Сурат манбаси: belta.by
Муаллиф: Санобар Шодмонова – тарих фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори
1991 йилдан бошлаб бошқа Марказий Осиё республикаларидаги каби Ўзбекистонда ҳам демографик вазият ўзгара бошлади. 1991-1995 йиллардаги иқтисодий инқироз туфайли республика аҳолисининг яшаш даражасида пасайиш кузатилди, бу ҳолат туғилишнинг камайишига олиб келди. Жумладан, Ўзбекистонда 1991 йилда туғилиш коэффициенти 4,1 дан 1995 йилда 3,6 га тушиб кетди. Республикадаги иқтисодий инқироз даврида – 1990-1994 йилларда ўлим даражаси 1000 нафар кишига 6,1 дан 6,6 га ошди, лекин 1998 йилда бу кўрсаткич 5,9га тушди[1]. Умуман, аҳоли сонининг 1992 йилдан (2.4 фоиздан) 1997 йилгача (1.9 фоизгача) камайишига сабаб, туғилиш даражасининг пасайиши ва ўлимнинг кўпайиши бўлди[2]. Шунга қарамай, қишлоқ жойларида аҳолининг мутлақ ўсиши юқори даражада сақланиб қолди.
1995 йилда Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 67,9 ёшни ташкил этди, ушбу кўрсаткич СССР таркибида бўлган бошқа янги мустақил давлатлар ва Марказий Осиё республикалари ўртача кўрсаткичлари билан деярли бир хил бўлган. Лекин, Европа Иттифоқи мамлакатларида ўртача умр кўриш кўрсаткичларидан 10 йилга кам эди. Ўзбекистонда аёллар эркакларга қараганда ўртача 5, 6 йил кўпроқ умр кўришади[3].
Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида умр кўриш давомийлиги аста-секин пасайиб борган. Ғарбий Европа мамлакатлари ва Ўзбекистонда болалар 15 ёшга тўлгандан кейин умр кўриш давомийлиги кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ камайиб борган бўлса-да, лекин Европа Иттифоқи мамлакатларида бу кўрсаткич вақт ўтган сайин яхшиланиб борган, Ўзбекистонда эса умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи камайган. Ушбу тенденция Марказий Осиёнинг барча давлатларига хосдир. Атроф-муҳитнинг ёмонлашиши, хусусан, сув ва ҳавонинг ифлосланиши каби омиллар бундай ҳолатнинг сабабларидан биридир. Бундан ташқари, бу даврда аҳоли ўртача даромадининг пасайиши, даромадлар тенгсизлигининг ошиши, ишсизлик ва ижтимоий ҳимоянинг сусайиб кетиши ҳам таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган. Бундай ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар таъсири натижасида кейинги йилларда вазиятнинг янада ёмонлашиши катталарга қараганда болалар ва ўсмирларга кўпроқ салбий таъсир кўрсатди.
Европа Иттифоқи мамлакатларида марказий нерв тизими (цереброваскуляр) касалликларидан ўлим даражаси камайган бир вақтда Ўзбекистонда аксинча кўпайиш кузатилган ва 1989 йилдан буён 32,8 коэффициентга кўпайган[4]. Шунингдек, 1980-йиллардан бошлаб республикада қон айланиш тизими касалликларидан вафот этиш кўпайиб борди. Жумладан, 2002 йилда республикада умумий ўлим ҳолатидан 66 фоизи юрак-қон томир касалликларига тўғри келган[5]. Европа Иттифоқи мамлакатларидан фарқли равишда Марказий Осиё ва МДҲ давлатларида ҳам шундай ҳолат кузатилади. Масалан, 2005 йилда ушбу касалликдан вафот этганлар Европа Иттифоқи давлатларидаги ўртача кўрсаткичдан 3 баробар юқори бўлган[6]. Ўзбекистонда қон айланиш тизими касалликларидан ўлим ҳолатларининг учдан икки қисми юрак ишемик касаллиги ва цереброваскуляр касалликларга тўғри келади. Таъкидлаш жоизки, юрак ишемик касаллиги кўпроқ эркакларда учрайди.
Ўзбекистонда ўлимга олиб келувчи касалликлардан яна бири хавфли ўсма (саратон) касаллиги эди, ундан кейин турли травмалар ва юқумли касалликлардан вафот этиш кўрсаткичи турган. Лекин 2005 йилда хавфли ўсма (саратон) касаллигидан вафот этиш коэффициенти Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ўртача кўрсаткичдан 2,5 баробар паст эди[7].
