Биз миллатчилик авж олиб бораётган замонда яшаяпмиз. АҚШда, Ҳиндистонда ёки Марказий Осиёда одамлар кўп нарса ўз давлати ёки миллатига бўлишини истамоқда. Улар бу нарсалар давлати ва миллатига бошқалар ҳисобига ёки улар билан бирга бўлишни истаётган ёки истамаётгани бошқа масала – буни эксклюзивлик ёки инклюзивликка асосланган миллатчилик дейиш мумкин. Айни ҳолат миллатчиликнинг турли хил иллатларни келтириб чиқарадими?
Марказий Осиёда миллатчиликнинг кўплаб туси бор. Бир тарафдан, одамлар илдизларини қидириб топиш, идентитет – кимликка эга бўлиш, анъаналар ва аллақандай тарихий адолатни тиклашни истайди. Бошқа тарафдан, ушбу жараён баъзи ҳолларда қайғули оқибатлар – этник можаролар ёки миллат ичидаги бошқа баҳсларга сабаб бўлади. Шуни ёдда тутган ҳолда пайдо бўлаётган қуйидаги саволларга жавоб бериш зарур: тилни қандай тиклаш керак? Миллийликни эсдан чиқармаган ҳолда модернизацияни қандай давом эттириш мумкин? Тарих, хотира ва қўшнилар билан муносабатлар борасида нима қилиш керак?
«ПостСоветистон» лойиҳасининг “Анъаналар ва модерн” деб номланган мавсумида миллатчилик муаммоларини тадқиқ қилаётган экспертлар билан ушбу мавзу муҳокама қилинади. Улар қозоғистонлик эксперт ва Австралия миллий университетининг докторант тадқиқотчиси Берикбўл Дукеев ва қирғизистонлик мустақил эксперт Анар Мусабева.
Бошловчи Дониёр Мўлдокан:
Биринчи меҳмонимиз қозоғистонлик эксперт, Австралия миллий университетининг докторант тадқиқотчиси Берикбўл Дукеев.
Берикбўл, биринчи саволим сизга – бугунги кунда бутун дунёда авж олиб бораётган миллатчиликнинг илдизи қаерда эканини назарий жиҳатдан тушунтириб берсангиз.
Берикбўл Дукеев:
Кузатиб турганимиздек, 2016 йилда Доналд Трамп ҳокимиятга келиши билан олимлар “янги ҳалқа, янги миллатчилик” деб атайдиган ҳодиса юз берди. Нега айнан янги миллатчилик? Чунки Трампнинг ортидан бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар рўй берди. Масалан, ҳозир шуни кузатяпмиз, бундан олдин Бразилияда шундай ҳолат рўй берган эди, президент Болсанару ҳам миллатчиликдан фойдаланмоқда. Ёки Венгрияда Виктор Орбанни, Ҳиндистонда бош вазир Нарендра Модини олайлик. Ушбу мамлакатда ҳинд миллатчилиги ҳамма нарсадан устун қўйилмоқда. Шу билан бирга, “Брекзит” юз берганига ҳам гувоҳ бўлдик. Ушбу янги ҳаракат миллатчилик оқимини ва унга бўлган қизиқишни вужудга келтирди. Ушбу миллатчиликни бошқаларидан нима фарқлаб туради? Нега биз уни “янги” деб айтяпмиз? Чунки ушбу раҳбарлар, давлат етакчиларининг барчаси миллат иерархиясини белгилаб беради. Яъниким, биз Америкада Доналд Трамп раҳбарлиги вақтида у бир хил миллатлар ёки этник гуруҳларни “ўзиники”, бошқа миллат ва этник гуруҳларни “бошқалар” деб таърифлаган эди. Бу Мексикадан бўлаётган иммиграция ва мусулмонларга тегишли. Буни Ҳиндистонда ҳам кўряпмиз, у ерда ҳиндларга устуворлик берилмоқда, Нарендра Модининг дискурсларида бошқа этник гуруҳлар, жумладан, масалан, мусулмонларни камроқ афзал билиниши айтилмоқда.
Булар барчаси зикр этилган давлат раҳбарлари миллат иерархиясини кўрсатаётганидан далолат бермоқда, яъни улар наздида, миллат иерархияси қайси миллат ёки этник гуруҳ ёки қайси мафкура асосий, қайсиси эса асосий эмаслигини англатади. Ушбу тамойил сақланиб қолмоқда ва назаримда, у COVID-19 вақтида оғирлашди, чунки кўплаб кишилар қайси давлатга мансуб эканини айта бошлади, сабаби, уларга ўзини хавфсиз сезиш ҳисси зарур. Айни ҳолатда биз мана шу тамойилни кўряпмиз. Ушбу янги тамойил ҳалқаси келиб, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Дониёр Мўлдокан:
Тушунишим бўйича, миллатчилик ҳамма жойда турлича ва ўзига хосдир. У баъзан антиқа кўринишларни ҳам олиши мумкин. Шу ўринда мен сиздан қозоқ ёки Қозоғистон миллатчилиги нима деб сўрамоқчиман. Қайси бири тўғри: қозоқ миллатчилигими ёки Қозоғистон миллатчилигими?
