Муаллиф: Ирода Шамсиева – тарих фанлари номзоди, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти
Коронавирус пандемияси кўп соҳаларда инсонлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириши мумкин. Ҳатто консерватив соҳа ҳисобланадиган таълим тизимини ҳам янги шароитларга тезкор мослашишга ва ўзгача тартиб-қоидалар бўйича иш олиб боришга мажбур қилди.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), ҳамда Жаҳон банки ушбу пандемияни ўрта, махсус ва олий таълимнинг форс-мажор вазиятларга тайёргарлигини текширувдан ўтказаётган ҳолат деб баҳолашмоқда. Бунинг сабаби, жаҳондаги барча таълим муассасалари янги форматга ўтиб, оммавий тарзда масофали ўқитиш тажрибасини қўллашга мажбур бўлишди. Ўз ўрнида, бу қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Биринчидан, интернет технологияларидан фойдаланиш учун ўқитувчи ва талабаларда рақамли саводхонликнинг етарли эмаслиги, иккинчидан, интернет тезлигининг пастлиги, учинчидан эса, баъзи мамлакатларда интернетга уланиш имкониятининг камлиги ёки аҳолининг аксарият қисми учун деярли йўқлиги ва тўртинчидан, аксарият таълим олувчиларда масофавий ўқиш учун техник воситаларнинг (компьютер, ноутбук, гаджетларнинг) мавжуд эмаслиги. Шубҳасиз, бундай ҳолат таълим сифатига салбий таъсир этмасдан қолмади, техник носозликлар ва бошқа омиллар ўқув жараёнида узилишларга олиб келди.
Лекин шу билан бирга, жаҳон экспертлари пандемия туфайли жорий қилинган қатъий карантин қоидалари таълим, жумладан олий таълим учун янги имкониятлар яратганини эътироф этишмоқда. Хусусан, Арманистонда карантин пайтида масофавий таълим олиш имконини берувчи университетларнинг ягона iUniversity платформаси ишга туширилди, Бирлашган Араб Амирликлари глобал тармоғида таълим олиш ва бизнес юритиш учун 5 та: Google Hangouts Meet, Cisco Webex, Avaya Spaces, Blue Jeans ва Slack номли иловалар узлуксиз ишлай бошлади. Кипрда таълим ва фан вазирлиги Педагогика институти орқали масофавий таълим олиб бориш учун ўқитувчиларни тезкор тайёрлаш ишларини ташкил қилди. Россия университетларида эса қўшимча реаллик (AR – augmented reality) технологиясининг қўлланилиши (РФ “Первый канал”даги “Время” ахборот кўрсатуви, 2020 йил 12 майдаги эфир) таълимда инновация бўлди.
Пандемия шароитида миллий олий таълим тизимининг трансформацияси
Умуман олганда, Ўзбекистонда аксарият университет ва институтлар дарсларни масофавий шаклда ўтказишга қисман тайёр эди. Олий таълим муассасалари платформаларида Moodle тизими шакллантирилиб, унга барча ўқув предметлари бўйича электрон ресурслар жойлаштирилган эди. Аммо, мазкур тизим бундан бир неча йил аввал жорий қилинган бўлишига қарамай, унда ишлаш амалда суст эди, шу боис, мамлакатимиз тарихида биринчи марта фавқулодда ташкил этилаётган масофавий таълимни жорий қилишда ўзига яраша муаммолар ва қийинчиликларга дуч келиш табиий эди.
Муаллиф республиканинг бир нечта олийгоҳлари ўқитувчиларига масофавий ўқитиш жараёнида кузатилган қийинчилик ва муаммолар, имкониятлар билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилди:
Таълимни масофавий (онлайн) шаклда олиб боришда қандай муаммо ва қийинчиликлар кузатилди? Сизнингча бу борада қандай ютуқларга эришилди, шунингдек, ушбу тизимнинг камчиликлари ҳақида нималар дея оласиз?
Раъно Турсунова, тарих фанлари номзоди, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти:
Очиғини айтсам, биз бунга ҳали тайёр эмасдик. Албатта, ўқитувчилар ҳар йили АКТ бўйича малака ошириш курсларини ўтишади, бироқ масофада ишлаш амалиёти кўпчиликда шаклланмаганди, баъзи ўқитувчилар бундан истисно албатта.
Шунинг учун, қисқа муддатда янги шароитга мослашишга тўғри келди. Дарҳақиқат, Zoom интернет платформасида ишлаш мисли кўрилмаган имкониятларни берди. Нафақат ўқитувчи, балки талабалар ҳам янги кўникмаларга эга бўлди.
