Суратда: Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг биноси, манба: ru.sputnik.kg
Якунланаётган йилнинг сўнгги ойларидан бири ноябрь ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ижтимоий-сиёсий ҳаётида чуқур из қолдириб улгурди. Туркманистонда 50 ёшдан ошганлар учун мамлакат ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланиш чекловлари ўрнатилгани; Қозоғистонда янги қозоқ алифбоси тақдимоти ва Элбошининг халқни қозоқ тилини билиши даражаси борасидаги ташвишлари шулар жумласидандир. Қирғизистон ҳукуматида эса навбатдаги ўзгаришлар рўй берди: янги конституция лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди, мамлакат президентлигига 60 дан зиёд даъвогарлар топилди, гўшт нархи кескин ошди ва тирик қорамол ҳамда паррандалар мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига вақтинчалик таъқиқ қўйилди.
UzAnalytics сайти ноябрь ойида қўшни мамлакатларда содир бўлган шу каби муҳим воқеаларнинг қисқача шарҳини эътиборингизга ҳавола қилади.
Қозоғистон
Нурсултон Назарбоев: “Халқнинг қозоқ тилини билиш даражаси паст”
Қозоғистон халқ ассамблеяси Кенгаши йиғилишида ушбу кенгаш раиси ва мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев сўзга чиқди. У қозоқ тилининг ҳозирги аҳволи ҳақида сўз юритар экан, давлат тили билан боғлиқ аҳвол бундан яхши бўлиши мумкин эди, деган мазмунда гапирди. Унинг айтишича, Қозоғистондаги миллий тил ўргатувчи 90 та бепул марказ фаолияти кам самара бермоқда. Элбоши маданият ва спорт, таълим ва илм-фан вазирликларига “давлат тилини ўрганиш тизими самарадорлигини энг юқори даражада ошириш” борасида топшириқ берди. Назарбоев қозоқ тили халқ бирлигини мустаҳкамлаши лозим, деб ҳисоблайди.
Унинг танқидий фикрлари асосли бўлса-да, эътироф этиш жоизки, мустақиллик йилларида қозоқ тилини ўрганиш даражаси сезиларли равишда ўсди. Агар 1991 йили мазкур тилда аҳолининг фақат 37 фоизи сўзлашган бўлса, ҳозирга келиб, бу кўрсаткич 67 фоизни ташкил этмоқда.
Қозоқ алифбосининг янги варианти тақдимоти
Қозоқ тилига тааллуқли яна бир хабар: Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев йиғилиш ўтказди ва унда масъул вазирлар давлат раҳбарига қозоқ алифбосининг илмий асосланган янги вариантини тақдим этишди.
Янги алифбо қозоқ тилидаги барча 28 та товуш белгиларини қамраб олган ва анъанавий халқ ёзуви – “бир товуш – бир ҳарф” қоидасига асосланган. Бу ўринда диграфлар, яъни бир товушни икки ёки ундан ортиқ белгилар билан ифодалаш усули қўлланмайди. Янги алифбо муҳокамалардан ўтиши лозим. Умуман, Қозоғистонда лотин алифбосига ўтиш 2025 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.
Туркистонни 2050 йилгача ривожлантириш режаси тасдиқланди
Қозоғистондаги маънавий-маданий марказ саналмиш бу шаҳар туристларнинг катта оқимини жалб этмоқда. Шу боис ҳам, нафақат сайёҳлар борадиган зиёратгоҳларни, балки, шаҳарнинг бор инфратузилмасини ривожлантириш лозим. Қозоғистон ҳукумати бунинг учун Туркистонни ривожлантириш бош режаси лойиҳасини қабул қилди. Лойиҳага мувофиқ, яқин беш йил ичида шаҳарнинг яшил зоналари, мактаб, болалар боғчаси ва шифохоналар кўпаяди. Шу билан бирга, шаҳарда аҳоли сони ўсиши кутилмоқда. Туркистон области ҳокими Умирзоқ Шукеевнинг айтишича, 2035 йилга бориб, Туркистон шаҳри аҳолиси сони деярли икки баравар ортади. 2050 йилга бориб, шаҳарда тахминан 500 минг киши яшаши кутилмоқда. Ҳозирги кунда Туркистон аҳолиси сони 176,2 минг кишини ташкил этади.
