Сурат манбаси: remote.co
Муаллиф: Наргиза Умарова
Демократик давлатда фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотларнинг локомотиви ҳисобланади. Жамоат ташкилотлари мамлакатдаги ҳар қандай ўзгариш ёки янгиланишлар бошида туриши, халқ манфаатларини ифода этиши, кўпнинг хоҳиш-иродасини ҳукумат даражасига олиб чиқиши даркор. Эркин фуқаролик жамиятининг мазмун-моҳияти ҳам шундан иборат.
Мустақил Ўзбекистонда “учинчи сектор”ни ривожлантириш учун кўп ишлар қилинди, аммо натижалар ҳали кўзга кўринарли даражада эмас. Давлат раҳбари ушбу йўналишда вазиятни тубдан ўзгаритиш лозимлигини таъкидлаб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 декабрь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш кейинги йил учун ҳам устувор вазифа бўлиб қолишини айтди. Бундан кўриниб турганидек, янги Ўзбекистон раҳбарияти кучли фуқаролик жамиятига эҳтиёж сезмоқда.
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Санжар Саидовнинг фикрича, фуқаролик жамияти фақат ижтимоий капитал ҳисобига кучайиши мумкин.
— Ижтимоий капитал деганда нимани тушуниш керак?
— Ижтимоий капитал – жамият аъзоларини бирлаштириб турадиган феномен. Халқнинг давлат ва ҳокимиятга ишончи айнан ижтимоий капитал орқали рўёбга чиқади. Ишонч қачон пайдо бўлади? Қачонки одамлар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этса. Бундай фаоллик қачон юзага келади? Қачонки давлат органлари халқ манфаатларига хизмат қилса. Бошқача айтганда, фуқароларга объект эмас, ислоҳотлар субъекти сифатида қараш ва уларнинг фикри билан ҳисоблашиш керак.
— Ижтимоий капитал ривожланишининг асосий шарти нимада?
— Кўп нарса жамиятдаги ижтимоий муносабатлар архитектурасига боғлиқ. Масалан, горизонтал моделда тенглик тамойили устувор аҳамият касб этади. Шу маънода фуқароларга ўз қобилиятини намоён этиши, ташаббус кўрсатиши учун кўпроқ эркинлик берилади. Вертикал (иерархик) муносабатлар тизимида эса бунинг аксини кўриш мумкин. Турган гапки, давлат томонидан тотал бошқарув ўрнатилган жамиятда демократия ҳақида гапириш тугул, ҳатто ўйлаш ортиқча.
— Энди Ўзбекистондаги ҳолат ҳақида тўхталсангиз
— Бугунги раҳбарият мамлакатда демократик қадриятларни қарор топтиришга ҳаракат қилмоқда. Президент очиқлик сиёсатини юритяпти, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган талабни қўйган. Лекин ҳукуматни шу йўлга бошлаш осон кечаётгани йўқ. Қолаверса, бир кишининг хоҳиш-иродаси билан натижага эришиш қийин. Жамиятнинг ўзи ҳам уйғоқ бўлиши зарур.
Бир пайтлар кўпдан-кўп баландпарвоз шиорлар орқали кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтишга ҳаракат қилдик. Лекин уринишлар самара бермади. Чунки том маънодаги халқ ҳокимиятчилигида давлат асосий функцияларини жамиятга топшириши керак. Ўзи эса “тунги қоровул” вазифасини бажаради, яъни ҳуқуқ-тартибот, мамлакат хавфсизлиги, ташқи сиёсат ва чегаралар дахлсизлиги билан шуғулланади, холос.
— Демак, ижтимоий капиталимиз ҳали заиф
— Ҳа. Муаммонинг илдизи халқ тафаккурига бориб тақалади. Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида биз нафақат уйғонишимиз, балки тафаккуримизни ўзгартиришимиз ҳам керак.
Фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий ва институционал асосларини аллақачон яратиб бўлганмиз. Соҳага доир 200 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Юртимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Лекин демократик қадриятлар қон-қонимизга сингиб кетмагунича, мамлакатда на бир қонун, на жамоат бирлашмалари рисоладагидек ишлай олади. Аввалгидек декоратив ҳолатдаги, яъни номигагина мавжуд бўлиб турган фуқаролик жамиятидан эса ҳеч қандай наф йўқ.
