Хуан Пабло Аренас сурати, “Оилавий зўравонлик”тўпламидан.
Муаллиф: Зайнаб Муҳаммад Дўст
Ижтимоий онгли инсонлар қизлар ва аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун фақатгина 8 март байрами билан чекланиб қолиш керак эмаслигини яхши тушунишади. Куз мавсумида ҳам эътибор қаратиш зарур бўлган икки халқаро сана бор: 11 октябрь – Қиз болалар куни ва 25 ноябрь – Aёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун кураш халқаро куни.
Ўтган йили ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси машҳур кишилар иштирокида қиз болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлашга даъват этувчи видеороликни чиқарди. Сўз берилган эркаклар қизлар ўз орзусини танлаш имконига эга ва бахтли бўлиши кераклиги ҳақида гапиришди. Бу кампания Фейсбукдаги айрим фойдаланувчилар, жумладан, баъзи журналистларнинг ҳам танқидига учради. Улар нега энди фақат эркаклар қизларнинг ҳуқуқи ҳақида гапирди, видеода бирорта ҳам аёл кўрсатилмабди, қабилидаги саволларни беришди. Бошқалар БМТнинг болалар масалалари билан шуғулланувчи ташкилот “Эркакларни жалб этиш” (Men Engage) принципидан фойдаланилган бўлса керак деган фикрни билдирди. Men Engage гендер масаласида адолат ўрнатиш ва зўравонликка барҳам беришга кўмаклашишнинг универсал принципи сифатида фойдаланилади.
Ушбу мақолани ёзишдан мақсад Ўзбекистондаги гендер муаммосига назар солишдир. Унда Men Engage принципи маҳаллий шароитларда нима англатиши, шунингдек, оиладаги зўравонлик муаммоси ва унга барҳам бериш учун эркаклар қандай ёрдам бериши мумкин деган саволлар муҳокама этилади. Шу тариқа зўравонликнинг маъноси нима эканини аниқлашни, унинг салбий оқибатлари ва муаммони тизимли даражада ҳал этишни таклиф қилмоқчиман.
Ўзбекистон шароитида «Эркакларни жалб этиш» нимани англатади?
Патриархал тутимлар чуқур илдиз отган жамиятларда аёллар ҳуқуқи ҳақидаги гапларнинг ҳар бир кишига етиб бориши учун, бу ҳақда кўпинча эркаклар гапириши керак бўлади. Бунга интеллектуал тарихимизда яхши мисол бор. Эдварт Оллворт “Замонавий ўзбеклар” китобида ёзганидек, ХХ асрнинг 50 – 60 йилларида Ўзбекистоннинг асосий адабий журнали бўлган “Шарқ юлдузи” саҳифаларида жамоатчиликка янги ёзувчилар таништирилар эди. Аёлларнинг ҳам саҳнага чиқишини рағбатлантириш мақсадида журналлар “Қизлар овози” ёки “Қизлар гулдастаси” деган рукнлар ташкил этган эди. “Бу ишни”, деб ёзади Оллворт, “Асқад Мухтор ва бошқа таниқли шоирлар, айрим муҳаррирлар ва ўқитувчилар бирга бажаришди”. АҚШ тарихчиси ёзишича: “Шоирларни жинсига қараб ажратиш, Ўзбекистонда ҳали ҳам аёллар ҳуқуқидан устозлари ёки ҳомийларисиз бемалол фойдаланиш ҳолати йўқлиги мамлакатда маданий ривожланиш керакли босқичига кўтарилмаганини кўрсатади”. Шўролар аёлларни тўлиқ озод қилди деган қарашга зид ўлароқ, ушбу кузатув 60-йилларда коммунистларнинг сайъ-ҳаракатларига қарамай, ўзбек қизлари ва аёллари бирор нарсага эришиш учун эркаклар ёрдамига муҳтож бўлганидан далолат беради.
