Сурат манбаси: gymnastic.by
Муаллиф: Шавкат Икромов
Вирус – кўринмас ёв. Ва инсонларнинг ҳеч бири турли вируслар ҳужумидан тўлиқ кафолатланган эмас. Шу жумладан, ОИВ ҳам исталган пайтда, исталган кишининг саломатлигига хавф солиши, мутлақо тасодифан, ҳеч кутилмаганда юқиши мумкин.
Кўпчилик ОИВ юқтирган бемордан қўрқади, ундан ўзини олиб қочишга уринади. Ваҳоланки, ушбу вирусни юқтириб олган киши доимий равишда дори-дармон қабул қилиб, шифокорлар назоратида юрса, унинг қонидаги ОИВ даражаси паст миқдорга тушиб, ҳатто турмуш ўртоғига ҳам юқмаслиги мумкин. Бу, албатта, бизнинг хулосамиз эмас, тиббиёт соҳасида ўнлаб йиллар тадқиқот ва изланиш олиб борган олимларнинг фикридир.
Жаҳон олимларининг таъкидлашича, бугун “ОИТС – аср балоси”, “Ўлимга ҳукм қилувчи ташхис” сингари қўрқинчли, ваҳимали иборалар аллақачон эскирди. Негаки, ҳозирги тиббиёт шу қадар ривожланганки, даволаниб юрган бемор худди соғлом кишилардек сифатли ҳаёт кечириши, узоқ умр кўриши мумкин. Муҳими, вақтида шифокорга мурожаат қилиб, касалликка кечиктирмай ташхис қўя билишдир. Келинг, яхшиси, бошдан ўтказган табиб, деганларидек, ушбу мавзудаги фикр-мулоҳазаларни ОИВ аниқланган кишиларнинг ўзларидан эшитамиз. Бу турдаги вирусни юқтириб олганларнинг ҳаёти қандай кечмоқда, улар учун бошқа вируслар, хусусан, коронавирус нечоғли хатарли, бу беморлар орасида Covid-19га чалинганлар борми, бор бўлса, касаллик қай тариқа кечди, беморни қандай симптомлар безовта қилди – буларнинг барини қуйидаги 5 ҳикоядан билиб оламиз.
1-ҳикоя: ОИВга чалинганлар учун коронавирус алоҳида муаммо эмас
Самандар (Фарғона вилояти): “ОИВ – инсон иммун тизимининг зарарланишидир. Иммунитети заиф одам касалликларга тез чалинади. Бу ҳолат нафақат ОИВда, балки сил ва яна бошқа касалликларда ҳам кузатилади. Билишимча, коронавирус, асосан, иммун тизими заиф ва турли сурункали касалликлари бор кишиларда оғир кечади. Шуни ҳисобга олиб, мен бошида бироз қўрқдим, нимагаки, 17 йилдан бери ОИВ билан яшайман ва силнинг кучсиз шаклига ҳам чалинганман.
Ҳар доим эҳтиёт бўлиб юраман, пандемия сабаб эълон қилинган карантин шароитида ҳушёрликни яна ҳам кучайтирдим. Тўғри, ОИВ билан яшаётганларга коронавирус алоҳида хавф солмаслигини биламан. Бироқ агар бу вирусни юқтириб олсам, даволанишим қандай кечади, деган савол жавобсиз эди ва мазкур масала мени хавотирга соларди. 2021 йилнинг март ва май ойларида коронавирусга топширган тестим ижобий чиқди. Шунга қарамай, касаллик жуда енгил ўтди. Шифокорларнинг тавсияси билан уй шароитида даволаниб, тузалдим. Ҳозир ишонч билан айтишим мумкинки, ОИВ билан яшаётганлар коронавирус учун алоҳида хавф гуруҳидагилар ҳисобланса-да, бу касаллик уларга алоҳида муаммо туғдирмайди”.
2-ҳикоя: Мен ва Covid-19
Азамат (Андижон вилояти): “Йигирма йилдан буён ОИВ билан яшайман, бу орада силнинг енгил шакли билан касалландим. Оилам, болаларим бор. Турмуш ўртоғим мени жуда авайлайди. Ҳаммаёқда коронавирус ваҳимаси тарқалганда мендан ҳам кўпроқ у хавотирга тушди. Кўп маротаба тушунтирганман, ОИВ билан яшаётган одамларда ҳам иммунитет бор ва улар ҳам ҳар қандай касалликка қарши кураша олади. Бироқ, барибир, рафиқам соғлиғимдан хавотирланаверади. Тўғрисини айтсам, бошида менда ҳам саволлар бўлди, агар коронавирус юқтириб олсам, даволанишимда муаммо бўлмайдими, қаерга мурожаат қиламан, мени ҳам ҳамма қатори даволашадими ёки иммун тизимим заиф бўлгани учун бу касаллик мени осонгина енгадими? Хуллас, бир йилга яқин шу саволлар билан хавфсираб яшадим. Ўйлайманки, бу сингари қўрқув ер юзидаги ҳар бир одамда бор эди.
