Мамлакатларимиздаги кўплаб муаммоларнинг сабабчиси коррупциядир. У жамиятни, давлат билан муносабатларни емиради, ҳаётимизга транзакция харажатларини юклайди, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар сингари муҳим соҳалар ривожланишига йўл бермайди. Ниҳоят, у халқаро обрў-эътиборимизга путур етказади. Лекин биз фуқаролик назорати, мустақил ОАВ, суриштирувлар, янги технологиялар ҳамда активларнинг бир жойдан бошқасига кўчирилиши ва оффшор зоналар устидан халқаро назоратни йўлга қўйиш билан унга қарши курашиб, натижаларга эришишимиз мумкин.
Марказий Осиё мамлакатларининг деярли 30 йиллик мустақиллиги даврида коррупция ҳокимиятмизнинг ҳам, жамиятимизнинг ҳам ажралмас қисмига айланиб қолди. Марказий Осиё мамлакатларида коррупция турличами? У ҳаётимизга қанчалик сингиб кетган? Унга қарши қандай қарши курашса бўлади?
«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
Подкастнинг “Марказий Осиёдаги ҳокимият ва жамият” деб номланган 3-мавсуми Марказий Осиёдаги ҳокимият ва жамият муносабатларига бағишланган. Ушбу мавсумнинг навбатдаги эпизодида коррупция муаммоси муҳокама қилинади.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан
Клооп.kg хабарлар сайтининг асосчиларидан бири Бектур Искандар Қирғизистон божхона хизматидаги шов-шувларга сабаб бўлган суриштирув ҳақида сўзлаб беради. Бу суриштирув Қирғизистонда қоррупцияга қарши кўплаб кишиларнинг норозилик намойишига чиқишига туртки берди. Оқибатда айни ҳол президент Жээнбековнинг президент лавозимидан кетишига, шу билан бирга, Матраимовга қарши норозилик билдираётган кишилар учун кутилмаган натижага олиб келди.
Бектур, ўша суриштирув ҳақида гапириб берсангиз.
Бектур Искандар
Мен ушбу суриштирувларни эълон қилишда иштирок этган Kloop [Kloop.kg] нашрининг асосчиларидан бири бўламан. У OCCRP [“Organized Crime and Corruption Reporting Project” – “Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази”] – Босния ва Ҳерцеговина билан Чехиядаги улкан конгломерат бўлмиш “Озодлик” радиосининг суриштирув марказидир. Бундан ташқари, бизга халқаро миқёсдаги суриштирувлари билан машҳур Bellingcat ташкилоти ҳам қўшилди. Улар Навалнийнинг заҳарланишига оид суриштирувда ҳам иштирок этган.
Биз божхона хизмати раҳбари собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг қўлида нега бунча кўп пул борлигини тушунишга ва бунга аниқлик киритишга ҳаракат қилдик. Адашмасам, бу ишга биринчи бўлиб “Озодлик” радиоси – “Азаттиқ” радиосининг Қирғиз хизмати журналистлари бел боғлаб киришган эди. Хотирам панд бермаётган бўлса, 2016 йилдаёқ улар Райимбек Маткаримовнинг Ўшда ҳашаматли уйи борлигини аниқлаган. Булар ҳаммаси ўша нарсадан бошланиб кетди. Улар Матраимовнинг уйи устидан дрон учиришга муваффақт бўлди. Умуман олганда, шунгача ҳам халқ орасида шунақа гаплар юрар эди.
Унинг лақаби “Райим миллион” экани, божхонадаги ҳамма масалалар у орқали ечилиши, қўли узун одамлиги ва шунинг ортидан жуда кўп пул ишлаб топгани ва ҳк. ҳақидаги гаплар болалаб кетган эди. Лекин шунга қарамай, ҳеч кимнинг қўлида ҳеч қандай исбот йўқ, ҳеч нарса тушунарсиз эди. Одамлар кимни гап-сўз қилмайди дейсиз. Шунда зикр этилган уй ўртага чиқди ва бу нимадир борлиги билан боғлиқ илк илмоқ эди. Дарҳақиқат, бу кишим топганига яраша яшамаётгани, қандайдир ҳашаматли нарсалари борлиги аниқ эди. У расмий маоши ва расмий даромадига кўра ҳеч қачон бунақа бойликка эга бўла олмаслиги турган гап эди.
Шунинг учун “Азаттиқ” радиосидагилар ишни бошлади. Сўнгра, орадан 2 – 3 йил ўтиб, биз мана шу бутун коррупцион тузилма ичидаги муносабатлар динамикаси ҳақида билиб олдик. Ҳабибулла Абдуқодир деган киши – ҳозир ҳам бор – ушбу транспорт империясини бошқарган ва коррупция пулининг бош манбаи бўлган. Бу киши максимал фойда билан Қирғизистон товарларни олиб ўтиши керак эди. Мабодо божхона божлари, тўловлари ва ҳк.ни тўлашдан қочишнинг имкони бўлса, улар шундай қилиш йўлларини ахтарган. Бунинг учун Матраимов жуда қулай шахс бўлган, чунки у ўша божларни тўламасдан ёки товарлар учун сохта декларациялар тўлдириш орқали кам миқдорда бож тўлаб, Қирғизистон орқали товарларни контрабанда йўли билан ташишни таъминлаб бериб турган. Улар шу йўл билан мўмай пул ишлаб, товарларни Ўзбекистонга элтган. Ўша ёқда ҳам ноқонуний нақд пул ишлаб, уни Қирғизистонга қайтариб олиб келган, сўнгра ўша пулни қайсидир йўл билан четга олиб чиқиш керак эди. Пулни Қирғизистондан олиб чиқиш осон бўлган, чунки бу ерда ҳамма нарса, ҳатто Манас номидаги аэропорт ҳам Райимбек Матраимовнинг “шарофати билан” қўлга олинган эди. Улар курьерлари – чопарларини миллионлаб доллар тиқилган сумкалар билан жўнатиши, чопарлар эса бемалол учиб кетиши мумкин эди. Аэропортда мушугини биров “пишт” демаган: пул билан бемалол учиб кетаверган.
