Хитойлик таҳлилчи, Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти эксперти Чжан Нин жорий йил апрелида эълон қилинган мақоласида Марказий Осиёда экстремизмга қарши кураш соҳасидаги вазият ҳақида фикр юритади: 风险预警:当前中亚反极端形势分析 (Таҳдидлардан огоҳлантириш: Марказий Осиёда экстремизмга қарши кураш соҳасидаги жорий вазият таҳлили).
Мақола қисқартирилган ҳолда тақдим этилмоқда
Марказий Осиёдаги Хитойнинг стратегик шериги бўлган бешта мамлакат ХХР хавфсизлиги масаласида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда минтақанинг айрим ҳудудларида террорчилик амаллари содир этилаётган бўлса-да, барча мамлакатларда умумий вазият назорат қилиб турилибди. Хитой атрофида барқарорликни сақлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни давом эттириш ҳамда мавжуд воситалар, шунингдек, икки томонлама ва кўп томонлама платформалардан фойдаланган ҳолда «Бир макон – бир йўл» ташаббуси доирасида ўша хавфсизликни барпо қилиш мақсадга мувофиқдир.
Жорий вазият
Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги жорий вазиятнинг 5 та ўзига хос хусусияти кўзга ташланади:
- ушбу мамлакатларда экстремизм билан боғлиқ жиноятлар сони камайиб бораётгани каузатилмоқда, аксарият жиноятларни у содир этилгунга қадар очиш мумкин, хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар, умуман олганда, назорат остида;
- 2017 йил ўрталаридан бошлаб экстремистларнинг Яқин Шарқ – Ғарбий Осиёдан Марказий Осиёга оммавий тарзда қайтиб келаётгани қайд этилмоқда, янада кўпроқ кишилар Афғонистонга қайтмоқда, айни ҳолат Афғонистон Ислом Республикасини (АИР) минтақа мамлакатлари учун энг йирик ташқи таҳдид маконига айлантирмоқда;
- Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош жанубий қисми, Фарғона водийси ва Ғарбий Қозоғистон ҳамон хавфсизликка энг кўп таҳдид солувчи ҳудудлар бўлиб қолмоқда;
- интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар Марказий Осиёдаги мулоқот, одам ёллаш ва экстремистик ташкилотларни бошқаришнинг асосий воситачилигича қолмоқда;
- экстремистик ташкилотлар аъзолари, асосан, ёшлар ва меҳнат мигрантлари орасидан шакллантирилади.
Марказий Осиёдаги экстремистик ташкилотлар одатда чоғроқ бўлиб, камида 10 кишидан ташкил топади, чет эллардан молиялаштирилади ва уларнинг ўзаро қалин алоқаси бўлмайди. Бундай ташкилот асосини 20 – 35 яшар ёшлар ташкил қилади. Ғарбий Осиё ва Афғонистонда жанг қилаётган эстремистлар, асосан, 25 – 29 яшар кишилардан иборат. Одатда Марказий Осиёдаги энг фаол жиҳодчилар «Ал-Қоида» ва ДАИШнинг Афғонистондаги лагерлари ёки Ғарбий Осиёда тайёргарликдан ўтади.
Марказий Осиё мамлакатлари фаолияти ўз ҳудудларида тақиқланган террорчилик ва экстремистик ташкилотлари ҳақидаги маълумотларни тизимли тартибда эълон қилиб боради. Айрим тадқиқотчиларнинг қуйида келтираётган маълумотлари ва натижалари Марказий Осиёдаги экстремистик кучларнинг умумий тавсифини беради:
- Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) маълумотига кўра, ушбу мамлакатда 23 та террорчилик ва экстремистик ташкилот фаолияти тақиқланган. 2015 йилдан бери Қозоғистондаги зўравонлик ва экстремистик ҳаракатларни, асосан, салафийлар оқими вакиллари содир этмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда экстремистик кучларнинг 20 мингдан ошиқ тарафдорлари мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор, уларнинг аксарияти жанубда (Жанубий Қозоғистон вилояти ва Алмати шаҳри), ғарбда (Атирау ва Оқтўбе) ва марказда (Қарағанда вилояти ва Нур-Султон шаҳри) жамланган.
