Сурат манбаси: vecherka.tj
Муаллиф: Шерзод Эралиев – Ҳелсинки университетининг Алексантери институти тадқиқотчиси
Ноқонуний миграция бугун ривожланган Ғарбда ҳам, ривожланаётган мамлакатларда ҳам кенг тарқалган ҳодисага айланди. Бир неча ўн йиллар, ҳатто асрдан буён мигрант қабул қилувчи Ғарб мамлакатларида ноқонуний миграция чуқур ўрганилган, таҳлил қилинган ва бу борада кўплаб назариялар яратилган. Бироқ ушбу назариялар мигрант қабул қилувчи давлатлар қаторига яқин 20-30 йилликда қўшилган ва улар сиёсий-ижтимоий тузуми Ғарб мамлакатларидан фарқ қилувчи Россия, Туркия, Малайзия, Индонезия, БАА каби мамлакатлардаги вазиятни тўлиқ тушунтириб бера олмайди. Лунд университети (Швеция) профессори Рустамжон Ўринбоевнинг яқинда University of California Press (АҚШ) нашриётида чоп этилган “Миграция ва гибрид сиёсий тузумлар: Россия ҳуқуқий ландшафтида йўл топиш” (“Migration and Hybrid Political Regimes: Navigating the Legal Landscape in Russia”) деб номланган китоби мана шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади. Яъни рисолада сиёсий тузуми Ғарб давлатларидан фарқ қилувчи мамлакатларда ноқонуний миграция қандай вужудга келиши ва юз бериши батафсил тушунтирилган.
Китобнинг қисқа шарҳини бошлашдан аввал мавзуга оид атамалар ҳақида икки оғиз сўз. Биринчидан, “ноқонуний миграция” атамасининг ўзи ҳодисани тўлиқ акс эттирмайди ва аҳлоқан унчалик тўғри ҳам эмас. Чунки мигрант, яъни шахс ноқонуний бўлмайди, у ҳужжатсиз юриши ёки ҳужжатлари ноқонуний бўлиши мумкин. Мигрант чегарадан қонуний ўтиб келган, лекин ноқонуний ишлаётган бўлиши мумкин. У ҳатто мамлакатга қонуний кириб келиб, қонуний ишлаётган, лекин қонуний яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (виза, регистрация ва ҳоказо) муддати ўтиб кетган бўлиши мумкин. Хуллас, миграция шундай соҳаки, қонунийлик ва ноқонунийлик ўртасидаги кўринмас чегара вазиятга қараб ўзгариб туради. Асосий илмий ишлар чоп этиладиган инглиз тилида “undocumented migration” (ёки “irregular migration”) ибораси қўлланади. Рус тилидаги илмий мақолаларда ҳам яқин-яқингача “незаконная миграция” ибораси ишлатилар эди. Гарчи, ҳозир ОАВда ва расмий нутқларда ҳамон ушбу иборага мурожаат қилинса-да, илмий доираларда “недокументированная (нерегулярная) миграция” ибораси истеъмолга кириб келди. Қолаверса, бугун Ғарб илмий адабиётида мигрантнинг ҳужжатсиз ҳуқуқий мақомини ифодалаш учун “legal illegality”, “semi-legality”, “a-legality”, “quasi-legality”, “liminal legality” каби қатор атамалар ишлаб чиқилган. Ўзбекча илмий тилда бу ибораларнинг муқобили ҳозирча йўқ. Шундан келиб чиқиб, мазкур мақолада вазиятга қараб ноқонуний, тартибсиз ёки ҳужжатсиз миграция ибораларидан фойдаланилади.
Муаллиф китобида мигрантларнинг ҳуқуқий адаптацияси ва интеграцияси бўйича Ғарбдаги демократик жамиятларда шаклланган ва бугунги миграция бўйича илмий адабиётда ҳукмрон назарий қарашларни танқидий қайта кўриб чиқишни таклиф этади. Унинг таъкидлашича, бугун тобора кўпайиб бораётган ва сиёсий тизими бўйича на демократик ва на авторитар, яъни сиёсий тузуми гибрид давлатларда мигрантларнинг ҳуқуқий мослашуви қандай кечиши ҳақида нисбатан кам биламиз. Бу назарий бўшлиқни тўлдириш мақсадида муаллиф Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳуқуқий адаптациясини ўрганган. 2014-2019 йиллар давомида у Россиянинг Москва шаҳри ва вилоятидаги мигрантлар ҳамда уларнинг Фарғона водийси қишлоқларидаги оила аъзолари ҳаётини ўрганган. Қонун устуворлиги тўла таъминланмагани, фуқаролик жамияти ва демократик институтларнинг заифлиги, кенг тарқалган коррупция ва хуфёна иқтисодиёт Россияни гибрид режим дейиш учун асос қилиб олинган.