Орaдан 50 йилдан кўпроқ вақт ўтди, Ўзбекистоннинг мустақиллик даврида биз ҳали ҳам “Эркакларни жалб этиш” мисолларига дуч келиб турибмиз. Бунга ЮНИСЕФ кампанияси, Тошкент китоб қаҳвахоналарида бўлиб ўтаётган бир қатор суҳбат ва семинарларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу суҳбатларда аёлларга имконият – таълим ва иш бериш ҳақида гапирилади. Эркаклар бу масалага ўзлари жалб этилишини ҳам кутади. Масалан жорий йил ёзида Хотин-қизлар қўмитаси қўққисдан ошкор қилиб қўйган “23 бандли рўйхат” ижтимоий тармоқларда кўплаб кескин изоҳларга сабаб бўлди[1]. Бир неча фаол аёллар UzAnalytics сайтида ушбу масалага бағишланган алоҳида фикрларини изҳор қилдилар. Ижтимоий тармоқларда пост юзасидан билдирилган бир фикрда эркаклар изоҳ қолдирса, материалнинг қадри янада ошиши мумкинлиги маълум қилинди. 2019 йилда ҳам ўзбек аёлларининг овози жамиятга таъсир кўрсатиш учун “етарли эмас” деб ҳисобланиши кўзга ташланяпти.
Аёлларга қарши зўравонлик кенг тарқалган пайтда…
Cабаб – жамиятимиздаги гендер ҳақидаги стереотиплар. Шуни таъкидлаш керакки, эркакларни жалб қилиш осон иш эмас. Қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқини ҳам шaхсий, ҳам ижтимоий даражада қўллаб-қувватлайдиган эркаклар сони озчиликни ташкил этади. Аксарият эркаклар қизлар ва аёлларнинг таълим олиши ва ишлаши муҳимлиги ҳақида гапиришни хуш кўрмайдилар. Баъзи кишиларга эса хотинларини тўлиқ назорат қилиш, ҳатто уриш нормал ҳолат ҳисобланади.
Афсус мамлакатимизда оиладаги зўравонлик миқёси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Ўзбекистон “Гендер тенгсизлиги индекси рейтинги”да 57-ўринда туради. Зўравонликка оид расмий миллий статистик маълумотлар БМТнинг “Аёллар маълумотлар базаси”дан ҳам топилмади. Бироқ дугоналар ёки оила аъзолари гапириб берган ноҳуш воқеалар, хабарлар ва ижтимоий тармоқлардаги постлар мамлакатдаги гендер камситиш бўйича муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Муаммоларга кўз юма олмаган ҳукумат ниҳоят тегишли ва махсус қонунларни қабул қилишга қарор қилди. Ўзбекистонда жорий йил ёзида оиладаги зўравонлик ва аёлларнинг камситилишига қарши қонунлар қабул қилинди. Xотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ва Xотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида қонунларга қозоғистонлик кузатувчилар ҳам ижобий баҳо берди. Бундан олдин махсус бошпаналар тўғрисидаги концепция жорий этилган ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси оиладаги зўравонликдан жабр кўрган аёллар учун ишонч телефонини ишга туширган эди (1169). Яқинда – 25 ноябрда Ўзбекистон Сенати оиладаги зўравонликка қарши хавфсизлик чораси сифатида уюштирган кампания чоғида иқтисодий хавфсизликка ва қизларни қўллаб қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди[2].
Воқелик билан курашда вазиятни ўнглаш
Аммо кампаниялар ва қонунлар амалда иш бериши учун ҳали кўп иш қилиниши керак. Ҳуқуқий асос мавжудлигига қарамай, кўплаб қизлар ва аёллар ҳамон гендер билан боғлиқ камситишларга дуч келмоқда. Оилада зўравонлик рўй берган ҳолларда аёллар аксарият ҳолларда жиноят ҳақида ҳабар беришдан қўрқади. Улар хабар берган тақдирда ҳам ҳуқуқни қўлловчи идоралар кўпинча жиноий ёки маъмурий иш қўзғатмайди, кўп ҳолларда яраштиришга ҳаракат қилишади.
Баъзи оилаларда қизларга университетга кириб ўқишга рухсат этилмайди, бунинг ўрнига улар тезроқ эрга тегишга ундалади. Бу қиз бола ўғил болалардан фарқли ўлароқ, оила боқувчиси бўла олмайди, деган эски анъана/кутилмалардан келиб чиқувчи фаразлар билан боғлиқ. Шу сабабли айрим эркаклар гендер тенглиги ёки “Эркакларни жалб қилиш” ёндашувини кўпинча бизга ёт нарса деб билади. Аммо қизларни таълим олишдан маҳрум қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Ўқимаган ва малакасиз аёллар, айниқса, бева бўлиб қолса ёки эри ташлаб кетса, нима қилишларини билмай қоладилар. Уларнинг зўравон эр қўлида жабр кўриш эҳтимоли ортади[3].
