Жорж Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институтининг “Марказий Осиё” дастури вебсайтида Марказий Осиёда ислом дини тадқиқотчиси Ной Таккернинг (Noah Tucker) “Terrorism without a God: Reconsidering Radicalization and Counter-Radicalization Models in Central Asia” (“Худосиз терроризм: Марказий Осиёдаги радикаллашув ва радикаллашувга қарши кураш моделларини қайта кўриб чиқиш”) деб номланган тадқиқоти эълон қилинди.
Тадқиқот сўзбошисида марказий осиёликларнинг Суриядаги урушга сафарбар қилинишига миссионерларнинг даъвати эмас, жамиятлардаги адолатсизлик сабаб бўлгани айтилади. Н.Таккер 2016 ва 2018 йилларда Қоғозистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўтказган тадқиқоти натижалари ва француз олими Оливье Ройнинг Европада Суриядаги урушга жангариларни ёллаш амалиёти ҳақидаги фикрига асосланиб, “исломнинг радикаллашуви” эмас, “радикаллашувнинг исломлашиши” ҳақида гапириш кераклигини айтади.
Тадқиқотнинг дастлабки қисмида Моҳидилхон исмли аёлнинг ўғли билан келини невараларини олиб, олдин Россия, кейин эса Сурияга кетиб қолганини, улар Ўш шаҳридаги можародан қочиб қутулганини, аммо Суриядаги урушга тутилганини, Равшанхон опанинг эса куёви қизини Қозоғистонга кетяпмиз, деб Сурияга олиб кетиб қолгани ҳақида ҳикоя қилинади. Муаллиф бундай ҳолатларни минтақа давлатлари, жамоатчилик ва ахборот воситаларига ҳамоҳанг равишда тушунтириш қийин бўлган “зўравон сафарбарлик ёки Марказий Осиёдаги зўравон экстремизм” деб атайди.
Қайд этилишича, Моҳидилхон билан Равшанхоннинг қариндошлари қўққисдан чет элга кетиб қолиши билан боғлиқ фожиада дин қайсидир маънода роль ўйнаган, аммо уларнинг оиласида олдин ҳеч қандай ноодатий амалиёт ёки чет таъсир (миссионерлик) кузатилмаган. Шу билан бирга 90-йилларнинг охирида Ўзбекистон ислом ҳаракати, кейинчалик эса ИШИД сингари қуролли қўзғолончилар гуруҳларига ёллашда диний мансублик сабаблардан бири бўлгани, бироқ бошқа “туртки берувчи” омиллар ҳам бўлиши мумкинлиги тўғрисида саволлар қўйилади мақолада: “…аммо айрим соҳаларда бошқа гуруҳлар ҳал эта ёки муҳокама қила олмайдиган сиёсий эътирозлар бўлса-ю, аҳолининг четга чиқиб қолган гуруҳлари исломий мансублигига кўра сафарбар бўлиб, исёнчилар ҳаракатига тортилса ҳамда улар буни ўз эътирозларини ҳал этиш учун ягона иш берадиган (ёки ҳатто қўл етадиган) сиёсий механизм деб билса-чи?”
Тадқиқотда ушбу далилга таянилган ҳолда, Марказий Осиё контекстидаги радикаллашув деб аталган ҳодисанинг муқобил андозаси сифатида муқобил қараш таклиф этилади: модомики, одамлар бориб қўшилаётган гуруҳлар сиёсий тузумни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга уринаётган экан, улар сиёсий гуруҳлар эмасмикан? “Уларнинг диний эътиқоди билан мансублигига эътибор қаратиб, сиёсатни эса эсдан чиқариб, тенгламанинг муҳим бир қисмини унутмаяпмизми?” деган ҳушёр торттирувчи савол ўртага ташланади.
