«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари табиатан куч ишлатувчи ва жазоловчи идоралардир. Постсовет мамлакатларидаги суд тизими ва бошқа тизимлар ислоҳ қилинган бўлса-да, полиция, асосан, совет давридалигича қолаверди. Бугунги сўзловчиларимиз 3 киши – АҚШ Миллий мудофаа университети ходими Эрика Марат постсовет мамлакатларидаги полицияга тааллуқли муаммоларнинг умумий манзарасини чизиб беради, қирғизистонлик ва қозоғистонлик фаоллар эса – Тимур Шайхутдинов ва Дмитрий Нурумов –полицияни ислоҳ қилишга оид қарашларини баён қилади.
Эрика Марат Миллий мудофа университети профессори, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги полиция фаолиятига оид ишларни ўрганиб, полиция тизимини ислоҳот қилиш сиёсати ҳақида ҳақида китоб ёзган. У бизга берган интервьюсида умумий кузатувлари ҳақида ҳикоя қилади.
Дониёр Мўлдакан
Келинг, сизга тўғридан-тўғри ва жўн савол берсам: бизнинг постсовет мамлакатларимизда ИИВ тузилмасининг нимаси номақбул?
Эрика Марат
Афсуски, кўплаб постсовет мамлакатларида ИИВ совет тизимининг қолдиғидир, ўша мамлакатларда милиция шундай ташкил этилган эдики, у республикалар пойтахтларида марказлаштирилган назорат остида бўлиши баробарида Совет Иттифоқининг барча кунжаклари, ҳатто олис қишлоқларида ҳар доим ҳозиру нозир бўлиб келди. Тузилмасига кўра – марказлаштирилган қўмондонлик, жамиятдаги ҳозирлигига кўра – марказлашмаган ташкилот. Совет Ититфоқидан мерос яна бир қолдиқ – полиция ёки милициянинг жамиятда турли-туман вазифаларни бажарганидир: у фақат қонуний тартиб сақланишини назорат қилмасдан ёки жиноятларни очиш ёки жамият чақирган жойга етиб бориш билан бирга аҳоли ўртасида тарғибот ишлари билан ҳам шуғулланган. Яъниким, милициянинг вазифалар кўлами кенг эди. Ҳокимиятга постсовет етакчилари келгач, уларга ушбу функцияларни сақлаб қолиш қулай бўлди, чунки бу вазифалар сиёсий режимни ватандошлардан қўриқлашни ҳам ўз ичига олган. Афсуски, ушбу муаммо ҳатто Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг орадан 30 йил ўтиб ҳам ҳал этилмасдан қолмоқда.
Дониёр Мўлдакан
Бунчалик кўп ходим ишлайдиган ва айни вақтда шунчалик оғир вазифаларни бажарадиган тузилмани ушлаб туриш жуда кўп маблағ талаб қилишини тушуниш керак. Бунинг учун қанчалик кўп маблағ талаб қилинади ва у ўзини қанчалик оқлайди?
Эрика Марат
Турли мамлакатлардан вазият турличадир: Қозоғистонда, табиийки, молиялаш қамрови катта, чунки давлат бюджети шунга имкон беради; бошқа мамлакатларда (Қирғизистонда, Тожикистонда) ИИВ бу қадар яхши молиялаштирилмайди. Бироқ аслида бунинг постсовет ИИВ учун унчалик аҳамияти йўқ, чунки ИИВнинг бошқа давлат тузилмаларидан (дейлик, таълим вазирлиги, ташқи ишлар вазирлиги ёки соғлиқни сақлаш вазирлигидан) фарқли ўлароқ, 1990-йиллардан бошлаб бошқа норасмий молия манбалари мавжуд бўлган. Биламизки, кўплаб мамлакатларда коррупция структураси пирамида – эҳромга ўхшайди, унга кўра, энг кичик лавозимдаги полиция ходимлари кўчада пора олгандан сўнг уни бошлиқларига узатиши керак бўлади. Бошлиқлар эса [юқори турувчи] бошлиқларга узатади. Бундай эҳром кўплаб республикаларда шаклланиб бўлган. Шу сабабли ИИВ учун марказлаштирилган молиялашнинг аҳамияти катта бўлиши шубҳасиз, бироқ постсовет мамлакатларида, ўзга давлати хизматчиларидан фарқли ўлароқ, полициянинг норасмий бойиш имкониятлари бор, аҳоли кўчада турли ҳаётий вазиятларда уларга тез-тез дуч келади. Шунинг учун ушбу тузилмаларда коррупция сақланиб қолмоқда. Албатта, турли мамлакатлар бунга қарши курашга ҳаракат қилмоқда, лекин бу – жуда мураккаб иш. Албатта, бу ўринда аҳолининг хулқ-атворини ҳам ҳисобга олиш керак, чунки одамлар орасида ҳам порахўрлик тутимга айланган, улар турли коррупция схемаларида қатнашмаслик учун ҳар хил бюрократик амалларни бажаришдан кўра норасмий тарзда жарима тўлашни афзал билади.