Юқумли касалликлар Ўзбекистонда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. 1991-2001 йилларда Ўзбекистонда юқумли касалликлар, шу жумладан вирусли гепатит, сил, кўкйўтал, қизамиққа қарши вакцинация қамрови кенгайганига қарамай бу касалликлар учраб турибди.
Юқумли касалликлардан вафот этганларнинг ярмини сил касаллиги билан касалланганлар ташкил қилган (2005 й.). Марказий Осиё республикаларига нисбатан сил касаллигига чалинган беморлар сони кам бўлса-да, республикада 1993 йилдан 1997 йилгача бўлган даврда сил билан касалланиш 50 фоизга кўпайди. Айниқса, Қорақалпоғистонда вазият оғирлашиб, сил билан касалланиш 100000 нафар кишига 200 та ҳолат тўғри келди[8]. 2002 йилда Ўзбекистонда сил касаллигидан вафот этиш коэффициенти Европа Иттифоқи мамлакатларидаги ўртача кўрсаткичдан 30 баробар юқори бўлган. Мазкур касалликдан вафот этганлар ичида эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ бўлиб, улар қарийб 2,5 баробар кўпроқ бу касалдан вафот этган[9].
Шунинг учун ҳам 2014 йилда қабул қилинган ЖССТ стратегияси 2015-2035 йиллар оралиғида сил туфайли вафот этиш даражасини 95% га ва касалланишнинг янги ҳолатларини 90% га қисқартириш ҳамда ҳеч бир оилага сил билан касалланиш натижасида ҳалокатли харажатлар юки тушиб қолмаслигини таъминлаш орқали, глобал сил эпидемиясига барҳам беришга қаратилган. 2018 йил сентябр ойида БМТ Бош ассамблеяси 2030 йилга қадар бутун дунёда сил эпидемиясига барҳам бериш бўйича баёнот қабул қилди. БМТга аъзо давлатлар, 2022 йилга қадар сил билан яшаётган 40 миллион кишини муваффақиятли даволаш орқали, ушбу мақсадларга эришиш мажбуриятини олдилар[10].
20 йилдан зиёд вақт мобайнида USAID силнинг ва унинг дориларга турғун шаклларининг тарқалиши, ҳамма учун янада самарали ва имкони бор бўлган силнинг олдини олиш чоралари, ташҳис қўйиш ва даволаш орқали чегаралаш мақсадида Ўзбекистон билан шерикликда иш олиб бормоқда. USAIDнинг 7.6 млн АҚШ доллари миқдоридаги Силга қарши кураш бўйича жорий беш йиллик дастури ССВга Силга қарши Миллий дастурни амалга оширишда кўмаклашади ва сил бўйича хизматлар сифатини яхшилаш, лабораторияларни янгилаш, беморларни силни аниқлаш ва ундан даволаниш имкониятларини ошириш, тиббиёт ходимларини ўқитиш ҳамда беморлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш йўналишида иш олиб боради[11].
Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳолиси орасида ошқозон-ичак инфекциялари ва вирусли гепатит касалликлари кент тарқалган. Жумладан, Ўзбекистонда 1997 йилда вирусли гепатит билан касалланган беморлар сони Янги мустақил давлатлардаги ўртача кўрсаткичидан уч баравар юқори, Европа Иттифоқи мамлакатларидагидан 26 баравар юқори бўлган[12]. Бундай касалликларнинг тарқалишига асосий сабаблардан бири сифатли ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси эди. Мавжуд маълумотларга кўра, 1996 йилда қишлоқ аҳолисининг атиги 62 фоизи ва шаҳар аҳолисининг 73 фоизи сифатли сув билан таъминланган[13]. Ўзбекистонда юқумли касалликларнинг кенг тарқалиш сабабларидан яна бири юзага келган экологик вазият билан боғлиқ. Бундан ташқари, ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланиш сувнинг ифлосланиши ва тупроқ унумдорлигининг пасайиши, айниқса, қишлоқ жойларида ичимлик суви сифатининг ёмонлашувига олиб келди ва аҳоли саломатлигига зарар етказди.