Мигрант қабул қилувчи бошқа мамлакатларда бўлгани каби Россия ҳам меҳнат муҳожирлари учун ҳуқуқий жиҳатдан мураккаб ва мужмал қоидалар ишлаб чиққан бўлиб, бу охир-оқибат мигрантларнинг итоаткор ва ҳақсиз бўлишларига хизмат қилади. Бошқача айтганда, Россияда бундай қоидалар шу даражада чекловчи ва жазоловчи характерга эгаки, маҳаллий давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз хоҳишига кўра, у ёки бу муҳожирни ноқонуний қилиб белгилаши осон. Чунки, Россиядаги мигрант қонунни бузмасликка қанчалар ҳаракат қилмасин, талаб қилинадиган ҳужжатлар, қоида ва чекловлар кўплигидан доим қонуний яшаш деярли имконсиз. Лекин муаллифнинг таъкидлашича, бундай ҳуқуқий чекловчи муҳитда мигрантлар шунчаки бўйсунувчи, пассив субъектлар эмас, улар норасмий йўллардан унумли фойдаланиб қийин вазиятдан чиқиш пайида бўлишади. Бунда уларга қонун устуворлиги таъминланмагани ва коррупция кенг тарқалгани қўл келади.
Россия мисолида ноқонуний ёки ҳужжатсиз бўлиш – мигрантларнинг онгли танлови бўлиши мумкин. Улар бу йўлни танлашига сабаб, коррупция ва заиф қонун устуворлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний ҳаракатларини айланиб ўтишда турли норасмий стратегиялар қўллаши учун замин бўлади. Гибрид сиёсий тузумларда мигрантларнинг ҳуқуқий адаптацияси фақат қонунийлашиш (легализация) ва давлат ташкилотлари билан қонуний муносабатлар олиб боришига боғлиқ эмас. Бундан ташқари, мигрантлар норасмий қонун-қоидалар ва кўча қоидаларини билиши, кези келганда тўғри қўллай олиши тақозо этилади. Яъни оддий сўзлар билан айтганда, полиция мигрантни тўхтатган маҳал, одатда, ҳужжатлари жойида бўлса ҳам бир камчилик топади. Бунда мигрантлар амал қилиши керак бўлган қонунларнинг мураккаблиги, мужмаллиги ва бажариш қийинлиги полиция ходимига қўл келади: ё патент муддати ўтган ё патентлар учун тўланган ҳамма квитанциялар жойида эмас ё регистрация қилинган манзил маълумотлар базасида кўринмайди ёки меҳнат шартномаси жойида эмас. Хуллас, полиция маъмурий жазо ёки депортация билан таҳдид қилиши учун асос деярли доим топилади. Муаммо, кўпинча, қоидабузарликнинг оғирлигига қараб, 500, 1000 ёки 2000 рубль пора билан ҳал бўлади. Фақат онда-сонда ўтказиб туриладиган рейд ёки полиция ходимлари топшириши керак бўлган “план”га тушиб қолмаслик керак. Россияда тартиб-қоидалар қандай ишлашини билган, абжир муҳожирлар полиция билан дарров тил топишишга, уни имкон қадар камроқ пора билан “рози қилиш”га тушади. Натижада, полиция тўхтатса, барибир пул олади деган тушунча кўп мигрантлар учун ҳақиқатга айланиб бўлган. Бундан келиб чиқадики, айрим мигрантлар “барибир пул оладиган бўлса, шунча пул (патент, регистрация ва бошқалар учун) пул сарфлаб қонуний юришнинг унчалик ҳам фойдаси йўқ экан, шунчаки қўлга тушиб қолмаслик керак экан” дея фикрлай бошлади. Албатта, бу дегани Россия Федерациясидаги барча муҳожирлар ноқонуний юради дегани эмас. Лекин Россия амалдорлари томонидан яқинда берилган энг камтар рақамлар ҳам мамлакатда бир миллиондан ортиқ “ноқонуний мигрант” борлигини кўрсатади. Экспертлар, аслида, ҳақиқий рақам бундан ҳам юқорилигига ишонишади.
Қолаверса, ҳамма иш берувчилар ҳам мигрант билан меҳнат муносабатларини шартнома орқали расмийлаштирмайди. Шартнома тузиш муҳожирнинг меҳнат ҳақини бир неча баробар ошириб юборади: ҳар бир расмий фаолият кўрсатаётган ходим учун иш берувчи зарур меҳнат шароитларини яратиш (муносиб маош, хавфсиз меҳнат шароитлари, дам олиш кунлари) билан бирга давлатга қўшимча ижтимоий тўловлар қилиши керак. Тўғри, хорижлик фуқарони ноқонуний ишга ёллаш учун катта жарима белгиланган, лекин амалда бу қоидага қатъий риоя қилинмайди. Кўп иш берувчилар хорижлик мигрантларни ишга ёллаши сабабларидан бири ҳам, аслида, шу – арзон ва итоаткор ишчи кучи. Шартномасиз ишлаётган муҳожир учун катта қийинчилик билан патент олиб, ҳар ойлик тўловни амалга ошириб туришнинг фойдаси йўқ, у ҳуқуқ-тартибот органлари назарида барибир қоидабузар. Шундай экан, китоб муаллифи айтганидек, мигрантлар учун ноқонуний юриш иложсиз ва айни пайтда онгли танловдир. Фақат полиция ёки бошқа назорат органлари қўлига тушиб қолмаслик ва тушган тақдирда ҳам вазиятдан “йўлини қилиб” чиқиб кетиш меҳнат муҳожири учун муҳим кўникма.
