«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
Подкастнинг “СССРдан кейин туғилганлар” деб номланган 2-мавсум Марказий Осиё мамлакатларида 1991 йилдан сўнг туғилган янги авлод муаммоларига бағишланган. Ушбу мавсумнинг 2-эпизодида минтақа ёшларининг ижтимоий сўровларда берган жавоблари қозоғистонлик ва ўзбекистонлик социологлар иштирокида муҳокама қилинган. Улар: Дониёр Кўсназаров, Бўтакўз Ракишева ва Азамат Сеитов.
Қуйида ушбу подкастнинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан:
– Сўнгги пайтларда Марказий Осиёда ёшлар масалалари бўйича тадқиқотлар билан шуғулланиш ҳолатлари кўпайди. Дарҳақиқат, ёшлар деганда нимани тушунишимиз керак? Кенг маънода улар 1991 йилдан кейин туғилганлар бўлиб, минтақа жами аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Қисқароқ маънода эса – 14 – 29 яшар ва тахминан 1/3 қисмдан иборат ёшлар. Қишлоқлик 14 яшар ўсмир, 20 яшар пойтахтлик талаба ва 29 яшар Москвада ишлаётган меҳнат мигранти – ҳар хил қадрият йўл-йўриқлари ва интилишларга эга турли кишилар. Аммо социологлар Марказий Осиё ёшларининг кўплаб умумий жиҳатлари борлигини айтмоқда.
Биз ушбу эпизодда қозоғистонлик ва ўзбекистонлик социологлар билан суҳбатлашамиз. Дониёр Кўсназаров, Бўтакўз Ракишева ва Азамат Сеитов айрим хулосаларини биз билан баҳам кўради, улар Марказий Осиё ёшлари қадриятларини ўрганишга бағишланган тадқиқотлар ўтказган мутахассислардир.
Дониёр Кўсназаров, қозоғистонлик таҳлилчи бўлиб, ўз вақтида Олмаота Халқ хўжалиги олий таълим муассасасидаги (ОТМ) илмий иши доирасида тадқиқот ўтказди. Дониёр Кўсназаров жамоаси социолог Айман Жусупова ва маркетолог Виталий Ли билан бирга Қозоғистоннинг 5 та шаҳрида 1500 нафар 9 – 11 синф ўқувчиси ўртасида сўров ташкил этди.
Дониёр Кўсназаров:
– Биз Z деб аталувчи авлод муаммоларини ўргандик, улар 1996, янаям тўғрироғи, 1995 – 1996 йилдан сўнг туғилган ёшлардир. Ундан олдинги авлод миллениаллар деб аталади, шартли қилиб олганда, 1985 йилда туғилганлар. Ҳа, улар парадигма[1] ўзгарганини, Совет Иттифоқи инқирозини, мустақил Қозоғистонга ўтиш даврини кўрган. 1995 йилдан сўнг туғилган авлод эса тўлиқ равишда мустақил Қозоғистонда таваллуд топган. Улар бувилари ва ота-оналари ҳикояларидан 90-йиллар қанчалик оғир бўлганини, одамлар қийин ҳаёт кечирганини, чет эллардан товар ташиш ва умуман қизиқ бўлмаган нарсалар билан шуғулланганини билиб олган бўлса ажаб эмас.
Шунга кўра, уларнинг оламни идрок қилиш йўли бошқача. Улар нисбатан очиқ дунёда туғилган. Бу – Iphone ва Youtube даври, ҳозирги кунда жуда оммалашиб кетган ўша TikTok даври. Лекин умуман олганда, бу ахборот истеъмол қилишнинг бутунлай бошқача манзарасидир. Биз уларнинг қадриятларини кўздан кечираётганда, асосий эътиборни қанақа қадриятлари мавжудлиги, таълимга қандай қараётгани, меҳнат пиллапояларидан кўтарилишга муносабатини билишга қаратдик. Тушунганимиз шу бўлдики, улар биринчи навбатда оилани, соғлиқни ва индивидуализмни муҳим деб билади. Булар барчасидан ўзимиз учун чиқарган хулосамиз улар вазият ниҳоятда оғир бўлган 2008 – 2009 йиллар, яъни иқтисодий инқироз юз берган йилларда шаклланган ва ўша пайтда оилалари ва мамлакат иқтисодиёти кўплаб муаммоларга дуч келганини кўрганимиз бўлди. Ҳа, улар оилалари ишлаб топаётган маош камайиб кетаётганини, кимнингдир иш ўрни қисқариб кетганини, кимдир топган пулини тежаб ишлатаётганини ўз кўзи билан кўрган эди Ҳатто ҳозир ҳам оила маблағларининг 50 фоиздан ошиғи озиқ-овқатга сарф бўлиб кетмоқда. Бу минтақа мамлакатлари учун жуда салмоқли рақам. Ривожланган мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотлари харажатлари, нари борса, 10 – 12 фоиздан иборат. Шунга кўра, одамлар пулининг кўп қисмини қандайдир эрмаклар: кинога ёки кафега бориш, кийим-кечакка ёки бошқа нарса, дейлик, фарзандлари учун таълим тўгаракларига эмас, ўзининг тирикчилиги учун сарфлаётганини кўряпмиз. Чиндан ҳам 2008 йил оилаларга, households’га [рўзғорларга] қаттиқ зарба бўлди. Бу барча ёшларга қаттиқ таъсир кўрсатди, улар меҳнат бозори ўлчамсиз нарса эмаслигини, иштаҳани жиловлаш кераклигини тушуниб етди: ота-онам ишидан айрилаётган экан, мен нима қилишим керак? – деган савол кўндаланг бўлди уларнинг олдида.
Бинобарин, бу ёшлар замонавий меҳнат бозоридаги рақобатда кўпроқ ота-онаси, яқинлари кўмагига таянадиган ва орзу-ҳавасларини жиловлаб олган авлодга айланди. Бинобарин, уларнинг таълимга муносабати прагматик ва амалийдир. Улар таълим олишни муҳим деб билади, чунки ўқиса, дипломли бўлади ва наздида диплом ишга жойлашишда ўзига хос кафолат вазифасини ўтайди. Лекин биз биламизки, диплом бугун бунақа восита бўла олмайди. Шунга қарамай, улар ОТМ ўзига максимал даражада амалий билим беришини ва ишга жойлашишда кўмаклашишини кутади. Сўровлар вақтида бунга бот-бот дуч келдик: фикри сўралганлариннг тахминан 90 фоизи ОТМ admissions [қабул комиссияси] сифатида эмас, ишга жойлашишга ёрдам берадиган рекрутинг (ишга ёллаш) маркази ўлароқ ишлашини истаётганини маълум қилди. Бу аввало айни пайтда давом этаётган инқирознинг таъсиридир. Одамлар, бундан кейин нима қилишим керак, катта ҳаётга қадам қўйяпман, қабилидаги саволларга жавоб топиш кераклигини тушунади. Улар ижтимоий тармоқларда нималар рўй бераётганини, одамлар қандай истеъмол қилаётганини, қандай кўнгилхушлик қилаётганини кўриб турибди ва бу ёшларга маълум маънода босим ўтказади, улар [ёшлар] ҳам истеъмол қилишни ва ушбу ижтимоий тадбирларнинг барчасида иштирок этишни истайди ва шунга кўра, унчалик кўп маош тўланмайдиган бўлса ҳам, зўр эмаса ҳам, кундалик эҳтиёжлари, имкониятлари билан боғлиқ харажатларни қоплаши мумкин бўлган иш қидиради…, қарабсизки, кейин ҳамма нарсага кўникиб қолади.
