Сурат манбаси: theoryandpractice.ru
Муаллиф: Ирода Шамсиева – тарих фанлари номзоди, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти
Кейинги пайтда жамиятимиз “уят” сўзини тез-тез ишлатаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу, шубҳасиз, сўз эркинлиги ва либерал фикрлашга йўл очилгани, ошкоралик тамойилларига амал қилинаётгани маҳсули. Медиа-маконда ҳам мазкур тушунчага тааллуқли жуда кўп баҳс-мунозаралар кўзга ташланмоқда. Кимдир бунда фақат зарарли, яъни ҳаддан зиёд архаик мазмунни кўрса, яна кимдир уят ва андишани вестернизацияга қарши курашишнинг ягона самарали воситаси деб ҳисоблайди.
Ушбу мақолада муаллиф “уят” феноменининг тарихий мазмуни ва унинг сўнгги бир неча ўн йилликда кузатилган трансформацияси ҳақида сўз юритган.
Маълумки, ҳар қандай жамият турли стереотиплардан иборат. Ва кўп ҳолларда айни омил жамият аъзоларининг хулқ-атвор моделини шакллантиради. Ўзбекистон жамияти, асосан, шарқона анъаналар негизида шаклланганлиги барчага маълум. Табиийки, тарихий жиҳатдан ахлоқ-одобнинг ёзилмаган шарқона қонунлари бор. Шулар орасида уят тушунчаси жамиятимиздаги мустаҳкам қолипларнинг асосий таркибий қисмларидан биридир. Зеро, бир неча юз йиллардан буён кишиларни уят концепцияси бошқариб келмоқда. Уни ҳатто бизнинг маданий кодексимиз деб ҳам таърифлаш мумкин. Абдулла Қаҳҳорнинг бундан ярим аср аввал битилган “Уят” (1966) номли фиқрасида ушбу феноменга дахлдор қуйидаги фикрлар айтилган: “Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилгандагина жиноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса ҳамиша одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди. Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади.”
Дарҳақиқат, уят, бир донишманд таъбири билан айтганда, виждоннинг сиртқи кўриниши. Уятсизлик билан беадаблик, ахлоқсизлик билан жинояткорлик орасида қалин девор йўқ, буларнинг бари виждонсизликнинг турли босқичларидир.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса уят тушунчасининг 4 хил маъноси қайд этилган:
- Ўз қилмиши, хатти- ҳаракатидан хижолатлик ҳисси; номус.
- Ахлоқ-одоб, таомил талабига тўғри келмайдиган, унга зид иш, хатти-ҳаракат ва шу кабилар.
- Уят бўладиган, уятли.
- Уятли иш, ҳаракат, ҳолат кабиларни алоҳида таъкидлаш, қайд этиш учун қўлланади.
Мақола контексти моҳиятан тўртинчи изоҳга тўғри келади. Фикримизча, “уят” одамларнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолияти, дунёқараши ва ўзаро муносабатларини белгилаб берувчи мезон. Шу ўринда инсоният тарихида уят тушунчаси қачон пайдо бўлган, деган савол туғилади. Мазкур саволга жавоб топилмагани ва бу тадқиқот учун алоҳида мавзу экани боис, айни масалага тўхталишни жоиз деб билмадик.
Жамиятимизда болаликдан бошлаб уят ҳақида гапирилади. Бу тушунча, айниқса, қиз болаларга жуда кўп уқтирилиб, уларнинг онгида “уят бўлади” деб номланган махсус программа шакллантирилади.
Мақола мавзуси уят феноменининг трансформацияси хусусида эканлиги боис, ушбу категорияни тарихий контекстда таҳлил қилиш ўринлидир. Хўш, яқин ўтмишимизда қандай ҳолатлар уят ҳисобланган?
Қиз болалар ва аёлларга нисбатан: жамиятдаги қолипларга мос келмайдиган хатти-ҳаракатлар қилиш, яъни, ўғил болаларнинг ўйинлари билан машғул бўлиш; маҳаллада истиқомат қилувчи қизнинг тонг саҳарлаб ҳовлию кўчаларни супурмаслиги; қиз боланинг спортчи, раққоса, актриса ёки қўшиқчи каби касбларни танлаши; раҳбарлик лавозимини эгаллаш ва касбий ўсишга интилиш; хорижда ўқиш ёки ишлаш; уйга кеч қайтиш; сўкиниб гапириш; сигарета чекиш ва спиртли ичимлик истеъмол қилиш, шим кийиб, сочни калталатиш, ҳаддан зиёд пардозга берилиш ва бошқалар.
