Сурат манбаси: act.edu
Муаллиф: Наргиза Умарова
Яқинда АҚШнинг Пенсильвания университети дунёдаги “ақл марказлари” (think tanks) рейтингини эълон қилди. Рўйхатдан 7 мингдан зиёд муассаса ўрин олган. Аксарияти АҚШ, Ғарбий Европа, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Японияда фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда эса профессионал аналитика билан шуғулланадиган марказлар сони бор-йўғи ўн иккита. Хусусийлари ундан ҳам оз. Айни ҳолат мамлакатда сиёсий таҳлил ва консалтинг хизматлари бозори деярли ривожланмаганидан далолат беради. Соҳадаги мавжуд муаммолар хусусида “Ma`no” тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашдик.
— Бахтиёр Исмоилович, ҳам давлат, ҳам нодавлат аналитик секторда кўп йиллик иш тажрибасига эгасиз. “Ақл марказларимиз”нинг бугунги ҳолати ҳақида нима дея оласиз?
— Ўзбекистонда сиёсий аналитика соҳаси илдам бўлмаса-да, лекин ривожланмоқда. Бугун биз янги бозор шаклланаётгани ва унинг янги ўйинчилари саҳнага чиқаётганини кўряпмиз. 2017 йилгача мамлакатда мустақил тадқиқот марказини очиш амримаҳол эди. Дарҳол бюрократик тўсиқларга дуч келардингиз. Шавкат Мирзиёев даврида эса бу нарсаларга чек қўйилди. Марказим атиги икки кунда давлат рўйхатидан ўтказилганининг ўзи катта натижа, деб ҳисоблайман.
Хусусий “ақл марказлари” фаолиятига эркинлик яратилгани яхши, албатта. Аммо масаланинг бошқа оғриқли жиҳати бор. Бу ҳақда мен 2003 йилдаёқ ёзгандим. Ўзбекистонда сиёсий таҳлил ва консалтинг хизматлари бозорини тартибга солувчи механизм ҳалигача яратилмаган. Соҳага доир қонунчилик базаси мавжуд эмас. Шу сабабли бугунги кунда давлат ва нодавлат “ақл марказлари” ўртасида узвий ҳамкорликни таъминлаш, улар учун тенг, адолатли “ўйин қоидалари”ни ишлаб чиқиш ва чинакам рақобат муҳитини яратишнинг имкони бўлмаяпти. Натижада давлат қарамоғидаги аналитик марказлар ўз ҳолича, хусусий “ақл марказлари” ўз ҳолича фаолият кўрсатяпти. Бундай тизимсизлик мамлакат ҳаётига дахлдор муҳим сиёсий қарорлар қабул қилишда холис таҳлил ва муқобил ечимлар таклиф қила оладиган мустақил экспертлар иштирокининг минималлашувига олиб келмоқда.
Яъни, бир томондан, сиёсий таҳлил марказлари бор-у, аммо уларнинг хизматидан на ҳукумат, на давлат идоралари фойдаланяпти.
— Нега?
— Асосий сабаб сиёсий анъаналаримизда. Келинг, хориж тажрибасига юзланайлик. Ғарбий Европа мамлакатларини мисол келтираман. Кўҳна қитъада юзлаб мустақил “ақл марказлари” бор ва уларнинг аксарияти давлат буюртмаларини бажаради, яъни ўз юртининг миллий манфаатларига хизмат қилмоқда. Ҳар қайси давлат идорасининг йиллик бюджетига “аналитик фаолиятни молиялаштириш”, деган алоҳида банд киритилган. Шу аснода вазирлик ёки компания муайян мавзуда тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш учун “ақл марказлари” ўртасида тендер эълон қилади (бундай танловлар йил давомида бир неча маротаба ўтказилиши ҳам мумкин). Европада “ақл марказлари”нинг кўплиги, аксарияти хусусий секторда фаолият кўрсатиши ва профессионал кадрлар билан тўйинганининг асл сабаби ҳам шунда. Яъни холис аналитикага давлатнинг ўзи талабгор. Сиёсий элита, турли даражадаги раҳбарлар муайян масалага ташқаридан туриб назар солишни – мустақил экспертлар, сиёсатшунос, иқтисодчи, социолог, журналистлар, қўйингки, кенг жамоатчилик фикрини ўрганишни хоҳлайди ва буни тўғри, деб ҳисоблайди. Ҳатто Хитойдек авторитар мамлакатда ҳам шунга ўхшаш тажриба йўлга қўйилган. ХХРда хусусий таҳлил марказлари йўқ, шунга қарамай, сиёсий аналитика бозорида юзлаб ўйинчилар ўзаро рақобатлашади. Хитойшунос мутахассислардан “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси устида юздан зиёд “ақл маркази” ишлаётганини эшитиб, очиғи, ёқа ушлаб қолгандим. Тасаввур қилинг, юзта “ақл маркази”нинг ҳар бири ўз маҳсулотини тақдим этса, юз хил сценарий юзага келади. Давлат раҳбариятида уларни ўрганиш ҳамда бир-бирига таққослаш асносида эҳтимолли хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш имкони туғилади. Бу эса ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатдаги муваффақият гаровидир.