Улар пулни “ювиш”да яна бир неча усулдан фойдаланган, масалан, Қирғизистон жанубида сохта бозор ташкил қилган, аслида у бўм-бўш турган. Бироқ расмий декларацияларга кўра, у ердан ақл бовар қилмас даромад олинган. “Пул ювиш”нинг классик схемалари – мана шу. Яна пул кўчириб ҳам турилган.
“Пул ювиш”га Айеркен Саймаити бош-қош бўлган. У ўзини “пул ювиш”нинг устаси деб атар эди. Саймаити Абдуқодирнинг тузилмасида пул ташийдиган чопарларларнинг, мана шу “чап” бозорнинг ва яна аллақандай банк амалиётларининг назоратчиси бўлган.
Моҳиятан бу ишни қилиш жуда қийин бўлиши ва анча вақт олиши мумкин эди. Мабодо Саймаити Абдуқодир билан жанжаллашиб қолмаганда, ҳозирга келиб, иш нима билан тугаши Худога аён. Бу ҳал қилувчи дам бўлди. Уларнинг тизимида нимадир бузилиб қолган эди. Саймаити Абдуқодир билан уришиб қолиб, бирга ишламай қўяди. Истамбул хавфсизроқ бўлса керак деган ўй билан ўша ёққа учиб кетади. Лекин унинг чопарлар билан боғлиқ, аммо энди Абдуқодирга хизмат қилмайдиган бизнеси сақланиб қолади, чунки Қирғизистон бозорларида кўп кишилар нақд пул ташийдиган шундай чопарлар хизматидан фойдаланади. Бунинг сабаби қандайдир қўшимча комиссия, бож ва ҳк. тўлашдан қочиш бўлса, ажаб эмас.
Саймаити шундан сўнг қўл остида чопарлар гуруҳи бўлгани учун ишини давом эттираверади. Чопарлар – жуда қизиқ одамлар. Уларнинг аксарияти такси ҳайдовчилари ва тирикчилик учун пул топаётган қамбағал оилалар вакиллари бўлиб, нақд пул ташишдан жуда кам даромад қилган. Айни чоқда тушунишимиз бўйича, улар орасида миллион долларлик пулни олиб, у билан бирга ғойиб бўлган ҳолат мутлақо юз бермаган (кулади). Ҳеч ким ҳатто ўша пулга қўлини ҳам урмаган, яъни улар ўз ишини жуда ҳалол бажарган. Уларга “мана бу миллион доллар сенга, уни Манас аэропорти орқали олиб ўтиб, Истанбулга учиб борасан ва керакли одамга берасан”, дейилган. Улар чиндан ҳам шу ишни қилган. Нашрларимиз журналистларидан бири – ким экани аниқ эсимда йўқ – чопарлардан интервью олганда, улардан сўраган эди: “Нега сизларга миллион доллар беришган? Яшириниб, бой-бадавлат яшашингиз мумкин эди-ку, ҳеч ким сиздан ҳеч нарсани даъво қила олмас эди, у ўғирланган пул бўлган”. Улар “йўқ” деган, чунки художўй одамлар эди ва шундай деб жавоб қайтарган: “Бу эътиқодимиизга тўғри келмайди. Бундай қилиш керак эмас. Бу пул бизники эмас. Агар бу пулни олиб қочганимизда, кейинчалик у бошимизга кулфат келтириши тайин эди”. Бир оз [лирик] чекиниш бўлди.
Бир вақт келиб, Саймаити билан Абдуқодирнинг йўли ўша ёқда яна кесишган кўринади. Саймаити Абдуқодирга халақит бергани ёки унинг жаҳлини чиқарганми, билмадим. Балки Саймаити жуда кўп нарсани билгандир ва Абдуқодирга бўйсунмай қўйгандир. Хуллас, биз тафсилотлардан, аслида муаммо нимада эканидан бехабармиз. Бироқ нимадир сабаб бўлди-ю, уларнинг муносабати кескинлашиб кетди ва Саймаити қинғир иш билан шуғулланганларнинг барчасини журналистлар олдида фош этишга аҳд қилди. Адашмасам, у биринчи марта “Озодлик” радиоси журналистлар билан боғланиб, шундай деган эди: “Қўлимда ҳужжатлар бор. Мен уларни сизларга бермоқчиман”. Айеркен Саймаити журналистлар билан бир неча марта учрашгандан сўнг ўлдирилганига изоҳ бериб ўтиш керак бўлади. У Истанбул марказида ўлдириб кетилди. Яна шуни ҳам айтиш зарурки, уни айнан ким ўлдиргани ҳақида ҳеч қачон қўлимизда аниқ исбот бўлмаган. Ўзи айтганича – қўлимиздаги бир материалда бу гап бор эди – қотилликдан бир оз олдин унга Қирғизистондаги жиноят гуруҳлари билан боғлиқ одамлар унга қўнғироқ қилган. Қотилликқа диний тус беришга уринишлар бўлган. Уни ўлдириш учун қотиллар Суриядан ёлланган. Адашмасам, улар орасида Қирғизистон ватандоши ҳам бўлган. Лекин улар Сурияда уришаётган экан. Тушунишим бўйича, аллақанча вақтдан бери қотиллик хизматлари кўрсатиб юрган. Кейинчалик у гўё мусулмонлик амалларини етарли даражада бажармагани учун ўлдирилди, деб расман талқин қилишга уринишлар бўлди. Бу – аҳмоқона гап, чунки билишим бўйича, Саймаити ҳам диндор киши бўлган. Бор гап шу.
