«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
Подкастнинг 4-мавсуми анъаналар ва модернга бағишланган. Марказий Осиё минтақа сифатида ҳар доим очиқлик ва мултикултурализм (турли маданият ва динларга мансуб кишиларнинг бир ҳудуд ёки мамлакатда ўзаро муроса қилиб яшаши) билан машҳур бўлиб келган, бу ерда турли динлар гуллаб-яшнаган ҳамда ўз урф-одат, маросим ва анъаналарига эга турли халқлар бошпана топган. Булар барчаси яқин-яқин вақтларга қадар ўзига хос қозонда қайнаб, бир-бирига уйғун тарзда мавжуд бўлиб келган. Бироқ сўнгги пайтларда бу ерда ҳам этник можаролар кузатилиб, ташқи дунёга ёпилиш, баъзан бутунлай ва тиклаб бўлмайдиган даражадаги удум ва маросимларни қайта тиклашга даъватлар янграй бошлади. Миллатчилик ниқоби, тўғрироғи, қалпоғи остида қизлар ва миллий камсонли аҳоли гуруҳларига нисбатан зўравонлик юз бера бошлади. Масалан, Қирғизистон сиёсатида бўлгани каби консерватив қатламлар қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи кучга айланиши мумкин. Иқтисодиётда ҳамон чегаралар, протекционизм ва давлат капитализми мавжуд. Тобора консервативлашиб боряпмиз, деб айтишимиз мумкинми? Бундай консерватив бурилиш хавфлими? Қадриятларимизга ким ва нималар таъсир этмоқда?
Ушбу муҳокамасида икки нафар эксперт – қирғизистонлик сиёсатшунос Асел Доолот ва қозоғистонлик социолог Гулмира Илеуова иштирок этади.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан:
Қирғизистонлик сиёсатшунос Асел Доолот жаҳон ва Қирғизистондаги популизм, неолиберализм ва консерватизмни кузатиб боради ва тадқиқ қилади. Ўтган йили Қирғизистонда рўй берган воқеалар ва Садир Жапаровнинг ҳокимиятга келиши унга фикр юритиши учун бой озуқа берди.
Сўнгги пайтларда, Марказий Осиё мамлакатларида ва жаҳонда консерватизм томон “чекиниш” рўй берди, деган фикр ҳукм сурмоқда. Хусусан, кўпчилик Россиядаги консерватизм ҳақида гапиряпти. Ушбу мамлакатнинг ахборот маконида Марказий Осиё мамлакатлари ҳам ушбу трендга – тамойилга эргашяпти, деган тасаввур уйғонмоқда. Масалан, Қирғизистон Республикаси президенти сайлови аҳолининг консерватив қатламлари қўллаб-қувватлаши не қадар ҳал қилувчи кучга эга бўлишини кўрсатиб берди. Келинг, консерватизм билан либерализмнинг умуман, Марказий Осиё мамлакатларида эса хусусан фарқи нимада экани ҳақида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.
Асел Доолот:
Келинг, гапни консерватизм тушунчасининг худди либерализм тушунчаси каби қамрови кенг эканидан бошлайлик. Консерватизм билан либерализмнинг турлари жуда кўп. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, консерватизм билан либерализм ўзаро омухта бўлиши ҳам, яъни бир-бирига зид келмаслиги ҳам мумкин. Табиийки, баъзан улар ўзаро зид ҳам келади. Бу консерватизм қандайдир универсал тушунча сифатида мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Гап шундаки, консерватизм биз фикр юритаётган ўта тор контекстда қўлланиши керак, яъни АҚШдаги консерватизм Қозоғистондаги консерватизмдан кескин фарқ қилади. Франциядаги либерализм билан Австралиядаги либерализм ўртасида катта тафовут бор, чунки ушбу ижтимоий тартиб консерватизм ёки либерализм сифатида турли мамлакатларда турлича ва турфа хил тарихий даврларда шаклланган. Шунинг учун консерватизм каби либерализм ҳам тўлиқ маданий ва тарихий контекстда олиб қаралиши лозим, бу ерда шу ҳақда гап кетмоқда. Масалан, консерватизмни оладиган бўлсак, қўпол қилиб айтганда, у қандайдир радикал ўзгаришларга қарши чиқаётган жамият фалсафаси ёки уни шундай тушунишдир.
Консерватизм ҳар доим мавжуд анъаналарни сақлаб қолиш учун курашиб келади. “Анъаналар” деганда турли ижтимоий ёки иқтисодий институтлар тушунилади.
Масалан, АҚШда консерватизм деганда либерал иқтисодиёт, марказлаштирилмаган сиёсий ҳокимият ва анъанавий диний институтларни ҳимоя қилиш тушунилади, чунки тарихан айнан мана шу институтлар анъанавий саналади. Кўриняптики, айнан Америка жамияти ва америкача ижтимоий тартиб очиқ иқтисодиёт (уни қўпол қилиб, капитализм ҳам деб аташ мумкин), марказлашмаган ҳокимият ҳамда черков ва диний уюшмалар сингариларга таянади.
