«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
Подкастнинг “СССРдан кейин туғилганлар” деб номланган 2-мавсум Марказий Осиё мамлакатларида 1991 йилдан сўнг туғилган янги авлод муаммоларига бағишланган. Ушбу мавсумнинг 3-эпизодида Ўзбекистон ва Тожикистондаги ёшларнинг интернет олами муҳокама қилинган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ёшларининг интернет олами қандай? Ёшлар интернетдан қандай фойдаланмоқда, улар нималарга қизиқмоқда ва нималарни тарғиб қилмоқда?
Навбатлаги подкастда шу масалаларни ёзувчи ва созанда Никита Макаренко, журналист Ёқуб Ҳалимов ҳамда тадқиқотчи ва психолог Феруза Мирзоева муҳокама қилади.
Қуйида ушбу подкастнинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан:
– 1990-йиллардан сўнг туғилган кишилар интернет билан бирга ўсди. Уларга бошқа ҳаёт бегона. Уларни онлайн, яъни интернетга уланган бўлишни офлайн –реал ҳаёт деб билади. Ва бунинг тескариси. Бироқ ёшларнинг интернет олами реал ҳаёт сингари эркин эмас. Муайян тўсиқлар ва чекловлар бор, баъзан давлат биз ўйлагандан кўра онлайн тарзда кўпроқ ҳокимиятга эгадай туюлади. Лекин тўлиқ эркин интернет олами бўлиши мумкинми? Бу дунёнинг ҳам ҳиссий, ҳам ижтимоий, ҳам профессионал таҳдидлари-чи? Келинг, шу саволларга жавоб излаб кўрамиз.
Биз ушбу эпизодда Ўзбекистон ва Тожикистон ёшларининг интернет дунёсини батафсилроқ муҳокама қилишга қарор қилдик – ушбу мамлакатларда интернетга кириш турли омиллар билан чекланиб келинди, алоқа ҳар доим ҳам яхши эмас, бунинг устига, қиммат. Мигрантлар ўз навбатида Telegram ва IMO сингари мессенжерлар ривожланишини жуда кучли тарғиб қилди, улар турли-туман ва фойдаланувчилар яратаётган контентни жойлаштириш учун платформага айланди.
Журналист, ёзувчи ва созанда Никита Макаренко Ўзбекистондаги энг кўп ўқиладиган блоглардан бирини юритади. У чиндан ҳам Ўзбекистондаги медиа ва интернет муҳити ҳақида ҳамма қулоқ соладиган фикрга эга.
Биз ёшлар ижтимоий тармоқларда, умуман олганда, интернетда нималар билан машғул эканини кўрмоқчимиз, чунки интернет 90-йиллардан сўнг туғилган авлод ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шунинг учун бу бизга қизиқ. Ҳозирча биз ёшлар айрим гуруҳларнинг баъзи соҳалардаги фаоллигини кўряпмиз, холос: кимдир сиёсатда фаол, кимдир атроф муҳит муҳофазасида, кимдир – гендер масаласида. Марказий Осиё ёшларини (биз 30 ёшдан кичик бўлган кишиларни ёшлар деб ҳисоблаяпмиз) ҳам бирлаштириб, ҳам бир-биридан ажратиб турадиган нарса – ижтимоий тармоқлар ва интернет. Сизнинг кузатувингиз бўйича Ўзбекистон ёшлари қайси интернет платформаларини танлаяпти? Ва нега айнан ўша интернет платформаларини танлаяпти?
Никита Макаренко:
– Биз ҳозир 30 ёшгача бўлганлар деб қўпол тарзда олдик, чунки 28 – 29 ёшлилар – деярли менинг тенгдошларим, фикрлаш тарзи бошқача бўлган менинг авлодим. 14 – 16 ёшлилар эса фикрлаш тарзи ўзгача бўлган бутунлай бошқача авлод. Шунинг учун мен авлодни бунақа кенг қамровли қилиб олмаган бўлар эдим, чунки 28 яшар бўлганлар алоҳида авлод, Facebook ва Instagram авлоди. Биз учун матн ёзиш муҳим, биз учун суратга олиш муҳим.
Мен ўзимга мана бундай таъриф бераман, ўзимиздан ёшроқ авлоддан фарқимизни мана бундай кўрсатаман. Бизнинг давримизда видео-трафик бор эди. Биз видео авлоди эмасмиз, чунки видео контент яратишга умуман уқувимиз йўқ. Бу ҳаммамизнинг ҳам қўлимиздан келмайди, бу иш билан уқувсизларча шуғуланамиз, лекин матн ёзиш ва суратга олишда бизга тенг келадиганлар кам.
Аммо ҳозир 14 – 16 яшар бўлган ёшлар ҳеч бир шубҳасиз – видео [контент] авлоди. Улар видеотасвир орқали фикрлайди, улар видео контент яратади, уни жуда яхши ишлайди, видеони идрок қилиш – уларнинг жону дили, яъни 16 – 17 яшар ёшлар учун қизиқарли бўлган машҳур блогерлар ишини кузатганимда, бу бутунлай бошқа олам эканини, унда ўзимга жой топишга, унда ўрнашиб олишга ҳеч қандай имконим йўқлигини англаб етаман. Бироқ бу ўша ёшларга қизиқ, тушунишим бўйича улар визуал ахборотни айнан видео форматида истеъмол қилишга кўникиб ўсди. Масалан, ҳозир 7 ёшга кирган ўғлим энг кичик – 1 – 2 – ёшидан фақат видеоахборотни истеъмол қилишга ўрганиб қолди. Ҳозир у Netflix билан Youtube’ни кўради. Адашмасам, у биринчи китобни очиб кўришдан олдин Youtube’дан фойдаланишни ўрганиб олган эди. Мен буни ёмон дея олмайман, чунки улар – бошқа одамлар. Авлодларимизнинг икки қисми ўртасидаги бўлинишни “ёшлар” сўзи билан бирлаштирадиган бўлсак, мен буни мана шундай тавсифлаган бўлар эдим.
Дониёр Мўлдакан:
– Ёшлар Ўзбекистонда кўпинча қайси платформаларда “ўтиради”?
