Муаллиф: Наргиза Мураталиева, https://caa-network.org/archives/18256
Марказий Осиёда радикаллашув ҳодисаси кўплаб саволлар пайдо қилади. Бир тарафдан, сўнгги 20 йил ичида минтақадаги зўравонлик даражаси нисбатан пастлигича қолмоқда, бошқа тарафдан эса, ҳокимият идоралари Марказий Осиёдан чиққан жангариларнинг Сурия ва Ироқдаги, шунингдек, бошқа чет мамлакатлардаги фаолиятини кўрсатган ҳолда, таҳдид ҳақида тинмай гапирмоқда. Қуат Раҳимбердин CAAN нашрига берган интервьюсида Марказий Осиё мамлакатларидаги радикаллашув муаммоларни ва масаланинг нозик жиҳатлари хусусида ҳикоя қилади.
Қуат Раҳимбердин – юридик фанлар доктори, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар идоралари фаолияти масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси, инсон ҳуқуқи ва жиноятчилик сиёсати бўйича мутахассис.
Марказий Осиёдаги радикаллашув аста-секин, билдирмай кириб борадиган ҳодисами? Унинг сабаби ижтимоий ва иқтисодий муаммоларми, мафкуравий келишмовчиликми ёки маънавий бўшлиқми? Мамлакатлардаги радикаллашаётган деб айтиш мумкин бўлган ижтимоий келишмовчиликнинг исломга дахли бўлмаган турли илдизлари бор. Шу масалада қандай фикр билдирмоқчисиз?
− Марказий Осиё минтақасида диний экстремизм ўсишига эш бўлувчи омиллар мураккаб ва кўптомонлама характерга эга, улар орасида нафақат ижтимоий муаммолар, қолаверса, радикал исломни тарғиб қилувчи чет эллардаги марказларнинг аҳамияти ҳам кам эмас. Бироқ тоталитар зўравонлик ва ҳурфикрлиликни бўғиш, жумладан, диний мафкуранинг салбий таъсирига ҳам етарли баҳо бермасдан бўлмайди. СССРда неча ўн йиллаб ҳукм сурган давлат атеизми, сўнгра неолиберализм капитализми амалиёти жамиятдаги маънавий асослар “ювилиб кетиши”га, маънавий-диний маданият йўқолишига, ижтимоий онгда вужудга келган “бўшлиқ”нинг диний-радикал қарашлар билан тўлишига олиб сабаб бўлди. Масалан, ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасида салафийлик мафкураси тарафдорлари 19 минг кишига етиб қолди.
Диний экстремизмга қарши курашни аҳолини маърифатли қилиш, унинг ўқимишлилиги ва маънавий маданиятини ошириб боришдан ажратиб бўлмайди.
Афсуски, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бўйича бунга ўхшаш маълумотларни очиқ манбалардан топиб бўлмайди, бироқ ўша мамлакатлардаги кўрсаткичлар ҳам анча-мунча эканини тахмин қилишга асослар бор. Шунинг учун диний экстремизмга қарши курашни аҳолини маърифатли қилиш, унинг ўқимишлилиги ва маънавий маданиятини ошириб боришдан ажратиб бўлмайди.
Қирғизистонда 30 йил муқаддам – қайта қуриш даврида, бор-йўғи, 39 та масжид бор эди, ҳозирги вақтга келиб эса, 3000 дан ошиқ масжид қурилди. Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 2626 та масжид бор, 2018 йилда 38 та масжид қурилди. Назаримда, бу ерда муаммо масжидлар сони кескин кўпайиб кетаётганида эмас, аксинча, улардан Марказий Осиё мамлакатларидаги аҳолининг чет (маргинал) қатламлари ўртасида эктремистик руҳдаги сохта исломни тарғиб қилиш имконияти мавжудлигидадир. Таассуфки, мамлакатдаги диний иншоотлар сони мавжуд мактаблар ва бошқа маърифат муассасалари сонидан ортиқдир. XXI асрда давлатнинг рақобатбардошлиги илм-фаннинг сифати ва аҳолининг таълим ола билиш имконияти билан белгиланишини тушуниб олиш жоиз.
