Сурат манбаси: en.ppt-online.org
Муаллиф: Ирода Шамсиева – тарих фанлари номзоди, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти
Интернет XXI аср кишиси учун касбий, бизнес, ижодий ва шахсий ғоялар ҳамда қарашларни ифода этишга кўмак берувчи ахборот майдони. Айни пайтда эса (карантин даврида) глобал тармоқ деярли барча турдаги ва соҳалардаги фаолиятни онлайн форматда амалга оширишнинг энг мақбул воситаси ҳамдир.
XXI асрнинг ахборот цивилизацияси янги рақамли авлодни – YouTubeрлар, Instagramерлар, TiкTokерлар ва бошқаларни вужудга келтирди. Ким улар? Келажагимизнинг умидими ёки хавфими? Виртуал ва реал ҳаётда улар ўзини қандай тутади? Муаллиф мақолада шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қилган ва интернетдаги ўзбек сегментининг ёш аудиториясини медиа маданияти (ижтимоий тармоқлар сленги – мулоқот тили, ўзини тутиш услуби) таҳлил қилинади.
Авлодлар назарияси хусусида …
Ҳар бир авлодга мансуб кишиларнинг ўз қадриятлари, одатлари ва ўзига хос феъл-атвори борлиги ҳақида кўпчилик ўйламаган бўлса керак. 1991 йилда америкалик олимлар Нейл Хоу (Neil Howe) ва Вильям Штраус (William Strauss) томонидан ушбу ҳолат ўрганилиб, авлодлар назарияси яратилди. Унга кўра, ҳар 20-25 йилда инсонларнинг янги авлоди дунёга келар экан, яьни, авлодлар назарияси бу:
Йўқотилган авлод: 1880-1900 йилларда туғилган.
Буюк авлод, ғолиблар авлоди: 1901-1924 йилларда туғилган.
Жим авлод: 1925-1945 йилларда туғилган.
Baby Boomerлар авлоди: демографик портлаш даврида 1946-1964 йилларда туғилган.
X авлод, номаълум авлод: 1965-1982 йилларда туғилган.
Y авлод, миллениаллар: 1982-1995 йилларда туғилган.
Ζ авлод, зумерлар: 1995–2010 йилларда туғилган.
Alfa авлод: 2010-2025 йилларда туғилган.
Мазкур авлодларнинг даврий чегаралари нисбий олинган бўлиб, турли мамлакатларда саноатлаштириш ва иқтисодий ривожланиш суръатлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга қараб 5-6 йилга фарқ қилиши мумкин.
Қўлида смартфон билан дунёга келган рақамли авлод
Рақамли авлод деб 1995–2010 йилларда туғилган Z авлод ва 2010-2025 йилларда туғилган Alfa авлод вакилларини айтишади. Боиси, улар рақамли технологиялар тезкор ривожланаётган даврда дунёга келган планшет iPad, VR va 3D реалликни фаол қўллайдиган авлоддир.
Рақамли авлодга қуйидаги хусусиятлар хос:
- жуда ёш
- бутунлай рақамли
- улар интернет ва ижтимоий медиа асрида туғилган
- энг сўнгги русумдаги техник мосламалар билан деярли тўлиқ таъминланган
- юксак интеллектуал салоҳият
- ижодий тафаккур
- янги реалликка тез мослашувчанлик
- тадбиркорлик
Баъзида рақамли авлод вакилларини IGen (Internet generation) – интернет-авлод дейишади. Чунки, улар ҳаётини интернет ва смартфонсиз тасаввур қила олишмайди. Глобал тармоқда ўсаётган Z авлоднинг яшаш макони бу виртуал дунёдир. Улар жонли суҳбат ўрнига тармоқдаги матнли мулоқотни (кўпинча ҳеч қачон кўрмаган “дўстлари ” билан ҳам) афзал кўришади.