Берикбўл Дукеев:
Ҳа, бу чиндан ҳам қизиқ савол. Қозоғистонда кузатаётган ҳолатимиз ҳам қизиқ: Қозоғистон миллатчилиги деганда фуқаролик миллатчилиги тушунилади. Қозоқ миллатчилиги деганда, кўпроқ этник миллатчилик, яъни қозоқларнинг этник мансублиги атрофидаги уюшганлик ёки бирдамлик тушунилади. Қозоғистон этник мансублилигига келсак, у кўпроқ фуқаролик миллатчилиги бўлиб, фақат қозоқлар эмас, Қозоғистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган бошқа этник гуруҳлардан ҳам иборат. Лекин мен бу масалада Диана Қудайбергенова сингари олимларнинг ушбу 2 та жараён ўзаро кесишуви ҳақидаги фикрларига қўшиламан. Яъниким, миллатчиликни аниқлаш, қолаверса, уни қозоқ ва Қозоғистон миллатчилиги – фуқаролик ва этник миллатчиликка бўлиш мураккаб ишдир. Улар ҳар доим ўзаро таъсирлашиб туради. Масалан, бирор кишидан ўзини ким деб билиши сўралса, агар у қозоқ миллатига мансаб бўлса, ўзини қозоқ деб айтиши мумкин. Лекин айни чоқда у бошқа мамлакат ҳудудида бўлиб турган бўлса, қозоғистонликман, деб жавоб бериши мумкин. Аммо қозоқ миллатига мансуб бўлмаган кишидан ўзини ким деб билиши сўралса, у ўзини қозоғистонлик деб билишини деб айтиши мумкин. Яъниким, назаримда, савол миллатчилик қай даражада қозоқлик ёки қозоғистонлик эмас, қай даражада эксклюзив ёки инклюзив деб сўралиши керак. Фикримча, бу умумий дискурсни, умумий илмий ёки илмий бўлмаган муҳокамани белгилаб бериши зарур.
Майя Тюдор сингари тадқиқотчилар ёзиши ва ҳисоблаши бўйича, мабодо миллатчилик инклюзив бўлса, у демократияга ёрдам ҳам бериши мумкин. Хўш, инклюзив миллатчилик деганда нима тушунилади? Бунинг маъноси шуки, давлат ёки бошқа сиёсий акторлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди. Улар сиёсий жиҳатдан сайловларда қатнашиши мумкин. Ўзи ўқишни истаган тилда ўқишга ҳаққи бор. Ўзи истаган тилида ва истаган мавзусида фикрини ифода қилишга ҳаққи бор. Айни ҳолатдаги миллатчилик давлатда мавжуд ва у демократия мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу, масалан, ХХ асрда Ҳиндистон ва Индонезияда кузатилган эди. Ҳиндистон Англия мустамлакаси бўлган пайтда мустамлакачиликка қарши ҳаракат этник ёки диний принципларни эмас, кўпроқ озод бўлиш принципларини илгари сурган. Лекин олдинроқ гапириб ўтганимдек, либерал демократия ва таназзул сабаб бу принципдан чекинилмоқда, яъни айни пайтда сиёсий етакчилар учун эркин бўлиш ҳаққи унчалик муҳим эмас, шунинг учун улар кўпроқ этник миллатчиликка оғиб кетмоқда.
Назаримда, Қозоғистонда ушбу масала муҳокамаси айнан шундан келиб чиқиши керак. Лекин бу кунларда Қозоғистонда рўй бераётган ёки рўй бериши керак бўлган сиёсий ўтиш даврида кўпроқ популистик миллатчилик афзал кўрилмоқда. Бу қайсидир мавзу шиддат билан муҳокама қилинаётгани ва унга шиддат билан муносабат билдирилаётганида намоён бўлмоқда. Мен буни яхши ёки ёмон демоқчи эмасман, лекин сўнгги пайтларда ушбу тамойил кузатилаётгани аниқ.
