Сурат манбаси: kun.uz, фото: guldu.uz
Муаллиф: Нодирабегим Назарқулова
Талабалар мамлакат аҳолисининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд энг ёш, ғайратли, келгусида асосий ишчи кучини ташкил қилувчи қатлами ҳисобланади. Уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳар қандай давлат учун бир қатор иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш, барқарорликни таъминлаш, демакдир.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, республика бўйича 61 та олий таълим муассасаси ташкил қилинган бўлса, кейинги йилларда олиб борилган кадрлар тайёрлаш сиёсати туфайли ОТМлар сони ортиб, 2020 – 2021 ўқув йили якунига келиб, 131 тани ташкил қилди. Шундан университетлар 28 та, институтлар 37 та, академиялар 3 та, филиаллар 26 та, консерватория 1 та, хориж ОТМларининг филиаллари 22 та, нодавлат олий таълим муассасалари 9 тани ташкил қилди ва уларда 515 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сонининг ўсиши
Ҳар икки жадвалдан кўриниб турибдики, 2017 – 2018-ўқув йилидан эътиборан, ҳам ОТМлар, ҳам талабалар сонида ўсиш кузатилган. Бу ўсиш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасидаги ислоҳотлар, мамлакатда иқтисодий салоҳиятни оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижаси бўлиб, давлат ички сиёсатининг муҳим йўналишига айланган олий таълимнинг ижобий тарафга ўзгарганидан далолат беради. Шунингдек, 2017 йил 21 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, сиртқи ва кечки таълим йўналишлари қайта йўлга қўйилиб, уларга 2020 – 2021-ўқув йилида кундузги таълим йўналишига (103 575 нафар талаба) қўшимча 36 375 нафар талаба қабул қилиниши белгилаб олинди.
Мамлакатда талабалар сони ортиши, яхши, албатта. Aммо бу ўсиш параллел равишда талабалар сифатли таълим олиши учун шароит яратиш, энг биринчи навбатда, уйидан олисда таҳсил олишни мақсад қилганлар учун турар жойлар ташкил қилиш вазифасини ўртага қўяди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 27-июлдаги ПҚ-3151-сонли қарори ва 2021-йил 3-февралдаги ПФ-6155-сонли фармонига кўра, талабаларни турар жой билан таъминлашни босқичма-босқич яхшилаб боришни кўзда тутувчи “йўл харитаси” тузиб чиқилди. Ҳар икки ҳужжатда ҳам ОТМларга талабаларни турар жой билан таъминлашда қатор имтиёз ва молиявий ёрдам кўзда тутилган бўлиб, республика учун янги хорижий тажриба – хусусий талабалар турар жойларини қуриш масаласи кўриб чиқилган. Давлат-хусусий шериклик муносабатлари Ўзбекистон “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26апрелдаги 259-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом” асосида амалга оширилади.
Ўзбекистонда мавжуд ОТМларнинг асосий қисми ва нисбатан нуфузлилари, шунингдек, хорижий университетларнинг кўплаб филиаллари Тошкент шаҳрида жойлашган. Самарқанд, Aндижон, Бухоро, Қарши шаҳарлари талабалар сони бўйича кейинги ўринларни эгаллайди. Бироқ, талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида кўрсаткичларни муваффақиятли деб бўлмайди. Қуйида мамлакатнинг нуфузли 6 ўқув юртидаги жами талабалар сонига нисбатан ТТЖ билан таъминланган талабалар сонига эътибор қаратайлик:
Республикада илк бор ташкил этилган олий таълим муассасаси ҳисобланмиш Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида айни вақтда умумий талабалар сони 29,769 нафарни ташкил қилади. Бироқ, уларнинг бор-йўғи 12,2 фоизи талабалар турар жойи билан таъминланган, холос.
4703 нафар талаба таҳсил олаётган Тошкент давлат юридик университетида эса талабалар турар жойининг 2 та биноси мавжуд бўлиб, уларда 503 нафар талаба яшаши учун зарур шароитлар яратилган. Ва айни пайтда ТТЖда 496 нафар талаба (163 нафари қизлар, 2 нафар хорижий талаба) истиқомат қилмоқда, яъни, таъминланиш даражаси 10,6 фоиз.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида 2700 нафарга яқин талаба таҳсил олса, уларнинг 8 фоизи – 220 нафари ТТЖ билан таъминланган, холос.
Қарши давлат университетида жами талабалар сони 16578 нафар, 2012 йилдан бошлаб 1084 нафар талаба (унгача 994 нафар эди) ТТЖ билан таъминланган.