Дониёр Мўлдакан
Ҳа, коррупция билан боғлиқ муаммо нафақат мамлакатларимиз мустақиллик республикалар сифатида қарор топганидан, қолаверса, совет давридан бери бошимизга битган бало бўлиб келмоқда. Аммо Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан бери орадан, оз эмас, кўп эмас, 30 йил ўтди. Наҳотки шунча вақтдан бери постсовет мамлакатларида ИИВ тизимини яхшилаш учун принципиал ислоҳотлар ўтказилмаган бўлса? Ёки ушбу тузилманинг ривожланиш векторини қайсидир йўсинда ўзгартирган бирор принципиал қадам қўйилдими?
Эрика Марат
Албатта, турли мамлакатларда ИИВ тузилмасини ўзгартириш – ИИВни кенг қамровли ислоҳ қилишга уринишлар жуда кўп бўлди, аммо аксарият ҳолларда ислоҳотлар барбод бўлди. Нари борса, бундай ислоҳотлар милицияни полиция деб қайта номлаш ёки полициячилар формасини, аслаҳа-анжомини, техник базаси: машиналари, қурол-яроғи ва ҳк.ни ўзгартиришдан иборат бўлди, холос. Лекин бундай моддий ўзгаришлар жамланмасининг ислоҳотга дахли йўқ. ИИВни ислоҳ қилиш нима дегани? Бу шундай ислоҳотки, унга кўра, полиция жамиятга муносабатини ўзгартиради – ИИВ ислоҳоти амалга ошгани шу бўлади, бу эса аслаҳа-анжомни ўзгартириш билан эмас, жамиятга муносабатни ўзгартириш билан ва жамият кузатуви учун очиқроқ бўлишга ҳаракат қилиш, яъни жамиятга ҳисобдор бўлиш орқали юз беради. Полициянинг, асосан, шаҳарларда кичик хизматлари бор, лекин бунга ИИВ раҳбарияти ёки сиёсий етакчилар эмас, фуқаролик жамияти вакиллари саъй-ҳаракатлари билан эришилмоқда. Тўғриси, бу кичик ўзгаришларни тизимли ўзгаришлар деб бўлмайди, улар чиндан ҳам кичик ўзгаришлардир. Бироқ постсовет мамлакатларида ИИВни ислоҳ қилишни бошлаш учун фуқаролик жамияти билан ИИВ ўртасида мулоқот ўрнатиш, ҳеч бўлмаса, муҳокама майдончалари ташкил қилиш даркор.
Дониёр Мўлдакан
Дарҳақиқат, тинч аҳоли учун милиция ёки полиция деб аталишининг ҳам аҳамияти йўқ. Балки сизнинг биз шу ерда ва ҳозир Марказий Осиё мамлакатларининг ҳар бирида нима ишлар қилишимиз кераклиги бўйича аниқ таклифларингиз бордир?