Масофавий ва онлайн таълимни ташкил этишда ўқитувчи ва талабалар бир қатор муаммоларга дуч келишди, жумладан:
- интернет тезлигининг нафақат ҳудудларда, балки вилоятлар марказида ҳам пастлиги, марказдан узоқ жойларда интернетга уланиш имкониятининг деярли йўқлиги;
- ўқувчиларда техник воситаларнинг етишмаслиги, аксарият ҳоллларда оилада битта гаджет бўлиб, ундан фойдаланиш учун навбатга туришга тўғри келди;
Акбар Замонов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Ўзбекистон Миллий университетитининг (ЎзМУ) тарих факультети доценти:
Биринчидан, мамлакат масофавий ва онлайн таълимга ўтишга ҳали тайёр эмас эди, жумладан, бу борада профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича ташкилий ишлар қилинмаган эди. Шунинг учун ўқитишнинг сифати, уни ташкил этиш ҳамда ҳудудлардаги алоқа тизими билан боғлиқ муаммо ва қийинчиликлар юзага келди. Шунингдек, видеодарсларнинг вақт меъёри 80 минутни ташкил қилмайди (бунинг бир нечта сабаблари бор: интернет тезлиги ниҳоятда паст, талабаларнинг моддий имконияти мавжуд трафикларга етмаслик эҳтимоли катталиги ва ҳ.к.). Шу жиҳатдан, ўқитувчилар ўзларининг 80 дақиқалик маърузасини методик маҳорат орқали қисқа вақтга (20-30 дақиқа) келтириш кўникмасига эга бўлиши лозим эди. Бунда тавсия этиладиган асосий адабиётлар, талабалар томонидан уларни топиш ва фойдаланиш услублари, мавзуга оид асосий тушунча ва тамойиллар, якуний хулоса ва вазифалар берилиши лозим. Лекин бу мақсадга барча ҳам эриша олмаган.
Иккинчидан, биз талабаларни видеодарслар орқали таълим олишини тўла назорат қила олмадик. Шу нуқтаи назардан, телеканаллар, интернет сайтларда жойлаштирилган видеодарслар машғулотлари ўқитувчи, мураббийлар билан бир қаторда ота-оналарга ҳам бирдек масъулият юклайди. Жумладан, фарзандининг интернетдаги турли дастурлар орқали бериб борилаётган дарсларни мунтазам томоша қилишлари учун шароит яратиш, доимий назорат қилиш, мавзуларни ўзлаштиришига, вазифаларни бажаришга ёрдамлашиш, шунингдек, фарзандининг ўқитувчиси билан хабар алмашишда интернет орқали алоқани таъминлаб беришлари лозим.
Энг асосий муаммо, талабаларнинг мамлакатнинг турли ҳудудлари – пойтахт, вилоят маркази, туман марказидан энг чекка қишлоқларда истиқомат қилиши ҳамда уларда алоқа тизимининг ҳам ҳудудларига қараб ҳар хил бўлишидир. Бу жараёнда фақат пойтахт, вилоят ва туман марказларида истиқомат қилувчи талабаларнинг имконияти бир оз юқори бўлди. Бу видеодарслар (хусусан, Zoom платформасида ) ўртача 100 нафар талабадан 8-13 тасининг иштирок этишига олиб келди. Бу биринчидан, мамлакатдаги алоқа компанияларининг фаолияти қониқарсизлигини кўрсатса, иккинчидан эса, талабаларда видеодарслар бўйича кўникмаларнинг ҳали етарли даражада бўлмаганлидир.
Карантин даврида ташкил этилган онлайн таълим устозлар ва талабаларнинг табақаланишига, яъни шу жараёнга фаол қатнашиб, виртуал таълимнинг ютуқларидан фойдаланганлар ҳамда ўз маҳоратини, малакасини оширганлар ва деярли иштироксиз ўқув йилини якунлаётган гуруҳларга ажратди. Ҳар ҳолда, фавқулодда ўтилган онлайн таълим таҳсил олувчи ва таҳсил берувчининг мутахассислик доирасида билимларини одатдаги тизимга қараганда оширмаган бўлса-да, маълум сабоқ ва малакаларга эга бўлишига хизмат қилди.
Нилуфар Салимсакова, Тошкент фармацевтика институти катта ўқитувчиси:
Биринчидан, компьютерда ишлашни мустақил ўрганганлигим бошида озроқ панд берди, лекин шароит тақозоси ва фавқулодда вазият масофавий дарс бериш учун керакли кўникмаларни шакллантириш учун имконият яратди.
Иккинчидан, интернетнинг секин ишлаши анча вақтни олди.
Имкониятлар ҳақида айтадиган бўлсам, бунда ҳам ўқитувчи, ҳам талаба, жамоавий ишлашни ўрганди. Бироқ, бундай ишлаш тартибининг муайян нуқсонлари борлиги маълум бўлди. Хусусан, талабалар ўқитувчи томонидан белгиланган топшириқларга жавобларни кўчириб, Телеграм канали орқали бир – бирларига жўнатиш ҳолатлари кузатилди. Шунинг учун, фикримча, ўқитувчи ҳар бир талабага вазифани алоҳида, индивидуал бериши керак.