Табиийки, мана шу барча суриштирувлар туркумини фақат Саймаитининг кўрсатувларига асосланиб, амалга оширишнинг иложи йўқ эди, чунки унинг булар ҳаммасини фош қилишдан манфаати бўлган. Шунинг учун у берган ҳар бир ҳужжатни – у бизга жуда ҳужжатларни берган эди – турли усуллар билан қайта-қайта текшириб кўрганмиз. Яъниким, кўчмас мулк билан боғлиқ баъзи нарсаларни, дейлик, Дубайдаги кўчмас мулк суриштируви билан шуғулланган турли компанияларнинг маълумотлар базасидан текшириб кўрар эдик. Бу бизга Райимбек Матраимовнинг умр йўлдоши, Абдуқодир империяси билан бир ҳудудда бўлган Уулкан Турғунованинг чиндан ҳам Дубайда кўчмас мулки борлигини тасдиқлашимиз учун керак бўлган.
У берган аллақандай банк қоғозлари ҳақиқийлигини текшириб кўриш зарур эди. Журналистлар ярми бўш, лекин қоғозда даромад келтираётгани кўрсатилган бозорнинг чиндан ҳам ярми бўшлигини аниқлаш учун ўша ерни ҳам бориб кўрган. Улар Саймаити айтган қайсидир объектларга бориб, ўша ёқда чиндан ҳам юк мошинлари юрган-юрмаганини текшириб кўрган. Кейинчалик бошқа манбалар пайдо бўлди. Биз суриштирувларнинг биринчи қисмини эълон қилдик, кейин қандайдир кишилар биз билан боғланиб, “Бизда яна маълумотлар бор. Мен яна гапириб беришим мумкин”, деди.
Шу тариқа бизда божхона терминаллари ҳақида маълумот пайдо бўлди, уларни Матраимов божхона хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимидан кетгандан сўнг “ўзиники” қилиб олган экан.
Назаримда материалларнинг биринчи серияси эълон қилингандан сўнг, “яхши, шунақа бўлаётган экан, мен у-бу нарсани айтиб беришим мумкин”, дейдиган одамлар пайдо бўлгани табиий (кулади). Шу тариқа аста-секин гапириб берувчилар пайдо бўла бошлади.
Сўнгра ҳайрон қолдирувчи бир воқеа рўй берди. Матраимовлар ўзига гўр қазди. Улар бизни судга берди. Материалларнинг биринчи туркуми эълон қилингандан сўнг улар “Азаттиқ” радиоси ва Kloop сайтини судга берди. “Азаттиқ” радиоси АҚШнинг ҳуқуқий шахси бўлгани сабабли биз Америка қонунчилигидан фойдаланишга муваффақ бўлдик, ўша қонунчилик дунёнинг исталган мамлакатида қандайдир америкалик юридик шахс иши билан боғлиқ банк кўчирмаларини фош қилиш имконини беради. Шу тариқа, биз Саймаити Исмоил Матраимов жамғармасига [Исмоил Матраимов номидаги ижтимоий хайрия жамғармаси] – Матраимов оиласи жамғармасига қилган пул кўчирмалари ҳақида кўпроқ маълумот олишга муваффақ бўлдик. Бу Матраимовлар зикр этилган схемага паноҳ бўлганининг яна бир рад этиб бўлмас исботидир. Улар қаноти остида ўша схема ишлаб турган ва бунинг эвазига аллақанча “откат” (“ширинкома”) олган. Шу ширинкоманинг маълум қисмини улар Исмоил Матраимов жамғармаси орқали хайр-эҳсон сифатида олиб турган.
Дониёр Мўлдакан
Қирғизистондаги коррупция ҳақида гапирганда айнан нима ёдда тутилади? У қанақа коррупция ва уни юқоридан пастга қараб ҳаракатланадиган коррупция дейиш мумкинми ёки у қуйи даражадаги коррупциями?
Бектур Искандар
Бизда у коррупция ҳам, буниси ҳам бор, лекин Қирғизистондан бу масалада ҳеч кимникига ўхшамаган модел юзага келди, деб ўйлайман. Мен уни бутун дунё бўйича ноёб деб айтишим қийин, лекин Марказий Осиёда ўхшаши йўқлиги аниқ. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига қаралса, назаримда, қоррупциянинг асосий ва кенг қамровли манбаси олий ҳокимиятдир. У ерда олий доираларда барча нарсалар эгаллаб бўлинган, эҳтимол коррупция жуда катта миқёсдаги фойдали қазилмалардан олинадиган даромад даражасига етган. Қирғизистонда бу нарса бўлмаган, чунки бизда на нефт ва на газ бор. Шу сабабли бу ерда миллиардлаб долларни ўғирлаш жуда мушкул, чунки бизда бунақа мўмай пулнинг ўзи йўқ. Шу билан бирга, биздаги ҳукумат шунчалик коррупциялашганки, давлат жуда кўп масалаларни ҳал қилмаган, деган таассурот уйғоняпти менда. Афсуски, бизда ўша уюшган жиноятчилик ва жиноят оламининг таъсири жуда катта. Ўшаларни асосий коррупция манбаси деб айтсак, адашмасак керак. Буни Абдуқодир билан боғлиқ воқеалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин, яъни қандайдир қўли эгри бизнесмен – иш одами пайдо бўлди. Қўли эгри бизнесмен уюшган жиноятнинг бошланишидир. Қонуний йўл билан пул ишлаб топишдан қочадиган одам аллақандай “чап” схемаларни қидиради. Бизда давлатнинг қўли шу қадар калтаки, бутун бошли божхона тузилмаси тизгинини қўлга олишнинг уддасидан чиқа олмади.
Назаримда, Абдуқодир қоп-қоп пул билан мамлакатимизга келиб, ўзи ташкил қиладиган коррупция схемаси орқали бутун бошли давлатни ўзига таслим қиладиган одам сифатида ёлғиз эмас. Эҳтимол Қирғизистон шу билан бошқа мамлакатлардан ажралиб турса керак. Бизда оиласи билан бирга ушбу коррупция ришталарининг барчасини назорат қиладиган қудратли президент йўқ. Мамлакатимизда, асосан, қандайдир таъсири кучли шахс ва аллақандай уюшган жиноят тўдалари вакиллари бор. Ўша Қамчи Кўлбоевнинг [Қирғизистондаги таниқли “ қонуний ўғри”] донғи шунчалик чиқиб кетганки, кўпчилик худди Волан-де-Морт сингари унинг исмини тилга олишга қўрқади. Унинг ҳам мамлакатда рўй бераётгани воқеаларга таъсири катта экани шундоқ кўриниб турибди. Назаримда, коррупция бунчалик илдиз отиб кетишида унинг ҳам қўли бор, чунки у вакили бўлган уюшган жиноий тўдаларга коррупция мавжудлиги айни муддао. Уларга гаҳ деса қўлига қўнадиган амалдорлар керак, чунки ўша амалдорлар уларга схемалари ишлаши ва наф бериши учун зарур.
