Сурат манбаси: ca-irnews.com
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст, халқаро лойиҳалар бўйича муҳаррир
Келинларнинг Марказий Осиё жамиятларидаги аянчли аҳволи тадқиқотчилар эътиборини ҳамон жалб қилиб келмоқда. Central Asian Survey журналида 2020 йил декабрида эълон қилинган “Human rights of daughters-in-law (kelins) in Central Asia: harmful traditional practices and structural oppression” (“Марказий Осиёда келинларнинг ҳуқуқлари: зарарли анъанавий амалиётлар ва тизимли зулм”) деб номланган илмий рисолада муаллифлар Ғалим Жусипбек ва Жанар Нагаева ушбу муаммо хусусида ўз қарашларини баён қилади. Айни тадқиқот бошқаларидан бу ижтимоий муаммога инсон ҳақлари нуқтаи назаридан ёндашилгани билан фарқ қилади. Рисолада келинларнинг инсон ҳақлари бузилиш даражаси ўрганилмайди, аксинча, ундаги бошқа мақсад “Айрис Янгнинг “зулмнинг беш кўриниши” концепциясини омухта қилувчи алоҳида концептуал тизими нуқтаи назаридан муаммони таҳлил қилиш” ва “зарарли анъанавий амалиётлар” тушунчасидир. Рисолада кўтарилган асосий масала – анъанавий оилаларга тушган келинчакларнинг аҳволи ва уларга адолатсиз муносабат.
Тадқиқот долзарблиги ва усуллари
Тадқиқотчилар фикрича, Марказий Осиёдаги келинлар ҳаётининг турли жиҳатларини социология, антропология ва феминистика[1] (feminist studies) мутахассислари тадқиқ қилган бўлса-да, келинларнинг инсон ҳақлари етарли даражада ўрганилган эмас. “Умуман олганда, шу пайтгача келинларнинг инсон ҳақлари ҳақидаги масала инсон ҳақлари масалалари билан шуғулланадиган олимлар ва ташкилотлар эътиборидан четда қолиб келмоқда”, дея таъкидлайди улар[2]. Улар ўз таҳлилида келинчакларга камситувчи муносабат муаммосини инсон ҳақлари универсаллиги призмаси орқали қараш зарурлигини кўрсатиб беради. Муаллифлар, шунингдек, инсон ҳақларининг “релятивлиги”, яъни нисбийлигини иддао қилувчи мулоҳаза бунга қанчалик халақит этишига ҳам изоҳ беради. Ушбу мулоҳаза маданий нисбийлик (cultural relativism) тушунчаси ва маданий “аутентлик”, яъни муайян маданиятнинг тахмин қилинган қадимийлиги ёки асллиги ғоясидан келиб чиқади ҳамда ушбу ёндашув тарафдорлари ўша маданият доирасида ҳозирги замоннинг барча саволларига “ўтмиш”дан жавоб топишни истайди (улар наздида “ўтмиш” билан “маданий асиллик” барча бало ва муаммоларнинг “балогардони” бўлиб кўринади). Муаллифлар тадқиқотида анъанавий оилалардаги келинларнинг инсон ҳақлари бузилишини “инсон ҳақлари универсаллиги, аёлларнинг инсон ҳақларига нисбатан маданий асилликнинг релятив – нисбий муаммо намунаси”, деб атайди[3].
Улар тадқиқот учун бир неча усул, жумладан, сифатли тадқиқотнинг ёқилган кузатуви усули; узоқ вақт мобайнида Қозоғистоннинг турли вилоятларида (Жамбил (Тараз), Алмати ва Оқмўла) келинлар (Баъзан уларнинг қариндошлари) билан норасмий батафсил суҳбатлар ўтказиш[4]; қозоқ, қирғиз ва рус тилларида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган пост ва изоҳлар таҳлили, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг (ОАВ) оммабоп материалларидаги келинларга жабр-ситам ўтказилишини ўрганиш каби усулларни қўллашди.