Шунга ўхшаш вазият сурункали жигар касалликлари билан касалланишда ҳам юз берган. 1995 йилда жигар циррози ва жигарнинг сурункали касалликларидан ўлим даражаси ҳар 100 000 аҳолига нисбатан 49,3 коэффициентни ташкил этди, бу эса Европа Иттифоқи мамлакатлари учун ўртача кўрсаткичлардан (15,1 дан 100 000 гача), янги мустақил давлатлар (30,8 дан 100 000 гача) ва бошқа Марказий Осиё республикалари (39,5 дан 100 000 гача) ўртача кўрсаткичларидан анча юқорилигини кўрсатади[14]. Овқат ҳазм қилиши тизими касалликларидан вафот этганлар кўрсаткичи 2002 йилда Европа Иттифоқи далатларига нисбатан 20 фоизга юқори эди[15].
Ўзбекистонда ўлимга олиб келувчи сабаблардан яна бири турли жароҳатлар (травмалар) олиш ҳисобланади. Травма олиш натижасида вафот этганлар ичида ҳам эркаклар кўпроқни ташкил этган, турли травмалардан эркаклар аёлларга нисбатан 3 баробар кўп вафот этишган. Ташқи сабаблар натижасида вафот этганларнинг учдан икки қисми автоҳалокат, чўкиш, ўз жонига қасд қилишга тўғри келган. МДҲ давлатларидаги автоҳалокат натижасида вафот этиш коэффициенти 2 баробар паст бўлган. Ўз жонига қасд қилиш ва қасдддан шикаст етказишдан вафот этиш кўрсаткичлари худди шу каби эди. 2002 йилда Марказий Осиё давлатларидаги ўртача кўрсаткич деярли 2 баробар, МДҲ – деярли 4 баробар, Европа давлатларида 1,5 баробарга Ўзбекистондаги (100000 нафар кишига 52 та ҳолат[16]) бу борадаги кўрсаткичлардан юқори эди. Ўз жонига қасд қилиш ва қасдддан шикаст етказишдан вафот этиш кўрсаткичлари 1980 йиллардан 2007 йилгача деярли бир хил даражада қолган. 1990 йилда автоҳалокатдан вафот этиш энг юқори даражага етди, кейинги йилларда йўл қоидаларига амал қилишнинг назорати кучайтирилиши натижасида 3 баробарга камайди[17].
Ўзбекистон аҳолиси орасидаги ўлим даражаси ичида гўдаклар ва оналар ўлимининг кўрсаткичлари 1991-2000 йиллар бошларида жиддий ташвишларни келтириб чиқарди. Репродуктив саломатлик билан боғлиқ муаммолар жаҳон хотин-қизларининг касаллиги ва ўлим ҳолатларининг асосий сабаби ҳисобланади. Репродуктив саломатлик муаммолари ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги кўп жиҳатлар билан узвий боғлиқ бўлиб, фақат соғлиқни сақлаш соҳасининг ўзи уни ҳал қила олмайди. Оналар ва болалар ўлими бир-бири билан чамбарчас боғланган. Ўзбекистон янги мустақил давлатлар ичида чақалоқлар ўлими даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга эди. 1998 йилда бу кўрсаткич 1000 нафар тирик туғилган чақалоқларга 22,3 тани ташкил этди, гарчи бу кўрсаткич Марказий Осиё давлатларидаги ўртача кўрсаткичдан паст эди[18]. 5 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 2002 йилда 1000 нафар “тирик туғилганларга” нисбатан 32 нафарни, Қозоғистонда – 33, Қирғистонда – 59, Тожикистонда – 63, Туркманистонда – 55 нафарни ташкил этган[19].
Совет ҳокимияти йилларида ҳам республикада гўдаклар ўлими даражаси юқори бўлиб, унинг бир қанча сабаблари мавжуд бўлган. Жумладан, тез-тез туғуруқ оналар соғлиғининг ёмонлашишига, анемия ва бошқа касалликларнинг кўпайишига олиб келган. Ҳомиладор аёлдаги ҳар хил касалликлар, кўпинча ҳомила ривожланиш босқичида боланинг соғлиғига салбий таъсир қилган. Бундан ташқари, кам тана вазни билан туғилган чақалоқлар ўлимнинг юқори фоиз кўрсаткичларига олиб келган.
