«ПостСоветистон» лойиҳасида Марказий Осиё мамлакатлари жамиятлари, иқтисодиёти ва маданиятидаги чуқур, аммо ҳар доим ҳам тушунарли бўлмаган ўзгаришлар муҳокама қилинади. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирокидаги суҳбатлар подкаст шаклида тақдим этилади.
“КОВИДдан сўнг” деб номланган 1-мавсумнинг 2-эпизоди пандемия даврида Марказий Осиё давлатларида орттирилган тажриба ва минтақа мамлакатларининг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган.
Қуйида ушбу подкастнинг ўзбек тилига таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бошловчи Дониёр Мўлдакан:
– COVID-19 кундан-кунга кўпроқ одамларни соғлом турмуш тарзи кечиришга ундамоқда. Энди билсак, саломатлик инсон ҳаётидаги энг қиммат нарса, яъни туман бойлик экан, аммо мамлакатларимиздаги мавжуд тизим муносиб соғлиқни сақлашни таъминлаб бера олмаётгани ҳам ҳақиқат. Эпидемия даврида бу яққол кўзга ташланиб қолди. Ҳаммамиз касалхоналаримизнинг аянчли аҳволини, тиббий ускуналар ва дори-дармон сурункали етишмаслигини, матонатли, аммо камбағал ва ҳатто қашшоқ тиббиёт ходимларини кўрдик. Нега, қачон қарама, давлатнинг бундай энг қадрли нарса учун пули йўқ бўлади ва ушбу вазиятни қандай ўзгартириш мумкин?
Биз бугун қозоғистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик бир неча фаол ва тиббиёт ходими билан суҳбатлашяпмиз. Улар COVID-19 га қарши курашда орттирган тажрибаси ҳақида ҳикоя қилиш билан бирга соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.
Фаоллар Ақмарал Турсунова ва Бўта Каукенова қозоғистонлик шифокорлар учун Medsupport лойиҳасини тайёрламоқда. Ўзингизни таништириб, лойиҳангиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
Ақмарал Турсунова:
– Менинг исмим Ақмарал Турсунова, Қозоғистон номидан қатнашяпман. Остона шаҳрида яшайман. Medsupport.kz лойиҳаси асосчисиман – ушбу лойиҳа тил билан боғлиқ тўсиқ сабаб оғир вазиятга тушиб қолган шифокорларга ёрдам беришга мўлжалланган. Бунга вируснинг янги ва барча илмий маълумотлар, асосан, инглиз тилида экани сабаб бўлмоқда. Биз олимлар, талабалар, турли талабгорлар (кўнгиллилар) билан саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, шифокорларга ёрдам беришга қарор қилдик. Биз уларга ахборот билан кўмаклашиш ниятидамиз, чунки пандемияга қарши курашда энг иш берувчи қурол олд сафларда туриб, эпидемияга қарши курашаётган, одамларни даволаётган, уларга соғайиб кетиши учун ёрдам бераётгган ва бошқа ишларни бажараётган шифокорлар ва тиббиёт ходимлари фойдаланиши мумкин бўлган ишончли ахборот ва билимлардир.
Дониёр Мўлдакан:
– Кейинги фаол қиз Бўта Кауканова бўлади. Унинг касби – шифокор ва Назарбоев номидаги университетни битирган, 2019 йилда MD дастурини тамомлаган. Medsupport дастурида талабгорлик қилмоқда. Бўта, ушбу лойиҳада нима қилаётганингизни гапириб берсангиз.
Бўта Каукенова:
– Биз COVID-19 дай янги касаллик ва у ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмаслигидай муаммога дуч келдик. Шунинг учун ҳар куни янги маълумотлар, тадқиқотлар пайдо бўла бошлади. Ҳатто инглиз тилини биладиган кишилар ҳам уларнинг ҳаммасини ўқиб чиқиб, таҳлил қилишга улгурмай қолди. Биз эса Қозоғистонда яшаймиз, асосан, қозоқ ва рус тилларида сўзлашамиз, тилни (инглиз тилини) билмаган шифокорлар энг янги маълумотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўла олмаётганидай муаммога дуч келдик. Мен инглиз тилини биладиган тиббиёт мутахассисларининг илмий мақолаларни таржима қилиш тўғрисидаги даъватига «лаббай» деб жавоб бердим. Биз тахминан 40 бетлик катта ҳужжатни қисқартириб, асосий мазмунини оламиз-да, рус ва қозоқ тилларига таржима қилиб, врачлар ўқиётган каналимизга жойлаштирамиз. COVID бўйича ахборот етишмовчилиги нафақат шифокорлар, қолаверса, аҳоли орасида ҳам мавжуд. Одам ҳеч нарсани билмаслигидан қўрқиб кетади. Ҳамма касал, лекин нима қилишингни билмайсан, ҳамма ваҳимага тушиб қолган. Шу сабабли биз Инстаграмда шундай тушунтириш ишларини бошладик, “нима қилиш керак, қандай қилиш керак, қандай дориларни қабул қилиш лозим, уй шароитида беморларга қандай қараш керак, ўзингиз касал бўлиб қолган бўлсангиз, нима қилиш даркор, қўшимча касалликларни қандай даволаса бўлади” қабилидаги оддий қўлланмалар тайёрладик ва одамлар буни яхши кутиб олди, шунинг учун биз бу ишни ҳозир ҳам двом эттиряпмиз, одамларга ахборот кўмаги кўрсатяпмиз.