Никита Макаренко:
– Буни сизга жуда осон таърифлаб бераман. Гап шундаки, Ўзбекистон – бутунлай ўзига хос ва дунёдаги ҳеч бир мамлакатга ўхшамайдиган мамлакат. Ўзига хослиги шундаки, Ўзбекистон – бу гапни айтишдан чўчимайман – Telegram мессенжери билан бошқарилади. Эртага Ўзбекистонда Telegram мессенжери ўчириладиган бўлса – кеча у ярим соат ўчиб қолди – бизда ваҳима бошланади, чунки Telegram деярли ҳамма нарсани англатади: унда ҳукумат мулоқот қилишидан тортиб, барча давлат хизматлари, барча оммавий ахборот воситалари (ОАВ), барча каналлар, полиция боти, наркотиклар сотиш бўйича бот – ҳаммаси ўша ерда, бутун ҳаётимиз ўша ерда. Ҳар бир ўзбекистонлик 5 – 6 соатини Telegram’да ўтказаётган бўлса ажаб эмас, Яъниким, ёшларнинг ҳаммасида Telegram бор, ҳамма ёшлар пабликлар – ўша ижтимоий тармоқдаги саҳифаларни ўқийди, гуруҳларда ўтиради, чат – ёзма суҳбатлар билан банд бўлади. Бу – бор гап, бироқ Telegram видео контентни истеъмол қилиш учун жуда ноқулай.
Шунинг учун, назаримда, ёши каттароқ, яъни ҳозир 25 ёш атрофида бўлган ёшлар Instagram’ни маъқул кўради. Instagram бизда энг оммабоп ижтимоий тармоқ бўлса, ажаб эмас, чунки унда контентни истеъмол қилиш учун бошни қотириб ўтириш шарт эмас. Одамлар у ердаги чирой суратларни томоша қилади, машҳур кишилар – юлдузлар ҳаётини кузатиб боради. Булар барчаси бизда, айниқса, вилоятларда жуда машҳур. Анъана сифатида Ҳиндистонни намуна қилиб келтириш мумкин, унинг пойтахтида яратилаётган гўзал ҳаёт бор, минтақалардаги кишиларнинг ҳаммаси уни кузатиб туради. Бизда ҳам тахминан шундай ҳолат мавжуд: пойтахтнинг гўзал ҳаёти, Instagram’да – юлдузлар ва шоу-бизнес дегандай. Мамлакатдаги миллионлаб одамлар буни томоша қилиб ўтиради.
Ҳозир 16 – 18 ёшда бўлган ёш йигит-қизлар эса TikTok’ка ёпишиб олган. Ҳозир TikTok’нинг ошиғи олчи. Ҳозир у GooglePlay ва Apple Market дўконларидан энг кўп кўчириб олинаётган илова дастури бўлса ажаб эмас. Унда битта файл миллионлаб “лайк” йиғиши, миллионлаб марта кўрилиши мумкин. Мен TikTok’да нима бўлаётганини тушуниш учун диққат билан кузатиб бораман. У ерда бегуноҳ нарсалар ҳам, қўрқинчли нарсалар ҳам рўй бермоқда. Билишимча, бизда TikTok’ни ҳозир ҳеч ким назорат қилмаяпти, аммо Facebook ва бошқа [ижтимоий тармоқлар] қаттиқ назорат остида. Бутун бошли таҳлил муассасалари нималар бўлаётгани аниқлаб олиб, ёзиб, таҳлил қилмоқда.
Мен TikTok’да экстремизм, жумладан, диний экстремизмнинг бебош қутуришини кўряпман. Баъзан кирганимда, тепа сочим тикка бўлиб кетади. Кўраманки, бунга ҳеч ким эътибор қаратаётгани йўқ. Унда миллатчилик урчиб кетган. Ўзим бир самарқандлик TikTok блогери устидан милицияга ариза ёзиб берган эдим, у “ўзбек бўлмаганлар, ҳаммаларинг Ўзбекистондан кетинглар” деган даъват билан ушбу илова дастурга кўплаб TikTok-файллар жойлаган экан. У ерда бунақа контентлар тиқилиб ётибди.
Бироқ шу билан бирга, у ерда беғараз ва қувноқ контент ҳам кўп. Шунинг учун у ёшларни нима учун жалб қилаётганини тушунаман.
Дониёр Мўлдакан:
– Қизиқ, нима учун TikTok бундай оммалашиб кетди, балки у билан бевосита шуғулланиш учун эҳтимол вақт бўлмагандир? Қайси ижтимоий тармоқлар афзал билиниши мамлакат ҳокимият идораларининг очиқлигига боғлиқ бўлса керак. Сиз буни йўл-йўлакай эслаб ўтдингиз. Қаердадир шу пайтгача Facebook чекланган, Марказий Осиёнинг қайсидир мамлакатларида сайлов вақтида интернет бутунлай ўчириб қўйиладиган ҳолатлар ҳам юз бериб турибди. Ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий жиҳатдан фаол ёшлар қаерда йиғилмоқда.? Ва улар норозилигини қандай ифода қилмоқда? Ижтимоий тармоқлардаги фаоллигига қараб баҳо берсак, улардан нимадан норози бўлмоқда?
Никита Макаренко:
– Улар Telegram ва Facebook’да 100 фоиз фаол. Иккала ижтимоий тармоқ бир-бирини яхши тўлдиради, чунки Telegram’да фикр-мулоҳозаларни жуда тез билдириш мумкин ва у бир вақтда миллионлаб кишиларга етиб боради. Яъниким, Telegram – ноёб нарса, чунки унинг Facebook’даги ўхшаш ҳеч қандай алгоритми йўқ, нимадир ёзиб, пост қилиб қўйсанг, уни фақат ўқувчиларинг кўриши, Цукербергдан бошқа ҳеч ким кўрмаслиги ҳам мумкин.
Telegram’да эса ҳаммаси оддий. Ҳозир бир нарсани ёзсанг, 10 дақиқадан сўнг уни миллионлаб кишилар кўради. Ва мен қуролим – телефонимни чўнтагимда олиб юраман ва бу қанчалик хавфли эканини жуда яхши тушунаман. Telegram – жуда тез муносабат билдириш ва ахборотни тез тарқатиш воситаси. Албатта Ўзбекистондаги воқеликни танқидий кўз билан ёритаётган каналлар жуда кўп. Ёшлар уларга обуна бўлган. Булар сирасига менинг каналим, “TROLL.UZ” [@trolluz] ва бошқа кўплаб каналлар киради, ўша каналларда баъзан ҳукумат қарорлари ва бошқа нарсаларга жуда кескин муносабат билдирилади.
Лекин Telegram қўйилаётган постлар муҳокама учун мослашмаган. Унда изоҳ қолдириш жуда ноқулай, бичиб ташланганга ўхшайди. Шунинг учун асосий ҳаракатлар Facebook’да юз беради, у ерда одамлар ўз фикрини изҳор этиши ва мулоқот қилиши мумкин. Facebook’даги гуруҳлар айнан шу мақсадда махсус яратилган. Ёки машҳур блогерларнинг ушбу ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини олайлик. Айримларининг 100 – 150 минг обуначиси бор. Ушбу 2 та платформада бизникилар ижтимоий жиҳатдан жуда фаол – Telegram’ни ижтимоий тармоқ деб аташ қийин. Уларда барча ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий ишлар олиб борилмоқда.