Бинобарин, инқироз ва пандемия оқибатида, айниқса, ёшлар – Z авлод мисли кўрилмаган аҳволга тушиб қолган эди. 2008 йилги иқтисодий инқироз таъсирини назарда тутяпман. Энди эса пандемая уларни қақшатмоқда. Улар меҳнат бозорига чиқиши керак бўлган вақтда мана шу оғир ва тушунарсиз шароитга дуч келмоқда. Бир тарафдан, ҳаммамиз масофадан туриб ишлашга ўтиб олдик. Бошқа тарафдан эса, ҳамма ўзини ўзи иш билан банд қилишга ўтиб кетяпти, айрим кишилар иш ўрнини йўқотмоқда, кафолатланган ижтимоий тўловлар йўқ. Оқибатда бу ҳолат уларга янада кўпроқ босим ўтказмоқда ва барча глобал тадқиқотлар кўрсатишича, бу, жумладан, меҳнат бозорига чиқаётган пайтдаги оғир шароит сабаб ўша авлод энг кўп сиқилган ва руҳий жиҳатдан жуда vulnerable [заиф] авлодга айланиб қолган.
Дониёр Мўлдакан:
– Дониёр, яна шуниси қизиқки, агар инсоният эволюцияси – тадрижи ва турли авлодларнинг қарашларига назар ташласак, бир заиф тамойилга кўзимиз тушади: жамият қанчалик тез ва фаол ривожланса, у либерал қарашларга шунчалик кўп амал қилади ва қандайдир ижтимоий меъёрлар шу даражада тез алмашади. Қозоғистондаги вазиятни кузатиб туриб, Z авлод олдингиларидан ижтимоий меъёрлари ва қадриятлари билан фарқ қилади, яъни улар у ёки бу даражада либерал деб айтишимиз мумкинми?
Дониёр Кўсназаров:
– Менга Роналд Инглхартнинг модернизация, маданий модернизация назарияси ёқади. Албатта, уни танқид қилаётганлар ҳам бор, бироқ умуман олганда, у бир неча ўн йилдан бери изчил равишда қадриятларни ўрганиб келмоқда ва World Values Survey (Умумжаҳон қадриятлар баёни) тадқиқот лойиҳаси жуда машҳур. Унинг фикрича, жамиятда бирор ўзгариш юз бериши учун маълум вақт ўтиши керак, авлодлар алмашиши даркор. Ва энг муҳими, ўша қадриятларни янада материалистик, янада постматериалистик, ўзлигини ифода қилиш нуқтаи назаридан янада либерал қадриятларга алмаштирадиган авлод узоқ вақт мобайнида туғилибгина қолмасдан, моддий, жисмоний хавфсизлик ўз-ўзидан мавжуд бўлиши керак, деб ҳисобланадиган, ишга жойлашиш, маош олиш муаммо бўлмаганда, оила қашшоқ кун кечирмаса, уддабуронлик талаб этиладиган касбни ўқиб-ўрганиш ва ихтисос бўйича иш топиш имкони мавжуд бўлган даврда узоқ вақт шаклланиши ҳам керак бўлади. Инқироз даврида, иқтисодий вазият оғир бўлган пайтда қандайдир қадриятлар, метафизик нарсалар ҳақида ўйлаш ўрнига жамоа бўлиб ўз ҳаётини сақлаб олиш, кундалик маиший ҳаёт ва ҳк.га эътиборни жамлаш сингари омон қолишга интилиш ишга тушиб кетади.
Ушбу назарияни Қозоғистонга нисбатан қўллайдиган бўлсак, бизда постматериалистик қадриятлар сари оғишнинг қисқа даври бўлганини кўриш мумкин. 2008 йилда охирига етган 2000-йиллар даври, такрор бўлса ҳам айтаман: нефть нархларининг юқорилиги ва Қозоғистоннинг ривожланиш йўли ниҳоятда ўзига хос экани, у ҳатто Сингапурнинг тараққиёт йўли билан ҳам рақобатлаша олиши мумкинлиги ва кейинчалик бундан ҳам яхши бўлишига, тараққиёт давом этишига, иқтисодий кўрсаткичларимизни акс эттирувчи тенденция янада юқорилаб боришига кўр-кўрона ишончдан иборат ҳаммадан яхшилигимиз ҳақидаги хомхаёлдан иборат бўлди.
Юмшоқ қилиб айтганда, 2008 йилдан сўнг бу хомхаёллар қаёққадир ғойиб бўлди, ўша хомхаёллар пуч бўлиб чиққани учун ҳалигача ўзимизга кела олмаяпмиз. Оқибатда ўзига хос орқага кетиш юз берди, шу сабабли Қозоғистонда жамоа қадриятлари, кўпроқ анъанавий бўлган қадриятлар устун келди. Аммо 2000-йиллардаги тамойил давом этган тақдирда ҳам, Z авлод максимал даражада либерал, максимал даражада космополит авлод бўлар эди.
Лекин айтиб ўтганимдай, ҳозир қозоқ жамияти айрим либерализм, айниқса, бағрикенглик аломатлари бор консерватив жамиятлигича қолмоқда. Ижтимоий тармоқларда ЛГБТ қадриятлари хусусида кўп ёзилаётгани ва кўп гапирилаётгани учун улар одамларга мана шу бағрикенгликни юқтирмоқда. Ҳозир феминизм қадриятлари ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Булар барчаси ҳар қандай ҳолатда ҳам Z авлоднинг баъзи фазилатларини шакллантиради. Лекин барибир анъанавий қадриятлар устунлик қилмоқда.
Дониёр Мўлдакан:
– Дониёр, сиз билан ушбу авлоднинг ўзи яшаб турган жамиятга ва янада қизиқроғи ҳокимиятга муносабати ҳақида гаплашсак, нима дейсиз?
Дониёр Кўсназаров:
– Ҳокимият – муҳимроқ масала, чунки гапимнинг индаллосида айтиб ўтганимдай, ёшлар бир президент раҳбарлигида, битта сиёсий тизим ичида яшашга ўрганиб қолган, ҳокимият алмашгани эса Z авлодга ҳам, миллениалларга ҳам кучли таъсир кўрсатди.
Олмаотада содир бўлган сиёсий фаолликни ҳаракати, тағин қандайдир сиёсий ҳаракатлар пайдо бўлганини) кўрдик. Лекин умуман олганда, бу барчамиз учун, бутун Қозоғистон жамияти учун, айниқса, Z авлод учун улкан тарихий воқеа бўлди, деб биламан, чунки бу воқеалар уларнинг энди шаклланаётган ва барча ахборотни миясига сингдириб олаётган ёшлик даврига тўғри келди. Улар бошқа сиёсий тизимда ҳам ҳаёт мавжуд эканини тушуниб олди.
Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Z авлод…, албатта ҳокимият бир қўлдан иккинчисига ўтгандан сўнг муайян силжиш рўй берди, лекин умуман олганда, бу – ҳеч нарсага қизиқмайдиган авлод, Қозоғистонда сиёсий жиҳатдан бирор нарсани ўзига боғлиқ деб ҳисобламайди. Сўровнома натижаларидан маълум бўлишича, бу худбин ва бошқаларга ёрдам беришни энг кам истайдиган авлод бўлиб, кўпроқ индивидуализмни, ўз профессионализмини оширишни ва шахснинг меҳнат бозорида рақобат қилишини ёқлар экан.
Шу маънода 2019 йили рўй берган воқеалар ва ҳозир ўзимиз гувоҳ бўлиб турган вазият Z авлоднинг офлайн, яъни реал ҳаётдаги сиёсий фаоллигига бирор тарзда таъсир кўрсатмабди. Бироқ онлайн тарзда, айниқса, Instagramда бу авлоднинг сиёсатга, шаҳар муаммоларига, атроф муҳит муҳофазасига ва энг муҳими, феминизм, гендер муаммоларига қизиқиши ортиб бораётганини кўряпмиз – булар барчаси бўлаётган нарсалар. Назаримда, булар барчаси қандайдир узоқ муддатли офлайн стратегияга айланиб кетиши хусусида гапиришга ҳали эрта. Аммо умуман олганда, рўй бераётган воқеаларни идрок этиш ва тушуниб олишга интилиш тамойили мавжуд. Бунга Остона шаҳрининг Нур-Султон деб ўзгартирилиши туртки бўлиб хизмат қилди. Бу Z авлодга улкан ва муҳим awareness-эффектини (хабардорлик эффекти) берган муҳим сиёсий воқеа бўлди.
Дониёр Мўлдакан:
– Умуман олганда, сиз бундай хулосаларга тадқиқотингиз давомида келдингизми? Z авлод билан олдинги авлодлар ўртасидаги принципиал фарқлар борлигини англатадиган бирор нарсани кўрдикми? Бирор нарса, билмадим, балки бу қандайдир майда нарса бўлиши мумкин…
Дониёр Кўсназаров:
– Аслида у қадар кучли натижаларни кўрганимиз йўқ. Фақат тушунганимиз шу бўлдики, қайтариб айтаман, авлодни жамиятдан, унда устувор бўлган қадриятлардан, мамлакатда мавжуд тамойиллардан, энг муҳими, мавжуд иқтисодий шароитдан ажратиб олиб қарамаслик керак. Фикримча, ёшлар муаммоларини тадқиқ қилишда сиёсий иқтисоддан деярли фойдаланилмаяпти, ушбу муаммоларга айнан шу нуқтаи назардан қараш айни муддао бўлар эди. Бунда кўпроқ социологик қараш устунлик қилмоқда, бу – аслида, тўғри, чунки авлодлар назариясини социологлар, ўша Карл Мангейм яратган, у социологиянинг йирик назариётчиси ҳисобланади.
Лекин назаримда, авлодларни, энг муҳими, келажакда турли жамиятлар кесимини, бир жамиятдаги турли авлодлар кесимини айнан турли соҳалар тадқиқотчилари, биринчи навбатда иқтисодиёт интеграцияси орқали чуқурроқ тушуниб олиш [зарур бўлади]. Гап яна айланиб, зарур бўлган экспертизага бориб тақаляпти. Албатта, тағин маркетинг ҳам, асосийси, ижтимоий тармоқлар тадқиқоти ҳам муҳим.
Бундан 1 ёки 2 ой олдин “Digital Russian Studies” (“Россиянинг рақамли ахборот маконини тадқиқ қилиш”) китобига кўзим тушган эди, унинг муаллифлари рақамли Россияни тадқиқ қилаётган илк мутахассислардир. Ҳали Марказий Осиё бўйича бундай тадқиқотлар йўқ. Бизда ҳали Марказий Осиёда фаолият кўрсатаётган Instagram, Facebook, TikTok ёки Youtube ҳақда тадқиқотларла қўл урилмаган. Бу – жуда йирик соҳа, агар кимдир уни ўрганишга қизиқса, машҳур бўлиб кетиши баробарида ушбу соҳани илк тадқиқ қилган пионерга ҳам айланади.
Келажак – фанлараро тадқиқотларники. Z авлод, бир тарафдан, жамиятимизга тутилган ҳар томонлама ва кенг кўламли линзадир, чунки биз Марказий Осиёда нарсаларга кўпинча “қишлоқ – шаҳар”, эркак – аёл”, “ёшлар – катта ёшлилар”, “ўзини банд қилган – ўзини банд қилмаган” кесимида қараймиз – бор-йўғи, шу. “Қозоқ тилида сўзлашувчи – рус тилида сўзлашувчи”, “йирик шаҳар – кичик шаҳар” – бор-йўғи, шу. Ўша ёшларнинг ичида ҳам яна қандай бўлинишлар бор? Бу ҳақда бошимизни оғритиб ўтирмаймиз. Ваҳолонки, 14 яшар билан 29 яшар одам ўртасида катта тафовутлар бор. Лекин бу (14 – 19 ёш) ёшларга тааллуқли расмий тоифа ҳисобланади. Назаримда, ушбу тадқиқотларни давом эттириш даркор. Бу иш билан шуғулланишни истаган ташаббускорлар бўлса, нур устига аъло нур бўлур эди.
Дониёр Мўлдакан:
– Биринчи сўзловчимиз таъкидлашича, бир неча инқироздан сўнг ҳозирги ёшлар учун ўзи қизиқадиган ишни топиш иқтисодий барқарорлик ёки уй-жой сотиб олиш масаласи катта ёшли авлодларга нисбатан анча мураккаб бўлиб қолган. Ўзбекистонда демографик жиҳатдан ёшлар янада кўпроқ ва бу масалалар янада долзарб бўлиб турибди. Навбатдаги сўзловчимиз социология фанлари доктори, Тошкент миллий университети доценти Азамат Сеитов ўз фикрлари билан ўртоқлашади.
Азамат Сеитов:
– Мен бу ерда социолог ва тадқиқотчи сифатида ўз нуқтаи назаримни билдиряпман. Албатта, муаммолар ҳақида сўз кетганда, бандлик бўйича ҳар йили, доимий тарзда тадқиқотлар ўтказиб турилиши керак, чунки, масалан, бизнинг жамиятимиздаги демография структурасида бунга ўз-ўзидан зарурат бор. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизга яқини – 20 миллиондан ошиғини ёшлар ташкил қилади.
Яна бир энг муҳим тамойиллардан бири урбанизация – шаҳарлашувдир, яъни илгари Ўзбекистон қишлоқ ва аграр мамлакат саналиб келган бўлса, жорий йил бошига келиб, расмий статистика бўйича 17 миллионга яқин киши шаҳар аҳолиси ҳисобланадиган бўлди. Айни чоқда “урбанизация” ва яна “урбанизм” тушунчаси бор. Бу шаҳарларга, Тошкентга кўчиб келган қишлоқ аҳолисини англатади. Улар ахлоқнинг ижтимоий меъёрлари ва ҳк.ни қабул қиляптими?