- 2019 йил май ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг пенитенциар – жазони ўташ тизимида 520 нафар экстремист ва террорчиликда айбланган шахслар (131 киши террорчилик айблови билан ва 389 нафар маҳбус экстремистлик фаолияти учун) ушлаб турилган эди;
- Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йил ўртасидаги ҳолатга кўра, Тожикистоннинг турли ахлоқ тузатиш муассасаларида 13 000 дан ошиқ маҳбус ушлаб турилган, шулардан деярли 2000 нафари террорчилик ва экстремизм жиноятларида айбланган. Шу билан бирга, улар кўпчилигини 2017 йилда Тожикистон суди Тожикистон ислом тикланиш партияси (ТИТП) экстремистик ташкилотига аъзо деб эътироф этган эди;
- Ўзбекистон ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, 2018 йил июль ойи ҳолатига кўра 18 000 нафар киши экстремизм ғояларига мойилликда ҳамда мамлакатда таъқиқланган ташкилотлар билан алоқадорликда гумон қилинган шахслар рўйхатида бўлган. Ўша вақтда уларнинг 17 000 нафари нормал ҳаётга қайтганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинган, 950 ка яқини эса ахлоқ тузатиш муассасаларида эди;
- Туркманистон ахборот воситалари маълумотига кўра, 2016 йилда ушбу мамлакат қамоқхоналарида 300 дан ошиқ террорчилик ва экстремизм жиноятларида айбланган шахслар ушлаб турилган, яна 360 га яқин киши Сурия ва Ироқдаги жангларда қатнашган.
Қайтиб келган жиҳодчилар билан боғлиқ муаммолар
Статистикага кўра, Ғарбий Осиёда Марказий Осиё республикаларидан борган тахминан 4 – 5 минг киши жанг қилмоқда. 2017 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ватанга қайтиб кириш оғирлаштирилгандан сўнг бу иш мушкул бўлиб қолди ва собиқ жангарилар аксарияти Афғонистонга йўл олмоқда. Ватанига қайтиб келишга муваффақ бўлган айрим марказий осиёлик жиҳодчилар визасиз режимдан, назорат тизимидаги турли-туман раҳналардан ва сохта шахсни аниқловчи маълумотлардан фойдаланди. Шу билан бирга, экстремистик ташкилотлар аъзолари ватанига қайтиб келгандан сўнг ҳам чет эл ташкилотлари билан мулоқот қилиб турибди, экстремизмга оид маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш, одамларни ёллаш сингари қўпорувчилик тадбирларида қатнашмоқда.
Айни чоқда Марказий Осиёнинг баъзи мамлакатлари халқаро ташкилотлар кўмаги билан ўз ватандошларини Суриядаги қуролли можаро ҳудудидан олиб чиқишни ташкил қилди. Олиб чиқилганлар, асосан, аёллар ва болалар эди. Масалан, 2019 йил майида 156 нафар Ўзбекистон ватандоши ва 231 нафар Қозоғистон ватандоши Ғарбий Осиё минтақасидан қайтиб келди. Шулардан 21 нафари террорчилик фаолиятига алоқадорликда гумонланиб, қамоққа олинди.
Афғонистон билан Марказий Осиё чегарасидаги вазият
Туркманистон билан Афғонистон чегарасида нохуш ҳодисалар тез-тез юз бериб туради. Афғонистон тарафидаги террорчилик гуруҳларининг бундай хатти-ҳаракатларидан мақсад, асосан, Туркманистондаги чегара постларига ҳужум қилиш бўлган. Бу билан толиблар ёки уларни дастакловчи гуруҳлар наркотиклар савдоси каналини назорат қилишга ҳаракат қилган.
Ички назорат кучлилиги, чегарадаги айрим жойларга миналар жойлаштирилгани, шунингдек, чегара ҳудудлари қаттиқ назорат қилинаётгани учун экстремистлар Ўзбекистон билан чегарада нохуш воқеалар уюштира олмади. Айни дамда Марказий Осиё мамлакатлари билан Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ, асосан, Ўзбекистон билан Афғонистон чегарасидаги жанубий назорат-ўтказиш пункти орқали амалга оширилмоқда. Шу тариқа Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистондаги фаолияти учун зарур анжомларни етказиб беришга мўлжалланган Шимолий тақсимот тармоғининг энг муҳим мамлакати ҳамда Вашингтоннинг минтақадаги қалин ҳамкори бўлиб қолди.