Марказий Осиё мамлакатларида анъанавий институтлар бутунлай бошқача бўлиши тайин ва бу табиий. Бизнинг минтақада консерватизм тарихан совет институтлари: атеизм, давлат патернализми (мамлакатларимиз 90-йилларда бозор иқтисодиёти, яъни либерал иқтисодиётга ўтишга уринганига қарамай, у ҳали ҳам бизда сақланиб қолмоқда) ва яна айтиш мумкинки, айни пайтда табиати ҳақида кўп мунозаралар бўлаётган ижтимоий тўқима билан боғлиқ бўлади. Биз ҳали-ҳамон мамлакатларимизда анъанавий ижтимоий тартиб қандай бўлиши кераклигини тушуниб ола билганимиз йўқ. Бу гўё кўчманчилар маданияти, советча интернационализм, деган турли фикрлар айтиляпти ва биз кўчманчилар маданиятига кўчманчи бўлмаган этник жиҳатдан кам сонли гуруҳларни ҳам қўшиб юборяпмиз. Ёки мана шу ижтимоий тўқима айрим анъанавий қадриятларни инкор этадиган диний оқимлар таъсирида ўзгармоқда ва аксинча, шариат қоидаларига интилиш юз бермоқда.
Кўряпмизки, консерватизм турлари жуда кўп. У муайян жамият ичида тарихан қарор топган муносабатларга боғлиқ. Шунинг учун консерватизмнинг турлари ошиб-тошиб ётибди. Консерватизм, либерал, диний, миллий, иқтисодий ва ҳк. бўлиши мумкин. Шу сабабли нима ҳақда, консерватизмнинг қандай тури ҳақида гапираётганимизни тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга.
Дониёр Мўлдокан:
Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўзини онгли тарзда у ёки бу қадрият тартибларига тааллуқли деб билиши мумкинми? Масалан, АҚШда бирор ватандошидан, “мен ўта ўнг қанотчиман” ёки “мен ўта сўл қанотчиман” ва ёки “мен консерваторман”, ёхуд аксинча, “мен либералман”, деган маъноси билиб айтилган гапни эшитиш мумкин. Марказий Осиёда одамларни аниқ қилиб ё у ва ёки бу қанотга мансуб деб ажратиш мумкинми?
Асел Доолот:
Бу – жуда яхши ва тўғри савол. Биз ватандошларимизга нисбатан бундай тоифалар, бундай мафкуравий қадриятларни қанчалик қўллай оламиз? Мамлакатларимиздаги сиёсатшуносликнинг муаммоси мана шунда. Биз аҳолимиз ва унинг қадирятларини қанчалик ишонч билан тоифалаштира оламиз?
Бу бошқа мамлакатларда мавжуд бўлган партия сиёсати, дастур сиёсати билан боғлиқ, айнан ўша сиёсат ушбу турли қадриятларни шакллантиради, сиёсийлаштиради ва рамкалар – чарчаваларга солади. Кўплаб мамлакатларда тарихан қарор топган, анча олдин шаклланиб бўлган сиёсий партиялар бор, улар ўз фаолияти ва сиёсати билан ушбу турфа хил қадриятларни тамсил қилади. Консерваторлар партияси, республикачилар партияси ва ҳк. дегандай.
Сиёсатимиз турли қадриятлар билан жамиятни бошқаришдан кўра ҳокимият билан кўпроқ боғлиқ бўлгани учун мафкурамиз мавҳум бўлиб кўринади. Бизнинг мамлакатларда одамлар кимлигини ва мансублигини қандайдир қадриятлар орқали англаши ҳақида гапириш мушкул. Бу ишни қилиш жуда қийин.
Нега бизда мафкуралар спектри қарор топмагани тушунарли, чунки сиёсат миллий даражада бундай қилишга имкон бермайди. Бироқ бу бизда қадриятларнинг турли кўринишлари мавжуд эмаслигини англатмайди. Ҳар хил кишилар билан гаплашганда, уларнинг сўз бойлигидан, тилидан, ташқи ва ички сиёсатга муносабатидан, ким: либерал ёки кўпроқ консерватор, марказчи ва ҳк. билан гаплашаётганимизни билиб олишимиз мумкин. Гарчи одам бундай атамалар билан таниш бўлмагани учун ҳам кимлигини айта олмаса-да, турли гуруҳларни, гарчи ҳатто улар ҳам қайси қанотга мансублигини ажрата олмаса-да, уларни бир-биридан аниқ фарқлаши мумкин. Ўша одамларнинг у ёки бу қадриятга мансуб эканини аниқласа бўлади. Масалан, 90-йиллардан бошлаб, бизда жуда кучли либерал мафкура шаклланди.
Бунинг сабаби шуки, 90-йилларда давлат кўплаб кишиларни ҳаётида ўз вазифасини бажара олмасдан қолгандан сўнг индивидуумлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Уларнинг омон қолиши фақат кўникмалари ва билимига боғлиқ бўлган эди ўша кезлар. Хабарингиз бор, ўша даврда кўплаб оилалар бузилиб кетди, сон-саноқсиз кишилар ахлоқий таназзулга юз тутди, чунки улар дунёнинг янги тартибига кўника олмади. Айрим кишилар эса муваффақиятга эришди, бошқалари эса кун кўриш учун ўзини ҳар қаерга уришга мажбур бўлди. Айримлари эса бугун биз “олигархлар”, “жиноят оламининг казолари” деб атайдиган кишиларга айланди, чунки улар ўша пайтда зикр этилган тизимда индивидуум сифатида омон қолишиннг уддасидан чиқа билди. Ўша даврда ҳамма нарса ўзингга боғлиқ экани тўғрисидаги тушунча пайдо бўлди. Тер тўкиб ишласанг ёки бирор нарсани юлиб ола билсанг, керакли жойда шумлик қилишнинг уддасидан чиқсанг, пичоғим мой устида, деявер.