Қирғизистонда ҳокимият идоралари “радикал диний оқимларнинг уюшган жиноят гуруҳлари билан қўшилиб кетаётгани…, одамлар жазони ўташ муаасасаларда ёлланаётгани…, ижтимоийлашув паст ва янги муҳитга интеграциялашув заиф Қирғиз Республикаси аҳолиси ва меҳнат мигрантлари гуруҳлари сонининг камаймаётгани…, экстремистик фаолиятга аралашиб қолаётган вояга етмаганлар, аёллар, ёшлар ва кексалар сонининг ўсиб бораётгани” мамлакатда диний экстремизм ва терроризм зуҳур бўлишининг қалтислик омили эканини очиқ тан олди. Айни омиллар Марказий Осиёдаги деярли барча мамлакатларга хосдир. Бу ҳақда фақат Қозоғистон билан Қирғизистон ҳокимият идоралари очиқ гапириб, ушбу муаммо муҳокамасига фуқаролик жамияти институтларини жалб этмоқда.
Лекин зўравон экстремизм билан терроризм нима дегани? Мамлакати иқтисодиёти ёки сиёсатидан норозилик билдираётган фуқаролар ҳам радикал ҳисобланадими?
− Худди “терроризм” тушунчаси сингари “зўравон экстремизм” атамасининг ҳам барча тан олган таърифи йўқ; боз устига, ушбу атамалар кўпинча бир-бирининг ўрнида ишлатилади ва ўртада чалкашлик келиб чиқади. Айни чоқда миллий, минтақаваий ва халқаро даражаларда ишлаб чиқилган бир қанча таърифлар мавжуд.
Австралия қонунчилигида “зўравон экстремизм зўравонлик ишлатилишини қўллаб-қувватлайдиган кишиларнинг ишонган нарсалари ва амаллари ёки ундан мафкуравий, диний ёки сиёсий мақсадларга эришиш йўлида фойдаланиши дея таърифланган. Бу терроризмни ҳамда сиёсий сабаблар туртки берган ва жамоатлараро зўравонликнинг бошқа шаклларини ўз ичига олади”. АҚШда Федерал тергов бюроси (ФТБ) зўравонлик экстремизмига “сиёсий, мафкуравий, диний, ижтимоий ёки иқтисодий мақсадларга эришиш йўлида зўравонлик ҳаракатини амалга оширишни рағбатлантириш, унга йўл қўйиб бериш, оқлаш ёки қўллаб-қувватлаш” деб таъриф беради.
Халқаро экспертлар зўравон экстремизмга бешта шароитни сабаб қилиб кўрсатади:
· ижтимоий-иқтисодий имкониятларнинг йўқлиги;
· четга суриб қўйиш ва камситиш;
· бошқарув самарасизлиги, инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигининг бузилиши;
· чўзилиб кетган ва тўхтатиб бўлмаётган можаролар ва
· қамоқхоналардаги радикаллашув.
Ушбу зўравонликка етаклайдиган потенциал йўлларнинг ҳеч бири алоҳида-алоҳида олиб қаралмаслиги керак, чунки ушбу жараёнда жуда кўплаб омиллар ишга тушган бўлади. Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимият идоралари буни ҳисобга олиши шарт.
Сўнгги пайтларда ислом радикализми билан боғлиқ оғизга тушган террорчилик амаллари Қозоғистон билан Тожикистонда содир бўлди. Бу билан ушбу мамлакатларда зўравон экстремизм ва терроризм учун жазога тортилган кишилар сони ортганини тахмин қилсак бўладими (боз устига, Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолияти тақиқлангани судланганлар сони ошишига таъсир кўрсатди)?
− Қайд этиш жоизки, экстремистлик ва террорчилик жиноятлари учун судланган кишиларнинг умумий сони жами судланганларга нисбатан олганда, унчалик кўп эмас. Мен 2017 йили БМТнинг наркотиклар ва жиноят бўйича бошқармаси лойиҳаси доирасида “Марказий Осиё мамлакатлари қонунчилигининг террорчилик ва экстремистлик жиноятлари учун жазога ҳукм этилганларни ҳисобга олган ҳолдаги солиштирма таҳлили” мавзусида тадқиқот ўтказган эдим. Бу борада фақат Қозоғистон билан Қирғизистон бўйича статистика маълумотлари очиқ эди.
