Муаллиф: Ирода Шамсиева – тарих фанлари номзоди, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти
Тарихий блоггинг нима, унинг моҳияти нимада? Бу тарихни ҳикоялар орқали баёними (historytelling) ёки шунчаки ҳикоя сўзлаш маҳоратими (storytelling)? Улар ўртасида фарқ борми? Тарихни блоглар ёрдамида ўрганиш мумкинми?
Ушбу мақолада муаллиф жаҳон блогосферасида ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган тарихий блогларни таҳлил қилган ҳолда юқоридаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилган.
Блог нима ва блогер ким?
Блоггинг бугунги куннинг ўзига хос феномени. У “logging the web”, яъни “тармоқда кундалик олиб бораман” иборасидан келиб чиққан ҳолда ташкил қилинган. Weblog сўзининг қисқартириб ишлатиладиган блог тушунчаси интернетнинг дастлабки йилларида онлайн ҳикоя қилиш ва онлайн шахсий кундалик олиб боришдан иборат эди. Ҳозирги кунда эса блог интернетдаги шахсий кундалик доирасидан анча кенг маънога эга ресурсдир.
Блогер— бу ўз номидан блог олиб борувчи ижодкор шахс, мустақил позицияга эга замондошимиз. Бундай инсонлар доим экспериментлар олиб боришади, уларнинг ўз фикрини ифодалаши бошқалардан фарқ қилиб, ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Блог ва блоггинг қачон пайдо бўлган?
Блог бу ҳикоя қилишнинг янги формати. Аслида блог ва блоггинг негизлари компьютер ва интернет кашф қилингандан анча олдинги даврларга бориб тақалади. Ибтидоий одамлар ўз кечинмаларини қоятошлардаги расмларда ифода этишган, ёзув пайдо бўлган кейинги даврларда эса хат саводига эга бўлганлар тутган кундаликларда ўй ва фикрларини қайд этиб боришган, лекин ушбу манбалар шахсий бўлгани сабаб уларни ҳеч ким кўрмаган. Тарихан ўрта асрларда ҳукмдорлар хизматидаги тарихнавис ва солномачилар хотира, воқеа ва жараёнларни, кейинчалик қимматбаҳо тарихий манбага айланган қоғозга тушириб боришгани маълум. Умуман олганда, ўз фикрларини матнга туширган барчани инсонларни блогер деб аташ мумкин.
Глобал тармоқнинг вужудга келиши билан вазият тубдан ўзгарди. АҚШлик Жастин Хоп блог ихтирочиси ҳисобланади. Унинг Links.net онлайн-журнали 1994 йилда ишга тушган бўлиб ҳозирги кунда ҳам фаолият юритади.
Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жаҳон интернет тармоғида 1,7 миллиард веб- сайтлар ва 500 миллиондан зиёд блоглар бор. Уларнинг муаллифлари ҳар куни ўз блогларида 2 миллиондан ортиқ “пост”ларни эълон қилишади.
Тарихий блоггинг: historytelling vs storytelling
Жаҳон блогосферасидаги тарихий блоглар таҳлили шуни кўрсатдики, бундай ресурсларнинг аксарияти профессионал тарихчилар томонидан ташкил этилган. Одатда блогерлар ўз ҳикояларини “сторис” (ингл. stories) деб аташади, уларни айтиб бериш эса storytelling (ҳикоя сўзлаш) дейилади. Тарихчи блогернинг ҳикоя ва баёнлари, ҳаваскор блогерларникидан илмийлиги билан ажралиб туради. Ҳаваскор блогерларнинг “storytelling”и эса, кўпинча маиший ва енгил мавзулар билан чегараланади. Шунинг учун ҳам илмий ва манбавий асосга эга тарихий блоглардаги “сторис”ларни баён қилишга historytelling (аслида инглиз тилида бу жумла айри ҳолда юритилади) ибораси қўшиб ишлатилса, бу тарихий блогтингнинг ўзига хослигини анлатадиган алоҳида жиҳати билан ажралиб туради.
АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатлари инфосферасидаги ўз блогига эга тарихчиларнинг фикрига кўра, рақамли улкан экотизимнинг бир қисми бўлган блог, янги ғоя ва фикрлар жамланадиган, илмий тадқиқот ва лойиҳалар алмашадиган майдондир. Хорижий тарихчи блогерлар блоггинг (блог юритиш) ва академик тадқиқот олиб боришни бир-бирига қиёс қилиб, унинг тарихчи олимларни илмий фаолияти учун фойдали эканлигини эътироф этишади. Негаки, бу платформада олим ўзининг ғояси, лойиҳа ва илмий ишланмаларини апробациядан (синов) ўтказиш, шунингдек ўзаро алоқа (feedback) ўрнатиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Мисол учун, Буюк Британиянинг Шеффилд университети (University of Sheffield) тарих кафедрасининг “History Matters” номли блоги университетнинг ўқитувчи ва талабалари иштирокида яратилган бўлиб, бу билан илмий изланишларни блог форматида ҳам олиб бориш мумкинлигини исботлади.
Ўзбекистонлик тарихчи блогерлар
Бугунги кунда Ўзбекистонда тарихий блоггинг айни шаклланиш палласида, интернет маконида тарихимизга оид бир қанча блоглар мавжуд. Улар асосан Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларида ҳамда Youtube платформасида фаолият юритади.
Ўзбек тилидаги тарихий блоггингнинг пешқадами Facebook ижтимоий тармоғидаги “Ўзбекистон тарихи“ гуруҳидир. Унинг асосчиси, тарих фанлари доктори, профессор, таниқли темуршунос олима Шоҳиста Ўлжаева. Уни Ўзбекистоннинг биринчи профессионал тарихчи блогери деб аташ мумкин. Профессор Шоҳистахон Ўлжаева суҳбат давомида Ўзбекистонда тарихчи блогерлар фаолиятининг шаклланишига оид фикрлари, қандай зарурият уларни “Ўзбекистон тарихи” гуруҳини очишга ундаганлиги, блоггингдаги муаммолар, Ватан тарихига оид долзарб масалаларни блогерлар томонидан ёритилиши қанчалик тўғри эканлиги ва блог орқали эришган кашфиётлари ҳақидаги фикрлари билан бўлишишди.
Олима бундан бир неча йил аввал глобал тармоқда диний экстремист гуруҳларнинг виртуал макондан фойдаланиб ёшларни тўғри йўлдан уришга бўлган ҳаракатлари, шуниндек, интернет тармоғида ниҳоятда саёз ресурсларнинг кўпайиши оқибатида одамларнинг маиший, енгил-елпи мазмундаги ахборот билан вақтларини беҳудага сарф қилаётганлиги борасидаги кузатувлари, уни “Ўзбекистон тарихи” гуруҳини очишга сабаб бўлган асосий омиллар сифатида кўрсатди. Ушбу тарихий блог 2016 йилда ташкил қилиниб, дастлабки пайтда мухлисларни (followers) жамлаш осон бўлмаган. Биринчи 100 таликка эришиш ҳам ўзига хос кичик ғалаба бўлган. Айни пайтда гуруҳ аъзоларининг сони 38 мингдан зиёд кишини ташкил қилади.
Биринчи тарихий постлар катта тортишувларни келтириб чиқарган, сабаби интернет ҳамжамияти ниҳоятда турфахил, унинг орасида ҳатто қадимги давр тарихига оид маълумотларни динимизга зид маълумот сифатида қабул қилганлар ҳам бўлган. Шахсий кузатувлар, олиб борилган социологик изланишлар маънавият борасида кўп ишлар олиб бориш зарурлигини кўрсатди. Бунинг учун эса ҳалқимизнинг маънавий оламини тарих билан бойитиш керак деган ҳақиқат юзага чиқди. Чунки тарихини билган халқ бошқа ғояларга йўрғаламайди, унинг тафаккури мустаҳкам бўлади.
Гуруҳ статистикаси унда қўйиб бориладиган мақолаларни кунига 7-10 мингга яқин киши ўқиб боришини кўрсатмоқда. Мухлислар муносабати халқимизнинг тарихимизга чанқоқ эканлиги ва Ватан тарихига бефарқ эмаслигини намоён қилади.
“Ўзбекистон тарихи” гуруҳининг вилоятларда ҳам “филиаллари” ташкил этилган. Масалан, Фарғона вилояти тарихи бўйича Бахтиёрбек Худойбердизода “ Фарғона водийси тарихи ва бугуни” (871 та аъзо), Эркин Мусурмонов “ Turan –Samarkand tarixi” (2700 та аъзо) , Райҳон Нуралиева “Сурхон воҳаси тарихи” (509 та аъзо) блогларини олиб боришади. Яқинда “Ўзбекистон тарихи” блогининг Youtube платформасида ҳам канали ишга тушди.