Дониёр Мўлдокан:
Яъни индивидуализм пайдо бўлди, демоқчисиз-да?
Асел Доолот:
Ҳа. Инсон ҳаётини ўзи бошқариши, яъни муваффақият қозониши ёки ютқизиши мумкинлиги тушунчаси пайдо бўлгандан сўнг мана шу индивидуализм ва иқтисодий либерализм мафкураси шаклланди. Табиийки, бу ундан олдин мавжуд бўлган социализм мафкурасига зид келади. Аслида социализм мафкураси одамга кўп нарса боғлиқ, бироқ у ҳаётий жараёнларини тўлиқ назорат қила олмайди, чунки у структуранинг бир қисми ҳисобланади, структуранинг эса инсон назорат қила олмайдиган муаммолари жуда кўп, шунинг учун унга давлатнинг кўмаги зарур, шунга кўра, давлат “устида” турадиган [бошқарув институти] сифатида жамият яшаб қолиши учун жараёнларни бошқариши, заиф кишиларга ёрдам бериши зарур, деган тушунчадан иборат. Шоҳиди бўлганимиздек, 90-йилларда бизда давлат назоратидан ташқарида омон қолиш ва бунда индивидуумнинг роли ҳақидаги кучли мафкура пайдо бўлган эди.
Шу билан бир вақтда, бошқа жараёнлар ҳам содир бўлди. Буни ретрадиционализация деб аташ мумкин. Традиционализм – кенг қамровли, шу билан бирга, унчалик яхши шакалланмаган тушунча. Яъниким, традиционализм ҳам жуда кўп нарсаларни англатади. Лекин бизнинг контекстимиздаги Марказий Осиёда уни умумий тарзда тушуниш лозим. Ретрадиционализация оила қадриятлари, ўз уруғи, этноси сингари тарихий сарчашмаларга қайтиш дегани бўлади. Нега? Чунки 90-йилларда айнан ўша уруғ-аймоқчилик тармоқлари одамларга омон қолишида қўл келди. Бинобарин, ижтимоий тўқима, ижтимоий тармоқларни шу жамиятларнинг асосий тушунчаси сифатида қайта баҳолаш юз берди.
Шунинг учун яна “санжира” [қирғизларнинг анъанасига кўра, оталар анъанаси оталар шажараси бўйича ота-боболарнинг исми етти авлодга ўтади] амал қила бошлади, яна ушбу зикр этилган жамиятларнинг омон қолишини тушунтириш учун уруғ-аймоқчилик ҳақидаги мифлар – асотирларга қайтиладиган бўлди.
Шунга мувофиқ, жамиятларимизга ислом динининг роли ошишидай яна бир оқим келиб қўшилди. Қирғизистон Қозоғистон ёки Ўзбекистондан, ёки дейлик, Тожикистондан кескин фарқ қилади, чунки бизнинг либерал сиёсатимиз турли диний оқимларга Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, жамиятга кириб келиш, маърифат тарқатиш ва ўз ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланиш имконини берди. Минтақанинг бошқа мамлакатларида эса ислом дини давлат динилигича қолмоқда, яъни тўғри ислом ушбу мамлакатларда ҳуқуққа эга ва аҳолисининг диний қарашларига монополия бўлди.
Қирғизистонда эса диний плюрализм юзага келди ва бу – табиий. Бизда ўзаро рақобатлашаётган турли оқимлар жуда кўп. Уларнинг анъана тушунчасига ҳам турлича қарашлари бор. Оқибатда анъаначилар билан янги диний оқимлар ўртасида норасмий қарама-қаршилик пайдо бўлди.
Айрим кишилар диний оқимига қараб, ўз таълимотини традиционализмга қарама-қарши қўймоқда, чунки улар анъанавий жамиятлар унчалик ҳам диндор бўлмаган, тангричилар ҳисобланган кўчманчи халқ диндор бўлмаган ва бу анъаналар ҳозирги кунда динни чин маънода идрок қилиш ва унинг мамлакатда тарқалишига халақит беради, деб билади.
Кўряпмизки, бизда мана шу турли жараёнлар жамият даражасида кечмоқда.
Дониёр Мўлдокан:
Сиз бу гапларни гапирганингиздан сўнг менда жамиятимиз шундай ва ақл бовар қилмас микс – аралашмадан иборатлиги билан фахрланади, унда бирор нарсани аниқлаб олиш чиндан ҳам мураккаб, деган тасаввур пайдо бўлди. Яъниким, менинг ўта ўнг қанотчи ёки ўта сўл қанотчи, консерватор ёхуд либерал эканимни аниқлаш қийин, чунки омиллар ҳаддан зиёд кўп, тарихимиз турфа хил, қадриятларимиз маиший даражада қайсидир йўл билан ўзаро кесишади. Бу – жуда оддий: исталган киши қариндошларидан бирор киши бир вақтда намоз ўқиши билан эски илоҳларга ибодат қилишини эслаб қолиши мумкин. Лекин биз буларни бир жойга жамлаб, ўзаро бирлаштирсак ва бошқа тенг шароитларда жамиятимизга назар солсак, бунақа ҳолатда консерваторроқ бўлиб қоламиз деб айтишимиз мумкинми? Агар бу саволнинг жавоби “ҳа” бўлса, у нималарда зоҳир бўлади ҳамда бу масалада биз вектор бўйлаб ҳаракатланяпмиз, деб айта оламизми?
