UzAnalitics таҳлилий сайти 2019 йил якунлари бўйича натижа ва хулосаларга бағишланган мавзуни давом эттиради. Бу сафар эътиборингизни БМТ Тараққиёт дастури маслаҳатчиси Стив Свердлоу, фалсафа фанлари доктори, профессор Санжар Чориев ва “Буюк келажак” экспертлар кенгашининг асосчиси, ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов каби экспертлар фикрига қаратмоқчимиз.
UzAnalitics сайти мухбири экспертларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:
1. Жорий йил мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида нимаси билан эсда қолди? 2019 йил қайси воқеалар билан аҳамиятли бўлди?
2. 2020 йил учун тахмин ва прогнозларингиз? Келгуси йилда қандай ўзгаришларни кутмоқдасиз?
Санжар Чориев, фалсафа фанлари доктори, профессор, Қарши давлат университети ижтимоий фанлар кафедраси мудири:
1. Менинг фикримча 2019 йил мамлакат ва фуқаролар ҳаётида ҳал қилувчи йил бўлгани йўқ. Шунга қарамасдан, йил давомида ижтимоий ҳаётда содир бўлган айрим воқеа ва жараёнлар хотирада бирмунча сақланиб қолса керак. Улардан бир нечтасини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, деб ўйлайман.
Биринчидан, ўтаётган йилда электрон оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларнинг ижтимоий жараёнларга таъсири сезиларли даражада ошди. Бу ҳол жамиятда ошкоралик, воқеа ва жараёнларга танқидий муносабатнинг куртак ёза бошлаганидан дарак беради. Шу боисдан ҳам фуқароларга нисбатан номақбул муносабатда бўлган ёхуд ўз функционал вазифаларини уддалай олмаган амал эгалари диққат марказига туша бошладилар, халқ эътирозига сабаб бўлган турли қарор ва лойиҳалар бекор қилинадиган бўлди, кишиларнинг маиший турмуши билан боғлиқ муаммолар сояда қолмайдиган бўлди.
Иккинчидан, 2019 йилда таълим соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Олий таълим муассасаларига квоталарнинг оширилиши, хорижий олий таълим муассасалари филиалларининг очилиши, олий таълим муассасаларига ўқиш учун тўлов-контракт тизимидаги ўзгаришлар, ўрта махсус таълим тизимининг ислоҳ қилиниши, умумтаълим мактабларини модернизациялаш жараёнларининг бошланиши халқ орасида кенг мунозараларга сабаб бўлди.
Учинчидан, ўтаётган йилдаги тўй ва никоҳ маросимларини тартибга солишга бўлган уринишлар ҳам ёдда қолди. Бу борада парадоксал вазият юзага келди: бир томондан, тўй бизнинг давримизга келиб, жамиятдаги камбағалликни бартараф этишга халал берувчи, меҳнат миграцияси кўламини оширувчи, ишлаб чиқариш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилга айланди. Унинг тобора нооқилона тус олиб боришига қўл қовуштириб қараб туриш бўлмайди, албатта. Иккинчи томондан эса, тўй – бу миллий маросим. Ҳар қандай маросимни муайян қолипга солишга уринишлар ҳеч бир замонда самара билан якун топгани йўқ. Буни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бу борада келгусида қандай қарорга келинишидан қатъий назар, айтиш мумкинки, бугун мамлакатда миллийлик билан умумбашарийликни, анъанавийлик билан замонавийликни уйғунлаштиришга интилишлар йўқ эмас.
Мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида рўй берган воқеаларга келсак, мен бу ўринда йил давомида амалга оширилган солиқ ислоҳотини тилга олган бўлардим. Унинг натижаси ўлароқ жисмоний ва юридик шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқлар миқдорида ўзгаришлар содир бўлди, қўшимча қиймат солиғи миқдори камайди, айрим солиқ имтиёзлари бекор қилинди. Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласининг кун тартибига қўйилишини ҳам (келгуси йилда қандай қарорга келинишидан қатъий назар) муҳим иқтисодий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Мамлакат сиёсий ҳаётининг муҳим воқеаси, албатта, сайловлар билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу борада партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар характерининг ўзгаргани, фуқароларнинг номзодлар олдига қўяётган талабларининг кескинлашгани кўзга ташланмоқда.