Афсуски, Ўзбекистонда давлат аҳамиятига молик масалалар юзасидан муқобил ечимлар излаш, мазкур жараёнга мустақил экспертларни жалб қилиш, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ (масалан, оммавий ахборот воситалари орқали), қизғин ва конструктив муҳокамаларни ташкил этиш анъанаси мавжуд эмас. Ҳозир ижтимоий-сиёсий характердаги мунозаралар асосан ижтимоий тармоқларга кўчган. Уларнинг ташаббускори блогерлар бўлиб қолмоқда. Аммо “пост – комментарий” форматида мавзуни чуқур таҳлил қилиш имконсиз. Бундай ҳолат юзакиликни келтириб чиқаряпти. Муҳокамаларнинг ўзи эса кўпроқ ачават бозорини эслатмоқда. Жамоатчилик фикрини блогерлар эмас, балки билим доираси кенг профессионал аналитиклар шакллантириши керак. Бунинг учун мустақил тадқиқотларни ўтказиш ва натижалари ҳақида халқни мунтазам хабардор қилиб бориш талаб қилинади.
— Ишни шу йўсинда ташкил этишга нима халақит беряпти? Ўзбекистонда мустақил аналитика сегментининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган қандай муаммолар мавжуд?
— Биринчи навбатда, бюрократия. Ўзбекистонда собиқ тузумдан қолган сарқит анъаналар ҳали ҳам барҳам топгани йўқ. Бу сиёсий аналитика бозорида давлат ва нодавлат сектори ўртасидаги номутаносибликда яққол намоён бўлмоқда.
Хусусий “ақл марказлари”нинг фаолиятини шартли равишда иккига ажратиш мумкин. Биринчиси – сиёсий аналитика, иккинчиси – тижорий лойиҳалар (маркетинг тадқиқотлари, инвестицион шарҳлар ва ҳ.к.). Тижорат шартномалари аналитик марказларнинг яшаб қолишига ёрдам беряпти. Бироқ сиёсий масалалар, айтайлик, мамлакатда коррупция ёки сўз эркинлигининг ҳолатини аниқлаш, маҳаллий ҳокимлик институтини ислоҳ этиш, фуқаролик жамиятининг ривожланиш истиқболлари, ёшлар муаммоларини ўрганишга қаратилган кенг қамровли тадқиқотлар ўтказиш учун улар деярли буюртма олаётгани йўқ. Қизиғи, мазкур йўналишдаги оз сонли лойиҳалар ҳам асосан халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий жамғармаларнинг грант маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. Давлат органлари эса жим. Шу чоққача ҳали бирон марта ҳукуматимиз ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар учун буюртмалар портфелини шакллантириб, аналитик бозор иштирокчиларига тақдим этганини кўрмадим.
— Демак, сиёсий элита мустақил аналитикага зарурат сезмаяпти?