Қиғизистон иқтисодиётнинг қайсидир соҳаларида, жумладан, наркотрафик сингари ноқонуний соҳаларда қулай транзит ҳудудидир. Шу сабабли бунақа нарсаларни қилиш учун ўша товарларнинг бир жойдан иккинчи жойга эркин ташилишига ҳомийлик қиладиган шундай амалдорлар даркор. Бу борада Қирғизистион шунчалик заифки, божхона хизмати раҳбари ўринбосарини бемалол пулга сотиб олса бўлади. Ҳатто божхона раҳбарини ҳам сотиб олса бўлса керак. Истак бўлса, албатта. Эҳтимол алал-оқибат президентга ҳам босим ўтказиш мумкиндир. Менинг ўша Сооронбой Жээенбековга [2017 йил 24 ноябрдан 2020 йил 15 октябрга қадар Қирғизистон президенти бўлган] кўп саволларим бор: “Нега у шунча вақт лом-мим демади?” Ёки у ҳам нимадандир қўрққанмикан? Балки унга ҳам аллақандай босим ўтказилгандир? Яъниким, жиноят оламининг таъсири шунчалик кучли, давлат эса ўша жиноят оламига қарши курашда тишсиз-тирноқсиз бўлиб қолган. Эҳтимол бу мен бутун дунёга айтмоқчи бўлган энг муҳим гапдир: Қирғизистонда кўпинча ўша Матраимов, ўша Абдуқодир иштирокида юз бераётган бундай жанжалли воқеалар маҳаллий воқеалар бўлиб кўринади. Аслида ундай эмас, булар барчаси – глобал аҳамиятга молик нарсалар. Биз яқин йилларда қандай ва қайси форматда ва қайси каналлар орқали бутун дунё афкор оммасига коррупция қандай амал қилишини, шу билан бирга, коррупция Қирғизистон ва Буюк Британия сингари мамлакатларда ҳаётга қай тарзда таъсир кўрсатишини тушунтириб беришни ўз вазифамиз деб биламиз.
Буюк Британия бу масалада жуда яхши мисол бўла олади, чунки бу мамлакатга ақл бовар қилмайдиган бебилиска “ифлос” пул оқиб келади. Мисол излаб овора бўлишнинг кераги ҳам йўқ: чунки у ерда ўғирланган пул ҳисобига Максим Бакиев (кулади) яшайди, бошқаларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. У ерда Қозоғистон билан Озарбайжон ҳокимиятининг “ифлос” пули жуда кўп. Назаримда, деярли ҳар қандай мамлакатнинг “ифлос” пулини топиш мумкин. Айни дамда Лондонда ижара ҳақи осмонга сакраб кетганимни кўряпмиз (кулади). Балки бунинг сабаби мана шу ўғрилар ва қаллоблар барча хонадонларни сотиб олганидадир. Айни чоқда инглиз жамияти мамлакатларимиз ҳақида жуда кам билади ва кўпинча булар ўртасида қандай алоқа борлигини тушунмайди. Мен яқин йилларда мана шу алоқани одамларга, айнан жаҳон жамоатчилигига тушунтириб беришни, [у ҳақда] гапириб беришни ич-ичимдан истаяпман.
Ўша Абдуқодир деяётганимиз Германиянинг Аугсбург шаҳрида улкан қурилиш лойиҳасини амалга оширишга киришди. Бизнинг Қирғизистонда жуда оз кишилар биладиган, балки билиши керак бўлмаган суриштирувимиз эълон қилингандан сўнг Augsburg Allgemeine газетаси Аугсбургда абдуқодирлар компаниялари билан бирга бу уйни қандай қургани ва у қаердан пайдо бўлгани хусусидаги суриштирувимизни ўқиб, ўз суриштирувини бошлади. Биз бундай бўлганидан жуда мамнун бўлдик. Европа ва АҚШ ОАВ ўз ватанида, биринчидан, аллақандай “ифлос” пул билан боғлиқ масалаларни кўпроқ кўтаришини истаймиз. Иккинчидан, ўша “ифлос” пулнинг маҳаллий аҳоли ҳаётига, билвосита бўлса-да, салбий таъсири бўлмаслиги мумкин эмас.
Яна бир ёмон жиҳати шуки, ушбу мамлакатларда ҳам ёмон амалиётлар ўзлаштирилмоқда. Моҳиятан Буюк Британия ҳам, Германия ҳам коррупциялашмоқда.
Назаримда, Қирғизистон аҳолиси ҳам бу фақат бизнинг муаммомиз эмаслигини, уюшган жиноятчилик чегараларни писанд қилмаслигини тушуниб олиши муҳим. Ҳатто ҳикоя қилаётганимиз ушбу воқеа “қаҳрамони”Абдуқодир – асли хитойлик, лекин қўлида Қозоғистон паспорти бор, айни чоқда Ўзбекистонда корхоналари кўп. Чегаралар оша ҳамма нарса бир-бири билан боғланиб кетган. Мабодо қоррупцияга қарши курашаётган фаоллар саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, бир-бирига маълумот олиш ва ҳк.да кўмак берганида, чегаралар оша бунақа ҳолатларга қарши курашиш яхши самара берган бўлур эди. Мен суриштирувларимиз бундай натижа берганини OCCRP ёки Bellingcat ва “Озодлик” радиоси билан ҳамкорлик қилганимиз натижаси деб биламан. Биз дунёнинг турли бурчакларидан эдик. Bellingcat интернет нашри ҳам қандайдир ҳисса қўшди, чунки ходимларининг Британиядаги баъзи [жиноий] ишлар билан танишиш имконияти кўпроқ. OCCRPнинг молиявий ҳужжатларни ўқишга ихтисослашган мегаэкспертизаси бор. “Озодлик” радиосининг эса бутун дунёдаги миллиард тингловчиси мавжуд. Яъниким, ҳар ким бу ишга ўз ҳиссасини қўшди. Биз эса маҳаллий даражада айрим муҳим ишларни бажардик. Бундай ҳамкорлик кўп бўлиши лозим. Коррупцияга уюшган жиноятчиликка қарши кураш орқали қарши кураш усулларидан бири – мана шу: фақат уюшган жиноятчи тўдалар эмас, биз ҳам уюшишимиз керак бўлади. Ҳа, ҳа, уюшишимиз керак.