Асел Доолот:
Эҳтимол у ҳолда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини умумлаштириш керак эмасдир, чунки қайсидир тарзда Қозоғистон билан Ўзбекистон давлат даражасидаги консерватив мамлакатлар ҳисобланади, чунки миграция, глобаллашув, интернетнинг роли каби глобал ўзгаришларни қандай эпақага келтиришни давлат ҳал қилади. Давлат – ўз табиатига кўра консерватив, чунки у статус-кво – мавжуд ҳолатни сақлаб қолишга ва барча ўзгаришларни босқичма-босқич амалга оширишга интилади. Кескин тарзда эмас, аста-секин.
Қирғизистон шу маънода бошқа қўшни мамлакатлардан кесин фарқ қилади, чунки у ташқи таъсирлар учун очиқ. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, гап бу ерда фақат Россия консерватизми таъсири ҳақида кетаётгани йўқ. Президент В. Путин 2013 йилда консерватизмни асосий расмий мафкура деб эълон қилди ва ўша мафкура минтақавий мафкура сифатида Россияга Ғарбга қарши туришида ёрдам бериши керак.
Қирғизистонга яна Форс кўрфази мамлакатлари, Туркия ва ҳк. каби бошқа консерватив акторлар (минтақада таъсир кучига эга бўлган ўйинчи давлатлар) ҳам таъсир кўрсатмоқда. Кўряпмизки, консерватизмнинг: диний, сиёсий ва иқтисодий консерватизмнинг таъсири ҳар хил.
Лекин Жапаровнинг режими бошқа, октябрда уни қўллаб-қувватлаганлар консерватизми аянчли иқтисодий вазият билан боғлиқ, чунки унинг тарафдорлари, асосан, шу пайтгача иш ўринлари етишмаётганидан, оғир иқтисодий шароитдан, миграциядан азият чекиб келган кишилардир, шу сабабли унинг митингларида на бошпанаси, на тайинли иши ва на даромад манбаи бўлган, Россияда ишлаётган ва ички мигрантлар қатламлари қатнашди. Улар оддий халқнинг орзу-умидларини рўёбга чиқара оладиган ўз етакчисини айнан Жапаров тимсолида кўрди.
Бу консерватизм камбағаллар ва бойларнинг, оддий халқ ва элита – аъёнларнинг қарама-қаршилиги билан боғлиқ. Айнан шундай консерватизм Жапаровга қўл келди. Бу қандайдир жуғрофий-сиёсий нарсаларга эмас, кўпроқ Жапаров тарафдорларининг иқтисодий аҳволи билан боғлиқ.
Дониёр Мўлдокан:
Қадриятларга ким ва нималар таъсир кўрсатади? Давлатми, ОАВми, чет ОАВми, маданиятми ёки иқтисодиётми? Сизнинг Қирғизистондаги консерватизм ёки либерализмга оид башоратларингиз қандай? Қирғизистон келажагини нималарда кўрасиз?
Асел Доолот:
Сиз санаб ўтган нарсаларнинг ҳаммаси, табиийки, қадриятларга таъсир ўтказади, чунки биз ташқи дунёдан узилиб қолганимиз йўқ. Биз ҳам бошқалар қатори глобаллашув, бошқа мамлакатлар билан иқтисодий ва маданий муносабатларнинг иштирокчисимиз. Шу сабабли булар барчаси қадриятларга таъсир кўрсатади. Лекин мен улар қаторига ижтимоий тармоқларни ҳам киритмоқчиман, чунки илгари ижтимоий тармоқлар бўлмаган ёки уларнинг таъсири чекланган пайтда ҳар бир киши қадриятларини муайян манбалар: адабиёт, китоблар ва матбуот ёрдамида шакллантирар эди. Бугун бунга манбалар жуда кўп. Муайян opinion makers (инглизча, ижтимоий фикрни шакллантирувчи шахслар) шахсий фикр шаклланишига кучли таъсир кўрсатади. Масалан, митингга чиқишдан олдин одамлар бу ҳақда бошқалар қандай фикр билдираётгани билан қизиқади. Ўша opinion makers’нинг фикрларига қараб, диққат билан ўқиб чиқиб, уларнинг ҳам ўз фикри пайдо бўлади. Кўряпмизки, бизда ҳам intermediaries (инглизча, воситачилар) – бундай қадриятлар воситачилари пайдо бўлибди. Буни теранроқ ўрганиш ва таҳлил этиш керак. Лекин назаримда, ижтимоий тармоқлар одамларнинг фикри шаклланишига жуда кучли таъсир кўрсатмоқда.
Қирғизистондаги консерватизм келажаги билан боғлиқ башоратга келсак, у турли шаклларда кучайиб, ривожланиб боради, чунки консерватизм бир жойда қотиб турмайди. Статус-кво ўзгаради, консерватизмнинг турли кўринишлари ўзгаради.