Қозоғистон Республикасида 2019 йилда ахлоқ тузатиш колонияларида 665 маҳкум (2016 йилда – 400 киши, 217 йилда – 570 киши) экстремистлик ва террорчилик йўналишидаги қонунбузарликлар учун жазони ўтамоқда (шулардан 14 нафари – аёллар). Қирғиз Республикасида экстремистлик ва террорчилик жиноятларини содир этишда айбдор деб топилган маҳбуслар сони ошиб бораётгани кузатилмоқда. 2000 йилда улар сони 51 киши бўлган бўлса, 2017 йилга келиб, Қирғиз Республикасининг “ёпиқ” ахлоқ тузатиш колонияларида 170 нафар жазога ҳукм қилинган маҳбус бор эди. Айни пайтда ушбу рақам ундан ҳам каттароқ экани шубҳасиз.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда диний экстремизм тарафдори бўлган маҳбусларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотларни топишнинг имкони бўлмади, бироқ кўп асрлик ислом анъаналари мавжуд ушбу мамлакатларнинг мусулмон радикализмининг ортодоксал ислом кўринишлари мавжуд минтақаларга яқинлигини ҳисобга олиб, у ерларда зикр этилган радикализм тарафдорлари Қирғизистон ва Қозоғистондагига нисбатан кўпроқ эканини, бинобарин, экстремистлик жиноятлари учун жазони ўтаётганлар сони объектив жиҳатдан мўлроқ бўлишини тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон сиёсий режимларининг диний радикализмга, асосан, қатағон усуллари билан қарши курашишни афзал биладиган қаттиққўл авторитаризмга мойиллигини ҳисобга олмасдан бўлмайди.
Тожикистон бўйича зўравон экстремизм ва терроризм учун жазога ҳукм қилинган маҳбуслар сони камаяётгани хусусидаги қувончли статистика маълумотлари эълон қилинганига қарамай, ўзимда у ердаги вазият бўяб-бежаб кўрсатилаётганини тахмин қилишга журъат топаман. Масалан, расмий маълумотларга кўра, айни чоқда 2 миллиондан ошиқ тожикистонлик Россияда меҳнат мигрантидир. Улар муҳитдан узилгани, айниқса, Россияда миллатчилик ва чет элликларни ёмон кўриш кайфияти ошиб бораётгани сабабли ўта мураккаб ҳаёт шароитига тушиб қолганини яхши англаймиз. Кўряпмизки, ушбу кишиларнинг кўпчилиги муаммолари ечимини динда деб билади. Бунинг ёмон жойи йўқ, бироқ уларнинг бузмакор диний оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани, экстремистлик ва террорчилик ташкилотларининг фаол аъзоларига айланаётгани даҳшатлидир. АҚШ ва Россия махсус хизматлари маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан Сурия ва Ироққа жанг қилиш учун 4,2 минг киши жўнаб кетган. Минтақа мамлакатлари орасида ИШИД сафларида жанг қилган жангарилар сони бўйича Ўзбекистон (1500 киши) биринчи ўринда туради, кейинги ўринни эса Тожикистон эгаллайди, у ердан Сурия ва Ироқда 1300 жангари бориб қолган, яна деярли 3000 киши Туркияда ушлаб қолинган ва/ёки мамлакатига жўнатиб юборилган. Қозоғистон ва Қирғизистондан урушга тахминан 500 киши, Туркманистондан эса 400 киши кетган. Айни пайтда ўша шахслар Марказий Осиё минтақасига қайтмоқда ва ватандошларимиз хавфсизлиги учун муайян таҳдид туғдирмоқда.
Кўплаб экспертлар қамоқхоналар ҳақида гап кетганда, уларни радикаллашув ўчоғи сифатида кўрсатади, у ерларда, Оливье Руа таъбири билан айтганда, жиноятчи тўдалар исломийлашмоқда (исломчилар жиноят тўдаларига айланаётгани йўқ). Балки жараён икки томонламадир?
− Мен 2009 йилда “Қозоғистондаги фуқаролик жамияти ва унинг жиноятчиликка оид сиёсатини эзгулаштириш” деб номланган тадқиқотимни тайёрлаган ва ўша пайтдаёқ минтақа мамлакатлари ҳукуматлари зўравон экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш учун иш берадиган чораларни кўрмайдиган бўлса, ахлоқ тузатиш колонияларимиз экстремизм ва терроризм мафкурасини ёйиш ўчоқларига айланиб қолиши мумкинлигига эътибор қаратган эдим. Ушбу озодликдан маҳрум қилиш жойларида айни мафкура ва амалиётлар жиноят олами мафкураси билан бирикади ҳамда жазога ҳукм қилинган кишиларнинг янада жиноят ботқоғига ботиши ва маънавий таназзулини тезлаштиради. Қайд этиш мумкинки, бир тарафдан, жазони ўташ муассасаларидаги маҳбуслар бошқа маҳбуслар “жамоати”дан ажралган ўзига хос “кичик жамоат” ташкил қилади. Бошқа тарафдан, ўша жамоат доимий тарзда ўз “ҳудуди”ни кенгайтириб бориш, “таъсир доираси”га имкон қадар кўпроқ маҳбусларни қамраб олишга интилади, шу тариқа улар орасида жиноятни ва экстремистлик ғояларини кўпроқ тарқата бошлайди.