2021 йилнинг февралида катта қизим шамоллаб қолди, кейинроқ унда коронавирус аниқланди. Оилавий карантинга олиндик, ҳаммамизда тана ҳарорати кўтарилди. Мен аёлим ва фарзандларим учун қаттиқ ташвишландим, ўзимда вирус аниқланганида эса ҳаммаси тамом деб ўйладим. Кўп касалликларга қарши курашиб, кучдан қолган организмим коронавирусни енга олмаса керак, деган хаёлга бордим. Рафиқамда пневмония бошланди, 17 ёшли ўғлим ҳам бу касалликни анча оғир ўтказди. Мендан бошқа ҳамма – икки фарзандим ва уларнинг онаси шифохонага ётқизилди. Энг қизиғи, менда касаллик жуда енгил ўтди. Қўрқиб кутганларим юз бермади. Шундан кейин ишонч ҳосил қилдимки, ташхисдан кейинги ҳаёт бизни минг саросимага солади, касаллик ва ўлим хавфидан қўрқамиз, ҳаммаси тамом, деб ўйлаймиз. Бироқ, ўйламаймизки, тақдиримизни белгиловчи қодир Аллоҳ бор! Унинг изнисиз бир дона япроқ ҳам дарахтдан узилиб тушмайди.
Кейин яна бир нарсани тушуниб етдим: биз ҳар қандай хасталик ҳақида тўғри ва ишончли маълумотларга эга бўлишимиз керак экан. Турли хил асосланмаган маълумотлар, миш-мишлар соғ одамни ҳам касаллантириб қўяди”.
3-ҳикоя: ОИВ ҳақида яхшироқ билгач, қўрқувдан халос бўлдим
Собир (Сурхондарё вилояти): “Энди сабабларни билиш муҳим эмас. Нима бўлган, қаерда, қачон, ким билан?.. Буни билиш мени даволашда фойда бермайди. Аслида, нима бўлганига одамларни ишонтиришим шарт ҳам эмас. Ҳамма учун “ўша гап”, тушунтирсанг ҳам, ишонтирсанг ҳам, қасам ичсанг ҳам, “Россияда юриб, “ўрис” қизлар билан ёмон иш қилган, бу балони ўшанда орттирган” бўлиб чиқаверасан…
Булар – касаллигимни билганимдан сўнг хаёлимдан ўтган гаплар. Ўшанда 23 яшар эдим.
Вирус юқтириб олганимни билдиму биринчи қилган ишим турмуш ўртоғим билан ажрашиш бўлди. Бу менинг энг катта хатоим эди. Унга “Кет, Россияда бошқа хотиним бор”, дедим. У йиғлади, “Ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган боламиз ҳақи-ҳурмати, ундай қилманг”, деб ёлворди. Мен қулоқ солмадим, чунки, рафиқам қон топширганида касаллик аниқланмади, ҳали юқмаган эди, шу сабаб, уни тезроқ хавфдан холи қилмоқчи бўлдим. Ажрашаётганимизда ҳам касалланганимни билмади. Қишлоқнинг оддий бир аёлига буни гапириб бериш, ҳимояланган жинсий алоқа одатий турмуш тарзига айланиши кераклигини тушунтириш осон эмас эди.
Ажрашиб, яна Россияга кетдим. Рус тилини билганим учун у ерда юриб, ОИВ ҳақида жуда кўп маълумотлар тўпладим, шу вирусни юқтириб олган юзлаб одамларнинг ҳикояларини ўқидим. Касаллик ҳақида яхшироқ билганим сайин унинг хавфи мен ўйлагандан анча оз эканлигини тушунардим. Аста-секин қўрқув, умидсизлик ва ўлимимни кутиб яшашдек ўта ёқимсиз ҳислардан қутула бошладим. Хусусий клиникаларга бордим, у ерда тиббий маслаҳатлар беришди, мени руҳий жиҳатдан қўллаб- қувватлашди. Кейин даволаниш босқичига ўтдим. Уч йил таблетка ичиб юрдим ва шифокор тавсияси билан яна оиламга қайтдим. Ҳозир уч нафар фарзандим бор, 43 ёшдаман. Аёлимга касалликни юқтирганим йўқ. Ҳаётда ҳеч бир кам-кўстсиз яшаяпман, жуда ҳам бахтлиман!
Коронавирус ҳамма қатори бизнинг хонадонда ҳам “меҳмон” бўлди, бироқ у менга муаммо туғдирмади”
4-ҳикоя: Эримни ҳам, касалликни ҳам борича қабул қилдим!