Ғарбнинг гўё оила, ижтимоий тартиб, эркак билан аёл ўртасидаги муносабатлар сингари анъанавий қадриятларга мос келмайдиган қадриятларига қарши туриш жамият ичидаги вазиятни таранглаштиради, оқибатда бундай қарама-қаршиликка жавоб сифатида консерватизм ўсиб боради. Илгари ўзини корсерватор деб атамаслиги мумкин бўлган кишилар феминист аёлларнинг маршини, ЛГБТ жамоатига бағрикенглик билан қаровчи айрим ННТ фаолиятини кузатиб, консерваторларга айланади, чунки бу уларнинг жамиятга кириб келаётган янгиликларга акс муносабатидир. Шу маънода, бир тарафдан, балки қўрқмаслик керакдир, чунки бу одамларининг ўзини чўчитаётган янгиликларга табиий аксиламалидир. Биз жамиятларимизда рўй бераётган бунақа ўзгаришларга кўникмаганмиз, лекин шу билан бирга, бу ўзгаришларни тўхтатиб ҳам бўлмайди, чунки биз улкан глобал ўзгаришларнинг бир бўлагимиз, холос. Инсон ҳақларига асосий эътибор қаратилган кун тартибини АҚШ сингари катта давлатлар ва Европа Иттифоқи каби йирик институтлар олдинга сураверади. Грузия, Қирғизистон ва Арманистон каби нисбатан кичик давлатлар ушбу таъсирдан тўлиқ қутула олмайди, чунки уларда бундай таъсирга қарши тура оладиган ички ресурслар йўқ.
Росия билан Хитой… қисман Ўзбекистон билан Қозоғистон уларга қарши туриши мумкин, лекин бизникига ўхшаш кичик мамлакатлар бунинг уддасидан чиқа олмайди. Шу сабабли айни жараён мамлакатимизда бундан буён ҳам давом этаверади.
Дониёр Мўлдокан:
Қозоғистонга кўчамиз. Бу – алоҳида ҳолат, ушбу мамлакат минтақада узоқ вақт иқтисодий либерализм намунаси бўлиб келди. Мамлакат ташқи инвестицияларга, чет эл банкларига очиқ туриб, ёшларни Ғарбга ўқишга жўнатиб ва ҳатто алоҳида ҳудудда Британия ҳуқуқини жорий этиб, умуман олганда, модернизм йўлидан борди. Лекин энди бу ерда консерватив овозлар баланд янграмоқда. Улар модернизм йўлидан бораётган Қозоғистонни ўзгартира оладими? Бу ҳақда қозоғистонлик социолог Гулмира Илеуова билан гаплашамиз.
Сиз сиёсий минбарлардан эълон қилинаётган иқтисодий ўсиш билан сиёсий қарашлар ўртасида қандайдир боғлиқлик бор, деб ҳисоблайсизми? Нефтнинг нархи баланд бўлган кезлар Қозоғистон риторикаси анча баланд бўлган эди, муаммолар пайдо бўлиши билан давлат бошқарувни самарали ташкил қилиш учун консерватизм тарафга бир оз чекиниш кераклигини тушунди, деб айта оламизми? Шундай деб айтиш мумкинми ёки йўқми?
Гулмира Илеуова
Сиз бу билан фақат давлат бошқаруви ҳақида гапиряпсиз. Мен бир марталик лойиҳа доирасида давлатимизнинг мафкурага оид турли ҳужжатларини таҳлил қиляпман. Ушбу ҳужжатлар базасида биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг маърузалари ҳам бор. Улар ҳақида қисқача гапириб ўтаман.
… 1990-йиллар бошида, яъни мустақиллик ибтидосида ёзилган ҳужжатларни ўқир эканман, мени бир нарса тонг қолдирди. 1993 йилда Назарбоевнинг “Жамиятнинг ғоявий жипслашуви Қозоғистон тараққиёти шарти сифатида” деб номланган битиги чоп қилинган эди. Назаримда, кейинчалик мафкурага бағишланган кўплаб ҳужжатларда ўша битикка таянилган.
Дарвоқе, бизда президентнинг битиклари жуда кўп, лекин бу битик – қизиқ, у мен учун чиндан ҳам дастурий аҳамиятга эга. Ижозатингиз билан ундан иқтибос келтирмоқчиман ва ҳатто изоҳ беришни лозим деб топдим.
1991 йилда СССР коммунистик партияси фаолияти тўхтатилди ва 1993 йилга келиб, биз ўша мафкура диктатидан воз кечдик. Назарбоев мана бундай деб ёзган эди: “мафкура” тушунчаси салбий маъно касб этди, сўнгги пайтларда сиёсат тилида ундан кўпроқ скепсис (шубҳа ва ишончсизлик билан қараш) сифатида фойдаланилмоқда”. Шундан сўнг у ўзи бундай деб ҳисобламаслигини, ўзи учун давлат бу, яъни биз “мафкуравий” деб атайдиган соҳада вакуум – бўшлиқ бўлишига йўл қўя олмаслигини ёзади.
Яъниким, бундай бўшлиқ бўлган жойда традиционализм мафкураси айнан рўй бераётган нарсалар билан боғлиқ бўлади. Бу социализм мафкураси инқирозга юз тутган ўринлар борлигини англатади. Дарҳақиқат, бундай эски догмалар – ақидалар иш бермай қолган жойда бошқа қандай нарсаларга мурожаат қилиш керак? Энг оддий ва тушунарли, шу билан бирга, ҳар бир халқ ҳаётидаги теран ва ахлоқий қадриятлар йиғиндиси бўлган анъаналарга бўлса керак.