Эрика Марат
Ҳа, аниқ таклифлар бор, улар Тожикистон сингари мамлакатда муваффақиятли амалга оширилган иш ва ИИВни ислоҳ қилишга бўлган муваффақиятли уринишлар тажрибасидан келиб чиқади. Албатта, ушбу мамлакатда булар барчаси осонгина чиппакка чиқиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Аниқ қилиш мумкин бўлган нарса ИИВ раҳбариятини фуқаролик жамияти фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, парламент аъзолари билан бир хонага ўтқазиб, бир марталик эмас, тизимли мулоқотни йўлга қўйишдир. Эҳтимол ўша ерда ОАВ вакиллари ҳам бўлиши мумкин. Тизимли мулоқот чоғида, умуман олганда, жамиятга қандай полиция кераклиги, қандай устувор вазифаларни қаерда белгилаб олиш, жамиятда полиция қарши курашиши зарур бўлган қандай муаммолар мавжудлиги муҳокама қилинади. Ва бундай мулоқот тизимли тарзда ўтказилиши ва “ислоҳот” деб аталиши лозим. Бундай мулоқотлар сўнгида – кўпинча бундай мулоқотлар асаббузарлик билан ўтади (мен Бишкекдаги шундай майдончаларда кузатувчи сифатида қатнашганман, Душанбедаги шундай майдончалар ҳақида – гарчи улар Бишкекдагидай кўп бўлмаса-да – кўп ўқиганман) – улар жамиятга зарур бўлган нарсалар ва бунинг учун полиция нима қилиши мумкинлиги хусусида қандайдир муросага эришишни мақсад қилиб қўйиши керак бўлади. Бу – жуда суст кечадиган жараён ва жойидан қимирламаётгандай туюлиши ҳам мумкин, чунки ҳамма бутунлай бошқа устувор вазифалар хусусида гапиради. Лекин бу – зарур жараён ва у аслида демократик давлатларда юз бермоқда. Хусусан, Қозоғистонда олимпия чемпиони Денис Теннинг ўлимидан кейин айнан шундай муҳокама ўтказиш имкони бор эди, жамият ИИВга ёрдам беришга қизиққан ва фаолларнинг бу ишни қандай амалга оширишга оид кўплаб ғоялари бор эди, муҳокамалар бўлиб ўтди ҳам, бироқ афсуслар бўлсинки, ИИВ буларнинг ҳеч бирида қатнашмади. Ўша пайт Қозоғистон полицияси ўша тажрибани орттириши ва жамиятга нима кераклигини белгилаб олиши, шу тариқа жамият билан мулоқот қилиш орқали кўпроқ унинг ишончини қозониши учун муҳим имконият бўлган эди.
Дониёр Мўлдакан
Сизнингча, рисоладаги полиция ходимлари борми ва улар чиндан ҳам бор бўлса, улар фақат одамнинг хаёлида борми ёки бошқа мамлакатлардан аниқ мисоллар келтира оласизми?
Эрика Марат
Менинг фикрим бундай: рисоладаги полициячилар йўқ, бироқ ҳар доим ушбу идеалга интилаётган полициячилар бор. ИИВни ислоҳ қилиш нима дегани? Бу қандайдир лойиҳалар туркуми эмас, аксинча, жамият билан доимий мулоқот демакдир. Жамият ҳар доим ўзгариб боради. Полиция ёки милиция – жамиятнинг кўзгуси, деган мақол бор. Жамият ҳар доим ўзгариб боради. Қайсидир ҳуқуқий тартиб бузилиш ҳоллари аҳамияти пасайиши, бошқа қонунбузарлик ҳоллари, дейлик, оилавий зўравонлик жамият қарши курашишни истаётган жиддийроқ муаммоларга айланиб бормоқда. Бунақа пайтда полиция ҳам уларга қарши курашишга ўзини чоғлаши керак бўлади. Ҳозир ҳаммамиз Америкада полиция қандай ишлаётгани ёки у қора танли америкаликлар, афроамерикаликлар ёки дейлик, “people of color” – оқтанли бўлмаган кишиларни қандай камситаётгани ва ўлдираётгани ҳақидаги қизғин мунозаралар бўлиб ўтаётгани шоҳида бўляпмиз. У ерда жиддий мулоқот ва полициянинг ирқий жиҳатдан камсонли кишиларга бундай муносабатини ислоҳ қилишга уриниш юз бермоқда. Бундай мулоқотлар энг демократик давлатларда ҳам ўтказилиб туради ва бу каби ўзгаришлар ҳар доим юз бериши шарт. Мулоқот бўлмагани ёмон. Шунинг учун полиция эришилган нарсалар билан кифояланиб қолмай, жамиятга қулоқ солиши ва ундаги ўзгаришларни ҳисобга олиши, ҳар доим ўзагаришга ҳаракат қилиши, жамиятга керак бўлган тарзда функцияларини ўзгартириши зарур.
