Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил якуни бўйича эълон қилган маълумотларида қайд этилишича, мамлакатда “Иш” сафари мақсадида миграция ҳисобига олинган чет эллик фуқаролар умумий сонининг 38 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилган.
Охирги 4 йилда Россияда миграция ҳисобига олинган ўзбекистонликларнинг сони 3,3 миллиондан (2016 йилда) 4,8 миллион нафар кишига (2019 йилда) ошган, яъни 45 фоизга. Мазкур давр мобайнида ушбу йўналиш миграциясининг умумий кўрсаткичлари барқарор ўсишига қарамай, миграциянинг айрим кўрсаткичлари бўйича қарама-қарши тенденциялар кузатилмоқда. Жумладан, Россия фуқаролигини қабул қилаётган ўзбекистонликлар сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Бундан ташқари, Россияда вақтинча яшаш учун рухсатномага эга Ўзбекистон фуқаролари сонининг камайиб бораётгани ҳам кузатилмоқда.
Қуйида Ўзбекистон фуқароларининг Россияга миграциясининг охирги 4 йиллик динамикаси ва бунда кузатилаётган асосий тенденцияларнинг қисқача таҳлилини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
2019 йилда Россияга миграциянинг асосий кўрсаткичлари
Ўтган йил давомида Россияда миграция ҳисобига олинган чет эллик фуқароларнинг умумий сонида ўзбекистонликлар 25 фоизни (4,8 млн. нафар кишини) ташкил қилиб 1-чи ўринни эгаллаган, 2-ўринда Тожикистон (14%), 3-ўринда эса Хитой (12%) фуқароларидир. Ушбу учта давлат фуқаролари ўтган йили Россияда миграция ҳисобига олинган чет эллик фуқаролари умумий сонининг ярмини ташкил қилган.
Россияда миграция ҳисобига олинган ўзбекистонликларнинг аксарият қисми – деярли 82 фоизи меҳнат муҳожирларидир. 2019 йилда Ўзбекистон фуқаролари ушбу давлатда “Иш” сафари мақсадида ҳисобга олинган чет эллик фуқароларнинг 38 фоизини ташкил қилди. Бу кўрсаткич бўйича 2-ўринда Тожикистон фуқаролари (22%), 3-чи ва 4-чи ўринда эса Қирғизистон (8%) ва Украина (8%) фуқароларидир. Юқорида кўрсатилган рақамлардан кўриниб турибдики, ўтган йилда Марказий Осиёнинг учта давлат фуқаролари (Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон) Россиядаги чет эллик ишчи кучи ресурсларинг 68 фоизини, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари эса биргаликда ярмидан кўп – 60 фоизини ташкил қилган.
Миграциянинг бошқа кўрсаткичлари бўйича ўзбекистонликларнинг улуши бошқа давлатлар фуқароларининг улушига нисбатан анча кам. Жумладан, 2019 йилда Россияда доимий яшаш ҳуқуқини олган чет эллик фуқаролари орасида украиналиклар (29%) ва тожикистонликлар (16%) етакчи ўринларни эгаллаган бўлишса, Ўзбекистон фуқаролари 11 фоизни ташкил қилиб 3-ўринда. Шунингдек, ўтган йили Россия фуқаролигини қабул қилган чет элликлар орасида ҳам ўзбекистонликларнинг улуши жуда кам, атиги 4 фоизни ташкил қилади.
2016-2019 йилларда Ўзбекистон фуқароларининг Россияга миграциясида кузатилган тенденциялар
Охирги 4 йилда Россияда миграция ҳисобига олинган ўзбекистонликларнинг сони 3,3 миллиондан 4,8 миллион нафар кишига ошган, яъни 45 фоизга. Шу жумладан, бирламчи миграция ҳисобига қўйиш фактлари 1,8 дан 2,6 миллионга ўсган. Шу билан бирга, мазкур давр мобайнида йилдан йилга миграция сальдосинининг (миграция ҳисобига олинганлар ва бу ҳисобдан чиқарилганлар орасидаги фарқнинг) пасайиши кузатилмоқда. Бу дегани, миграция ҳисобидан чиқариш фактлари сони юқорироқ суръатларда ўсмоқда.
Ўзбекистон фуқароларининг Россияга кириш қоидаларига кўра, 7 кундан ортиқ муддатга Россияга келган Ўзбекистон фуқаролари миграция ҳисобига қўйилишлари шарт. Бу дегани, юқорида келтирилган кўрсаткичлар Россияга 7 кундан ортиқ муддатга сафар қилган ўзбекистонликлар сонини акс эттиради.
2016-2019 йилларда Ўзбекистон фуқароларининг Россияга миграциясини сафар мақсадлари бўйича олиб қарасак, таълим олиш мақсадида борганлар сони ушбу давр мобайнида 2 баробарга, “хусусий” мақсадда борганлар сони 50 фоизга, ишлаш учун борганлар сони эса 47 фоизга ошган. Охирги 4 йилда Россияга ишлаш мақсадида борган ўзбекистонликлар сони бирламчи миграция ҳисобиган олинган Ўзбекистон фуқаролари умумий сонининг 81 дан 84 фоизгача бўлган қисмини ташкил қилган.
Сўнгги 4 йилда Ўзбекистон-Россия йўналиши бўйича миграцияининг умумий кўрсаткичлари барқарор ўсишига қарамай, айрим кўрсаткичларда бутунлай қарама-қарши тенденциялар кузатилмоқда. Хусусан, ушбу давр мобайнида Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар сони 17 фоизга, Россияда вақтинча яшаш учун Ўзбекистон фуқароларига берилган рухсатномалар сони 39 фоизга, ушбу рухсатномага эга Ўзбекистон фуқаролари сони эса 31 фоизга камайган. Миграциянинг бу кўрсаткичларида барқарор пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.
Сурат манбаси: dw.com
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Мақолада фойдаланилган манбалар:
1. 2016 йилда Россия Федерациясида миграция кўрсаткичлари: давлатлар ва ҳудудлар бўйича тақсимланиши.
2. 2017 йилда Россия Федерациясида миграция кўрсаткичлари: давлатлар ва ҳудудлар бўйича тақсимланиши.
3. 2018 йилда Россия Федерациясида миграция кўрсаткичлари: давлатлар ва ҳудудлар бўйича тақсимланиши.
4. 2019 йилда Россия Федерациясида миграция кўрсаткичлари: давлатлар ва ҳудудлар бўйича тақсимланиши.