Дониёр Мўлдокан:
Ҳа, бу қизиқ. Бу мавзу қанчалик мураккаб эканини тушунаётгандекман. Миллатчиликка оид назарияларда модернистлар билан этносимволистлар[1] (агар шундай деб аташ мумкин бўлса) ўртасида мунозаралар бўлиб туриши айтилади. Модернистлар учун миллат – модернизм маҳсули, яъни миллатчилик ғояси саноатлаштириш билан бирга кириб келган ёки саноатлаштириш, матбуот ривожланиши ва ҳк. маҳсули бўлган. Модернизмгача бўлган этносимволистлар учун эса, қандайдир этник гуруҳлар, маданий бирлашмалар, блоклар мавжуд бўлган ва улар модерн даврида миллатни яратиш учун сабаб бўлиб хизмат қилган. Агар ушбу мунозараларни назарда тутиб, кўп маданиятлилик ва ягона совет кишисини яратиш ғояси талқин этилган умумий совет ўтмиши эсга олинса, нега Марказий Осиё мамлакатларида миллатчилик ёрқин этник бўёқларда кўзга ташланмоқда?
Берикбўл Дукеев:
Яхши савол бердингиз. Модернистлар билан этносимволистлар ўртасида мавжуд мунозараларни тушунишимиз бўйича, улар миллат замонавий ҳодиса бўлиб, миллат шаҳарлаштириш ва мустамлакачиликка қарши ҳаракатлар, китоб чоп қилиш натижасида пайдо бўлган. Лекин бошқа тарафдан, Энтони Смит сингари олимлар ҳам бор, улар миллат ва мана шу модернизм пайдо бўлгунга қадар қандайдир маданий ва этник ҳамжамиятлар мавжуд эди, деб билади. Айни ҳолатда биз миллат аллақандай тасаввурда мавжуд, ўйлаб топилган ва ҳеч қандай маънога эга бўлмаган конструкт[2] деб айта олмаймиз. Айни ҳолатда протодавлатлар, яъни этник, маданий ёки бошқа шакллар бунга таъсир кўрсатган. Улар бир-бири билан боғлиқ бўлгани учун маданий ёки бошқа шакллар бунга таъсир кўрсатган. Шу сабабли замонавий миллатчиликка гувоҳ бўлиб турибмиз. Айни чоқда қайсидир маънода миллатчиликнинг этник кўринишини кузатяпмиз. Агар замонавий константа – доимий қийматга ўтиладиган бўлса, бунчалик яққол ифодаланаётган миллатчилик этник тусга эга бўлаётганига қараб, у қай тарзда стандартлашаётганига назар солишимиз керак бўлади. Миллатчилик академиклари ёзганидек, миллатчиликни яратиш учун таълим институтларини яратиш ва албатта уни стандартлаштириш зарур.
Дониёр Мўлдокан:
Мувофиқлаштириш керак бўлади.
Берикбўл Дукеев:
Ҳа, мувофиқлаштириш керак бўлади. Болалар мактабга борганда, бир хил таълим олганда, одамлар ижтимоийлашувининг илк шакли пайдо бўлади, яъни стандартлаштириш юзага келади. Шунда миллатчиликда аллақандай стандартлашув пайдо бўлади. Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларида кузатилаётган тамойил бўйича мана шу стандартлашув этник мансубликка асосланган миллатчиликка қараб кетмоқда, яъни мамлакатга ном берган миллат тарихи ўқитилмоқда, буни Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида кўриш мумкин: қозоқ тарихи, қирғиз тарихи, ўзбек тарихи… Ҳамма нарса шу билан боғлиқ тарзда кечмоқда. Мисол тариқасида Қозоғистон тарихи олинадиган бўлса, Қозоғистон ўзини […], ҳар ҳолда расмий дискурсда айтилишича, биз ҳам этник, ҳам фуқаролик миллатчилигини барпо этяпмиз, яъни бу ҳолатда бир этник гуруҳнинг бошқасидан устунлиги йўқ. Лекин айни чоқда тарих дарсликларида этник бўёқлар бўрттирилмоқда. Бунинг маъноси шуки, тарихни айнан қозоқ миллатига мансуб мутахассислар ёзмоқда ва ўқитмоқда. Албатта, ўша дарсликларда бошқа этник гуруҳлар ҳам бор, лекин уларда на бир хиллик ва на иерархик бўлмаган ҳолатлар бор […]
Қандайдир тенгҳуқуқли нарратив йўқ. Масалан, Сталин қатағонлари вақтида бошқа этник гуруҳлар мажбуран кўчириб келингани ҳақида қозоқлар уларга бошпана берган эди, уларни қучоқ очиб, кутиб олган эди, деб ёзилади. Лекин кундалик ҳаётда нимани кўриб, нималарни кузатяпмиз? Биз этник миллатчиликни айнан кўчаларда: кўчалар номланишида, ташкилотлар номида ва ҳк.да кўряпмиз, яъни этник миллатчилик яққолроқ кўзга ташланмоқда. Агар булар барчаси этник эмас, бетарафроқ бўлганда эди, бу тарих дарсликлари бетараф тилда ёзилганини англатган ва фақат бир миллатга тегишли қадриятлар ўқитилмаган бўлур эди. Ёки кўча ва ташкилотлар номланишида айрим шахсларнинг исми камроқ бўлган ва тамойил этник бўлмаган миллатчиликка йўналган бўлар эди. Лекин мен буни яхши ҳам, ёмон ҳам деб айта олмайман. Бу биз айнан шу ўзандан орқага кетаётганимизни англатмайди. Афтидан, ҳозир шундай вақтки, одамлар ва ватандошлар миллатчиликнинг шу жараёнидан ўтиши керак. Шундан сўнг улар учун мутлақо аҳамиятли бўлмай қолади.
