Ислом жамиятимизнинг ажралмас маданий қисмига айланиб қолди. Бунинг муаммолари жиҳати ҳам, имконияти ҳам мавжуд. “Илмий ислом” деб аталган” шонли анъаналаримизни эсга олиб, тараққиёт ва маънавият симбиозини кўрсата оламизми? Агар ислом дини сиёсатнинг бир бўлагига айланса, бу давлатларимизга манфаатли бўладими ёки инқирозга олиб келадими?
«ПостСоветистон» лойиҳасининг “Анъаналар ва модерн” деб номланган мавсумида ушбу ўта чигал мавзу бу масаладан яхши хабари бор экспертлар –таниқли тадқиқотчилар ва докторлик илмий даражасига эга олимлар: фалсафа бўйича доктор, Қирғизистоннинг АУЦА (Марказий осиёдаги Америка университети) профессори Эмил Насритдинов ва қозоғистонлик мустақил тадқиқотчи Ғалим Жусипбек иштирокида муҳокама қилинади.
Бошловчи Дониёр Мўлдокан:
Шундай қилиб, биринчи меҳмонимиз, қирғизистонлик эксперт, антрополог, Марказий Осиёдаги Америка университети доценти, дин амалларини бажариб келаётган мусулмон Эмил Насритдиновдир. У ҳам диний радикаллашувни, ҳам дин билан маънавиятни маданий тоифалар сифатида ўрганган.
Дин чиндан ҳам ҳаётимизга кириб, мустаҳкам ўрнашиб қолди. Эҳтимол у Совет Иттифоқи тарқаб кетишидан олдин кириб бўлган, чунки ҳатто СССР даврида ҳам одамлар унчалик кўз-кўз қилмай диний амалларни бажариб юрган, деб ўйлайман. Бироқ СССР инқирозга юз тутгандан бери эътиқод қилувчи ва дин амалларини бажарувчи мусулмонлар динамикасига қарасак, улар кўпайиб борганини кўрамизми ёки бу қандайдир сифатида тренд – тамойил ноаниқми?
Эмил Насритдинов:
Шубҳасиз. Бу ерда тўғридан-тўғри боғлиқлик бор, яъни ўзини мусулмон деб атаётган кишилар сони барқарор ошиб бормоқда. Улар ўзини мусулмон деб аташдан ташқари дин амалларини ҳам бажаришга ўтмоқда. Буни барча жиҳатлар: намоз ўқиётган кишилар, масжидга қатнаётган кишилар ва рўза тутаётган кишилар сонида кўриш мумкин. Яъниким, буларнинг барчаси нафақат шахсий амалиёт, балки маданият ва социумнинг бир бўлагига айланиб бормоқда. Масалан, буни турли жиҳатларда кўриш мумкин. Дейлик, яқинда умр йўлдошим тарафдан қариндошлар одамлар бир-бирини янги йил билан табриклаши тавсия этилмаётганини гапириб қолишди, чунки у мусулмонларнинг байрами эмас. Ваҳолонки, илгари ҳамма бир-бирини ҳар йили шу байрам билан табриклаб келган. Ҳа, янги йил билан табриклаш, рўза тутиш, ифтор қилиш сингари майда-чуйда кўринган нарсалар тобора кўзга ташланмоқда. Ҳозир масжидга, жума намози ва ҳайит намозига бораётган кишилар сонига қараб ҳам буни визуал тарзда кузатиш мумкин. Боз устига, умуман олганда, одамлар у ёки бу тарзда мусулмонча кийина бошлади, энди бунга ҳеч ким эътибор қилаётгани ҳам, ҳайратланаётгани ҳам йўқ.
Дониёр Мўлдокан:
Буни ўзликни излаш, аввало ўз-ўзини таниб олиш деб айтиш мумкинми? СССР тарқаб кетгандан сўнг ўзимизга тавсиф, қандайдир ўзлик излаяпмиз.
Эмил Насритдинов:
Ҳа, кўпчилик айнан шундай қилмоқда, яъни кўп одамлар динга мана шу излам (поиск) орқали келмоқда. Кўпчилик ҳаётда бошидан кечираётган қийинчилик сабаб динга юз бурмоқда. Кўпчилик қандайдир зарарли одатларга қарши курашиш орқали динга келмоқда. Лекин аксарият одамлар учун бу қайсидир маънода тренднинг бир қисми, холос. Масжидга қатнайдиган кишилар орасида рўза тутадиган кишилар сони ортиб боргани сари бу бошқаларга ҳам қизиқ туюла бошлайди. Энди бу ҳатто урфга ҳам айланди.
Дониёр Мўлдокан:
Жуда кўп одамлар диндор ва дин амалларини бажарувчи кишилар сони ортиб боргани сари дунёвийлигимизни йўқотиб қўямиз, деб қўрқади. Диннинг сиёсатга, бошқарувга ва ҳокимиятга кириб бориши хатари қанчалик асосли?