Дониёр Мўлдакан:
– Ақмарал, наҳотки қозоғистонлик мутасаддилар шунча ресурс қўлида бўла туриб, бундай ахборот тарқатиш ишини бажара олмаган бўлса?
Ақмарал Турсунова:
– Кўплаб мутасаддилар, ҳатто шаҳар ҳокимлари журналистлар билан алоқага чиқмади, ҳеч қандай баёнотлар бермади, ахборот жуда тақчил ва қисқа бўлди, одамларнинг эса саволлари кўпайиб кетди ва жуда катта ахборот бўшлиғи вужудга келди. Лекин биламизки, бўшлиқни нимадир тўлдириши керак. Ушбу жараёнда давлат қатнашмагани учун бўшлиқни сохта ахборот тўлдирди. Гўё вирус йўқлиги, бу фитна экани, давлат бизни 2,5 ойи уйда ушлаб ўтирмоқчилиги, аслида ҳеч ким бу касалликдан ўлмаётгани ва булар барчаси бўлмағур гаплар экани ҳақидаги сохта хабарлар болалаб кетди. Умуман олганда, бизда ахборот ва тиббий саводхонлик билан боғлиқ катта муаммолар бор.
Дониёр Мўлдакан:
– Лойиҳангизни ким молиялаштираётгани ҳақида гапириб берсангиз. Сиз уни қайсидир грант маблағлари ҳисобига амалга оширяпсизми?
Ақмарал Турсунова:
– Ҳеч қандай грантимиз бўлмаган, бу фақат ғайрат ва ёрдам бериш истаги билан боғлиқ эди, чунки ҳеч иш қилмай, карантинда ўтирганимиз учун шифокорлар жонини жабборга бериб ишлаётгани ҳақидаги хабарларни ўқишга мажбур эдик. Шахсан ўзим бориб, санитар бўлиб ишлаб, ёрдам бермоқчи бўлдим, лекин саломатлигим кўтармагани учун бу ишни қила олмаслигимни тушундим. Дўстларим, олимлар билан бирга зарур тадқиқотлар, баённомаларни русча ва қозоқчага таржима қилишга ва зарур маълумотларни қидиришга қарор қилдик. Биз маълумотларни Nature, Lancet, Up to Date ва бошқа журналлардан оламиз ва ҳамма нарсани бепул ва бўш вақтимизда бажарамиз, на давлат ва на бошқа ҳомийлардан пул кутмаймиз. Бу ишни юрак амри билан бажаряпмиз.
Дониёр Мўлдакан:
– Мақолаларни таржима қилиш жараёнида яна бир диссертацияга етадиган материалларни ўқиб чиққан бўлсангиз, ажаб эмас, ахборот таъминоти билан бир қаторда соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолардан хабар ҳам топгансиз. Соғлиқни сақлаш тизимида қандай бошқа муаммоларни кўраётганингизни гапириб берсангиз.
Бўта Каукенова:
– Жуда кўп муаммолар юзага қалқиб чиқди, ҳамма жойда муаммо бор, назаримда, асосий муаммомиз бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш соҳасидадир, чунки касалликларни даволаш учун поликлиникалариннг яхши тизимини йўлга қўйиш жуда муҳим. Демоқчиманки, одам бирламчи ёрдам олиш жойи, яъни умумий терапевт олдига келганда, одатда: “Мен касал бўлиб қолдим, шифокорга кўринишим керак, лекин нима билан касалланганимни, қайси шифокорга кўринишим кераклигини билмайман, аммо кўринишим керак”, деб айтади. Мана шу умумий шифокор беморни кўриб, текшириб, уни даволайдиган тор мутахассислар қабулига жўнатиши керак – аслида соғлиқни сақлаш тизими мана шундай ишлаши зарур, бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Фақат бизда эмас, кўп мамлакатларда бемор тўппа-тўғри тор мутахассис олдига боради, чунки поликлиникада уни ё қабул қилишмайди, ёки бирор жойга йўлланма беришмайди, ёки одамлар поликлиникаларга умуман ишонмайди. Бунга беморлар ҳаддан зиёд кўп мурожаат қилаётгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Тизим яхши ва шифокорлар осон ишлаши учун мана шу бирламчи даражага кўпроқ эътибор қаратиш зарур бўлади. Бу фақат COVID га эмас, биз пандемияни бошдан кечириб бўлгандан сўнг даволаниши керак бўлган бошқа касалликларга ҳам тегишли бўлиши керак. Пандемия олимларнинг овози халққа яхши етиб бормаётганини кўрсатиб берди. Қандайдир хабарларни кўрасан – уларда бу масалани умуман тушунмайдиган сиёсатчилар илм-фан хулосалари билан асосланмаган баландпарвоз баёнотлар беради ёки илм, биология ёки вирусология соҳасида маълумоти бўлмаган ва эмлашга қарши бўлган кишилар атамаларни алкаш-чалкаш қўллагани етмагандай, олимларнинг маслаҳатига қулоқ солишни ҳам истамайди. Бинобарин, одамлардан илмий даража олиш шунча вақт, шунча саъй-ҳаракат сарфлашни талаб қилаётган эканмиз, ўша ақлли кишиларнинг гапларини тинглашимиз зарур.