Инсон ҳақлари тўғрисидаги мунозара
Муаллифлар тадқиқотнинг кириш қисмида инсон ҳақлари универсал экани ҳақида ёзади, яна инсон ҳақларининг фалсафий концепцияси, инсон ҳақлари табиий келиб чиқишининг концепцияси инсоннинг ўзига туғилганидан бери тегишли экани ва уларни инсондан ажратиб бўлмаслигини англатишини эслатиб ҳам ўтади. Улар ёзишича, буни фақат Ғарбга тегишли концепция деб қараш нотўғри ва яна таъкидлайдиларки, айни концепция замонавий (modern) давлатнинг бошқарув глобал шакли сифатидаги универсаллигига жавобдир. Эрондаги инсон ҳақлари тадқиқотчиси Ризо Афшарий фикрича, бу ҳар қандай замонавий давлат ва бозор иқтисодиётлари зўравонлигига (abuses) дуч келиш тажрибасидан келиб чиқиб шаклланган ахлоқий қарашдир.
Айни чоқда “дунёдаги турли ахлоқ” кўринишлари[5] (“different moralities in the world”) мавжудлигини таъкидловчи релятив (яъни нисбий) ёндашув тарафдорлари инсон ҳақлари универсаллигига қарши чиқаётир. Тадқиқотда ёзилишича, айнан аёллар ҳуқуқи тез-тез релятивизмнинг асосий нишонига айланмоқда. Маданий релятивизм тарафдорларининг инсон ҳақлари масаласига бундай ёндашуви ушбу соҳадаги тараққиёт имиллашига сабаб бўлмоқда. Муаллифларга кўра, “Осиё қадриятлари” ва “русларнинг ноёблиги” сингари тушунчалардан, маданий тафовутлардан инсон ҳақлари универсаллиги гўёки мавжуд эмаслигини исботлаш учун фойдаланилади. Бунга мусулмон оламидаги инсон ва аёллар ҳақлари аҳволи ҳам тааллуқли.
Тадқиқотчилар ёзишича, “бугун, асосан, ислом динининг анъанавий ва консерватив апроприацияси (ўзиники қилиб олиши) аёлларнинг инсон сифатидаги ҳақлари бўлган релятивистик ёндашув иддаолари тарқалишига ёрдам беради[6].
Айни чоқда тадқиқотчилар ислом дини ҳақида бир томонлама хулоса чиқаришни ёқламайди. Улар мақолада кўрсатиб ўтишича, патриархал консерватив исломий талқинлар жамиятда ҳокимиятнинг (ёки кучнинг) ўзига хос тарзда тақсимланишини акс эттирувчи муваққат ва бошқа жараёнлар натижасидир[7]. Муаллифлар “ислом феминизми”нинг интеллектуал мактабини ислом манбаларини анъанавий ва патриархал йўсинда талқин қилишнинг эҳтимолий қарши салмоғи (counterbalance), ислоҳ қилиш ва ислом динини гендер тенглиги нуқтаи назаридан талқин этиш зарурати эканини таъкидлайди. Улар яна “тараққийпарвар мусулмонлар” методологияси – манҳажни (талқинлар методологияси) ҳам тилга олиб ўтади[8]. Гап шундаки, ислоҳот ўтказмоқчи бўлган жамиятлар янги шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда исломий ёки бошқа муқаддас манбаларни талқин қилиши керак бўлади, чунки, хусусан олганда, аёлларнинг аҳволи, умуман олганда, жамият тараққиёти шунга боғлиқ.
Муаллифлар Ризо Афшарийдан иқтибос келтирарак, қуйидагиларни ёзади:
“Ўзининг маданий ёки диний меросида аутентлик – асилликни излаш маданият билан динни тарихдан ўчириб юборадиган ўтмиш васвасасидан бошқа нарса эмас, у ҳозирги кун вавасасини ўтмиш устига юклайди ва шу йўл билан ушбу меросни англаб бўлмас нарсага айлантиради”[9].
Марказий Осиёда келинларга ёмон муносабатнинг сабаби нимада?
Анъанавий жамиятларда – Марказий Осиёда – ҳамон инсон ҳақлари универсаллигига маданий асилликни пеш қилиш орқали менсимай қаралади. Муаллифлар қайдича, жинсий камситиш ва келинчакларга нисбатан зўравонлик асосида инсон ҳақларига норасмий релятив муносабатда бўлиш ётади. Олдинроқ таъкидланганидек, тадқиқотчилар аввалбошдан келинларнинг инсон ҳақлари бузилишига инсон ҳақлари универсаллиги релятивизми муаммосининг зуҳур бўлиши сифатида қараб келади.