Дониёр Мўлдакан
Қирғизистонда 3 та инқилоб содир бўлди, бунга қисман коррупцияга қарши норозилик сабаб бўлган эди. Лекин бу кураш муваффақият қозондими? Мана шу иложсиз аҳволдан қандай чиқиш мумкин?
Бектур Искандар
Қирғизистондаги вазият менга Калифорния стартапини (ишлар бошланишини) кўпроқ эсга солади. Менинг ҳисоб-китобим бўйича, бизда 2005 йилда бошланган инқилоб ҳамон давом этмоқда. Тинимсиз жараён. У ҳали ҳам давом этмоқда. Биз ҳар хил усулларни, турли итерацияларни (ингл. iteration – такрор, бирор ҳаракатни такрорлаш) синаб кўряпмиз. Қирғизистондан аллақандай minimum viable product [минимал яшовчан маҳсулот] ясамоқчи бўляпмиз.
Дониёр Мўлдакан
Синаб кўриш ва хатолар қилиш усули билан, денг.
Бектур Искандар
Биз дастлаб “2.0”, “1.1” версиясини амалга оширамиз – билмадим. Негадир версиялар умуман қовушмаяпти. Кодни ўчириб, “2”, балки “1.3” версияни ясаймиз. Лекин ҳозирча барча версиялар хом-хатала. Ҳаммаси бир гўр. Шу билан бирга, ҳар бир версияда қандайдир ўзгаришлар юз беряпти. Бакиев ҳокимиятда бўлган вақтлар баъзи ўринларда қаттиқ орқага кетишлар бўлди, адашмасам. Унга қаршилик кўрсатиш жанговорроқ бўлгани сабаби шу бўлса керак. Айни пайтда ҳатто баъзи нарсалар… Мен кўпроқ журналистлик мезанамдан туриб гапиришим мумкин: Бакиев даврида журналистлар кўп ўлдирилди, яъни Павлюкни [Геннадий Павлюкни] ўлдиришди, Сиргак Абдуллаевга шафқатсиз ҳужум уюштирилди – унинг суякларини синдиришди. Яна Алишер Соипов ҳам ўлдирилди – бу ҳам Бакиев даврида содир бўлган эди.
Дониёр Мўлдакан
Бакиев даврида нафақат журналистлар жафо кўрганини ҳам айтиб ўтиш керак.
Бектур Искандар
Мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида кучли, жасур ва ажойиб одамлар борлигини кўриб ҳайрон қоламиз. Уларнинг кўпчилиги қашшоқ кун кечирмоқда.
Албатта. Мен Медет Садирқуловнинг шафқатсизларча ўлдирилишини назарда тутяпман. Бу ишда шахсан Жаниш Бакиевнинг қўли бор. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Атамбаев ҳам, Жээнбеков ҳам қанчалик даҳшатли бўлмасин, улар ҳукмронлиги даврида бунақа ваҳшийликлар содир бўлгани йўқ. Биз бир оз, ярим қадам бўлса-да, юқори кўтарилдик. Атамбаев даврида ўта ноҳақ ва даҳшатли нарса Асқаров [Азимжон Асқаров] иши бўлган бўлса ажаб эмас. Бироқ шунга қарамай, жамият борган сари кучли бўла борди. Мен бунга чин дилдан ишонаман. Азимжон Асқаровнинг иши юришмади, омади чопмади. Агар у билан боғлиқ воқеа бир йил кейин юз берганда, қўлида смартфони бўлар, барча исботларни видеога тушириб, жонли эфирга [ижтимоий тармоқларга] узатар эди. Судда ўзини жуда дадил тутган ва эҳтимол ҳимояланган бўлар эди. Агар ҳеч кимни ўлдирмаганини кўрсата олганда, унга нисбатан ўта шафқатсиз пропаганда – тарғибот қилиб бўлмас эди. Ҳозир Жээнбеков яхши кўрган рақамлаштириш қамрови ортиб кетди, у Қирғизистонда чиндан ҳам ўсди. Қўлида смартфони бор, бирор нарса учун курашишга тайёр одамларнинг фуқаролик назорати – мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида кучли, жасур ва ажойиб одамлар борлигини кўриб ҳайрон қоламиз. Уларнинг кўпчилиги қашшоқ кун кечирмоқда.Бу – ишларни орқага тортувчи омил, чунки одамлар курашишдан хурсанд бўлиши мумкин эди, бироқ тирикчилик бор, оилани боқиш керак, пул топиш керак. Шунинг учун курашни кейинга қолдириб туриш даркор. Агар таълимга сармоя ётқизишнинг, одамларни масофадан туриб ишлашга ўргатишнинг уддасидан чиқа олсак, Қирғизистоннинг йирик вилоят марказларидаги ҳаёт даражаси Бишкек ҳаёт даражасига кўтарилармиди, қулайликлари Бишкекникидай бўлармиди. Бу бошқа Қирғизистон бўлиши шубҳасиз.
Дониёр Мўлдакан
Кейинги сўзловчимиз – иқтисодчи ва economist.kz сайти асосчиси Қосимхон Қаппаров.