Дониёр Мўлдакан:
– Қозоғистон ЯИМнинг 3 фоиздан ортиғини ёки тахминан одам бошига 280 АҚШ долларини соғлиқни сақлаш тизимига сарфламоқда. Бироқ коррупция сабабли бу пул кўзланган жойига етиб бормаяпти.
Ақмарал Турсунова:
– Сўнгги икки йил мобайнида Қозоғистондаги соғлиқни сақлаш тизими доимий ислоҳотларни бошидан кечирмоқда. Олдинги соғлиқни сақлаш вазири ўрнига келган янги амалдор, вазир олдинги ислоҳотларни бир пулга чиқариб, ўзи нимадир янги нарса жорий этмоқчи бўлади. Бу ушбу соҳада коррупция чуқур илдиз отганидан далолат беради. Қозоғистоннинг соғлиқни сақлаш тизими собиқ совет тиббиёти бўлтакларидан иборат, айни пайтда кўплаб ҳужжатлар соддалаштирилмоқда, улар электрон ҳужжат айланишига ўтади ва ҳк., аммо бундай ислоҳотлар самара бермайди. Тизимимизнинг ярми мажбурий тиббий суғурта, қолган ярми эса давлат соғлиқни сақлаш тизимининг йирик миқдордаги субсидияларидан иборат. Мен соғлиқни сақлаш тизими давлат бюджетидаги тўлиқ ҳажмда молиялаштириладиган банд бўлиши шарт эканини айтмоқчиман. Давлат бунинг ҳисобига пул ишлашга ҳаракат қилмаслиги керак. Бу шундай соҳаки, унга давлат солиқ тўловчилардан йиғилган маблағ ёки давлат даромадларини узоқ истиқболни кўзлаб, одамлар узоқ келгусида соғлом ва бахтиёр бўлишини мўлжаллаб киритади. Бироқ, афсуски, коррупция ва калтабинлик сабаб тиббий тизимимиз бошбошдоқ ҳолатга келиб қолди. Вазирлик ҳузурида комиссиялар, идоралар кўп, улар кўпинча бир-бирининг ишини такрорлайди, соҳалар вазирликлари, ҳукумат ва аҳоли олдида эплаб ҳисобот бера олмайди – соғлиқни сақлаш тизимимизни мана шундай таърифлашим мумкин.
Дониёр Мўлдакан:
– Жойлар етишмаслиги, коррупция, тизим юкининг ҳаддан ортиб кетиши. Пандемия даврида Марказий Осиё мамлакатларида ҳамма жойида ана шундай манзара кузатилди. Зумрад Мақсудова Тожикистон тиббиёт университетида шифокорларни тайёрлаш билан шуғулланади. У мамлакатнинг узоқ туманларида кадрлар билан бирга ахборот етишмаслиги ҳақида сўз юритади. Тожикистон соғлиқни сақлаш тизимида қандай эҳтёжлар мавжуд ва қандай ислоҳотлар амалга оширилди?
Зумрад Мақсудова:
– Биласизми, бизда ўтказилган ислоҳот оқибатида университетда педиатрия факультети тугатилди, аҳолисининг 48 фоизи 14 ёшгача болалар бўлган мамлакатда қандай қилиб педиатрларсиз яшаш мумкин? Оилавий шифокор кўп масалалар бўйича педиатрнинг ўрнини боса олмайди. Кейинчалик ушбу факультет қайтадан тикланди, у ҳозир бор, педиатрия факультетида ўқиш давом этяпти, лекин орада анча вақт йўқотилди. Ҳақиқий маънода ислоҳот ўтказиш учун соғлиқни сақлаш баробарида телетиббиётни ҳам ривожлантириш керак, шунда биз чет эллик ҳамкасбларимиз билан муайян ҳолат – ушбу пандемия масаласида маслаҳатлар олишимиз мумкин бўлади. Яна узоқ туманларда ишлаётган ҳамкасбларимиз ушбу профессорларнинг ҳамда вилоят, шаҳар ва республика тиббиёт марказларида ишлаётган бошқа илғор кадрларнинг маслаҳатларини олиб туриши керак.
Бинобарин, телетиббиётни, яна фармацияни ҳам ривожлантириш зарур, ҳозирги вазият чегаралар ёпилиб қолиши мумкинлигини кўрсатди, бироқ умрбўйи дори препаратларига муҳтож кишилар бор. Қаранг, нарх-наво ошиб кетди, ҳатто президент ўша учрашувда, “биз Тожикистон эҳтиёжлари учун дори-дармон ишлаб чиқишимиз керак”, деб айтди, препаратлар, яъни табиий ресурслар бизда бор ва биз улардан фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса улардан дори тайёрлай оладиган сифатли кадрлар зарур. Мамлакатимизда инфекционистлар етишмаяпти, эпидемиологлар етишмаяпти. Биз шифокорлар ҳар доим мустақил ўқиб, билимимизни ошириш билан шуғулланамиз, аммо шифокор кўриб, ушлаб кўрмагунча онлайн ўқиб-ўргана олмайди.