Тожикистон билан Афғонистон чегараси йирик хавф-хатарга эга ҳудуд бўлиб қолмоқда. 2019 йилда Афғонистоннинг 3 та – Бадахшон, Қундуз ва Тахор –вилоятида турли экстремистик ташкилотларга мансуб 16 000 га яқин жангари бор эди. Ғарбий Осиёдан келган ИШИД гуруҳларини, асосан, толиблар 2018 йил июнида Афғонистон шимолида йўқ қилди. Аммо у ерда ИШИД тарафдорларининг марказий осиёликлардан иборат бўлган кичик-кичик гуруҳлари сақланиб қолди. Тожикистонлик аксарият экспертларга кўра, бу Афғонистондаги турли гуруҳлар таъсир доирасига эга бўлиш учун курашаётгани натижасидир, улар Марказий Осиё мамлакатларига ҳужум қилишга тайёрланаётгани йўқ.
Тожикистон ҳокимият идоралари фикрича, Афғонистон билан чегарадаги вазият назорат қилинмоқда. Бироқ Тожикистон ҳукуматига ТИТП (2017 йилга қадар Тожикистонда қонуний фаолият кўрсатган партия) энг кўп таҳдид солмоқда. Ушбу партиянинг айрим аъзолари Афғонистондаги экстремистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда, бошқалари эса Эрондаги ҳарбий ўқув жамлоқларида таҳсил олмоқда.
Экстремизмга қарши кураш чоралари
2000 йилдан 2010 йилга қадар радикал мафкурани Марказий Осиёга Ғарбий Осиёда таҳсил олган кишилар олиб кираётган эди. Кейинчалик, “араб баҳори”дан сўнг радикал ғояларнинг тарқалиш усуллари ўзгарди ва улар, асосан, мобил иловалар ва ижтимоий тармоқлар орқали узатиладиган бўлди. Youtube, Одноклассники, Instagram, Facebook, Twitter, Vkontaktе ва ижтимоий тармоқларнинг бошқа сайтлари мулоқотнинг ва экстремистик ташкилотлар билан алоқанинг энг оммабоп платформаларидир. WhatApp, Facebook ва Telegram эса ахборот олиш учун тез-тез фойдаланиладиган платформалар ҳисобланади.
Россиянинг Миллий терроризмга қарши кураш қўмитаси маълумотига кўра, бутун дунёда террористлар ва экстремистларга хизмат кўрсатадиган 5000 дан ошиқ вебсайт бор. Ушбу кўрсаткич тинимсиз ўсиб бормоқда. Радикаллар интернетда сон-саноқсиз матнли, графикали ва овозли ахборот эълон қилмоқда ва имкон қадар кўпроқ кишиларни экстремистлик фаолиятида қатнашишга ундамоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари терроризмга қарши онлайн курашни кучайтириш мақсадида экстремистик фаолиятнинг ҳар хил турларига қарши кураш борасидаги ўз воситаларини такомиллаштира бормоқда. Бунинг учун киберхавфсизлик стратегиялари ишлаб чиқилмоқда. Масалан, Қозоғистонда 2017 йилда “Киберхавфсизлик концепцияси”, Қирғизистонда эса 2019 – 2023 йилларга мўлжалланган тармоқ хавфсизлик стратегияси” ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, минтақа мамлакатлари ҳукуматлари таълим ва тегишли тарғибот ишлари одамларнинг радикал ғояларга иммунитетини оширишнинг муҳим усуллари эканини яхши тушунади. Марказий Осиё мамлакатлари универсалликни ихтисослашув, ижобий тарғибот ва салбий оқибатлардан огоҳлантириш билан омухта қилиш принципини қўлламоқда. Аҳоли ўртасида терроризм ва экстремизм зарари ҳақида ахборот тарқатаётганда, тарғибот ҳамда ёшлар ва аёлларни маърифатли қилишга, дунёвийлик ғоялари ривожланишига кўмаклашишга эътибор қаратишимиз зарур бўлади. Аммо шу ўринда иккита савол туғилади.
Улардан бири – қандай қилиб радикаллашувнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мумкин? Экстремизм билан радикализмнинг мақсади одамларнинг норозилигидан фойдаланиб, уларнинг муаммоларига исломча ечим ўйлаб топишга уриниш ва ҳақиқатни билмайдиган кишиларни аста-секин радикаллашув сари йўналтиришдир.
