Сурат манбаси: norma.uz
Муаллиф: Фозил Машраб – мустақил таҳлилчи, The Jamestown Foundation (Global Research and Analysis) нашрининг доимий муаллифи.
Жазирама ёзни ортда қолдириб, олтин куз ҳам кириб келди. Жорий йил бошидан буён бутун дунё миқёсида, март ойидан бери Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши курашиш етмаганидек, бу фаслда қатор мавсумий касалликлар ҳам авж олади, тез-тез шамоллаш кузатилади. Қолаверса, ҳадемай юртимизга совуқ ҳаво оқими кириб келишини инобатга олиб, аҳолини иссиқлик ҳамда энергия манбалари билан узлуксиз таъминлаш долзарб масалага айланади. Агар бу йил ҳам аҳолини иссиқлик ва энергия манбалари билан боғлиқ бир қатор муаммолар кузатилса, бу ҳолат коронавируснинг тарқалишида ижобий омил ва бир вақтнинг ўзида ушбу вирусга қарши курашишда эса салбий омилга айланади.
Бироқ тегишли идораларнинг юқори лавозимли мутасаддиларининг таъкидлашича, бу йилги куз-қиш мавсумига пухта тайёргалик кўрилмоқда ҳамда қўшимча қувватларни ҳам ишга тушириш имкониятлари мавжуд.
Ушбу мақолада муаллиф 2020-2021 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарликни, пандемия шароитида энергетика бозорида юзага келган вазиятни ҳамда ички ва ташқи омилларни таҳлил қилган ҳолда аввалги йилларда кузатилган муаммоларни бартараф этилиши эҳтимоли ҳақида сўз юритади.
Аҳоли ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлади
Энергетика соҳаси мутасаддиларининг қайд этишича, яқинлашиб келаётган 2020-2021 йилги куз-қиш мавсуми учун керакли миқдорда табиий газ захиралари тайёрланяпти. Муҳими, бу йил электр-энергия ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ишга тушириш имконияти мавжуд. Уларнинг таъкидлашича, аввалги йилларда кузатилган ҳолат – табиий газ ва электр энергияси тақчиллиги энди юзага келмайди.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаевнинг сўзларига кўра, табиий газ сақловчи захира омборлари белгиланган графикдан илгари тўлдириляпти. Бундан ташқари, бу йилги куз-қиш мавсумида табиий газни ортиқча сарфламасдан 1000 МВтгача қўшимча электр энергия ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади. Бу эса, келаётган куз-қиш мавсумида ижобий ўзгаришлар рўй беришини англатади.
Яна бир мутасадди, “Ўзтрансгаз” раҳбари Улуғбек Сайидовнинг сўзларига кўра, бу йилдан бошлаб, куз-қиш мавсумида табиий газ бор имкониятлардан келиб чиқиш тамойилига асосланиб эмас, балки аҳолининг реал эҳтиёжларига мувофиқ етказиб берилади.
Аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан шуғулланувчи ва кўпинча, норозилик нишонига айланадиган ташкилот – “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг раиси Баҳодир Эшмуродов ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича барча чоралар кўрилаётганлиги ҳақида баёнот берди. Унинг айтишича, куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўриш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий ҳамда суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича Давлат раҳбари белгилаб берган вазифалар узлуксиз бажарилмоқда. Суюлтирилган газни етказишда олис ва тоғли ҳудудлардаги аҳолига алоҳида эътибор бериш, ташувчи техникаларни тайёрлаш, суюлтирилган газ захирасини шакллантириш бўйича ҳам топшириқлар берилган. Бу вазифаларни амалга ошириш учун “Ҳудудгазтаъминот” жамиятининг фаолияти тубдан кўриб чиқилган, келаётган куз-қиш мавсумида барқарор ишлаш учун тегишли режа ва чора-тадбирлар белгиланган.
Яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида иккита махсус ишчи гуруҳи тузилди. Уларнинг таркиби тасдиқланди, вазифалари аниқ белгиланди. Хусусан, 17 та вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳлари жорий йилнинг 20 августидан бошлаб тасдиқланган жадвал бўйича ҳудудларга чиққан. Шунингдек, 8 йўналиш кесимида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганиб, муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак беришни бошлаган.
Бу ишчи гуруҳлари қуйидагилардан иборат:
- 1-ишчи гуруҳи – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М. Солиев раҳбарлигида Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида;
- 2-ишчи гуруҳи – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Ш. Абдураззоқов раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
Ташқи омиллар таъсири
Глобал пандемия шароитида Ўзбекистон табиий газига асосий хорижий харидорлар ҳисобланмиш Хитой ва Россиянинг бу йилги газ импорти сезиларли миқдорда камайди. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида табиий газ экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 76,6 фоизга қисқарган. Мазкур ҳолат аввалги йилларда экспортга йўналтирилган табиий газнинг катта миқдори бу йил ички бозорда қолганини англатади. Аввалги йиллар Ўзбекистон Хитой ва Россияга 15 миллиард кубометргача миқдордаги газни экспорт қилар эди. Албатта, бу кичик миқдор эмас.
Ўзбекистон газ саноати бўйича асосий хорижий инвестор саналмиш Россиянинг «Лукойл» ширкатини олайлик. Ушбу ширкат табиий газ экспорти кескин равишда тушиб кетгани ва газ нархи ҳозирги кунда анча пастлиги боис, мамлакатимиздаги ширкат назоратида бўлган газ конларидан табиий газ қазишни 80% қисқартиргани ва баъзи конлардаги қазиш ишларини буткул тўхтатиб қўйгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Демак, ички бозорга қўшимча табиий газ йўналтирилган тақдирда ҳам, унинг миқдори катта бўлмайди. Чунки, «Лукойл» каби хорижий ширкатлар қазиб чиқарадиган табиий газ шундоқ ҳам, икки томонлама шартномаларга кўра деярли тўлалигича экспортга йўналтирилган. Натижада, жорий йил охиригача («Ўзбекнефтгаз» миллий компанияси маълумоти) мамлакатимизда 34,6 млрд. куб метр табиий газ қазиб чиқариш мўлжалланган, холос. Пандемиядан аввал Ўзбекистонда йилига ўртача 60 млрд. куб метр табиий газ қазиб чиқарилган.
Ташқи омиллар ҳақида гап кетар экан, кейинги 2-3 йил давомида Ўзбекистонга нисбатан арзон нархларда электр энергиясини қўшни Тожикистон етказиб бериб турганини айтиш жоиз. Бу йил гидроэнергетик иншоотларда сув камлиги сабаб, Тожикистон электр узатишни жорий йилнинг июнь ойидаёқ тўхтатди. Тожикистондан сотиб олинадиган электр-энергия миқдорини Туркманистондан олинадиган энергия билан тўлдириш мумкин. Лекин Туркманистондан харид қилинаётган электр энергияси газ ёрдамида ишлаб чиқарилгани боис, нисбатан қимматроқ. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати уни сотиб олишга шошилмаслиги турган гап. Бундан ташқари, аввалги йилларда бўлгани каби, Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқарадиган электр энергиясининг бир қисмини қўшни Афғонистонга етказиб беришда давом этяпти. Бу ҳолат маҳаллий электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг маҳсулотини ички бозор нархларидан қимматроқ сотиш орқали молиявий барқарорликни сақлаб қолиш учун зарур чора сифатида тавсифланади.
Кўриниб турибдики, бу йилги куз-қиш мавсумида табиий газ ва электр энергияси ички бозорда аввалги йилларга нисбатан кўп бўлишига ташқи омилларнинг ижобий ёки салбий таъсири унчалик аниқ эмас.
Бир тарафдан ўз маҳсулотини экспорт қилишга одатланган «Лукойл» бу мавсумда оз миқдорда қазиб чиқарган табиий газини ички бозорга йўналтиришга мажбур бўлиши мумкин. Бу ички эҳтиёжлар учун газ миқдори ошишига сабаб бўлса-да, ҳар йили айнан қишда хорижий харидорларнинг табиий газ импортига талаби ошиши эҳтимолини ҳам инобатга олиш лозим. Қолаверса, жанубий ҳудудларимизга нисбатан арзон нархда электр энергиясини етказиб берган Тожикистоннинг муддатидан аввал экспортни тўхтатиши ички бозорга таъсир қилиши мумкин.
Одамлар нимадан хавотирда?
Маълумки, 2013 йилнинг 18 мартида тасдиқланган «Республика газ таъминоти тизимини 2013–2015 йиллар давомида истиқболли ривожлантириш ва мавжуд тизимни янада такомиллаштириш Дастури»га асосан, кўплаб ҳудудлар марказлашган қувурлар орқали табиий газ етказиб бериш тизимидан узиб ташланди. Бунинг ўрнига мазкур ҳудудларга газ баллонларида суюлтирилган газ етказиб бериладиган бўлди. Муаммо шундаки, суюлтирилган газни етказиб беришда тез-тез бўлиб турадиган узилишлардан ташқари, бундай газ фақат овқат пишириш, чой қайнатиш ва бошқа майда рўзғор юмушларигагина асқотади. Зеро, қиш қаҳратонида газ баллони билан уйни иситиш имкони йўқ.
Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича газлаштирилган хонадонлар сони жами 7 млн. 150 мингдан зиёдни ташкил қилмоқда. Уларнинг 3 млн. 568 мингдан ортиғи қувурларда етказиладиган табиий газ, қолган 3 млн. 581 мингдан ортиғи суюлтирилган газ билан таъминланяпти.
Суюлтирилган газ таъминотида муаммолар бўлгани каби қувур орқали етказиладиган табиий газга уланган уйларда ҳам газ муаммоси мавжуд. Масалан, ўтган 2019-2020 йилги куз-қиш мавсумида республика бўйича 359 минг 808 та хонадонда газ таъминоти билан боғлиқ узилишлар аниқланган. Бунга табиий газ босими кескин пасайиб кетиши сабаб бўлган.
Қувурлардаги табиий газ таъминотидан узиб ташланган ҳудудлар аҳолиси, одатда, қишда уйни иситиб жон сақлаш учун муқобил иссиқлик манбаларини қидиришга мажбур бўлади. Қишлоқ жойларида йил бўйи захира қилинадиган тезак, кўмир, ўтин сотиб олиш шулар жумласидандир.
Одатда, қиш мавсуми бошланиши биланоқ, айни турдаги маҳсулотлар нархи ошиб кетади, уларнинг таъминотида ҳам узилишлар кузатилади. Бу пандемия сабабли молиявий аҳволи заифлашган аҳолига қаҳратон қишда катта қийинчилик туғдириши аниқ.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда аҳолига кўмир етказиб бериш тизими тубдан қайта кўриб чиқиляпти. Келаётган куз-қиш мавсумида кўмирга эҳтиёжманд аҳоли мавзеларига ушбу ёнилғини етказиб бериш кўзланган.
Тўғри, аввалги йилларда ҳам бундай оптимистик прогнозлар ва куз-қиш мавсумига ҳар томонлама тайёргарлик кўрилгани ҳақидаги ҳисоботлар тақдим этиларди. Бироқ совуқ кунлар бошланиши билан яна энергия тақчиллиги, ўша “эски муаммолар” такрорланаверган. Шу боис ҳам, одамлар мутасаддиларнинг баёнотларига ишонмай қўйишди. Аҳолининг фикрича, ёзда ҳам табиий газ, электр-энергия ва суюлтирилган газ таъминотида узилишлар кузатилаётган бир пайтда қаҳратонга киргач, яна эски ҳаммом, эски тос бўлмаслигига кафолат йўқ.
Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистон ҳукумати бу йилги куз-қиш мавсумида аҳолини бошқа йилларга нисбатан кўпроқ газ ва электр билан таъминлаш ҳақида бош қотираётганини гувоҳимиз. Айни пайтда мамлакат раҳбаридан тортиб, депутатларгача бу борада жон койитмоқда, чунки, коронавирус балоси ҳар биримизга хавф солиб турган бир пайтда қишнинг совуқ кунларида етарлича иссиқлик манбаисиз бу вирусга қарши курашиш янада қийинлашиши айни ҳақиқат.