“Бу лойиҳа шаҳар аҳли ва унинг меҳмонлари учун тўлақонли қулай муҳит яратиш имконини беради. Лойиҳа Туркистон области ва шаҳар ижроия ташкилотлари, шунингдек, марказий давлат органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Унда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришнинг барча йўналишлари пухта ишлаб чиқилган”, деб маълум қилди Қозоғистон бош вазири ҳукумат йиғилишида.
Давлат чегараларини қўриқлаш ва миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди
16 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “Қозоғистон Республикаси давлат чегараларини қўриқлаш ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат президентнинг 2020 йил 13 мартдаги “Миллий хавфсизлик қўмитасининг айрим масалалари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга қаратилган. Хўш, нималар ўзгаради? Асосий ўзгаришлардан бири сифатида чегара хизматининг айрим ваколатлари ва муассасалари Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ)га ўтказилишини тилга олиш мумкин. Масалан, миллий хавфсизлик тизимидаги айрим ташкилотлар ходимлари ҳарбий хизматчи тоифасига ўтади. МХҚнинг айрим тузилмалари эса ҳарбий қисмга айланади, авиация чегара хизмати таркибидан чиқади ва энди МХҚ муассасаси мақомини олади. Чегара хизмати академияси ҳам МХҚ тасарруфига ўтади.
Коронавирусга оид вазият
Ноябрь ойи давомида Қозоғистоннинг деярли барча ҳудудларида мураккаб эпидемиологик вазият кузатилди. Ўтган ой билан таққослаганда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони деярли тўрт баробар ошди. Республика соғлиқни сақлаш вазирининг қайд этишича, коронавирус инфекцияси билан касалланиш бўйича вазият “бундан ҳам ёмонлашиш тенденцияси”ни кўрсатмоқда. Президент Қосим Жўмарт-Тўқаевнинг айтишича, республиканинг бир қатор вилоятларида касалликка чалинганларнинг ҳақиқий сонини яшириш ҳолатлари аниқланган.
Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Костанай ва Акмола вилоятлари қизил карантин ҳудудига киритилган. Нурсултон шаҳри, шунингдек, Ғарбий Қозоғистон вилояти сариқ карантин ҳудудида қолмоқда.
9 ноябрдан эътиборан юқорида тилга олинган вилоят ва шаҳарларда карантин чоралари босқичма-босқич кучайтириб борилди. Хусусан, Акмола, Костанай, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида санитария блокпостлари ўрнатилди, халқаро ва ички авиарейслар сони камайтирилди, шунингдек, бир қатор объектлар фаолияти тўхтатиб қўйилди. Бундан ташқари, давлат органлари ва хусусий ташкилотлар ходимларининг камида 80 фоизи масофадан ишлаш режимига ўтди.
20 ноябрда Ғарбий Қозоғистон вилоятида ва Нурсултон шаҳрида ҳам шундай чеклов чоралари жорий этилган. Хусусан, оммавий тадбирлар ўтказиш таъқиқланди, кўнгилочар муассасалар фаолияти ва жамоат транспорти ҳаракати чекланди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Қирғизистон
Президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров ўз ваколатларини топширди
14 ноябрь куни Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи ва ўриндошлик асосида бош вазир Садир Жапаров ўз ваколатларини топшириши ҳақида баёнот берди. Ваколарини топширганидан озгина вақт ўтгач, Жапаров муддатидан аввал, 2021 йил 10 январда бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловларида қатнашиш учун ўз номзодини илгари сурди.
Мамлакат бош вазири вазифасини бажариш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артём Новиковга юклатилди. Мамлакатнинг амалдаги конституциясига мувофиқ президент вазифасини бажариш ваколатлари парламент спикери Талант Мамитовга топширилди.
Президент лавозимига номзодлар сони камайди
Қирғизистон раҳбариятида кўп сонли ўзгаришларга, жумладан, Сооронбай Жээнбековнинг президент лавозимини тарк этишига олиб келган оммавий тартибсизликлардан кейин янги президент сайлови санаси белгиланди.