Зўравонлик нима? Тузатгандан кўра олдини олган яхши
Айрим эркаклар зўравонлиги ортидан етадиган зарарни тушунмагани учун ҳам бефарқ ва аёлларга нисбатан зўравонликни нормал ҳолат деб биладилар. Ўзлари ҳам зўравонликдан жабр кўрганлари бор (бу масалага кейинроқ қайтамиз). Давлат гендер билан боғлиқ камситишга барҳам бериш мақсадида одамларнинг хабардорлигини ошириш учун муаммога тизимли ёндашув зарур. Бўлғуси кампаниялар янада ёрқин ва аниқ бўлиши ҳамда, улар нафақат ноябрда, балки систематик тарзда ўтказилиши керак[4].
Давлат ва ота оналар қиз-аёлларни ўзини ҳимоя қилиш ва жиноят ҳақида хабар беришга ўргатиши, рағбатлантириши лозим. Ҳукумат ҳуқуқни қўлловчи идораларнинг гендер билан боғлиқ камситиш ва зўравонлик билан боғлиқ барча ҳолатларда қонундан четга чиқмай ҳаракат қилишларини таъминлаши даркор. Шу тариқа 1) бировга озор бериш ноқонуний; 2) қизлар/аёлларни таълим олиш ва ишлаш имкониятидан маҳрум қилиш ҳам ноқoнуний эканини аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйиш керак.
Бунга таърифларни аниқлаштириш ва зўравонлик нима деб қаралишини тушунтириб бериш ҳам киради. Оиладаги зўравонлик қўл кўтаришгача бориб етишдан олдин бошқа кўринишларда ҳам зуҳур бўлади. Айни ўринда мисоллар келтириш мақбулдир.
Эркак киши аёлига пул бермаса ва у уй бекаси бўлгани, фарзандларга қараётгани учун ишлашига имкон берилмаса, бу – молиявий зўравонлик.
Эркак киши умр йўлдошига оиласи ёки дўстлариникига бориб келишга рухсат бермаса, бу – ижтимоий зўравонлик.
Эркак киши умр йўлдоши унинг гапига қўшилмаслигини айтса ёки эри рози бўлмаган бир ишни қилгани учун қўл кўтарса, бу – жисмоний зўравонлик.
Ўзбекистон қонунчилигида эркаклар билан аёллар тенгҳуқуқли экани белгилаб қўйилган. Бир киши бошқа бировни жинсига қараб таҳқирлашга ҳаққи йўқ. Таассуфки, баъзан кишилар аянчли оқибатларни чуқур тушуниб етмасдан зўравонликни ёқлаш учун анъанани пеш қиладилар.
Ҳалқа
Зўравонлик ва гендерга оид камситишнинг жисмоний лат ейишдан бошқа ёмон оқибатлари ҳам бор. Бу иқтисодиётга ҳам салбий таъсир этади –яъни ишчи кучидан тўлиқ фойдаланилмайди. Ундан ҳам ёмони, бу аёлларнинг ва зўравонликка гувоҳ бўлган кишилар – ёш болаларнинг руҳиятини жароҳатлайди. Катталар кўпинча кун сайин ўсаётган ва уларнинг хатти-ҳаракатларидан ўрнак оладиган болалар кузатиб турганини эсдан чиқаради. Қуш уясида кўрганини қилади. Оиладаги зўравонлик, адолатсизлик, ноқонунийлигидан ташқари, болалар тарбиясига ҳам ёмон таъсир қилади.
Ота фарзандининг онасига нисбатан зўравонлик қилиши билан ўғил болада, аёл кишини уриш мумкин экан, деган тушунчани пайдо қилади. Aёлини урадиган эркаклар қизларига у вояга етиб, эрга теккандан сўнг уни эри уриши мумкин, деган хабарни беради. Оналар (ўғил ва қиз) фарзандларини уриш билан улар онгида, кимнинг кучи кўп бўлса, ўша ҳақ, деган тушунчани пайдо қилади[5].