Шоҳистахон Ўлжаеванинг фикрича, бу блоглар ёрдамида жойлардаги тарихчилар ҳар битта туман ва қишлоқдаги меъморий обидалар тарихини, халқимизга етказиб бериши керак. Негаки, ҳар бир инсон ўзининг кичик Ватани – туғилиб ўсган жойи тарихини, илдизини билиши лозим.
Энг муҳими, “Ўзбекистон тарихи” блоги ўзига хос кутубхонани ҳам яратди. Катта ҳажмдаги тарихий маълумотларнинг кичик мавзулар орқали тақдим этилиши электрон кутубхона учун асос бўлиб, тарих ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалар у ердаги материаллардан ўз фаолияти доирасида фойдаланишлари мумкин.
Мазкур гуруҳнинг нафақат Ўзбекистон, балки АҚШ , Россия, Туркия, Жанубий Корея, ҳаттоки Монголия, Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам мухлислари бор. Уларнинг аксарияти ушбу давлатларда яшайдиган ватандошларимиздир. Улардаги юрт соғинчи гуруҳдаги постларга муносабатларида кўринади. “Тарихимиз билан улардаги бу Ватан соғинчини юмшатишга ҳаракат қилган жойларимиз ҳам бўлган”, – дейди Шоҳиста Ўлжаева.
Эътиборлиси шундаки, Туркия, Қирғизистон ва Туркманистонлик тарихчи олимлар ўз талабаларига мазкур гуруҳ материалларидан фойдаланишни тавсия қилишар экан. Профессор Ўлжаеванинг сўзларига кўра, гуруҳ аъзолари тарихий воқеаларни таҳлил қилиб, ўз муносабатларини билдирадиган бўлишди. Бу эса уларнинг тарихий билимларини ошганлиги,тарихий жараёнларни қиёсий таҳлил қилиб улардан керакли хулосалар чиқара олиш лаёқатининг ўсиб бораётганлигидан далолат беради. Мана шу блог орқали машҳур инсонлар, жумладан, шоир, ёзувчи ва олимлар, халқимининг турли соҳалари вакиллари билан яқиндан мулоқот қилиш имкониятини берди. Улар билан виртуал муҳокамалар жараёнида тарихимизнинг ўрганилмаган саҳифалари, “оқ доғ”ларига аниқлик киритишга ҳаракат қилинди.
Телеграмм ижтимой тармоғида Ўзбекистон тарихига оид блоглар сони Facebook ижтимоий тармоғига нисбатан кўпроқ. “Ўзбекистон тарихи” (385 та аъзо), “Ўзбекистон тарихини биласизми?” ’(174 та аъзо), “O’zbekiston tarixi testlar” (6276 та аъзо), “O’zbekiston tarixi” (3480 та аъзо) каби каналлар шулар жумласидандир. Бироқ, ушбу блогларни юритувчилар профессионал тарихчи ёки ҳаваскор эканлиги муаллифга номаълум. Улар орасида ёш тарихчи олим ва бир неча мактаб дарсликлари муаллифи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Акбар Замонов томонидан ташкил қилинган Ўзбекистон тарихига оид “akbarzamon” (1550 та аъзо) канали эътиборга лойиқдир. Ушбу канал 2018 йилнинг октябрь ойида ташкил қилинган бўлиб, унда тарихий шахсларнинг кўпчиликка номаълум томонларини ёритувчи мақолалар бериб борилади. Ушбу блогнинг ташкил этилишига сабаб бўлган омиллар сифатида Акбар Замонов қуйидагиларни кўрсатади.
Биринчидан, канал муштарийларининг аксарият қисми умумтаълим мактабларининг тарих фани ўқитувчилари бўлиб, кўплаб ўқитувчиларни таклиф ва тавсияларининг қўллаб-қувватланишидир. Чунки, бугунги кунда умумтаълим мактабларининг тарих фани ўқитувчилари учун ўқув қўлланмалар яратилмаган. “akbarzamon” каналида умумтаълимнинг ўқув дастурлари, тарих дарсликлари масалалари, улардаги мавҳум тушунчаларни шарҳлашга оид методик тавсиялар ўрин олган.