Биз учун айни пайтда долзарб бўлган учинчи муаммо меҳнат миграциясидир. Бизнинг мамлакатда ҳар йили деярли 500 минг киши меҳнат бозорига чиқмоқда. Афсуски, уларнинг фақат 10 фоизга яқини олий таълим тизимига ўқишга киради. Ва Худога шукрки, сўнгги 3 – 4 йил ичида Ўзбекистонда олий таълим соҳасида анча-мунча бурилиш бўлди: биз олимлар узоқ вақтдан бери бонг уриб келган нарса амалга оша бошлади. Ёшларни олий таълим билан қамраб олишни кенгайтириш бошланди, яъни олий таълим тизимида хусусий бизнес билан шерикликка рухсат берилмоқда, ОТМ филлиаллари сони ортмоқда ва ҳк.
Назаримда, тадқиқот ўтказилиши шарт бўлган энг муҳим масалалардан бири сифатида гендер тенгсизлиги муаммоларини санаб ўтиш мумкин. Бу борада яқинда ЮНИСЕФнинг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан бирга ўтказган тадқиқоти татижалари эълон қилинди. Ундан аниқ-тиниқ маълум бўлишича, сўровномада иштирок этган ёшларнинг 5 фоизи на бирор жойда ўқийди ва на бирор жойда ишлайди ёки улар мактабни битиргандан сўнг ҳеч қандай касб тайёргарлигини ўтаётгани йўқ.
Дониёр Мўлдакан:
– Ўзбекистон бўйича гапиряпсиз, шундайми?
Азамат Сеитов:
– Ҳа, улар, жайдари қилиб айтганда, кўчада қолиб кетмоқда. Бу ҳам етмагандай, 18 ёшдан ошган аёллар орасида ушбу кўрсаткич 74 фоизгача ўсиб кетади, бу гендер билан боғлиқ жиҳат акс этган кўрсаткичдир. Албатта, бу ўринда айни масалага анъанавий қадриятлар, оилавий ва муайян диний қадриятлар аниқ таъсир этаётгани ҳақида ҳам сўз юритиш лозим. ЮНИСЕФнинг ушбу тадқиқоти далолат беришича, бу интернетга уланиш ахборот технологиялари (АТ) билан боғлиқ кўникмаларга (шунақа деб айтиш мумкин бўлса керак) эга бўлиш маъносидаги гендер тенгсизлигини, қизларнинг деярли 70 фоизи интернетдан фойдаланмаётганини кўрсатади. Ёш йигитлар ўртасида эса бу кўрсаткич фикри сўралганларнинг 1/3 қисмини ташкил қилади. Айни ҳолат Ўзбекистондаги йигит-қизлар кўпроқ ахборот олаётганидан далолат бармоқда.
Дониёр Мўлдакан:
– Ўзбекистонда ёшлар кўп бўлгани сабабли улар сиёсатда ҳам, сиёсий партияларда ҳам, жамоат ташкилотлари ва ҳк.да ҳам кўзга ташланиб туради.
Азамат Сеитов:
– Улар фуқаролик бурчини бажармоқда, масалан, сайловда овоз бериш учун бормоқда, у ёки бу сиёсий партияга аъзо бўлиб кирмоқда. Адашмасам, 7 миллиондан ошиқ ва 8 миллионга яқин ёшлар турли хил грант олиб ишловчи ва давлат таъминотидаги ёшлар тузилмаларига бирлашган, яъни улар фуқаролик [бурчи]ни бажармоқда, лекин биз масъулият, муайян шарқча ўзига хослик мавжудлигини тушунишимиз керак.
Келинг, бир тасаввур қилиб кўрайлик: қайсидир сиёсий партия – шартли қилиб, уни ўзим аъзоси бўлган либерал демократлар партияси деб атайлик – сизни ёшлар вакили сифатида номзод қилиб кўрсатди. Ва сиз, дейлик, анъанавий маҳаллага борасиз. Сизга қарши 20 йилдан бери ўша маҳалладаги ўқувчиларга сабоқ бераётган мактаб директори қарши номзод сифатида илгари сурилади. Қанчалик зўр юрист бўлманг, қонунчилик соҳасида қанчалик ишингиз устаси бўлманг, ўша ерда ғалаба қозонишнинг умуман иложи йўқ. Натижада профессионал парламентга мактаб директори ўтади, аммо профессионал парламентга мактаб директоридан кўра профессионал ёш юристлар керак.
Илгариги Совет Иттифоқининг ижтимоий муносабатларига ўрганган киши бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимига кўникиб қолган бўлади. Айрим чет элларда, Ғарбнинг етакчи ОТМда ўқиб келган ёшлардан фарқли ўлароқ, ҳақиқий демократик механизм реал ҳаётда қандай амал қилишини кўриб турганингизни мен либерал сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Албатта, биз учун айнан шундай демократик механизмларни жорий қилаётган жамият жозибадор бўлиши турган гап.
Дониёр Мўлдакан:
– Азамат, Ўзбекистон ёшлари жуда кўп сонли ва ранг-баранг: қишлоқ ёшлари бор, талабалар бор, тадбиркорлар, мигрантлар ва ишсизлар бор. Сизнингча, уларни бир-биридан нималар ажратиб ва нималар бирлаштириб туради?
Азамат Сеитов:
– Катта раҳмат. Менимча, бу жуда яхши савол бўлди. Биринчи навбатда ёшлар, уларни бирлаштириб турган нарсалар ҳақида гапирадиган бўлсак, мен гапни бошқароқ нарсадан бошлаган… мавзуни бир оз ўзгартирган бўлар эдим. Айтмоқчиманки, ёшларни бирлаштирадиган нарса – социологлар, олимларимиз бунга қўшилмайди ва уларнинг фикри бундан фарқ қилади. Улар ёшларимизни биринчи навбатда ахборот-коммуникация технологиялари бирлаштира бошлаганини иддао қилмоқда. Ҳамма ёшлар ҳам интернетга кира олмайди, лекин мобил алоқа қамрови кенг, смартфон сотиб олаётганлар сони жуда кўп. Шахсий социологик кузатувларимдан келиб чиқиб, айтмоқчиманки, бу осон нарса эмас, у, бир тарафдан, ёшларни бирлаштиради, лекин шу билан бирга, ўзаро бегоналаштиради ҳам.
Илгари бизнинг давримизда авлодлар ўртасидаги зиддият ҳақида “бобо – набира” даражасида гапириши мумкин эди, чунки ота билан бола ўртасида бу зиддият унчалик сезилмаган. Энди эса 30 ва 40 ёшлилар даражасида ўзаро узоқлашиш кўзга ташланмоқда, яъни бир оилада 2 та бир-бирига ўхшамаган авлод яшамоқда. Чунки бир авлоднинг гапираётган гапи бошқа авлод вакиллариникига тўғри келмайди. Интернет технологиялари, АКТ (ахборот-коммуникация технологиялари) бир тарафдан, ёшларимизни бирлаштираётган бўлса, бошқа тарафдан, уларни бир-биридан ажратиб қўймоқда. Нега? Сабаб шундаки, замонавий АКТ мамлакатимиз Ўзбекистондаги социумга кучли таъсир кўрсатадиган 2 та муҳим жиҳат: 1) анъаналаримиз ва 2) диний тутумларимизга ҳам кириб келмоқда.