Самарқанд давлат университетида ўқиётган талабалар сони 16 294 нафарни ташкил этади. Шундан университет талабаларининг 8%и, яъни 1470 нафар талаба турар жой билан таъминланган. “Zarafshon online” газетаси маълумотига кўра, 7200 нафар талаба ижара уйда туради.
Қорақалоғистон Республикаси пойтахтида Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг битта талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, у 275 ўринга мўлжалланган ва талабалар турар жойида 215 нафар талаба-қиз яшамоқда.
Республикада фаолият олиб бораётган хорижий ОТМларда ҳам ушбу кўрсаткич унчалик юқори эмас:
Жадвалда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (3803 нафар талабадан – 180 нафар), Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (1000 нафар талабадан – 460 нафар), Тошкент шаҳридаги Кореянинг Инҳа университети (1500 нафар талабадан – 200 нафар, (2021-йил, 2-мартдаги пост)), Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти (740 нафар талабадан – 180 нафар) ва ниҳоят янги ташкил қилинган Aжоу университети (450 нафар талабадан – 196 нафар) томонидан талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиш даражаси келтирилган. Кўриниб турибдики, худди маҳаллий ОТМлар каби хорижий таълим муассасалари ҳам талабаларни турар жой билан таъминлашда 50 %дан кам кўрсаткичга эга.
Юқорида келтирилган рақамлар жуда паст кўрсаткичлар бўлиб, ҳар бир ўқув йили бошида талабаларнинг турар жой муаммосига дуч келиб, бир қанча вақт сарсон бўлишини билдиради. Бундан ташқари, талаба ва ОТМ ўртасида ТТЖда туриш бўйича шартнома ҳар бир ўқув йили учун алоҳида тузилиб, ўқув йили ниҳоясига етиши билан ҳужжат ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Талаба янги ўқув йили бошида яна ҳужжатлар тайёрлаши ва шартномани янгилаш учун вақт сарфлаши зарур. ТТЖларда жойлар камлиги боис, нафақат узоқдан келиб ўқийдиган магистрантларга, балки 3 ва 4-босқич талабаларига ҳам ётоқхона берилмаслиги ҳолатлари республика бўйлаб кўп учрайди. ОТМлар, энг аввало, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, “темир дафтар”да рўйхатда турувчилар турар жой билан таъминланишини биринчи ўринга қўяди.
Талабаларни турар жой билан таъминлашда хориж тажрибаси
2019 – 2020-ўқув йилларида AҚШдаги коллеж ва университетларнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича кўрсаткичларини тақдим қилган usnews.com сайти ўз статистикасини қуйидаги сўзлар билан бошлаган: “Олий ўқув юрти ётоқхоналари, кўпинча, пицца ва кино кечалари, таълим марафонлари ва дўстлашиш майдони сифатида хизмат қилади. Университет тақдим қилган турар жойларда яшаш талабаларга ота-она қаноти остидан чиқиб, мустақил ҳаётга қадам қўйишда кўприк вазифасини бажаради”. Сайтда талабаларни турар жой билан таъминлаш даражаси 90 % ва ундан кўп бўлган 100 та олий ўқув юрти келтирилган бўлиб, улар орасида Стэнфорд университети – 93%, Колумбия университети – 92 %, Ричмонд университети – 91% каби юқори рейтингли олий ўқув юртлари бор. Эътиборлиси шундаки, бу олийгоҳлар фақатгина бакалавриат босқичи талабаларинигина эмас, балки магистрант, докторант ва ўқитувчиларни ҳам алоҳида турар жой билан таъминлаш имкониятини яратган. Бу университетлар умумий талабалар ётоқхонасини қурибгина қолмай, оилавий яшашга имкон берадиган алоҳида уйлар комплексига ҳам эга.
AҚШнинг Ню-Жерси шаҳрида жойлашган Принстон университетида 8419 нафар талаба таълим олади ва уларнинг деярли барчаси ётоқхона билан таъминланган. Университетнинг талабаларни таълим маскани ёнида, яъни, кампусда турар жой билан таъминлаш борасида ўзига хос сиёсат юритилиб, унга кўра, бакалавриат таълим йўналишидаги барча талабалар тўлиқ турар жой билан таъминланади. Бу билан талабанинг ўз шахсий ҳаётини йўлга қўйишга ёрдам бериш кўзда тутилган. Биринчи ва иккинчи курсда ўқийдиганлар қуйидаги 6 коллеждан бирида яшашлари мумкин: Бутлер, Форбес, Матей, Рокфеллер, Витман ва Уилсон. Улардан 3 таси Бутлер, Матей ва Витман 4 йилга турар жой билан таъминлаш борасида шартнома таклиф қилади.