X ва Y авлод дунёқараши асосан китоблар ва телевизор таъсирида шаклланган бўлса, рақамли авлоднинг қарашларини интернет шакллантириб, келажакда ҳам бу жараён давом этади. Таълим олиш ва тенгдошлари билан мулоқот ҳам онлайн форматда бўлади. Бу бугуннинг объектив ҳақиқати бўлиб, рақамли авлод учун интернет ҳамма нарсани биладиган нуфузли авторитетга айланишга улгурди. Рақамли авлоднинг деярли ҳар бирида бир нечта ижтимоий тармоқда ўз аккаунти бор.
Яна бир эътиборли жиҳат – рақамли авлоднинг клипли тафаккур қилиш хусусиятидир. Клипли тафаккур бу атрофдаги оламни кичик ҳажмдаги видеоклиплар, қисқа метражли янгиликлар канали ёки бошқа муқобил кўринишда қисқа, ранг-баранг ва ёрқин бўёқларда идрок қилишидир. Клипли тафаккур эгалари учун катта ҳажмдаги маълумот ва ахборотни қабул қилиш муайян қийинчилик туғдиради. Турли ахборотларнинг жуда кўплиги фикрни жамлаш ва ўзлаштириш жараёнини мураккаблаштиради.
Лекин шуни ҳам айтиш жоизки, рақамли авлодда фан ва техникага, хусусан, муҳандислик (инжиниринг), ахборот технологиялари, биотиббиёт, роботехника ва сунъий интеллект каби соҳаларга қизиқиш юқори.
YouTube, Instagram, Snapchat ва TikTok рақамли авлоднинг ўзлигини намоён қилишнинг медиамакони
YouTube – фойдаланувчиларга видеоларни сақлаш, етказиб бериш ва намоён қилиш хизматларини тақдим этувчи, жаҳонда энг кўп ташриф буюрилган сайтлар орасида иккинчи ўринда (биринчи ўринда Facebook) турувчи машҳур видеохостинг. Фойдаланувчилар унга ўз видеосини юклаши, бошқа видеоларга изоҳ бериши ва “like” босиши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, YouTube каналига кунига 2 млрд.дан зиёд фойдаланувчи киради.
Genesis YouTube Central Asia раҳбари Самсон Безмятежнийнинг айтишича, YouTube Ўзбекистонда жуда оммабоп, ундаги видеоларни ҳар ойда 25 млн фойдаланувчи кўради ва ташриф борасида сайт 10-ўринни эгаллаган.
Instagram – ҳаётдаги лавҳаларни фотога ва видеога олиш, уларга турли фильтрларни қўллаб, ўз сервиси ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали тарқатишга имкон берувчи ижтимоий тармоқ элементларига эга илова. 2020 йилнинг апрель ҳолатига кўра, унинг фойдаланувчиларининг сони 1 млрд кишини ташкил этган.
TiкTok – мусиқа билан ёзиладиган мини видеоклипларни яратувчи мобил сервис бўлиб, клипнинг вақти 15 сониядан 1 дақиқагача бўлади. Турли қизиқарли функциялар ва фильтрлар мавжудлиги билан TikTok ўзининг мақсадли аудиториясини топди (асосан 12 -17 ёшли ўсмирлар). 2020 йилнинг апрель ҳолатига кўра, фойдаланувчиларининг сони 800 млн кишини ташкил қилган.
Snapchat – 24 соат ичида ўчиб кетадиган, қизиқарли анимацион 3D ниқоблар ҳамда турли фильтрлар билан суратга тушиш ва видео олишга мўлжалланган илова. 2020 йилнинг апрель ҳолатига кўра, фойдаланувчиларининг сони 398 млн киши.
Рақамли авлод ҳаётида ижтимоий медиаплатформаларнинг ўрни беқиёс эканлигини инобатга олган ҳолда, Z авлод вакилларининг фикр мулоҳазаларни билиш мақсадида муаллиф уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:
1. Қайси ижтимоий тармоқлар (TikTok, Инстаграм, Телеграм, Фейсбук ва бошқалар) кундалик ҳаётингизда қандай ўрин тутади? Сиз вақтингизни (кунига неча соат?) ижтимоий тармоқларда (қайси бирида кўпроқ) ўтказасиз?