Қўлимдаги социологик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг деярли 96 – 97 фоизи диндорлар, шуларнинг тахминан 85 – 88 фоизи этник мусулмонлардир. Ҳатто ҳар учинчи киши ушбу меъёрларга риоя қилган тақдирда ҳам, Ўзбекистон аҳолисини тақрибан 1/3 қисми мана шу расм-русумлар ва ҳк.га амал қилаётган бўлиб чиқади.
Мафкуравий жиҳатдан ислом дини ютмоқда. Нега айнан ислом дини ютмоқда? Чунки ушбу дин бугунги куннинг энг мураккаб саволларига ҳам энг оддий жавобларни беради. Йигит ёки қиз қандай савол беришидан қатъи назар, ислом у ёки бу даражада соддалаштирилган қарашни баён қилади, ҳамма гап ушбу жавобларни ёшларга ким талқин қилиб бераётганида.
Дониёр Мўлдакан:
– Азамат, ёшларнинг портретини чизишга уринсак, ёшлар нимани устувор деб билади; улар нималарга қизиқмоқда, деган саволлар қизиқтириши табиий. Мабодо ўша саволларга жавоб берадиган бўлсак, қандай манзарага эга бўламиз?
Азамат Сеитов:
– Рухсатингиз билан бир қилган ишимиз ҳақида гапириб ўтсам: бир оз вақт олдин сиёсатшунос Б. Эргашев билан ҳаммуаллифликда ёшлар ҳақидаги “Узбекистан на основе социологического опроса” (“Ўзбекистон ижтимоий сўров асосида”) деб номланган китобимиз чоп этилган эди. Биз бу китобда улкан социологик тадқиқотга таянган ҳолда, ёшларни нима қизиқтириши ва қандай қизиқишлари борлиги билан боғлиқ муайян социологик портретни келтирганмиз.
Биринчи навбатда ва айтилиши мумкин бўлган энг қизиқ гап шуки, мамлакат ёшлари саломатлиги ҳақида кўп куюнади. Биз буни ижобий ҳолат сифатида қайд этдик. Шунинг учун, назаримизда, бу соғлом турмуш тарзи кечиришга шароит яратиш учун шу ҳақда бош қотираётган давлатларнинг ижобий қадамидир.
Иккинчидан, ижтимоий портрет ҳақида гапираётганимизда, ёшларнинг қизиқишлари, ҳаёт тарзига оила ўта кучли таъсир кўрсатади, деб айтиш мумкин, чунки Ўзбекистон ёшларини анъанавий ҳаёт тарзи бирлаштириб туради. Ўзбекистонда йигит ёки қиз қатъий тарзда оила манфаатларига қараб иш тутади. Жинсий маданият, жинсий муносабатлар – жуда нозик масала. Социологик маълумотлар далолат беришича, деярли ҳар тўртинчи кишига бу ҳақда гапириш ўзига ноқулай экан. Бу нима дегани? Бу ушбу мавзуга қайсидир маънода тақиқ борлигини англатади. Айни ҳолатни ижобий дейиш мумкинми? Албатта, анъанавий жамиятда бу саволга, ҳа, деб жавоб бериш мумкин. Лекин шу ўринда ахборот жамияти сари ҳаракат қилаётганимизни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак. Янги ахборот жамиятида эса бу имтиёз бўладими ёки камчиликми? Мана шу савол бундан буён анъанавий жамиятимиз олдида кўндаланг туриши шарт.
Мамлакатларимиз ресурслар (нефть ва газ ресукрслари ва ҳк.) муҳим бўлмай қолаётган тўртинчи саноат инқилобига қадам қўймоқда. Олдимизда ёшларни унга тайёрлаш вазифаси турибди. Қўлимизда шунга яраша ресурслар борми? Йўқ. Уларни ўқитишга ресурсларимиз борми? Йўқ. Масалан, бизнинг мамлакатда IT-парклар энди-энди қурилмоқда. Энди-энди эътиборни жалб қилмоқда, чунки ўша дастурчилар ўртасида кескин кураш содир бўлмоқда –улар шифокорларга ўхшайди. Давлат уларни тарбиялаш учун жуда кўп пул сарфламоқда. Кейинчалик дастурчилар 5 – 10 йил ишлаб беради, айни куч-қувватга тўлган ёшга етганда эса шусиз ҳам дастурловчилар кўп бўлган ривожланган мамлакатларга кетиб қолади, чунки биз уларга кўп маош бера олмаймиз.
Одам 5 минг доллар атрофида маош олиш мумкин бўлган жойда қандай қилиб 300 – 500 долларга қаноат қилиши мумкин? Боз устига, пандемиядан сўнг барча мамлакатлар, ҳатто зарар кўриб бўлса ҳам, деярли ҳар бир қишлоғу ҳар бир овулда шифокор ушлаб туриши керак эканини англаб етди. Майли, у умумий даволаш мутахассиси бўлсин, лекин керак.
Ёшларни шифокорлик, ўқитувчилик ва ҳк. касбларга қандай қизиқтирса бўлади? Бугунги ёшлар ким бўлиши мумкин? Албатта, дастурловчи бўлади. Ҳозир сиз билан бирга фикр юритаётганимиз қадриятлар – интернет-қадриятлар – нимани англатмоқда? Улар, бир йил ичида миллионер бўлиб кетишинг мумкин; бунинг учун 10 миллион кўриш (интернетга қўйилган контент неча марта кўрилгани) йиғ, демоқда.
Дониёр Мўлдакан:
– “Марказий Осиё ёшлари. Солиштирма таҳлил” – Қозоғистоннинг Фридрих Эберт номидаги 2017 йилда чоп этилган тадқиқоти шундай деб аталади.
Социологик тадқиқот 2014 – 2015-йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ўтказилди. 14 дан 29 ёшгача бўлган 1000 нафардан респондент ягона методика бўйича танлаб олинди ҳамда фокус-гуруҳлар[2] билан ишланди ва батафсил интервьюлар олинди. Социологик тадқиқот Германияда урушни бошидан кечирган жамиятни ўрганишнинг бир бўлаги сифатида 1953 йилдан бери ўтказилиб келаётган Shell Youth Study немис тадқиқот лойиҳаси методологиясига асосланган. Эберт номидаги фонд ўтказган социологик тадқиқот натижаларига кўра, ҳар бир мамлакат бўйича алоҳида 4 та китоб чоп этилди – уларни миллий экспертлар тайёрлаган. Ҳозирги кунда тадқиқотнинг иккинчи тўлқини давом этмоқда.
Бўтакўз Ракишева – Қозоғистониннг етакчи социологларидан бири ва ушбу тадқиқотнинг ҳаммуаллифи. Биз Бўтакўз билан Марказий Осиё ёшлари қанақа экани, улар қанчалик ўхшаш ва қанчалик фарқли экани ҳақида суҳбатлашамиз.