Афсуски, мейнстрим (асосий оқим) ретрадиционализмга қараб кетмоқда – одамлар сарчашмаларга қайтмоқда. Лекин бу сарчашмалар турлича бўлиши мумкин.
Масалан, бизнинг Қозоғистонда ислом динининг турли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Бунгача турли олимлар шундай деган эди: ислом дини – ҳар хил, у либерал, консерватив ёки мутлақо бетараф ўзан бўйлаб ҳам кетиши мумкин. Назаримда, миллатчилик масаласида ҳам, тилда ҳам, одатларда ҳам, фикрлашда ҳам шундай йўл тутилиши керак. Фойдаланиш мумкин бўлган ғоялар қанча кўп бўлса, ушбу кескин шакллар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Улар одамлар назарида унчалик муҳим бўлмай қолади.
Дониёр Мўлдокан:
Иккинчи меҳмонимиз – Анар Мусабаева. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистон ҳақида Трамп атамалари билан гапирила бошлагани учун ҳам у билан суҳбатимиз янада қизиқарли бўлади. Қирғизистон миллий масалада ўзининг қандайдир йўлини аниқлаб олдими? Сўнгги воқеалар, айниқса, Тожикистон билан можаро ҳисобга олинса, қирғиз миллатчилиги ёки Анар миллий популизм деб атаётган нарса бутун минтақа учун муҳим оқибатларга олиб келиши мумкин.
Анар, Қирғизистон эгамен бўлганига яқинда 30 йил тўлади. Бироқ жамиятимиз ўзини концептуал жиҳатдан миллат сифатида аниқлаб олиш учун ҳалигача мушкулотларга дуч келмоқда. Нега бундай бўлаётганини, эгаменлик, умумий миллий кимлик, миллат ва давлатнинг ўзаро муносабатлари қандай эканини гапириб бера оласизми? Қирғиз ёки қириғизистонлик бўлиш нималарни англатади?
Анар Мусабаева:
Ҳа, чиндан ҳам 30 йил олдин Қирғизистон мустақиллигини эълон қилган эди ва бу йил биз мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Бу – жуда муҳим сана, чунки 1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг Қирғизистон ўз мустақиллигини эълон этарак, давлатнинг барча белгилари: ҳудуди, аҳолиси, давлат ҳокимияти, байроқ, герб ва ҳк. кўринишидаги рамзлари билан эгамен давлатга айланди. Аслида ҳатто СССР даврида ҳам Қирғизистон – Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи тарикибидаги Қирғизистон ССР – ҳам қоғозда эгамен давлат белгиларига эга бўлган, лекин амалда СССР таркибида бўлгани учун эгамен давлат эмас эди. Албатта шу сабабли Қирғизистон халқаро субъект сифатида халқаро муносабатларда иштирок этмаган, ташқи сиёсатини мустақил белгиламаган. Шу маънода, албатта, 30 йил Қирғизистон халқаро ҳуқуқнинг мустақил субъекти бўлган даврни англатади.
Эгаменлик – бошқа масала. Мустақиллигимиз қанчалик ҳақиқий? Биз чиндан ҳам эгаменликка эгамизми? Умуман, бу – баҳсли масала. Бу бекорга эмас, чунки ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, ижтимоий дискурсда, биз тўлиқ мустақил давлат эмасмиз, деб кўп гапирамиз. Аслида Қирғизистон мустақиллигини эълон қилганидан бери орадан 30 йил ўтганига қарамай, ташқи сиёсатни бир чеккага қўйиб турайлик, ҳатто ички тараққиёт йўналишини ҳам мустақил белгилай олмайди. Афсус билан қайд этамизки, аслида Қирғизистон ҳам минтақа, ҳам глобал миқёсда нисбатан кучли давлатларга қаттиқ қарам бўлиб қолган. Қирғизистоннинг жуда кўп ташқи қарзи бор – 5 миллиард АҚШ доллари. Иқтисодиётимиз минтақадаги энг заиф иқтисодиётлардан бири ҳисобланади. Биз халқаро донорлар кўмагига ҳам муҳтожмиз. Таассуфки, бизнинг ўз ҳудудий хавфсизлигимиз ва мустақиллигимизни таъминлашда ҳам муаммоларимиз бор. Яъниким, муаммолар ошиб-тошиб ётибди. Шунинг учун “қарам мустақиллик” деган ибора ҳам пайдо бўлган. Эгаменлигимизнинг, мустақиллигимизиннг шундай мазохомуз таърифи ҳам бор. Назаримда, ҳозир мустақил давлат сифатида мустақиллигимизни ва халқаро ҳуқуқ субъекти сифатидаги мақомимизни қандай сақлаб қолиш ҳақидаги муҳокамалар, мунозаралар жуда муҳим.