Дониёр Мўлдакан:
– Кейинги иштирокчимиз қирғизистонлик Бақит Қанатбек ўғли бўлиб, у тиббиётни рақамлаштириш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Бақит, лойиҳангиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
Бақит Қанатбек ўғли:
– Тиббиётни рақамлаштириш билан шуғулланяпман, деб гапиришимга ҳали эрта, фақат ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик қилиб, шартнома мажбуриятларини бажаряпман. Ҳозир мен бажараётган иш рақамлаштириш йўлидаги илк қадамлардир. Бугунги кунда электрон амбулатория тиббий картасини ишлаб чиқяпмиз, у келгусида тиббиётда мавжуд бўлган сўнгги технологияларни жорий этишнинг ўзаги ва пойдевори бўлади. Тиббиёт соҳасидаги рақамлаштиришни жорий қилишнинг мижоз ҳақидаги маълумотларни сақлаш учун имкониятлар мажмуаси деб тушуниш керак. Бугунги кунда касаллик журнали, беморни даволаш журналини юритиш энг катта муаммолардан биридир. Беморнинг амбулатория картаси мавжуд, у ерда шифокорлар ёзув киритадиган саҳифалар бор, агар ўша картани йўқотиб қўйсангиз, қўпол қилиб айтганда, бир неча йил давомида киритиб борилган ёзувлар ҳам йўқ бўлади. Тиббиётни рақамлаштириш деганда, биринчи навбатда бемор ҳақидаги маълумотлар (бунга даволаш журнали, янги касалликларни қайд этиш, қандай дорилар ишлатилгани, қандай лаборатория ва амбулатория тадқиқотлари ўтказилгани ҳақидаги маълумотлар киради) деганда, умуман, саломатлик билан боғлиқ ҳамма нарсани бир жойга жамлаш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, бу муассасадаги бизнес жараёнларини мақбуллаштириш ҳамдир. Биламизки, мижоз оғриб қолса, унинг биринчи қиладиган иши телефон, ёзувлар орқали шифокорга мурожаат қилиш бўлади, шундан сўнг у маслаҳат олиб, зарур ҳолларда бошқа шифокорлар қабулига ёки даволанишга юборилади. Умуман олганда, рақамлаштириш беморга профессионал шифокорлар қўлида даволаниш имконини беради. Маълумки, технологияларни жорий этиш пул туради, харажатларсиз ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун ҳамма нарса биринчи навбатда мамлакатнинг иқтисодий аҳволига бориб тақалади.
Дониёр Мўлдакан:
– Энди асосий масалага ўтамиз. Соғлиқни сақлаш тизимидаги ушбу улкан эҳтиёжларни қандай молиялаштириш мумкин?
Бақит Қанатбек ўғли:
– Вазият шундайки, бирор соҳада, у таълим бўладими, тиббиёт бўладими ёки бошқа бирор соҳа бўладими, бундан қатъи назар, ислоҳот ўтказиш учун пулни қаердан олиши мумкинлигини аниқ тушуниб олишимиз шарт. Яъниким, сиз масалани тўғри қўяётганингиздай, агар ислоҳот қилмоқчи бўлсак, пулни қаердан олишимиз кераклигини билишимиз зарур. Тиббиётни хусусий мулк эгалари қўлига берсак, пулни олишимиз даргумон, уни фақат хусусий мулк эгалари олади. Бошқа мамлакатлар, хусусан, Европа мамлакатларида жорий этилган муайян бошқа схемалар ҳам бор. Масалан, зикр этилган қитъа мамлакатларида суғурта деган тушунча пайдо бўлиб, жорий этилмоқда. Унга кўра, мижоз касалликни суғурта қилиши, яъни унга тайёрланиши мумкин. Суғурта воситалари бор жойда давлатнинг қўлида йиғилган пул пайдо бўлади, у ўша пулни ишлатиши, шахсий мулк эгалари қўлига бериши, ўзи ҳам сарфлаши мумкин, лекин бу – иккинчи даражали масала. Муҳими, суғурта шарофати билан пул йиғиш имконияти пайдо бўлади ва ушбу пул ёрдамида қандайдир ислоҳотларни ўтказиш мумкин.
Дониёр Мўлдакан:
– Сиз инсон саломатлиги учун олдиндан пул тўлайди, деб айтяпсиз, умуман олганда, собиқ совет мамлакатлари аҳолиси, мактаб таълими билан тиббиёт – ижтимоий неъмат, у ҳар бир ватандошга кафолатланиши керак деб ўйлашга ўрганиб қолган. Сиз унақа деб ҳисобламайсизми?
Бақит Қанатбек ўғли:
– Йўқ, мен унақа деб ҳисобламайман. Гап бепул тиббиёт ҳақидаги кетяпти, шундайми?
Дониёр Мўлдакан:
– Ҳа.