2. Ижтимоий медиаплатформалар (қайси бири) орқали қандай билим ёки кўникмаларга эга бўлдингиз?
3. Ижтимоий тармоқлар (қайси бири) сизнинг турмуш тарзингиз, дунёқарашингиз, ҳулқ-атворингиз, мулоқот қилиш услубингизни ўзгартира олдими? Сизнингча, улар жамият аъзоларининг, айниқса, ёшларнинг аҳлоқига қандай (ижобий ёки салбий) таъсир кўрсатмоқда?
4. Агар, фараз қилингки, қонун доирасида 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш таъқиқлаб қўйилса, бу қандай натижа бериши мумкин?
Амалхон, 24 ёш
1. Интернет менинг ҳаётимда катта ўрин эгаллайди. Унга кўп вақт сарфлайман. Турмушга чиқишимдан аввал, уни вақтичоғлик учун ишлатардим. Интернетда фотосуратларимни намойиш этардим, дўстлар билан суҳбатлашардим, турли кулгили вайнларни (6 сонияли ролик) суратга олардим ва видеофильмларни томоша қилардим. Аммо ҳозир мен фақат Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларидан фойдаланаман. Ишончим комилки, интернет орқали биз ҳар доим барча воқеалардан хабардор бўлиб, ўзимизни турли соҳаларда ривожлантиришимиз мумкин.
2. Instagramдаги рецептлар туфайли турли миллат таомларини тайёрлашни, тикиш ва уй шароитида фарзандларимни ривожлантиришни, ҳатто турк тилини ва сартарошликни ўргандим. Шунингдек, йога билан шуғулланишим учун имконият пайдо бўлди. Интернетда турли олимпиадалар ҳам ўтказилиб боради ва уларда иштирок этиш орқали янги билимлар орттирдим. YouTube ёрдамида эса, HTML яратиш кўникмаларига эга бўлдим.
3. Қаттиққўл оилада тарбия олганман, айниқса бувим қаттиқўл бўлганлар. Уларнинг тарбия усулида қизлар учун ҳаётдаги асосий мақсад, бу муваффақиятли турмушга чиқиш, эрига бўйсуниш ва фарзанд кўриш эди. Шунинг учун бувим қиз невараларини қайнонанинг айтганларини сўзсиз бажарадиган ва ҳаммага бирдек ёқадиган идеал келин бўлишга ўргатган. Тўғри, бувим бизнинг бахтимизни ўйлаб шундай қилганлар, бироқ улғайганимдан сўнг, мен интернетдан оила мавзуси билан боғлиқ кўп китобларни ўқидим, у ердаги одамларни кузатдим, ҳар хил оилаларнинг бахтли ҳаёт сиридан хулосалар чиқардим. Аввало бахнинг калити ўзаро муҳаббат ва ҳурматда эканлигини, келин эса оиланинг юраги ва ўчоғининг қўриқчисилигини тушундим. Интернет туфайли менинг оила борасидаги қарашларим бутунлай ўзгарди ва мен ҳозир – бахтли келин, севимли рафиқа ва баҳтиёр онаман.
Мирзиё, 21 ёш
1.Ростини айтсам, бундан 5 йил аввал мен ижтимоий тармоқларга қизиқмасдим. Энди эса аксарият ёшлар сингари мен ҳам интернет қарамликдан азият чекаяпман. Баъзан бехосдан, баъзан рефлексив равишда кўчада юрганимда ҳам Instagram ва Telegramга кириб кетаман. Асосан янгиликларни билиш, дўстларим ва яқинларим билан мулоқотда бўлиш ва вақтичоғлиқ қилиш учун вақтимни мана шу айтган иккита каналларда ўтказаман.