Кўряпмизки, зўравонлик ҳалқа тарзида бўлади, яъни, зўравонлик ҳукм сурадиган оилаларда ўсаётган болаларнинг катта инсонларга ўхшаш муаммолари бўлади[6]. Улар ўзини хавфсиз сезмайди, қонун ва жамият билан боғлиқ муаммоларга дуч келади, спиртли ичимликлар ёки наркотикларга ружу қўйиши ҳамда ҳаётда жисмоний ёки психологик зўравонликка мойил бўлиши мумкин. Муштумзўрлар кўпинча зўравон ота-она/тарбиячиларнинг фарзандлари бўлади, чунки болалар ота-оналарининг хулқ-атворини автоматик тарзда ўзлаштириб олади ва ҳаётининг кейинги босқичларида қўллайди. Савол туғилади: биз фарзандларимиз ва невараларимизга шундай келажакни раво кўрамизми?
Ахборот кампанияси
Ҳозирги кунда бу муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсата оладиган, зўравонлик ҳалқасидан чиқиб кетган ёки умуман унга кирмаган эркаклар фоизи жуда кам. Aёлларни ҳимоя қилаётганлар ва қизлари учун имконият яратганлар айнан ўшалардир.
Вазиятни ўзгартириш учун кўпроқ ахборот, китоб ва тўғри контентларга эҳтиёж борлиги кундай равшан. Бунга журналистларни ва барча шу каби фикрлайдиган одамларни жалб этиш керак. Ўзбекистондаги “Жим турма” (NeMolchi.uz) сингари лойиҳалар рус тилида ва унинг ўқувчилари асосан Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи рус тилида сўзлашувчилардир. Гендер масаласи бўйича материалларни ўзбек тилида кўпроқ чоп этиш лозим.
Биз зўравонликнинг ноқонунийлиги ва гендер тенгсизлиги ҳақида йил – 12 ой давом этадиган семинарларга оилаларни, маҳаллалар ва ички ишлар ходимларини жалб этишимиз даркор. Маҳаллалар ёки милиция жабрдийдаларни зўравоннинг олдига қайтариб юбормасдан, уларни махсус бошпаналарга юбориш лозим. Ушбу амалиётдан тез орада систематик тарзда фойдаланилади деб, умид қиламан. Оиладаги адолат ҳақида оқсоқоллар ва расмий диний вакиллар ҳам гапиришлари зарур.
Бундан ташқари, мактаб, коллеж ва университетларда ўқув жараёнида қўшимча равишда ана шундай кампанияларнинг кўпроқ ўтказилиши даркор. Зарур бўлса, улар “Маънавият ва маърифат” дарсларининг бир бўлаги бўлиши мумкин. Бирор кишининг аёлни камситиш ёки қизнинг таълим олишини тақиқлаши маънавий эканига рози бўлишига ишониб бўлмайди. Ниҳоят, аёллар ҳам ўз ҳуқуқларини танишлари ва ўзларини ҳимоя қилиш учун ёрдам қидиришлари мақсадга мувофиқ (aёлларнинг иштироки ҳам алоҳида бир мавзу).
Аёлларга ҳуқуқ ва имконият бериш зеҳниятимизга бегона эмас
Зўрaвонлик қилиш ёки қизларнинг таълим олишига йўл бермаслик ўзбек ёки ислом анъаналарига хос эмас. Бу бировни яхши ўзбек ёки яхши инсон қиладиган нарса эмас. Аксинча, зўравон бўлиш бу ўз устида ишлаш имконига эга бўлмаган руҳий жиҳатдан заиф одамнинг даражасини кўрсатади.
Минтақа мутафаккирлари – жадидлар қолоқликка барҳам беришга даъват қилганларида, аёлларга зулм қилишга, кўпхотинлиликка қарши чиққанлари тасодиф эмас. Абдулла Қодирий бу гапни “Ўткан кунлар” романи орқали айтган. Абдулла Бадрийнинг “Жувонмарг” драмасида ёвуз эрнинг хотини ва кичик қизини шафқатсизларча қийнаб, йўқ қилишидай аянчли тақдири драматик тарзда тасвирлаб берилган. Бундан мақсад аёлларнинг тенгсизлиги муаммосига эътибор қаратиш эди.