Саволингизнинг миллатнинг ўзлигини таниб олиш, яъни нега биз ўзлигимизни аниқлай олмаяпмиз, эгаменлик, кимлик, миллат, давлат ва ҳк.нинг ўзаро муносабати қандайлиги ҳақидаги қисмига келсак, бу борада нима дейиш мумкин? Албатта, бу жуда мураккаб ва чалкаш атама, аксарият ҳолларда ушбу тушунчалар бир-бирининг ўрнини босувчи атамалар сифатида ишлатилаверади. Масалани соддароқ тушунтириш учун БМТга намуна сифатида мурожаат қиламиз. Харитага қарасак, дунёда турли мамлакатлар кўплигини ҳамда улар қандайдир чегаралар, ҳудудлар ва ҳк. билан белгиланганини кўрамиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳақида гапирганда, “миллатлар” сўзини тилга оламиз. Бу ерда гап халқаро муносабатлар, “nation state” ҳақида кетаётганини ва “миллий давлат” деб таржима қилинишини тушуниб олиш зарур бўлади. Миллий давлатнинг ўзига хос белгиси миллий эгаменлик ҳисобланади. У нимани англатади? Унинг маъноси шуки, давлат ўз ҳудудида ҳокимият, куч ишлатиш монополиясига эга ўлади. Ташқи муҳитда, яъни ташқи сиёсий муҳитда, халқаро муносабатларда бошқа мустақил субъектлар, қайд этиш жоизки, тенгҳуқуқли субъектларга нисбатан мустақил бўлади. Айнан шу маънода БМТ / United Nations “nations” атамасини давлатнинг маънодоши сифатида қўллайди. Яъниким, гап бу ерда этнос ёки этник гуруҳ эмас, айнан давлат ҳақида кетмоқда, чунки айнан давлатлар халқаро ҳуқуқнинг субъекти, БМТ аъзоси бўла олади.
Шунга қарамай, кундалик сўзлашув тилида шундай дейилади ёки ҳатто сиёсатчилар ҳам давлатни назарда тутган ҳолда “nation” (“миллат”) деб гапиради. Айни дамда миллат сўзининг жамоавий, умумий, ҳамжамиятнинг барча аъзолари тан оладиган идентитети – кимлигига асосланган одамлар умумийлиги сифатидаги тушунчаси ҳам мавжуд.
Кимликнинг асосини тил, маданият, тарих, тарихий хотира ташкил қилади. Яъниким, миллат тарихий умумийлик сифатида тушунилган пайтда асосий эътибор одамларга, халққа қаратилади. АҚШ конституцияси кириш қисмида, ҳатто Қирғизистон конституциясини оладиган бўлсак, улар “Биз, Қирғизистон халқи” ёки “Биз, АҚШ халқи” деб бошланганини кўрамиз. Бу билан улар аввало, ўзларини назарда тутмоқда. Бу ерда гап одамларнинг аллақандай умумий идентитети мавжуд аллақандай умумийлиги ҳақида кетмоқда.
Қирғиз бўлиш нимани англатади? Буни ҳар ким ҳар хил тушунади. Дейлик, мен учун қирғиз бўлиш қирғиз этносига мансублигим, ўзимни қирғиз этносига, унинг тарихига, анъаналарига, тили ва маданиятига мансуб сифатида танишимни англатади. Қирғизистонлик эса сенинг муайян давлат, яъни Қирғизистон фуқароси сифатидаги кимлигингни англатувчи тушунча бўлса, ажаб эмас. Бу биз, масалан, қирғиз ёки Қирғизистон миллатини қандай аниқлашимизга оид турли ёндашувлар ва турли тушунчаларни акс эттиради. Ёки одам ўзи ўзига мана бундай савол бериши мумкин: “Қирғиз миллати борми? Қирғиз миллати асосини нима ташкил қилади? Яъниким, унинг асосини қирғиз этноси ташкил этадими ёки Қирғизистоннинг барча фуқароларими?