Эмил Насритдинов:
Албатта, бу осон савол эмас. Дин амалларини бажараётган мусулмонлар нуқтаи назаридан, албатта, бундай қаттиқ қўрқув йўқ. Бу дин билан сиёсатнинг алоқасига, намоз ўқийдиган киши ҳокимият тепасига чиқиши яхши, қабилидаги бир оз утилитар – манфаат нуқтаи назаридан ёки ҳатто жўн қарашдир. Ҳамма бало шундаки, бизда ислом дини узоқ йиллар давомида сиёсат ва ижтимоий ҳаётдан ажратилган эди ва биз ислом дини ижтимоий ҳаётнинг бир қисми бўлган ва у билан бирга ривожланган кўплаб мусулмон мамлакатларидан орқада қолиб кетдик. Яъниким, бугунги кунда ислом динининг сиёсат, ижтимоий ҳаёт ва маданиятдаги ролини тушунишимиз жуда жўн ҳолатда. Шунинг учун дин амалларини бажарувчи мусулмонларнинг тушунчаси жуда содда: агар диндор киши намоз ўқиса, ахлоқий тиргаклари бақувват бўлса, ҳокимиятга эришади ва бу яхши. Унинг сиёсат ва иқтисодиёт масалаларини қанчалик яхши тушуниши – энди бошқа масала. Бу ҳолатда қўрқишнинг кераги йўқ, чунки конституциянинг оёғини осмондан қилиб, мавжуд тиргакларни бутунлай алмаштира оладиган қандайдир кучли исломий база йўқ, яъни сиёсий ўзгаришглардан қўрқиш керак эмас.
Дунёвий ҳаёт кечираётган аҳолига назар солинса, умуман, уларнинг ислом дини борасидаги қўрқуви, асосан, ОАВ ўйлаб топган ва шакллантирган қўрқув билан ҳамда аҳолининг дунёвий қисми билан дин ўртасидаги ўзаро муносабатларда реал ва амалий тажрибанинг мутлақо йўқлиги билан боғлиқ, яъни биз аҳолининг бир хил ўтмиш, сиёсат, иқтисодиёт ва ҳк.га бир хил қарашларга эга иккита бир хил гуруҳи ҳақида гапиряпмиз. Фақат бировлар намоз ўқийди, бошқалари эса ўқимайди. Ҳатто қандайдир исломий партиялар ҳокимиятга келган тақдирда ҳам улар бошқа партиялар қилаётганидан кескин даражада фарқ қиладиган бирор иш қилишига кўзим етмайди. Менинг тушунчам бўйича ушбу дискурс ва ислом дини жамият ҳаётини юқоридан, яъни ҳокимиятга келгандан сўнг ўзгартириб юбориши мумкинлигига оид қўрқувлар жиддий нарса эмас. Ислом дини аслида ҳаётни кундалик бажариладиган амаллар, зарарли одатлар, ижтимоийлашув ва ахлоқ борасида ўзгартириши мумкин. 10 йил олдин соат 10 – 11 ларда Совет кўчасидан ўтиш ҳозиргидай хавфсиз эмас эди. Дин жамият ҳаётига кўрсатган ижобий таъсирни, уни хавфсизроқ, хотиржамроқ қилганини, спиртли ичимликлар ичишни камайтиргани ва ҳк.ни рад этиб бўлмайди, яъни чиндан ҳам қандайдир ўзгаришлар рўй бераётган бўлса, бу тепадан пастга қараб эмас, пастдан юқорига қараб амалга ошмоқда. Эҳтимол 10 – 20 йилдан сўнг дунё ва мамлакатга ислом дини нуқтаи назаридан қарайдиган қандайдир жиддий исломий сиёсатчилар ҳақида гапириш мумкин бўлар, бироқ ҳозирги кунда бундай сиёсатчилар йўқ, фақат у ёки бу тарафга мансуб кишиларнинг хомхаёли бор, холос. Яна шуниси ажабланарлики, улар ҳам, булар ҳам ҳеч нарсани тушунмайди.
Дониёр Мўлдокан:
Яқинда биз Марказий Осиёда бўлмаса ҳам, камида Қирғизистонда доминант – устун динни тамсил этган киши Чубак ҳожини йўқотдик. Дафн маросими телевизор орқали олиб кўрсатилганда, отам у киши билан видолашишга келган кишилар сонига қараб, фақат, қўрқиб кетяпман, деб айтгани ёдимда. Унинг фикрича, бу – жуда катта сиёсий куч ва у бизни қаерга олиб боришини билмаслигимиздан одам юрагига ваҳима тушади. Бир тарафдан, Рим папаси қанчадан-қанча одамларни йиғаётганидан ҳеч ким буни, улкан сиёсий куч, деб қўрқмайди. Лекин негадир Марказий Осиёда бундай қўрқув барибир бор. Бу қўрқув нима билан боғлиқ?
Эмил Насритдинов:
Энг аввало, бундай қўрқув катта авлод вакиллари юрагида мавжуд эканини кўришимиз зарур. Ва буни ўша кишиларнинг ўтмиши, улар тарбияси ҳамда бутун ҳаёти Совет ҳукуматининг динга қарши, исломга қарши кучли тарғиботи таъсирида бўлгани билан осонгина тушунтириб берса бўлади. Болалигидан, кичик ёшлигидан бошлабоқ бундай тарғибот улар миясига қуйилгани ҳисобга олинса, бундай қўрқувнинг илдизи қаерда экани ойдинлашади. Яъниким, Совет Иттифоқи ҳар доим, айниқса, сўнгги йилларда ислом динини, айниқса, Афғонистон ва ҳк. тимсолида душман ҳисоблаётган эди. Яъниким, ўша тимсоллар тарбия билан мияга чуқур сингиб кетган, айниқса, катта авлод онгидан мана шу тимсолларни илдизи билан қўпориб ташлаш жуда қийин. Улар миянинг туб-тубларига сингиб кетган ва одамларнинг дунёқарашига қаттиқ таъсир кўрсатмоқда. Назаримда, бу – авлодлар ўртасидаги биринчи навбатдаги тафовут. Аммо шу билан бирга ёш йигит-қизларнинг кўпчилиги ҳам ислом динига, қўрқув деб бўлмас-ку, лекин ишончсизлик билан қараётганини ҳам кўриб турибмиз. Бу ўринда бошқа бир чеккага чиқиш бор, чунки ислом дини кўпинча жоҳиллик, ўқимаганлик, саводсизлик ва ҳк. билан боғланмоқда. Бу ўринда биз дунёвий ва шаҳар ёшлари билан ўртада зиддият борлигини кўрамиз. Шу ўринда бутунлай бошқа дискурс пайдо бўляпти: шаҳар ва қишлоқ маданияти масаласи. Бу ерда таъсир кучини йўқотиш, қарор топган одатий ҳаёт тарзидан айрилиш қўрқуви бор. Лекин у, назаримда, катта авлод қўрқувидай кучли эмас. Бу ерда бир-бирини иқи суймаслик ва ҳк. бор.