Бу тажриба бундан бир неча йил аввал жорий қилинган Moodle тизимида масофавий ишлашни ўргатди. Назаримда, агар талабаларни дарс беришнинг мазкур шакли билан изланишга мотивация қилинса, таълим олдига қўйилган педагогик вазифаларнинг бир нечтасини амалга ошириш мумкин бўларди.
Ботиржон Қосимов, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси:
Мен карантин даврида мамлакатимиз барча ўқув юртларининг масофавий таълим шаклига ўтказилгандан буён, ушбу давр мобайнида эришилган ютуқлар ва кузатилган камчиликлар борасида тўхталмоқчиман.
Авваламбор, ютуқлар ҳақида: бу борада эришилган ютуқлар шундан иборатки, ёшидан қатъий назар барча профессор-ўқитувчиларда таълим платформалари билан ишлаш, масофавий таълим ва уни олиб бориш соҳасидаги билим ва кўникмалари шаклланди ёки ривожланди. Келажакда масофавий таълимни янада ривожлантириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар эса таҳлил этиб борилмоқда. Масофавий таълим айни пайтда келажак учун эксперимент вазифасини ўтамоқда, десак адашмаймиз. Масофавий таълимнинг ютуқларидан бири, фикримча, талабалар билан мулоқотнинг хилма хиллигидир. Бунда талаба айтмоқчи бўлган жавобини матн, аудио ёки видео шаклларда баён этиш имконига эга бўлади. Бу эса аудитория шароитида омма олдида ўз фикрини овоз орқали баён эта олмайдиган ёки бундан тортинадиган талабалар учун қулай шаклидир. Масофавий таълим орқали таълим берувчи ва таълим олувчилар университетга бориш ва келиш учун сарфланадиган вақтлари тежалади. Тежалган вақт ҳисобига бошқа манбалардан янги билимларни ўзлаштириш имконияти вужудга келади.
Мен кузатган камчиликларга келсак, масофавий таълим аудиторияда кечадиган жонли таълимдан фарқлангани туфайли таълим жараёнида мулоқот қилиш самарадорлиги паст даражада кечади. Аудитория шароитида талабаларнинг юз ифодаси орқали уларнинг дарс мавзусини тушуниб бораётганликларини англаш осон кечади. Масофавий таълимда эса бу қийинроқ кечади.
Республикада масофавий таълимнинг ривожланиш истиқболларига келсак, масофавий таълим икки йўналишда, яъни реал вақт режимига асосланган синхрон ёки реал вақт режимига асосланмаган носинхрон тарзда кечиши мумкин. Аммо, икки йўналиш учун ҳам Интернет тезлик жиҳатидан яхши ишлаши керак. Бусиз масофавий таълимнинг истиқболи бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳозирги пандемия шароитидаги масофавий таълим одатдаги масофавий таълимдан фарқланади. Пандемия шароитидаги масофавий таълим фавқулодда ҳолатдаги масофавий таълимдир. Шу боис, ҳозирги шароитда таълим бериш ва таълим олишга мослашмаган Телеграм сингари ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга мажбур тўғри келмоқда.
Келажакда масофавий таълимни янада ривожлантириш учун эса одатий масофавий таълимни бошқариш тизими, яъни Moodle каби таълим платформаларини такомиллаштириш, уларни қулай ва янада тушунарли функциялар билан бойитиш ўта муҳимдир. Бунинг учун педагог ва ахборот технологиялари мутахассисларининг яқиндан ҳамкорлиги талаб этилади.
Юқоридаги фикрларга қуйидаги мулоҳазаларимни қўшимча қилишни ўринли деб ўйлайман. Ҳақиқатдан ҳам, таълим тизимининг фавқулодда масофавий ва онлайн шаклга ўтиши, бутун дунёда бўлгани каби, республикамиз олий таълим тизимини янги шароитларга мослашишига мажбур қилди. Фаолиятни рақамли форматга ўказишда олий таълим муассасалари асосан IT инфратузилма билан боғлиқ техник қийинчиликларга дуч келди. Шу билан бирга, бу вазият бошқа бир муаммо, жорий ва оралиқ назорат ишларида талабалар томонидан бир-биридан кўчириш муаммосини келтириб чиқарди. Шу ўринда плагиат муаммоси жаҳоннинг деярли барча университетларида мавжудлиги ва унинг олдини олиш учун махсус дастурлардан фойдаланилиши хорижий профессор – ўқитувчилар томонидан ҳам таъкидланади (WEBINAR ON: Academic Credit System: International Ceses, Конференция Zoom ТашГУВ.