Чақалоқлар ўлими даражасини таҳлил қилишда баъзи қийинчиликлар ҳам мавжуд бўлиб, улар сирасига Ўзбекистонда СССРда қабул қилинган таърифлардан фойдаланиш давом эттирилиб, эрта туғилган ва кам вазнли дастлабки 7 кунида вафот этган чақалоқлар “тирик туғилганлар” ҳисобига киритилмаганлиги ҳам киради. Бундай ҳисоблаш натижасида болалар ўлимининг ҳақиқий даражаси тахминан 20 фоизга кам баҳоланади[20]. Маълумотларга кўра, Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида барча ҳолатлар тўлиқ рўйхатга олинмаслиги кенг тарқалган муаммо бўлган ва натижада ҳақиқий ўлим даражаси расмий маълумотлардагига нисбатан 60 фоизга юқори бўлган[21]. Мустақилликка эришгандан сўнг гўдаклар ўлими даражаси 1991 йилда 1000 тирик туғилганлардан 35,5 коэффициентдан 1997 йилда 22,7 коэффициентга тушди[22]. Ушбу ҳолат туғуруқ даражасининг пасайиши, туғуруқлар оралиғининг ошиши, аборт кўрсаткичларининг камайиши каби омиллар билан боғлиқ. Жумладан, 20 ёшгача бўлган аёллар ичида туғуруқ 2 баробарга камайди, 1991 йилда 7 фоиздан 2004 йилда 3,7 фоизга тушди. Шунингдек, 1 ёшгача бўлган туғуруқ интервали 1991 йилда 5,9 фоизни ташкил қилган бўлса, 2004 йилда 0,3 фоиздан иборат бўлди[23].
Ўзбекистонда оналар ўлими коэффициенти динамикаси Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидаги тенденциялар билан деярли бир хил эди. Жумладан, 1989 йилда ҳар 100000 нафар тирик туғилганларга 42,8 коэффициент ўлим қайд этилди, бу эса Ғарбий Европа давлатларидагига нисабатан олти баробарга юқори кўрсаткич ҳисобланади. 2005 йилда бу кўрсаткич 100000 тирик туғилишга 29,24 коэффициентга тушди. Лекин бу кўрсаткич МДҲ давлатларидаги ўртача кўрсаткичдан (28,72) юқорироқ ва Европа Иттифоқи давлатларига кўрсаткичдан 5 баробар юқори бўлган[24]. Бунинг сабабларидан бири ҳукуматнинг она ва бола саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларига устувор аҳамият бериб келиши билан боғлиқдир.
Республиканинг турли ҳудудларида, шунингдек шаҳар ва қишлоқлар ўртасида оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи ўртасида катта фарқлар мавжуд ва юқори ўлим даражаси аҳолиси энг кам даромадга эга ҳудудларда кўпроқ учрайди. Жумладан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида мазкур кўрсаткич энг юқори эди. 1998-2002 йилларда қишлоқларда чақалоқлар ўлими коэффициенти қишлоқларда (1000 нафар тирик туғилганларга 75 нафар) шаҳарлардагига (1000 нафарга 43 нафар) нисабатан юқори бўлган, бошланғич ва ўртача таълимга эга бўлган аёлларда (1000 нафарга 95 нафар) олий таълимли аёлларга (1000 нафарга 29 нафар) нисбатан юқори бўлган[25]. 1993-1996 йилларда Республика акушерлик ва гинекология институти томонидан ўлим ҳолатлари сабаблари таҳлил қилинди. Унда аниқланишича, бундай ҳолатларга сабаб тиббий ходимларнинг малакасиз ҳаракатлари, маблағ етишмаслиги, қон қуйиш ва дорилар етишмаслиги, ҳар хил ҳалокатлар шунингдек, оналарга ташхис қўйиш ва даволашдаги хатоликлар ўлимга олиб келган асосий сабаблар бўлган[26]. 1990 (100000 тирик туғилганларга 52,8) йилдан 2002 йилгача Ўзбекистонда оналар ўлими 37 фоизга қисқарди[27]. Оналар ўлими камайганлигига қарамасдан 2004 йилда ҳам ривожланган мамлакатлардаги ўртача кўрсаткичдан 4-5 баравар кўплигича қолди[28].