Мен булар барчасини табиий жараёнлар деб биламан. Бу – ҳар қандай жамият ривожланиш динамикасининг нормал қисми. Агар бундай ўзгаришлар рўй бермаганда, турғунлик юз бериб, жамият ривожлана олмай қолар эди. Айтмоқчиманки, ушбу тажриба орттирила боргани сари Қирғизистондаги вазият Марказий Осиё мамлакатларининг бошқа мамлакатларига қараганда, яхшиланаверади. Устунлигимиз шундаки, бизда дунёвий ва диний жамиятнинг бирга ривожланиш имконияти бор. Бизда мулоқот мавжуд. Ҳа, қайсидир ўринда у нормаллик чегарасидан чиқиб кетаётир, қайсидир ўринда депутатлар, дин арбоблари, қандайдир дунёвий арбоблар ўртасидаги шахсий ҳақоратларга айланиб кетмоқда. Лекин бундай мулоқот зарур. Ушбу далиллар, яъни ушбу баҳслар, бир-бирини айблаш ҳоллари бирор янги нарсага ўсиб чиқиш учун керак бўлади.
Илгари арабларни мактаб қурмаяпти, деб тез-тез айблашгани эсингиздами? Масжидлар қуриб ташлаяпти, яхшиси, мактаблар билан шифохоналар қурса бўлар эди, деган. Ўша айбловлардан сўнг араблар мактаблар қура бошлади. Ҳозир араблар жуда кўп мактаблар қуряпти, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш мақсадида бутун бошли қўрғонлар барпо қиляпти ва ҳк. Энди ўша дискурслар эшитилмай қолди, яъни бунақа айбловлар тобора камайиб кетяпти. Кўряпмизки, мана шундай мулоқотлар орқали ўша 2 та гуруҳ бир-бирини тушуна бошлаяпти. Ёки ҳеч бўлмаганда, бир-бирининг гапларини эшита бошлаяпти.
Шахсий кузатувларимга кўра, аҳолининг дунёвий, мусулмон ва христиан қисмлари ўртасидаги мана шу ишқаланишлар тобора камайиб боряпти. Бу бизда мулоқот имконияти борлиги шарофати билан юз беряпти.
Дониёр Мўлдокан:
Кейинги меҳмонимиз қозоғистонлик эксперт ва мустақил тадқиқотчи Ғалим Жусипбекдир, у фанлараро тадқиқот билан шуғулланади, улар сирасига инклюзивлик, дин, идентитет ва инсон ҳуқуқи киради.
Барчамиз дин ҳар доим ҳаётимиз билан чамбарчас боғлангани ва онгимизнинг қандайдир маънавий-ахлоқий негизи бўлиб келганини тушунамиз. Лекин биз Қозоғистон ёки Марказий Осиёдаги диндор кишининг ўрта статистик портретига қарамоқчи бўлсак, кўз ўнгимизда ким гавдаланган бўлар эди?
Ғалим Жусипбек:
Биринчидан, жамиятнинг турган туриши – мураккаб ҳодиса. Боз устига, сўнгги йилларда жамият янада мураккаблашди (глобаллашувга анча-мунча очиқ бўлган 2 та мамлакат: Қозоғистон билан Қирғизистонни оладиган бўлсак, улар 90-йиллар бошидан бошлаб очиқ эди). Жамият мураккаблашди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида катта авлод – пенсиядагилар назарда тутилмоқда – ислом динининг муайян амалларини бажарган бўлса, энди улар қаторига ёшлар ҳам тортилди. Бироқ 90-йилларда айнан ёшлар ўртасида ислом динига қизиқиш кучайиб кетган эди. Ҳозирги вақтда ўрта статистик диндорнинг бундай профили мавжуд эмас, деб айтса бўлади. Ҳам шаҳар, ҳам қишлоқ аҳолиси, ёшлар – қишлоқ ва шаҳар ёшлари, яқинда у ёки бу ерга кўчиб борган кишилар, қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб ўтган маҳаллий мигрантлар – ушбу барча қатламлар диний тикланиш жараёнида иштирок этмоқда ва албатта ҳар кимнинг диндорликка оид ўз қараши бор.
Муайян профил, прототип ёки ўрта статистик диндор ватандош ҳақида гапириб бўлмаганидек, диндорликнинг муайян андазаси борлиги ҳақида иддао қилиш ҳам ножоиздир.