Дониёр Мўлдакан
Темур Шайхутдинов анча йиллардан бери “Ислоҳотлар натижа учун” фуқаролик уюшмаси доирасида фаолият юритиб келади ва Қирғизистон полицияси фаолиятини ўрганади. Гарчи ҳозирча кўп иш қилишнинг имкони бўлмаётган бўлса-да, қирғиз фаоллари Бишкек патрул милицияси билан боғлиқ муваффақиятга эришди, улар патрул милицияси таркибини оддий ватандошлар ҳисобига 40 фоиз янгилашга муваффақ бўлди.
Қирғизистондаги милициянинг қайси ишлари нотўғри эканини сўзлаб берсангиз.
Тимур Шайхутдинов
Албатта, бу – мураккаб савол: қайси ишлари нотўғри? Умуман олганда, биз тизим ҳақида… биз 90-йилларда ижтимоий муносабатларнинг янги тизимига ўтдик, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими асоси ўзгармади. Айрим бўлинмалари тарқатиб юборилган, бошқалари қўшилганини ҳисобга олмасак, милициянинг табиати олдин қандай бўлса, шундайлигича қолаверди. Айни чоқда бунга коррупция масалалари қўшилди ва вазиятни янада чигаллаштирди. Албатта, қайсидир ўринларда у бир оз жамоатчиликка очилди ҳам, қайсидир ўринларда ёпилди ҳам.
Дониёр Мўлдакан
Одамларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ишончи ва мурожаат қилишга тайёр экани ҳақида гапирадиган бўлсам, мактабларда ўғил болалар ўртасида чақимчилик урф бўлмагани яхши эслайман. Тажрибамдан биламанки, 30 ёшдан ошган кишилар ҳам ҳозиргача қуйидаги принцип билан яшашда давом этмоқда: “Нима, мен чақимчиманми? Нега мен милицияга мурожаат қилишим керак?” Сизга мана шу нарса милиция тимсолига қандайдир йўл билан таъсир этгандай туюлмаяптими? Бир тарафдан, милиция ўзига жамият ишониши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилаётгандай, бошқа тарафдан эса аҳоли шунақа яшашга ўрганиб қолган.
Тимур Шайхутдинов
Демак, биз бир тараф мулоқот қилишни истамаётган ва бунна зарурат сезмаётган, бошқа тараф эса буни уддлалай олмаётган муҳитда яшаётган эканмиз-да. Албатта, бу масалани ўрганиш керак бўлади. Нега бундай бўлаётганини социологлар яхшироқ тушунса керак. Негадир дунёга жиноят олами вакиллари кўзи билан қарашга оид қандайдир унсурлар – мен ҳаммаси деяётганим йўқ ва уларнинг қамоқхона субмаданияти (алоҳида этник ёки ижтимоий гуруҳлар тутимлари) – барчамизнинг бир қисмимиз бўлиб қолди.
Дониёр Мўлдакан
Буни безориларга хос романтика деб аташ мумкин.
