Сурат манбаси: coe.int
Муаллиф: Ҳакимжон Фозилов
Хоразм – Зарина туғилиб ўсган макон. Ҳаётининг 14 йили шу жой билан боғлиқ. Ундан кейин эса қиз Жиззахда яшай бошлади.
Уни уч марта… сотишди. Биринчи марта онаси 7 ёшида фарзандсиз оилага сотиб юборган. Заринани асраб олган аёлнинг касби ўқитувчи эди, у қизчани етти йил давомида тарбиялади. Лекин хасталик сабаб дунёдан ўтди. Заринанинг ҳақиқий онаси бундан хабар топгач, қизини олиб кетди. Енгил-елпи ҳаётга ўрганган онанинг уйи кўнгилхушлик учун келувчи эркаклар билан тўла эди. Бўйи чўзилиб, кўзга яқин бўла бошлаган қизни онасининг хушторларидан бири сўраб қолди. Хуллас, унинг номуси катта пулга сотиб юборилди. Иккинчи бор буюмдек пулланган қизнинг тақдири шу тариқа буткул ўзгариб кетди.
Ўша воқеадан сўнг аммаси Заринани уйига олиб кетди. Бир ҳафтадан сўнг эса қиз аммаваччаси билан Жиззахга йўл олди. Улар бу ерда айни тўй мавсуми бошланган вақтда етиб келишди. Шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирига жойлашган Зарина ва унинг қариндоши тўйларда раққосалик қилишарди. Жиззахдаги одат шундайки, тўйларда одамлар турнақатор тизилишиб олиб, раққосаларга пул қистиришади. Бу Зарина сингари қизларни енгил ҳаёт домига тортиш учун ипсиз қармоқдир. Шундай қилиб, тўйлардан тушадиган пуллар қизнинг эс-ҳушини ўғирлади.
Кунларнинг бирида Заринадан бир неча ёш катта киши унга оила қуришни таклиф этди. Рафиқаси бевақт оламдан ўтган бу эркакнинг бўйи етган фарзандлари бор эди. Зарина рози бўлди, шаръий никоҳ билан оила қуришди. Заринанинг ҳомиладорлиги еттинчи ойга борганда эса эрининг фарзандлари уни жанжал-тўполон билан уйдан чиқиб кетишга мажбур қилишди. Уйдан кетгач, Зарина ижарага квартира топиш учун раққоса ҳамкасбларидан бирига қўнғироқ қилди. Уй топилди. Заринанинг ой куни яқинлашиб, қиз фарзандли бўлди. Лекин болани боқишга, яшаш учун уй-жой қилишга имкон йўқ эди.
Кунларнинг бирида у форишлик аёл билан танишиб қолди. Аёлнинг таклифига кўра, Форишдаги хонадонлардан бирида Зарина ва фарзанди учун барча шароит яратиб берилади, эвазига у фоҳишалик қилиши керак. Қийинчиликлардан безган аёл шартга рози бўлди. Қарийб бир йил давомида у келаётган мижозларга хизмат қилиб юрди. Лекин қўшмачилик қилаётган аёл унга бир сўм ҳам пул бермасди. Қайтага Зарина норозилик билдирган кунлари боласини едириб- ичиришга кетган пулларни ҳисоблаб, катта қарзни бўйнига иларди. Бора-бора болани онага кўрсатмай ҳам қўйди. Телефони, паспорти, боласининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини биринчи кунданоқ тортиб олишган эди…
2019 йил, декабрь. Воқеалар шу санадан бошлаб, бошқа ўзанга бурилди. Сўнгроқ бу мавзуга яна қайтамиз.
Муаммо барҳам топмаяпти
Жаҳонда одам савдоси – глобал муаммо. Баъзи давлатлар бошланғич, баъзилари транзит ёки сўнгги манзил сифатида ҳаракат қилишади. БМТнинг статистик маълумотларига кўра, одамлар камида 127 мамлакатдан сотувга чиқмоқда ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинмоқда. Ҳар йили турли ҳисоб-китобларга кўра, 20-40 миллион киши қулдорликнинг замонавий шакли қурбонига айланяпти.