Сайлов 2021 йилнинг 10 январь куни бўлиб ўтади. Даъвогарлар 2020 йилнинг 15 ноябригача ҳужжатларини Марказий сайлов комиссиясига топширишлари лозим эди. Белгиланган кун якунига қадар 65 та ариза топширилди, улардан иккитаси дарҳол қайтариб олинди. Шундай қилиб 63 нафар номзод қолди. Номзодлар орасида собиқ президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров ҳам бор.
Аммо кейинги 9 кун ичида янги ўзгаришлар рўй берди. Турли сабабларга кўра, 16 нафар номзод президентлик учун курашишдан воз кечди: улар орасида давлат тилини билишини тасдиқловчи сертификати бўлмаган ва ҳатто судлангани бекор қилинмаган номзодлар ҳам бор.
Янги конституция лойиҳаси
17 ноябрь куни парламент депутатлари янги таҳрирдаги конституция лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйдилар ва бу ҳам фуқаролик жамияти, ҳам сиёсатчилар томонидан танқидлар тўлқинига сабаб бўлди. Ой бошида пойтахтда конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиришларга қарши ташкиллаштирилган 3 та тинчлик марши ҳам бўлиб ўтди.
Янги таҳрирдаги конституциянинг учинчи бўлимида айтилишича, бундан буён президент ижро этувчи ҳокимиятга бошчилик қилади; ҳукуматни шакллантириш ва унинг ишлаши, шунингдек, парламентга қонун лойиҳаларини киритиш учун жавобгарлик давлат раҳбарига юклатилади. Экспертларнинг фикрича, мазкур янгиликлар президентлик институтининг ролини сезиларли даражада кучайтиради.
Конституцияга киритилаётган яна бир ўзгартириш Халқ Қурултойи институтининг жорий этилишидир. Мустақил кузатувчилар ушбу институт парламент ролини сезиларли равишда пасайтиради, дейишмоқда.
Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларни маъқуллаш бўйича умумхалқ референдумини президент сайловлари куни ўтказиш таклиф қилиняпти.
Олий суд собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан ҳукмни бекор қилди
30 ноябрь куни Қирғизистон Олий суди суд ҳайъати жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевни ноқонуний озодликка чиқариш иши бўйича собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан ўқилган ҳукмни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Алмазбек Атамбаев мамлакатни бошқарган даврда Азиз Батукаев муддатидан аввал озодликка чиқарилган эди. Шундан кейиноқ, парламент комиссияси жиноий гуруҳ раҳбарини озодликка чиқариш ноқонуний равишда амалга оширилган, деган хулосага келганди.
2019 йилда Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озодликка чиқариш бўйича жиноят иши қайта тикланган. 2020 йил 23 июнда Атамбаев ўн бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда мол-мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.
Қирғизистондан тирик қорамол ва паррандаларини олиб чиқишга вақтинчалик таъқиқ қўйилди
20 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси ҳукумати айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиб кетишга таъқиқ қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Ушбу таъқиқ йирик ва майда шоҳли қорамол, уй паррандаси, ғалла, шакар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилади.
Ойнинг ўрталарига келиб Бишкек аҳолиси гўшт маҳсулотлари нархининг ошишидан хавотирга туша бошлади. Қирғизистон Республикаси монополияга қарши курашиш хизмати вакилларининг фикрича, нархларнинг кўтарилишига асосий сабаблардан бири Қозоғистон томонидан гўшт экспортига вақтинчалик таъқиқ қўйилишидир. Қайд этилишича, ушбу таъқиқ сабабли Ўзбекистон ва Тожикистон Қирғизистондан тирик қорамолларни кўп миқдорда сотиб ола бошлаган.
Энди Қозоғистоннинг ортидан Қирғизистон ҳам тирик қорамолни олиб чиқиб кетишни вақтинча таъқиқлаб қўйди.