Одамлар, айниқса, ёшлар орасида, “Менинг эътиқодим бор, лекин муайян дин амалларини бажармайман”, дегувчилар қатлами пайдо бўлди. Буни ноёб ҳодиса деб ҳам айтиш мумкин. У инглиз тилида мана бундай жаранглайди: “believing, but not belonging” (“ишонаман, лекин мансуб эмасман”). Одам эътиқод қилади, лекин сунний ёки шиий ислом сингари бирорта институционаллашган гуруҳга мансуб эмас. Бунга ислом динининг мотуридийлик, ҳанафийлик[1] мактабларини ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. У [одам] шундай дейди: “Мен Худога ишонаман. Менинг эътиқодим бор, лекин мени ҳеч бир гуруҳга қўша олмайсиз”. Яъниким, ушбу феномен Қозоғистонда мавжуд. Мен ёшлар орасида шунақа йигитларни кўрдим. Ривожланган мамлакатларда бор нарсалар бизга ҳам кириб кела бошлади. Бу мавжуд манзарани янада мураккаблаштирмоқда. Шундай қилиб, диндор ким ўзи?
Дониёр Мўлдокан:
Лекин барибир асосий кўпчилик анъанавий ислом тарафдорлари эмасми? Ёки ислом дини билан тангричилик ёки бошқа бирор диннинг қоришмаси мавжудми? Масалан, менинг ота-онам бир вақтда намоз ҳам ўқиши ва ёвуз руҳларни ҳайдаш учун уй хоналарига кириб, исириқ тутатиши ҳам мумкин.
Ғалим Жусипбек:
Анъанавий ислом нимрасман рухсат этилган ислом дини сифатида мавжуд, яъни анъанавий эмас деб саналадиган барча гуруҳлар шубҳа ва нишон остига олинганлар қаторидадир. Албатта, улар ривожлана олмайди. Ҳар ҳолда шу пайтгача унинг объектив сабаблари бор эди, чунки улар орасида муайян деструктив – бузмакор ғояларни ваъз айтиб тарғиб қилувчи ва экстремистик деб аталадиган гуруҳлар бор эди. Лекин давлат сиёсати рухсат этгани нуқтаи назаридан анъанавий гуруҳлар ёки анъанавий ислом дини устун мавқени эгаллагани билан боғлиқ вазият қизиқ. У [анъанавий ислом] инклюзивлик муаммоси, замонавий жамият қуриш муаммоси сингари кўплаб муаммоларни ҳал қила олмади. Муаммолар ҳал бўлмай қолиб кетди. Ҳатто “анъанавий ислом барча муаммоларимизни ҳал қилади”, қабилидаги мантра (афсун, дуо) дин нуқтаи назаридан керагидан ортиқ некбин эди. Ушбу ретрадиционализация диний тикланиш жараёни билан бирга кечмоқда.
Умуман олганда, ретрадиционализация нимани англатади? Анъаналар тикланишиними ёки анъаналарни қайтадан кашф қилиш ва дин тикланишиними? У нима дегани? Марказий Осиё мамлакатлари айрим ватандошлари учун бу ўзига хос десоветизация – совет тутимларидан воз кечишдир, яъни улар қайсидир тарзда советларнинг унчалик ҳам яхши бўлмаган ўтмишини итқитиб ташлашни, ўз илдизларига қайтишни истайди. Улар наздида анъаналарни тиклаш, анъанавий динни тиклаш совет тутимларидан воз кечиш, мустамлака асоратларидан қутулиш, ўзининг йўқотилган “мен”ига эришиш бўлиб туюлади. Бу – гўё масаланинг бир томони, бироқ тушунарли ва қайсидир маънода табиий жараён, чунки Совет Иттифоқи демократик давлат бўлмагани аниқ. Тоталитар сиёсат жон-жаҳд билан амалга оширилган даврлар бўлди. Ўша давлат одамларни, ўзгача фикрловчиларни қатағон қилди. Дарвоқе, ислом дини ҳам ижтимоий ҳаётнинг энг кўп қатағон қилинган ҳодисаларидан бири бўлган эди. Нафақат дин, хусусан, ислом ҳам. Шунинг учун Совет Иттифоқи инқирозга юз тутгандан сўнг одамлар ислом динини қайта тиклай бошлагани табиий ҳол, чунки у СССР даврида ижтимоий ҳаётнинг энг кўп таъқибга учраган ҳодисаси бўлган эди. Бу – масаланинг бир тарафи.
Иккинчидан, шуни қайд этиш лозимки, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида айрим ижтимоий концептларни – тушунчаларни англамаслик (инглиз тилида – confusion, misconseption) ҳолатлари мавжуд. Мен, биринчидан, миллий давлат, иккинчидан, миллат ва миллият (нация и национальность) тушунчаларини таъкидлаб кўрсатмоқчиман. Ушбу концепцияларни тушунмаслик сабаб кўплаб муаммолар келиб чиқаётганини кўришимиз мумкин, чунки бизда мана бу ҳодиса юз берди: этнослар автоматик тарзда миллатларга айланиб кетди. Оқибатда миллий давлат – узр, очиқча айтаман – муайян этнос давлатига дўниб қолди. Лекин бу – қаттиқ адашиш. Рўй берган нарса очиқ сталинча ва советча миллий қурилиш сиёсати эди. Этнослар, айниқса, йирик этнослар миллиятга тенглаб қўйилди, ҳамма миллиятга айланди. Муайян этноснинг, этник мансубликнинг асосий мезони тил бўлиб қолди. Шу сабаб миямизда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Ҳатто зиёлиларимиз ҳам биринчи навбатда мана шу тушунмовчилик домига тушиб қолган, яъни Марказий Осиё зиёлиларининг аксарият қисми Сталин ва Совет концепцияси қаричи билан фикрлайди: этник мансублик миллатга тенг, миллат эса тил билан белгиланади. Яъниким, СССР даврида ислом тўлиқ йўқ қилинган эмас, муайян даражада унга тоқат қилинган – унга рухсат этилган эди. Ушбу рухсат этиш анъаналар, миллий анъаналар, шартли қилиб айтганда, “этник анъаналар” даражасида бўлган.