— Ҳамма айб одамлардамикан?.. Ахир, қарс икки қўлдан чиқади-ку. Ўз жамияти билан ҳисоблашмайдиган давлат эртами-кечми барибир легитимлигини йўқотади
— Шубҳасиз, танганинг бошқа томони ҳам бор. Фуқаролар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун давлатга ўзига ишонгандек ишониши керак. Айтайлик, бугунги кунда сайлов жараёни ёки сиёсий партиялар фаолияти аҳолини кўп ҳам қизиқтирмайди. Чунки инсон қайсидир номзодга онгли равишда овоз бериши ҳамда муайян партияни қўллаб-қувватлаши учун ундан қоп-қоп ваъда олиши эмас, балки ишидан қониқиши зарур. Афсуски, амалда ундай бўлаётгани йўқ. Ваҳоланки, сиёсий партиялар ҳам фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари сингари ижтимоий капитални шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Улар парламент ёки маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодлар кўрсатиш билангина чекланмай, конструктив мулоқот майдончасига аланиши ва шу аснода жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлаши зарур.
Яна бир гап. Демократик жамиятни бир мушт қилиб турувчи ижтимоий нормалар бўлади. Шулардан бири миллий ғоядир. Ўзбекистонда миллий ғоя яратилди, аммо халқ ичига ҳали ҳам синггани йўқ. Мазкур концепция чиройли сўзлар билан ифодаланганига қарамай, кўпчилик учун мавҳумлигича қолмоқда. У юртдошларимиз кўнглидан чуқур жой ололганида эди, ижтимоий қадрият сифатида халқни бирлаштиришга хизмат қиларди.
— Яъни ижтимоий капиталнинг бир қисмига айланарди
— Худди шундай.
— Ижтимоий капитал биз учун янги феноменми?
— Йўқ. Ижтимоий капитал баъзи бир анъаналар кўринишида ўзбек жамиятида аввал ҳам бўлган. Маҳалла институти, ҳашар, қўни-қўшничилик мносабатлари бунга яққол мисолдир.
Таъкидлаш керак, жамият ривожланган сайин ижтимоий капитал ҳам замонавий кўриниш касб этиб, янги компонентлар билан бойиб боради. Масалан, бугунги кунда ижтимоий муносабатлар кўпроқ виртуал маконга кўчганини кузатяпмиз. Шунга монанд равишда интернетдаги ижтимоий тармоқлар сегменти тобора оммалашмоқда.
Фуқаролар турли веб-ресурслар орқали сиёсий қарашларини, қайсидир воқеа-ҳодисага муносабатини билдириши мумкиндир. Лекин бундай дадиллик реалликка кўчиб, ҳақиқий ҳаракатга айланмас экан, бари бекор.
— Ҳозирча дадил фикрлар асосан интернет кенгликларида янграмоқда
Тўғри. Буни яхши ҳам, ёмон ҳам деёлмайман. Муҳими, одамларимизда сиёсатга қизиқиш пайдо бўляпти. Фақат ўша қизиқиш реал ҳаётда қай даражада ўз ифодасини топмоқда? Мана бу савол очиқ.
— Халқ тафаккури ҳақида гапирдингиз. Уни қандай “янгиласа” бўлади?
— Таълим мазмунига жиддий эътибор қаратиш зарур. Ҳозир мактаб ва университетларда ижтимоий фанлар — фалсафа, мантиқ, социология, диншунослик, политологиядан воз кечиляпти. Бу нотўғри, менимча. Ўзингиз ўйлаб кўринг, айтайлик, шифокорга фалсафий тафаккур керак эмасми? Ёки муҳандис мантиқий фикрламаса ҳам бўлаверадими? Агар таълим тизимимиз фақат замонавий кадрлар тайёрлашга зўр берса, унда теран тафаккур ва кенг дунёқарашга эга шахсни ким тарбиялайди? Бунақада одамларда ижтимоий иммунитет сустлашади — ижтимоий капитални ривожлантиролмай қоламиз. Тафаккурни озиқлантирувчи фанларни четга суриб қўйиш давлат ва жамиятга “қимматга тушиши” мумкин.