Дониёр Мўлдакан:
– Ҳа, мана бунда яна бир масала бор: бизнинг ёшлар Россияда машҳур бўлган нарсаларга ва Россия контентига, масалан, Юрий Дуднинг Telegram-канали [@yurydud], “Куджи”га [@kuji_materials] ўхшаш подкастларга ишқибозлик бор. Бошқа мамлакатлар, дейлик, Хитой, Корея ва Туркия сингари бошқа мамлакатларнинг таъсири-чи?
Никита Макаренко:
– Мен Ўзбекистондаги медиа-маконни жуда яхши тушунаман, чунки бу – менинг касбим ва уни таҳлил қилиб бораман. Айни ўринда балки хусусий тарзда ёшларга нисбатан қўллаш мумкин бўлган вазиятни тавсифлаб бериш керакдир, чунки ёшларга бўлган алоҳида таъсир мавжуд эмас.
Хитой ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг Ўзбекистон медиа маконида таъсири умуман йўқ. Кореянинг ҳам таъсири йўқ. Араб мамлакатларининг бир оз таъсири, жумладан, экстремистик таъсири бор. Лекин бу таъсир ёпиқ – Telegram ва ўша TikTok’даги ёпиқ саҳифалар ва каналларга таянади.
Албатта, Россиянинг таъсири ҳамманикидан устун. На Европа, на Американинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Россия таъсири устунлик қилмоқда. Катта авлод ҳақида гапирадиган бўлсак, у [Россия таъсири] телевидение орқали катта авлоднинг онгини бутунлай забт қилиб олган. Ҳамма Россия телевидениесини томоша қилади, ҳамма ижтимоий-сиёсий кўрсатувларни севиб кўради. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Бизнинг ахборот воситаларимиз катта авлод эътиборини тортиш борасидаги курашда Россия ОАВга ютқазмоқда.
Ўрта авлод ҳақида бунақа дейиш қийин. Бу ерда рақобат жуда кучли. Одамлар ўзимизнинг ОАВни, ўзимизнинг хабарларни ўқишни маъқул кўради. Биз ҳар доим ҳокимият идораларига нима учун сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, маҳаллий ОАВга босим ўтказмаслик муҳим эканини исботлаб келамиз, чунки улар бундай қиладиган бўлса, ҳамма чет ОАВни, жумладан, чет эллик тарғиботчилар ёзганларини ўқийдиган бўлади.
Менинг чет эллик журналистларга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Лекин Россия ҳақида гапирадиган бўлсак, у ердан тарғибот йўналишидаги катта таъсир кучига эга нарсалар келмоқда.
Ўрта авлодга таъсир кўрсатиш масаласида бизнинг ОАВ ушбу таъсирга қарши муваффақиятли курашмоқда. Мен Россия ОАВнинг ёшларга таъсирини умуман сезмайман. Улар бизнинг ёшларга эътибор қаратаётгани ва шу мақсадда алоҳида контент яратаётгани ҳам йўқ. Билишимча, ёшлар албатта Россиянинг Youtube блогерлари қўяётган контентни кўради, бу ўринда Ўзбекистонда ҳамма ҳам русчани билмаслигини эътиборга олиш керак. Жуда кам одамлар русча гаплашади. Шу сабабли ёшларнинг кўпчилиги, асосан, ўзбекистонлик блогерлар, ўзимизиннг ОАВ ва ҳк. контентидан баҳраманд бўлмоқда.
Дониёр Мўлдакан:
– Никита, сиз бир неча марта “ўқияпти”, ёшлар ўқияпти деб айтдингиз. Балки ёшлар кам ўқиётгандир ёки кўп ўқийдими? Ёшлар кўнглига нима билан йўл топиш мумкин: видео биланми, аудиоёзувлар биланми? Уларнинг мустақил ўқиб-ўрганишга қизиқиши борми ёки ҳамма ёқни кўнгилочар контентларга қизиқиш эгаллаб олганми?
Никита Макаренко:
– Албатта, кўнгилочар контент ҳамма ёқни босиб кетган, лекин бу ажойиб, ақлли, мулоҳозакор ва нозиктаъб ёшлар кўплигини инкор қилмайди. Албатта, эрмак контентлар устунлик қилаётгани бор гап. Ўзбекистон билан боғлиқ бир нарсани тушуниб олиш керак ва у ОАВ соҳасини, унинг жамоатчилик билан ҳамкорлигини ўрганишни янада мураккаблаштиради.
Ўзбекистонда интернет кириб борган ҳудуди жуда кам, нари борси, 33 фоизни ташкил қилади. Интернет трафиги эса ундан ҳам баттар, яъни шу пайтга қадар, тасаввур қила оласизми, бор гапни айтяпман, менинг Telegram каналим бор, баъзан унга видео файлларни жойлаб тураман. Агар 25 мгб.дан каттароқ медиа файлни жойлайдиган бўлсам, уни ҳеч ким кўрмайди. Бизда анлим [ингл. “Unlimited Internet Traffic” – чексиз интернет] интернет пакети олигархлар ҳақидаги фильмдан олинган бир нарсага ўхшаб туюлади. Бунга фақат пойтахт ёки йирик шаҳарларда яшовчиларнинг қурби етади. Телефондаги анлим пакет умуман ҳеч кимда йўқ. Шу маънода бизнинг ёшларда на интернет ва на унга кирадиган қурилмалар бор. Ҳатто интернет пакети ва қурилмалари борлари ҳам трафикка жуда кам миқдорда кира олади. Шунинг учун ёшларга кўнгилочар контент, жумладан, видео контент ёқиши табиий. Лекин бу мен юқорида билдирган фикрларни инкор этмайди. Интетнетга кириб бориш фоизи жуда паст, ёшларнинг аксарияти Telegram каналларидаги хабарларни ўқийди, ўзига қандайдир суратларни жўнатади ва шу тариқа вақти чоғлиқ қилади. Яна ёшлар мамлакатимиз телевидениесини томоша қилади, чунки уларда Россиянинг 90-йиллар охиридаги “Окна”, “Давай, поженимся” дастурларига ўхшатиб тайёрланган оммабоп кўрсатувлар талайгина. Шунақа ҳар хил треш (ингл. trash – эски-туски, лаш-луш, ахлат) энди бизнинг телевидениеда ҳам пайдо бўла бошлади. Билишимча, улар ёшлар ўртасида ҳам машҳур.