Бақит Қанатбек ўғли:
– Бизда бепул тиббиёт давлат тиббий муассасаларидаги пуллик бахилалардан, пуллик муассасаларда эса, аксинча, бепул бахилалалардан бошланади, тушуняпсизми? Ҳамма бало шундаки, “бепул тиббиёт” тушунчаси фақат миямизга ўрнашиб қолган, лекин бунақа қотиб қолган тушунчаларни ўзгартириш керак, деб ҳисоблайман. Нима бўлганда ҳам, Қирғизистонда бепул тиббиёт бор, деб айтиш жуда қийин. Агар ишлаётган бўлсангиз, ойлик маошингизнинг ижтимоий йиғимлар қисмидан муайян пул миқдори мажбурий тиббий суғурта жамғармасига йиғилади – демак, пул тўлаётибсиз. Эҳтимол гап фақат сифатда, яъни сифатсиз, айтиш мумкинки, ишонимсиз бепул тиббиёт бизга керакми ёки йўқлигида бўлса керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, тиббиёт пул тикиш шарт бўлган йўналишдир, бусиз уни яхши ривожлантириб бўлмайди. Бу йўналиш пул талаб қилади ва биз ҳар қандай ҳолатда ҳам пул тўлашимиз шарт. Гап фақат ўша пулни қандай сарфлашда қолади. Яъни биз суғурта тизимини жорий қилсак, давлат пул йиғиш имконига эга бўлади ҳамда ўша маблағлардан тўғри фойдаланилса, Қирғизистонда ислоҳотлар ўтказиш мумкин.
Дониёр Мўлдакан:
– Умуман олганда, суғуртани ёки тиббиётни хусусий мулк эгалари қўлига бериш мумкинми?
Бақит Қанатбек ўғли:
– Назаримда, буни хусусий мулк эгалари қўлига бериш керак, чунки бундай вазиятда давлат мижознинг ва ўз ватандошининг ҳуқуқи таъминланиши кафили сифатида кўпроқ регулятор – тартибга солувчи вазифасини ўташи, аммо технологияларни жориш этиш ва технологияларни такомиллаштириш бошқарувини, шифокорларни стажировка ўташга жўнатиш, уларнинг малакасини ошириш каби ишларни бажаришни хусусий мулк эгалари қўлига бериш лозим, чунки бугун ҳаммамиз тиббий хизматларнинг хусусий бозори билан уларнинг давлат бозори аҳволи ўртасидаги фарқни кўриб турибмиз. Давлат тиббий муассасасида ишлаётган исталган шифокор бир лаҳзада хусусий секторга кетиб қолиши мумкин, чунки у ўша ёқда кўпроқ пул ишлайди ва бу – нормал ҳолат. Шифокор – олдида ҳаммамиз бурчли бўлган инсон ва у яхши пул ишлаб топиши даркор. Ҳозирги кунда энг яхши мутахассислар хусусий секторда жамланмоқда, истасанг ҳам, истамасанг ҳам ўша ёққа мурожаат қиласан. Шунинг учун, такрор бўлса ҳам айтаман, давлат ҳакамлик, регуляторлик вазифасини ўташи, хусусий мулк эгалари қутуриб кетмаслиги учун уларни кузатиб бориши керак, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳам суғурта қилиш, ҳам хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқарувни хусусий компаниялар ўз қўлига олиши лозим.
Дониёр Мўлдакан:
– Суғурта сизу бизни кўзда тутилмаган катта харажатлардан ҳимоя қилиши мумкин ҳамда ушбу жуда қиммат турувчи тизимни молиялаштиришнинг энг яхши усули ҳисобланади – соғлом киши касал даволаниши учун пул беради. Бизда соғлом кишилар касаллардан кўра кўп ва айни ҳол зарур маблағлар билан таъминлаб беришга эш бўлади. Боз устига, турли экспертлар, жумладан, Осиё тараққиёт банки тавсия қилаётганидай, мамлакатларда соғломлаштиришнинг бутун бошли иқтисодиётини, яъни аҳолининг спорт билан шуғулланиши, соғлом овқатланиши ва ҳоказолар учун рағбатлантиришни ривожлантириш керак бўлади.
Масалан, Ўзбекистонда пиёда сайр қилишнинг энг фаол ишқибозлари учун пул тўлашга қарор қилинди. Шаҳарликлар орасида ким кўп яёв юрса, ҳар ойда 30 долларга яқин, қишлоқларда эса 50 долларга яқин пул тўланади. Мамлакат бўйича ким кўп юрса, 100 доллар пул тўланиши кўзда тутилган.
Яёв юриш натижаларини қайд қилиб бориш учун махсус сайт ташкил этилади. Пиёда юриш ишқибозларини рағбатлантириш саломатлик учун зарарли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларидан ундириладиган махсус йиғим ҳисобидан амалга оширилади.
Зумрад билан суҳбатимизга қайтамиз. Тожикистонда ҳам Қирғизистондаги сингари тиббий суғуртани жорий қилиш мумкинми? Муқим иш жойи бўлмагани сабабли ўз мамлакатида ҳам кўпинча тиббий суғурта тизимидан четда қолаётган ишсизлар ва меҳнат мигрантлари улуши жуда катта. Бироқ ватандошлик йўқлиги сабабли меҳнат мигрантлари чет элда ишлаётган пайт ҳам ҳар доим тиббий хизматларни бепул олиш имконига эга эмас.