Улар релятивизм ортида турган сабаблар ҳақида сўз юритарак, бир неча омилни ажратиб кўрсатади.
Ре-традиционализация (retraditionalization – анъаналарга қайтиш) ва консерватив исломнинг тикланиши
Бу ерда Марказий Осиёда ўтмишга қизиқиш ошиб кетиши ва “сарчашмаларга қайтиш”нинг янгитдан топилган қиймати назарда тутилмоқда. Унга ҳақиқий “қозоқчилик”ка қайтиш зарурати ҳақидаги далиллар илова қилинмоқда – бу нафақат давлат сиёсати, қолаверса, жамиятнинг ўзига хос риторикасига ҳам тегишлидир[10]. Бунақа жараёнлар нафақат Қозоғистонда, балки бутун Марказий Осиёда кузатилмоқда, минтақада сарчашмаларга қайтишга даъват қилиш олдинги тузум инқирозга юз тутгандан сўнг ижтимоий назорат воситаларидан бирига айланди, дея алоҳида таъкидланади мақолада. Ушбу анъаналарга қайтишни авторитаризмдан ажратиб бўлмайди, яна у ор-номус ҳақидаги патриархал тушунча ва тасаввур билан боғлиқ, деб ёзади тадқиқотчилар. Бундай анъаналарга қайтиш натижасида келинларнинг ўта паст оилавий ва ижтимоий мақоми чин маънодаги “қозоқчилик” аломати сифатида қабул қилинадиган бўлди[11].
Инсон ҳақларидан бехабарлик
Ғ. Жусипбек ўзи ўтказган тадқиқотга асосланиб ва Алмати университетларидан бирида инсон ҳақларига оид курсни ўқитиш вақтидаги норасмий мулоқоти ва кузатувларидан келиб чиқиб, кўпчилик фуқаролик ҳақларидан бехабар, деган хулосага келади. Яна қайд этишича, улар инсон ҳақларига тегишли аёллар ҳуқуқи, болалар ҳуқуқи ва имконияти чекланган кишилар ҳуқуқи сингари кичик категорияларни умуман билмайди[12]..
“Обрў-эътибор ва бўйсуниш” ёки “ҳукмронлик қилиш маданияти” схемасига асосланган муносабатлар тизими
Тадқиқотчилар фикрича, муносабатларнинг ушбу модели ёки “обрў-эътиборга бўйсуниш схемаси”ни (уни “ҳукмронлик қилиш маданияти” деб аташ мумкин) ҳам минтақада инсон ҳақларига релятив ёндашув пайдо бўлишига сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Бундай муносабатлар ҳамма жойда мавжуд, деб ёзади муаллифлар. Тадқиқотчиларнинг фикри сўралган кишилар келинларнинг инсон ҳақлари бузилишини оддий дедовщина (бобойзуғум) (армияда кўпроқ хизмат қилган аскарларнинг ўзидан камроқ хизмат қилган аскарларни хўрлаши) деб айтгани тўғрисидаги фикри қизиқарлидир. Ўша ерда бу вазиятни тавсифлаш учун янада яхшироқ атама – бабовщина (момойзуғум) қўллангани таъкидланади (бу атамани М. Шибутов сингари айрим қозоғистонлик таҳлилчилар ишлатган).
Айрис Янгнинг “зулмнинг беш кўриниши” концепцияси
Кўплаб анъанавий оилаларда келинчаклар ўзларининг инсон сифатидаги ҳақларидан фойдалана олмайди ва моҳиятан мазлум кишилар саналади – бу тадқиқотда файласуф ва назариётчи Айрим Янгнинг “зулмнинг беш кўриниши” концепциясига мурожаат қилиш орқали исботлаб берилади. Муаллифларга кўра, Марказий Осиёнинг анъанавий оиласидаги келиннинг аҳволи ва унинг ижтимоий мақомини ҳар қандай синчиклаб таҳлил қилиш 5 та тоифадан иборат ушбу концепцияни кўллашни тақозо қилади[13].
1. Эзиб ишлатиш. Бу ҳолат келиннинг ҳаётида бошқаларга фойда келтириш учун яшашида намоён бўлади. Барчага маълумки, келинлар оилага боғланиб қолган, улардан фақат бола туғиш, оиладаги энг оғир ишларни бажариш кутилади, дейилади тадқиқотда[14].