Ўғил болалар ва эркакларга нисбатан: ўғил боланинг қизлар бажарадиган юмушларни бажариши; рўзғорни тебратмаслиги; ҳарбий хизматни ўтамаслиги; аёл кишига қўл кўтариши, гулли кўйлак кийиб, соч ўстириш ва бўяш кабилар.
Ёшларга нисбатан: ёши катталарнинг йўлини кесиб ўтиш ва уларга салом бермаслик; кўчада баланд овозда гапириш ва кулиш; кекса ота-онага ғамхўрлик қилмаслик, ота-она ҳаётлигида мерос талашиш, ёш оиланинг ажрашиб кетиши.
Бу рўйхат жамиятимизнинг барча жабҳаларини тўлиқ қамраб олмаганлиги боис, уни яна тўлдириш мумкин.
Жамиятимизда, шунингдек, урф бўлган қатор маросимларга нисбатан ҳам уят сўзи қўлланган. Масалан, никоҳ ва тўй маросимлари хусусида фикр юритадиган бўлсак, қиз болани узатаётганда ётоқхонаю меҳмонхона жиҳозлари, ўрин-кўрпа ва идиш-товоқлар, қудалар ва уларнинг қариндошларига бош-оёқ сарпо қилмаслик, юртга ош бермаслик, фотиҳа тўйи, қиз базми, кўп сонли (камида 200 кишилик) никоҳ кечаси, келин-салом, чарлари, қовурдоқ, бешик тўйи, чиллагразон сингари тадбирларни ўтказмаслик, мана шу тадбирларда қуда томонга юбориладиган тоғоралар сони камлиги уят саналган. Дафн маросимларида эса етти, йигирма, қирқ, йил оши, пайшанбалик, якшанбалик, қорёғди, мавлуд каби маросимлар, Рамазон ва Қурбон ҳайити муносабати билан уч кун эшик очиб ўтириш каби тадбирларни ўтказмаслик уятга йўйилган.
Дарвоқе, “уят” бизга умримиз давомида ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Ва шунинг билан бирга нима уят ва нима уят эмаслигини ҳал қилиш ҳуқуқига даъвогар “уятмен”лар ҳам бор.
Сўнгги пайтда кундалик ҳаётимизга “уятмен” деб аталмиш янги сўз кириб келди. Уятмен ким? Викилуғатда унга қуйидагича таъриф берилган: анъанавий ахлоқий меъёрларга риоя қилиш учун курашувчи киши. “Уятмен” сўзининг этимологиясига келсак, 2016 йилда олмаоталик карикатурачи Мурат Дилманов Қозоғистонда мэмга айланган “Уятмен” номли мультфильмлар сериясини яратган эди.
Уятменнинг прототипи Талгат Шолтаев бўлиб, у “Севишганлар” композициясидаги қиз ҳайкалининг устига рўмол ташлаган ва бу ҳаракати билан нафақат ҳайкалнинг, балки барча қозоғистонликларнинг ахлоқ-одобини “таъминлаган”. Гап шундаки, Талгат Шолтаев ва унга ўхшаш “уятмен”лар наздида қиз ҳайкали қозоқ аёлларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказган, зеро, аёл киши уларнинг фикрига кўра, камтар ва сипо кўриниши керак.
Аслида, уят – бу ахлоқ ва одоб, яхши ва ёмон борасидаги фикрларимиздир. Ҳар қандай жамиятда ахлоқ-одобга доир жуда кўп мунозаралар бўлади. Шу билан бирга, ахлоқ-одоб тушунчасини ўзгача талқин қилишга интилувчи “ахлоқшунос” ёки “уятмен”лар ҳам етарли. Жамиятимизда “уятмен” тушунчаси пайдо бўлган бир вақтда Ғарбда “моралфаг”лар вужудга келди. Уларнинг ахлоқ-одоб учун кураши бироз фарқли, яъни бизнинг уятменлар, асосан, аёллар ва ёшларнинг ташқи қиёфаси билан банд бўлишса, моралфаглар жамиятдаги иллатларга, яъни, болалар порнографияси ва ҳайвонлар мўйнасини ишлатишга қарши кураш олиб боришади.
