Сурат манбаси: uz.sputniknews.ru
Муаллиф: Шойира Нусратова
Ортда қолган 2020 йил баҳори ҳаммамиз учун оғир келди. Коронавирус ваҳимаси, ушбу юқумли касаллик келтирган талофатлар, йўқотишлар, буларнинг бари бир текисда кечаётган ҳаётимизни издан чиқариб юбораёзди.
… 2020 йил, 15 март, соат 06.00. Республика вирусология илмий текшириш институти лабораториясида Франциядан қайтган Ўзбекистон фуқаросида илк бор коронавирус инфекцияси аниқланди. Шу дақиқадан эътиборан, мамлакатдаги барча тиббиёт ходимлари эпидемиологик вазиятни назорат қилишга сафарбар этилди.
2019 йилнинг ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида шифокорларнинг умумий сони 84,1 минг кишини ташкил этади. Уларнинг 51,4 фоизи (43,2 минг) аёллар, 48,6 фоизи (40,9 минг) эса эркаклардир. Эркак ва аёл шифокор-мутахассисларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида фаолият юритади, қиёсан – 6842 нафар эркак-шифокор ва 12325 нафар аёл шифокор.
Тошкентлик шифокор гастроэнтеролог Гулнора Имомназарова коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходимларига оид шахсий рўйхатини тузиб чиқди. Бу рўйхатда 42 нафар тиббиёт ходимининг исм-шарифи қайд этилган.
2020 йилнинг 3 сентябрь куни эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, жаҳон бўйича пандемия туфайли вафот этган тиббиёт ходимлари сони 7 минг нафардан зиёд экани маълум бўлди. Ушбу тадқиқотда иштирок этган 63 мамлакат ва минтақаларнинг деярли барчасида пандемияга қарши курашган тиббиёт ходимлари шахсий ҳимоя воситалари билан етарлича таъминланмагани очиқланди. Сентябрь ойида ўтказилган сўровномага кўра, биргина Мексиканинг ўзида тахминан 1320 нафар тиббиёт ходими вафот этган.
Пандемия даврида касалланиш ва ўлим ҳолатлари энг кўп кузатилган АҚШда 1077 нафар, Бразилияда эса 634 нафар тиббиёт ходими қурбон бўлди. “Аmnesty International”нинг маълумотига кўра, Жанубий Африкада 240 нафар, Ҳиндистонда эса 573 нафар тиббиёт ходими касаллик юқтириб олгач, вафот этган.
Ковид-марказ ҳаётимни ўзгартириб юборди…
Шоҳида Матфозилова (1974 йилда туғилган):
– Тиббиёт ҳамшираси сифатида умумий иш стажим – 20 йил. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшайман ва ишлайман. Ўртасарой (Тошкент вилояти)даги Карантин марказида 14 кун ишладим. Сўнгра юқумли касалликлар шифохонасида ҳам фаолият юритдим. Ковид марказида ишлаганимнинг бир неча сабаблари бор. Асосий сабаб, касаллик қандай кечишини ўз кўзим билан кўриш истаги эди. Шу билан бирга, марказда ишлаган ходим моддий жиҳатдан рағбатлантирилишига ҳам бефарқ эмас эдим, рости.
Қўрқдим, аммо журъат билан ишладим. Ковид марказининг Рентген бўлимида фаолият кўрсатардим. Эрталаб соат 8:00дан 17:00 гача банд эдим.
Илк бор ўлим ҳолатини кўрганимда, тўғриси, тушкунликдан қийналдим. Аслида, биз тиббиёт ходимлари учун ўлим кутилмаган ҳодиса эмас. Шунга қарамай, барибир таъсирланаркан, киши. Ҳозиргина юраги уриб турган инсоннинг бироз ўтмай йўқ бўлиши…
Беморларимизнинг руҳи тушиб кетганди. Уларда жуда кучли қўрқув сезиларди. Биз эса тинмай “Ўзингизни қўлга олинг, бу касаллик билан кўпчилик касалланяпти ва тузалаётганлар жуда кўп. Соғлиғингизни, сизни кутаётган оилангизни ўйланг”, деб тасалли берардик. Беморларнинг руҳини кўтариш учун касаллик ҳақида сўз юритганда фақат оптимистик мазмундаги гапларни айтардик.
Ўзим коронавирус билан касалландимми-йўқми, буни аниқ айта олмайман. Чунки топширган тестларимнинг ҳаммаси манфий чиқди. Касаллик симптомларини бошдан кечирдим, лекин менда хасталик белгилари енгил кечди.
Шу ўтган вақт ичида ҳаёт жуда қисқа эканлигини англаб етдим.
Яқинларимизнинг, ёнимиздагиларнинг қадрига етишимиз керак экан. Айниқса, ота-оналаримизни асрашимиз зарур. Уйга қайтиб, онамни маҳкам қучиб йиғладим ва “Онажон, бахтимга соғ бўлинг” деб дуо қилдим.
Ковид марказида ишлаганимдан кейин ҳаётга бошқача қарайдиган бўлдим. Арзимаган нарсаларни деб асабийлашиш жуда ҳам нотўғрилигини, энг қимматлиси ҳаёт ва саломатлик эканини тушуниб етдим. Бизга берилган умр бебаҳо, буни кеч бўлмасидан англаб етишимиз керак.