Фойдали карантин
Фикримча, карантин миллий олий таълим тизими учун фойдали бўлди.
Биринчидан, онлайн таълим мазкур тизимни камида 10 йилга ривожлантиришга хизмат қилди. Маълумот учун: 2018 йилда халқаро THE (Time higher education) нашри эълон қилган маърузада 2030 йилга келиб фақат элита университетларнинг онлайн таълимга ўтишини прогноз қилган эди. Бугун кунда COVID-19 пандемияси ушбу жараённи тезлаштириб юборганини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Иккинчидан, карантин даврида ўқитувчилар масофавий таълим бериш (Moodle), онлайн режимда, турли платформаларда (ZOOM, Телеграм) маъруза ўтиш ва видеодарслар ёзиш (Bandicam, OBS-studio) кўникмаларига эга бўлишди. Бу эса аксарият олий таълим муассасалари томонидан видеодарслардан иборат улкан медиа платформа яратиш учун манбавий асос бўлиб хизмат қилди.
Учинчидан, таълим беришнинг инновацион услублари яратилди. Хусусан, онлайн тарздаги дарс вақтининг ўзида интернетдаги мавзуга алоқадор web-ресурсларга ҳавола қилиш орқали виртуал интерфаоллик таъминланди.
Тўртинчидан, карантин талабаларда XXI аср мутахассиси учун керак бўлган мослашувчан кўникмаларнинг (Soft skills) ривожланишини тезлаштирди. Мисол учун, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 3-босқич тарихчи талабалари мустақил равишда турли web платформаларда ишлашни ўрганиб, тарихий мавзуларга доир рақамли архивлар (мисол учун, Эрнест Хемингуэй ҳақида) ва сайтлар (масалан, Ливан ва Уммон ҳақида) яратишга муваффақ бўлишди.
Бешинчидан, республика олий таълим муассасаларининг хорижий университетлар билан ҳамкорлиги фаоллашди. Бир қатор олийгоҳлар жаҳоннинг етакчи ўқув даргоҳлари билан онлайн конференция, вебинарлар уюштиришди. Масалан, жорий йилнинг 11- 12 май кунлари Тошкент Давлат юридик университети ва АҚШнинг Бостон коллежи юридик мактаби (Boston college law school) ўртасида масофавий таълим олиб бориш бўйича онлайн семинар, 15 майда эса Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Жанубий Кореянинг Kyung He ва Yeungnam университелари билан кредит-модуль тизимини жорий этишга доир онлайн форматда вебинар ташкил қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.
Олий таълимнинг истиқболи онлайнми?
Карантин даврида барча таълим тизимларининг масофали режимга ўтганлиги ўз навбатида, унинг қанчалик самаралилиги ва давомийлиги ҳақида бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Дарҳақиқат, таълим, жумладан, олий таълим тизими энди ўзгача форматда бўлади.
Таълим соҳаси мутахассисларининг ҳисоб-китоби бўйича, эндиликда олийгоҳларнинг кўпчилиги одатдаги ўқитиш шаклига қайтишни ҳоҳлашмайди. Талабаларни ҳам анъанавий (классик) маъруза ва семинар дарслар билан қизиқтириш мушкул бўлиб қолади. Қизиқиш бўлмаса билим олишга мотивация ҳам йўқолади. Ҳозирги талабалар керакли маълумотларни интернетдаги очиқ манбалардан ҳеч қандай тўсиқларсиз олиш имконига эга, бинобарин, эндиликда ўқитувчи вазифасига нафақат билим бериш, балки кўникмаларни ривожлантириш ва тажриба алмашиш киради. Демак, ўқув жараёнининг назарий қисмини тўлиқ бўлмасада, қисман (таълим йуналишларининг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда) онлайн форматга ўтказса бўлади. Бироқ, таълим олувчиларнинг ўз билим ва кўникмаларини амалда намоён қилиши ва ривожлантириши учун талаба ва ўқитувчи ўртасида ўрнатилган доимий алоқа ҳисобига, оффлайн таълимнинг имкониятлари чексиздир. Шу боис, онлайн ва оффлайн таълимни биргаликда олиб бориш таълим сифати ва самарадорлигини таъминлайдиган энг мақбул йўлдир.
Коронавирус туфайли олий таълим муассасалари таълимда инновацион технологияларни қўллаш учун ажойиб синов платформасига эга бўлишди. Онлайн таълим илгарилаб, анъанавий таълимга жиддий рақобатчи сифатида майдонга чиқмоқда. Аммо бунга ҳали кўпчилик тайёр эмас. Сабаби эса, юқорида қайд этилган интернет билан боғлиқ муаммолар, техник имкониятларнинг чегараланганлиги ҳамда ўқитувчиларда онлайн таълим бериш кўникмаларининг етарли эмаслигидир.
Сурат манбаси: prosv.ru