Дониёр Мўлдакан:
– Бундай тўла жавоб берганингиз учун сизга раҳмат. Менга яна иқтисодий тармоқларнинг ёшларга ҳиссий ва ижтимоий жиҳатдан қандай таъсир этаётганини билиш қизиқ. Ижтимоий тармоқлар ёшларнинг идентитети – кимлигини қандай шакллантиряпти? Улар професисонализмига қандай таъсир кўрсатяпти? Ижтимоий тармоқлар уларнинг келажаги, билими ва бошқаларга муносабатига таъсир қиляптими?
Никита Макаренко:
– Айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқлар автомобилга ўхшайди. Автомобилда сиз ишга ёки озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиш учун боришингиз ёки ҳалокатга учраб, ўзингиз билан бирга яна 15 кишининг бошига етишингиз ҳам мумкин. Бу шунақа нарсаки, энди ундан воз кеча олмаймиз, унинг ҳам яхши, ҳам салбий томонлари борлиги табиий. Гап фақат ушбу воситадан қандай фойдаланишингизда. Мен пандемия даврида ёшлар ижтимоий тармоқлар ёрдамида касалликни енгиш, яқинларига ёрдам бериш учун қандай бирлашганини кўрдим ва кўряпман. Ёшлар ўзи атрофингиздаги 200 метр радиусда ёрдамга муҳтож кишиларни кўрсатадиган бот яратди, ўша бот ёрдамида сиз ёки мен ўша кишиларга пул ёки озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатишимиз мумкин бўлди. Ёш йигит-қизлар волонтёрлик – талабгорлик ташкилотларини тузиб, эҳтиёжманд кишиларга ҳеч қандай имосиз ёки давлатнинг кўмагисиз ёрдам кўрсатди, ижтимоий тармоқларсиз бунинг имкони бўлмас эди.
Ёшлар ижитмоий тармоқларда бир-бири билан мулоқот қилмоқда, фикрларини очиқ билдирмоқда, танқид қилмоқда. Шу тариқа унинг интеллектуал салоҳияти ўсиб бораётгани табиий.
Айни чоқда ёшлар ижтимоий тармоқлар ёрдамида ҳам сиёсий, ҳам сиёсий йўналишларда радикаллашиб бораётганини ҳам кўриб турибман. Сиёсий радикаллашув ҳам яхши иш эмас. Бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Ҳа, бу – бор нарса. Бунинг учун нима қилиш кераклиги – жуда ҳам тушунарли эмас. Бу – жуда мураккаб масала, чунки ҳар қандай ҳаракат акс ҳаракатни пайдо қилади, ёшлар учун эса тақиқ мевасини татиб кўришдан-да лаззатлироқ нарсанинг ўзи йўқ.
Давлат нуқтаи назаридан энг оқилона стратегия ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топиб олишда ёрдам беришдир, чунки ҳар қандай радикаллашув ёшларнинг ҳаётда ўрнини топа олмаганидан келиб чиқади. Ушбу йўналишда иш бориш керак, деб ўйлайман. Мен бу ишга қўлимдан келганча ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпман. Бир ҳафта олдин “Электрооко” гуруҳим билан бирга Ўзбекистон тарихида биринчи марта автобус билан саёҳатдан қайтиб келдим. Мен созанда ва гуруҳ продюсериман. Биз Ўзбекистонда биринчи бўлиб, худди Ғарб мусиқа гуруҳларидай, мамлакатнинг 5 та шаҳрига бориб, концертлар бердик. Қандай таърифлашни ҳам билмайман. Айтсам, ишонмайсиз, айрим шаҳарларимизда умуман жонли концерт берилмаган. Концертлардан сўнг ёшлар бизга кечалари хабарлар ёзди: “Кечаси соат 3 гача уйқумиз келмаяпти, бунақа бўлишини умуман билмаган эканмиз, ҳаяжонимизни боса олмаяпмиз”.
Назаримда, мана шундай ишлар қилиш тўғри бўлади.
Дониёр Мўлдакан:
– Ҳа, сиз ижтимоий тармоқларни автомобилга ўхшатдингиз: ижтимоий тармоқдан қандай фойдалансанг, у сени ўша жойга олиб боради, деб. Лекин биз ёшларнинг ижтимоий портретини чизишга ҳаракат қилаётганимизда, янги авлод, яъни интернет қулайликларидан баҳраманд бўлаётган авлод олдинги авлодларга нисбатан кўпроқ воситаларга эга, деган фикр тез-тез миямизга урилиб турди. Ўз манфаатларини ҳимоя қилиш: оддий қилиб айтганда, норозилик билдириш ёки ўз фикрини ифода қилиш ва ҳк. дегандай. Улар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш зарур эканини тушунадими? Масалан, тенгсизлик ва таълим олиш муаммоларини кўтаришни; иш топиш ва фаровонликка эришиш истиқболларини муҳокама қилишни? Ёки улар бу томонлама инфантилми – болаларча иш тутадими ва катта авлодга умид қилиб, муаммолардан қутулиб кетамиз, деб ўйлайдими?
Никита Макаренко:
– Ўзбекистондаги вазият жуда мураккаб, шу билан бирга, қизиқарли ҳам, албатта. Битта подкаст давомида бу масалани муҳокама қилиб тугатиб бўлмайди. Билишимча, ёшлар ижтимоий тармоқларнинг кучини яхши тушунади, хабарингиз бўлса керак, бундан 4 йил олдин Ўзбекистонда ҳеч бир нарсани муҳокама қилиб бўлмас эди. Улар [ёшлар] ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалар муҳокамаси ёрдамида қанчалик кўп ўзгаришларга эришилганини кўрди. Ҳарқалай, хотирамда бунга ўхшаш жуда кўп мисоллар сақланиб қолган. Жуда кўп бунақа нарсаларнинг: дарахтларни кесишга мораторий эълон қилишдан тортиб, наркотиклар айланишини тартибга солиш қоидаларини ўзгартиришгача ташаббускори ўзим бўлганман. Дарахтларни кесишга мораторий эълон қилишни ёзув столи олдида ўтириб, интернетга жойлаган эдим. Наркотиклар айланиши билан боғлиқ ташаббусим ижтимоий тармоқлар ёрдамида шов-шувга сабаб бўлди.
Дониёр Мўлдакан:
– Аслида ташқи омиллар инсоннинг қандайдир таянч эҳтиёжини тортиб олаётгани ҳақида эшитиш бир оз оғир. Эҳтимол, баъзан ёшларнинг гапига қулоқ солиш ҳам керакдир. Майли, энди блиц-сўровга ўтсак.