Гап шундаки, уят ҳақида гапирилганда, асосан, унинг бугунги воқеликка мослаштирилмаган тарихий контексти назарда тутилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ахлоқ – бу динамик тушунча ва ахлоқ меъёрлари доимий равишда янгиланиб боради. Яъни, бугун уят бўлган нарса эртага ўта табиий қабул қилиниши мумкин. Юқоридаги рўйхатда уятли иш деб ҳисобланган нарсалар бугунги кунда трансформацияга учраб, уятли бўлмай қолди. Масалан, никоҳ тўйи билан боғлиқ оқўрар, фотиҳа, қиз базми ва чарлари ўтказмаслик, кам сонли меҳмонлар иштирокидаги никоҳ тўйи, тоғоралар сони, дафн маросимининг икки ёки учта тадбир билан тугатилиши уят эмас. Жамиятимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий-маърифий ҳаётида юз бераётган туб ўзгаришлар кишилар онгу тафаккури янгиланишига, ҳуқуқий маданият ўсишига сабаб бўлмоқда. Тўй билан боғлиқ ортиқча тадбирларга сарф қилинадиган харажатларнинг беҳуда эканлигини англаб етган ота-оналар орттирган маблағларини ёш оиланинг рўзғорини бутлашга ажратмоқда. Ёки уй анжомларини келин тараф олиб келмаслиги ҳам уятли саналмай қолди. Бу жамият кишиларининг диний-маърифий онги юксалганидан далолатдир. Зеро, барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканлигини таъкидлашган.
Бугунги кунда қиз бола ёки аёл кишининг эркаклар касбини эгаллаши ҳам уятли эмас. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда аёллардан иборат кўплаб футбол жамоалари мавжуд.
Аслида, ҳар биримизнинг оммага маълум бўлган юриш-туришимиз, ҳаёт тарзимиз жамоатчилик назоратида ва бу бир-биримизни танқид қилиш, уятли хатти-ҳаракатларда айблаш учун очиқ майдондир. Боз устига, бугун ижтимоий тармоқлар бу борада қўл келувчи қўшимча ресурс вазифасини бажармоқда.
Инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсиз эканлиги ва сир тутилгани туфайли у ердаги ахлоқий бузуқлик, оилавий зўравонлик ва шунга ўхшаш номақбул хатти-ҳаракатлар аксарият ҳолларда назардан четда қолиб кетади. Яъни, жамиятимизда шахсий ва оммавий деган тушунча аниқ ажратиб қўйилган. Мисол учун, эр рафиқаси ва фарзандларини камситса, ҳақоратласа, калтакласа, бундай ҳолатни қўшнилар билишса ҳам, сукут сақлашади, чунки оилавий можарога аралашиш уят ҳисобланади. Аслида, бу ҳақида милицияга хабар бермаслик, ушбу вазиятга бефарқ қараш уят бўлиши керак.
Айтиш жоизки, она тилимизда уят сўзининг бошқа тиллардан фарқли ўлароқ, бир қанча синонимлари мавжуд: ор, номус, андиша, ибо, шарм, ҳаё, иффат, шаън, орият, истиҳола. Ҳар бирида ўзига хос маъно-мазмун мужассам. Шарм-ҳаёлилик инсонни тубанлашиб кетишдан сақлайди. Буларнинг бари қон-қонимизга сингиб кетган, ўзлигимизни англатувчи, минг асрлар оша замон ва макон ўзгарса ҳам трансформация бўлмайдиган миллий коддир. Мисол учун, бошқа халқларда бўлгани каби ота-онага “сен” деб мурожаат қилиш, ёши катталарга салом бермаслик, нон ва таомга нисбатан беҳурматлик, дафн маросимларига бормаслик каби хатти-ҳаракатлар бизнинг халққа бегона. Яъни, бу ерда андиша деган юксак ахлоқий қадрият кучга кириб, инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини белгилаб берувчи мезон вазифасини ўтайди.
Хулоса шуки, бугунги жамиятда уят тушунчаси ахлоқ кодекси ўрнини эгаллаб, бир томонлама характер касб этадиган бўлиб қолди. Ачинарли томони, у фақат ёшлар ва аёлларга нисбатан қўлланмоқда. Бунга сабаб, “уят” тушунчаси баъзи ҳолларда инсон ҳаётининг қадр-қиммати у қадар баланд саналмаган ўрта асрлар даражасидаги тушунча сифатида баҳоланишидир. Фикримизча, юксак технологиялар ва инсон олий қадрият ҳисобланган XXI асрда “уят” концепциясини янгича маъно билан тўлдириш, “уят бўлади”ни ҳукм ўрнида эмас, жойида ва мақсадли ишлатиш долзарб аҳамиятга эгадир.