Кўз ўнгимизда мана бундай манзара ҳосил бўлади: этнос = миллат, ислом = бизнинг этник – замонавий тушунчамиздаги – миллий дин. Булар барчаси инглиз тилида “nation state” – “миллий давлат” деб аталадиган замонавий давлатни тушунишимиз ўша тушунмовчиликлар оқибатида (ҳатто қайсидир маънода концепцияни алмаштириш, яъни концепция субституцияси рўй берди) замонавий Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни қозоқ мусулмонлари, қирғиз мусулмонлари ва ўзбек мусулмонлари деб тасаввур қилишимизга сабаб бўлади. Лекин моҳиятан миллий давлат “сиёсий бирлик” маъносини англатадиган замонавий феномендир. У – ватандошлар бирлиги. У иттифоқ ҳам, муайян элатларга мансуб ёки диндошларнинг – муайян дин вакилларининг уюшмаси ҳам эмас. У муайян сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мақсадлари бор ватандошлар қурган сиёсий иттифоқдир. Айтмоқчиманки, муаммолар илдизи миллий қурилиш борасидаги совет сиёсатига бориб тақалади.
Келинг, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг ўрта статистик ватандошини олиб ундай сўраймиз: “Миллат нима дегани?” У жавоб беради: “Қозоқлар – миллат, қирғизлар – миллат, руслар – миллат”. Кўриб турганингиздек, мана шу тушунмовчилик, миядаги аралаш-қуралаш нарсалар, Марказий Осиёдаги диний тикланий, исломий тикланиш шунга олиб келадики, диндорлар ўзи билмаган ҳолда давлат сиёсатига дахл қилади. Улар шундай дейди: “Биз – мусулмонлар, ислом мамлакатимиз. Нега? Чунки биз қозоқлармиз, мусулмонлармиз. Қозоғистон – қозоқлар мамлакати”. Бу – примордиал – бирламчи миллатчилик. Бу – эскирган тушунча, у XXI аср шароитида нафақат эскирган, қолаверса, хавфли ҳамдир, чунки замонавий давлат муайян этноснинг давлати эмас. Шунга кўра, бирламчи миллатчилик боши берк кўчага олиб кириб қўяди. Ушбу жараёнда диннинг тикланиши мусулмонларни ўзлари истамаган ва англамаган ҳолда давлат ҳокимиятига дахл қилиш воситасига айлантириб қўймоқда, чунки улар миллат давлатни, боя айтганимдай, этник мансубликка тенг қилиб қўяди. Этник мансублик нима дегани? Улар мусулмон бўлиши керак бўлган қозоқлар ва қирғизлардир. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Асли фаластинлик америкалик олим Эдвард Саид деган киши бўлган. Унинг, исломлар – кўп, деган учқур ибораси бўлгучи эди. Гарчи кўпчилик мусулмонлар уни ўзиники деб билса-да, асли келиб чиқишига кўра христиан оиласидан бўлган. Кўплаб мусулмонлар уни ўз одами деб билган. Лекин ўзи умрининг охирига қадар, христиан оиласида туғилганини, араб христиани эканини айтиб юрган. Мана ўша учқур ибораси[нинг тўлиқ варианти]: ислом кўп нарсалардан иборат, исломлар – кўп. Назаримда, ислом динига мана шу призма орқали ёндашиш керак. Менимча, кўп нарса, биринчидан, жамиятнинг ўзига, социумга боғлиқ. Иккинчидан, муайян ресурсларни диннинг ўзидан, ислом динидан қидириб топиш лозим бўлади. Агар биринчи масала бўйича социумга мутлақ эмас, муайян таҳлил орқали ёндашадиган бўлсак – айрим олимлар мана шу таҳлилни маъқул деб билади ва унда мана бу нарса айтилади: агар жамият моҳиятан инклюзив ва демократик бўлса, маълум вақтдан кейин у ривожлана бошлайди. Бунга жуда кўп мусулмонлар кўчиб ўтган Ғарб мамлакатлари ёрқин мисол бўла олади. Одамларнинг фикрини ўрганиш билан шуғулланадиган Pew Research агентлиги бор – жуда катта ташкилот. Улар кўп йиллар давомида мусулмонларнинг у ёки бу масалаларга оид қарашини талқин қилиш бўйича тадқиқотлар ўтказган. Pew Research тадқиқотига кўра, ривожланган Ғарб мамлакатларида яшайдиган мусулмонлар қуйидагиларга тоқатлилик, инклюзив муносабатда бўлади: биринчидан, жинсий майли бошқа камсонли жамоатларга; бу диндорлар (нафақат мусулмонлар, балки барча диндорлар) учун энг муҳим кўрсаткичдир; иккинчидан, улар камсонли диний жамоатлар ва аёлларнинг тенгҳуқуқлилиги масаласига тоқат қилиб қарайди. Булар энг муҳим кўрсаткичлардир.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор – булар жамиятнинг ўзи тоқатсиз бўлган мамлакатларда яшайдиган мусулмонлардир, ўша мамлакатларда – Миср, Эрон, Покистонда – тоқатсиз эксклюзив (бу ўринда ўз қавмидан бошқани тан олмаслик) қарашлар кўзга ташланади, шунга кўра, ўша жамиятларда жинсий майли бошқа ва диний камсонли жамоатларга нисбатан, аёлларнинг гендер тенглигини қабул қилиш масаласидаги тоқатлилик ва инклюзивлик кўрсаткичлари жуда паст.