Шундай қилиб, бир томондан XX асрнинг 90-йиллари бошида Ўзбекистон етарли даражада ривожланган соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлса, бошқа томондан республика аҳоли саломатлиги кўрсаткичи бўйича собиқ иттифоқ республикалари орасида энг паст даражада эди, болалар ва оналар ўлими кўрсаткичи эса жуда юқори бўлган. Бунинг устига соғлиқни сақлаш тизими мамлакатнинг бозор иқтисодиёти муносабатлари тизимига ўтишига мутлақо тайёр бўлмаган, чунки у бюджет маблағларига тўла боғлиқ эдики, бу мазкур тизимни 1980-йиллари охири ва 90-йиллари ўрталарида Ўзбекистон бошидан кечирган иқтисодий таназзул даврида беқарор аҳволга солиб қўйди ҳамда соғлиқни сақлаш тизими мавжуд даражани сақлаб қолиш имконига ҳам эга бўлмади. Айниқса, қишлоқ жойларида тиббий ёрдам даражаси кескин пасайиб кетди.
Кўп бола туғиш натижасида туғиш ёшидаги аёлларнинг саломатлик даражаси жуда паст, оналар ўлими эса собиқ СССРда ва халқаро меъёрлар билан олиб қаралганда ҳам энг юқори кўрсаткичлардан бирига айланган эди. Тез-тез туғиш (кўпинча туғишлар ўртасидаги вақт бир йилдан ҳам камроқ муддатни ташкил этарди) заиф, чала ва физиологик етилмаган болаларнинг дунёга келишига, натижада гўдаклар ўлими, болалар, ўсмирлар ва катталар касалликларининг юқори даржасини юзага келтирар эди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.14.
[2] Uzbekistan. In: World factbook 2000 (http://www.cia.gov/cia/-publications/factbook/geos/uz.html). Langley, VA, US Central Intelligence Agency, 2001.
[3] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.15.
[4] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.18.
[5] Обзорная сводка о состоянии здоровья в Узбекистане. – Копенгаген, 2005. – С.20.
[6] Системы здравоохранения: время перемен. 2007. – Том 9, №3. – С.8.
[7] Системы здравоохранения: время перемен. 2007. – Том 9, №3. – С.9-10.
[8] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.17.
[9] Системы здравоохранения: время перемен. 2007. – Том 9, №3. – С.12.
[10] USAID Ўзбекистонда “Силга барҳам бериш” бўйича ўтказилаётган анжуманни қўллаб-қувватлайди // https://uz.usembassy.gov/uz/usaid-supports-conference-on-health-reforms-to-end-tb-in-uzbekistan-uz/
[11] USAID Ўзбекистонда “Силга барҳам бериш” бўйича ўтказилаётган анжуманни қўллаб-қувватлайди // https://uz.usembassy.gov/uz/usaid-supports-conference-on-health-reforms-to-end-tb-in-uzbekistan-uz/
[12] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.17.
[13] Human development report 1999 – Uzbekistan. New York, United Nations Development Programme,
1999.
[14] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.18.
[15] Обзорная сводка о состоянии здоровья в Узбекистане. – Копенгаген, 2005. – С.22.
[16] Обзорная сводка о состоянии здоровья в Узбекистане. – Копенгаген, 2005. – С.23.
[17] Системы здравоохранения: время перемен. 2007. – Том 9, №3. – С.13.
[18] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.15.
[19] Обзорная сводка о состоянии здоровья в Узбекистане. – Копенгаген, 2005. – С.12.
[20] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.16.
[21] Calverton, M.D. Uzbekistan demographic and health survey, 1996. Tashkent, Institute of Obstetrics and Gynecology [Uzbekistan] and Macro International Inc., 1997.
[22] Система здравоохранения в переходный период. 2001. – С.16.
[23] Здоровье для всех: основная цель нового тысячилетия для Узбекистана. – Ташкент, 2006. – С.36.
[24] Системы здравоохранения: время перемен. 2007. – Том 9, №3. – С.18.
[25] Системы здравоохранения: время перемен. 2007. – Том 9, №3. – С.15.
[26] Ladbury, S. Social assessment study. Washington, DC, World Bank, 1997.
[27] Обзорная сводка о состоянии здоровья в Узбекистане. – Копенгаген, 2005. – С.15.
[28]Здоровье для всех: основная цель нового тысячелетия для Узбекистана. – Ташкент, 2006. – С.36.