Дониёр Мўлдакан
Қозоғистондаги коррупция ҳақида гапирганимизда, гап нима ҳақда кетади? Бу қанақа коррупция ва клептократия, яъни вертикал тарзда интеграциялашган коррупция ҳақида гапириш мумкинми? Иложи бўлса, мисоллар келтирсангиз.
Қосимхон Қаппаров
Савол учун раҳмат. Келинг, гапни сал олдинроқдан бошлайлик. Марказий Осиёдаги коррупция Совет Иттифоқи даврида мавжуд бўлган коррупциянинг мантиқий давомидир ҳамда унинг анъаналари маъмурий буйруқбозлик ва тақсимлаш тизимига бориб тақалади. Совет даврида қуйидаги атамалар билан тавсифланган “блат” (“таниш-билишчилик”) – қандайдир товарни қўлга киритиш учун таниш-билишларга эга бўлиш ва шунга кўра, “дефицит” (“тақчиллик”) сабаб коррупция авжига чиқиб кетган, халқ истеъмол товарларини бемалол харид қилиб бўлмаган.
Коррупция чақалоқлардан тортиб, пенсионерларгача бўлган ҳамманинг манфаатларига дахл қилади.
Аслида коррупция анъаналари ўша ёқдан бошланган, лекин кўряпмизки, мустақилликка эришилгандан сўнг ўтган 30 йил мобайнида кўпгина постсовет мамлакатларида коррупция ўлчами жуда катталашиб кетди, энди кўпчилик совет даврида бўлган коррупцияни соғинч билан эслайди ва уни болаларча коррупция деб атайди.
Дониёр Мўлдакан
Биз айнан Қозоғистон билан боғлиқ клептократия ҳақида гапиряпмизми?
Қосимхон Қаппаров
Қозоғистондаги ҳолат бошқа постсовет мамлакатларидаги ҳолатдан унчалик фарқ қилмайди. Бу ўринда фақат нефтдан олинаётган юқори даромад ўша коррупция ўлчамини катталаштираётганини айтиш мумкин, холос. Нисбий мутаносиблик жиҳатидан олиб қараганда, биздаги коррупция миқдори бошқа мамлакатлардаги айни ҳолатдан кўп фарқ қилмайди, деб ўйлайман. Биз бу ердаги ҳолатни ғайриоддий деб аташ қийин. Лекин кўриб турибмизки, ҳар йили мамлакат иқтисодиёти нефт экспортидан ўн миллиардлаб доллар олаётгани сабабли коррупция учун имкониятлар ошиб бормоқда. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг ўзига хосликларидан бири давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки баланд эканидир. Ушбу кўрсаткич бўйича давлатнинг иқтисодиётдаги улуши ва иштироки Россиядагидан баланд, Қирғизистон ва Тожикистондагидан нисбатан баландроқ.
Коррупциянинг у қадар кўзга ташланмайдиган, лекин шундай бўлишига қарамай, харажати ундан кам бўлмаган бошқа турлари ҳам бор. Масалан, хусусий тузилмалар ўрнини эгаллайдиган, давлат бажариши керак бўлмаган вазифаларни зиммасига оладиган сохта давлат тузилмаларини ташкил этиш ва ушлаб туришни олайлик. Моҳиятан, улар айнан давлат амалдорларининг қариндошлари, яқинлари ва дўстларини ишга жойлаштириш учун ташкил этилади. Кўриб турибмизки, Қозоғистонда мана шу сохта давлат секторининг ўлчамлари таҳлика солар даражага етди. Биз давлат кўп марта бюджет ҳисобига қутқариб қолган “Самрук Қазина”, “Байтерек” ва “КазАгро” сингари компаниялар ва тузилмалар ҳақида сўз юритяпмиз. Бундай тузилмаларнинг самарадорлиги жуда паст. Одатда одамлар бундай ташкилотларга совет анахронизми – ўтмиш қолдиғи бўлган таниш-билишчилик, телефон қўнғироғи орқали ишга жойлашади. Шунинг учун улар “позвоночниклар” (асл таржимаси – “умуртқа”), кўчма ва кинояли маъноси – “звонок”дан (“қўнғироқ”) олинган бўлиб, қўнғироқ орқали иш битирувчиларни англатади. Бу ҳам – ўзига яраша коррупция, чунки бюджетнинг тўғридан-тўғри харажатлари йўл, мактаб қурилиши, пенсияларни ошириш ёки шифохона ва мактаблар кўринишидаги ижтимоий инфратузилмани яхшилашга йўналтириш ўрнига мана шу самара бермайдиган иш ўринларини сақлаб туришга кетади.
Коррупциянинг зарари ҳақида гап кетганда, унга сарфланадиган маблағ ҳар қандай товар, ҳар қандай хизматга қўшилишини тушуниб олиш муҳим. Ҳатто сиз ишлатилган электр қуввати учун пул тўлсасангиз ҳам, нон харид қилсангиз ҳам, театрга борсангиз ҳам, кино томоша қилсангиз ҳам – ҳамма жойда коррупцияга сарфланадиган пулнинг маълум фоизи улар қийматига қўшилган бўлади. Нега бундай бўляпти? Чунки бизда рухсат бериш ва назорат билан шуғулланадиган давлат органлари жуда кўп, ўша органлар у ёки бу босқичда сиз борадиган жойларга текшириш учун боради, шунга кўра, жарима солиш ўрнига пора олиш учун ўша жойлардаги кишилар билан ўзаро келишиши мумкин. Айни ҳол иқтисодиётдаги транзакция харажатларини кўпайтиради ва ишлаб чиқарил(аёт)ган товарлар, кўрсатил(аёт)ган хизматлар таннархини оширади. Булар барчаси иқтисодиётнинг рақобатбардошлигига таъсир кўрсатади, умуман олганда, биз коррупция қанчалик баланд бўлса, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги шунчалик паст бўлишини кўриб турибмиз.