2. Ижтимоий тармоқлардан оладиган билимларим асосан турли иловаларнинг функциялари ва созламалари, махфийлик даражаси, аутенфикацияси билан боғлиқ бўлиб, улар кўпроқ қомусий характерга эга. Шу билан бирга психология билан боғлиқ мавзулар, инсонлар билан мулоқот олиб бориш, уларнинг ҳулқ-атворини таҳлил қилиш ва руҳий таъсир ўтказиш каби кўникмаларга эга бўлдим.
3. Менимча, ижтимоий тармоқлар ҳар кимга таъсир қилиши мумкин, фақат кимгадир кўпроқ, кимгадир эса камроқ. Улар туфайли мен очиқроқ мулоқот қиладиган бўлдим, бошқаларга бўлган муносабатим ҳам яхши томонга ўзгарди. Медиаплатформалар жамият аъзолари, айниқса ёшларнинг очилмаган қирраларини очишида ва турли IT кўникмаларни ўзлаштиришда том маънода ижобий роль ўйнамоқда. Салбий тарафига келсак, одамлар уларга қарам бўлиб қолмоқда ва бундан ташқари, баъзи фирибгар шахслар, турли радикал гуруҳ ва секталарнинг таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари ҳам бор.
4. Агар мана шундай қонун 10 йил олдин қабул қилинганида, катта резонанс уйғотмас эди, эндиликда аксарият ёшлар, ўсмир ва ҳатто ёш болалар ижтимоий тармоқлардан жуда фаол фойдаланилашади ва уларсиз кундалик ҳаётни тасаввур қила олмайди. Шунинг учун ҳам бундай чеклов салбий қабул қилиниб, кўп норозиликларга сабаб бўлиши мумкин.
Моҳидил, 26 ёш
1. Мен учун фаол ҳаёт тарзини олиб боришга имкон берадиган ижтимоий медиалар бу Instagram ва Telegramдир. Улар чет элдаги дўстларим билан алоқада бўлиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш, билим олиш борасида эса араб тилини ўрганишимда жуда қўл келади. Кунимнинг 5-6 соат вақти веб платформаларда ўтади, асосан Zoomда (онлайн дарсларда).
2. Янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга ёрдам берадиган ижимоий тармоқлар кўп, шунинг учун мен сайт яратиш, QR ли маълумотларни кодлаш ва декодлашни улар орқали ўргандим. Мен учун ижтимоий платформаларнинг фойдали бўлган яна бир жиҳати, араб тили экспертлари иштирокидаги турли халқаро онлайн курсларда қатнашишим бўлди.
3. Интернетдаги фаоллик менга ижобий таъсир қилди, нега деганда, дуненинг малакали педагоглари (АҚШ, Россия, Арманистон, Миср, Ироқ) туфайли араб тилини ўзлаштириш борасида катта тажриба орттирдим. Эндиликда чет тилини (академик услуб) қандай қилиб тез ва самарали ўрганишни биламан.
Тўғри, барча соҳаларда бўлгани каби ижтимоий тармоқлар ҳам ижобий ҳам салбий жиҳатларга эга. Бу эса фойдаланувчининг қайси мақсадда ундан фойланиши билан боғлиқ. Мафкуравий иммунитет, тарбия ва илмнинг етишмаслиги, улардаги ахборотни бузғунчиликка хизмат қилувчи билимга айлантириш мумкин.
Камола, 22 ёш
1.Ижтимоий тармоқларнинг ашаддий мухлиси эмасман, чунки улар кўп вақтимни олади, шунинг учун фақат Telegram ва Pinterestдан фойдаланаман. Одатда кунига бир ёки икки марта киришим мумкин, баъзан эса бир неча кунлар кирмаслигим ҳам мумкин. Telegramни ишлатишимнинг сабаби, у ахборот алмашиш учун энг мақбул восита. Pinterest эса мен учун илҳом калитидир, бу иловадан мен учун қизиқарли бўлган тил ўрганиш, тикиш, таомлар ва мода мавзулари ҳақида маълумотга эга бўлиш учун фойдаланаман. Айтганча, YouTubeни унутиб қўйибман, бу платформа орқали кўп нарсаларни ўрганаман ва кунига 3-4 марта кираман.