Бостон университети ҳам Принстон университети каби талабаларни турар жой билан таъминлашни биринчи ўринга қўювчи AҚШдаги йирик хусусий университетлардан бири ҳисобланади. Университетда 32 минг талабадан қарийб 78 фоизи турар жой билан таъминланган.
Япония университетларида 3 миллион нафарга яқин талаба бор, улар кўчмас мулк бозори учун жозибали мижоз ҳисобланади. Японияда бир кишилик «талабалар уйлари» жуда кенг тарқалган.
Aлишер Умирдинов, Нагоя иқтисодиёт университети (Япония) Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси: Жанубий Кореяда ҳам “one-room” (бир хонали) услубидаги уйлар талабалар орасида юқори талаб кўрсаткичига эга. Шунингдек, Кореяда университетнинг ўзида ётоқхона ололмаган маҳаллий ва хорижий талабаларга турар жой топиш учун университетда хусусий агентликлар ёрдами таклиф қилинади.
Раббонаев Aвазбек, 27 ёш, Тошкент давлат шарқшуносик университети талабаси:
“2018 – 2020 ўқув йиллари давомида Шанхай университетида таҳсил олганман. Бу университетда жами 80 минг нафар талаба таҳсил олади. Университет чет эллик талабаларни бепул турар жой билан таъминлайди. Олий ўқув юрти бизга тақдим қилган дастурга кўра, турар жой, тиббий суғурта полислари тақдим этилган бўлиб, бир ўртоғим касал бўлиб қолганда, бизга бириктирилган куратор унинг даволаниши учун барча шароитлар яратилишига шахсан бош-қош бўлган эди. Биз турган талабалар турар жойида алоҳида хона, душ, ошхона, интернет мавжуд бўлиб, ошхонада деярли ҳеч ким овқат қилмасди. Университет ётоқхонасида туришни хоҳламаган хорижлик талабалар учун хусусий риелторлар билан ҳамкорликда ижарага уйлар топишда ёрдам берилади.”
Курбанбаев A., 24 ёш, ТДШУ талабаси:
“2017 – 2020-йиллар давомида Тяньцзинь университетида таълим олдим. Университетнинг чет эллик талабалар учун ишлаб чиқилган махсус таълим дастурига кўра, бизни бепул турар жой билан таъминлашди. Тяньзинь университети кампусида 4 тоифадаги ётоқхоналар мавжуд бўлиб, бизга барча шарт-шароитлари муҳайё қилинган D кампусдан хоналар беришди. Бу хоналар барча шароитларга эга бўлиб, алоҳида душ, ҳожатхонаси хона ичида жойлашган, шунингдек, кондиционер, телевизори бор. Хоналардаги тозаликка ҳам алоҳида эътибор берилиб, ҳар ҳафта чойшабларни алмаштиришар эди. Табиийки, бундай шароитлар талабаларнинг бошқа иккинчи даражали нарсаларга вақт сарфламай, ўқишга диққат қаратишини таъминлайди, деб ўйлайман.”
Махмасолиев Жонибек, 24 ёш, ТДШУ талабаси:
“Мен Кореяга талаба алмашинув дастури асосида ўқишга кетишдан аввал ТДШУ талабалар турар жойида 6 ой яшаганман. 220 кишига мўлжалланган ТТЖда шароитлар қониқарли бўлиб, ҳар қаватда умумий ошхона, душ ва ҳожатхоналар мавжуд. Ётоқхонанинг биринчи қаватида чет эллик талабалар учун хоналар бор. 2019 – 2020 ўқув йилида Корея республикасининг Кюнг Ҳее университетида Эхчанге дастури бўйича 1 йил таълим олдим. Бу университетда ҳам маҳаллий ва хорижлик талабаларнинг турар жойлари алоҳида-алоҳида ташкил қилинган. Aммо аҳамиятли жиҳати, турар жой ошхонасида мусулмон талабалар учун алоҳида менью мавжуд, талабаларнинг диний эътиқодини ҳурмат қилиш асосида хориждан ёшлар келишини рағбатлантирувчи сабаблар кўпайтирилади. Ваҳоланки, Шарқшунослик университетида таҳсил олувчи чет эллик талабалар оддийгина душлар ишламаслиги, ёз фаслида кондиционер билан таъминланмаган хоналарда яшашдан кўра, мустақил равишда алоҳида квартиралар топиб чиқиб кетишга мажбур бўлиши ҳолатларини кузатганман”.