Бизнинг конституциямизда фуқаролик миллати деган таъриф мавжуд. Биз Қирғизистон халқи ушбу мамлакатда яшаётган турли этнослардан иборат, деб айтамиз. Бундан маълум бўляптики, конституциямизда миллат фуқаролик нуқтаи назаридан келиб чиқиб белгиланган.
Дониёр Мўлдокан:
Яъниким, қирғиз миллати – биринчи президентимиз шиори, шундайми? Қирғизистон – умумий уйимиз.
Анар Мусабаева:
Йўқ, айнан сиз айтгандай деб бўлмайди. Умуман, шиорлардан ҳар доим эҳтиёт бўлган маъқул. Ҳа, маълум маънода ушбу шиор фуқаролар кимлиги айнан шундай шаклланишига, ҳар бир қирғизистонлик ўзини умумий жамоавий ва тенгҳуқуқли умумийликнинг бир қисми ўлароқ ҳис қилишига имконият яратиб беришни мақсад қилиб олган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, “умумий уйимиз” деганда, Қирғизистонда истиқомат қилаётган барча этнослар бир ҳалқ, бир миллатнинг вакиллари экани назарда тутилади. Лекин, афсуски, ушбу шиорлар ҳеч қачон уни ўз олдига қўйган, олға сурган одамлар қўйган вазифаларни ҳал эта олмайди, чунки ҳатто Акаев олға сурган “Қирғизистон – умумий уйимиз” шиори турли ҳиссиётларни келтириб чиқарган эди. Баъзан Қирғизистонни умумий уйимиз деб аташ каптархона маъносини беради, бу юртнинг эгаси йўқ, деб гапирганлар ҳам, уни айбловчилар ҳам бўлди. Масалан, айрим сиёсатчилар бу билан кўпчиликни ташкил этувчи қирғизлар мамлакатга ном берган миллат ролини, яъни Қирғизистоннинг ўзагини йўқотиши мумкинлигини ҳам гапирган эди. Шунинг учун бундай шиорлар, албатта, турлича қабул қилинган. Шиорларга ҳар доим эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак.
Дониёр Мўлдокан:
Тушунаман, чунки уларни турлича талқин қилиш ҳам мумкин. Лекин шу ўринда мана бундай савол туғилади: нега постсовет мамлакатларида, жумладан, Қирғизистонда “миллатчилик” сўзи айнан муайян этник гуруҳга бориб тақалади? Сиз яна ушбу шиорлар халқ учун, аҳоли учун қўрқинчли жаранглаган деб айтдингиз. Нега? Чунки муайян этник гуруҳга, мамлакатга ном берган миллат билан боғлиқ миллат ўзагини йўқотиш қўрқуви бўлган. Янги президент паспортларга “миллат” сатрини қайтарди. Назаримда, бу одамларни ташвишлантириши керак.
Анар Мусабаева:
Нега бунга постсовет мамлакатлари, жумладан, Қирғизистонда салбий ҳолат деб қаралади? “Миллатчилик” сўзи салбий маънода тушунилади. Менимча, бу бизнинг совет, тарихий меросимиз билан боғлиқ, чунки шўролар даврида Сосет иттифоқи коммунистик партияси мафкураси совет халқи деб аталган аллақандай умумийликни яратишга қаратилган эди. Буни, масалан, АҚШдаги melting pot (сўзма-сўз таржимаси – эритиш қозони; сиёсий маънода – турли халқлар, услублар, назариялар ва ҳк. ўзаро аралашиб кетган жой) билан солиштириш мумкин. Мана шу концептга кўра, АҚШ жуда кўп миқдордаги турли этнослар, ирқий гуруҳлар, тил гуруҳлари ва ҳк.дан иборат. Уларнинг шундай концепцияси бўлган.
Совет Иттифоқида ҳам бундай этник ва миллий ўзига хосликларни йўқ қилиб, совет халқини ҳосил қилишга оид ўзига хос “эритиш қозони” ҳақидаги концепция мавжуд эди. Шунинг учун миллатчилик ёки сиёсатчилар ва зиёлилар вакилларини миллатчи деб гапирганда, ушбу сўз ўта салбий маъно касб этган, чунки миллатчиликка қайсидир этноснинг Совет Иттифоқи тарихидаги ва бошқа қандайдир хизматлари учун бошқа барча миллатлардан устунлигини тарғиб қилувчи шовинизм ёки мафкура сифатида қаралган. Афсуски, мана шу қараш сақланиб қолди ва у замонавий, мустақил Қирғизистон давлатини қуриш, умумий миллат, тўғрироғи, кимлиги умумий бўлган миллат қуриш ва ҳк. масалаларни муҳокама қилишга халақит бермоқда.