Мен изоҳ бериш учун шу билан иқтибосни тўхтатмоқчиман. Бизнинг “Стратегия” ташкилотимизда декабрь ойида Туркистон вилоятида гендер зўравонлигининг маиший даражада ўсишига бағишланган яхши бир лойиҳа устида ишланган эди. Мен ўша вилоятдан традиционализм ўсаётгани ҳақидаги таассуротлар билан қайтдим. Ҳисоботимда мамлакатимизда ретрадиционализация ва ҳатто деэмансипация (агар шундай дейиш мумкин бўлса) жараёни кечаётгани ҳақида ёзиб бердим, яъни Қозоғистонда совет даврида эришилган ютуқлардан ортга чекиниш юз бермоқда Бир мисол: қиз узатиш чоғида олинадиган қалиндан 1920 йил декабрида воз кечилган эди. Биз эса лойиҳани 2020 йил декабрида амалга оширдик. Қалинни тақиқлаш тўғрисидаги декрет имзолангандан сўнг орадан 100 йил ўтиб, Туркистон вилоятида қувонч ва фахр ёки асабийлик билан, қалин мураккаб нарса экани, чунки уни тўлаш лозимлиги ҳақида гапириб беришди. Кўплаб оилалар бошлиғи бўлган оталар ўғилларининг пули йўқлиги учун ноўнғай аҳволга тушиб қолмоқда. Талабаларим орасидаги айрим қизлар айтишича, баъзи никоҳ тўйларига қилинадиган харажатлар 5 миллион тенгегача етаётган экан, яъни менга тақдим этилган рақамларга кўра, қалин пули бир қиз учун 15, миллион тенгедан 5 миллион тенгегача боради. Ҳозирги кунга келиб, мана шу аҳволга тушиб ўтирибмиз.
Ўша пайт мен интервью бераётиб ва ўзим бош бўлган жамоада шу масалани муҳокама қилаётиб, мана бу гапни айтган эдим: назаримда, шу ретрадиционализация билан мана шу завқу шавқли бурилишга, қозоқларнинг аллақандай анъанавий қадриятларига қайтишга рўбарў келдик – бу менинг Туркистонга сафарим чоғида зеҳният ва юқоридаги сўзлар оиладаги зўравонлик, аёлларни сотиш, 13 – 14 ёшлардаги эрта никоҳ ҳақида гап кетганда, тилга олинди ва булар барчаси анъана деб аталди. Бу гапларни эшитиш менга оғир бўлди, ўша ердаги одамларга советларнинг партия мафкураси, социалистик ва марксча мафкурадан – уни ҳар хил аташ мумкин – юз буришимиз мумкин бўлган ягона нарса анъаналар эканини айтдим. Давлатнинг улар мустаҳкам эканига ишончи комил эди. Ахир, улар анъаналар-ку. Улар бизнинг кунларгача етиб келди. Улар – бизники. Бу бизмиз. Буни ич-ичимиздан ҳис қиламиз, тушунамиз. Булар – қозоқларники. Бу бизмиз. Биз ўз-ўзимизни такрор ишлаб чиқаряпмиз. Бу – бизнинг маданий матрицамиз (қолип). Бунақа жимжимали сўзларни истаганча гапириш мумкин.
Офисда, ушбу традиционализм соғлом бўлади, энг яхши анъаналар қайта туғилади, бизнинг ахлоқий қиёфамизни белгилайдиган энг сифатли анъаналар – булар барчаси бизни янада сифатли ҳолатга олиб чиқади, деб жон куйдириб гапирган эдим. Бугун март ойида Назарбоевнинг мана шу битигини ўқиб ўтириб, тўғриси, қойил қолдим. Уни яна бир карра такрорламоқчиман.
“Традиционализм мафкураси мантиқан социалистик мафкура таназзули билан боғлиқ, ̶ деб ёзган эди Назарбоев 1993 йилда. ̶ Дарҳақиқат, олдинги догмалар яроқсиз бўлиб қолган бўлса, нимага мурожаат қилиш керак? Эҳтимол ҳар бир халқнинг энг оддий ва тушунарли, шу билан бирга, ахлоқий ва маънавий ҳаётидаги теран нарса – анъаналарга мурожаат қилиш керакдир. Уларнинг халқ ҳаётидаги аҳамияти шубҳасиз. Маданий анъаналар ҳар доим ижтимоий тикланиш манбаси бўлиб келган. Ўз тарихий, маданий илдизларига қайтиш – албатта, ижобий жараён. Шу билан бирга, ўзаро муносабатлар, анъаналар ва ижтимоий тараққиётни жўн талқин қилишдан қочиш зарур. Замонавий дунё тажрибаси айрим анъанавий тузилмалар ҳозирги цивилизация – тамаддун тўқимасига узвий равишда қўшилиб кетади. Тажрибасиз новаторлик бўлиши мумкин эмас. Айнан анъаналар одамга йўқ бўлиб кетмаслик, ўз ҳаёт тарзини замонавий дунёнинг жадал ўзгаришларига мослаштириб олиш имконини беради.
Қозоғистонда миллий тил, санъат, маданият, жумладан, маиший маданият ва оила ривожланиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Айни чоқда ўша дунё ижтимоий тузумнинг архаик кўринишлари, уруғ-аймоқчилик психологиясини қайта тирилтиришга ҳамда XVIII – XIX асрлардаги қозоқ жамиятининг ҳудудий ташкилланишига хос бўлган ҳуқуқий қарашлар тизимига асосланган анъанавий тусдаги сиёсий мафкурани мутлақо қабул қилмайди”.