Қирғизистон “Оскар”га тақдим этадиган фильмини аниқлади
Қирғизистон Оскар қўмитаси Америка кинематография санъати ва фанлар академиясининг “Оскар” мукофоти учун “Энг яхши хорижий фильм” номинациясига “Жоо кулук” (“Ялангоёқ чопағон” – “Босоногий бегун”) номли фильмни тақдим этишга қарор қилди. Фильмни режиссёр Мирлан Абдиқалиқов суратга олган. Унда муаммоли оилаларда вояга етаётган болалар мавзуси очиб берилган. Фильмда оиласини сақлаб қолишга уринаётган ўсмир ҳақида ҳикоя қилинади. Бош қаҳрамон томошабин кўз ўнгида улғайиб боради ва шу билан бирга унинг болалик дунёси ҳам бор ранг-рўйи билан намоён бўлади.
Маълумки, Оскар мукофоти учун тавсия этилган фильмлар орасидан энг яхшилари барча мамлакатлар ўз номзодини кўрсатгач аниқланади. Мукофотни топширишга бағишланган 93-чи тантанали маросим 2021 йилнинг 25 апрелида бўлиб ўтади.
Карантин юмшатилмоқда
Ноябрь ойининг ўрталаридан бошлаб Қирғизистонда коронавирусга оид вазиятнинг яхшилана бошлади. Аҳоли орасида COVID-19 аниқланган беморлар сонининг кунлик ўсиш динамикасидаги пасайиш тенденцияси шундан далолатдир. Қолаверса, ноябрнинг 15-санасидан эътиборан, коронавирус билан даволанаётган беморлар сони камайиши ҳам ушбу ижобий тенденцияни тасдиқлайди.
11 ноябрда мамлакатнинг деярли барча вилоятларида мактаб муассасаларининг иши қайта тикланди, фақат Бишкек ва Ўш шаҳарларида эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишида барқарор тенденция кузатилмагани боис, ўқувчилар учун дарс машғулотлари масофадан олиб борилмоқда.
1 декабрдан пойтахтда кинотеатрлар ва умумий овқатланиш нуқталари фаолияти қайта тикланади. Шу билан бирга, 26 ноябрь куни ҳукумат давлат муассасаларига янги йил тадбирлари ўтказилишини таъқиқлади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Тожикистон
Рустам Эмомалининг Москвага расмий ташрифи
Тожикистон Парламенти юқори палатаси спикери, Душанбе шаҳри ҳокими, Тожикистон ва Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти – давлат раҳбари Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомали Москвага ташриф буюрди.
Президент ўғли бир неча расмий шахслар билан учрашди. Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ва Москва шаҳри мэри Сергей Собянин шулар жумласидандир.
Рустам Эмомали Матвиенко билан саноат, савдо-сотиқ ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, “икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳали тўла очилмаган”ини таъкидлади. Ҳар икки сиёсатчи бунга ортиқча бюрократия халал бераётгани ҳақида якдил фикрга келди ва биргаликда ушбу муаммони ҳал этишга келишиб олинди. Таълим тизимидаги ҳамкорлик хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди. Бу борада амалдаги лойиҳалардан ташқари янгилари ҳам мавжуд. Масалан, Тожикистонда таълим рус тилида олиб бориладиган 5 та мактаб қурилмоқда. Шунингдек, яқин 20 йил ичида Россия олий ўқув юртларининг бўлимлари очилиши режалаштирилмоқда.
Сергей Собянин билан мулоқот чоғи Рустам Эмомали COVID-19 пандемияси даврида меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Москва шаҳри ҳокими бундан бир муддат аввал шаҳарда ишчи кучи етишмаслигининг салбий таъсирини тан олган эди.
Мулоқотда, шунингдек, Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) доирасида 1930-1960 йиллар фаолият олиб борган Тожикистон миллий павильоннини тиклаш тўғрисидаги лойиҳа муҳокама қилинди. Шундан сўнг 2020-2023 йилларга оид ҳамкорлик дастури имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Душанбе ва Москва биродарлашган шаҳарлар ҳисобланади.
Душанбе – МДҲнинг маданий пойтахти бўлади
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг маданий пойтахтини эълон қилиш анъанаси 2011 йили бошланган ва энди навбат Душанбега етди.