Зумрад Мақсудова:
– Тиббий суғурта саноат корхоналари ва одамлар ишлаётган мамлакатларда ривожланади, чунки тиббий суғуртанинг муайян қисмини иш берувчи тўлайди. Одамнинг ушбу суғуртани сотиб олиш учун маблағи бўлиши керак, пули йўқ одам уни нимасига сотиб олади? Мен суғуртали тиббиётни қўллаб-қувватлайман, лекин бу давлат иқтисодиёти билан бевосита боғлиқ нарса. Агар Тожикистондаги корхоналарнинг кўпчилиги ишлаб, даромад келтирганда ҳамда давлат иш берувчилар – ушбу корхоналар раҳбариятини ўз ходимларини суғурта қилишга мажбурлаганда эди, тиббий суғурта ўзини оқлаган бўлур эди, чунки одамнинг саломатлиги, ватандошларнинг саломатлиги давлатнинг энг катта бойлигидир. Лекин бизнинг мамлакатда, бор-йўғи, бир неча йирик ишлаб турган корхона бор ва ходимлари қўлида муайян ижтимоий пакет мавжуд, ўша корхоналар ўз шифохоналарига эга, ўша ёққа мурожаат қилиши, иш берувчи эса уларга кўрсатилган барча тиббий хизматлар харажатларини тўлаб беради. Лекин аҳоли аксарият қисмининг ушбу пакетни сотиб олишга қурби етмайди. Бошқа мамлакатларда суғурта, муайян тиббий хизматлар пакетини одамлар ўзи сотиб олади, лекин ватандошларимиз аксариятининг чўнтаги ҳатто шу пакет харажатларини ҳам кўтара олмайди, шунинг учун, афсуски, Тожикистонда суғурта тиббиёти йўқ. Бу ерда очиқ айтаман, биздаги тиббиёт бепул эмас, чунки муайян тиббий хизматлар аҳолига пул эвазига кўрсатилади, хизматлар нархларини стендлардаги нархномаларда кўришингиз мумкин – ҳаммаси очиқча. Ҳаёт кўрсаткичлари бўйича бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар рўйхати ҳам бор, 1 ёшгача бўлган болалар бепул тиббий ёрдам олади, қолган ҳолларда эса кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг қандайдир қисмини ватандош, қайсидир қисмини эса давлат тўлайди. Яъни биргаликда молиялаштириш амал қилади, харажатларнинг каттароқ қисмини одам ўзи тўлайди, қайсидир қисмини эса давлат кўтаради. Бизда бепул тиббиёт қолмади.
Дониёр Мўлдакан:
– Эътиборли жиҳати шуки, дунёда энг муваффақиятли соғлиқни сақлаш тизимлари ҳам мавжуд. Масалан, Германияда ушбу тизимнинг 77 фоиз харажатларини давлат, қолган 23 фоизини эса хусусий сектор қоплайди. Яъни мамлакатда ишловчи кишиларга тиббий суғурта берадиган хусусий сектор ривожланган тақдирда ҳам давлат соғлиқни сақлаш тизимини узлуксиз ва етарли даражада молиялаштириш учун етмаган маблағ билан таъминлаб туради.
Қозоғистонда 2020 йил бошидан мажбурий суғурта тизими жорий этилди. Қозоғистонлик ҳамкасбларимиздан тиббий суғурта ғоясига қандай муносабатда эканини сўрамоқчимиз.
Ақмарал Турсунова:
– Умуман олганда, давлат тиббий суғуртаси билан профессионал даражада шуғулланаётган одамлар бор. Ушбу муаммо билан таниш одам нуқтаи назаридан нима дейишим мумкин? Бу борада умумий фикрни эмас, фақат фақат ўз фикримни билдиришим мумкин. Афсуски, Қозоғистон аҳолиси тиббиёт шартли равишда бепул бўлган совет тизимига ўрганиб қолган. Ҳаммамиз биламизки, моҳиятан олиб қараганда, тиббиёт бепул бўлиши мумкин эмас, ё биз унга ўзимизнинг пулимизни тўлаймиз, ё солиқлардан, ё бадаллардан ва ҳоказолардан – ишқилиб, барибир пул тўлаймиз. Тиббий суғурта жорий қилинаётган пайтда давлат маърифий, ахборот билан таъминлаш ишларини барбод қилди. Таассуфки, одамларга ўзининг тилида нима учун ҳамма нарса бепул бўлган совет тиббиёти самарасиз бўлганини, нима сабабдан одамлар саломатлигини суғурта қилиши ва давлатдан зарур тиббий хизматлар ҳажмини олиш учун ҳар ой ёки ҳар йили бадал тўлаб туриши кераклигини тушунтира олишмади. Аслида тиббий суғурта учун жуда кўп миқдорда бадал пули тўланади, ушбу бадаллар одамларнинг тиббий тизимга бўлган кўплаб харажатларини қоплаши мумкин, бироқ давлат коррупциялашгани сабабли бу бадалларни тўлаётган мижозларнинг ҳаққини қирқади ва бу пулни амалдорларнинг бошқарув аппаратини молиялаштиришга сарфлайди. Коррупция билан боғлиқ яна бир катта можаро келиб чиқди: тиббий суғурта тизими бошлиғи ҳар йили хотинига биттадан янги автомобиль сотиб олавергач, ишдан бўшатилиб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, лекин мен бундай хўжакўрсинга жазолаш тизимга айланиб кетган коррупция муаммосини ҳал эта олишига ишонмайман.
Дониёр Мўлдакан:
– Бўта, сиз тиббий суғурта ҳақида нима дейсиз?