2. Pinterest менга жуда кўп янги билимларни берди: чет тилини ва турли ширинликлар тайёрлашни ўргандим.
3. Ишонч билан айта оламанки, YouTube и Pinterest туфайли дунёқарашим анча кенгаймоқда. Ҳамма нарса инсоннинг ўзига, яъни унинг ижтимоий тармоқлардан қандай мақсадда (эзгулик учун ёки ёмон ниятда) фойдаланишига боғлиқ.
4. Айтишадику, “таъқиқланган мева ширин бўлади” деб, шунинг учун ўсмирлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг бошқа йўлларини албатта топиб олишади. Айниқса, телефонни деблок қилиб, ўзига керакли мультфильмни топа оладиган гўдаклар даври келган пайтда, таъқиқлаш эмас, унга зиён етказиши мумкин бўлган ресурсларга киришни чеклаб қўйиш керак.
Саволларимизга жавоб берган кейинги респондентлар Z авлод вакиллари бўлса ҳам, улар анча ёш, жавоблари ҳам (жуда қисқа ва аниқ) фарқ қилади. Шунинг учун уларнинг жавоблари умумлаштириб берилди.
Салим (15 ёш): Ижтимоий тармоқларга ўртача вақт сарфлайман, фақат YouTube ва Instagramдан янги видео ва клипларни томоша қилиш учун фойдаланаман. Челленжларга қизиқмайман. Агар ўсмирларга ижтимоий тармоқларга кириш таъқиқлаб қўйилса, улар норозилик билдириши аниқ.
Самира (12 ёш): Мен кўпроқ TiкTok, YouTube, Instagram, Telegram ва баъзида Facebookдан фойдаланаман. Кунимнинг 8-9 соатини TiкTokка сарфлайман. Асосан у ердаги лайфхаклар (ҳаётингизни сезиларли даражада осонлаштирадиган маслаҳатлар), машҳурларнинг аккаунтларини томоша қиламан, баъзиларидан қўшиқ айтиш ва рақсга тушишни ўрганаман. Менинг 658 та мухлисим бор. TiкTok орқали тез ва осон тайёрланадиган таомларни ўргандим, турли тажрибаларни ўтказиб кўрдим. Агар ижтимоий тармоқлар таъқиқлаб қўйилса, болалар, айниқса карантин пайтида нима билан машғул бўлишни билмай қолади.
Ўзбек сегментининг TiкTokерлари – биз билган/билмаган рақамли келажак авлод
Ижтимой тармоқ ва платформалар, айниқса ҳозирги кунда ниҳоятда оммавийлашиб кетган турли хил илова ва сервислар Ўзбекистон интернет фойдаланувчиларини ҳам четлаб ўтмаслиги табиий эди. Хусусан, TiкTok мана шундайлардан ҳисобланади. Ундаги ҳаёт реалликдан мутлақо фарқ қилади ва бошқа ўлчамда кечади. TiкTok алоҳида сайёра бўлиб, унинг ўз аҳолиси ва юлдузлари, ўрнатилган тартиб ва қоидалари, ўзига хос маданияти (ҳулқ-атвори, сленги, урф-одати) хуллас, ўзига хос олами бор.
Ўзбек сегментининг рақамли авлоди (Z ва Alfa авлод) ўртасида бу ижтимоий тармоқ элементларига эга илова ниҳоятда машҳур. Ҳар қандай янгиликка бўлган кучли қизиқиш, уни ўрганиш ва амалда қўллаш иштиёқи ёшларга хос бўлган хусусиятдир. Шу боис TiкTokнинг катта аудиториясини асосан 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган рақамли авлод ташкил этади.