Мана шу сатрларни ўқиб чиққандан сўнг нима қилганимни биласизми? Уни оралиқ назоратдан ўказдим. Ўйлаб қарасам, мен ҳозир КPI’ни (Key Performance Indicators – Самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари) текшириб кўрибман. Назарбоев 1993 йилдаёқ онгли ва тушунган кўй ушбу векторни белгилаб берган экан. Ҳозир-чи… Ушбу битикни ўқимай туриб, эсимда йўқ, балки ўқигандирман, тўғрисини айтсам, у бир пайтлар жамият олдига вазифа сифатида қўйган нарсани сўзма-сўз такрорлабман. Ҳозирги кунда қозоқ жамиятида қайта тикланаётган яхши нарсалар ҳам бор. Биз озод мамлакатмиз, давлатнинг байроқ, герб сингари эгамен лаш-лушлари мавжуд. Аниқроғи, барча белгилари муҳайё. Айни чоқда Нурсултон Назарбоев бизни ўша “ижтимоий тузумнинг архаик кўринишлари, уруғ-аймоқчилик психологиясини қайта тирилтиришга ҳамда XVIII – XIX асрлардаги қозоқ жамиятининг ҳудудий ташкилланишига хос бўлган ҳуқуқий қарашлар тизими” қайта тикланиши хавфи борлигидан огоҳлантирган экан. Биз эса уни қайта тиклаб бўлдик, яъни ҳозир сиз сўраганингизда, мен айнан, нима десам экан… Бу – жуда қизиқ ҳолат, яъни биз эҳтимол объектив қонуниятларга асосланган нарсага етиб келдик. Чунки анъаналар… ХХ аср бошларида бизнинг юртда воқеалар аста-секин ривожланишини рад этган танаффус пайдо бўлди. Яъниким, агар анъаналаримиз… Ўтроқлашиш жараёнини айтмоқчиман… Биз алоҳида халққа, ўтроқ халққа айланиб қолдик. Балки анъаналарнинг қандайдир тадрижий босқичдан ўтиши замонавийроқ ҳолатга айланиши ва вазият бошқача бўлиши мумкин эди.
Ҳозир қайта тикланаётган ҳар қандай кўринишдаги нарсаларга – сўз ёки қўшиқ шаклида бўладими, бундан қатъи назар – жумладан, давлат телевидениесида ҳам ҳеч бир даражада танқид кўзи билан қаралмай, улар қайта ишлаб чиқарилиб ётибди. Албатта, бу хавотирга солмаслиги мумкин эмас. Шу маънода у ўртага чиқиши мумкин бўлган сиёсий консерватизмга озуқа бўлиб хизмат қилиши тайин. Уни беозор деб бўлмайди, чунки унда бир нарса бор… Бу консерватизм замирида, ўзгаришларни истамасликда, ушбу барқарорликнинг ўзида муайян димиқиш ва новаторлик йўқлиги бор – Назарбоев айнан шуни айтмоқда. Биз аллақандай ўйлаб топилган боғлиқликлар, ҳатто XIX аср эмас, XVIII асрга тааллуқли ўтмиш олдидаги мажбуриятлар билан чалкаштириб юрадиган аҳволга тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Бу одамни қўрқитади, чунки ҳозир ҳамма эмас, албатта, лекин кўп кишилар, жумладан, зиёлилар ўша даврни барча учун баравар тааллуқли деб кўкларга кўтармоқда. Ваҳолонки, улар замонавий жамиятга мутлақо кераги бўлмаган аллақандай нарсаларни, қандайдир архаик муносабатларни тиқиштирмаслиги керак. Бунинг ўрнига эркин киши ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан эркин бўладиган ўзига хос конструкцияни барпо этиш зарур… Бундай кишини тарбиялаб етиштириш жуда қийин. Тушуняпсизми? Чунки дейлик, уруғ-аймоқчилик, жамоа психологияси, коллективизм психологияси бундай ҳолатлар зоҳир бўлишини қаттиқ назорат қилади. Бу мудҳиш заҳар ҳам ўша замонлардан қолган. Халқнинг ижодкорлик тийнатига, одамларнинг ривожланишига йўл бермайдиган ва ўйлаб топилган чекловлар одамни қўрқитади.
Дониёр Мўлдокан:
Ҳокимият расман жаноб Қосим-Жўмарт Тўқаев қўлига ўтишидан олдин қандайдир либерал қадриятлар келиши ва ўзгаришлар вектори Ғарб ёки Ғарбдан ўрнак олиш томон ўзгариши сезими бор эди, лекин кўриб турибмизки, бундай ўзгариш бўлмайди. Нега бундай бўлганини айта оласизми?