Қизиғи шундаки, АҚШлик тарихчи Марианна Кэмп шўролар ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ўзбекистонда “аёлларни озод қилиш” ғоясига жадидларнинг концепцияси асос бўлиб хизмат қилганини айтади. Олима коммунистик партия тенгҳуқуқлик ғояларини тарғиб қилган бўлса-да, “aёлларнинг ролини ўзгартириш ҳақида ҳам эркак, ҳам аёл ўзбек фаолларига қаттиқ таъсир этган ғоялар большевикларнинг режасидан кўра жадидлар таълимотига ворисликни кўпроқ ифода қилар эди”, деб ёзган.
Хулоса
Орадан бир аср ўтиб, гендер масаласини янги даражага олиб чиқишни исташ ёки истамаслик ўзбек жамиятининг зиёлилар табақасининг вазифаси. Бу бажарилиши осон бўлган вазифа эмас, бироқ аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга тайёр эмасмиз деб ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам мазкур муаммога ечим бўла олмайди. Шуни таъкидлаш керакки, аёлларга ҳуқуқ ва имконият бериш эркакларни ёмон кўриш ва кексаларни ҳурмат қилмасликни англатмайди. Аёллар барибир табиатига ҳос бўлганлиги учун фарзандларига (улар кўпинча шу учун мос бўлган ишларда меҳнат қилишади) ва уйдаги кексаларга қўлидан келганича ғамхўрлик қилишади. Аммо уларга уй бекаси ёки мутахассис бўлишни танлаш ва зўравонликсиз ҳаёт кечириш имкониятини бериш керак. Гап бу ерда Ўзбекистон Конституциясига асосланган ҳолда аёлларга адолатли муносабатда бўлиш ва уларнинг худди эркаклар сингари имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаб бериш ҳақида кетмоқда. Ўзбек жамияти яқин кунларда 2020 йилга қадам ташлар экан, зўравонлик ва камситишларга барҳам бериш масаласига тизимли ёндашувга эришилади, деб умид қиламан[7]. Бу болаларнинг хозирги ва келажак ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ушбу кадам тараққиёт учун мухимдир. Имкон қадар кўпроқ эркаклар (ва аёллар)[8] ушбу ғояларни тарғиб қилишига умид қиламан, чунки бу хаммамизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келади.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Ушбу рўйҳат хато натижасида пайдо бўлганлиги эҳтимол қилинади.
[2] Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида кўргазмалар уюштирилди. “Зўравонликсиз оила” деб номланган кампания икки ҳафтадан ортиқ, 25 ноябрдан 5-чи декабргача давом этди.
[3] Бу ўқимишли аёлларнинг ҳам бошига тушиши мумкин, аммо бу алоҳида мавзу.
[4] Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 46-моддасини ижтимоий реклама кампаниялари орқали тарғиб қилиш мумкин. Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга эканликлари ва зўравонлик нотўғри иш эканлиги ҳақидаги кампаниялар транспорт воситаларида, мактабларда, маҳаллаларда ва ОАВда тарғиб этилиши керак.
[5] Яна бир нарсани тан олиш керакки, аёллар ҳам зўравон бўлиши ва эрини назорат қилиши мумкин, буни ҳам қабул қилиб бўлмайди. Баъзи аёллар бошқа аёлларга нисбатан зўравонлик қилади, бунга қайнона-келин муносабатлари мисол бўла олади. Лекин мен ушбу блогимда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ва камситиш ҳақида фикр юритяпман.
[6] Яқинда Манчестер университети юқори фоизлар ҳақидаги тадқиқотининг бир қисмини эълон қилди. Унга кўра, оналари зўравонликдан жабр кўрган болаларнинг 50 фоизининг IQ (интеллект коэффициенти) бошқа болаларникидан паст бўлар экан. Паст кўникмалар билан туғилган ва зўравонликка гувоҳ бўлиб ўсган бундай болаларнинг келажаги янада муаммоли бўлиши аниқ.
[7] Психологияда бахтли оилаларда ота-она бир бирини хурмат қилиши ҳақида гап юритилади. Улар бир бирига ўртоқ ва умр йўлдоши (яъни шерик) сифатида қарайдилар.
[8] Aёллар ҳам ўз ҳуқуқларини билиб ҳаракат қилишлари керак.