2. Маргиналлашув. Муаллифлар маданий меъёрларга кўра келинлар оиладаги энг паст мақомга эга эканига эътибор қаратади. У ҳам қайнонасига, ҳам эрига бўйсунади, ўз фикрини билдиришга ҳаққи йўқ – буни тадқиқотчилар ўтказган суҳбатлар кўрсатди.
3. Ҳақлардан маҳрумлик. Келин билан боғлиқ ҳақлардан маҳрумлик шундаки, у эрининг оила аъзолари рухсатисиз инсон сифатидаги ҳақларидан фойдалана олмайди. Келинчакнинг на танлаш, на ўқиш, на дам олиш ва на шахс сифатидаги потенциалини мустаҳкамлашга ҳаққи бор. Фикри сўралган келинлардан бири муаллифларга айтишича, унинг чет элда таълим олганига ҳатто қусур сифатида қаралган.
4. Маданий империализм. Муаллифлар бундай норасмий ижтимоий меъёрлар ҳақида сўз юритар экан, “яхши” келин қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги умумий тасаввурлар қандай бўлганини келтиради. Масалан, у итоаткор бўлиши, аммо манман бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, танаси ўзига тегишли эмас, чунки у бошқалар манфаатига эришиши учун керак бўлган восита, холос (ундан керакли муддатда фарзандлар туғиб бериш кутилади, ҳаммаси рисоладигидай кечиши учун улар ўғил болалар бўлиши керак), дея изоҳ берилади бандда.
5. Зўравонлик. Устунлик кўпинча зўравонликка айланади ва зулм қилишнинг яна бир кўринишидир. Келин тез-тез руҳий зўравонликка дучор бўлади, чунки у бунинг учун энг қулай нишондир. Тадқиқотчилар қайд этишича, иш баъзан жисмоний зўравонликка қадар бориб етади.
Янгга кўра, эзиш фақат бошқалар қўл урадиган зулмгина эмас, у структурали чекловлар натижаси ҳамдир. Келинларга бундай муносабат ҳар доим ҳам оила аъзоларининг алоҳида истакларидан келиб чиқмайди, у одамлар ҳаракат қиладиган контекст сабаб юзага келади.
Ниҳоят, тадқиқотда келинларга нисбатан ёмон муносабатни инсон ҳақларини ҳимоя қилиш учун халқаро ҳужжатларда кўрсатилган “зарарли анъанавий амалиётлар” ракурсидан кўриб чиқиш ғояси илгари сурилади. Келинларга нисбатан юқорида кўриб чиқилган муносбатларнинг ҳеч бирини маънавий жиҳатдан оқлаб бўлмайди. Муаллифлар ёзишича, улар барчаси БМТнинг “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенцияси бандларига хилофдир. Шунга кўра, тадқиқотчилар консерватив оилалардаги келинларга муносабат ҳолатларини зарарли амалиёт ва анъаналар деб атайди. Улар ўтказилган суҳбатларга асосланиб, бундай зарарли амалиётлардан келинларнинг ўзи ҳам, уларнинг эрлари ҳам жабр кўраётганини айтади.
Келинлар ва инсон ҳақлари ҳақида дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўриш зарурияти
Муаллифлар келинларнинг аҳволига янгича назар ташлаш учун 3 та муҳим соҳага эътибор қаратиш зарурлигини қайд этади. Биринчидан, деб ёзади улар, маданият алмашувларга юз тутиши мумкин: унинг сарҳадлари ўзгаради, у турғун эмас, ҳаракатчандир. Тадқиқотчилар эслатишича, одатлар мутлақ эмас, аутентликни (ёки асилликни) қидириш ўз-ўзидан аутент бўлиб қолмайди. Иккинчидан, инсон ҳақлари универсаллиги функционал ҳодиса бўлиб, замонавий жамият, замонавий давлат ва бозор иқтисодиётининг бир бўлагидир. Учинчидан, улар тахмин қилишича, релятивизмни назар-писанд қилмасдан бўлмайди, аммо шу билан бирга, унинг далиллари олдида довдираб қолиш ҳам ярамайди. Тадқиқотда бунинг ўрнига муаммоларни тан олиш ва уларни конструктив тарзда ҳал этиш тавсия этилади.