Айни маҳбуслар нисбатан кичик гуруҳ бўлса-да, жиноий муҳитнинг ўта агрессив қисми ҳисобланади, ахлоқ тузатиш ишлари таъсирига нисбатан салбий кайфиятда бўлади ҳамда замонавий жамиятнинг ижтимоий қадриятларини қабул қилмайди. Айни дамда бундай маҳбусларнинг бир жойга йиғилиб қолиши инсон ҳуқуқи турли тарзда бузилиши хавфини оширади, жазони ўташ режимининг ортиқча қаттиққўллиги ва жазо чораларини, жиноят ва жазони ўташ тизими ходимларининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилишини, шунингдек, унинг ортиқча ҳарбийлашувини “оқлайди”.
Тоталитар диний секта вакиллари бошқа жазони ўтаётганлар орасида туриб, бемалол тарғибот ишини юргизиши, диний экстремистларнинг жипслиги, ўзидан баланд лавозимдагиларга сўзсиз бўйсуниши ва интизомлилиги ҳисобга олинса, улар жиноятчи “авторитетлар”ни четга суриб қўйиб, ўрнини эгаллаш билан жазони ўташ муассасаларида норасмий, “институционал бўлмаган” ҳокимиятни қўлга киритиши мумкин.
Россиянинг жазони ўташ федерал хизмати раҳбарларидан бири 2018 йилда қайд этишича, ушбу мамлакат қамоқхоналарида “ислом динининг чет элдан келаётган агрессив оқимлари” вакиллари пайдо бўлган. Унга кўра, Россия қамоқхоналарида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 29 минг нафар маҳбус бор. Айрим россиялик экспертлар “қизил” ва “қора” зоналарга энди “яшил”и ҳам қўшилган, ўша ахлоқ тузатиш муассасаларида радикал исломга эътиқод қилувчи норасмий кишилар етакчилик қилади. Шундай қилиб, жазони ўташ жойларидаги маҳбусларнинг радикаллашув муаммоси бугунги кунга келиб, Евроосиё маконидаги долзарб муаммога айланди.
Таълим билан маърифат радикаллашувга – радикаллашув деганда турли талқиндаги ва ҳеч бир илмий далил билан мустаҳкамланмаган радикал ғояларга қизиқишни тушунамиз – қандай таъсир кўрсата олади? Маънавий бўшлиқ ҳақида нима дейиш мумкин?
− Мен 25 йил давомида Қозоғистон олий таълими соҳасида ишлашим давомида таълим сифати, жумладан, педагог ва олимнинг мақоми қанчалик тушиб кетганига гувоҳ бўлдим. Афсуски, бу постсовет маконидаги кўпгина мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳам рўй бермоқда. Ҳозирги вақтда олий таълим олганлик тўғрисидаги диплом мавжудлиги ёш мутахассис унинг ёрдамида ўз қобилиятини рўёбга чиқариши ва муваффақият қозониши учун ижтимоий дастак – лифт бўла олмайди. Ёшларимиз онгига сохта қадриятлар сингдирилмоқда, истеъмолчилар – тайёрига айёр кишилар жамияти шаклланмоқда, ушбу жамиятда моддий қадриятлар олдинги ўринга чиқиб, маънавият ва ахлоқ орқага ўтмоқда. Аниқ шаклланган, миллатни жипслашлаштириши мумкин бўлган миллий ғоянинг йўқлиги давлатларимизнинг бошоғриғи бўлиб қолмоқда. Ёшларнинг улкан оқими минтақамиздан ўқиш ва ишлаш учун чет мамлакатларга чиқиб кетмоқда. Улар жуда фаол, АҚШ, Европа ёки ўша Россиядаги кучли рақобат ва шароитларга мослашишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, коррупция ва таниш-билишчилик сабабли ўз қобилиятини рўёбга чиқара олмаслигини яхши тушунади ва шу боисдан чет мамлакатларда ишлаб ва яшаб қолмоқда. Бунинг чораси борми? Дунё тарихидан маълум бўлишича, айни муаммони ҳал қилиш учун тайёр рецетнинг ўзи йўқ, ҳар бир ҳолатга алоҳида ёндашув, зўравон экстремизм ва терроризм урчиб кетишига кўмаклашувчи бешта омилнинг барчаси илмий баҳо бериш зарур.