Хамракулова Гулбаҳор, 29 ёш, Aжоу университети ходими:
“Мен Ўзбекистондаги университет ётоқхонасида яшамаганман. Aммо 2016 – 2018 йилларда Кореянинг Aжоу университети ётоқхонасида истиқомат қилдим. Кореядаги университетлар, асосан, ўқув машғулотлари олиб бориладиган бинолар ва талабалар турар жойлари битта ҳудудда жойлашган кампус шаклида қурилган. Хориждан келувчи талаба сифатида ҳали ўқув йили бошланмасдан олдин махсус сўровнома тўлдирганман. Бу сўровномада ётоқхонада туриш-турмаслигим, агар турсам, диний эътиқодим, вегетарианманми-йўқми, аллергиядан азият чекмайманми – шу каби саволлар берилиб, хона ажратилган. Яшаш жойимда диний, миллий урф-одатлари ва менталитети ўхшаш тенгқурларим билан туришим, кунлик рационимда қандай овқатлар бўлиши кабилар сўровномага мувофиқ тайинланган. Мен ўзим ётоқхонада туркиялик, бангладешлик ва ўзбекистонлик қиз билан яшаганман. Бизга қўшни хоналарда эса хитойлик ва вьетнамликлар бирга яшашар эди. Бу жиҳат хорижлик талабаларнинг Кореяда ортиқча келишмовчиликларсиз, бир-бирини тушуниб яшашига имкон беради. Ётоқхона биносининг ҳар бир қаватида иккитадан ошхона, ювиниш ва кир ювиш хоналари, ҳожатхоналар мавжуд. Бундан ташқари, ҳар бир қаватда компьютерлар билан таъминланган кичик кутубхоналар ҳам бор, улар куннинг исталган вақтида фойдаланиш учун очиқ.
Ўзбекистонда ҳам кампус тизимини жорий қилиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу билан талабаларнинг бир ҳудудда тўлиқ ўқиш билан банд бўлиши, транспортда юриш учун вақт сарфламаслиги таъминланиб, юқори таълим сифатига эришиш мумкин бўлади. Шунингдек, Ўзбекистондаги ОТМлар айнан Aжоу университетида йўлга қўйилган ўзига хос услубни – чет элликлар учун ташкил қилинган ётоқхонадаги ҳар бир хонада битта маҳаллий ва битта хорижлик талаба яшаши тизимини ўзлаштирса яхши бўларди. Чунки бу чет эллик талабаларнинг маҳаллий шароитга тезроқ мослашишига ёрдам беради. Умуман, биздаги ОТМлар ўрганиши керак бўлган хорижий тажрибалар кўп ва уларни босқичма-босқич жорий қилиб бориш таълим сифати ошишида муҳим, деб ўйлайман”.
Таълим олиш мобайнида ҳам Ўзбекистон, ҳам хориж тажрибасини амалиётда кўрган респондентларнинг фикрларидан ҳам кўриниб турибдики, ОТМ талабани қанчалик яхши шароит билан таъминласа, таълим сифати шунчалик яхшиланишига эришилади.
Ижтимоий тажриба: талабалар қаерда ва қандай шароитда яшамоқда?
Тасодифий 81 кишидан иборат жамоа фикри*
Одатда, жамият ҳаётига доир бирор масала ўрганилаётганда, турли фикрларни билишга доир ижтимоий сўровнома, интервьюлар ташкил қилинади. Уларнинг натижалари, гарчи, муаммони аниқ очиб беролмаса ҳам мавжуд вазият ҳақида қисман тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Ҳудди шундай кичик ижтимоий тажриба сўровнома тарзида ўтказилди. Унда жами 14дан 30 ёшгача бўлган 81 киши (85 %и талабалар) иштирок этди. Уларнинг 87,7 %и талабанинг турар жойидаги шарт-шароит таълим сифатига таъсир қилади, деган фикрни билдирган. Сўровномада қатнашган талабаларнинг 7 нафари (8.6 %и) ОТМ томонидан берилган ТТЖда, 63 %и ижарада туришини, қарийб 20 %и ўз уйида яшашини айтган.
Ўзбекистонда ижарага уй бериш ва топиш учун дастурлаштирилган платформаларни таҳлил қилган ҳолда олинган маълумотлардан келиб чиқиб, нархлар борасида сўровнома ўтказилганда, қуйидаги натижа келиб чиқади: 59.3% киши 550 минг сўм, 25.9% киши 1 млн. юз минг сўмдан – 2 млн. 200 минг сўмгача тўлар экан.
Хўш, турар жойдаги шароитлар ҳар доим ҳам тўланадиган маблағга арзийдими?