Бўтакўз Ракишева:
– Бу саволингизга жавоб бериш учун бироз методика ҳақида гапириб ўтишга тўғри келади. Ҳар бир мамлакатдан турли гуруҳларга мансуб: қишлоқ ва шаҳар аҳолиси, ишлаётган, ўқиётган ёшлар вакилларидан 1000 нафардан кишининг фикри сўралди. Биз 14 дан 29 яшаргача бўлган ёш кесимини олдик. Минг кишилик гуруҳ ҳар бир мамлакатнинг манфаатларини тамсил этиши учун барча қатламлар вакиллари қамраб олинишига ҳаракат қилдик. Албатта, улар бир-биридан фарқ қилар эди, чунки қайси ўриндадир қишлоқ аҳолиси, қайси ўриндадир шаҳар аҳолиси кўпроқ бўлди. Бутун республикани қамраб олдик. Барча минтақалар, барча вилоятларда бир оздан одамлар билан сўров ўтказдик. Биз репрезентативликни[3] кўрсатиб беришга ҳарақат қилдик ва буни уддаладик, деб ўйлайман.
Бундан ташқари, ёшларнинг ушбу гуруҳини тушуниш учун лойиҳани ишга туширишдан олдин фокус-гуруҳлар ташкил қилдик, бундан мақсад саволлар қандай берилишини ва уларни ёшларга қандай мослаштириш кераклигини англаб олиш эди, чунки 14 ёш билан 29 ёш ўртасида катта тафовут бор. Шунинг учун бир ёки бир ярим йил давомида ушбу тадқиқот методологияси ва унга тайёргарлик билан шуғулландик.
Натижада турли қарашлар, турлича фикрлар, турлича мавқелар ва йўл-йўриқлар қоришмаси юзага келди. Умуман олганда, ўша даврдаги (муаммолар жойига чиқиб ўрганилган тадқиқотлар 2014 – 2015 йилларда ўтказилган эди) ёшлар қараши акс этади. Фикрлар жуда хилма-хил, бой ва қизиқарли бўлди. Бир эмас, кўп китоб ёзиш мумкин бу ҳақда, бахтимизга ҳамкорларимиз – Фридрих Эберт жамғармаси – билан бирга тадқиқот натижаларига бағишланган 4 та китоб китоб чоп эттирдик. Ҳар бир китобни миллий эксперт ёзиб берди. Қирғизистонлик миллий эксперт Қирғизистон ҳақида, ўзбекистонлик эксперт Ўзбекистонда, бинобарин, тожик эксперти Тожикистонда, қозоғистонлик эксперт эса Қозоғистонда ёзди. Бу кенг қамровли қарашдир. Ёзилган китоблар Эберт фонди сайтига жойлаштирилган, кенг қамровли тадқиқотлар билан ўша ерда танишиш мумкин. Ўзига хосликларни китобнинг катталигига қараб кўрса ҳам бўлади: Тожикистонга бағишланган китоб жуда катта бўлди, чунки ушбу мамлакатда меҳнат миграцияси бўйича бир қатор саволлар берилган эди.
Ўзаро фарқимиз нимада? Албатта, биз Марказий Осиё мамлакатларида миқдор жиҳатидан турличамиз. Масалан, Ўзбекистон билан Тожикистонда 14 дан 19 ёшгача бўлган кишиларнинг деярли 30 – 35 фоизи ёшлардир. Бугунги кунда Қозоғистонда (айнан шанба куни Ёшлар ҳақидаги миллий маърузанинг тақдимоти ўтказилган эди) ёшлар жами аҳолининг 20,4 фоизи экани эълон қилинди. Бу кўрсатки бизда бир неча йилдан бери пасайиб боряпти. Лекин ишонтириб айтишларича, демография нуқтаи назаридан буни тушунтирса бўлади, 2025 йилга бориб, унинг ўрни тўлади ва биз яна ўша рақам: 25 фоизга қайтамиз – бир пайтлар 14 дан 29 ёшгача бўлган аҳоли кўрсаткичи шунча бўлган эди.
Қирғизистонда ҳам тахминан шундай миқдорни кўрамиз, яъни ёшлар жами аҳолининг 30 фоизини ташкил қилади ва бу – катта рақам. Айни гуруҳ жуда тез кўпайиб бормоқда. Қирғизистонда сўнгги қайд этилган кўрсаткич 29 фоиз бўлди. Бу – жуда катта кўрсаткич.
Гарчи биз аҳоли сони бўйича бир-биримиздан кескин фарқ қилсак-да, аммо ўзаро жуда яқинмиз. Айниқса, биз ўрганган, 1985 – 2000 йилларда туғилган авлод. Авлодлар назариясига кўра, бу авлод Y авлод – миллениумлар авлодига киради. Индивидуал даражада ёшлар ҳар хил, лекин уларга умумий нуқтаи назардан авлод сифатида, авлод тутумлари призмаси орқали қарайдиган бўлсак, бир-биримизга жуда ўхшаймиз. Бу – СССР инқирозини кўрган авлод. Бу – ўз ҳаёти: ўз мамлакати, ўз оиласида рўй берган улкан, глобал, тектоник тўнтаришларни кўрган авлод. Бу – интернет билан яшаётган авлод. Интернет кундалик ҳаётда муҳим роль ўйнамоқда. Бу – интернет билан илк тўқнаш келган авлод. Ва бу уларга жуда кучли таъсир кўрсатди. Айрим олимлар ҳам ушбу авлодни “бош бармоқ авлоди” деб атамоқда, чунки биз бош бармоқ билан хатлар ёзишимиз ва смартфонни ишлатишимиз мумкин бўлди. Яна смартфонлар пайдо бўлиши муҳим эди. Булар барчаси тутумларимизда, қадриятларимизда акс этди. Буни ўрганиш жуда қизиқ.
Дониёр Мўлдакан:
– Сиз қадрият йўл-йўриқлари (улар нима эканини тушунтирувчи йўл-йўриқлар) ҳақида жуда яхши гапирдингиз. Келинг, яна улар ҳақида бир оз гаплашайлик. Агар уларнинг устуворликларини жой-жойига қўйиб чиқсак, нималарни кўрамиз?
Бўтакўз Ракишева:
– Қадриятлар бир-бирига жуда яқин. Улар, айниқса, бизнинг ёшларимизга жуда яқин. Биз устуворликлар ҳақида сўраб кўрган эдик. Мана ўша 5 та устуворлик – шунақа савол ҳам берилган эди. Улар ҳар бир мамлакат учун деярли бир хил кўринишда: шериклар, оила ва дўстларга нисбатан содиқ бўлиш; соғлом овқатланиш; мустақил бўлиш; яхши қиёфага эга бўлиш ва никоҳ қуриш. Биз ўрганган авлод – респондентларимиз учун оила институти жуда муҳим. У оила, оилавий қадриятларни ҳамма нарсадан устун қўяди. Бу – уларнинг ота-оналари учун ҳам, ўзлари учун исбот талаб қиламйдиган ҳақиқат.
Биз фикрини сўраб билган мактаб ўқувчиларининг, коллеж ўқувчиларининг ҳам олий таълим олишга интилиши жуда баланд. Қадрият сифатида олий таълим жуда муҳим. Масъулиятни гарданга ола билиш жуда муҳим. Бу биз респондентларнинг жавобларида кўп марта эшитган қадрият кўрсаткичларидан биридир.
Бизнес. Респондентларимизнинг 70 фоизи бизнес билан шуғулланишни истайди. Бу ҳам ҳаётдаги ўзгаришнинг энг катта кўрсаткичларидан бири. Ўз ҳаёти учун жавобгарлик ҳисси. Бизнесдан нон топиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш. Давлат хизматида ишлашни истаган ёшлар сони тобора камайиб боряпти. Улар иш одами бўлишга, бошқа соҳаларда ишлашга қизиқмоқда. Бу ҳам – ўзига ярашга қизиқ кўрсаткич.
Оилавий қадриятларга қайтадиган бўлсак, қуйидаги қизиқ бир жиҳатни эслаб ўтишга тўғри келади: мен Шанҳай билан Сеулда Марказий Осиёни ўрганаётган университетлар талабаларига лекция ўқиган эдим. Улар ўзига хос фокус-гуруҳли аудиториялар бўлган. Мен уларга ушбу лойиҳанинг натижаси ҳақида тўлиқ тақдимот қилиб бердим. Респондентлар билан тенгдош бўлган ўша ёш йигит ва қизларнинг тақдимотга муносабати жуда қизиқ бўлди. Тадқиқот вақтида никоҳдан ўтиб, оила қуриш вақти ҳақидаги саволга етганимизда, респондентларимиз никоҳ қуриш учун энг мақбул ёш тахминан 21 – 22, йигитлар учун эса сал баландроқ – 25 – 26 бўлишини айтган эди. Лекин кореялик ёшлар бундан жуда ҳайрон қолди. Алашмасам, уларнинг ўртача никоҳ ёши 40 – 45 дан иборат. Улар бундай ёшда оила қуриш мумкинлигини ақлига сиғдира олмади: нега? Ҳа, биз шундай ҳар хил одамлармиз. Улар тадқиқот натижалари билан танишиб чиқар экан, қандайдир ҳар хил, қандайдир яқин, қандайдир умумий, қандайдир турлича нарсаларни ахтарди. Ёшларимизнинг шу ёшда оила қуришини эшитиб, шок ҳолатига тушиб қолди. Мени шу нарса таажжублантирди.
Уларга ёшлар оилада қанча фарзанд бўлишини исташини айтганимда, ҳайратдан ёқа ушлашди. Марказий осиёлик респондентларимиз оилада 3 – 4 нафардан фарзанди бўлишини истаётгани маълум бўлган эди. Бу гапни эшитган кореяликлар иккинчи марта шок ҳолатига тушди, чунки уларнинг оиласида фақат 1 фарзанд бор. Шу ҳам баъзан етарли бўлади, чунки ҳаёт кечириш нархи жуда баланд ва фарзанд кўриш оилага жуда қимматга тушади. Албатта, мен Маразий Осиё, Жанубий Корея ёки Хитой ёшлари ўртасида жуда катта тафовут борлигини кўрдим. Уларнинг устуворликлари ҳам, қадриятлари ҳам бир оз бошқача. Буни қадриятлар ҳақидаги саволга жавоб сифатида айтяпман.
Айниқса, маркетологлар Y авлод жуда либерал эканини айтиб келади. Бу авлод вакиллари янги гаджетлар[4], янги йўналишларни танламоқда. У олдинги авлодга қараганда бошқача кийинади. Бироқ маданий нуқтаи назардан Y авлод ота-оналарининг фикрига жуда ижобий қарайди. Буни саволдан ҳам билиб олса бўлади. Биз уларга, “сизнинг сиёсий қарашларингиз ота-онангизнинг сиёсий қарашларига ўхшашми?” деб савол бердик. Кўпчилиги, “ҳа, қарашларимиз тахминан бир хил”, деб жавоб берди. Фақат 7 – 10 фоиз респондентлар, “йўқ бизнинг қарашларимиз бутунлай бошқача. Фикримиз ота-оналаримизникидан мутлақо бошқа”, деб жавоб берди. Шунинг учун бу ерда ҳамма нарса қоришиқ, мана бу ўта либерал авлод, мана буниси эса ўта консерватив, деб аниқ айтиш қийин. Бу 2 та шундай авлод ўртасидаги аралаш қарашлардир.
Яна бир эътиборли жиҳати шуки, авлод назарияси вакиллари ёш когортаси – гуруҳини аниқ-тиниқ тушуниш зарур бўлади: олдинги Х авлод ёки келгуси Z авлод чегараларига қанчалик яқин борилса, фикрлар шунчалик ранг-баранг бўлади, деб ҳисоблайди. Шу ўринда масалага теранроқ қараш талаб этилади. Z авлод даврига яқин туғилганлар ёшларда авлоднинг қадрият йўл-йўриқлари ўша авлод вакиллариникига яқин бўлади, Z авлод вакиллариники ҳам ўз навбатида уларникига яқин бўлади. Шунинг учун қандайдир чекланган аниқ позициялар мавжуд деб бўлмайди. Ҳаммаси бир-бирига аралашиб кетган.
Дониёр Мўлдакан:
– Сиз Марказий Осиё ёшларининг ҳокимиятга, ўзи яшаб турган жамиятга муносабати қандай эканини айта оласизми? Улар қандайдир миссияси ёки шунга ўхшаш бирор нарса борлигини ҳис қиладими?
Бўтакўз Ракишева:
– Ишонч даражасини баҳолаш деган нарса бор, биз ота-оналарга муносабат тўғрисида 10 баллик шкала бўйича ёшларга, ота-онангизга ишонасизми, атрофингиздаги яқинларингизга ишонасизми, сиёсий раҳбарларга, дин пешволарига, қўшниларингизга ва ҳк.га ишонасизми, деган саволларни бердик. Ушбу ва бошқа саволларга жавобларидан ёшларнинг сиёсатга қизиқмаслигини, сиёсатга кам ишонишини, сиёсий жараёнга қўшилиш истаги кам эканини, қандайдир сиёсий вазиятларда иштирок этмаётганини ёки уларда жуда кам қатнашаётганини билиб олдик. Лекин “сиз ўз жамиятингизни қуришда фаол иштирок этишни истармидингиз?” деган савол ҳам бор эди.
Ҳа, жуда кўп ёшлар ўз жамиятини барпо этиш ва ривожлантиришда фаол бўлишни истайди. Бу нимани англатади? Ёшларнинг потенциали катта эканини. Ёшлар ушбу масалаларни ҳал этишда қатнашишни истаётгани ва қатнашиши мумкинлигига эътибор қаратиш лозим. Афтидан, буни пандемия жуда яхши кўрсатиб берди – карантин даврида волонтёрлар – талабгорлар ва ёшлар аҳолининг ўта эҳтиёжманд қатламлари, умуман олганда, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак кўрсатишда жуда фаол иштирок этди. Айнан ёшлар талабгорликнинг ўзига хос ҳаракатлантирувчи кучи бўлди.