Шу муносабат билан экстремизмга қарши кураш чоралари қаторига таълим ва тарғибот киритилиши керак. Бу усуллар орқали бирор натижага эришиш учун муайян муаммоларни ҳал этиш лозим бўлади. Аммо Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари даставвал тарғибот ишларида мураккаб тилдан фойдаланиб, сиёсий хавфсизлик, дунёвий конституцион тузумни ҳимоя қилиш ва ҳк. сингари омиллар ҳақида гапираёган эди. Лекин бу усуллар кутилган натижаларни бермади, чунки оддий халқ учун кундалик муаммолар – ижтимоий тенгсизлик, ишсизлик ва ҳк. – кўпроқ яқин ва тушунарлироқдир. Мабодо қандайдир ташкилотлар ва гуруҳлар ушбу муаммоларни ҳал этишга тайёр бўлса, аҳоли кўз ўнгида уларнинг ғоялари жозибалироқ кўринади.
Иккинчи савол – тарғибот ва профилактика ишларини ким бажариши керак? Марказий Осиё мамлакатлари дастлаб оммавий ахборот воситалари билан ўқув юртлари шу ишни қилиши мумкин деб ҳисоблади. Аммо орадан бир оз вақт ўтиб, муаммолар мураккаблашгани қолди. Энди Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимият идоралари ўз миссионерларини тайёрлаш даражасига эътибор қаратмоқда. Терроризм ва экстремизмга қарши курашни тарғиб қилаётган оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий ташкилотлар амалиётчилари террор ва радикализм нима эканини тўғри тушуниб олиши даркор.
Терроризмга қарши курашда технологик воситалар муҳимлиги
Марказий Осиё мамлакатлари терроризм билан экстремизмга қарши кураш аёвсиз бўлиши керак, деган ақидага амал қилмоқда. Шунинг учун минтақада терроризмга қарши чоралар кўрилаётганда, асосан, куч ишлатишга, жумладан, ички ишлар идоралари, махсус хизматлар, божхона, чегара қўшинлари, прокуратура ва судлар сингари давлат тузилмаларига таянилмоқда. Лекин амалиётга келганда, бундай ёндашувнинг ҳали ҳам айрим қусурлари бор:
- Минтақа мамлакатларидаги терроризмга қарши курашаётган кучларга ходимлар, технологиялар ва асбоб-ускуналар етишмайди. Барча бўлинмалар фақат шошилинч ва йирик вазифаларни бажариш билан овора бўлганда, жамиятда радикаллашувга қарши курашнинг бошқа жиҳатлари эътибордан четда қолади.
- Марказий Осиё мамлакатларининг қуч ишлатар идоралари ихтиёридаги маблағ ва жиҳозлар талабга жавоб бермайди. Улар сирасига инфратузилма етарли эмаслиги (чегара постлари ва назорат-ўтказиш пунктлари сони кам); техник жиҳозлар етишмаслиги; ҳаво разведкаси ва кўмак кучлари етишмаслиги (учувчисиз разведкачи самолётлар йўқлиги), узундан-узоқ чегарани назорат қилиш имконсизлиги киради.
- Коррупция муаммоси. Экстремистлар куч ишлатир тизимлар ходимларига пора бериб, ишини битирганлик ҳолатлари борлигини қайд этиш лозим.
Марказий Осиё мамлакатлари замонавий асбоб-ускуна ва техник воситалари, айниқса, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда террорчилик ва экстремизмга қарши ўтказиладиган амалиётларни такомиллаштириш йўлидаги асосий омиллар эканини яхши тушунади. Техник жиҳозлар билан таъминлаш экстремизмга қарши кураш чораларининг мажбурий шарти ҳисобланади. Бунинг учун кузатув камералари, полиция итлари, хавфсизлик воситалари ва портлашдан ҳимоя қилувчи анжомлар, полициянинг ахборот бериш миқдори, биометрик ва шахсий маълумотларни йиғиш ва ҳк.ни кўпайтириш керак бўлади. Марказий Осиёнинг кўп минтақаларида масжидларга камералар ўрнатилганидан ташқари “Хавфсиз шаҳар” лойиҳалари ҳам амалга оширилди. Масалан, Алматида 2019 йилда одам билан гавжум жойларга 1000 та камера ўрнатиш учун 8,6 миллиард тенге ажратилди.
Қирғизистон 2019 йилда Бишкек кўчаларига 60 та камера ўрнатди (жами 1000 та камера ўрнатиш мўлжалланмоқда). Ушбу камералариннг юзни таниш функциялари бор, уларни жиноятчиларни яхшилаб таниб олиш учун орқа пландаги кўплаб маълумотлар билан омухта қилиш мумкин. Қирғизистонда 2017 йилдан бери шахснинг кимлигини аниқлаш учун биометрик маълумотлар киритилган карталар ишлаб чиқарилмоқда.