Тимур Шайхутдинов
Ҳа, улар наздида милиция – ёмон. Қаердадир қонунни бир оз бузиш мумкин. Ёшроқ йигит-қизлар бор. Бир неча йил олдин рэкет (қўрқитиш йўли билан бошқаларнинг мол-мулкини тортиб олиш) бўйича тадқиқот ўтказилган эди. Шоҳид бўлишимизча – бу иш билан мен эмас, жалб этилган экспертлар ва бошқа мутахассислар шуғулланган – қамоқхона субмаданияти сўнгги йилларда ёшлар ва ўсмирлар муҳитига янада чуқурроқ кириб борган. Бу ҳам етмагандай, бу нарсалар янада романтиклаштирилмоқда. Ҳатто ўхшаш атамалардан ҳам фойдаланилмоқда. Менинг болалик чоғларимда ҳатто бунақа нарсалар йўқ эди. Ўша пайтлар ҳам “стучать” (чақимчилик) қилиш яхши иш саналмаган, бироқ қандайдир атамалар, яъни масалан, мактабда “смотрящий” (“қаровчи”) кундалик ҳаётимизга етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Лекин ҳозир бу ҳақда гапирилаётган мактаблар ва вилоятлар бор. Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади, таёқнинг икки учи бор, баъзи ўринларда [милиция ходимларининг] қўлидан иш келмаса, баъзи жойларда бирор иш қилишни истамайди, қаердадир улар ишлашни истайди, турли ходимлар бор, жамият эса улардан тобора узоқлашиб бормоқда. Кўриб турганингиздек, бизда жиноят оламининг машҳур етакчилари бор (қайси бири дунёдан ўтган, қайси бир ҳали ҳаёт), улар жамиятнинг муайян қатламлари орасида довруғ қозонган. Кўпчилик уларни “робин гудлар” деб билади. Албатта, жамиятимизда қонунийлик ва тартиб масаласи қадрият даражасига кўтарилмагани учун фақат милицияни айблаб бўлмайди.
Дониёр Мўлдакан
Давлат ҳам, давлатнинг ички куч манбаси ИИВ, хусусан, полиция тузилмаси ҳам кучли бўлиши кераклигини барчамиз тушунамиз. Бироқ кучни бошқа мақсадларда ишлатишга ҳам мойиллик бўлади. Қирғизистонда ушбу эҳтимолни камайтириш учун нима иш қилиш зарур?
Тимур Шайхутдинов
Биринчидан, олдини олиб айтиб қўймоқчиман, келаётган кўплаб яхши моделлар жорий қилина бошлаган тақдирда ҳам ИИВ тузилма сифатида милициялигича қолаверади, яъни ҳозирги кунда ички ишлар вазирлиги милицияга тенг, айни чоқда дунёнинг кўплаб мамлакатлари (постсовет макони ҳақида гапирадиган бўлсак, Украина) милиция ИИВга тенг бўлган моделдан воз кеча бормоқда. Ҳа, ИИВ сиёсатни белгилайдиган тузилма, ҳа, у милиция ёки полицияни назорат қилади. Ҳа, у устувор йўналишларни, вазифаларни белгилаб беради, лекин у функционал, яъни жиноятларни фош қилишга бевосита аралашмайди. Аниқ айтадиган бўлсак, Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков бу иш билан шуғулланмайди. ИИВга ҳисоб берадиган автоном бошқармалар, жумладан, полиция бор, айни чоқда улар муайян мустақилликка ҳам эга. Ҳозир Қирғизистонда шундай масала кўндаланг турибди – бу Covid-19 сабаб бюджет маблағларини тежашга уринишнинг, уларни катталаштириб, ИИВга ва бошқа вазирликларга бўйсундиришнинг бир қисмидир. Агар [ҳукумат], ИИВ ва унинг қисми сифатида – котибият – ва ички ишлар вазири ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги сиёсатни белгилайдиган, назоратни таъминлайдиган молиявий самарадорликни аниқлайдиган ва шу билан боғлиқ масалаларни ечадиган, аммо ИИВдан ҳам автоном бўлган полиция ёки милиция департаменти ишларига аралашмайдиган муайян функцияларга эга фуқаролик тузилмаси бўлганда эди, бу олдинга ташланган қадам бўлур эди. Нега? Чунки бир тарафдан, бу полиция ёки милициянинг сиёсий ўзгаришлардан мустақилроқ бўлиши имконини берган бўлар