Иккинчидан, Ўзбкистон тарихида ёрқин из қолдирган шахслар ҳаётидаги муҳим маълумотларни манбаларга таянган ҳолда келтириш, шунингдек, халқимиз тарихидан айрим лавҳаларни кенг жамоатчиликка қисман бўлсада таништиришдир.
Тарихий блог очилганига атиги 2 йил бўлганига қарамасдан, қисқа вақт давомида у катта манбавий ресурсга айланди. Каналда Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид фактлар, тарихий воқеа ва жараёнларнинг номаълум саҳифалари, машҳур ва унчалик машҳур бўлмаган тарихий шахслар ҳаёти ва фаолиятининг кўпчилик билмаган қирралари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган мақолалар жойлаштирилади.
“Албатта, тарихчи блогер биринчи навбатда, профессионал олим бўлмоғи керак, фаннинг бирор йўналишида муваффақиятга эришган бўлиши, шу билан бирга, маълум йўналишдагина илмий фаолият олиб бориши лозим. Нега деганда, тарихнинг барча жабҳаларини қамраб олишга интилиш каналнинг илмий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Тарихчи блогерларнинг фаолияти ёшларда тарихий тафаккурни юксалтириш, халқни аждодлар мероси ва халқнинг ижтимоий турмуши ҳақидаги билимларини ривожлантиришга хизмат қилиши керак. Иккинчи томондан эса, айрим илмий мулоҳазаларнинг жамоатчилик муҳокамасига ташлаш, мунозарали масалаларга ойдинликлар киритиш имкониятини яратади”, – дейди Акбар Замонов. У тарихчи блогерларнинг асосий иш фаолияти канални мақолалар билан бойитишда эмас, балки, бу тарихчилик масъулияти ва маънавий бурч эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, блоггингдаги муаммоларни бугунги кунда тарихчи олимларнинг ҳаммаси ҳам ижтимоий тармоқларда фаол эмаслигида деб билади. Улар ўз илмий янгиликларини доим ҳам халқ эътиборига ҳавола қилавермайдилар. Замоновнинг фикрича, агар тарихчи олимлар ҳам тарихнинг айрим тор масалалари бўйича ўз қарашлари ва мақолаларини блоглар орқали эълон қилса, тарихни ўрганишда ижтимоий тармоқларнинг хиссаси янада ортар эди.
Мана шу тарихий блог орқали нималарга эришилди деган саволга, тарихчи блогер Акбар Замонов қуйидагича жавоб беради: “Энг аввало, қисқа давр ичида (1 – 1,5 йил) канал муштарийлари 1500 нафардан ошди ва уларнинг аксариятини тарихчи ўқитувчи ва талабалар ташкил қилди. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, каналда эълон қилинаётган ўрта аср таниқли тарихий шахслари фаолиятига доир айрим янгиликлар муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган бўлса, уларни ёзиш учун муаллиф бир қанча манбаларни ҳам кўздан кечиришига тўғри келди ва бу айрим илмий янгиликларни, мунозарали масалаларини ойдинлаштириш имконини берди”.
Хулоса
Бугунги кунда тарихий блогосфера ниҳоятда турфахил, блог эса илм – фан соҳасининг асосий машғулоти бўлмиш ижод ва мулоқот қилишнинг замонавий воситаси холос. Шунинг учун ҳам, тарихий блогингни рақамли илмий тадқиқот деса ҳам бўлади, албатта, у профессионал тарихчи олим томонидан олиб борилган бўлса. Тарихчи блоггерлар XXI аср солномачиларидир. Чунки улар тақдим этаётган материаллар келажак тарихчилари учун улкан манбавий ресурс вазифасини ўташи аниқ, блог ҳам вақт ўтиши билан ғоя, лойиҳа ва илмий ишланмалар сақланадиган рақамли улкан “омборхона” ёки архивга айланади. Бу эса ўз навбатида тарихий блогларнинг илмий моҳиятини янада оширади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда тарихий блогосфера етарли даражада ривожланмаган. Фикримча, рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган XXI асрда, айни пайтда узоқдан туриб масофавий таълим олинаётган ва фаолият юритилаётган шароитда тарихий блогинг долзарб аҳамият касб этади. Тарихий блогосфера қўҳна ва бой тарихимизни ўрганиш, уни тарғиб қилиш, оммалаштириш ҳамда бунга эътиборни жонлантириш учун мақбул платформа сифатида истиқболга эга.
Сурат манбаси: uwec.edu