Марказий Осиё мамлакатларида экстремизмга қарши кураш билан боғлиқ қийинчиликлар
Марказий Осиёдаги диний экстремизм ғояларини яқин истиқболда йўқ қилиш қийин масала. Ислом ушбу минтақага VII аср охири ва VIII аср бошларида араблар истилоси билан кириб келган. Ўша вақтдан бери ислом Марказий Осиёда аста-секин асосий дин жойини эгаллаб олди. Бу ерда Ҳанафия мазҳаби анъаналари илдиз отди, лекин шу билан бир қаторда сўфийлар ҳам катта таъсир кучига эга бўлди. Айни тамойил минтақага мўғуллар бостириб келгандан сўнг кучайди. Кейинчалик, шўролар даврида сўфийлар таъқибларга дучор бўлди, ҳанафийлар фаолияти қатъий чекланган бўлса-да, расман сақлаб қолинди.
Совет Иттифоқи тарқаб кетгандан сўнг Ғарбий Осиё, хусусан, Туркиядаги диний муассасалар ва мактаблар Марказий Осиё мамлакатларига масжидлар ва диний мактаблар қуришда ёрдам берди. Улар бепул ўқитиш дастурлари доирасида минтақа мамлакатларининг минглаб ватандошларини жалб қилди. Бироқ ёш республикалар диний назария бу қадар тез ривожланиб кетишини ҳисобга ола билмади. Натижада Марказий Осиёга салафийлик ва ваҳобийлик ва ҳк. ноанъанавий диний оқимлар ва секталар кириб келди, айримлари радикал оқимларга айланиб, экстремистик гуруҳлар ташкил қилди. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, Марказий Осиёда радикал диний қарашларнинг тарқалиши қисман Ҳанафия мактабининг замон оқимидан ортда қолаётган ақида ва таълимотларининг заифлашуви билан боғлиқ.
Қонунчилик замон билан ҳамнафас одимлай олмаяпти
Радикал мафкура тарқалиши соҳасидаги вазиятнинг жадал ривожланиши тегишли қоидалар ва қонунчилик меъёрларини жорий қилишни талаб этади. Акс ҳолда ҳуқуқий майдонда турли раҳналар ҳосил бўлиши учун шароит вужудга келади ва бундан экстремистик кучлар янада оёққа туриб олишида фойдаланиши мумкин. Боз устига, терроризмга қарши кураш бутун жамиятнинг мажбуриятидир ҳамда у қонунчилик, таълим, ижтимоий хизматлар, молия ва иқтисодиёт ҳамда диний фаолиятни тартибга солишда ўз саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришини талаб қилади.
Марказий Осиё мамлакатлари радикаллашувга қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида халққа “анъанавий дин”, “ноанъанавий таҳдидлар”, “бузмакор ташкилот” ва “бузмакорлик фаолияти” сингари янги атамалар моҳиятини тушунтириб бериш билан қонунчилик ва сиёсатни такомиллаштириши керак бўлади.
Сўнгги йилларда Ғарбий Осиёда (Сурия ва Ироқда) жанг қилган экстремистик гуруҳлар аъзолари Афғонистон ва Марказий Осиёга қайтиб келаётгани радикаллашувга қарши кураш усулларини ўзгартиришни талаб қилмоқда. Шундай қилиб, экстремистик ташкилотлар ва гуруҳлар фаолияти ўзгариб кетди, бу расмий ҳокимиятнинг уларга қарши кураш чораларини мушкуллаштирмоқда. Бунга “ухлаётган ҳалқалар”, террорчилик ва экстремистик контенти бор дастурий таъминотдан фойдаланиш, ахлоқ тузатиш муассасаларида радикал ғоялар тарафдорлари тармоғини тузиш ва ҳк.ни мисол қилиб келтириш мумкин.
Саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга ўткир зарурат борлигига қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари ва турли миллий идоралар ўртасида айрим масалалар бўйича ҳалигача келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда.