2020 йили МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган Қозоғистондаги Шимкент шаҳрида йилни якунлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ҳамдўстликнинг ижроия котиби Сергей Лебедев нутқ сўзлади ва эстафетани Тожикистон пойтахтига берди. Душанбе 2021 йили МДҲнинг маданий пойтахти бўлиши ҳақидаги айни қарор 2018 йилда қабул қилинган эди.
Ҳозирги кунда Душанбе шаҳридаги тарихий обидаларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган, пойтахтнинг расмий очилиш маросими келаси йил бошида бўлиб ўтади.
Тожикистонликлар орасида инглиз тилини билиш даражаси паст
EF English Proficiency Index жаҳон мамлакатлари аҳолиси инглиз тилини қанчалик яхши билишини аниқлаш учун 18 ёшдан юқори бўлган 2 миллиондан зиёд кишини тестдан ўтказди. Ва бунда охирги ўринни Тожикистон эгаллади.
Адолат юзасидан қайд этиш лозимки, рейтингда атиги 100 та мамлакат иштирок этди ва эҳтимол, Тожикистонда инглиз тилини билишга оид аҳвол ҳозир кўринаётгандек энг паст даражада эмасдир. Шунингдек, Тожикистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари ҳам сўнгги ўриндан у қадар юқорида эмас. Хусусан, Қирғизистон 96-чи ўринни, Қозоғистон – 92-ўринни эгаллади. Минтақада энг яхши кўрсаткич Ўзбекистонга тааллуқли – республикамиз рейтингнинг 88-қаторидан ўрин олган. Туркманистон эса рейтингда умуман йўқ.
Facebook кўп минг кишилик тожик гуруҳини блоклади
“Мен Хўжандни севаман” – Facebookдаги бу гуруҳ Тожикистоннинг энг оммавий гуруҳларидан бири ҳисобланади. Аъзолари сони 70 000 кишига етган. Унда Хўжанд шаҳри билан боғлиқ янгиликлар муҳокама қилинади. Гуруҳни бундан 10 йил аввал мазкур ижтимоий тармоқдаги тожик сегментида таниқли шахс – Манзура Маҳкамова ташкил этган эди.
“Фейсбук” кутилмаганда гуруҳни бир ойга блоклаб қўйди. Буни ижтимоий тармоқ администраторлари гуруҳда ахлоқий меъёрлар бузилгани билан изоҳлади. Гуруҳ асосчилари бу вақтинчалик ҳолат, “Мен Хўжандни севаман” узил-кесил ёпилмайди, деган умидда.
Тожикистонда “янги” ҳукумат тасдиқланди
Яқинда Тожикистонда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтди.
Кутилганидек, унда амалдаги президент Эмомали Раҳмон ғолиб чиқди. Давлат раҳбари янги ҳукумат таркибини тасдиқлади. Ҳукумат раҳбариятидаги ўзгаришлар кўп эмас, бироқ бор.
Бош вазир, Ташқи ишлар вазири, Молия вазири, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат инвест қўмитаси, Транспорт, Таълим, Илм-фан, Иқтисодиётни ривожлантириш, Адлия вазирликларининг раҳбарлари лавозимида қолди. Саноат, Энергетика, Меҳнат ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларига эса янги раҳбарлар тайинланди.
Умумий эпидемиологик вазият
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2 декабрь ҳолатига рўйхатга олинган коронавирус касаллигига чалиниш ҳолатларининг умумий сони 12269 нафарни ташкил этмоқда, уларнинг 11677 нафари соғайган бўлса, 87 киши вафот этган. Вазирлик вакилларининг фикрича, беморларнинг 80 фоизи коронавирус инфекциясини симптомсиз ўтказяпти.
Расмий статистиканинг камсонлигига қарамай (минтақанинг бошқа давлатларида қайд этилган ҳолатларга нисбатан), 18 ноябрда кескин эпидемиологик вазият сабабли коронавирусга қарши курашиш бўйича республика штаби оммавий тадбирлар, шунингдек, янги йил тантаналарини ўтказишга таъқиқ қўйиш ҳақида қарор чиқарди.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Туркманистон
Президент ИИВ мажмуасини ўз отаси шарафига номлади
Ашхободда ИИВнинг янги турар жой мажмуаси очилди. Бир қарашда бу аҳамиятсиз янгиликка ўхшайди, албатта. Аммо мазкур мажмуанинг очилишида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди. Ва президент мажмуани ўз отаси – ички ишлар органлари фахрийси, Маликгули Бердимуҳамедов шарафига номлади. Хабар қилинишича, буни давлат раҳбаридан мажмуада яшовчилар ва Туркманистон ИИВдагилар илтимос қилишган.