Паспортлар ва улардаги этник мансубликни кўрсатувчи қаторларга келсак, билмадим, балки бу одамларни ташвишлантираётгандир. Ушбу масала тарихига, яъни унинг олиб ташланиш қарайдиган бўлсак, у 2016 йилда муҳокама қилинган эди. Дастлаб бу ташаббусни ўзимизнинг ГРС – Давлат рўйхатга олиш хизмати кўрсатган. Ўша пайтда айни ташаббусга нисбатан салбий муносабатлар билдирилди, чунки юқорида гапириб ўтганимдек, қирғиз этноси вакиллари бу нотўғри эканини, чунки қирғизлар Қирғизистондаги миллатнинг ўзагини ташкил этишини айтган эди. Ва ушбу сатрни олиб ташлаш билан […]. Улар, бу ҳатто конституцияга зид эканини билдириб, одамларни этник мансублигини кўрсатишдан маҳрум қилаётганимизни қайд этган эди. Ҳатто айрим кишилар қирғиз этносига мансублигидан ғурурланишини ва нима учун бундай имкониятдан маҳрум бўлиши кераклиги ҳақида ҳам гап кетган.
Дастлаб ушбу масала кейинга сурилди. Лекин 2017 йилда биометрик паспортлар берилаётган пайтда оғриқли тарзда бўлса ҳам – шундай дейиш мумкин бўлса – айни сатр бекор қилинди. Этник мансубликни кўрсатиш сатри бекор қилинди, чунки режа бўйича бу этник мансубликка оид зиддиятларни бартараф қилиш ва айтиш мумкинки, айнан фуқаролик идентитети ва фуқаролик миллатига бўлган ёндашувни – ана, боринг, мафкурани – бир оз тезлаштириш йўлидаги қадам бўлган эди. Аммо ўша пайтда барибир салбий муносабатлар кўп билдирилган. Бу нотўғри қадам экани хусусида публицистлар ҳам, сиёсатчилар ҳам, юристлар ўз қарашларини баён қилган. Ҳатто агар вазият шундай давом этаверса, қирғизлар этнос сифатида умуман йўқ бўлиб кетиши ва ўз ватанида кам сонли элатга айланиб қолиши, давлатни ташкил этувчи сифатидаги мақомидан айрилиши ва ҳк. мумкинлиги ҳақидаги “ўта ташвишли” хавотирлар ҳам янграган.
Албатта, шунинг учун ушбу масала кўп кишиларни ташвишга солади. Назаримда, кўпчилик янги президентнинг ушбу қадамини олқишлади. Ўша кўпчилик бу сатр олиб ташланишига қарши бўлган одамлар экани тайин, чунки улар этник мансублигини кўрсатиш фуқаронинг ҳуқуқи бўлиши шарт, деб ҳисоблайди. Шунинг учун айни масала бу, дейлик, Қирғизистондаги барча этносларни жипслаштириш, бирлаштириш нуқтаи назаридан ижобий ёки салбий таъсир кўрсатишини идрок этиш билан боғлиқ.
Дониёр Мўлдокан:
Келинг, ҳозирги кунларимизга қайтамиз. CAAN сайтида яқинда сизнинг “Садир Жапаровнинг миллий популизми” деган мақолангиз чоп этилди. Шу мақолада сиз миллий популизм пайдо бўлишининг турли сабаблари ва ўзига хосликларини тилга олгансиз. Ва мақолада ёзишингизча, Қирғизистонда миллий популизм кескин шаклларда пайдо бўлмаган. Бунинг маъноси нима? Тушунтириб бера оласизми?
Анар Мусабаева:
Бизда ҳокимият сўнгги марта 2020 йил октябрида ўзгарган эди. Садир Жапаровнинг сиёсий ҳокимиятни эгаллаши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Айтиш мумкинки, тадқиқотчилар учун ушбу жараёнлар ҳақида мушоҳада қилиш учун рағбат юзага келди: нега бундай бўляпти, бунинг сабаблари нима ва ҳк. қабилида. Бир қатор тадқиқотчилар ҳозир бутун дунёда миллий популизм тамойили урф бўлгани ҳақида гапира бошлади. Кўп мамлакатлар, ҳатто АҚШ ҳам олиб қаралса, Доналд Трампнинг ҳокимиятга келиши миллатчи популистнинг ҳокимиятга келиши деб ҳисобланмоқда. Ушбу қиёс айрим тадқиқотчилар Садир Жапаров ҳақида Қирғизистоннинг ўзига хос Доналд Трампи деб гапиришига сабаб бўлди. Улар […]ни қайтариш хусусидаги шиорлар билан, яъни халқ, миллат манфаатлари ва миллатнинг устуворликлари ва ҳк. ҳақида гапиргани ортидан популизм тўлқинида ҳокимиятга эришди. Мақолани ёзишимга шу нарса туртки берган эди, ўша мақолада ушбу икки ҳодиса чиндан ҳам ўхшашми ёки йўқлиги ва Қирғизистондаги миллий популизмнинг фарқли тарафи нима эканини акс эттирмоқчи бўлдим. Мен Садир Жапаровнинг сиёсатчи сифатидаги миллий популизми ҳақида сўз юритганимда, у кескин шаклда эмаслигини айтдим, чунки айрим тадқиқотчилар, ҳатто ижтимоий тармоқларда фикр юритган оддий кишилар Садир Жапаровнинг ҳокимиятга келишини, уни қўлловчи гуруҳлар муайян мақсадларни кўзлаган намойишларга чиқаётганини муҳокама қиладиган бўлди. Улар буни ҳатто бошқа мамлакатларда фашизм юзага келиши даракчиси ўша мамлакатлардаги воқеалар билан таққослади.