Никита Макаренко:
– Майли.
Дониёр Мўлдакан:
– Фақат, илтимос, қисқа жавоб берсангиз. Сиз қайси ижтимоий тармоқлар ва каналларни яхши кўрасиз ва нима учун?
Никита Макаренко:
– Telegram’да мен ёқтирган каналлар бор: дўстим Ферузхон Ёқубхўжаевнинг “Наблюдения под чинарой” (“Чинор остидаги кузатувлар”) [@nobody_cares_but] канали, чунки ҳамма нарса ҳақида кинояли изоҳлар беради; Умид Ғафуровнинг “TROLL.UZ” [@trolluz] саҳифаси – менга унинг юмори ва довюраклиги ёқади. У мен эълон қилишга журъат этмайдиган хабарларни ҳам довюраклик билан эълон қилиб юбораверади. Дўстим Саша (Александранинг) Telegram’даги “Insider.uz” [@insider_uz] канали ҳам менга маъқул. У жуда оқила ва истеъдодли, мамлакатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ижодкорона фикр юритади. Обуна бўлишни тавсия қиламан. Яқинда бир бухоролик блогер қизни ўзим учун кашф филдим. Бизда блогер қизлар, айниқса, вилоятларда яшаб ижод қилаётган блогер қизлар жуда кам. Унинг Telegram’даги канали “Новая луна” [@n0vayaluna] деб аталади. Жуда қизиқарли канал, унга видеолар қўйиб борилади ва бу ҳам уни ёш авлод [вакили] сифатида тавсифлаб беради.
Мен Facebook’да жуда кўп кишиларга, асосан, интеллектуалларга (ақл-заковат эгалари) обуна бўлганман: масалан, Азиза Умарованинг ва бошқа кўплаб кишиларни [нг постларини] ўқишни ёқтираман.
Яна ўзбек тилидаги блогларни: “Davletov.uz” блоги, Хушнудбек Худойбердиевнинг блоги ва бошқа кўплаб блогларни ўқиб тураман. Агар ўзбекча… йўқ, ОАВ ҳақида гапирмаймиз. Албатта, “Gazeta.uz” [@gazetauz] сингари ОАВнинг Telegram каналларини ўқиб тураман. “Gazeta.uz” [@gazetauz] каналига обуна ҳам бўлганман. У Ўзбекистонда рус тилидаги энг обрўли ОАВ бўлса ажаб эмас.
Instagram контентларини унчалик кўп кўриб турмайман. TikTok’ка фақат уни ўрганиш учун кириб тураман. Шу сабабли мен учун Facebook билан Telegram 2 та асосий платформа бўлса керак.
Дониёр Мўлдакан:
– Тожикистон-чи? Ушбу мамлакатдаги ёшларнинг интернет дунёси ҳақида 2 нафар сўзловчи билан гаплашамиз. Улар – журналист Ёқуб Ҳалимов ҳамда эксперт, тадқиқотчи ва психолог Феруза Мирзоева.
Ёқуб, сиз қайси ижтимоий тармоқлардан фойдаланасиз? Қайси каналларни ўқиб турасиз?
Ёқуб Ҳалимов:
– Гарчи бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам аккаунтларим – ҳисоб қайдномаларим бўлса-да, Facebook’дан фойдаланаман, чунки ўқимишли одамлар ушбу тармоқдан аккаунт очган, Instagram’ни очсанг, у ерда сохта ҳашамни, яхши ҳаётни ва веб-шахсларни кўрасан, лекин Тожикистондаги реал ҳаёт бутунлай бошқача. Дейлик, “Одноклассники”ни очсанг, у ердаги контент жуда жўн. Ортиқча варақлагинг ҳам келмайди. Шунинг учун Facebook’ни танлайман.
Youtube’да томоша қиладиган каналларим бор, Telegram’ни ҳам ўқиб тураман. Айтганча, улар Telegram’га постлар қўяётган қозоғистонлик муаллифлардир, улар ёзганини ўқийман. Яна бир Пардашян [@pardashian] деган журналист аёл бор, жуда яхши ёзади, ёзганларини ўқиб бораман. Youtube’да “вДудь”ни ва Навалнийнинг репортаж ёки суриштирувларини кўриб бораман.
Ватандошларимиз Facebook билан Instagram’дан ташқари IMO’дан ҳам фойдаланади. Ушбу мессенжерни қайсидир тарзда ижтимоий тармоқ сифатида ҳам ишлатса бўлади. Мен IMO’да у-бу нарсани излаб, қараб кўрдим, у ерда айрим постлар бир неча минглаб “лайк” ва юзлаб изоҳлар йиғаётган экан. Бунақа “лайк” ва изоҳлар ҳатто Facebook билан Instagram’да ҳам йўқ. Тожикистонлик фойдаланувчилар қайси ижтимоий тармоқлардан кўп фойдаланётгани ҳақида аниқ статистик маълумот йўқ.
Дониёр Мўлдакан:
– Эҳтимол у ёки бу ижтимоий тармоқни танлаш қайсидир маънода мамлакат ҳокимият идораларининг очиқлиги билан ҳам боғлиқдир. Мараказий Осиёнинг айрим мамлакатларида Facebook шу пайтгача чекланаётганидан хабаримиз бор. Ёки Қозоғистонда сайлов вақтида интернет тўлиқ ўчириб қўйилганини, блокланганини ва ҳк.ни ҳам биламиз. Сизнингча, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан фаол бўлган ёшлар қаерда кўпроқ тўпланмоқда? Улар қандай норозиликлар билдирмоқда? Бунақа фаоллигига қараб баҳо берадиган бўлсак, улар нималардан норози?
Ёқуб Ҳалимов:
– Улар кўпроқ Facebook’дан фойдаланади, чунки сиёсатчилар, амалдорлар ва бошқа ўқимишли кишилар Facebook’да “ўтиради”. Шунинг Тожикистоннинг фаол кишилари Facebook’дан фойдаланади. У ерда муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мавзулар муҳокама қилинади. У ерда аҳмоқона – бу сўзни қўллаётганим учун узр – фикрлардан ташқари, ақлли изоҳлар ҳам ёзилади (бошқа платформалардан фарқли ўлароқ).