— Ҳа, асосий муаммо шунда. Қолаверса, давлат бошқаруви органлари хоҳлаган тақдирда ҳам хусусий “ақл марказлари” билан бевосита ишлолмайди. Сабаби вазирлик ва идоралар ахборот-таҳлилий фаолиятни молиялаштириш манбаларига эга эмас. Борди-ю, қайсидир раҳбар мустақил тадқиқот ўтказишга жазм этса, у дарҳол бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаганликда айбланади. Таҳлиллар нима мақсадда олиб борилгани ва қандай натижаларга олиб келгани билан юқори доиралар қизиқиб ҳам кўрмаслиги аниқ. Бундай бюрократик ёндашув давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар юзасидан мамлакатдаги реал ҳолатни баҳолаш имконини бермайди.
Амалдорларда ҳам гап кўп. Таассуфки, уларнинг аксарияти бугунги кун билан яшаяпти. Шу боис тизимдаги муаммоларни чуқур ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда узоқ истиқболли режалар тузишдан манфаатдор эмас. Давлат мулозимлари ўз идорасидаги уч-тўрт кишилик ахборот-таҳлил бўлимининг хулосалари билан чекланиб қолмоқда. Муқобил фикр, таклиф ва қарашларга эса хуши йўқ. Каттароқ тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, яқин ёки узоқ истиқболга мўлжалланган стратегия, концепция, “йўл харитаси” ва шу каби дастурий ҳужжатларни тайёрлашга келганда кўпинча хорижий консалтинг компаниялари таклиф қилинмоқда. Чунки маҳаллий аналитик марказларга беписанд муносабатда бўлган, уларнинг жиддий ва мураккаб таҳлилларга тиши ўтмаслигини рўкач қиладиган раҳбарларимиз талайгина. Аслида бу стереотип, холос. Ахир, катта ҳақ эвазига чет эллик мутахассисларга қилдирилган таҳлилларнинг ҳаммаси ҳам талабга жавоб беради дейиш қийин. Баъзилари шунчаки умумий гап ва истаклар жамланмасидан иборат бўлиб қолмоқда. Ишонч билан айтаманки, Ўзбекистондаги хусусий “ақл марказлари”нинг салоҳияти Америка ёки Европа “think tanks”ларидан қолишмайди. Бироқ, яна такрорлайман, амалда улар давлатдан буюртма олиш ҳамда молиявий аҳволини барқарорлаштириш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Шу туфайли аксарияти хорижий грантларга “ўтириб қолган”. Бошқача айтганда, ҳозир мустақил сиёсатшунос-экспертларимиз Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари эмас, балки донор ташкилотларнинг талаб-истакларини қондириш билан овора. Аниқроғи, шунга мажбур бўлмоқда. Бу кетишда беш-ўн йилдан сўнг юртимиздаги хусусий “ақл марказлари” ташқи кучлар таъсирига тўлиқ тушиб қолмаса эди, деб қўрқаман. Зотан, яқин ўтмишда худди шундай қисмат “учинчи сектор” бошига ҳам тушганди.
— 2005 йил воқеаларини назарда тутяпсизми?
— Ҳа. Украинани эсланг. Мамлакатда “рангли инқилоб”ни Европа Иттифоқига қўшиламиз, деб Майданга чиққан оддий халқ эмас, балки хорижий фондлар томонидан парваришланган нодавлат нотижорат ташкилотлари содир этганди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас Андижон воқеаларига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг таркибий тузилмаси ва молиялаштириш манбалари зудлик билан ўрганиб чиқилганда, аксарияти хорижий ташкилотларнинг грант маблағлари ҳисобига кун кўраётгани аёнлашди. Шундан кейингина давлат “учинчи сектор”ни доимий равишда қўллаб-қувватлаш зарурлигини тушуниб етган. Натижада Олий Мажлис ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Бу механизм қанчалик самарали ишлаётгани – бошқа масала, муҳими, у мавжуд.
Эндиликда мустақил “ақл марказлари”га ҳам мақсадли ҳомийлик кўрсатиш, уларнинг сифат жиҳатдан юксалиши ҳамда ўзини намоён этиши учун шароит яратиш пайти келди. Бу жиҳатдан яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик палатасидан умидим катта. Ўйлашимча, мазкур тузилма сиёсий аналитика соҳасида жаҳондаги илғор тажрибани ўрганиш ҳамда қўллашда локомотив ролини бажариши даркор.