Мен бундай таққослаш нотўғри ва бунинг мавриди эмаслигини назарда тутган эдим, чунки бу фашизм эмас, фарқли нарса. Фашизм билан миллий популизм – бутунлай бошқа-бошқа нарсалар, чунки фашизм миллий популизмнинг ўта кескин, экстремистик кўринишидир. Тарихга назар ташлаб, фашизм қандай вужудга келганини ва у ўша фашистлар Германиясида қандай амал қилганини оладиган бўлсак, муайян этник гуруҳнинг устун бўлганини, бошқа гуруҳлардан ҳатто биологик устунликлар ва ҳк.га асосланган афзалликларга эга бўлганини кўрамиз. Фашизм ҳукмронлиги чоғида давлатнинг тўлиқ ва мутлақо бир шахсга бўйсундирилганини, шахсга сиғинишни кўрамиз. Гап одамларнинг янги умумийлиги, ўзига хос одам турини шакллантириш ҳақида кетмоқда. Демак, у мана шундай экстремистик ғоялар, қарашлардан иборат.
Шунинг учун айни нуқтаи назардан қараганда, Қирғизистонда бундай аломатлар бор деб деб айтиб бўлмайди. Назаримда, бу шундай муаммоларни бўрттиришдан иборат, чунки одамлар – жамиятнинг либерал қисми – Қирғизистонда авторитаризм ўрнатилишидан хавотирга тушиб қолган. Бундай хавотирлар пайдо бўлишига конституция ўзгартирилгани, давлат бошқарувининг парламент шаклидан президентнинг ваколатлари кенгайтирилган суперпрезидент тизими қайтарилгани ва ҳк. туртки берди. Эҳтимол айнан мана шу қўрқувлар бўрттиришларга асос бўлгандир. Мен шу маънода буни фашизм эмас, айнан миллий популизм деб айтдим. Бу миллий популизмнинг қирғизча кўринишидир, чунки кенг халқ оммасининг сиёсий элитанинг Қирғизистонда сўнгги 30 йилда жамиятимизда либерал демократия ва ҳк. қуриш йўлидаги тажрибасидан ҳафсаласи пир бўлган эди.
Дониёр Мўлдокан:
Аслида муаммоларни умумий тарзда ҳал этиш йўлларини қидириш миллатни муваффақиятли барпо этишнинг асосий рецептидир. Муаллиф Андрес Виммернинг ушбу мавзуга оид “Nation Building: Why Some Countries Come Together While Others Fall Apart” (“Миллат қуриш: Нега айрим миллатлар бирлаша олади, бошқалари эса – йўқ”) деган ажойиб китоби бор. Ўша муаллиф таъкидлашича, миллий давлатлар ташкил бўлиши билан миллат қурилиши ўртасида тафовут бор экан.
Байроғи, армияси, мадҳияси, ҳозиргина зарб қилинган пули ва чоп этилган паспортлари бор мустақил давлат барпо қилиш фуқаролар ўзини ўша миллат вакили сифатида билиши ёки ўша давлатнинг обрўсини тан олишини кафолатламайди.
Миллатни барпо қилиш “қабиладан миллатга” деган континуум (жараёнлар узлуксизлиги) бўйича модерн “тараққиёт”ни англатмайди. Олдимизда турган вазифа ҳар бир овоз ҳисобга олинадиган ва интеграциялашган миллатни қуришдан иборат.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Этносимволизм (ethniosymbolism) – миллатчиkbкни ўрганишдаги тафаккур мактаби, у замонавий миллий давлат шаклланишида рамзлар, ривоятлар, қадирятлар вап анъаналар муҳимлигини таъкидлайди.
[2] Конструкт – реал дунёнинг бутун ва бошқаларидан ажратиладиган моҳияти.