Шунингдек, ижарага уй топишга имкон берувчи сайтлар ва уларга қўйилган эълонлар бўйича қилинган кичик тажрибада, кўпинча, ижарачиларнинг талабалар билан шартнома тузишдан қочиши кузатилди. Бунга уй соҳиблари талабаларнинг масъулиятсизлиги, тўлов пуллари кечикиши, тартибсиз ҳаёт кечиришга мойиллик каби сабабларни келтиришган. Тор доирада ташкил этилган сўровномада қатнашганларнинг бу борадаги фикри ҳам қисман ижарага берувчилар билан ўхшаш, фақат бир жиҳатни истисно қилганда:
Маълумки, қонунчиликка кўра, ҳар қандай даромад келтирадиган фаолият учун давлатга солиқ тўланиши лозим. Бунга уйни ижарага беришдан олинадиган даромадлар ҳам киради, албатта. Ижара ҳақи юқорилиги туфайли кўпгина талабалар расман шартномада келтирилган сумма (olx.uz, uybor.uz) янги фармондаги БҲМ миқдори (245 000 сўм)дан анчагина кўплиги боис (буни юқорида келтирдик), квартирада яшовчилар сонини кўпайтириш орқали нархларни қулайлаштиришга мажбур бўлишади. Яъни, шартнома бўйича квартирада 4 киши истиқомат қилади ва нархи, айтайлик, ойига 1 млн 550 минг сўм, аммо, амалда 6 киши яшайди ва ҳоказо. Айнан шу боис, талабаларнинг аксарият қисми бутун республика бўйлаб ижара уйларда туришига қарамай (130 мингга яқин талаба), давлат томонидан 50 %лик ёрдам пулини ололмаяпти. Бу ҳолатда ёки ижарага уй берувчиларнинг фаолиятини қонуний назоратга олиш керак, ёки талабаларни доимий турар жой билан таъминлаш борасида бошқа муқобил ечимларни кўриб чиқиш керак. Яъни, маълум бир маблағни шунчаки бир марталик, бир йиллик ёки тўрт йиллик ижтимоий ёрдам учун эмас, балки доимий ишлайдиган барқарор структураларни ташкил қилиш учун сарфлаш кўпроқ мақсадга мувофиқдир. Бу бир томондан, давлат маблағлари талон-тарож бўлишининг олдини олса, иккинчи тарафдан, мазкур маблағларнинг келгусида ҳам фойда келтирувчи объектларни молиялаштириб, ҳатто қўшимча иш ўринлари ташкил қилиш учун ишлашини таъминлайди.
“Сизнингча, талабани 4 йил бакалавриат босқичида доимий турар жой билан таъминлаш кимга қонун йўли билан юклатилиши керак?”, деган саволга берилган жавоблардан келиб чиққан қуйидаги натижани олайлик:
ОТМлар давлат билан ҳамкорликда талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида ечим қидирар экан, жаҳон тажрибасидан фойдаланиш ва бу жараёнга хусусий секторни фаол жалб қилиш зарур. Хусусий сектор даромад олиш ва ўз бизнесининг равнақи учун яхшигина фойда манбаси ҳисобланган талабаларга улар кутганидан ҳам яхшироқ шароитларни яратиб бериши мумкин. Aлбатта, давлат талабаларни ижтимоий ёрдамсиз қолдирмаслиги керак. Аксинча, ҳозир ижара тўловининг бир қисмини тўлашга қаратилган пулларни хусусий секторга субсидия тарзида ёки имтиёзли кредит шаклида бериш мақсадга мувофиқдир.
Хусусий сектор томонидан қурилиб, ОТМ билан ҳамкорликда фаолият олиб борувчи бундай тузилмалар талабаларнинг ҳар ўқув йили бошланишида уй қидириб сарсон бўлишининг олдини олиш билан бирга, мамлакатнинг чет эллик талабаларни жалб қилиш хусусиятини ҳам оширади, деб ўйлаймиз.
Сўровномада қатнашган талабаларнинг “Турар жой билан таъминлаш учун нима қилиш керак, деб ҳисоблайсиз”, деган охирги саволига кўп ҳолларда янги турар жойлар қуриш керак дея жавоб берилганини кўриш мумкин. Баъзи талабалар турар жой нархларидан кўра, улардаги шароитлар яхшиланиши тарафдори экани маълум бўлди. Шунингдек, турар жой масаласидан ташқари, транспорт борасида ҳам қўшимча фикрлар билдирилгани талабалар учун қилинадиган ишлар кўплигидан далолат далолат беради.
Албатта, талабалар ҳаётига доир муаммолар ҳақида кўп гапириш мумкин. Фақат бу гаплар ва таклифлар қоғозда қолиб кетавермаслиги керак.
Бу каби сўровномалар вазиятни яхшилашга ёрдам беради, деган фикрга муносабатингиз: