Суратда: Тошкентда Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилган хотин-қизлар веломарафони, 2017 йил, манба: Ўзбекистондаги БМТ вакиллигининг расмий вебсайти
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
23 яшар Раънонинг сўзларига кўра, 10 ёшга тўлганида отаси унга маҳаллада велосипед ҳайдамасликни тайинлаган. Бунинг сабаби, қизнинг оёқлари очиқ ҳолда велосипед ҳайдаб юриши уят саналади: “Гимнастика билан шуғулланмоқчи қилмоқчи бўлганимда, бунга ҳам рухсат тегмади”, – дейди Раъно. Бутун Ўзбекистон бўйлаб бундай ҳол кам учрамайди, қизларга ҳар доим ҳам велосипед ҳайдаш, гимнастика, югуриш, сузиш, ёки от минишга рухсат этилмайди. Бошқа ҳолатларда спорт ўрта ҳол аёллар ватандошлар эмас, профессионал кишилар шуғулланадиган машғулот деб қаралгани учун ҳеч бир спорт тури зарур ёки муҳим деб ҳисобланмайди. Аслида бу оилага боғлиқ бўлгани учун қизларни спорт клубларига бериш стереотиплар ва бехабарлик туфайли Ўзбекистонда кенг тарқалган амалиёт эмас.
Стереоптиплар ортида
“Қандай бўлар экан” ва “одамлар нима дейди” қабилидаги тушунчалар айрим нотўғри қарашларга пишанг бериб туради. Масалан, гимнастика ва сузишга бўлган “таъқиқ” ортида бирор нарсага тўғри ва камтарона қарамаслик муаммоси ётади. Раънонинг гимнастика билан шуғулланишига рухсат этилмаслиги сабаби – одамларнинг гимнастика ёки балет сингари рақс турлари махсус кийим кийишни тақозо қилади, деб ҳисоблашидир. “Қиз бола томошабинлар олдида оёғини кўтармаслиги керак деган тушунча бор ва бунга умуман рухсат этилмайди”, дейди Раъно.
Kўплаб оилаларда сузишга рухсат берилмайди, чунки у аёллардан махсус (сузиш учун) кийим кийишни талаб қилади. Суҳбатдошим билдиришича, шунинг учун ҳам ёш қизларнинг бассейнларга бориши ҳар доим ҳам олқишланмайди. Айни дамда сузиш бўйича ўзбек спортчиси Мафтуна Тўхтасинова UzAnalytics билан суҳбатда камтарона кийиниш тартиби ва диний қарашларга зид бўлмаган сузиш кийимлари борлигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳатто ҳижобдаги қизлар ҳам сузиш билан профессионал даражада шуғулланиши мумкин.
Қизиғи шундаки, айрим оилаларда қизларнинг спорт билан шуғулланишини истамаслиги стереотипларга ҳам боғлиқдир. Уларнинг фикрига кўра, гимнастика қизлик пардасига зарар келтиради ва у тўй куни кечаси қонамайди. Шу сабаб айрим ҳолларда қизларга велосипед ҳайдаш руҳсат берилмайди. Ушбу оилалар, турмуш қуриш арафасида турган қизлар учун муҳим саналган бокиралик ҳақида шубҳа уйғотиши мумкинлигидан хавотирдалар[1].
Айни пайтда Буюк Британияда истиқомат қиладиган ва 10 йиллик тажрибага эга акушер-гинеколог Шаҳноза Нуруллаева бу каби уйдирмаларни рад этди: “Бу нотўғри фикр. Велосипед ҳайдаш, от миниш, гимнастика ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш бокираликка ҳеч қандай зарар келтирмайди. Фақатгина, велосипед жуда кўп ҳайдалса, ташқарида бироз кўкариш пайдо бўлиши мумкин“, – деди шифокор.
12 йиллик тажрибага эга Тошкентлик гинеколог Нилуфар Қобилова ҳам худди шу фикрда: велосипед ва гимнастика билан шуғулланиш бокираликка зарар келтириши уйдирмадир. “Қизлик пардаси ташқи аъзо эмас, балки ички шиллиқ қаватда бўлиб анча чуқурроқ жойлашган. Анатомик ҳолдаям тез жароҳатланадиган ҳам эмас. У спорт билан умуман шуғулланмаган қизларда ҳам жуда эластик (чўзилувчан) бўлиши мумкин ва илк жинсий алоқадан кейин зарарланмаслиги мумкин. Сабаби – шиллик қавати ва умуман терининг юқори эластиклиги ва ичкаририроқ жойлашиши“, – деб тушунтирди шифокор. У тиббий амалиётида xар ҳил ҳолатларга гувоҳ бўлган: “Қизлик пардасининг эластиклиги табиий бўлиши мумкин, лекин кўп спорт билан шуғулланган қизларда эластиклик юқорироқ даражада ҳам бўлиши ва илк жинсий алоқада йиртилмаслик эҳтимоли юзага келиши мумкин, бундай ҳолатларда қизлик пардаси туғруқ пайтида йиртилади“, деди мутаxассис.
Аммо шифокорларни эшитиб, бу каби ҳолатлар фақат профессионал спортчиларда эҳтимол (бу далил эмас) бўлишини кўряпмиз ва шу боис қизларни спорт машқларидан айириш тўғрими, деган савол туғилади. Афтидан, ижтимоий тақиқлар кўпинча айрим кишилариннг тасаввуридан куч олади…
Қиз бола очиқ кийинмасa-да, баъзан маҳаллада велосипедда сайр қилиши, унинг гўё яхши қиз эмаслиги тўғрисидаги гапларни болалатиб юбораётганини кўрамиз. Бу ҳол менга 7 яшарлигимда бир қариндошимизга “кўприк” ясай олишимини кўрсатганимни эсга солади. У киши менга “ўзбек қизлари бундай қилмайди” деган эди. У бундай машқ белга фойдали эканини тушунмас эди ва шу сабабли нотўғри иш бўлиб кўринган[2]…
Вақт билан жуғрофияга оид таққослаш
Советлар даврида ҳам, бугунги кунда ҳам қиз болаларга нисбатан машҳур “Кавказ асираси” комедиясидан олинган “комсомол қиз, спортсмен қиз ва гўзал қиз” қабилидаги мақтовни яхши биламиз. Спортни коммунистик партия барчанинг “ҳуқуқи” этиб белгилаган ва у конституцияда “Совет кишиси”ни яратиш воситаси сифатида мустаҳкамлаб қўйилган эди. Лондон университетининг Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби (SOAS) тадқиқотчиси Шевкет Акйилдиз (Sevket Akyildiz) қайд этишича, аёллар спорти ўзбек жамиятига визуал таъсир кўрсатди, анъанавий меъёрлар ва кундалик кийимларни ўзгартириб юборди, ҳар куни спорт билан шуғулланадиган аёллар сони 1959 йилдаги 3,6 фоиздан 1968 йили 10,8 фоизга чиқди[3]. Аслида ўша тадқиқотда 1952 йилда Ўзбекистон учун илк Олимпиада олтин медалини қўлга киритган аёл – Галина Шамрай номи тилга олинади. Ўша даврда ютуққа эришган спортчи қизлар орасида Светлана Бабанина, Вера Дуюнова, Эльвира Саади, Наталья Устинова ва ўзбек қизлари жамоаси, Андижон вилоятидан 1977 ва 1979 йилги Бутуниттифоқ спорт мусобақаларида қатнашган кўплаб жамоа аъзолари, жумладан, СССР чемпиони[4] “Андижанка” хоккей командаси тилга олинади.
90-йиллардан бери Ўзбекистон миллий терма командасидаги спортчи аёллар сони эътиборга олинса, социалистик гендер тенглиги мерос сифатида бугун ҳам мавжудлигини кўриш мумкин. Бироқ ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, айрим муносабатлар жамият даражасида давом этаётган ҳамда катта мусулмон дунёсидаги анъаналарни эсга солаётган кўринади. Nike компаниясининг 2016 йилги Яқин Шарқ мамлакатлари аёлларига мўлжалланган рекламасида одамларнинг спорт билан шуғулланаётган – югураётган ёки велосипед миниб кетаётган аёлларга нисбатан ёқтирмаган қарашлари акс этган ва бундай ҳолатлар бугунги Ўзбекистонда ҳам тез-тез учраб туради.
Тадқиқотдан маълум бўлишича, айрим араб жамоатларида бўй етган қиз хайз бошлангач, қизлик пардасига шикаст етказмаслиги учун велосипед ҳайдаш сингари айрим фаолият турларини тўхтатиб туриши керак, деган қараш мавжуд[5]. Яқин Шарқда қизнинг бокиралиги оиласининг “сармояси” бўлиб, эркак оиласи ва аёлларнинг хулқ-атворини назорат қилиб туришининг исботи деб ҳисобланади[6]. Шунинг учун қиз боланинг велосипед миниши ва қизлик пардасига путур етказиб қўйишидан улар (қизнинг оиласи) қаттиқ чўчийди. Ҳатто Советлар даврида Тожикистонда ҳам қизларнинг велосипед ҳайдашига одамлар қарши бўлган. Зикр этилганидай, сабаб бокираликни сақлаб қолиш ва велосипедда юриш “нотўғри” бўлиб кўринганлигидир[7]. Масалан, Тожикистон жанубида жойлашган Ваҳш вилоятида “қиз бола велосипеддан тушса, бокиралигини йўқотади” деган гаплар бўлган. Бироқ шу кунларда бундай муносабатлар у ерда ҳам аста-секин ўзгармоқда[8].
Бир мамлакат, турли оилалар
Ўзбекистонда қиз боланинг спорт билан шуғулланиш истагини амалга ошиши ота-онасига боғлиқ. Айрим оилаларда спорт муҳимлиги борган сари ортиб бормоқда.
Иқтисодчи Камилла Алимова 4 яшар қизини гимнастикага олиб борган эди, ҳозир ўша қиз хореография билан шуғулланмоқда. Айтишича, у олдинги сафар гимнастика машғулотларига борганда, гимнастикачи қизларнинг ҳижобдаги оналарини кўрган. Айни пайтда қизи хореография билан шуғулланмоқда. Касби бухгалтер Айгул Нусерова қизи дастлаб гимнастика билан шуғулланганини, аммо кейинчалик фақат рақс билaн шуғулланишга қизиқиб қолгани ва ҳозиргача унга рақс тушиш ёқишини айтади. Айни пайтда, унинг қиз жияни (Карина Алтынбекова) от миниш билан шуғулланади ва бундан жуда хурсанд.
Сузувчи Мафтуна Тўхтасинова отаси унинг бу машғулотини қўллаб-қувватлаётгани учун омади бор эканини айтади. Маълум қилишича, 2 – 3 яшарлигида онаси уни сузишга олиб борган, буни отаси ҳам маъқуллаган ва шу пайтгача доимо қўллаб-қувватлаб туради.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган ўсмир ва ёш қизлар ҳам спортдан кўпроқ хабар топмоқда. “Мен тенгдош ва айниқса, ижтимоий тармоқларга кириб турадиган қизларнинг спорт билан шуғулланаётганини кўраман. Лекин бу имкониятдан фақат маблағи етарли ва хабардор бўлган қизлар фойдаланади. Баъзи (шахсий тренери бўлган) қизлар ҳафтасига уч марта спорт залига боради, баъзилар уйда шуғулланади, бошқаларнинг эса бунга қурби етмайди ёки буни муҳим деб билмайди”, – дейди Мухлиса (23 ёш).
Юқоридаги ҳолатлар Раънонинг ҳолатига зид келади: “Менинг оиламда на қиз бола ва на аёл киши спорт залига бормайди, чунки эрлари ёки оталари рухсат бермайди. Қизлар учун спорт билан шуғулланиш муҳим, деб ҳисобланмайди. Анъанавий оилаларда спорт ҳаётнинг бир қисмига айланмаган. Бунақа оилалардаги қизлар ва аёллар пишириқ пишириш, пазандалик, камдан-кам ҳолларда – рақс ўргангани боради”, – деди у. Унинг фикрича, рақс тушиш рухсат этилган жисмоний машғулотларнинг яккаю ягона туридир, лекин рақс тушишни кўпчилик маъқулламагани учун “истисноли ҳолат”, деб атайди. “Айрим кишилар, ликиллаб юриб нима қилади, деб қизларни ушбу имкониятдан ҳам маҳрум этади”, – дея изоҳ беради Раъно.
Умумий хулоса шуки, ўқимишли ва “илғор” кишилар – улар “бой” бўлиши шарт эмас – қизлар спортига кўпроқ эътибор қаратади. Бошқалар -анъанавий ва спорт келтирадиган фойдадан бехабар кишилар. Кўпчилик спорт билан шуғулланиш қизлар саломатлигига фойда келтиришига ишонмайди. Спорт билан шуғулланадиган қизларни айрим кишилар “идеал” қиз бола имижига зарар, деб ўйлаши мумкин. Уларнинг фикрича, фаол бўлмаган, пассив ва ҳар доим уйда ўтирадиган қиз бола ва аёл рисолага мос келади[9]. Лекин савол ҳамон очиқ қолмоқда – шу тўғрими? Бу қизлар вa жамият учун зарурми ва яхшими?
Хабардорликни ошириш масаласи
Бугунги Ўзбекистонда аёллар ва қизлар ўртасида спортга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда, бироқ спорт ва соғлом турмуш тарзини меъёр сифатида қабул қилишни тарғиб қилиш масаласи долзарблигича қолмоқда. Жамият учун эскирган қарашларга қарши кураш муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат саломатлик учун, балки инсон ўзини ҳурмат қилиши ва чин маънода қобилиятларини рўёбга чиқариши ҳамда асоссиз қотиб қолган қарашларга қарши курашиш учун ҳам керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (World Health Organization) билдиришича, саломатлик бу “тугал жисмоний, ақлий ва ижтимоий фаровонлик ҳолатидир, фақат касаллик ёки заифлик йўқлиги эмас”[10]. Шунинг учун саломатлик инсоннинг (эркак ёки аёл бўлишидан қатъий назар) ҳар томонлама фаровонлиги, унинг ҳаёти ва жамиятга узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Спорт билан шуғулланаётган қизлар соғлом вазнга эга бўлади, уларнинг сигарет чекиш эҳтимоли камаяди, кейинчалик ҳаётида кўкрак саратони ва остепороз – суякларда кальций моддаси камайиб кетиши хасталиги билан оғриш эҳтимоли камаяди. Хусусан, гимнастика болалар учун фойдали, уларнинг суяклари ўз вазнининг гравитацияси кучига қарши тура оладиган даражада бақувват ва зич бўлади. Соғ-саломатлик оналар ва болалар ўлимини камайишига олиб келади. Кисқаси, соғлом аёллар авлоди соғлом фарзандлар ва соғлом жамиятни англатади.
Қуйида ўрнак олиш мумкин бўлган замонавий моделларнинг фикрини келтириб ўтамиз.
Олимпиада ўйинларининг энг кўп иштирокчиси Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитинанинг айтишича, умуман қўрқиш керак эмас. “Қиз фарзандингиз Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлса ва унинг шарафига Ўзбекистон миллий мадҳияси ижро этилса, нима бўлади? Ўз-ўзингиздан ғурурланиб кетасиз”, – дейди у интервьюларининг бирида. Афсонавий гимнастикачининг фикрича, қиз бола яхши гимнастикачи бўлмаган тақдирда ҳам, унинг қадди расо ва соғлом бўлади. Аслида қизларнинг болалигида қанча сут ичгани, кальций ёки витаминлар қабул қилгани эмас, жисмоний фаоллиги муҳим аҳамиятга эга.
Ёши 45 ёки ундан баланд аёлларга оид тадқиқотда айтилишича, ўсмирлик вақтида ҳафтасига 4 марта жисмоний машғулотлар билан шуғулланган аёлларда кексайган ёшида камроқ машқ бажарган аёлларга нисбатан сон суягининг синиш эҳтимоли 25 фоизни ташкил қилади[11].
Ўзбекистонлик таниқли спортчи, етти кураш ва узунликка сакраш бўйича бир қатор халқаро мусобақалар совриндори Юлия Тарасованинг фикрига кўра, “Спорт бу саломатлик, шу сабабли ёши ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўзининг фойдаси учун спорт билан шуғулланиши керак”. У елкаси билан боғлиқ муаммолари бор кўплаб одамлар билан учрашганини, улар 40 ёшдан ошгандан сўнг жисмоний машқлар бажаришга киришганини ва бу ўз навбатида, анча ёрдам берганини айтди. Ҳафтасига бир неча марта 1 – 2 соат машқ қилиш одам ёши ўтиб қолганда саломатлиги билан боғлиқ муаммолар камайишига ёрдам беради, дея тушунтиради у.
Фаровонлик ва ижтимоий таъсир
Спорт билан шуғулланиш фақат жисмоний соғлиқ учун керак эмас. Бассейнда сузиш, кортда теннис ўйнаш, велосипед ҳайдаш ва бошқа спорт турлари одам ўзини ўзини яхши қилишига, яъни мияга эндорфин – кайфиятни кўтарувчи муҳим гормонлар тушишига ёрдам беради: спорт билан шуғулланадиган кишилар ўз қадр-қимматини юқори ҳис қилади, айни ҳолат катта ёшга ўсиб ўтади ва аёлларга ўз қобилиятларини рўёбга чиқаришида ёрдам беради. Ўрта мактабда таълим олаётган ва спорт билан шуғулланаётган қизларнинг эрта ёшда жинсий алоқа билан шуғулланиши эҳтимоли кам ва улар исталмаган ҳомиладорликка дучор бўлмайди[12]. Тадқиқотдан[13] маълум бўлишича, бундай қизларда жисмоний машқлар билан шуғулланмайдиган қизларга нисбатан сиқилиш ва ўз жонига қасд қилишга мойиллик ҳолатлари кам бўлади.
Спорт билан шуғулланадиган қизлар вақтини ташкил этиш ва бошқариш, берилган вазифаларни вақтида адо этишга ҳам моҳир бўлади. Улар ўзи учун керакли кишилар билан дўст бўлишни ва уни сақлаб қолишни ҳам уддалайди. Бунинг маъноси шуки, улар келажакда кўп нарсаларга эришади – кўплаб бизнесда муваффақиятга эришган аёллар ҳаётининг қайсидир бўлагида мусобақаларда қатнашган – “Fortune 500” рўйхатига кирган компанияларда ишлайдиган аёл раҳбарларнинг 80 фоизи спорт мусобақаларида қатнашган[14]. Бу бизга оддий бир ҳақиқатни англатади:
Агар биз Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшиши ва эргашиш мумкин бўлган кўпроқ машҳур кишиларни кўрмоқчи бўлсак, қотиб қолган қарашлардан воз кечишимиз ва қизларнинг турли спорт турлари билан шуғулланишини рағбатлантириш лозим.
Муносабатлар ўзгармоқда
Буюк Британияда мусулмон аёлларнинг спортга муносабатидан ўрнак олиш мумкин бўлган шахсларнинг йўқлиги салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги гап-сўзларни эшитганман. Бироқ, сўнгги йилларда вазият ўзгара бошлади. Мусулмон аёллар олимпиада ўйинлари мусобақаларида қатнашиб, кўпроқ эътибор қозонмоқда. Аммо улар эришаётган ютуқлар ҳали мақтангулик эмас. Мисрлик марафончи Манал Ростом ва БААлик штанга кўтарувчи ҳижобдаги спортчи Амна ал-Ҳаддад сингари спортчи аёллар диндор бўлиш ҳаёт ва спортда муваффақиятларга эришишга ҳалақит бермаслигини кўрсатмоқда.
Ушбу икки спортчи мусулмон аёл спорт билан шуғулланиш мумкинлигини, ҳамма гап иштирок этишда эканини ҳам намойиш қилди[15]. Ўзбекистонлик ва бошқа спортчи аёлларнинг ижобий имижини тарғиб қилиш билан жамият ўзининг унга муносабатини ўзгартириши ва спорт билан шуғулланадиган қизлар кўпайишига ҳисса қўшиши мумкин. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари нафақат ўрнак олиш мумкин бўлган ва бугунги кунда (Ирода Тўлаганова ва Оксана Чусовитина сингари) машҳур ўзбек спортчи аёллари, қолаверса, Совет давридан ҳозирги кунга қадар бошқа спортчи аёллар ҳаёти ҳақида дастурлар тайёрлаш керак[16].
Яқин Шарқдаги вазият, аста-секин бўлса-да, ўзгармоқда. Аёллар ҳуқуқ ва имкониятлар зарурлигини кўпроқ ҳис қила боргани сари Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари сингари мамлакатларда тарих зарварақларига ёзиладиган аёллар велосипед турнирлари ўтказилаётганини эшитяпмиз[17]. Бу биз учун ҳам ҳаракат қилиш вақти келганини англатади.
Келажак
Қизлар учун гимнастика, сузиш ва бошқа спорт турлари ўта фойдалидир: ота-оналар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриши керак бўлади. Спорт билан шуғулланишдан келадиган барча фойдани эсда тутиш муҳимдир. Сўнгги статистика маълумотларининг кўрсатишича, ўзбек ўсмир қизлари ўртасида ҳомиладорлик ҳолатлари ортиб кетмоқда (2020 йилнинг 6 ойи давомида 14 – 17 ёшли қизлар орасида 84 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилди)[18] , шу сабабли қизларнинг эрта ҳомиладорлиги олдини олишда спортга стратегик восита сифатида қаралиши лозим.
Гимнастика ёки велосипед ҳайдаш ёки от миниш сабаб қизлик пардаси йўқолишидан қўрқиш ва спортни (ҳаттоки рақсни) қизларга таъқиқлаш ўрнига хабардорликни ошириш, кўпроқ дастурлар ва рисолалар тайёрлаш ҳамда ҳозирги кун ва ўтмишдан мисоллар келтириш, шу йўл билан ҳар хил уйдирмаларни фош этиш, қизлар бахтиёр турмуш кечиришига ҳисса қўшиш ва бундан жамият фойда кўришини ватандошларга уқтириш лозим Ота-оналар қизларини ҳамиша қўллаб қувватласа, соғлом ҳаётни одат деб билса, яхши муносабат билдирса, қиз болаларнинг ўз-ўзига ишончи кўпайиб, ўзларини эрта жинсий алоқа ва ҳомиладорликдан сақлай олишади.
Ўзбек ёки муслима бўлиш жисмонан фаол бўлмаслик ёки бахтсизликни англатмаслиги керак. Аслида бутунлай бунинг тескариси бўлиши керак.
Тегишли идоралар спортнинг барча аёллар ҳаётининг бир қисмига айлантириш устида иш олиб бориши лозим. Бугунги кунда, ҳукумат ва парламент жамият учун спорт билан шуғулланишнинг фойдаси ҳақида хабардорликни ошириш ва гендер тенглигини таъминлашда асосий рол ўйнайдиган кучдир. ОАВда бунга таалуқли дастурларни кўпайиши ва жамиятимизда ушбу йўналишда ўзгаришлар учун тегишли идоралардан кўпроқ ҳаракат кутиб қоламиз. Бу нафақат қонунчиликда кўрсатилган гендер тенглигини қўллаб-қувватлаш, балки мамлакат ривожланиш стратегияси ва жамият соғлиги учун ҳам муҳим вазифадир. Шу билан бирга, бу ҳали-бери йўқ бўлиши даргумон бўлган янги вирус турини тарқалиши шароитида янада муҳим аҳамият касб этади[19]. Саломатликнинг ҳозирги таърифи 1948 йил 7 апрелда кучга кирган эди. У ҳалигача ўзгаргани йўқ. Ўзбек жамияти баъзи бир қарашларни 2020 йилда ўзгартиришига умид қилиб қоламиз.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Шу билан бирга “бокиралик”ни қон билан боғлаш янглишишга сабаб бўлиши мумкин – айрим аёллар қизлик пардасисиз туғилади, манба: https://www.ncbi.nlm.nih.gov/pmc/articles/PMC6547601/
[2] Aлбатта унинг ниятлари яхши бўлган, лекин бечора ўзиям ёш бўлиб оламдан ўтганлар. Балки спорт билан шуғулланганида бундай бўлмас эди.
[3] https://www.soas.ac.uk/doctoralschool/rsa/journalofgraduateresearch/edition-3/file67219.pdf
[4] Ўша манба
[5] https://dash.harvard.edu/bitstream/handle/1/33797286/HELWANI-DOCUMENT-2016.pdf?sequence=1
[6] “Virginity in the Middle East and the Woman’s honour”, Forbidden Talk ток-шоуси, 2015 йил май ойи https://www.youtube.com/watch?v=5KnjdwfDk5Q
[7] https://www.rferl.org/a/tajikistan-rural-girls-bicycle-breaking-taboo/27257438.html
[8] Эронда ҳам аёлларнинг велосипед ҳайдашига ёмон қаралади. 2016 йилда Али Хоменеий аёлларнинг велосипед ҳайдашини тақиқловчи фатво чиқарди, унга кўра, аёлларнинг асосий вазифаси оналик ва рўзғор тутишдир. Аёлларнинг велосипед ҳайдашини патриархал тузим тарафдори бўлган эркаклар ёқтирмайди, чунки 100 йил олдин Европада бўлгани сингари, бу ҳаракатчанлик ёки сафарбарликнинг (mobility) бир тури бўлиб, кучли патриархал жамият аъзолари уни қўллаб-қувватламайди.
[9] Айни пайтда зериккан аёллар баъзи бир турк ёки бошқа сериалларни кўрса, бу ҳам айрим эркакларга ёқмайди.
[10] https://www.who.int/about/who-we-are/frequently-asked-questions
[11] https://gymnasticshq.com/reasons-why-you-should-enroll-your-daughter-in-gymnastics-classes/
[12] https://pubmed.ncbi.nlm.nih.gov/10475497/
[13] https://www.activekids.com/sports/articles/the-benefits-of-sports-for-girls
[14] https://www.womenssportsfoundation.org/what-we-do/wsf-research/
[15] https://www.bbc.com/culture/article/20180110-the-sports-hijab-dividing-opinions
[16] Баландликка сакраш бўйича – Надия Дўсанова, теннисчи Нигина Абдаруимова, узоқ масофаларга югуриш бўйича – Ситора Ҳамидова, сузиш спортида ўзбек қизлари Раънохон Аманова ва Юлдуз Қўчқорова, спринтер Нигина Шарипова ва бошқа кўплаб спортчи қизларнинг номи эслашга лойиқдир.
[17] https://www.theguardian.com/lifeandstyle/2017/sep/11/cycling-womens-rights-saudi-arabia-spokes-hub-gender-inclusive-community; AND https://www.arabianbusiness.com/sport/435532-dubai-to-host-middle-easts-first-pro-womens-cycling-tour-in-2020
[18] Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Telegram канали.
[19] Масалан, COVID-19 пандемияси вақтида Буюк Британия ҳукумати аҳолини кузда коронавируснинг иккинчи тўлқини пайдо бўлишига тайёр туриш учун вазн ташлашга ва кўпроқ жисмоний тарбия билан шуғулланишга даъват этмоқда.