Тадқиқотчилар, айниқса, келинларга зулм қилинаётгани муаммосини ҳал этиш учун Марказий Осиёдаги норасмий маданий меъёрларни танқидий баҳолаш зарурлигини таъкидлайди. Яна уларнинг қатъий фикрича, жамият маданий жиҳатдан янгиланиши (жумладан, маданий капитални шакллантириши) зарур. Зикр этилганидай, тадқиқотчилар маданият гомоген – таркиби ёки келиб чиқиши бўйича якранг ва вақтда қотиб қолган ҳодиса эмаслигидан келиб чиқиб фикр юритади. Бироқ маданиятни ўзгартириш ёки бошқа ҳолатга ўтказиш учун жамият ўша ўзгаришларни қабул қилиши керак.
Муаллифлар тадқиқот ишининг тугалловчи қисмида исломшунос ва маданиятлараро масалалар нуқтаи назаридан инсон ҳақлари масаласини тадқиқ қилувчи олим Абдуллоҳ Аҳмад ан-Наимнинг, инсон ҳақлари универсаллиги тушунча сифатида мулоқот ва янги дискурсни ривожлантириш орқали Ғарбникидан бошқа маданиятга олиб кирилиши мумкин, деган фикрини келтиради. Бундай маданий ўзгариш “Ғарбники бўлмаган классик битиклар ва қадриятларни ботинан қайта ўйлаб кўришни тақозо этади. Ан-Наим билдиришича, “одамлар ва жамиятлар тафовутларга қарамай, муайян бошланғич қадриятлар, фазилатлар, тийнат хусусиятларини қабул қилади ва инсон ҳақлари универсаллиги умумий маданият учун чорчўп ҳисобланади”.
Таклифлар
Ғалим Жусипбек ва Жанар Нагаева тадқиқотида “маданият” “инсон ҳақлари”га қарши деган дискурс доирасидан ташқари чиқишга даъват этади ва ушбу даъватини инсон ҳақлари тушунчаси бирор маданият ёки цивилизацияга тааллуқли эмаслиги билан далиллайди. Келинларнинг инсон ҳақлари таъминланмаётгани муаммосига ечим топиш учун “маданий ва диний қадриятлар ва меъёрларни маърифатли ўлароқ идроқ идрок қилиш”га эришиш зарур. Бунинг учун ор-номусга оид патриархал концепцияни инсон қадр-қимматига (бу барча инсонлар учун умумий) асосланган ор-номус тушунчасига алмаштириш, шунингдек, гендер эгалитаризмининг (тенглик) исломий талқинларини ривожлантириш керак бўлади.
Тадқиқотчиларнинг келинларнинг инсон ҳақларини нафақат феминизм мавқеидан туриб (унга муносабат – икки ёқлама), қолаверса, исломда ҳам белгилаб қўйилган инсон қадр-қиммати нуқтаи назаридан ҳимоя қилиш ҳақидаги мулоҳозаси қизиқарлидир. Агар анъанапарастлар ва маданий релятивизм тарафдорлари важлари исломий тушунчалар билан рад этилса, яхши натижа бериши мумкин. Бироқ ислом дискурсида консерватив кайфият устунлиги хавфини ва Марказий Осиё жамиятлари ушбу таъсирларга тушишга мойиллигини ҳам эсдан чиқариб бўлмайди. Бироқ ушбу меъёрларни талқин этиш зарурлиги ҳисобга олинса, муаллифларнинг муқобил исломий талқинларни ривожлантириш хусусидаги фикрини долзарб таклиф деб аташ мумкин. Ислом феминизми вакиласи Фотима Мернесси ёзганидек, “муқаддас битик методологияга боғлиқ тарзда аёлларнинг озод қилиш остонаси (threshold)” бўлиши мумкин.
Муаллифлар тадқиқот сўнгида инсон ҳақларини ўрганаётган мутахассислар яна кўпдан-кўп тадқиқотлар ўтказиши зарурлигини қайд этади. Қонунбузарликлар, зарарли анъаналар ва амалиётлар миқёси ҳалигача тўлиқ ўрганилгани йўқ, келинчакларга зулм қилинаётгани муаммосини ҳал этиш учун кўпроқ тадқиқотлар ўтказиш зарур.