Бўта Каукенова:
– Назаримда, тиббий суғурта – яхши ғоя. Моҳиятан, унинг битта вазифаси бор, у ҳам бўлса, соғлиқни сақлаш тизимига имкон қадар кўпроқ пул сарфлашдир, чунки ҳар ойда бир марта ҳамманинг маблағлари ҳисобдан чиқарилади ва назарий жиҳатдан қараганда, одамларга керак бўлган вақтда уларни даволаш учун ишлатиладиган пул тўла ҳамён, яъни ижтимоий масъулият яратилмоқда, бунинг сиз касал бўлишингиз шарт эмас. Кимлардир, “мен тез-тез касал бўлмайман, шуни сабабли тиббий суғурта учун ҳар доим пул тўлашим шарт эмас”, дейдиган ҳолатлар ҳам бўлади, лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, тиббиёт – жуда қиммат соҳа, кадрлар тайёрлаш керак, технологиялар ва тиббий жиҳозларнинг нархи осмонда. Шунинг учун, дейлик 5 – 10 йилдан кейин касал бўлиб қолсангиз, сизни даволашга ушбу ҳамёндан олинадиган жуда кўп пул керак бўлади. Сиз жамият вакили сифатида унинг бошқа аъзоларига ғамхўрлик қилсангиз, шу йўл билан уларнинг касал бўлмаслигига кўмаклашасиз, шунинг учун тиббий суғурта ғоя сифатида жуда жозибали.
Дониёр Мўлдакан:
– Келинглар, суҳбатимизга якун ясаймиз. Рисоладаги соғлиқни сақлаш тизимини қандай тасаввур қиласизлар?
Ақмарал Турсунова:
– Иш ҳақининг камлиги ва шифокорлик касбининг қадри тушиб кетгани, у энди ёрдамчига эмас, хизмат кўрсатувчига айланиб қолгани, фақат истеъмол нуқтаи назаридан муносабат қилинаётгани сабабли касбига меҳри қолмагани, ўз ишига профессионал ёндашмаётгани ҳамда ёрдамга муҳтож бемордан тезроқ қутулиш учун унга тезроқ рецепт ёзиб бериш пайида бўлаётгани ўзимизнинг суст фуқаролик позициямиз учун тўловдир.
Мен қозоғистонлик ва ушбу мамлакат ватандоши сифатида қилишимиз керак бўлган биринчи иш “бунинг менга дахли йўқ” принципидан воз кечишимиз, яъни ушбу тизимга ҳар бир кишини қўшишга эришишимиз зарур, деб биламан. Одам саломатлик ва соғлиқни сақлаш тизими амалдорлар ёки қандайдир тор соҳага ихтисослашган экспертларга тегишли эмаслигини тушуниб олиши муаммоларни ечиш учун зарур бўлган биринчи калитдир. Иккинчи калит эса давлатнинг фуқаролик позицияси бор омма билан унинг тилида гаплашишга тайёр экани ва “ҳа, дўстлар, биздан жуда кўп хато ўтди. Келинглар, ўша хатоларни бирга тўғрилаймиз”, дея олишидир. Фикримча, рисоладаги соғлиқни сақлаш тизими мана шу 2 та таркибий қисмдан иборат бўлиши керак ва мен уни мана бундай тасаввур қиламан: шифокорлар меҳнат учун кўп ҳақ олади, уларнинг мақоми жуда баланд, шифокорлар касаба уюшма/профессионал жамоат сифатида фуқаролик жамиятининг унсурларидан биридир, улар эксперт сифатида давлат билан теппа-тенг, аҳоли билан эса унинг тилида гаплашади. Айтмоқчиманки, пандемия даврида халқнинг олдига чиқиб, “дўстлар, бу – янги вирус, унинг ўзига хос жиҳатлари бор экан, шунинг учун тиббий ниқоб тақиш керак, тўй қилмай туриш лозим ва ҳоказо” дейдиган шифокорлар етишмади. Афсуски, бунақа одамлар бўлмади. Бўлмаганни бўлмади дейишдан бошқа иложимиз йўқ.
Шифокорларнинг кўп иш ҳақи олиши, жамиятдаги мақоми юксак ва ҳурматга лойиқ бўлиши учун ҳам давлат билан, ҳам аҳоли билан гаплаша оладиган кучли профессионал уюшмаси зарур. Иккинчидан, сиёсати изчил бўлган давлат керак, яъни тиббий суғуртани жорий қиламиз, деб айтдикми, демак, кейинчалик унинг ўрнига бошқа бирор нарсани тиқиштириш ёки ушбу тизимдан воз кечиб бўлмайди. Шунинг учун давлат аввал бир нарсани гапириб, кейин бошқа нарсани қилаётганини кўриб турибмиз ва унга ишончимиз йўқолмоқда, барча яхши ислоҳотлар ёки ташаббусларни ана шундай изчил иш тутмаётган давлат йўққа чиқармоқда. Учинчи таркибий қисм касалликни даволагандан кўра олдини олиш яхшироқ эканини тушунадиган одамлардир. Афсуски, Қозоғистонда бу ривожланмаган, одамлар скринингларга, касалликларнинг олдини олиш билан шуғулланадиган превентив тиббиётга ишонмайди. Ваҳолонки, ҳар 5 – 10 йилда профессионал тиббий кўриклар ўтказиш, айрим касалликларни дастлабки босқичида аниқлаш ва сифат жиҳат жиҳатидан яхшироқ яшаш ҳам мумкин. Бунинг учун эса тиббий нуқтаи назардан саводли аҳоли, кучли пролфессионал жамоат ва кучли давлат керак. Кучли давлат дегани одамларни қўрқитиш, ҳамма нарсани тақиқлаш дегани эмас, аксинча, у бунақа масалаларда эксперт ва изчил бўлиши ҳамда ўз амаллари учун жавоб бериши зарур. Мен масалани тахминан шундай тушунаман.