Бизнинг ҳам фақат ўз мамлакатимиздаги талабгорлик масаласи бўйича саволимиз бор эди. БМТ буюртмаси билан талабгорлик бўйича 3 та саволни [сўровномага] киритдик. Ва кўрдикки, 2014 – 2015 йилларда ёшлар талабгорлик лойиҳаларида унчалик фаол бўлмаган экан. Лекин бугунги сўров натижаларидан улар аҳолининг жуда сафарбар, бирор ишга тез киришиб кетадиган, истиқболни кўра биладиган ва жамиятга ёрдам беришга тайёр жуда фаол гуруҳи эканини билиб олдик. Бунга карантин вақтида, мамлакатларимиздаги вазият мураккаб бўлган пайтда ёшлар гуруҳлари жамиятга ёрдам бериш учун оёққа қалққани шоҳиди бўлдик.
Дониёр Мўлдакан:
– Z авлодни жуда инфантил – болалигича қоляпти ва шунинг учун сўл ғояларга мойил деб айтиш мумкинми?
Бўтакўз Ракишева:
– Мен ўзим учун устувор йўналишлардан бири бўлган Скандинавия мамлакатларидаги қозоқ диаспорасини, унинг таркибидаги ёшларни ўрганаётганимда, болалар боғчаларига ва мактабларга борган эдим. Ўша пайти Швеция ёки Норвегия психологлари – қайси бир мамлакатлиги аниқ эсимда йўқ – ҳозир ўсиб келаётган авлод беш қўлдай аён, рақобатга дош бера олмайди, деб айтган эди. Биз бунинг сабабини излай бошладик. Маълум бўлишича, ижтимоий муҳит: бепул таълим, бепул тиббий хизмат, яхши ижтимоий шароит ёш авлод рақобат қила, ривожлана олмаслигига сабаб бўлаётган экан, чунки улар учун ҳамма нарса муҳайё.
Скандинавия мамлакатлари психологлари бу ҳақда бош қотириб, ушбу авлодни “тепса тебранадиган”, яъни фаолроқ қилиш маъносида бир қанча махсус лойиҳалар ишлаб чиқди.
Дониёр Мўлдакан:
– Агар биз Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ёшларини олиб қарайдиган бўлсак, улар ўртасида принципиал фарқларни кўришимиз мумкинми ёки биз чиндан ҳам бир-биримизга ўхшаймизми ва маданиятларимиз бир хилми? Ўтмишимиз бир, шунинг учун “ягона бутун гуруҳ” деб аталсак бўлаверадими?
Бўтакўз Ракишева:
– Биз бир-биримизга жуда ўхшашмиз ёки бир-биримиздан бутунлай фарқлимиз деб айтиш мумкин эмас. Қайси ўринлардадир ўхшаш, қаердадир бутунлай бош одамлар бўлишимиз мумкин. Қаердадир менталитет – зеҳниятимиз фарқ қилади, ҳар бир мамлакатда имкониятлар бошқача, бу йўналиш берувчи қадриятларга жуда кучли таъсир кўрсатади.
Биз ота-онамиз билан жуда ўхшашмиз, бироқ мутлақо бошқача ўйлайдиган, фикрлайдиган ва яшаётганлар ҳам бор. Қаерда яшаб турганига қараб фарқланадиганлар бор, лекин чегара бўйида яшайдиганлар ўзаро яқин. Биз ҳам ҳудуд, ҳам жуғрофий жиҳатдан жуда яқинмиз. Ўша ерларда турмуш тарзи бир-бирига жуда ўхшаш. Бир-биридан жуғрофий жиҳатдан узоқ бўлмаган мамлакатларда, аҳоли маконларида ёшлар ўзаро жуда ўхшаш.
Бироқ ҳар бир мамлакатда мавжуд имкониятлар қаттиқ таъсир кўрсатади. Имконият қанчалик кенг бўлса, қадриятлар ҳам шунга яраша бошқача, қанчалик тор бўлса, вазият ҳам шундай бўлади. Бу ўринда вазият миграция кўрсаткичлари турлича эканидан ҳам келиб чиқади. Масалан, Қозоғистонда ўқув миграцияси даражаси жуда баланд, Қирғизистондаги вазият ҳам шундай, Ўзбекистонда эса бу камроқ бўлиши мумкин. Лекин умуман ёшлар чет элда ўқишга иштиёқманд. Биз уларга “чет элда ўқишни истайсизми, қайси мамлакатларда ўқишни истайсиз?” деган саволни бериб кўрдик. Ёшларни чет элда ўқиш истаги жуда кучли. Яна ўз мамлакатига қайтиш ёки ўша ёқларда қолиш – бошқа масала. Ўқиш учун чет элга чиқиш, ўқув миграцияси – ўта жиддий масала. Масалан, 13 мингга яқин қозоғистонлик Хитойда, 1 мингга яқини Жанубий Кореяда, 70 мингга яқин – бу максимал рақам – қозоғистонлик эса Россия таҳсил олмоқда.
Албатта, ёшларнинг қўлида мавжуд имкониятлар уларнинг қадрият йўл-йўриқларига жиддий таъсир кўрсатади. Тожикистон билан Ўзбекистонда миграция даражаси юқори эканидан хабаримиз бор, ёшлар ушбу мамлакатлардан ишлаш учун Россия, Қозоғистон ва дунёнинг бошқа мамлакатларига йўл олмоқда. Булар барчасининг қадрият мўлжаллари, тутумлари ва қарашларга нуқси уриб қолмоқда.
Дониёр Мўлдакан:
– Бугунги сўзловчиларимиз шарофати билан Марказий Осиёдаги ёшларнинг ишонарли умумий портретини чизиб олдик. Уларга иқтисодий инқирозлар туркуми, ота-оналари, акалари ва опаларининг ҳаёт билан боғлиқ қийинчиликлари қаттиқ таъсир ўтказди. Эҳтимол, бу уларнинг ўзига бўлган ишончию олдига қўйган юксак мақсадларига ҳам таъсирини давом эттираётгандир. Лекин бошқа тарафдан олиб қараганда, оила минтақамиздаги энг асосий анъанавий қадриятдир ва у ҳали ҳам авлодларни бирга ушлаб турибди, умумий кайфиятга бир оз консерватив тус бермоқда. Бўтакўзнинг СССР тарқаб кетиши ва шу билан боғлиқ тектоник ўпирилишни кўрган авлод вакиллари қиёсан олганда бирдам ва бир-бирига ўхшаш деган гапи яхши янгилик бўлди. Технологиялар билан боғлиқ масаланинг ўзи алоҳида туркум – технологиялар ёшларни бирлаштиради ва бир-биридан ажратади ҳам, яна уларнинг ҳиссий, профессионал ва шахсий дунёсига бостириб қирмоқда. Лекин кейинги эпизодда технологиялар ҳақида батафсил суҳбат қурамиз.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Парадигма – (юнонча “шаблон, намуна” сўзларидан) муайян концепциялар туркуми ёки фикрлаш шаблони.
[2] Focus group (ингл.) – бирор мавзу бўйича фикри сўраб билинадиган кишилардан иборат иш гуруҳи.
[3] Репрезентативлик (ингл. representativeness) – бутуннинг хусусият ва параметрларини акс эттириш учун зарур бўлган қисмнинг хоссаси.
[4] Гаджет (ингл. gadget — мослама, қурилма) – ҳаётни енгиллаштириш ва такомиллаштиришга мўлжалланган кичик қурилма (смартфон, планшет, соат, гироскутер ва ҳк.)