар учун онлайн таълим қийинчилик туғдиради. Чунки, бола қанчалик ёш бўлса, ўқитувчи ва синфдошлари билан мулоқотга шунчалик муҳтождир. У дарсларни ҳаракатлар, эмоциялар, жисмоний машқлар орқали ўрганади. Айниқса, бошланғич мактаб ўқувчиларини “масофа”га ўтказиш энг муаммоли масаладир. Мактаблар иккинчи карантинга кўпроқ тайёргарлик кўришига қарамай, бошланғич мактабларда онлайн таълим тўлиқ сифатга яқинлашиши эҳтимолдан йироқ, чунки, бола учун қулай таълим муҳити жонли мулоқотни талаб қилади.
Қулайлик ва арзон нарх – онлайн ўқишнинг асосий афзалликлари
Исталган вақтда ва жаҳоннинг исталган жойида туриб ўқиш имконияти онлайн таълимнинг энг афзал жиҳатларидан биридир. Карантин даврида эса у ҳақиқий маънода қутқарувчи вазифасини бажарди. Таълимнинг бу шакли яна бир жиҳати билан қулай – у арзондир. Масофавий ўқишга ўтиб, кўплаб мактаблар ўқитувчилари кутилмаган таъсирни пайқашди: кўпчилик ўқувчиларнинг кўрсаткичлари ёмонлашган бўлса, баъзилари, аксинча, ютуқларга эришди. Кўриниб турибдики, форматнинг тубдан ўзгариши, одатий ўрганишнинг тўхтаб қолганлиги шароитида ҳам яхши натижаларга эга бўлиш мумкин. Яна бир жиҳат, сиз ўз хоҳишингиз ва ўзингизга қулай вақтда Интернет орқали ўқишингиз мумкин. Исталган вақтда ўрганилган мавзуларга қайтиш, мураккаб мавзуда тўхтаб қолиш ва аллақачон таниш бўлган материаллардан тез ўтиб кетиш қобилияти туфайли талабалар классик форматга қараганда 25-60% камроқ вақт ўрганадилар.
Шу билан бирга, онлайн таълимнинг арзонлиги ва фойдаланиш учун қулайлигининг салбий томони ҳам бор. Статистик маълумотларга кўра, онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтганларнинг ярмидан кўпи ҳеч қачон машғулотни бошламайди ва бошлаганлар орасида фойдаланувчиларнинг атиги 20-60 фоизи охиригача етиб боради. Классик курсларда ўқишни муваффақиятли тамомлаган талабалар фоизи анча юқори. Онлайн ўқитиш унчалик мослаштирилмаган, уни эътиборсиз қолдириш осонроқ, чунки, талаба натижа учун фақатгина ўзи жавобгардир ва ўқишни ҳар доим “кейинроққа” кечиктириш мумкин.
Онлайн таълим меҳнат бозорида фарқланадими?
Албатта, агар бакалавр ёки магистр каби фундаментал таълим ҳақида гапирадиган бўлсак, анъанавий дипломнинг иш берувчи назарида ҳали ҳам тенгги йўқ. Агар биз қўшимча таълим дастурлари ҳақида сўз юритсак, тугалланган онлайн курс ҳақида гапириш, албатта, резюмени бузмайди. Чет тилларини ўрганиш, янги дастур ва платформаларни ўзлаштириш, қўшимча кўникмаларни ривожлантириш – буларнинг бари иш берувчи аризачининг шахсий ва касбий ривожланишига қизиқишини кўрсатади.
Бундан ташқари, тобора кўпроқ иш берувчилар (жумладан, Apple, IBM, Google каби гигантлар) ишга қабул қилиш амалиётини ўзгартириб, расмий даража ва сертификатларга эмас, балки ариза берувчининг ҳақиқий кўникмаларига устунлик беришини унутмаслик керак. Шундай қилиб, биринчи навбатда қаерда ва қандай қилиб эмас, балки нимани ўрганганингиз муҳимдир.
Онлайн курслар сифати
Ҳар қандай таълим сифати ҳақида гапирганда, уни ўлчовчи турли мезонлар борлигини ҳисобга олишимиз керак. Ҳеч ким анъанавий таълимнинг сифати юқори дея мутлақ хулоса бера олмайди. Анъанавий таълимда ҳам, онлайн таълимда ҳам, юқори сифатли, тасдиқланган дастурлар ҳам, умуман талабга жавоб беролмайдиган, самарасиз ва баъзан шунчаки кераксиз дастурлар ҳам бор. Ҳозир Интернет тармоғида кўплаб онлайн курслар мавжуд ва улар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Асосийси, ҳар ким, ўз билим даражасидан қатъи назар, ўз курсини бошлаши мумкин. Қимматбаҳо таркиб йўқлиги, тасодифийлик, материалларнинг сифатсизлиги, ҳатто ўқитишнинг асосий тамойилларини умуман нотўғри тушуниш – бу муаммолар, ҳақиқатан ҳам, баъзи онлайн дастурлар учун хосдир.