TiкTok ёшларни ўзига жалб қилишининг сабаби нимада? ТiкТок мультифункционал, яъни сифатли фильтрлар ва стикерлар ёрдамида хилма-хил мусиқа ва эффектлар билан қисқа метражли, турли жанрдаги ноёб видеоклипларни осон суратга олиш имконини беради. Бу илованинг контентига келсак, у ҳам ниҳоятда ранг-баранг. Ўзбек сегментидаги TiкTokдаги мавзу ва трендлар (машҳур йўналишлар) маҳаллий шароитимизга мослаштирилган. Хусусан, қайнона ва келин можароси, йигит ва қиз ўртасидаги севги муҳаббат, қизларнинг ўз ҳусни ва қоматини намойиш қилиши, гўдаклар билан боғлиқ лавҳалар, коронавирус мавзуси, ҳазил ва машҳурларга пародияли клиплар, роликлар дуэти, челленж (интернет ролик жанри). Машҳурлар томонидан ўз блогига бирор бир вазифа (рақс, ҳаракат ёки ашула) жойлаштирилади ва мухлисларига уни такрорлаш таклиф қилинади) ва липсинг (лаблар билан орқа фондаги овозни такрорлаш), диний мавзудаги ва тьюториал (бирор нарсани ўргатувчи) видеолар ва бошқалар.
TicTok контенти ва аудиториясини яқиндан билиш учун муаллиф у ерда ўз аккаунтини очди. Кузатишлар натижасида, ушбу тармоқнинг баъзи ижобий ва салбий жиҳатлари аниқланди. Ижобий томонларига ундаги ижтимоий роликлар, лайфхак ва тьюториал видеоларни киритиш мумкин.
Ачинарли томони, салбий тарафлари нисбатан кўпроқ. Булар бачкана, маъносиз ва беҳаё мазмундаги, ҳақоратли сўзлардан иборат видеолавҳалардир. Бундай мазмундаги контентнинг муаллифлар томонидан қўйилишига сабаб, кўп “like” олиш ва мухлислар сонини кўпайтиришдир.
Яна бир жиҳат ҳам борки, бу ҳам бўлса TiкTokерларнинг сленги, яъни сўзлашув (кўп ҳолатларда ҳақоратли) услуби. Мазкур мулоқот тилини “ўзрус тили ” деса бўлади. “Ўзрус” тили ўзбек ва рус тилларининг қоришмасидан иборат воқелик.
Хулоса ўрнида …
Интернет ноёб ижтимоий феномен. Рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган ахборотлашган асрда ундан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Унинг имкониятлари ва қулайликлари барчага маълум. Мақола сарлавҳасидаги интернет зарарлими деган саволга таниқли адиб Салим Бухорийнинг шеъридаги сатрлар билан жавоб беришни лозим топдик : “Иллат қидирганга иллатдур дунё, ҳикмат қидирганга ҳикматдур дунё”
Ҳар қандай восита сингари уни нима мақсадда ишлатишда гап кўп. Барчага маълум бир ҳақиқат бор, пичоқ воситасида ошпаз мазали таом тайёрлайди, қотил қўлида эса у жиноят қуролига айланади. Кимдир интернетдаги ресурслардан билим ва таффакурни ошириш сингари эзгулик учун фойдаланса, бошқалар, одамлар ўртасига нифоқ солиш, жамиятдаги барқарорликни бузиш, салбий ҳиссиётларни ўзгаларга сочиш каби деструктив мақсадларда фойдаланади. Шундай бўлсада, интернетни чеклаш ёки баъзи ресурсларни таъқиқлаш тарафдори эмасман. Ваҳоланки, глобал тармоқдан асосан рақамли авлод фойдаланади, улар эса бизнинг эртанги келажагимизнинг умиди. Ёшлар ҳар қайси мамлакатнинг ижодий ва инновацион тафаккурга эга қудратли интеллектуал ресурси бўлиши баробарида, рақамли технологиялар ривожланишининг асосий омили ҳамдир. Интернетнинг ижтимоий тармоқларидаги баъзи аҳлоқсиз ёшларни деб барча ёш авлод вакилларига нисбатан салбий муносабатда бўлишга асос йўқ. Бундай вазиятда иллатни интернетдан эмас, оиладан излаш керак. Зеро, фарзанд ота–онанинг аксидир.