Айни пайтда болалар шифохонасининг рентген бўлимида ишлаяпман. Ҳаётим аввалгидек бир маромда давом этяпти, фақат дунёқарашим буткул ўзгарган. Яхши томонга, албатта!
Шифокор бўлиб ишлаган еримга бемор бўлиб қайтдим…
COVID-19 инфекциясини юқтирган беморларни даволаган, кейинчалик ўзи ҳам касалликка чалинган Нодира Султонованинг ҳикояси: (шифокорнинг исми ўз хоҳишига кўра ўзгартирилди)
– Мана, 26 йилдирки, Андижон шаҳридаги шифохонада ишлайман. Кардиолог шифокорман. Карантин бошлангач, бизнинг шифохона Ковид-марказга айлантирилди ва биз 3 ой давомида ишламадик. Шундан сўнг мен бошқа ҳамкасбларим Ковид-марказда ишлашга қарор қилдик. Биринчидан, бизга пул керак эди. Оилам катта ва харажатлар ҳам шунга яраша. Икки ўғлим, икки келиним, тўрт набирам бор. Эрим бундан тўрт йил аввал автоҳалокат туфайли вафот этган. Шундан бери оиламнинг иқтисодий аҳволига мен масъулман.
Ўғилларимнинг иккиси ҳам олий ўқув юртининг магистратура босқичида ўқишади. Бир келиним мен билан бирга ишлайди, иккинчиси эса уй бекаси.
Тўғрисини айтсам, 26 йил меҳнат қилган жойимда ишлашни соғингандим. Марказга ишга кириш осон бўлмади. Чунки у ерда ишлаш истагини билдирганлар ниҳоятда кўп эди. Навбат жорий қилинган. Рўйхат врачларнинг мутахассислигига биноан тузилди.
Ниҳоят, 1 август куни илк бор Ковид-марказга ишлаш учун кириб бордим. Қўрқув бор эди, албатта. Коронавирус юқтириб олиш хавфи мени хавотирга соларди. Беморлар кўп эди. Биз суткасига 15-16 соат тиним билмай ишладик. Шундоққина ерга ётиб ёки стулларни бирлаштириб мизғиб олардик. Биз, шифокорлар учун алоҳида хона ҳам, дам олишга жой ҳам йўқ эди. Марказда ишлаш ниҳоятда оғир кечди. Худди туш кўраётганга ўхшайсиз, чарчоқ, уйқусизлик, ваҳима, ўлим ва ҳаёт ўртасида турганингизни ҳар сония ҳис этиш…
Аниқ бир кун тартибининг ўзи йўқ. Мен кардиолог шифокор сифатида қабулхонада ишладим. Бу ерда тўрт хил мутахассисликдаги врачлар ишлардик. Эрталаб соат 06.00да иш жойимизда бўлишимиз керак. Соат 09.00лар атрофида нонуштага борардим, бу пайтда менинг ўрнимда бошқа шифокор ишлаб турарди. Сўнг тушга қадар палаталарга бирма-бир кириб кўрик ўтказардим. Кейин эса кечки соат 18.00га қадар яна қабулхонада ишлашим керак. Агар бу пайтда беморлар кўп бўлса, кечки овқатни тановвул қилишга вақт бўлмасди. Ярим тунда бир-икки соат ухлаб олиш мумкин эди.
Яқинларимиз, оиламиздагилар бизга таом келтиришарди. Чунки шифохонанинг овқати билан узоққа боролмаслигимиз аниқ эди. Бу ердаги овқатнинг сифати яхши эмас, бизга эса қувват зарур эди.
Биринчи бор коронавирус қурбонини кўрганимда ичим тўлиб йиғладим. Ёшгина аёл эди. Уни мен ва яна бир шифокор даволадик. Ҳомиладор эди. У билан доим суҳбатлашардим, кўнглини кўтарардим. Агар қиз фарзанд кўрса, исмини менинг шарафимга Нодира деб аташини айтардим. “Ахир, мен уни қутқариш учун шунча ҳаракат қиляпман!”, дердим ҳазиллашиб. Лекин… беморим вафот этди. Уч кунгача ўзимга келолмадим, яқин бир инсонимни йўқотгандек куйиндим. Аёлнинг ёш жонига, вужудидаги норасидага ачиндим. Меҳрим тушиб қолганмикан, билмадим…
Ниҳоят, Ковид-марказдан чиқдик ва бизни карантин зонага олишди. Мен вирусни юқтириб олган эканман. Яна иш жойимга қайтдим, фақат бу гал шифокор эмас, бемор сифатида. Аҳволим оғир эди. Мен нафас олишга жуда ҳам қийналардим. Орадан 10 кун ўтгач, шифохонадан чиқдим. Шундан сўнг менда нимадир ўзгарди, фикрлашим деймикан ё ҳаётимми. Хуллас, кўнглим нозик бўлиб қолди, шифохонада бирор бемор вафот этса, ўзимни тутолмай йиғлайдиган бўлиб қолдим. Ўғлим ҳам мендаги ўзгаришни сезибди, аввалгидек эмаслигимни, кўнгли бўш она бўлиб қолганимни айтади нуқул.
Ҳозир шифохонамиз пандемия бошланишидан аввал қандай фаолият кўрсатган бўлса, шу ҳолатига қайтарилган. Ҳар биримиз ўз вазифамизни бажаряпмиз, минг шукурки, оғир кунлар ортда қолди. Ортда қолгани рост бўлсин!