Яна бундай муаммоларнинг олдини олишга қаратилган давлат сиёсати бўлиши даркор, чунки давлатлар бунинг учун одамлар олдида бурчлидир: “Давлат идоралари зарарли амалиётларга бутунлай чек қўйиши, аёллар ва келинларнинг инсон ҳақлари муҳимлигидан хабардорликни ошириши ҳамда “миллий мафкура” ниқоби остида камситишни дастакловчи “анъанавий” дискурсларни тарғиб қилмаслиги керак”[15], дея огоҳлантиради муаллифлар.
Умуман олганда, бу амалий мақсад: келинлар муаммоларини инсон қадр-қиммати нуқтаи назаридан баҳолаш, ўрганиш ва ҳал этишга йўналтирилган фойдали ва қизиқарли илмий ишдир. Келинларнинг инсон ҳақлари дейилганда, гап биринчи навбатда инсон қадр-қиммати, унинг фундаментал ва ажралмас ҳақлари ҳақида кетмоқда. Дунёдаги тараққиётга энг катта тўсиқ бўлаётган нарса жинсий камситиш ҳамда қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликдир, дея эслатиб ўтади тадқиқотчилар.
__________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Бу ерда А. Исмаилбекова, Д. Қудайбергенова, М. Пелкманс, Д. Уметбаева, ва Р. Тўраева асарларига ҳавола берилади.
[2] Ўша ерда. Муаллифлар айрим марказий осиёлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва машҳур шахслар ушбу муаммога эътибор қаратгани ҳақида ёзиб, қирғизистонлик Олтин Қапалова, Сауле Мактепбаева, Қозоғистондан Дина Тансарининг “Не молчи” (“Жим турма”) жамғармаси, режиссёр Нуртас Адамбай, шунингдек, YouTubeдаги “Аминка-Витаминка” каналини ажратиб кўрсатади.
[3] 2-бет. “example of a relativist challenge of cultural authenticity to the universality of human rights, and specifically, to women rights”.
[4] Турли интервьюлар бир неча ойдан бир неча йилгача (2017 йил ноябридан 2020 йил апрелигача) давом этган, дея аниқлик киритилади тадқиқотда.
4 Тадқиқотда тадқиқотчи Р. Афшарий (универсализм) ва бошқа ёндашув тарафдорларига ҳавола берилади.
[6] 5 – 6-бетлар. Ушбу қисмда З. Хесова, Ф. Сиидат, О. Сафий, А. Дудерижа, А. Ан-Наим, З. Сардар ва А. Суруш сингари мутафаккирлар исми ва фикрлари санаб ўтилади.
[7] Бу ерда З. Хесова тадқиқотига ҳавола берилади.
[8] 6-бет.
[9] Ўша ерда.
[10] 7-бет. Муаллифлар тушунтиришича, “жамиятдаги ретрадиционализация (моҳиятан эски анъаналарга қайтиш қайтишни англатувчи ижтимоий жараён) одам ўзини ва яқинларини совет ва постсовет даврларининг ароқхўрлик, наркоманлик ва фоҳишалик сингари шарманда ишлари билан бузуқ ва орсиз маданиятидан сақлаш сифатида тасаввур қилинади”.
[11] Шунингдек, тадқиқотда «марказий осиёчилик» (Central Asianness) деб аталувчи ҳодиса ҳақида фикр юритилади ва М. Эргебеков ва Н. Давлетованинг ишларига ҳавола берилади.
[12] 8-бет.
[13] 10-бет. Ўша ерда анъанавий оилаларда келинларнинг қул қилиб олиш даражаси бир-биридан фарқ қилади, аммо муаммонинг моҳияти барча учун бир хиллигича қолаверади.
[14] Айрим анъанавий оилаларда гарчи кир ювиш машинаси бўлса-да, келиндан қайнона ёки қайнонасининг ич кийимини қўл билан ювиш талаб қилинади, деб ёзади тадқиқотчилар. Келинларни хўрлаш ҳоллари ҳам учрайди, масалан, Тошкентда келинчакка оғир иш кунидан сўнг овқат берилмаган экан. Қизиғи, ташқи кўринишидан бу оила, Тошкентнинг эски шаҳар қисмида яшашига қарамай, анъанавий оилалар қаторига кирмаган.
[15] 15-бет.