Шу ўриндаги таҳлил жуда қизиқ. Жамият диндорликка таъсир кўрсатади. Жамият қанчалик тоқатли ва инклюзив бўлса, диндор кишиларнинг ислом ва бошқа динларнинг инклюзив талқинларига талаб шунча кўп бўлади. Назаримда, биринчидан, жамият ўзгариши керак. У демократроқ бўла бориши, инсон ҳақлари қадриятларга кўпроқ содиқ бўлиши лозим, шунда орадан муайян вақт ўтгандан кейин диний талқинлар бўлади, бу – менинг некбин вариантим, менинг некбин сценарийим бўйича жамият шу йўналишда ривожланиб бориши даркор. Иккинчидан, бу диннинг ўзига тегишли – биз исломни, биринчидан яхлит дин деб ўйламаслигимиз керак, у яхлит дин эмас, боя айтиб ўтганимдай, исломлар кўп ва энг қизиғи, ислом тарихида нафақат диний бағрикенглик, ҳатто диний жиҳатдан ҳамма нарсани қамраб олиш нормал ҳолат ҳисобланган даврлар бўлган. Бу ислом дунёсининг гуллаб-яшнаган ва Шарқ ренессанси деб аталган даври эди. Ўша даврда ал-Форобий, Хоразмий, Беруний, Ибн Рушд каби буюк шахслар яшаб, ижод қилган. Бу ислом динининг олтин даври бўлган. У нафақат исломий бағрикенглик, қолаверса, кенг қамровли ислом самимияти даври эди. Ҳатто бемалол айтиш мумкинки, мабодо ал-Форобий бизнинг даврда пайдо бўлиб қолганда борми – аслида пайдо бўлиши ҳам даргумон – кўп омиллар ҳисобга олинса, у Миср ёки Эронда қамоққа тиқилиши, ҳатто қатл этилиши мумкин эди.
Шартли равишда “Ислом ренессанси” деб аталадиган ўша даврни оладиган бўлсак, ўша даврда яшаган мусулмон ҳозирги мусулмонларнинг фикрлашидан даҳшатга тушган бўлар эди. Мен айнан шундай манзарани тасаввур қилдим, чунки олтин аср ёки Мусулмон ренессанси деб аталаётган даврда мусулмон олимлари қадимги Ҳиндистон, Ассирия, Сурия, кўҳна Юнонистон, антик давр олимлари асарларини ўқиш, таржима қилиш ва қайсидир ўринларда улар асарларини мослаштиришдан қўрқмаган. Ўша даврда ўзаро ўқиб-ўрганиш жараёни бўлган, яъни мусулмонлар қандайдир янгиликлар олиб кириш баробарида ўша пайтлар ўзлари табиий йўл билан бўйсундирган халқлар ва жамиятлардан ҳам ўрганган. Бу жуда қизиқ тажриба алмашиш бўлган. Ҳар қандай дин, хусусан, исломнинг асосий саволлари мана булардир: дин нима? Ислом дини нима дегани? Диндор киши кими? Мусулмон ким? Ахлоқ нима дегани? Имом ким? Булар – асосий ва фундаментал саволлар. Ислом концептологиясини олиб қарасак, бошқа ҳар қандай динда бўлгани каби исломда ҳам булар асосий ва фундаментал саволлардир.
Ўша даврда яшаб ўтган кўплаб олимлар фикрича, ушбу асосий саволлар вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилиши керак. Дейлик, маълум вақт ўтгандан кейин олимлар бу саволларга янгидан жавоб излаши керак бўлади. Ислом нима дегани? Мусулмон киши ким? Лекин биз ҳозир нимани кўряпмиз? Кўраётганимиз, эшитаётганимиз догматик жавоблар. Ўз вақтида бундай саволларга жавоб топиш билан “калом” деб аталган илм шуғулланган. Уни [ҳозирги тилга] таржима қиладиган бўлсак, “диалектик илоҳиётшунослик” деган маънони англатади.
Калом илми рационалистик усуллардан фойдаланган. Ушбу фан динамик фан сифатида мавжуд бўлмай қолгандан сўнг ислом динининг, исломий интеллектуал ва маънавий тафаккурнинг турғунлик жараёни бошланди. Айрим олимлар турғунлик XI асрда, тахминан 1000 йил олдин бошланган деса, бошқалари 500 йил олдин бошланган эди, деб айтади. Лекин гап бунда эмас. Турғунлик жараёни қачон бошлангани ҳақида кўп баҳслашиш мумкин, ушбу мавзуни тадқиқ қилган деярли барча олимлар бир нарсани қайта-қайта тилга олади: ақлни ишлатиш рационализми йўқотила бошлади, у таъқибга учрайдиган бўлди ва ислом олами сўниб, таназзулга юз тутиб, оқибатда турғун бўла борди. Ушбу турғунлик, ҳатто қайсидир маънода калом илмининг