— Мустақил эксперт доиралар ва давлат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик қай йўсинда олиб борилгани маъқул? Бу борада ривожланаётган мамлакатлар, хусусан, қўшни республикалардан ўрнак оладиган жиҳатларимиз борми?
— Ҳамдўстлик давлатларининг деярли барчасида аҳвол бизникига ўхшаш. Тўғри, Россияда мустақил “ақл марказлари” нисбатан кўп, бироқ давлат сиёсий қарорлар қабул қилишда уларнинг позицияси билан ҳисоблашяптими – мана бу очиқ савол. Мустақил аналитик тадқиқотлар учун давлат буюртмалари портфелини шакллантириш ҳамда уларни бюджетдан молиялаштириш тизимини Қозоғистон ўн йилдан буён жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Жараён жуда секин ва катта қийинчиликлар билан амалга ошяпти. Чунки тамомила бошқача дунёқараш ва сиёсий маданиятга асосланган механизмни бирданига ишга тушириб бўлмайди.
Европадан андоза олиш йўлини танлаган Болтиқбўйи мамлакатларида ҳам механизм ҳали тўлиқ шаклланиб улгургани йўқ. Ҳарқалай, мен мазкур масалада тайёр шаблонлардан фойдаланишни тавсия этмаган бўлардим. Ҳар қайси мамлакат аналитик хизматлар бозорини ички шарт-шароит, ҳукумат ва жамият ҳамда иккала томонни ифода этувчи институтларнинг ўзаро диалогга тайёргарлик даражасидан келиб чиққан ҳолда ривожлантиргани маъқул.
Яна бир гап. Ўзбекистонда давлат тасарруфидаги аналитик марказлар сегменти анча яхши ривожланган. Лекин хусусий “thing thanks”лар ниҳоятда кам. Устига-устак, аксарияти молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Мана шу ўринда давлат ва мустақил тадқиқот муассасалари ўртасида жиддий диспропорция борлигини пайқаш мумкин.
Давлатга қарашли сиёсий таҳлил марказлари моддий-техник таъминот, ходимларга маошни қаердан чиқариб беришни ўйлаб бош қотирмайди. Чунки ташкилий масалаларнинг барчаси муассис зиммасида. Шу боис улар ўз вазифани бамайлихотир бажара оляпти. Фақат битта лекини бор. Ахборот-таҳлилий фаолият билан тарғиботчиликни бир-биридан фарқлаш ниҳоятда мушкул. Яшириб нима қилдик, ҳукумат қарамоғидаги “ақл марказлари” нафақат тадқиқотлар, балки давлат сиёсати ҳамда юқори раҳбарият томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг тарғиботини ҳам олиб боришга мажбур. Бунинг сира ажабланарли жойи йўқ, чунки бутун дунёда шундай. Аммо Ўзбекистондаги хусусий “ақл марказлари” мустақил аналитика бозори нисбатан ривожланган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, давлатнинг “сиёсий ошхонаси”га деярли йўлатилмайди.
— Сизнингча, бунинг сабаби нимада? Нега давлат ички ва ташқи сиёсий фаолият билан боғлиқ масалаларда хусусий “ақл марказлари” кучига таянмаяпти?