Гулмира Илеуова:
Мен бу тезисингизни тўлиқ қўллай олмайман, чунки биз доимий тарзда сўровлар ўтказиб турамиз ва шахсан ўзим президент рейтингини кузатиб бораман. Мен учун бу Ижтимоий ишонч миллий кенгаши аъзоси сифатида қизиқ. Биз миллий кенгаш фаолиятини ҳам кузатиб борамиз, президент рейтинги тушаётгани йўқ, яъни мен ушбу рейтинг кўрсаткичлари сезиларли даражада тушиб кетган, қониқмаслик даражаси ортган ёки маъқуллаш даражаси пасайган, деб айта олмайман. Тўғри, унинг рейтинги Назарбоевники сингари баланд эмас. Назарбоевнинг рейтинги ҳар доим баланд: 85, 87, 91, яъни 90 фоиз атрофида бўлган. Тўқаевники эса, тахминан, 68 – 70 фоиз, айниқса, сўнгги йилда ўша даражада турибди. Мен қандайдир либерал бурилиш кутилган эди, деб айта олмайман. Мамлакат аҳолиси президент ўзи томон юз буриши, агар шундай деб айтиш мумкин бўлса, сал ерга тушиши исталган баъзи ўзгаришлар кутилган эди. Шу ўринда тезаурус (махсус атамалар луғати) масаласи жуда муҳим. Биз “либерал” деган сўзни ишлатаётиб, 30 йил давомида унга “ижобий”, “консерватив” сўзига эса “салбий” маъно юклаб келдик. Ҳар ҳолда мен шундай деб ўйлайман, чунки мен учун либерал ислоҳотлар… Негадир сўнгги 2 – 3 йилда ўз қарашларимни тафтиш қилиш йўлига ўтиб олдим. Мен кўп йиллардан бери бозор ҳамма нарсани жой-жойига қўяди, рақобат – бор-йўғимиз; рақобат бўлмаслиги салбий оқибатларга олиб келади, мамлакатимизда тадбиркорлар сони кўпайиши билан ҳамма нарса ишлаб кетиб, гуллаб яшнайди, ҳаммамиз бахтли бўламиз, деган тезисга ёпишиб олган эканман.
Вақт ўтиши билан бу гапларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмаслиги ойдинлашиб қолади. Бу ўзгариш энди содир бўлмоқда. Либерал мафкуранинг ролига бўлган қарашларни қайта кўриб чиқиш муҳим ва бунинг объектив сабаблари бор, чунки ушбу концепциядан кўнгил тўлмаслиги мумкин, қолаверса, у Қозоғистон аҳолиси истаган нарсалар билан қанчалик мос келади, деган савол бор.
Афсуски, эски мақоламни топа олмадим. Менинг сезимим ҳам, кўпчилик гапираётган нарса ҳам шуки, биз тақдирини қўлга олган Қозоғистон шароитида унинг истиқболли ривожланиш сари йўналиши сифатида соф маънодаги ва фақат ижобий жиҳатлари мавжуд либерал йўналиш ҳақида гапириш бефойда. Биз ҳатто ҳамма нарсани либерал қилганимизда ҳам у Қозоғистонни ютуқлар сари етаклаши даргумон. Ҳозир бу фикрга қатъий ишонаман.
Тахминим бўйича, Қозоғистон учун энг мақбул йўл – назариячи эмасман – ижтимоий консерватизм йўналишидир. Бу йўналишни яхшилаб ўрганиб, таҳлил қилиш керак. Балки нотўғри гапираётгандирман. Бироқ консерватизмдан олишимиз керак бўлган фойдали жиҳатлар ҳам бор, биз эса, юқорида кўрсатиб ўтганимдай, ҳеч бир сўроқсиз унинг анъанавий маданий матрицасини олдик. У бизнинг қозоқ жамиятига шунчалик тез тарқалиб кетдики, ҳатто университетни битириб чиқаётган ёшлар ҳам мулоҳаза юритишда эркин эмаслиги кўзга ташланиб қоляпти. Улар ҳали ҳам катта авлодга ҳадиксираб қараб-қараб қўяди. Мен соф маънодаги бутунлай бошқа, эркин, либерал, индивидуал жиҳатдан мустақил авлод етишиб чиқди, деб айта олмайман. Бунақа авлод йўқ. Бинобарин, бу ўринда консерватизм хавфи мавжуд, бироқ суҳбатни мавзуларга ажратиш ва ушбу консерватизмнинг зарурлик чегараларига нигоҳ ташлаш, уни атама даражасида яхшилаб тушуниб олиш керак бўлади. Балки бу ҳақда қандайдир ижтимоий мунозара бошлаш лозимдир. Бизда эса бундай бўлаётгани йўқ. Шунинг учун суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимдек, бизда ҳамма нарса қоришиқ, қандайдир сиёсат, концепциялар лахтаклари бутунлай тушунарсиз, яна элита қатламларида булар барчаси чала-чулпа кўринишда. Ҳозир қайси манзилга етиб келганимизда ташхис қўйишга ҳам қийналаман.
Дониёр Мўлдокан:
Жамиятимиз консерватив ёки либерал бўлиши ўзимизнинг нарсаларга қандай қарашимизга боғлиқ. Консерватор бўла туриб ҳам универсал инсон ҳақларига ишониш, жангари либерал бўлиб ҳам зўравонликка қўл уриш мумкин. Булар барчасини ҳар куни янгиликларда кўриб турибмиз. Бироқ Марказий Осиё мамлакатларида дилемма ундан ҳам мураккаброқ – йўқотилган меросимизни қайта тиклашни, тилни ривожлантиришни, анъаналарни унутмасликни, шу билан бирга, ўзимизни бир замонлар – минг йиллар олдин оламга машҳур қилган “эритувчи қозон”лигимизча (инглизча “melting pot” – эритиш қозони; маъноси: турли халқлар ва миллий маданиятларнинг ўзаро қўшилиб кетиши) қолишни истаймиз. Бизга савдо қилишимиз, билим олишимиз, меҳмонларни, дўстларни ва сайёҳларни қабул қилишимиз учун тинчлик ва очиқ чегаралар керак. Шундай симбиозни мавжуд бўлиши мумкинми? Агар иқтисодий ва бошқа ларзалар бўлмаса ва албатта консерватизм ҳам либерализм каби зўравонлик ва инсон ҳақлари бузилишидан муҳофаза қилинган бўлса, бунинг иложи бўлса керак.