Жуғрофий-сиёсий кураш ва экстремизмга қарши туриш
2020 йил февралида АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Марказий Осиё мамлакатларига сафари ва Қўшма Штатларнинг минтақага оид эълон қилинган янги стратегияси эътиборга моликдир, унда Вашингтоннинг минтақадаги 6 та келгуси мақсади баён қилинади: Марказий Осиё мамлакатлари суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш; минтақада терроризм таҳдидини камайтириш; Афғонистондаги барқарорликни қўллаб-қувватлаш; Марказий Осиё билан Афғонистон ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш; Марказий Осиё мамлакатларида қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқи ҳурмат қилинишини тарғиб этиш; АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатларига инвестицияларини рағбатлантириш.
Марказий Осиё ва Россия ОАВлари Вашингтоннинг янги стратегияси ХХР билан РФнинг таъсирини заифлаштиришга йўналтирилган, шунингдек, қўшинларини Афғонистондан “силлиқ” олиб чиқиб кетиш мақсадини кўзламоқда, деб ҳисоблайди. Кўп экспертлар АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқадиган бўлса, АИР экстремистик кучларининг куни туғадиган Сурияга айланиб қолишидан ва бу Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Хитой ва Россияга таҳдид солиши мумкинлигидан хавотир изҳор қилмоқда.
Умуман олганда, Марказий Осиё Хитойнинг ғарб томонидаги қўшнисидир ва ўзаро боғлиқлик тобора кучайиб бораётган глобаллашув даврида ушбу минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият Хитойга ҳам бевосита таъсир кўрсатиши муқаррар. Кўп йиллик амалиётдан маълум бўлишича, Марказий Осиёдаги хавфсизлик соҳасидаги вазиятга динамика ва диалектика нуқтаи назаридан муносабат билдириш керак:
- гарчи экстремизм минтақа мамлакатларига хавф солаётган бўлса-да, шунинг баробарида у Марказий Осиё мамлакатлари орасида, шунингдек, Хитой билан минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган омиллардан биридир;
- Америка ҳарбий хизматчилари Хитой билан Россиянинг Афғонистондаги таъсири кенгайишини тийиб турувчи омил вазифасини ўтамоқда, лекин айни чоқда Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка кўмаклашадиган омиллардан ҳам биридир;
- ушбу вазиятда юқорида зикр этилган омилларнинг ўзаро боғлиқлигини тушуниб олиш ва вазият ривожланишига кўмаклашиш учун хавф-хатарларни имкониятга айлантириш зарур.
Хитой терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши муносабатлар ўрнатди. Айни замонда мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизимлари ҳамда хавфсизлик соҳасида стратегик маслаҳатлашувларнинг 4 та асосий тизими шаклланди. Ҳамкорликка икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг терроризмга қарши қўшма ҳарбий машғулотлари, ҳуқуқ-тартиботни бирга қўриқлаш, разведка маълумотларини алмашиш ва ходимларни ўқитиш сингари турли усуллари киради. Ушбу механизмлар кўп йиллар давомида амалиётда синаб кўрилди. Масалан, икки томон (Марказий Осиё билан Хитой) экстремистлар ҳақида изини совитмай бир-бирига хабар қилиши, аниқлаши, ҳибсга олиши ва уларни бир-бирига топшириши мумкин, бу экстремистик кучларни жиддий тарзда тийиб туриш имконини бермоқда.
Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасида вужудга келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Хитойнинг минтақадаги манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларини эришилган ютуқларга таянган ҳолда халқаро ҳамкорликнинг кенгроқ форматида кўриб чиқиш зарур. Жумладан:
- экстремизм трансмиллий характерга эгалиги сабабли мамлакатнинг умумий манфаатларини эътиборга олишимиз, Марказий, Жанубий ва Ғарбий Осиёдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни умумий ҳолда кўриб чиқишимиз, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама механизмлар салоҳиятини ишга солишимиз, турли мамлакатлар мавқеларини мувофиқлаштиришимиз ва умумий муросага интилишимиз даркор;
- Марказий Осиёга нисбатан Хитой сиёсатининг умумий мақсади ва “Бир макон – бир йўл” ташаббуси мазмунидан келиб чиқиш ҳамда турли хатар омилларини бартараф қилиш учун минтақадаги барча мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманистик ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш лозим. Айни дамда бошқа ўйинчилар билан жуғрофий-сиёсий рақобатдан қочиш, шунингдек, Марказий Осиёда “бошқарилувчи тартибсизлик” технологияларининг эҳтимол тутилган қўлланишига нисбатан сергакликни сақлаб қолиш зарур.
Сурат манбаси: carmo-pvl.kz