— Ўйлашимча, расмий доираларимизга мустақил аналитика керак эмас. Чунки ҳақиқат юзага чиққач, у билан ҳисоблашишга тўғри келади. Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий жабҳада жиддий таҳлилий фаолият билан шуғулланадиган нуфузли тадқиқот марказлари бор. Шахсан ўзим уларнинг бир нечтасида ишлаганман. Бироқ давлатга қарашли “ақл марказлари” қанчалик салоҳиятли бўлмасин, барибир, амалдаги ҳукуматнинг тортган чизиғидан нарига ўтолмайди. Бундай муассасаларнинг бош мақсади давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашдан иборат. Холис, танқидий ва муқобал фикр бера оладиган мустақил аналитикларни эшитиш кўникмаси эса сиёсий элитамизда ҳали шаклланмаган. Шу боис мамлакат ҳаётига дахлдор муҳим қарорлар кўпинча ёпиқ режимда қабул қилинмоқда. Жамоатчилик улар ҳақида масалага охирги нуқта қўйиб бўлингандан кейингина хабар топяпти.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласининг парламентдаги муҳокамасини олайлик. Депутатлар миллий манфаатларимизга бевосита дахлдор бўлган бу мавзуни негадир халқ билан очиқ муҳокама қилишни истамади. Мустақил экспертлар фикрини ҳам биров эшитгани йўқ. ЕОИИнинг Ўзбекистон учун фойда-зиёнлари ҳақида парламент иккита хорижий консалтинг компаниясининг маслаҳатига таяниб хулоса чиқаргани ғоят ажабланарлидир.
Бошқа бир мисол. Ўзбекистон тўрт томони қуруқлик билан ўралган мамлакат. Денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятимиз йўқ. Шу сабабли бизга ишончли ва қулай транспорт коридорлари ниҳоятда зарур. Ҳозир Ўзбекистон бир қанча йирик логистик лойиҳаларда иштирок этмоқда. Ҳар бирининг қиймати кўп миллиард долларга тенг. Бироқ лоақал биронтаси бўйича жамоатчиликдан фикр ёки таклиф сўралган эмас. Бу борада шаффофликни кўрмаяпмиз. Хусусан, яқинда қурилишига старт берилган Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўлининг ёрқин истиқболлари тўғрисида расмийлар оғиз кўпиртириб гапирмоқда. Ваҳоланки, марказимиз мазкур масалани жиддий ўрганиб чиқди. Очиғини айтаман, лойиҳа жозибадор кўрингани билан, унинг баҳслашадиган жиҳатлари кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг ҳисоб-китобларига кўра, янги темир йўл орқали юк олиб ўтиш Бандар-Аббос порти (Эрон)га элтувчи трансафғон коридоридан фойдаланганга қараганда икки баравар арзонга тушади. Лекин бу кулгули ҳолат. Сабаби фақат масофани ўлчаш билан иш битмайди. Хавфсизлик масаласини ҳам ўйлаш керак. Бир қатор логистик компаниялар раҳбарлари билан мулоқотда бўлдим. Улар Афғонистоннинг нотинч ҳудудлари орқали юк ташишдек улкан рискни бўйнига олмаслигини айтмоқда. Боз устига, исталган суғурта компанияси бундай хавфли йўналишга отнинг калласидек нарх чиқариб бериши аниқ. Шу боис тарифлар икки баравар арзонлашадими йўқми ҳали номаълум. Қолаверса Покистонгача темир йўл энди қурилади. Эроннинг Чабаҳар портигача тортилган темир йўлидан эса аллақачон юк ташувлари амалга оширилмоқда. Демак, реал рақамлар билан истиқболли кўрсаткичларни бир-бири билан чоғиштириш камида нопрофессионал ёндашув ҳисобланади.
— Ўзбекистонда мустақил сиёсий аналитиканинг истиқболини қандай кўряпсиз?
— Менимча, вазият аста-секин ижобий томонга ўзгаради. Лекин тезкор ечимларни кутиш бефойда. Ўтган йили Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташкилотларининг хусусий “ақл марказлари” билан узвий ҳамкорлигини таъминлаш, аналитик фаолиятни кучайтириш ҳамда соҳада муносиб кадрларни тарбиялаш хусусида гапирганди. Демак, муаммо пишиб етилганини раҳбариятнинг ўзи ҳам тушуниб турибди. Энди амалий ишларга ўтиш керак. Бу йўлдаги дастлабки қадам давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқот механизмини яратиш бўлса, ажаб эмас. Ўйлайманки, кейинги йилларда ижро ҳокимияти органлари, парламент ва бошқа мутасадди идораларнинг мустақил аналитикага талаби ортиб боради. Ҳарқалай, шундай бўлишини жуда хоҳлардим.
UzAnalytics сайти таҳририяти Бахтиёр Эргашевга мазкур интервью учун миннатдорлик билдиради.