Ҳозирги вақтда олий таълим олганлик тўғрисидаги диплом мавжудлиги ёш мутахассис унинг ёрдамида ўз қобилиятини рўёбга чиқариши ва муваффақият қозониши учун ижтимоий дастак – лифт бўла олмайди.
Олимлар, ўқитувчилар, экспертлар жамоати Сурияга йўл олаётган ёлланма кишилар сонини камайтириш учун қандайдир тарзда таъсир кўрсата оладими?
− Ушбу муаммога комплекс ёндашувни қўллаш зарур. Эътиқод эркинлиги муаммоси – ўта нозик масала, уни тақиқ ва чекловлар кўринишидаги қандайдир кескин чоралар билан ҳал этиш керак эмас, бу акс таъсир кўрсатади. Назаримда, мамлакатларимиз зиёлилари маърифий ишлар, шунингдек, аксилтарғибот билан шуғулланиши керак. Ёшлар бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ижтимоий тармоқларда эҳтиёт бўлиб мулоқот қилиши ва ишлаши лозим. Ижтимоий тармоқларда ёшларни ёллаш бўйича замонавий технологиялардан фойдаланадиган бутун бошли лабораториялар бор. У нафақат “косиблик” технологиялари, қолаверса, энг зўр замонавий, масалан, Европа ва Америка амалиётларини қўллайдиган тармоқдир.
Мен ИШИДнинг миллионлаб кишилар кўрган ва ўз вақтида ижтимоий тармоқларда эркин тарқатилган роликларини ўрганган эдим. Халқаро семинарлардан бирида АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қиладиган мутахассисларнинг баҳоларини эшитиб қолдим. Улар Ҳолливуднинг юз миллионлаб долларлик блокбастерларни тасвирга оладиган машҳур студияларидан бири режиссёрлари ва сценаристларини жалб этиб, ўша роликларни синчиклаб таҳлил қилганини гапириб берди. Улар танишиб чиққач, роликлар чиндан ҳам Ҳолливуд технологиялари бўйича тасвирга олинган, яъни экшн, саргузашт, пул, ҳашаматли машиналар, курол ва ҳатто секс мавжуд, деган хулосага келибди. ИШИД жуда кўп одамларни, ҳатто ўқимишли кишиларни ўз ҳудудига жалб қила олган, улар Ислом давлатининг таъсирига тушиб қолган экан. Асосийси, бу “иш беряпти”.
Замонавий Россия иқтисодий элитаси вакиласи бўлган бир қизни мисол тариқасида келтирмоқчиман. Ўша қиз Москва давлат университетининг фалсафа факультетида ўқир, ота-онаси бадавлат ва таъсир кучига эга кишилар эди. Шунга қарамасдан, ижтимоий тармоқлар орқали радикаллашув таъсирига тушиб қолди. У ИШИД назоратидаги Сурияга ҳудудига кетаётган пайт Туркияда тутиб қолинди. Варвара Караулова тақдири экстремистлик ташкилотлари постсовет ҳудудида қанчалик самарали ишлаганининг “классик” намунасига айланди. Қайтариб олиб келингач, у 4 йилга кесилди, ҳозирги кунда муддатидан олдин шартли равишда қамоқдан озод қилинди.
Экстремистлик ва террорчилик жиноятлари учун жазога ҳукм қилинган шахслар билан иш олиб борадиган мутахассисларнинг фикрича, маҳбусларни радикаллашувдан қайтариш жараёни мураккаб ва оғирдир. Бунинг учун маҳбусларни радикаллашувдан қайтариш бўйича махсус ижтимоий дастурлар жорий этиш зарур бўлади. Экстремистлик ва террорчилик жиноятлари учун жазони ўтаётган кишилар ушбу эълон қилинмаган уруш жабрдийдаларидир. Шунинг учун асосий мақсад радикаллашувнинг олдини олиш ва огоҳлантиришга йўналтирилиши лозим. Бу иш билан болалар боғчасидан бошлаб, мактабларда, олий ўқув юртларида шуғулланиш зарур. Давлат идоралари очиқроқ бўлиши, бундай муаммоларни ҳал этишга комплекс тарзда ёндашуви талаб этилади.
Сурат: Jeremy Sutton Hibbert/REX/Shutterstock (344716j), HAJI YAKOUBI MOSQUE, DUSHANBE, TAJIKISTAN