Ўтаётган йилда мамлакат ички сиёсатида туб ўзгаришлар юз берди. Давлат раҳбари ва ҳукумат мамлакат ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маъна-вий-маданий ҳаётидаги муаммоларни сукут сақлаш билан енгиш стратегиясидан воз кечгани диққатга сазовор. Мазкур ёндашув самараси ўлароқ давлат органларининг, амалдорларнинг халққа, унинг муаммоларига муносабати ўзгара бошлади. Бу мамлакат ички сиёсатининг 2019 йилдаги энг асосий ютуғидир.
Ташқи сиёсат бобидаги энг муҳим ютуқ сифатида кўп векторли халқаро муносабатларнинг сақлаб қолинганини, минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этиш мумкин.
2. Келгуси йил тахмин ва прогнозларига келсак, башорат қилиш баракали иш эмас. Шу боис, ташвиш уйғотаётган баъзи ҳолатларни тилга олиш билан чекланмоқчиман. Биринчидан, шахсан мен учун мамлакат ташқи қарзининг ошиб бораётгани ташвиш туғдирмоқда. Иккинчидан, иқтисодиётда протекционизм ва лоббизм ҳолатлари пайдо бўлаётир – бу ҳам тараққиётга хизмат қилмайди. Учинчидан, давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган кўплаб аҳамиятли ҳужжатлар ижроси ҳолатини талаб даражасида деб бўлмайди, келгусида бу ҳолатнинг сақланиб қолиши ижтимоий ислоҳотлар самарасини пасайтиради. Тўртинчидан, сиёсий институтларнинг мавжуд салоҳияти янги реалияларга жавоб бермаяпти, ҳар сафар янги муаммо вужудга келганда бу ҳол яна ва яна кўзга ташланмоқда. Янги йилда ушбу ташвишлар қисман бўлса ҳам кун тартибидан олинади, деб умид қиламан.
Стив Свердлоу, БМТ Тараққиёт дастури маслаҳатчиси:
1. Инсон ҳуқуқлари жабҳасида 2019 йилда кўплаб аҳамиятга молик ишларни кузатиш мумкин бўлди. Уларнинг орасида кишини қувонтирадигани ҳам, ҳавотирга соладигани ҳам бор.
Ижобий ўзгаришлар сифатида айтишим мумкин, сиёсий айбловлар билан бир вақтлар озодликдан маҳрум қилинганларнинг жазодан озод этилишига гувоҳ бўлдик. Аксарият ОАВ вакиллари, электрон сайтлар мамлакатдаги воқеликни аввалгилардан кўра очиқроқ, танқидий ва холис ёритаётганликларини кузатдик. Яна ВВС мухбирининг Ўзбекистонда аккредитация олгани, мажбурий меҳнат муаммолари бўйича ҳуқуқ фаоллари билан мулоқотларнинг яхши самара бераётгани ҳоллари бизни келажакка умид билан қарашга ундади.
Шу билан бирга, биз салбий холатларни ҳам етарли даражада кузатишимизга тўғри келди. Афсуски, ҳамон нодавлат ва нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятига оид қонунчилик ва уларни рўйхатга олиш механизмлари мураккаблигини, ғовларнинг мавжудлигини кўряпмиз. Бу эса мамлакатнинг демократик имиджига салбий таъсир кўрсатувчи омилдир.
Сўз эркинлиги борасида қатор илгари силжишлар мавжудлигига қарамай, журналистларга юқори мартабали амалдорлар, ҳокимлар томонидан таҳдид ва босим ўтказиш ҳоллари ҳалигача барҳам топмаганини кўряпмиз. Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бундай ҳолатларни қоралайди, мулозимлардан шаффоф ва очиқ фаолият талаб қилади, бу жуда муҳим, албатта. Аммо бу кам, журналистларга нисбатан таҳдид ва босимларни бартараф этиш учун ҳақиқий чоралар кўрилиши керак.
