Сурат манбаси: religiyaislam.ru
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳокимиятлар билан ҳамкорликда жойларда Қуръон ва араб тилини ўрганиш бўйича пуллик курслар ташкил қилган. Ушбу курсларда таълим Ўзбекистон мусулмонлари идорасида буйруқ чиқаргандан бери олиб борилмоқда.
2017 йил 1 декабрдан эътиборан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид”, “Араб тили” фанлари бўйича ўқув курслари ўз фаолиятини бошлади. Ўқув курслари маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган ҳолда ташкил қилиниши белгилаб берилган. Ҳар бир гуруҳда 15 талаба илм олиши ҳамда гуруҳлар сони 4 тадан ошмаслиги кераклиги кўрсатилган. Ўқиш нархи 6 ой давом этадиган курслар учун 1,5 миллион сўмни ташкил қилиши қайд этилган. Унда ўқиш истагини билдирган фуқаролар кетма-кетлиги асосида гуруҳлар ташкил этилади. Айтиш лозимки, бундан олдинроқ Мусулмонлар диний идораси Facebook, Instagram ва Youtubeда диний-маърифий дарсларни йўлга қўйган эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 9 та мадраса ва иккита Ислом олий билим юрти бор. Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида Ўзбекистонда Қуръон илми кенг ўргатилиши ва ҳар бир тумандан юзлаб қорилар чиқиши кераклигини бот-бот таъкидлаб келади.
Қуръон курслари пуллик бўлиб, бошида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Эътироз билдирувчилар пуллик курслар кам таъминланган шахслар учун имконсиз деса, унга қарши бўлганлар эса пуллик бўлса ҳам бундай курсларнинг барча учун очилаётгани қувонарли ҳолат эканлигини билдиришган. Ўзбекистонда диний идора давлатдан ажратилган ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлайди.
“Мадрасалардаги мударрисларнинг маошларини ҳам диний идора у ерда ўқиётган талабаларнинг контракт пулидан олиб тўлайди. Қуръон курсларига белгиланган нарх ҳам ўша ҳаражатларни эътиборга олиб белгиланган бўлиши мумкин”, дейди мадрасада сабоқ берган мутахассислардан бири. Унинг айтишича, Ўзбекистон расмийларининг Исломга нисбатан муносабати ўзгариб бораётган бир пайтда, диний таълимга қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Мавжуд мадрасалар барча ўқувчиларнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжларини қондира олмайди.
“Қуръони карим ва тажвид” ва “Араб тили” пулли курслари қуйидаги 11 та диний таълим муассасаларида йўлга қўйилди:
1. Тошкент ислом институти – Тошкент шаҳри;
2. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти – Тошкент шаҳри;
3. Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти – Тошкент шаҳри;
4. Мир Араб олий мадрасаси – Бухоро вилояти;
5. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти – Бухоро вилояти;
6. “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти – Бухоро вилояти;
7. Хўжа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти – Қашқадарё вилояти;
8. “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти – Наманган вилояти;
9. Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти – Андижон вилояти;
10. Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти – Хоразм вилояти;
11. Мухаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти – Нукус шаҳри.
Мазкур курсларда 18 ёшга тўлган ва ундан юқори ёшда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари илм олишлари мумкин.
Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган ва ҳозирда амалда бўлган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ хусусий шахсларга диний таълим бериш тақиқланади. Шу муносабат билан якка тартибда хонадонларда араб тили ёки Қуръон илмини ўргатиш ман қилинган.
UzAnalytics таҳлилий сайти мухбири Бухоро вилоятидаги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган ўқув курслари билан танишиб, муассасада таълим олаётган толиблар ва мударрислар билан суҳбатлашди.
Маълумот учун: Мир Араб мадрасаси биносини милодий 1530–1536 (ҳижрий 936–942) йилларда шайх Мир Араб қурдирган. Мир Араб мадрасаси узоқ йиллар ислом йўналишида таълим берувчи СССРдаги ягона муассаса бўлган. Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равиль Гайнутдин, Озарбайжон муфтийси Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон муфтийси Ратбек Нысанбайулы, Ўзбекистон муфтийси Эшон Бобохон, Чеченистон Республикаси Президенти Аҳмад Қодиров ва бошқа кўплаб машҳур дин ва сиёсат арбоблари унинг битирувчилари ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ўнлаб исломий диний таълим муассасаларининг фақат иккитасида аёллар таҳсил олишади. Мир-Араб мадрасаси улардан бири.
Камолиддин Ниёзов, Мир-Араб мадрасаси мударриси, 39 ёш:
– Мадрасада илму толибларга дарс бераман. 150 нафардан ортиқ талаба бир йиллик, 100 нафардан ортиқ 3 ойлик араб тили ва тажвид курсларида талабаларимиз бор. Ҳар бир йўналиш бўйича 4 тадан гуруҳ мавжуд. Уларнинг иккитаси эркаклар ва иккитаси аёллар гуруҳи. Чунки, аёллар ва эркаклар орасида курсларимизга қизиқиш бирдек юқори. Курсларни муваффақиятли тугаллаганлар имтиҳонлар орқали 4 йиллик олий таълимга қабул қилинадилар. У ерда араб тили луғати, грамматикаси, сарф-наҳу илмлари, Ислом тарихи, Қуръон, ҳадис, фиқҳ фанлари ўқитилади. Бундан ташқари ижтимоий фанлар, инглиз тили, рус тили, педагогика, психология каби диний ва дунёвий фанлардан таҳсил берилади. Мир-Араб мадрасаси ўрта-маҳсус билим юрти бўлиб, бу ерда асосан диний мутахассислик фанлари ўргатилади. Ўзим ҳам Мир-Араб мадрасаси битирувчисиман, сўнгра Тошкент Ислом институтида таҳсил олганман.