Россия каби сиёсий гибрид тузумларда мигрантларнинг ҳуқуқий мослашуви стратегияларини тушуниш учун муаллиф Ғарбда қабул қилинган ҳуқуқий маданият ва қонун устуворлигига асосланган ёндашув доирасидан ташқарида, ҳуқуқий плюрализм ёндашувидан фойдаланишни таклиф қилади. Ғарб мамлакатларида мигрантнинг ҳуқуқларини таъминлаш муҳим ҳисобланади, ўз навбатида, мигрантлар учун давлат ташкилотлари қарорларини суд ёки бошқа ҳуқуқий механизмлар орқали ўзгартириш имкони бор. Муаллифнинг фикрича, норасмий муносабат (informality)лар кенг тарқалган ва қонун устуворлиги тўлиқ таъминланмаган мамлакатларда мигрантлар адаптациясига ҳуқуқий плюрализм нуқтаи назаридан ёндашув тўғрироқ бўлади. Ҳуқуқий плюрализм кишиларнинг ижтимоий хулқини белгилайдиган бир неча қоидалар туркуми (давлат қонунлари, маҳаллий урф-одатлар, диний қоидалар, ахлоқий кодекслар, кўча қоидалари ва ҳоказо)нинг бирга ҳукм суриши ва ўзаро қарама-қаршиликка киришини назарда тутади. Россияда фаолият олиб бораётган мигрантлар ҳам бир пайтнинг ўзида мамлакат қонунларига амал қилиш билан бирга норасмий қонун-қоидаларга амал қилишга мажбур бўлади. Масалан, полиция тўхтатиб пора беришга шама қилса, мигрант уни “хурсанд” қилишга мажбур, акс ҳолда депортация бўлиши мумкин. Иш берувчи меҳнат шартномаси тузмасдан ишлашни таклиф қилса, мигрант унга ҳам рози бўлиши керак, акс ҳолда ишсиз қолади. Ёки ойлаб ишлатган иш берувчи ҳақ тўлашдан бош тортса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиш бефойда бўлиши мумкин. Чунки меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмаган мигрантнинг ўзи жазоланади. Шу каби ҳолатларда мигрантлар, кўпинча, “кўча” қоидалари билан ишлайдиган рекет хизматига мурожаат қилади, улар маълум ҳақ эвазига маошни ундириб беришлари мумкин. Шу йўл билан китоб муаллифи ўзбек мигрантларининг Россиядаги иш берувчилар, воситачилар, ҳуқуқ-тартибот ва миграция органлари ходимлари, кўча одамлари билан муносабатларини тасвирлаш орқали мигрантлар ҳуқуқий адаптацияси қандай кечишини кўрсатиб берган.
Илмий бўлиши билан бирга, мазкур китоб муҳожирлар орасида тарқалган латифаларга, жуда ҳам ғайриоддий ҳаётий саргузаштларга бой. Бунда ишлатиб ойлигини бермаган фирмалардан пул ундирувчи бандитлар, оддий мигрантга раҳнамолик қилган ФСБ генерали, Москванинг Казанский вокзалида одамларни тунаганлар, икки давлат ўртасидаги нейтрал ҳудудда сарсон бўлган ёки Россия фуқаролигини олган дўстининг паспорти билан ишлаб юрган муҳожир саргузаштларига гувоҳ бўлиш мумкин. Китобни ўқиган киши ундаги қаҳрамонлар орасида ўзи ёки танишлари ҳаётини кўргандек бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Рустамжон Ўринбоев муаллифлигидаги “Миграция ва сиёсий гибрид тузумлар” номли китоб бой этнографик материал орқали меҳнат мигрантларининг Россиядаги ҳуқуқий адаптацияси ва интеграцияси қандай кечишини тасвирлаб берган. Мигрантларнинг муҳожиротда нонини топиб ейишда қўллайдиган стратегиялари бўйича тўпланган ноёб эмпирик материалга бой ушбу китоб сиёсий гибрид тузумларда мигрантларнинг ҳуқуқий ҳаётини тушунишда янги назарий призма таклиф этади.