эди, яъни мабодо полиция директори ёки бошлиғини танлов асосида маълум муддатга тайинлайдиган бўлсанг, ҳар қанча истаган тақдирингда ҳам уни “ишдан бўшата олмайсан”. Ҳозирги аҳвол бундай эмас. Ҳозир ИИВ ўзгаради, вазирлар ўзгаради, барча раҳбарлар ўзгаради. Яъниким, биз кадрлар масаласида полиция департаменти мустақиллигини у ёки бу тарзда таъминладик, бироқ бошқа тарафдан, фуқаролик позициясидан туриб, милиция фаолиятини доимий кузатиб борадиган ва бу ишни нотўғри қиляпсиз, сиёсат нуқтаи назаридан нотўғри қиляпсиз, дейдиган устқурма ташкил этишимиз ҳам керак эди. Лекин ИИВ бундай қилаётгани йўқ, чунки ушбу вазирлик ҳам сиёсат, ҳам молиявий маблағлар оқими устидан бутун назоратни сақлаб қолиш қайғусида. Аммо назаримда, бу оддий милиция ходими учун фойдадан холи бўлмайди. Биз ишни босқичма-босқич, қуйи бўлинмалардан бошлаб амалга оширамиз, ходимларни бошқадан танлаб оламиз, деб айтяпмиз. Балки бу ишимиз Грузиядагидай амалга ошмас, патрул орқали милиция ходимларини тўлиқ янгилаб бўлмас, бироқ Бишкек мисолида қилган ишимиз натижасида танлов орқали ходимларнинг 40 фоизини янгилаш мумкин бўлган эди. Агар Бишкекдаги патрул хизмати билангина чекланиб қолинмаганда, кейинчалик участка нозири, ДНД (кўнгилли халқ дружиналари) сингари бошқа бўлинмаларга ҳам ўтилса ва улкан натижаларга эришиш мумкин бўлар эди.
Чунки, биринчидан, ҳали бузилмаган йигит-қизлар ва ҳеч бўлмаганда, уларнинг жамиятга ишлаб бериш истаги бор. Шу билан бирга, ўша йигит-қизларнинг маоши ҳам оширилса, милиция қиёфасини анча-мунча ўзгартириб юбориши мумкин эди. Чунки кўп нарсалар қуйидан бошланади. Агар биз фуқаролардан чиққан раҳбарларга бўйсунадиган ИИВ даражасида ушбу жараёнларни назорат қиладиган тузилма ташкил қилганимизда, ушбу тизимдаги ислоҳотлар тўлиқ амалга ошган бўлар эди: яъни янгиланиш – қуйидан, муайян назорат – юқоридан.
Фикримча, биз патрул милицияси тажрибасини ўрганишимиз зарур, чунки у қизиқ тажриба бўлди, албатта, 100 фоиз муваффақиятли чиққани йўқ, қаердадир у давом эттирилди, олдинги нарсалар ўзгарди ва таркибнинг 40 фоизини янгилашга муваффақ бўлдик. Аслида бу жуда кўп. Бишкек ва Ўш шаҳарларида патрул милицияси тузилган пайтда ИИВ тизимига оддий ватандошлар бир марта энг кўп ишга кирди. Лекин бу кимнинг сиёсий раҳбарлигида бўлди дейсизми? Сооронбой Жээнбеков қанчалик танқид қилинмасин – унга тегишли адолатли танқид ҳам кўп – ўша босқичда патрул милицияси унинг сиёсий кўмагида ташкил этилганини ҳам эътироф этиш керак. Ўша кўмак тўхтаб қолди ва вазият ёмонлашди. Хусусан, Ўшда ташкил этилган патрул милициясининг танлов ҳайъати тарқатиб юборилди, оддий ватандошлардан бўлган ҳайъат аъзолари ундан четлатилди ва фақат милиция ходимларидан иборат ҳайъат тузилди. Лекин бу тажриба барибир қизиқ ва у ўрганилиши керак. Маълум миқдордаги ёшларнинг ишга келиши муайян хатарни ҳам юзага келтиради, чунки улар тажрибасиз бўлгани учун ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Чорраҳадаги машиналар оқимини бошқаришдай оддий иш билан дастлабки шуғулланаётган пайтда ҳам улар, устаси фаранг ГАИчилардан фарқли ўлароқ, роса қийналди. Лекин орадан 1 – 2 ой ўтиб, ёшлар ҳамма нарсани ўрганиб олди: улар бир оз хушмуомала, куюнчак, “ҳожатбарорроқ”, коррупцияга кам берилганроқ бўлди. Ушбу тажрибани ўрганиш, қўллаш ва бошқа бўлинмаларга ҳам (ҳеч бўлмаса, қуйи поғоналарга) ёйиш керак деб ўйлайман.