Дониёр Мўлдакан:
– Бўта, сизни нима деб ўйлайсиз?
Бўта Каукенова:
– Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш хусусида айтмоқчи бўлган гапим шуки, шифохоналарга кўп борганман, оиламиздагиларнинг ҳаммаси – шифокор, энди бу касб эгаларига ҳурматни оширишимиз керак. Биз дуч келаётган асосий муаммо шуки – буни COVID даврида тарқалган видеоларда ҳам кўрдик – шифокорлар кечаю кундуз тиним билмай ишлаяпти, беморларнинг таъби тирриқ, одамлар яқинлари учун қайғуради ва ваҳимага тушиб қолган, шу билан бирга, эшикни тепиб киради, телефонини шифокорнинг юзига тираб, бирдан бақира кетади ва “ҳаммасини телефонга ёзиб оляпман, Фейсбукка чиқараман, ҳаммангиз менинг олдимда қарздорсиз, чунки Гиппократ қасамини ичгансиз”, деб ўдағайлай бошлайди. Лекин улар шифокор ҳам одам эканини, унинг оиласи ва ҳиссиётлари борлигини, иши борлигини унутиб қўяди. Демоқчиманки, агар шифокорларни кўпроқ ҳурмат қила бошласак, улар яхшироқ ишлайдиган бўлади ва ёш авлоднинг шифокорликка ҳаваси ортади. Шифокорлик касби мақоми оширилса, бундай мақомга эга бўлишни истаганлар уни эгаллаш ҳаракатига тушади. Мен тез-тез сафарга чиқиб тураман ва турли малакатлардаги одамлар билан гаплашаман, улар мендан нима иш қилишимни сўрайди. Шифокорликка ўқияпман десам, “Ў, шифокор бўлиш қандай яхши. Улар – жуда яхши одамлар”, деб ҳурмат билан қарайди. У ёқларда шифокорларга муносабат бутунлай бошқача, одамлар шифокор бўлишга интилади. Мен 2010 йили Остонадаги тиббиёт университетига ўқишга кирган эдим. “Олтин белги” мактабини тугатганим учун у ерга ўқишга киришим жуда осон бўлган. Шундан сўнг билсам, кўп одамлар у ерга қолдиқ принципи бўйича ўқишга кирар экан, яъни иқтисодчи сингари қандайдир обрўли ихтисослар бор ва жуда кўпчилик ўша касбни эгаллашга ҳаракат қилади, лекин уларнинг гранти жуда оз ва ўқишга кириш учун ҳар доим ЕНТ (Ягона миллий тест тизими) баллари жуда юқори бўлиши керак. Шунинг учун иқтисодиёт йўналишига ўқишга кира олмаганлар тиббиёт университетига йўл олади. Тиббиёт университетига кириш қийин бўлиши шарт, шифокорлар вақти-вақти билан халқаро баённомаларга кўра, қайта аттестациядан ўтиб туриши, бироқ бу одамларга аҳмоқона юклама бўлмаслиги учун, шифокорларнинг ойлик маоши ҳам шунга яраша ошириб борилиши керак, токи одамлар кунбўйи шифохонада ишлаб бўлгандан сўнг фарзандларини боқиш ва уларга қишки кийим сотиб олиш учун яна қандайдир иккинчи ёки учинчи ишга бориб ишлашим керак, деб бош қотирмаслиги керак. Шифокор фақат тиббиётни, одамларни қандай даволашни ўйлаши лозим.
Дониёр Мўлдакан:
– Шифокорлар, ҳамширалар, поликлиникалар, тез ёрдам хизматлари, лабораториялар – бир сўз билан айтганда, соғлиқни сақлаш тизимининг барча ходимлари ва фаоллари (жумладан, меҳмонларимиз ҳам) 2020 йилнинг энг муҳим шахсларига, ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлиги эса энг қадрли нарсага айланди. Соғлиқни сақлаш тизимига йирик миқдордаги сармоя киритилиши, янги шифохоналар барпо этилиши ва ушбу соҳага энг зўр мутахассислар интилиши учун ечим топа билишим зарур. Эҳтимол жавоб суғуртанинг самарали ва адолатли тизимини қидириб кўришдадир. Саволлар кўп, аммо хурсанд қиладиган жиҳати шуки, айни пайтда жавоблар ҳам қидирилмоқда, жумладан, фаолларимиз ҳам қараб тургани йўқ. Саломат ва бизнинг подкастга обуна бўлинг – саҳифамизда транскрипт ва фойдали ҳаволаларни ҳам жойлаштириб борамиз.
Эътиборингиз учун ташаккур – кейинги эпизодда учрашгунча хайр!