ҳалокати – бунга ёрқин мисол. У асрлар давомида қайсидир мадрасаларда ўқитилган бўлиши мумкин, лекин бу қотиб қолган калом илми эди. Ўша мадрасаларда муайян догматик меъёрлар ёдлатилган. Ўша догмалар ўз вақтида қандай ишлаб чиқилган эди? Улар догма эмас, ўта нормал масалалар ва принциплар бўлган ва муҳокама ҳам қилинган. Афсуски, бунга чек қўйилди. Ақлнинг сўниши ва ислом дунёси мусулмонларининг рационализмдан чекиниши ҳозир сиз билан биз эга бўлиб турган ҳолатга олиб келди. Ҳозир бизда, афсуски, турғунлик ҳукмрон. Ҳатто бугунги анъаначи мусулмонлар фойдаланаётган китоблар камида 150 йил олдин ёзилган. Энг янги деганлари шу. Улар – туркча, усмонлилар даври китоблари. Фақиҳ Ибн Обиддин нисбатан тараққийпарвар олим бўлган. Қолган классик асрлар X, XI ва XII асрларда ёзилган, яъни ислом оламининг билимлар сандиғида камида 150 йил, кўпи билан эса 1000 – 1100 йил, 800 – 900 йил олдин ёзилган асарлар бор, яъни тафаккур турғунлиги даври ҳаммасидан ортиқ. Яъниким, мен юқорида қайд этиб ўтган ислом нима дегани, мусулмон киши ким, ахлоқ нима дегани қабилидаги саволларни энди қандай талқин қилишимиз қотиб қолган ҳолатда турибди. Энди XXI асрни тасаввур қилинг – ислом дини албатта яхлит эмас, мен бу ерда анъанавий, консерватив талқинларни назарда тутяпман – дин бунақа саволларга жавоб беришга қодир эмас. Ва бу ҳол айни пайтда жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаради, чунки қўлимизда объектив ҳужжатлар бор. Улар “Инсон ҳақлари тўғрисидаги умумжаҳон декларацияси”дан тортиб, “Бола ҳақлари тўғрисида”ги конценциягача бўлган инсон ҳақлари тўғрисидаги ҳужжатлардир. Улар барчаси объектив, улар барчаси норматив тарзида мавжуд. Исломнинг муайян талқинларини оламиз: улар ўзаро зид келади. Хўш, шунда нима қилиш керак? Дилемма пайдо бўлади: нима қилиш керак? Кўплаб консерватив мусулмонлар, анъаначилар ушбу дилеммани осон ҳал қилади. Улар шундай дейди: “Ота-боболаримизнинг [васиятларига] амал қиламиз, мумтоз уламога эргашамиз”. Лекин кечириб қўясиз, бунақа йўл тутиладиган энг яқин давр XIX аср бўлган эди.
Дониёр Мўлдокан:
Сиз ислом ва инсон ҳақлари деган масалани кўтардингиз. Ушбу мавзуда мақола ҳам ёзиб, унда clash of rights (ҳақлар тўқнашуви) тушунчасини тилга олиб ўтгансиз. Ушбу феномен нима ҳақда (урғу нимага бериляпти)?
Ғалим Жусипбек:
Clash of rights тушунчасининг маъноси шуки, диндор киши айтади: “Бу – менинг ҳаққим. Мен ўзим истаган нарсага эътиқод қилишни истайман”. У ҳақ, бу – унинг ҳаққи, унинг виждон эркинлигига бўлган ҳаққи. Бироқ сиз билан биз ҳозир интеллектуал ва маънавий турғунликни бошдан кечираётганимиз сабабли бу одам кўпинча модерндан олдинги давр, XIX , XX, XVII, ва XVIII аср фатволари, талқинлари билан иш кўриши мумкин. Ва мана шу виждон эркинлиги ҳуқуқи, эътиқод эркинлиги ҳуқуқи инсоннинг бошқа ҳақлари билан тўқнашувига олиб келиши мумкин ва бу рўй бермоқда ҳам. Бу – аёлларнинг гендер тенглиги масаласи. Келинг, бир киши қиз тарбиялаяпти, деб тасаввур қилайлик. У қизига шундай дейди: “Сен мана буларни қилишинг керак. Сен бирор касбга ўқимаслигинг керак. Сен эрингнинг гапига қулоқ соладиган завжа бўлишинг, ишлаб, бирор мавқега эга бўлишни ўйламаслигинг лозим”. Лекин ўша одам модерндан олдинги талқинлар билан иш кўрмоқда, унинг қизи эса алоҳида индивид сифатида отасининг мулки эмас – буни ҳам тан олиш керак. Унинг ривожланишга ҳаққи бор. Ва биз бу ерда clash of rights – ҳақлар тўқнашувига гувоҳ бўляпмиз. Отанинг ўз дини амрларига бўйсунишга ҳаққи бор, бошқа тарафдан эса – улар ҳозирча бирга яшаётган бўлса – қиз боланинг индивид сифатида ривожланиш ҳуқуқини ҳам кўряпмиз.