Энди қийноқлар масаласига келсак. Бу йўналишда айрим муваффақиятларни эътироф этаман. Аммо судларда қийноқларда иштирок этган, унга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар деярли йўқ. БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ўзининг яқинда эълон қилган якуний ҳисоботида таъкидланганидек, мамлакат қонунчилигидаги ижобий ўзгаришларга қарамай бу каби жиноий ишлар судларда жуда оз миқдорда кўриб чиқилган. Афсуски, биз бундай ишлар билан боғлиқ ёпиқ суд жараёнлари тизимида ҳамон шаффофлик таъминланмаганини, оммавий муҳокамалар учун ёпиқ эканини кўряпмиз.
2. Инсон ҳуқуқлари ҳамжамияти вакили сифатида умид қиламанки, келаётган янги 2020 йилда халқаро ташкилотларни рўйхатга олиш жараёни соддалаштирилади, қонунчиликка ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча ва ўзгартиришлар киритилади. Ҳеч булмаганда, уйларнинг ноқонуний бузилиши, оиладаги зўравонлик, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари йўналишида иш олиб борувчи маҳаллий нодавлат ташкилотларнинг фаолият бошлаган бир нечта ҳолатига гувоҳ бўламиз. Улар фуқаролик жамияти сарҳадларида бўй кўрсатишлари, ўзининг борлигини билдириб туришлари лозим. Бунинг учун, албатта, уларни ҳукумат қўллаб-қувватлаши керак.
Яна нималар кутаман? Куч ишлатар тизимлар ўз фаолиятини очиқ, ошкора ва шаффоф тарзда олиб борса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Озодликдан маҳрум этиш муассасаларининг мониторинги механизмларини кўришни истар эдик. Тўғри, озодликдан маҳрум этиш жойларига ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида бир нечта ташрифлар ташкиллаштирилди, аммо бу кам. Ушбу амалиётни давом эттириш ва ривожлантириш керак.
Дин, виждон эркинлиги соҳасида олиб борилаётган ишларни ҳам жадал давом эттириш зарур ва шундай бўлишига ишонамиз. Бошқа диний ташкилотлар (масалан, христиан дини вакиллари) учун ҳам рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш лозим. Диний важлар билан айбсиз қамоқда ўтирган шахслар ҳамон мавжуд. Уларнинг ишини судларда қайта кўриб чиқадиган ташкилотлар, судда ҳимоя қиладиган фаоллар каби масалаларга ечим топиш лозим.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда қайси жабҳаларда ўзгаришларни кутадилар деган саволга жавобан кўплаб масалаларни санаб ўтиш мумкин. Асосийси, бу ишларга ҳукуматдан ишора бўлса, бас. Ўтиш даврини бошдан кечираётган ва катта ислоҳотларни бошлаган мамлакат учун юқорида билдирилгани каби танқидий фикрлар керак, улар фақат фойда келтиради.
Баҳром Исмоилов, “Буюк келажак” экспертлар кенгашининг асосчиси, ҳуқуқшунос:
1. 2019 йил Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлиш эҳтимоли ва интеграцион жараёнларнинг бошланиши билан менинг эсимда қолди. Яна эсда қолган воқеалардан бири бу Тошкент шаҳридаги турар-жой биноларининг бузилишидаги кўплаб қоидабузарликлар бўлди.
Шунингдек, мамлакат ички сиёсатида Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача ривожланиш Стратегиясини, ташқи сиёсатда эса қўшнилар билан ўзаро яхши муносабатларни мустаҳкамлаш муҳим воқеалар бўлди, деб ҳисоблайман.
2. Янги 2020 йил учун тахмин ва прогнозларим: ўйлашимча, мамлакат ичида консерваторлар позициясининг мустаҳкамланишига гувоҳ бўламиз. Келгуси йилнинг асосий воқеалардан бири дастлабки уч йиллик ислоҳотлар қандай самара кўрсата бошлаши бўлади. Шунингдек, ортга қайтишнинг эҳтимоли ҳам юқори, деб ўйлайман.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Сурат манбаси: yandex.com