Дониёр Мўлдакан
Менга сизнинг транзакция харажатлари ва ушбу коррупциянинг баҳоси сиз билан истеъмол қилаётган пироард товарлар баҳосига “ўтириши” ҳақида гапира бошлаганингиз маъқул бўлди. Лекин тез-тез коррупция ўзаро манфаатли бўлиши мумкинлиги ёки коррупция бюрократик тизимнинг яроқсизлигини енгиб ўтишнинг табиий йўл билан қарор топган амалиёти экани ҳақидаги фикрлар қулоққа чалиниб туради, мабодо бюрократия ёмон ишлаётган бўлса, гўё коррупция ўша тўсиқларни қайсидир йўл билан енгиб ўтиш воситаси эмиш. Дарҳақиқат, бу ҳам давлат органларининг, ҳам аҳолининг ҳаётини енгиллаштиради, деган фикр мавжуд. Сизнингча, шу иддао асослими ёки эҳтиёт бўлиш керакми?
Қосимхон Қаппаров
Назаримда, бу, биринчидан – эскириб кетган иддао. Иккинчидан – жуда зарарли нуқтаи назар. Коррупцияга нисбатан 2 та қараш бор: биринчиси – сиз уни оқламоқчи бўлишингиз. Сабаблар сифатида яна коррупция бўлмаса, ижтимоий механизмлар ишламай қўяди, деган иддаони айтишингиз мумкин. Бошқа тарафдан, мабодо коррупцияга тоқат қила олмасангиз (zero tolerance), бу ишдаги инсон омилини йўққа чиқариш йўлида жараёнларни ўзгартириш учун нима қилиш кераклигига бир қаранг. Бизда ҳам, дунёда ҳам, Қозоғистонда ҳам янги технологиялардан фойдаланиш, жараёнларни ўзгартириш инсон омили камайишига сабаб бўлган бир қатор муваффақиятли кейслар – ҳолатлар бор, улар натижасида инсон омили ҳам, коррупция даражаси ҳам сусаяди, кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати ошади. Энг ёрқин мисоллардан бири Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази (АХКМ) институтини жорий қилиш бўлди ва у чиндан ҳам давлат сервис модели бўйича ишлаши, сифатли ишлаши, айни чоқда чўнтакдан давлат божидан бошқа ҳеч нарса тўламаслик мумкинлигини кўрсатиб берди.
Яна бир ҳолат электрон ҳукумат бўлса ажаб эмас, унга кўра, хизматларнинг бир қисми онлайн режимига ўтказилади ва одамлар у ёки бу маълумотномани ҳеч қаерга чиқмай, уйидан олиши мумкин. Бу карантин даврида самарадорлигини исбот қилди, кўряпмизки, илгари одамлар воситачиларнинг кўп кишилик армиясига пул тўлаган бўлса, энди бу транзакция баҳоси йўқ бўлди ва хизматлар енгиллашди.
Учинчи ҳолат сифатида намуна қилиб, йўллардаги тартиббузарликларни қайд қилувчи видеокамералар ўрнатилишини келтириш мумкин. Айнан инсон омили камайиб бораётганини кўряпмиз: йўл полициясининг ҳайдовчиларни асоссиз тўхтатиб, уларга жарима солиб, яна пора тама қилишдай кўп имконияти қолмади. Шунинг учун жарималар миқдори камаяётганини кўрмаяпмиз, бироқ ўша жарималардан бюджетга тушадиган пул миқдори ортди. Мана шу тизим тасдиқлашича, янги технологиялар аслида коррупцияга қарши курашда ёрдам беради, аслида коррупция муроса қилиш воситаси эмас, коррупцияга нисбатан тоқатсизлик барча давлат дастурларида, президентнинг барча мурожаатномаларида, барча стратегияларга “михлаб қўйилиши” керак. Яъниким, биз коррупциясиз яшашимиз мумкинлигига заррача бўлса-да, шубҳа қилмаслигимиз лозим.
Дониёр Мўлдакан
Ҳар йили Қозоғистондан оффшор ҳудудларга қанча пул “оқиб чиқиб кетяпти?” Чет мамлакатлар ҳокимияти коррупцияга қарши курашда ёрдам бериши мумкинми? Агар бунга мисоллар бўлса, ажойиб иш бўлар эди.
Қосимхон Қаппаров
Иқтисодиётнинг оффшорлашувига оид турли баҳолар мавжуд. Бу Қозоғистон учун ҳам, Россия учун ҳам – жуда катта муаммо. Ушбу мамлакатларда амалдорларга чет эл банкларида ҳисоб рақами очиш, оффшор ҳудудларда компаниялар ташкил этиш тақиқланиши бир неча марта эълон қилинди. Лекин шунга қарамай, давлат коррупцияга қарши курашда қийналаётганини кўриб турибмиз, чунки моҳиятан, бу ўнг қўл чап қўлни [қинғир ишдан] тўхтатмоқчи бўлаётгандай гап, лекин айни дамда қарор қабул қилиш маркази битта. Давлат сектори ичидаги мана шу шизофрения, албатта, ёрдам бермайди. Турли баҳолар айтилмоқда. Биз ташқи қарзимизнинг бир қисми бўлган “фирмалар ўртасидаги қарздорлик” сингари кўрсаткич ҳақида гапиришимиз мумкин. Бу Қозоғистондаги бирор компаниянинг чет эл компанияси олдида қарзи борлиги механизмидир: ўша қарзга асосан тўловлар ўтказиб берилади: компания у ёки бу хизматлари учун чет элга пул олиб чиқиб кетади. Бу ҳам мамлакатдан четга пул олиб чиқиш каналларидан биридир.
Дейлик, репатриация бор, яъни оффшор юрисдикцияларида рўйхатдан ўтган чет эллик инвестор Қозоғистонга сармоя киритади ва айни пайтда солиқлардан озод бўлади. Бу олиб чиқиб кетилган маблағларни, дейлик, бу ердлаги активларни сотиб олиш учун қайтариш учун қилинади. Шунинг учун Қозоғистонга энг кўп сармоя киритаётган мамлакат Нидерландия ҳисобланади, чунки ушбу мамлакатнинг оффшор юрисдикцияси энг қулай.