Бошқа томондан, юртимизда олий таълимга қамров оширилмоқда, грант ўринлари кўпайяпти. Бу жуда яхши. Олий маълумотли шахс эҳтимол эртага ўз мутахассислиги бўйича ишламас. Лекин ўзининг устида доимо ишлашига, атрофдаги жараёнларни мунтазам кузатиб, мушоҳада қилиб боришига, маънавияти ва маданияти юқори бўлишига, қўйингки, фарзандига ҳам пухтароқ тарбия беришига ишонаман.
— Ижтимоий фаоллик масаласида негадир фуқаролик жамияти институтлари намуна бўлолмаяпти. Аксарияти ё номигагина ишлаяпти ёки давлат буюртмасини бажариш билан банд
— Ҳақсиз. Аслида нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролик жамиятининг локомотиви бўлиши керак. Боз устига, улар ижтимоий капиталнинг манбаи ҳисобланади.
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган 9 мингдан ортиқ жамоат бирлашмасидан қанчаси ижтимоий функциясини бажара оляпти, деган саволга, менимча, қониқарли жавоб олиш қийин. Тўғри таъкидладингиз, аксарият йирик ННТлар давлат буюртмасини бажариш билан банд. Баъзилари жамоат ташкилоти эканини ҳам унутиб юборган.
Ёшлар иттифоқини олайлик. У ишсизлик масаласидан тортиб, жиноятчилик профилактикасигача шуғулланади. Ташкилот фаоллари ҳар бир ёшнинг ижтимоий аҳволи, оиласидаги маънавий муҳит ҳақида маълумот тўплайди ва давлат идораларига етказади. Шу ерда битта нозик жиҳатни илғаб олиш керак: Иттифоқ давлат буюртмасини бажарар экан, аслида жамиятнинг манфаатини ифода этмайди — у давлатга хизмат қилади. Ижтимоий муносабатлар нуқтаи назаридан бу нормал ҳолат эмас. Аслида жамоат ташкилоти фуқароларнинг муаммоларини аниқлаб, ваколатли органлардан ечимини талаб қилиши зарур.
Хорижда ҳам давлат буюртмасини бажариш амалиёти бор. Фақат бундай фаолиятда тенглик тамойили бузилмаслиги, яъни давлат жамоат ташкилотининг мустақиллиги ва позициясига дахл қилмаслиги “олтин қоида” этиб белгиланган.
Иккинчи оғриқли масала нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий таъминоти билан боғлиқ. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди тақдим этаётган грантлар, очиғи, эҳтиёжга яраша эмас. Улар ННТларнинг тўлақонли фаолият юритишига етмайди.
Юртимизда жамоат ташкилотларига ҳомийлик маблағлари деярли ажратилмайди. Аслида ҳотамтойлар кўп. Фақат улар асосан диний мақсадлар учун хайрия қилиш, масдижларга эҳсон тарқатишга одатланиб қолган. Фуқаролик жамияти равнақига пул тикадиганлар эса саноқли. Молиявий қийинчиликлар туфайли кўпгина ННТлар “уйқу режими”га ўтиб олган. Қачон грант ютса ишлайди, қолган вақт карахт бўлиб тураверади.
— Вазиятни ўзгартиришнинг иложи борми?
— Авваламбор, ислоҳотлар жараёнида административ ресурснинг иштирокини аста-секин камайтириб бориш керак. Маъмурий-буйруқбозлик усули ижобий натижага олиб келмайди. Буни мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам кўрдик.
Кучли фуқаролик жамияти аслида давлатга кўмакчидир. У юзга тутилган кўзгу мисоли бошқарувдаги нўноқликларни кўрсатиб беради. Бу хато ва камчиликлар устида ишлаш учун яхши имконият.
Халқ ишончини қозонмоқчи бўлган давлат учун фуқаролик жамиятини ривожлантиришдан бошқа йўл йўқ. Иқтисодий жиҳатдан юксалишни хоҳласак, инвесторларни жалб қилмоқчи бўлсак, ижтимоий капиталимизни бойитишимиз шарт. Лекин тепадан буйруқ бериш билан иш битмайди. Жамият тирик — организм. У ўзини-ўзи ҳаракатга келтириши зарур.