Шу билан бирга, мазкур муаммонинг аниқ кўламини билиш жуда ҳам қийин, зеро, жиноий фаолият яширин содир этилади. Аниқ статистика мавжуд эмас. Халқаро даражада одам савдоси қурбонларининг атиги 0,04 фоизигина аниқланган.
Бугун жаҳонда одам савдосининг учта кенг тарқалган тури мавжуд:
1. Жинсий алоқа. Одам савдоси қурбонларини танлаб олувчи энг кенг тарқалган машғулот бу фоҳишабозликдир. Аёлларнинг 72 фоизи жинсий эксплуатация мақсадида сотилган. Қора бозорга товар сифатида тушадиганлар умумий сонининг 71 фоизини аёллар ва ёш қизлар ташкил этади.
2. Мажбурий меҳнат. Бундай ҳолда одам савдоси қурбонлари нафақат ноқонуний жойларда, балки қонуний расмийлаштирилган ишларда ҳам ишлашади. Мажбурий меҳнат, масалан, массаж салонлари, қишлоқ хўжалиги, ресторанлар, меҳмонхоналар ва жамоат хизматларида (кўчалар ёки уй тозалаш хизматлари) кенг тарқалган. Эркакларнинг 85,7 фоизи мажбурий меҳнатга жалб қилинган.
3. Одам аъзоларини сотиш. Одам савдосининг кўп ҳам кўзга ташланмайдиган тури бу тана аъзоларини сотишдир. Айни турдаги жиноят “товарлар” умумий сонининг 1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорини ташкил этади. Бу борада товар айирбошлашни аниқ баҳолашнинг иложи йўқ, аммо мутахассислар бу миқдорни 600 миллиондан 1,2 миллиард долларгача дейишади.
Одамлар қай йўл билан сотувга чиқарилмоқда?
Жабрланувчилар ҳар қандай ёш, ирқ, жинс ва миллатга мансуб бўлиши мумкин. Одам савдоси билан шуғулланувчилар “маҳсулот” учун зўравонлик, манипуляция, пуллик иш ваъда қилиш ёки романтик муносабатлардан фойдаланишлари мумкин. Улар одамларнинг энг заиф нуқталарини топишади. Кўпинча, қурбон сифатида – яхши таълим олмаган, қашшоқлик даражасига тушиб қолган ёки ишсиз оилаларда ўсган, зўравонликни бошдан кечирганлар танланади. Улар орасида уйсизлар, уйдан қочиб кетган болалар ёки ногиронлар бўлиши ҳам мумкин.
Одам савдоси яширин жиноятлигича қолмоқда.
Бу турдаги жиноятдан “дилерлар” йилига тахминан 150 миллиард доллар фойда кўради. Шулардан 99 таси жинсий эксплуатация қилинганлар ҳисобига тўғри келади. Шунинг учун йилдан- йилга одам савдоси рентабеллиги ўсиб бормоқда.
Нима учун бу муаммо мавжуд?
Одам савдоси ўта фойдали бизнес ҳисобланади ва шу билан бирга, унда қўлга тушиш хавфи ноқонуний қурол савдосидаги каби катта эмас. Чунки қурбонлар, кўпинча, ўзлари ҳақида гапиришмайди, сотиб олувчилар ҳам фаолиятини реклама қилмайди.
Одамфурушларни жиноий жавобгарликка тортиш даражаси ниҳоятда паст: уларнинг айбдорлигини исботловчи далиллар топиш қийин. Мисол учун, 2016 йили жаҳон бўйлаб 14 894 та суд иши очилган. Уларнинг фақат 9071 тасида жиноятчилар судланган.
Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш
Халқаро талабларга мувофиқ, одам савдоси оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузилиши деб таснифланади. Мамлакатлар бунинг учун жазони мустақил равишда белгилайдилар. Одам савдосига қарши курашиш борасида Ўзбекистонда 2008 йили тегишли Қонун қабул қилинган эди. Орадан 12 йил ўтиб, қонун талабга жавоб бермай қолди. Жорий йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилган. Бу, ўз навбатида, одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шунингдек, жабрланувчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда қонуний асос бўлиб хизмат қилади.