Бердимуҳамедов иштирокчиларнинг олқишлари остида лентани қирққач, оркестр мамлакат мадҳиясини ижро этди. Мажмуанинг ўзида кичик музей ташкил этилган бўлиб, у ерга президент отасининг сурати, оилавий расмлар, архив материаллари ва турли ҳужжатлар нусхаси жойлаштирилган.
Бу ИИВ биносига президент отасининг номи берилган биринчи ҳолат эмас. Саккиз йил аввал ҳам Туркманистон ИИВ ҳарбий қисмларидан бири Маликгули Бердимуҳамедов номи билан аталган эди.
Туркманистонда автомобиллар учун қора ранг таъқиқланди
turkmen.news веб-сайтининг хабар беришича, Туркманистонда кузовига қора рангли деталлар бириктирилган автомобиллар техник кўрикдан ўта олмайди. Агар деталлар заводда ўрнатилган бўлса, уларни оқ ёки бошқа рангга бўяш лозим. Ҳатто бу техник жиҳатдан таъқиқланган бўлса ҳам. Таъқиқ бирор расмий ҳужжатга асосланмаган, буларнинг бари оғзаки кўрсатмаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Туркманистон делегацияси “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашди
2 ноябрь куни ташқи ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги Туркманистон делегацияси Қатар пойтахтида “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида Туркманистон томони Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни илгари суриш йўлида минтақавий ва халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилинаётганини қайд этиб ўтди. Охирги йилларда Туркманистон Афғонистон билан икки томонлама муносабатларни фаол кенгайтирмоқда. Мунтазам равишда гуманитар ёрдам юбориш, ҳамкорликда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, чегара олдида ҳамкорлик дастурларининг қабул қилиниши ва бошқалар бунга далилдир.
50 ёшдан ошганлар учун чеклов
Туркманистонда яна бир чеклов жорий этилди. Энди ёши 50 дан ошган фуқаролар мамлакат ҳудудлари бўйлаб (бир ҳудуддан бошқа ҳудудга) ҳаракатлана олмайди. Бунинг расмий изоҳи қуйидагича: «мамлакат ҳудудларига ўткир юқумли касалликларни олиб ўтиш ва тарқатишнинг олдини олиш мақсадида… ».
50 ёшдан ошган фуқаролар 1 ноябрдан 23 ноябрга қадар узрли сабабларга кўра, бир ҳудуддан иккинчисига бориши мумкин. 23 ноябрдан эътиборан эса ҳеч бир сабабга кўра бунга рухсат берилмайди.
Кейинги пайтда Туркманистон фуқароларининг ҳаракатланиши, бозорлар фаолияти, авиапарвозлар ва ниқоб тақиш бўйича қатор чекловлар жорий қилинган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Туркманистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат расман аниқланмаган.
Давлат раҳбари тадбирга от миниб келди
Гурбангули Бердимуҳамедов кузги кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашди. У тадбирга Ханбег лақабли ахалтекин наслли отида келди. Президентга қора рангли спорт кийимидаги 10 нафар чавандоз ҳамроҳлик қилди. Кийимлар рангидан тушуниш мумкинки, бу одамлар президент хавфсизлик хизматида ишлайди. Ҳарбийлар эса жигарранг либосда, Вазирлар маҳкамаси аъзолари кўк-яшил кийимда эди.
Тадбирга келган давлат раҳбари кўпчилик билан бирга 30 туп кўчат экди. Бердимуҳамедовнинг айтишича, бу она Ватан мустақиллигининг 30 йиллигига кенг кўламли тайёргарлик бошланишининг рамзий ифодасидир.
Тадбир якунида концерт бўлиб ўтди. Унда президент шарафига қўшиқлар янгради.