Дониёр Мўлдакан
Ҳуқуқшунос эксперт Дмитрий Нурумов Қозоғистонда полицияни ислоҳ қилиш бўйича концепция ишлаб чиқишда маслаҳатчи бўлган эди. У полиция жамиятга нисбатан ҳожатбарор бўлишига эришишга интилмоқда.
Сиз Қозоғистонда полициянинг асосий муаммоси нима экани ҳақида гапириб бериб, фикрларингизни билдирасизми?
Дмитрий Нурумов
Асосий муаммолардан бири шуки, ушбу орган полиция фаолиятининг халқаро стандартларига тўлиқ мос келмайди. Аслида у профессионал ва сиёсатга аралашмайдиган орган бўлиши керак. Бинобарин, бизнинг полицияни мустақил хизмат деб бўлмайди, чунки у ИИВ тузилмаси ва танасига тўлиқ интеграцияланган. Аслида полиция ИИВнинг бир қисми эканининг ёмон жойи йўқ. У – сиёсий орган, яъни бошқа кўплаб мамлакатлардаги сингари ҳукумат янгитдан тузилса, вазир танлаб олиниб, тайинланади ва у кўпинча бирор сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши мумкин. Шунинг учун ИИВ нафақат ижтимоий хавфсизлик, қолаверса, бошқа муаммолар билан турли масалаларда амалдаги сиёсатни ёқлайди. Тўғриси, ҳеч бир аниқ модел йўқ ва ҳар бир давлат ИИВ таркибига қандай хизматлар киришини ўзини белгилаб олади. Бироқ гап бориб полиция хизматига тақалганда, бевосита қуйидаги тартиб бўлиши жуда муҳим: ушбу хизмат раҳбари тайинланиши, хизматнинг ваколат меъёрлари полиция фаолиятига сиёсий аралашув бўлмайдиган даражада аниқ чизиб берилиши шарт. Умуман толганда, полиция билан боғлиқ асосий муаммо шу.
Дониёр Мўлдакан
Фикримча, хавфсизлик ва полиция қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги қараш нафақат давлатнинг, қолаверса, фуқаролик жамиятининг прерогативаси – алоҳида ҳуқуқи бўлиши керак. Айтинг-чи, фуқаролик жамияти ушбу ислоҳот жараёнини тезлаштириш ва ҳокимиятга уни тезлаштиришга туртки бериш учун шу ерда ва ҳозир нима қилиши керак?
Дмитрий Нурумов
Фуқаролик жамияти катта роль ўйнаши зарурлиги тушунарли ва билишимча, у давлатга ушбу ислоҳотни амалга оширишга туртки беришга уриниб ҳам кўрган эди. Фуқаролик жамиятининг ресурс ва таъсир воситалари ҳам кўп эмаслиги тушунарли. Лекин менимча, давлатдаги бошқа турли жараёнлар нуқтаи назаридан улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ушбу концепция ишлаб чиқилаётганда, у рисоладигидай ҳолатда қандай бўлиши кераклиги кўрсатиб берилди. Шуни унутмаслик керакки, биз реал ҳаётда яшаётирмиз, бинобарин, ўзгаришлар фақатгина полицияга эмас, давлат аппарати ва сиёсий тизимнинг қандайдир бошқа қисмларига ҳам тегишли бўлиши керак. Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш тизими қарор топиши даркор, чунки бизда полиция – хавфсизлигимиз учун масъул, деган нотўғри тушунча мавжуд. Аслида полиция [жамоат тартибини сақлаш] воситаси, хавфсизлик учун масъулият эса маҳаллий даражадаги сиёсатчилар, дейлик маслаҳат [кенгашларига] кирувчи шахслар зиммасидадир. Шунинг учун фуқаролик жамияти вакиллари бирор нарсани ўзгартирмоқчи бўлса, улар жамоатчилик кенгаши даражасида, маслаҳат [кенгаши] даражасида ушбу кун тартибини дадил илгари суриши ёки ўзи сайловда қатнашиши жуда муҳимдир. Албатта, бу ердаги доира жуда тор, чунки ушбу сайлов жараёнида муайян миқдордаги сиёсий партиялардан қанча [номзод] қатнашиши мумкин? Лекин ҳар хил йўлни топиш керак, токи жамият ўша жойларда ўтирганлар деб ҳисоблайдиган кишилар – маслаҳат [кенгаши] аъзоси бўладими ёки шаҳарни бошқараётган ва лавозимига тайинланган мэр – ҳоким бўладими, улар хавфсизлик нуқтаи назаридан сиёсий кун тартибига масала қўяётганини жамият кўриб туриши керак.