Ёшлар Тожикистонда иш топиб бўлмаётганидан, қонунларга амал қилинмаётганидан, ҳокимият алмашмаётганидан норози. Албатта, ҳамма ёшлар ҳам норози деб бўлмайди. Тожикистонда катта троллар фабрикаси бор, у “жавоблар фабрикаси” деб аталади. Давлат муассасаларида ўқиётганлар ва ишлаётганлар, Тожикистонда ҳамма нарса яхши, деб айтади. Аммо миграциядаги ва олий таълим муассасаларини (ОТМ) битирган ва ҳеч қаердан иш топа олмаётган бошқа фойдаланувчилар бизда бунақа муаммолар борлигини очиқ-ойдин айтмоқда. Улар қандайдир ҳужжат олиш учун ҳамма жойда пул тўлаш кераклигидан норози. Ҳамма жойда коррупция ҳукмрон.
Ёшлар бундан норози. Лекин бошқа тарафдан олиб қараганда, айни пайтда ОТМда ўқиётган ва 100 доллардан олаётган ёки масалан, давлат муассасаларида ишлаётган бошқа ёшлар бундан хурсанд ва улар норозилик билдираётганларга қарши курашмоқда. Шунинг учун, ёшларнинг ҳаммаси Тожикистондаги ҳаётдан норозилик билдиряпти, деб ишонч билан гапириб бўлмайди.
Дониёр Мўлдакан:
– Гапингизга тўлиқ қўшиламан, ҳокимиятни ёқлайдиган ёшлар ҳам, унга қарши норозилик билдираётган ёшлар ҳам бор. Битта савол берсам: Марказий Осиёдаги, балки Тожикистондаги ёшлар учун ҳам Россияда оммалашган нарсаларга қизиқиш хос. Тожикистонлик жуда кўплаб йигит-қизлар ишлаш учун Россияга бораётгани сир эмас. Тожикистонда бошқа мамлакатларнинг фаоллиги ёки “юмшоқ кучи” кузатиляптими? Дейлик, Хитой, Корея ёки Туркиянинг. Яқинда Кореянинг K-pop’и[1] машҳур бўлиб кетди ва Қозоғистонда айнан Корея маданияти катта таъсир кучига эга бўлди. Тожикистон ҳақида ҳами шунга ўхшаш бирор гап айтиш мумкинми?
Ёқуб Ҳалимов:
– Албатта, айтса бўлади. Лекин Тожикистонда ижтимоий тармоқлардаги тақлид турли кўринишларда зуҳур бўлмоқда. Бизнинг ёшлар у ёки бу маънода Туркияга тақлид қилмоқда. Дейлик, Эрдўған намоз ўқигани борди. У бир ҳафта давомида ҳақиқий мусулмон деб мақталади. У масжидга кирди, черковни масжидга айлантирди, ёки музейни масжидга айлантирди. Унинг шаънига шунақа мақтовлар ёғилиб кетади.
Россиядаги Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров шаънига ҳам… Ёшларимиз Россияда мигрант бўлаб тургани билан руслар маданиятига тақлид қилмайди. Улар кўпроқ мусулмонлар яшаётган Чеченистонга тақлид қилади. Улар Рамзан Қодировга ўхшаб кийинади. Ёшлар ҳатто – балки бу муболаға бўлиб туюлар – қайсидир маънода унинг гаплашишига, чечен рақсларига (“Лезгинка”) тақлид қилади.
10 йил олдин Тожикистонда ёшлар тўйларда умуман “Лезгинка”га рақс тушмас эди. Энди эса бу оммалашиб кетди. Ҳозир ёшлар никоҳ тўйида “Лезгинка”га рақс тушаётгани акс этган видеолар бор.
Ёшлар, асосан, бошқа мамлакатлардаги мусулмонлар ҳаётига тақлид қилади. Тожикистонлик қизлар Туркиядаги қизларга ўхшаб кийинади. Улар Туркияда оммалашган кийимларга буюртма бермоқда. Тақлид шу тахлит кечмоқда.
Маданиятнинг бошқа жиҳатлари ҳақида бир нарса дейишим қийин. Бизда фақат сиртқи тақлид бор.
Дониёр Мўлдакан:
– Қизиқ! Ижтимоий тармоқлар мана шундай кутилмаган натижалар бериши мумкин. Феруза Мирзоева жуда ёш фойдаланувчилар учун интернет контентини мўътадиллаштириш кераклигини айтади.
Феруза Мирзоева:
– Агар биз кичик ёш тоифаси, яъни энди ёшлик даврига қадам қўйганлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар ҳали ўсмирлардир, кўнгилочар контентга кўпроқ қизиқади. Бинобарин, уларни TikTok’ка ўхзшаш ижтимоий тармоқлар қизиқтиради. Ўша Instagram ҳам уларни бошқароқ, яъни кўнгилочар тармоқ сифатида жалб этмоқда. Улар Вконтакте ижтимоий тармоғидан мўътадиллаштирилмаган ахборотни олиши мумкин. Хабарингиз борми, йўқми, билмайман, бугунги кунда Вконтакте контенти деярли мўътадиллаштирилмайдиган, салбий хабарлар кўп ва ёшлар бемалол фойдалана оладиган ягона ижтимоий тармоқ бўлиб қолаётган бўлса ажаб эмас. Яъниким, у либералроқ. Facebook, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларга келадиган бўлсак, у ерда ҳамма нарса қаттиқ тартибга солинади ҳамда модераторлар салбий ва зарарли контентни имкон қадар тезроқ ўчириб ташлашга ҳаракат қилади.
Дониёр Мўлдакан:
– Тожикистон ҳукумати қандай чекловларни жорий этмоқда?
Ёқуб Ҳалимов:
– Адашмасам, 2017 йилда биздаги ҳокимият идоралари интернет нархини кўтармоқчи бўлган эди. Улар ўша пайт мобил хизмат операторларини 1 гегабайтлик интернет трафигини, адашмасам, 5 доллардан ёки ундан қимматроқ сотишга мажбур қилмоқчи бўлувди. Лекин ёшлар тўполон кўтарди, норозилик билдирди. Қонун ёки фармон [интернет нархини кўтариш ҳақидаги] кучга кирадиган куни кутилмаганда ҳокимият уни бекор қилиш хусусида қарор қабул қилди. Улар аҳоли бу фармондан норози деган қарорга келган бўлса керак. Ёки бошқа ёмон оқибатлардан қўрққан бўлиши ҳам мумкин. Улар фармонни бекор қилди.