– Айни пайтда мазкур курсларга талаб қай даражада?
– Қуръон курсларига ҳозир талаб жуда юқори. Айни пайтда араб тили гуруҳида 60 ва Қуръон-тажвид гуруҳида 60, жами 120 нафар талаба 3 ойлик курсларимизда илм олишмоқда. Бу талаб йилдан-йил ортиб бормоқда. Араб тили, у орқали Қуръонни ўқишни мақсад қилганлар келади асосан. Кўпчилик ўқишни алифбони ўрганишдан бошлайди. Қуръонни ёки араб тилидаги бошқа матнларни ўқишни бошлаш учун анча босқичлардан ўтиш талаб этилади. Булар ҳарф, талаффус, ёзиш ва қўшиб ўқишни ўрганиш каби босқичлардир.
– Таълим жараёнида асосан нималарга эътибор қаратилади?
– Ислом дини таълимотида асосий манба бу Аллоҳнинг Каломи – Қуръони Карим. Ундан кейин турадигани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари. Қуръони Карим услуб ва тил жиҳатидан жуда мураккаб тарзда нозил бўлган, уни ҳар қандай одам бирдан ўқиб, тушуниши қийин. Ҳадислар эса осон ва енгил тарзда ифодаланган. Пайғамбаримиз келгусида умматлари нафақат араб миллатига мансуб, балки дунёнинг барча миллат вакиллари бўлиши эҳтимоли туфайли уни содда ва қисқа тарзда етказишни истаганлар. Уни ўрганишга қизиқиш азалдан жуда кучли бўлган. Бежиз юртимиз ислом оламининг кўплаб йирик ва буюк муҳаддис алломалар – аждодларимиз Ватани саналмайди.
Фируза Сайфуллаева, “Қуръон ва араб тили” курслари услубий бирлашма услубчиси:
– Айни пайтда мадрасамизнинг 3 ойлик курсларида 4 та гуруҳ таълимни давом эттиряпти. Ўтган йили уларнинг сони 10 та эди. Сабаб, араб тили курслари ёпилди. Фақат “Қуръон ва тажвид” курслари фаолият кўрсатяпти. Талабалар 3 ойлик курс учун 893 минг сўм тўловни амалга оширадилар. Тахсил олишга бўлган талаб ҳамон юқори. Айни пайтда келиб, гуруҳларга ёзилаётганлар учун ўқув бир ярим йилдан сўнг – 2021 йил март ойида бошланади. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида талабгорлар кўп. Ҳамма мадрасаларда ҳам аёллар учун курслар мавжуд эмас. Улар учун 4 та муассасада ўқувлар ташкил қилинган бўлсада, кўпчилик опа-сингилларимиз айнан бизнинг мадарасада тахсил олишни исташади.
Фарида Рўзиева, Навоий шаҳри:
– Мен бу ерга ўз ҳохишим билан келдим, мақсадим Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) нинг суннатларига мувофиқ Ислом динини мукаммал ўрганиш. Бу ерда 3 ой мобайнида Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганамиз, тажвид билан мукаммал ўқишни ўзлаштирамиз, фиқҳ илмидан воқиф бўламиз. Бу илмларни ўзим учун ўрганишни ният қилганман. Ёшим 35 да, уч нафар фарзандим бор, уй бекасиман. Уйимдагилар ушбу илм масканига қатнашаётганимга қарши эмас. Турмуш ўртоғимнинг ўзлари мени бу ерга олиб келдилар. Истардимки бу каби илм масканлари ҳар бир вилоятда, жумладан Навоий вилоятида ҳам фаолиятини йўлга қўйса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, Қуръондан хабари бор инсон Шариатга мувофиқ турмуш кечиради, ёмонлик ва гуноҳ ишлардан узоқ бўлади.
Замира Истамова, 58 ёш, Ромитан тумани:
– Қуръони каримни хатосиз, тажвид билан, хатосиз ўқиш, Аллоҳнинг розилиги учун ўқиб-ўрганиш мақсадида ушбу мактабга келдим. Ўтган 2 ой давр мобайнида муқаддас китобимизни бемалол ўқийдиган бўлдим. Юртимизда биз каби Ислом илмини ўрганмоқчи бўлганларга яратилган шарт-шароитлардан мамнунман. Билишимча, мавжуд ўқув юртлари аёллар орасида диний таълимга бўлган талабни қондира олмайди. Мамлакатнинг ҳар бир вилоят марказида битта мадрасани ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Кубай Бердиев, Самарқанд вилояти, Нарпай тумани:
– Ёшим 61 да, Ислом илмини ўрганиш пайти келди деган қарорга келдим. Энди ёшларга ўрнак бўлишимиз керак. Шу сабабли Тошкент вилоятида ташкил этилган “Тажвид ва Қуръон курслари”га ўқишга кирдим. Бунинг учун 3 ойга 811 минг сўм пул тўладим. Зарур илмни ўрганиш учун бу катта миқдор эмас. Қуръон ўқишнинг ҳам ўз талаблари бор, уни шунчаки юзаки ўқиб бўлмайди. Асли касбим – педагог-спортчи, узоқ йиллар Туман маъориф бўлимида жисмоний тарбия фани методисти бўлиб ишлаганман.
2018 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чеккан эди. Унда таъкидланишича, кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Маълумот учун: Бир мунча вақт аввал UzAnalytics сайти “Ҳадис илми мактаби” фаолияти ташкил этилаётгани муносабати билан мақола эълон қилган эди. Унда мамлакатда ҳадис илмини янада ривожлантиришга старт берилгани, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш орқали диний таълимни тўғри йўлга қўйиш вазифалари белгилангани, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори тафсилотлари ҳикоя қилинган эди.