Миллий қонунчиликда илгари бўлмаган одам савдоси жабрдийдаларини идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда акс этган. Вояга етмаганлар савдосининг олдини олиш ҳам муҳим жиҳат ҳисобланади. Қонун одам савдоси жабрдийдалари бўлмиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда давлат органлари ташаббускорлигини ошириш, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бошчилигида ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади. Ва энг муҳими, одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга кўмаклашади.
Одам савдосига қарши ННТлар билан ҳамкорлик
Бу йил Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим қадам қўйилди – янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди. Бундан мақсад, одам савдосига қарши кураш масаласида давлат органларининг нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтиришдир.
Ҳозир республикада 9 мингдан ортиқ нодавлат- нотижорат ташкилотлари мавжуд. Уларнинг 100га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳам белгиланди. Уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ кўрсатилди.
Одам савдосига қарши курашда алоҳида йўналишлардан бири – чақалоқлар савдоси. Чақалоқлар савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ё аввал айтилмаган ёки ҳозир кўпайиб кетди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида айни мавзу кенг ёритилмоқда. Тергов органлари тақдим этган маълумотлардан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида одам савдоси, хусусан, чақалоқлар ва болалар савдоси жиноятлари фош этилганини кўриш мумкин.
Ўзбекистонда болалар савдоси: нохуш ҳолатлар
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида чақалоқлар ва болалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар фош этилмоқда. 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган, аммо чақалоқлар савдоси 38дан 43 фоизгача ошган.
Сенат раиси Танзила Норбоева чақалоқлар савдосида воситачиларнинг учдан икки қисми (32 фоизи) тиббиёт ходимлари эканини таъкидлади.
«Одам савдосида фақатгина аёллар ёки бир киши айбдор эмас. Унга шароит яратиб бераётган, шу нарсага ундаётган муҳит ҳам борлиги маълум. Бундай ҳолат ўзбек жамияти учун мутлақо хос эмас. Шунинг учун бу масалага бошқача ёндашишимиз керак», деди Сенат раҳбари. Сенатор Ўзбекистонда аввал ҳам одам савдоси ҳолатлари бўлгани, бироқ мавзу ёпиқлигича қолдирилганини таъкидлаган.
Афсуски, Ўзбекистонда чақалоқлар савдосига оид кўплаб ҳаётий мисоллар мавжуд: 2019 йилда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар 72 нафар шахс томонидан содир этилган. Қуйидагилар ушбу рўйхатдан айрим мисоллар:
Шу йилнинг 23 июнь куни Сирдарё вилояти ИИБ ТЭҚКБ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сардоба туманида яшовчи “Л” ва “М” исмли шахслар “Л” исмли шахснинг 2020 йил, май ойида туғилган чақалоғини 18 000 (ўн саккиз минг) АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирги вақтда Сирдарё вилояти ИИБ ТЭҚКБ ходимлари тезкор текширув олиб бормоқда.
2020 йилнинг 3 июнь куни Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи фуқаро, 22 ёшли Н.Ё. 11 май куни туғилган 23 кунлик фарзандини Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро Н.И.га 3 000 000 сўмга сотишга келишган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Н.Ё. чақалоғини сотиб, келишилган пулни Навоий шаҳридаги “Навоий” жоме масжиди ёнида олган вақтида ўтказилган тезкор тадбир натижасида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Фарғона вилоятида 2020 йилнинг 1 сентябрь куни ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида 24 ёшли Г.С., (аёл) вояга етмаган 1 ёшли фарзанди Ш.Т., ни 1500 АҚШ долларига сотишга келишиб, ушбу суммадан 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган.
«Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда 19 ҳолат бўйича оилавий шароит оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3 та ҳолатда уй-жой олиш, 9 та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10 та ҳолатда моддий манфааат учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда», — дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Жиззах вилоятидаги нодавлат ташкилотнинг ишонч телефонига 18 нафар фуқаро одам савдоси қурбони бўлганлигини маълум қилди
Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказининг Жиззах вилояти бўлими – Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашаётган 100 дан ортиқ нодавлат-нотижорат ташкилотлардан бири. ННТ томонидан одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, одам савдосидан жабрланган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш борасида 2020 йилнинг ўтган 8 ойида қатор ишлар амалга оширилди.
Марказнинг “Долзарб алоқа” тармоғига жами 1604 та мурожаат келиб тушган (ННТнинг 2020 йилнинг 8 ойидаги фаолияти ҳақидаги маълумотларга асосан). Шу мурожаатлардан 857 таси эркакларники бўлса, 747 таси аёлларникидир. Мазкур қўнғироқлар юзасидан фуқароларнинг 796 нафарига турли йўналишлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
ННТ томонидан 104 нафар фуқародан мурожаатлар қабул қилиниб, таҳлил этилганда, улардан 99 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш сўралган, 16 нафарини эса ватанга қайтариш бўйича амалий ёрдам сўралган. 18 киши одам савдоси қурбони бўлганлиги маълум қилинган. 14 кишининг ҳужжатини тиклаш, 1 кишининг номусга тегиш ҳақидаги мурожаати келиб тушган. Мурожаатлардаги 6 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Заринанинг тақдири нима бўлди?
Фориш. 2019 йилнинг декабрь ойи. Кунлар совуқ. Мижозлардан бири Заринани ўзи билан Жиззах шаҳрига олиб кетадиган бўлди. Бу Зарина учун катта имконият эди. Ўзи тушиб қолган вазият ҳақида унга айтиб берди ва телефондан танишларига қўнғироқ қилиб олишга рухсат сўради. Телефон гўшагини ички ишлар бўлимида терговчи бўлиб ишлайдиган таниши кўтарди. Қисқа фурсатда улар кўришишди, ҳақиқий аҳвол қандайлиги аниқ бўлди. Зарина ва унинг фарзанди ўша хонадондан олиб чиқилиб, Жиззах вилояти “Аёллар реабилитация ва ижтимоий мослашув” марказига келтирилди.
Марказ ҳуқуқшуноси, психологи ва бошқа масъуллар кўмагида аёлни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган олти ойлик машаққатли вазифа уддаланди. Зарина ҳозир тикувчилик цехида ҳунар ўрганмоқда. Бундан ташқари, вилоят Бандлик бошқармасининг жамоат ишларига жалб этилиб, белгиланган тартибда ойлик маошга эга бўлди. Унинг ҳаётини дўзахга айлантирган кимсаларга эса суд бир неча йиллик қамоқ жазосини тайинлади.
Жиззахда Зарина сингари аёллар кўп бўлмаса-да, оиласи ва жамиятдан зулм кўрган, турли дашномларга қолиб, қийналаётганлар бизга мурожаат қилиб туради, – дейди марказ психологи Дилфуза Аҳмедова. – Бу ерда жабрдийда аёллар фарзандлари билан вақтинча истиқомат қилиши учун оила муҳитига яқин шароит яратилган. Руҳшунос, юрист мутахассислар кўмаги, оналар ва болалар хонаси мавжуд. Керак бўлганда аёлларга касб-ҳунар ўргатилиб, уларнинг ижтимоий мослашуви учун имконият яратилади.
Одам савдоси ҳақида 3 далил:
1. Одам савдосидан жабр кўрганларнинг деярли барчаси яқин танишлари ёки қўни-қўшнилари орқали хориждаги “ишга жойлашган”.
2. Деярли барчага “Йўлкирангни қоплашади, ҳужжатлар муаммосини ҳам ўзлари ҳал қилишади”, деб айтилади.
3. Иш учун патент олиш баҳонасида паспортлар олиб қўйилади.
________________________________________________________________________________________________________________________________________
Мақоладаги суратлар муаллиф томонидан тақдим этилган.