Сожида (Қашқадарё вилояти): “64 ёшдаман. 4 фарзандим, 7 неварам бор. Турмуш ўртоғим 32 ёшида Россияда ишлаб юрганида ОИВ юқтириб олган. У билан ажрашмадим. Бирга яшашда давом этдим. Эримни ва унинг касаллигини борича қабул қилдим. Ўн беш йил давомида хасталик менга юқмади, кейин барибир қонимда вирус аниқланди. Бундан қўрққаним ҳам, ажабланганим ҳам йўқ. Тақдиримда бор экан, демак, шуни яшашим керак. Турмуш ўртоғим шунча йил яшаб, бу касалликдан ўлмади-ку, бир кун ҳам ётиб қолгани йўқ. Демак, ваҳима ўринсиз.
Умр йўлдошим мендан кечирим сўради. Мен эса уни айбламадим. Асосийси, ҳаётдан умидимни узганим йўқ, ҳали ҳаммаси олдинда! Билмаганлар, тушунмаганлар, маълумоти йўқлар назаридагина мен тугаган одамман. Мана, 15 йилдан ошдики, эрим иккимиз шу касаллик билан яшаб келяпмиз. Баъзан соғлигимда муаммо борлиги эсимдан ҳам чиқиб кетади. Мунтазам равишда, қатъий тартибга риоя қилган ҳолда ARVT (антиретровирус терапияси) қабул қиламан. Доимий тиббий кўрикдан ўтиб турганим ва соғлом турмуш тарзига амал қилганим учун бошқалардан кўра ўзимни анча тетик, соғлом ҳис қиламан”.
5-ҳикоя: Улар бахтли ва кучли, вирус эса ожиз!
София (Термиз шаҳри): “Бундан кўп йил олдин Польшада юрган пайтларим зарурат юзасидан тест топширдим ва ОИВ билан касалланганимни билдим. Ўша куни ҳаммаси чалкашиб кетди, жуда ҳам қўрқдим. Бу воқеа менинг ҳаётимда содир бўлаётганига ишонолмасдим. Ўзимни ташландиқ, кераксиз буюмга, буткул издан чиққан поездга ўхшатардим. Оилам, дўстларим, ҳамкасбларим юз ўгиришади, мени севишдан тўхташади, мендан қўрқишади, деган хаёлларга борардим. Ҳаётим ниҳоясига етди, эҳтимол, яқин орада ўларман, деб ўйлардим. Жуда кўп саволлар қийнарди, мени. Ҳаётим бир неча кунга тўхтаб қолганди, гўё…
Кейин билдим, саволларим жавобсиз эмас, мени тинглайдиган, менга маслаҳат берадиган, даволашга тайёр турган одамлар, мени яхши кўришда давом этадиганлар бор экан.
Мана, 18 йилдирки, ОИВ билан яшамоқдаман. Ҳа, ҳаётим ўзгарди, лекин у тўхтаб қолгани йўқ, давом этяпти.
Бундай ҳолат исталган кишида содир бўлиши мумкин ва бу ўта табиий ҳол. Тўғри, ОИВ нималарнидир чеклайди, лекин орзуларни, муҳаббатни, бахтли оилани, мартаба, болалар ва дўстликни чеклай олмайди. Жаҳонда ОИВ билан касалланган 35 миллион киши бор, дейишади, уларнинг барчаси бахтсизликка, ёлғизликка, тушкунликка маҳкум эмас-ку, ахир, тўғрими?! Улар яшаяпти, улар бахтли ва кучли, вирус эса инсон иродаси олдида заиф, ожиз бир зарра, холос!
Коронавирус ҳақида нима дейишим мумкин?.. У балки менга ҳам юқиб улгургандир, ўтган икки йил давомида бир марта енгил шамолладим, бироз ҳароратим кўтарилди. Эҳтимол, касалликни шунда ўтказгандирман, лекин ҳозирга қадар коронавирус менинг соғлиғимда муаммо туғдирди, деёлмайман. Атрофимдагилар, яқинларим, ҳамкасбларим бу касалликни бошдан ўтказишди, вафот этганлар ҳам бўлди. Аммо ҳозирча шоҳдор вирус менга хавф солмади. Хавф солмасин ҳам, беморларга эса Яратганнинг ўзи комил шифо берсин!
Тўғрисини айтиш керак, бугунги кунда ОИВни юқтириб олган шахсни вирусдан бутунлай халос қилувчи дори мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, тобора ривожланиб бораётган тиббиёт тез орада ОИВни енгади, деган умидбахш тахминлар бор.
Айни пайтда қўлланаётган препаратлар беморнинг соғлиғини асраш ва умрини узайтиришга хизмат қилмоқда. Яқин келажакда ОИВни буткул йўқ қила оладиган даражада самарали дори кашф этилишига ҳам умид бор. Зеро, бугун жаҳон миқёсида ушбу вирусни миридан-сиригача синчиклаб ўрганаётган олимлар, тадқиқотчилар кўплаб топилади. Ва куни келиб, уларнинг меҳнати, ақл-заковати билан инсоният яна бир хавф омилидан буткул халос бўлишига ишонсак бўлади”.