Дониёр Мўлдакан
Сиз полициянинг идеал тимсолини тилга олиб ўтдингиз, чиндан ҳам шунақа полициячи борми?
Дмитрий Нурумов
Мен полицияни қандай ислоҳ қилиш ҳақидаги ўзига хос қарашимни баён қиляпман. Айни ҳолатда у қандайдир аниқ идеал полициячи эмас. Аслида полиция даражасида бундай полициячи ҳақидаги бундай қараш жуда жиддий қабул қилиниши шарт. Албатта, бу – етишиб бўлмайдиган мақсад, ҳамма нарса рисоладагидай бўлиши мумкин эмас, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган, бўлмайди ҳам. Аммо халқ ва ҳк. билан мулоқот қилаётганда турли талабларга – улар қанчалик расмий, кам аҳамиятли бўлиб кўринмасин – эътиборли муносабат бўлиши шарт. Умуман олганда, полиция фаолиятининг ўзига хослиги, табиийки, куч ишлатишни назарда тутади. Шунинг учун полиция ҳам, давлат ҳам, одатда, куч ишлатишга бўлган монополиясини полиция орқали амалга оширади. Полициячининг фақат ушбу кўрсатмага мос равишда ҳаракат қилишга ҳаққи бор, яъни, менинг қандайдир ваколатларим бор, шунинг учун ундай ёки бундай қилишим мумкин, деган танлов билан иш кўра олмайди. У аниқ белгилаб қўйилган алгоритмга (у ёки бу ишни бажариш пайтидаги ҳаракатлар кетма-кетлиги) кўра иш юритиши мумкин. Шунга кўра, полиция фаолиятини баҳолашда полициячилар кундалик фаолиятида ушбу алгоритмга қандай амал қилиши ҳисобга олиниши керак. Бу ўргатиш йўриқномалари, баҳолар ва ҳк.га доимий тарзда мурожаат қилиб туришни тақозо этади. Ҳозир ушбу механизмлар жуда заиф ишламоқда.
Дониёр Мўлдакан
Эҳтимол идеал полициячи тимсолига максимал даражада етилган қандайдир мамлакат бордир?
Дмитрий Нурумов
Мен ҳеч қачон бундай тўғридан-тўғри солиштирмаган бўлар эдим. Таққослаш хавфли. Муайян халқаро стандартлар, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари хулқ-атворини тартибга солиш учун ишлаб чиқилган кодекс бор. Асосан, ўлдириш мумкин бўлган ва камдан-кам ҳолларда ўлимга олиб борадиган куч ишлатиш бўйича низомлар, турли халқаро стандартлар бор. Ушбу параметрларга мос келиш зикр этилган тарафга қараб ҳаракатланаётганимиз ёки ҳаракатланмаётганимиз ҳақида гапиришга асос бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир мамлакатда қандайдир муаммолар, мураккабликлар, тарихнинг кўздан яширин тарафлари бор. Ҳамма нарса ушбу тажриба қандай қайта ишланаётгани, ҳаётга татбиқ этилиши ва сўнгра жамият буни қандай баҳолашига боғлиқ. Минтақанинг аксарият мамлакатларида жамият полиция фаолиятига жуда паст баҳо беради. Европанинг кўплаб мамлакатларида бундай баҳолар ҳам, полицияга бўлган ишонч ҳам анча баланд. Лекин буни таққослаш жуда қийин, турли омиллар бор, шу билан бирга, қандайдир умумий манзарани ҳам кўриш мумкин. Мен шу заҳотиёқ қандайдир халқаро стандартлардан улги олиб, ўша томонга қарата ҳаракатланган бўлар эдим.