Сўнгги 30 йилги даврни оладиган бўлсак, олиб чиқиб кетилган пул миқдори ҳақида бир нарса дейиш қийин, лекин у ўнлаб, ҳатто юзлаб миллиард доллар экани шубҳасиз. Чет мамлакатларнинг роли ҳақида айтиш мумкинки, шунақа ишлар бўлаётганини биламан, лекин халқаро миқёсда коррупцияга қарши кенг қамровли кураш олиб бориляпти, деб айта олмайман, чунки ким учундир коррупциядан келган пул бизнинг иқтисодиётдан кетган пулдир, қайсидир мамлакатлар учун эса улар жалб қилиши мумкин бўлган потенциал инвестициялардир. Шунинг учун дунёда уларга ёрдам бериши мумкин бўлган оффшор юрисдикциялар, юридик фирмалар жуда кўп. Яқинда Panama Papers ва бошқа маълумотлар сиздирилиши билан боғлиқ жанжаллар ривожланган мамлакатлардаги компаниялар ҳам бундай схемаларда иштирок этаётгани ҳақидаги тезисни тасдиқлайди. Шунинг учун токи коррупцияга қарши глобал кураш бўйича ягона глобал назорат органи бўлмас экан, вазият ўзгариши мумкинлиги ҳақида гапириш қийин.
Нега бу тизим ишламаяпти? Мана бундай барқанот кўҳна лотин ибораси бор: “кузатувчиларнинг ўзини ким кузатади?” ёки “қоровулларнинг ўзини ким қўриқлайди?” Икки нафар қоровулни дарвозага қўйсангиз, улар ўғирлик қила бошлайди. Шунинг учун ўша икковлоннинг ортидан кузатиб юриш учун яна 2 тасини қўйиш керак бўлади. Лекин кейинчалик улар ҳаммаси тил бириктириши мумкин. Мана шу охир-адоқсиз дилемма қадим замонлардан бери бизга йўлдош бўлиб келяпти. Шунинг учун фақат бир дарвозани қўриқлаш билан овора бўлиб қолмасдан, барча ўша дарвозадан фойдалана олиши ва мамлакатда хато ишлар рўй бераётгани ҳақида ҳамма фаол гапириш имкониятига эга бўлиши учун ваколатларни тақсимлаш зарур. Шу сабабли ҳар қандай коррупцияга қарши кураш бўйича ҳар қандай агентлик фақат сиёсий институт бўлади. У демократик структуранинг бир бўлаги эмас, айнан давлат тизимидаги сунъий тузилма бўлади, чунки нормал фаолият кўрсатаётган тизимда айни вазифани бир неча сиёсий партия рақобатлашаётган парламент бажаради. Ушбу вазифани таркибида давлат харидларини мониторинги билан шуғулланаётган ННТ сектори бажаради. Ва ушбу вазифани, албатта, сайловчи сиёсий партиялар орқали сенатда ёки мажлисда терговлар ўтказилишини, сўнгра ўша ишлар суд билан прокуратурага оширилишини талаб қилиши учун коррупция фактлари ҳақида ҳар доим хабар қилиши керак бўлган ОАВ бажаради. Яъниким, бутун бошли тизим мавжуд ва коррупцияга қарши кураш бўйича ҳар қандай давлат органи кўринишидаги алоҳида тузилма мутлақо керак бўлмаган нарсадир.
Дониёр Мўлдакан
Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Бошқача айтганда, бюрократиянинг бутунлай янгича моделини барпо этиш ва унда rent seeking – қандайдир рента излаш эмас, ўша рентани адолатли тақсимлаш рағбат вазифасини ўташи керак. Шу маънода коррупциянинг институциоллашуви ҳақида гапириш мумкинми? Ёки бу ушбу ўзини ўзи тартибга солувчи механизмлардан бошқа ҳеч нарса назарда тутилмайдиган бутунлай бошқа тизимми?
Қосимхон Қаппаров
Назаримда, коррупцияга қарши кураш сари илк қадам у амалга ошиши учун сиёсий ироданинг бўлишидир, унинг ёрдамида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини яратиш мумкин. Бизда Сингапурни намуна қилиб кўрсатишни хушловчилар кўп. Шуни қайд этиш зарурки, Сингапур мўъжизаси бошдан-оёқ сиёсий иродага асосланади, ўша пайтда коррупцияга қарши кураш барча амалдорлар ва барча давалат идораларининг устувор вазифаси сифатида тан олинган. Натижада бизнес юритиш учун яхши муҳит яратилган ва чет эллик инвесторлар Сингапурга коррупциядан холи ҳудуд сифатида қарай бошлаган эди. Шунга кўра, уларга Осиёда ваколатхонасини очиш учун ноёб имконият пайдо бўлди. Қозоғистон Марказий Осиё, постсовет минтақаси учун ана шундай ҳудуд бўлиши жуда фойдали бўлур эди. Ҳозир кўряпмизки, Грузияда у ёки бу даражада давлат тузуми ислоҳотлари чоғида буни амалга оширишга уриниб кўришди. Чунки коррупциялашган минтақа ичида коррупциялашмаган аншлюс бўлиши иқтисодиётда бевосита ижобий оқибатларга олиб келади. Сиз минтақада чет эл инвестициялари учун тортиш кучи бўлишингиз мумкин.
Дониёр Мўлдакан
Мамлакатларимиздаги кўплаб муаммоларнинг сабабчиси коррупциядир. У жамиятни, давлат билан муносабатларни емиради, ҳаётимизга транзакция харажатларини юклайди, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар сингари муҳим соҳалар ривожланишига йўл бермайди. Ниҳоят, у халқаро обрў-эътиборимизга путур етказади. Лекин биз фуқаролик назорати, мустақил ОАВ, суриштирувлар, янги технологиялар ҳамда активларнинг бир жойдан бошқасига кўчирилиши ва оффшор зоналар устидан халқаро назоратни йўлга қўйиш билан унга қарши курашиб, натижаларга эришишимиз мумкин.