Бир қиз ҳаётини бошқа бир касбга бағишламоқчи эканини айтиб келган, ота-онаси эса уни узоқ вақт тушунмаган. Ниҳоят, қиз уларни ишонтиришга муваффақ бўлади. Ҳозир у ўзи истаган мутахассисликка ўқияпти. Шунга гувоҳ бўлиб турибмиз, мақоламизда ана шу мавзуни – clash of rights феноменини, ҳақлар тўқнашувини кўтармоқчи эдик. Агар биз анъанавий ислом демодерн даврида шаклланганини ҳисобга олсак, бу мутлақо қонуний экани ойдинлашади. Ва бу – мутлақо қонуний. Мен бу ерда вазиятдан тез орада чиқиш йўлини кўраётганим йўқ. Бу ўринда барчамиз: дин арбоблари, ижтимоий ва гуманитар фанлар олимлари, ҳуқуқшунослар бирга ўтириб, вазиятга ечим топишимиз керак. Лекин бу фақат Қозоғистон билан Қирғизистоннинг иши эмас. Бу – глобал муаммо. Биз буни Европада ҳам кўряпмиз. Таассуфки, мусулмонлар яшаётган анклавларда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо бу мамлакатларда бошқа параллел феномен ҳам бор: жамият тоқатли ва инклюзив бўлгани сабабли мусулмонлар исломни талқин қилишда инклюзивроқ талқинларни топишга интилади. Шу иш билан шуғулланаётган олимлар ҳам бор. Масалан, мен Адис Дударияни (Adis Duderija) мисол қилиб келтиришим мумкин. У – австралиялик мусулмон олим. Холид Абу Ал-Фатл [Khaled Abou El Fadl] – асли келиб чиқиши кувайтлик бўлган америкалик олим. Уларнинг сайтлари бор. Дарвоқе, улар, биринчидан, инсон ҳақлари, инсон ҳақлари универсаллиги, бола ҳақлари, аёллар ҳақлари тўлиқ қабул қилинишини ёқлайди. Буни ўзлари учун абсолют[2] деб билади. Улар бу масалада ҳеч қандай қўшимча шарт қўймайди. Худди ўзлари учун Қуръонни абсолют деб билгандай. Шартли қилиб айтганда – абсолют. Улар наздида универсал принциплар ёки инсон ҳақлари қадриятлари бошқачадир, шартли қилиб айтганда, абсолютдир. Бу демократик мамлакатларда юз бераётган қизиқарли ва қонуний жараёндир. Ҳозирча ўзимизнинг мамлакатларда буни кўрганим йўқ. Балки қаердадир бундай жараён кечаётгандир. Айтганча, Россияда ҳам айрим олимлар бор. Улар сирасига Тауфиқ Иброҳимовни киритиш мумкин. Унинг ажойиб мақолалари бор. Яна Дамир Муҳитдиновни ҳам санаб ўтса бўлади. Унинг сўнгги мақолаларидан бири ислом феминизми олимларга бағишланган. Шунақаси ҳам бўлар экан [кулади]. Ислом феминизми – жуда қизиқ феномен. Бу оксюморон[3] эмас, жуда нормал феномен.
Дониёр Мўлдокан:
Ислом феминизми. Тўғриси, мен бу иборани биринчи марта эшитяпман, лекин сиз мени жуда қизиқтириб қўйдингиз. Менимча, барча дин амалларини бажарувчи мусулмонлар ушбу концепт билан танишиб қўйса, фойдадан холи бўлмайди. Сизга сўнгги саволлардан бирини бераман. Сиз жамият қанчалик тоқатли бўлса, ислом дини ҳам шунчалик тоқатли бўлади, деган бир қонуниятни эслаб ўтдингиз. Энг тоқатли жамият – қандайдир Европа жамияти ва энг тоқатсиз жамият, деган иккита экстрим – бир-бирига мутлақо тескари тушунчаларни мисол тариқасида олсак, Марказий Осиё мамлакатларимизнинг ушбу экстримлар оралиғидаги ўрни қандай бўлади? Қайси ўринни эгаллаймиз? Яна 20 йилдан сўнг ўрнимиз қандай бўлади?
Ғалим Жусипбек:
Тарбия ва таълимнинг гуманистик моделларини зудлик билан ривожлантириш зарур. Боланинг миясига шафқатсизликка, қаттиққўлликка сиғинишни тиқиштириш, қўпол ва душман дунё манзарасини жойлаш моделидан воз кечиш зарур. Дарвоқе, мен яна бир қизиқ феноменни таъкидлаб ўтмоқчиман, у “ижтимой назорат” деб аталади. Сиз дин ботиний олам феномени бўлиши керак, деб айтиб ўтдингиз. Моҳиятан олиб қараганда, тўғри. Кўп одамлар эътиқодни қабул қилади, динга кўнгил эҳтиёжи сифатида эргашади. Улар диндан қандай яшаш ва нима учун яшашда ҳаёт мазмунини топади. Лекин шу ўринда қизиқ бир жиҳат бор: айрим ҳолларда дин ижтимоий назоратнинг механизми – воситаси ҳам бўлиши мумкин, бўляпти ҳам. Мен буни ҳозирги замоннинг энг салбий феноменларидан бири деб айтган бўлар эдим, чунки диний ижтимоий назорат сиёсий назоратга ўтиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.
Ижтимоий назорат қаердан пайдо бўлади? Бу жамиятнинг ўзида бор. Масалан, ўзимизнинг қозоқ ёки қирғиз жамиятимизни олиб кўрайик. Ҳа, бу – ота-она назорати, улар фарзанди нима еб, нима ичаётганини назорат қилади. Майли, болаликда спиртли ичимликлар ичиш масаласи ўз-ўзидан тушунарли. Ота-онанинг фарзандларини спиртли ичимликлар ичишдан ва бошқа зарарли одатлардан тийиш ҳуқуқи ҳам, мажбурияти ҳам бор. Лекин фарзанди ким билан дўстлашаётгани, қайси ўқув юртига кираётгани, қайси кийимни кияётганини ҳам назорат қилади. Бу жамиятимизда ижтимоий назорат феномени мавжудлигини кўрсатади. Улар фарзандлари кимга уйланаётгани ёки турмушга чиқаётганини ҳам назорат қилади. Яъниким, бу жамиятда диний тикланиш ўз-ўзидан ижтимоий назоратга олиб боради. Кўряпмизки, бу ўринда социум билан дин бир-бирига чамбарчас боғлиқ, яъни ижтимоий назорат мавжуд бирор жамият бўлса, диний тикланиш – диний омил, эртами-кечми, ижтимоий назорат учун диндан фойдаланишга олиб келади. Бу пировардида сиёсий назоратга сабаб бўлиши мумкин.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Бу ерда бир оз англашилмовчилик бўлган. Ҳанафийлик мактаб эмас, мазҳаб.
[2] Абсолют (фалсафада) – барча мавжуд нарсаларнинг абадий ва ўзгармайдиган бош асоси.
[3] Оксюморон (французча) – бир-бирига зид келувчи тушунчаларнинг образли бирикуви.