Жорий йил январь ойидаги энг муҳим ва аҳамиятли воқеа Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси олдидаги навбатдаги Мурожаатномаси бўлди. Мана учинчи йилдирки, давлат раҳбарининг ҳар икки парламент палаталари вакилларига анъанавий мурожаат йўллаши мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида ўзига хос воқеликка айланди. Президент ўз мурожаатида ўтган йилни сарҳисоб қилади ва мамлакатни келгусида ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб беради.
Бу сафар, мавжуд анъанадан фарқли ўлароқ, Мурожаатнома йил охирида эмас, балки жорий йилнинг бошида қилинди. Табиийки, бу – Президент Мурожаатномасини санасининг декабрдан январга кўчирилиши ўтган йилнинг декабрь ойи охири ва шу йил январь ойи бошида бўлиб ўтган (такрорий овоз бериш) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шунингдек халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар билан боғлиқ. Шунингдек, тадбир анъанавий равишда “Форумлар саройи”да эмас, балки Tashkent City ҳудудидаги халқаро Конгресс марказида бўлиб ўтди.
Аввалги Мурожаатномаларда давлат раҳбари келгуси бир йил учун мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор вазифаларини белгилаб берган бўлса, бу сафар президент нафақат бир йиллик, балки мамлакатни келгуси беш йилда ривожлантиришнинг устувор йўналиш ва вазифаларини эълон қилди. Шунингдек, бу йилги Мурожаатномада мамлакат раҳбари коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида урғу берди, сўз эркинлигини таъминлаш ва “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш борасида алоҳида тўхталди, профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади. Бундан ташқари, мазкур Мурожаатномада давлат раҳбари камбағалликни камайтириш комплекс дастурини ишлаб чиқиш, прописка тизимини ислоҳ қилиш ва бир қанча муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Қуйида UzAnalytics сайти таҳририятининг таҳлили асосида тузилган ушбу Мурожаатноманинг 10 та энг асосий тезисларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
Ўзбекистонда илм-фанни янада ривожлантириш ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ишларни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида давлат раҳбари 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф қилди. Жорий йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш режаланган. Хусусан:
– боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш ва бу йилдан бошлаб, мамлакат тарихида илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш;
– 2020 йилда 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси капитал таъмирланади, шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади;
– педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этилади;
– жорий ўқув йилидан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади;
– мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш режаланган;
– олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробарга кўпайтириш таклиф қилинди;
– олий таълим стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш мақсадида таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади;
– жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.
– жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.
Рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифалардан бири бўлади. “Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор”, деди Президент.
2020 йилда инфляцияни жиловлаш – асосий вазифалардан бири
Давлат томонидан 37 турдаги маҳсулот ва хизматлар нархининг тартибга солинаётгани эркин рақобатга салбий таъсир кўрсатаётгани сабабли, энди асосий эътибор нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратилади.
“Истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашнинг ягона йўли – мева-сабзавот, чорвачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда “даладан дўконгача” бўлган узлуксиз занжирни яратишдир. Ҳукумат барча даражадаги ҳокимликлар билан ушбу вазифа ижросини тўлиқ таъминлаши керак”, деди Президент.
Банкларнинг давлат улуши босқичма-босқич инвесторларга сотилади
2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилади. Бу борада банкларнинг капитал, ресурс базаси ва даромадларини ошириш алоҳида эътибор марказида бўлади.
Президент республика банкларининг халқаро молия бозорларига чиқиб, арзон ва узоқ муддатли ресурслар олиб келиши зарурлигини таъкидлади. Миллий банк ва Ипотека банк бу йил ўз евробондларини чиқариши мақсадга мувофиқ, деб белгиланди.
Давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади.
Бизнес муҳитини янада яхшилаш ҳақида
Яқинда қабул қилинган янги Солиқ кодексига мувофиқ, бу йилдан бошлаб кўплаб янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар киритилди.
Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда. Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланар эди. Энди тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланади.
Шунингдек, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартириш режалаштирилмоқда, жумладан мавжуд 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар сонини камида 2 баробар қисқартириш кўзда тутилган.
Бу йил ҳар бир ҳудудда тадбиркорларга ер участкаларига оид маълумотларни очиқ ва ҳаққоний етказиш бўйича янги тизим жорий этилади. Унга кўра, тадбиркорнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда онлайн тартибида олиш имконияти яратилади.
Мамлакат раҳбари тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини изчил давом эттириш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Жумладан, сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади.
Бу йил экспортёрларга кафиллик берадиган ва харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун – Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Шунингдек, экспорт қилишда замонавий суғурта хизматлари йўлга қўйилади, автомобиль ва ҳаво транспорти харажатларини қисман давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий қилинади.
Пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади
“Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди… Келгусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечиши зарур. Бунинг ўрнига вазирлик сервис ташкилотига айланиши, хусусий агросаноат ташкилотларига ер ҳолатини аниқлаш, экин турлари ва уруғни тўғри танлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, молиявий кўмаклашиш, маҳсулот бозорини топиш бўйича хизмат кўрсатиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агро-логистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади.
Ички миграцияни эркинлаштириш ва прописка тизимини ислоҳ қилиш ҳақида
Урбанизация жараёнларини жадаллаштириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш ишлари доирасида 7 та йирик шаҳар – Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган, Нукусга туташ бўлган 12 та йўлдош шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ана шу вазифа билан боғлиқ яна бир масала шуки, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат.
Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозимлиги таъкидланди.
Уй-жой қурилишига хусусий секторни фаол жалб қилган ҳолда вилоятлардаги шаҳарлар ва Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4 мингта уй-жой хусусий сектор томонидан қурилади. Давлат, банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида уларга қарийб 4 триллион сўм маблағларни аукционлар орқали ажратади.
Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 триллион сўм субсидия ажратилади.
Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади
“Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда. Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, мамлакат раҳбари Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методологияни яратиш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди. Шу сабабли бундай одамлар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш мақсадидлари учун $700 млн. жалб қилинади.
Йил давомида бюджет тизими ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори инфляция даражасидан юқори миқдорда оширилади.
Коррупция қарши курашишга масъул алоҳида орган ташкил қилинади
“Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф қилди.
Жорий йилда 50 мингга яқин юртдошларимизга фуқаролик берилади
“… мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман. Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор. Шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммолари ҳал этилади”, деди Президент.
Вазирлар Маҳкамаси бу масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда кўриб чиқиб, жорий йил 1 майга қадар тегишли қонун лойиҳаларини тақдим этиши лозим.
Сўз эркинлигини ҳақида
Мамлакат раҳбари ўз чиқишида сенатор ва депутатлар эътиборини яна бир муҳим масалага – Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашга қаратди.
“Ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди. Бундан кейин ҳам “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз.
Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Сурат манбаси: president.uz