Феруза Мирзоева:
– Ҳа, чекловлар бор эди. Аммо ҳозирги пайтда бу масала билан боғлиқ вазият у ёки бу маънода барқарор. Бемалол тахмин қилиб айтишим мумкинки, Тожикистон ҳокимияти бу бемаъни жараён, деган хулосага келди. Бир оз вақт Алоқа хизмати назорат қилишга ҳам уриниб кўрди, ҳозирги кунда у Ягона коммуникация маркази орқали ташқи трафикни назорат қилишни давом эттирмоқда. Лекин айни чоқда ёшлар анонимайзерлардан фойдаланишни ўрганиб олди, яъни бугун уларнинг барчаси у ёки бу тўсиқни қандай айланиб ўтиш йўлини билади. Улар учун бунинг умуман муаммоли жойи йўқ. Алоқа хизмати ёпган анонимайзерларнинг доимий базасини тўлдириб бораётганига, қандайдир VPN’ларни[2] ёпишга уринаётганига қарамай, янгилари пайдо бўлмоқда. Шу маънода ёшлар жуда фаол. Уларни тўсиқлар қўйиш билан умуман қўрқитиб бўлмайди.
Шунинг учун бу ёшлар руҳиятига, ушбу авлод руҳиятига таъсир қилиши ёки қилмаслиги ҳақида гап кетганда, мен бу ёшлар бутун онгли умр давомида фақат мана шу тўсиқлар билан бирга яшаяпти, шунинг учун бу тўсиқларда уларнинг руҳиятига таъсир қиладиган, сиқадиган ёки муаммо туғдирадиган ҳеч нарса йўқ деб айтмоқчиман Улар буни, “майли, сизлар бизни блоклаб қўйибсизлар, ҳечқиси йўқ, биз айланиб ўтиш йўлларини қидириб кўрамиз”, деб қабул қилади, умуман оғринмайди. Буни ўзига хос квест (ингл. quest – қидирув) деб аташ мумкин, яъни ёшлар бир-бири билан айланиб ўтиш мумкин бўлган тирқиш – раҳналарни баҳам кўради, бу интернетдан фойдаланувчилар, айниқса, ёшлар кайфиятини янада кўтаради, деб айтиш мумкин. Аммо у ёки бу ресурслар блоклаб қўйилган пайтда Facebook билан Instagram’да, “Мана, яна у ёки бу нарсани блоклаб қўйишибди”, қабилидаги норозилик постларини ҳам кўриш мумкин. Лекин бугун ҳокимият асосан янгиликлар ресурсларини блокламоқда.
Бугун ёшларга, бошқа ёш тоифаларига мансуб интернет истеъмолчиларига ҳам таъсир ўтказаётган психологик ҳолат интернетнинг қимматлиги бўлса керак. Шунга кўра, биз тўсиқларни айланиб ўтишга мажбур бўлганимизда, VPN’ни ёқамиз ва у жуда кўп трафикни “еб ташлаши”ни ва бу қўшимча молиявий харажатларга сабаб бўлишини яхши биламиз. Шу нуқтаи назардан, ҳа, руҳиятга таъсир қилади, деб бемалол айтишимиз мумкин, чунки биз қандайдир тўсиқлар қўйилгани сабабли қўшимча маблағ сарфлашга мажбур бўляпмиз. Мана шу нарса юракни сиқади. Лекин бошқа тарафдан қараганда, биз шу муаммо билан яшашни ўргандик.
Дониёр Мўлдакан:
– Ферузанинг фикрича, ижтимоий тармоқлар ўсмирларнинг шахсияти шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Кўпчилик наздида виртуал олам ҳақиқийси билан қоришиб кетган.
Феруза Мирзоева:
– Бугун “Интернетга қанча вақт сарфлайсиз?” деган савол маънисини йўқотди. Айниқса, сўнгги – ҳаммамизни COVID “домига тортиб кетган” йилда барчамиз виртуал оламга, виртуал ҳаётга ўтиб кетдик. Барча митинглар, барча учрашувлар, барча ҳамжамиятлар – барча-барчаси интернет оламида рўй бермоқда. Шу сабабли “Интернетга қанча вақт сарфлайсан?” деб савол бериш бемаъни ишга айланиб қолди.
Ҳозирги одам виртуал олам ёки ҳақиқий ҳаётда кўпроқ вақт ўтказаётгани ҳақида аниқ бир гап айтиш мушкул. Интернетга кириш имкониятига эга бўлган фаол ёшлар наздида бундай тушунчанинг ўзи йўқ. Яна қайтариб айтаман, қишлоқ жойларда яшаётган йигит-қизларнинг интернетдан ҳам, у бераётган имкониятлардан ҳам баҳраманд бўлиш имконияти мавжуд эмас. Улар турли ниқобларни тақиб кўради, ҳолос.
2017 йилда илмий ишим доирасида ўсмир йигит ёки қизнинг ўзлигини таниб олишига қайси ижтимоий тармоқлар таъсир кўрсатиши ҳақида тадқиқот ўтказган эдим. Ўтказган тадқиқотим натижаларидан маълум бўлишича, ўсмирларнинг 1/3 қисми, яъни 30 – 33 фоизи кимлигини турли профиллар яратиш орқали синаб кўрар экан. Яъниким, ўғил болаларнинг қиз болаларга оид, қиз болаларнинг эса ўғил болаларга оид маълумотлари келтирилган профиллари мавжуд – гўё улар шу тариқа “мен”ини излаяпти. Ва бу мутлақо нормал ҳолат ҳисобланади, чунки улар қарма-қарши жинснинг ижтимоий қиёфасида бўлиш қанақа эканини синаб кўришни истайди. Шу тариқа улар ижтимоийлаша ва ўзлигини [“ўз “мен”ини] англаб ета бошлайди. Ниҳоят, шу йўл билан кимлигини, дунёқараши, у ёки бу ахборотни идрок этиши ўзига яқин бўлган одамларни топади. Бунга интернет имкон беради… Уунинг имкониятлари жуда катта, бутунлай бошқа мамлакатларда яшайдиган дўстлар билан, шунинг баробарида бир-бири билан ҳам мулоқот қилиш мумкин.
Дижитал (ингл. digital – рақамли) даврда яшаётганимизни ҳисобга олсак, интернет профессионал нуқтаи назардан ҳам кўп имкониятлар беради. Мен ҳали мактабда ўқиётган ўсмир болалар SMM (ингл. Social Media Marketing – Ижтимоий тармоқларда маркетинг) билан шуғулланиб, жуда пул топаётганидант хабарим бор. Йигит SMM’нинг 2 та саҳифасини юритаётгани учун, мактаб ўқувчиси бўлишига қарамай, анча-мунча маош олади. Агар одам бирор нарсага эришмоқчи бўлса, албатта эришади, чунки интернет профессионал ривожланишда улкан имкониятлар беради. Инсон учун олий ёки академик таълим олиш шарт эмас. Интернет одамнинг кўникмаларини, нима иш қила олишини текшириб кўради. Агар қўлингдан бирор иш келса, буни кўрсатсанг кифоя ва сен таклиф этадиган нарсага албатта харидор топилади. Кўрсатаётган хизматларингни сотиб оладиган одам албатта топилади.
Дониёр Мўлдакан:
– Феруза, барча меҳмонларимиз ёшларнинг талабгорликка оид фаоллигини айтмоқда. Тожикистонда бу борадаги ишлар қандай?
Феруза Мирзоева:
– Бугунги дижитал фаоллик жуда ранг-баранг. Эко-фаоллик, арт-фаоллик, фуқаролик фаоллиги, зоо-фаоллик. Одамлар йиғилиб, бошқаларга у ёки бу йўналишдаги муаммоларини ҳал этишда ёрдам бераётган кўплаб ва турли-туман платформаларни биламиз. Айниқса, COVID билан боғлиқ вазият буни яққол кўрсатиб берди. Мен бунга ҳар сафар қайтаман, чунки интернет одамларга қилаётган ишларини ўзаро мувофиқлаштириш, ҳамкорлик қилишда ёрдам бергани, ёшлар ўз ихтиёри билан, мустақил равишда қарорлар қабул қилгани, кекса кишиларга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб бориб бергани ва булар барчаси интернет платмормаларида муҳокама қилингани ўрнак олса бўладиган иш бўлди. Яна ёш йигит-қизлар ҳайвонларни қутқарувчиларга кўмаклашгани, уйсиз итларга емиш сотиб олиб бергани-чи. Боз устига, гўзал қизлар итларга қарашга мўлжалланган бошпана ташкил қилди. Булар барчаси интернет ороқали амалга оширилмоқда.
Шунинг учун ёшлар ўз манфаатларини интернет орқали ҳимоя қиляптими, деган саволга ҳа, ҳимоя қиляпти, деб жавоб беришимиз мумкин. Улар бу ишни зўрлик ишлатмаслик йўли билан қилмоқда. Улар бу ишни ахборот кампаниялари, медиа-каналлар орқали қилмоқда. Улар фикрларини, ғояларини имкон қадар кўпроқ одамларга етказиш учун турли платформаларни танламоқда. Албатта, шу маънода интернетни “сарафан радио” (хабарларни тарқатишнинг оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган шакли) деб айтиш мумкин, у орқали ҳар қандай хабар бир неча сония давомида тарқаб кетади.
Ҳозирги кунда ҳатто ҳокимият ҳам, айниқса, Facebook’да чоп этилган постларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Тожикистонда Facebook ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос жарчисига айланди, чунки ўша муаммолар медиа оламида баралла айтилмоқда.
Одамлар социум – жамиятда мавжуд муаммолар ҳақида гапира бошлади. Агар ўша муаммолар ҳақида тегишли идораларга бевосита мулоқот билан чиқиладиган бўлса, одамлар мурожаатига жавоб ёки қарор ола билмайди. Аммо муаммо медиа оламида кўтариб чиқилиши биланоқ акс-садо беради, ўша заҳотиёқ кўчириб босилади ва қарабсизки – масала ҳал.
Яна қайтараман, мен бу масалани яхши биламан, чунки ўсмирлар билан кўп ҳамкорлик қиламан, улар ҳали мактаб ўқувчиси бўла туриб, ота-оналари билан теппа-тенг пул ишлаб топишнинг ҳам уддасидан чиқмоқда. Молиявий жиҳатдан мустақил бўлмоқда. Ёшлар бундай хулқ-атворнинг ғарбча моделини ўзлаштириб олмоқда, унга кўра, чўнтак харажатларинг пулини ўзинг ишлаб топишинг керак. Фикримча – бу субъектив қараш бўлиши ҳам мумкин – кичик харажатлари учун ўзи мустақил пул ишлаб топаётган авлод инфантил бўлиши мумкин эмас, чунки инфантил деб 50 ёшгача ота-онаси билан яшаган, уларнинг қарамоғида бўлган ва қандайдир эҳтиёжлари қондирилишини ота-онасидан талаб қиладиган кишиларга айтилади. Улар [пул ишлаб топаётган ёшлар] бир мақсад йўлида бирлашади, бу харсангларни – бюрократия тошларини медиа олам орқали жойидан суриб ташлайди. Шунинг учун булар барчасини кўриб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирги ёшлар қўлида олдингиларникидан кўра кўпроқ восита бор. Биз мутлақо ўзига хос замонда яшаяпмиз. Бу фақат ёшлар учун эмас, биздай нисбатан каттароқ авлод учун ҳам жуда ажойиб замондир.
Дониёр Мўлдакан:
– Назаримда, ушбу мавсумда кўпроқ фойдали ахборот олдик, ҳамиша қизиқарли ва ўз соҳасининг нуктадони бўлган меҳмонларимиз билан бирга мамлакатларимиз ёшларининг ўз келажагига қаратилган режалари, умидлари ва кутилмаларини муҳокама қилдик. Лекин шуни ҳам айтиш зарурки, ёшларнинг сиёсатдаги бевосита иштироки истиқболи унчалик равшан эмас. Социологлар таъкидлашича, бу – нормал ҳолат, чунки ёш авлод кўпроқ ҳаёт ташвишлари билан банд ва ота-оналарининг гапига қулоқ солади, улардан катта оилага эга бўлиш ва анъаналарни ҳурмат қилиш истагини қабул қилиб олмоқда.
Меҳмонларимиз айтаётганидай, интернет олами реал оламдан унчалик фарқ қилмайди – интернет ёшларнинг қон-қонига сингиб кетган деб айтиш мумкин. Улар ахборотни барча форматларда интернетдан олмоқда. Буни ёмон ҳам, яхши ҳам деб айтиб бўлмайди, чунки бугунги вазият шундай. Тожикистонда ҳокимият ҳатто интернетга киришни чеклашга қўрқмоқда, чунки бунинг фойдаси йўқ. Лекин ёшлар ижтимоий фаолият билан шуғулланмоқда – ёш фаолларнинг талабгорлик лойиҳалари ҳақида барча меҳмонларимиз айтиб ўтди – улар оғриқ, зўравонлик ва адолатсизликка жим қараб тура олмайди, буни жуда нозик ҳис қилади. Шу масалада интернет уларга ёрдам бермоқда ва асло улардан инфантил одамлар, киборглар ёки роботлар ясаётгани йўқ… Ҳар ҳолда, ҳозирча…
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] K-pop (ингл. Korean pop) – Кореяда пайдо бўлган ва Ғарбнинг электропоп, ҳип-ҳоп, рақс мусиқаси ва ритм-н-блюз сингари жанрлари қоришувидан ташкил топган мусиқа жанри.
[2] VPN (ингл. Virtual Protected Network) – виртул ҳимояланган тармоқ.