Муаллиф зўравон ислом экстремизмини “ислом динисиз” таҳлил қилмоқчи эканини таъкидлайди. У Марказий Осиёдаги зўравон экстремизм дин рамзлари, риторикаси ва эътиқоддан фойдаланишини инкор этмаган ҳолда, минтақадаги кишилар ижтимоий, сиёсий ёки шахсий муаммолардан келиб чиқиб радикаллашуви ҳамда ўша муаммоларни радикал тарзда ҳал этишни таклиф этадиган гуруҳларга қўшилишга интилишини айтиб, диннинг зўравон экстремизмга сафарбар қилишдаги роли керагидан ортиқ баҳолаб юборилаётганини таъкидлайди.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга бориб ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, “эътироз” ва “шахсий алоқалар” Марказий Осиёдаги радикаллашувнинг дин ва диндорликдан кўра кучлироқ сабаби экани”га оид далиллар келтирилади. Бошқа далиллар сифатида адолатсизлик ва тенгсизлик ҳам тилга олинади. Ислом давлати ўз мақсадига эришиш йўлида ана шу эътирозлардан фойдалангани айтилади.
1. Этник ва ноисломий можарога сафарбар қилиш сабоқлари
Муаллиф асрлар бўйи яшаб келган этник гуруҳлар ўртасида келиб чиқадиган можаролар – бунга Болқон ярим оролидаги урушни мисол қилиб келтириш мумкин – “кўҳна нафрат”нинг юзага чиқиши қабилидаги қарашларни танқид қилади. Фикрича, этник можароларга “бир куни оддий кишилар нафрат ва эски хафагарчиликлар билан тўлиб-тошиб, рақиб гуруҳдаги қўшниларига ҳужум қилиш учун қўлига болта, кетмон ёки ов милтиғини олади”, деб қаралади. Аслида ундай эмас. Кўп тадқиқотларга кўра, можарони илгари зўравон ташкилотларга аъзо бўлган кишилар – ўтмишда жиноят содир этган майда каллакесарлар бошлаб беради. Бунга Ўшдаги можаро мисол қилиб келтирилади. Н. Таккер 2011 ва 2012 йил ёз ойларида ушбу шаҳарга бориб, тадқиқоти учун материал йиғаётган вақтда ҳеч ким қўшниси ўзига ҳужум қилганини айтмаган. Натижада муаллиф шундай хулосага келади: “Этник мансублик ёки бирор гуруҳ ёки маросим қатнашчиси бўлиш – булар этник мансубликни ташкил қилади – можаро учун сабаб бўла олмайди, лекин зўравонлик ташкилотчилари ундан кишиларни гуруҳ сифатида сафарбар қилиш мақсадида фойдаланади”. Кишилар сафарбар қилувчилар қўлида сиёсий ва моддий мақсадларга эришиш йўлида восита бўлади. Уларнинг қиладиган иши омманинг “ҳиссиётларини қўзғаш, даъват этиш, фикрларини асослаш, сафарбар қилиш, юрагида ўт ёқиш ва ҳаракатга ундаш”дир. Нафратга қўзғатувчи омил сифатидаги кўҳна ёндашувдан кўра, омманинг норозилигидан фойдаланиб, сафарбар қилишга эътибор қаратиш нега можаро бирор вақтда рўй бериши, аммо икки этник гуруҳ ёнма-ён яшаб келган бошқа лаҳзаларда иш бермаганини тушуниб олишга имкон беради.
Марказий Осиё мамлакатларининг ҳар бирида шўролар ҳукмронлигининг сўнгги йиллари ва мустақилликнинг ўтган даври мобайнида миллий ўзига хослик – “этниклашув” ва маданиятларнинг тикланишига бошқаларга нисбатан душманлик уйғотадиган омил леб қаралмаётганини қайд этилади тадқиқотда. Гарчи радикал жангари гуруҳларнинг этник мансублик иддаоси хавфсизлик ва ижтимоий жипсликка жиддий таҳдид деб қаралса-да, ҳеч ким Андерс Брейвикнинг ваҳшиёна қилмишларини Норвегия маданиятига боғлиқ ёки ХХ асрнинг иккинчи ярмида ИРАнинг пайдо бўлиши ёки унинг Шимолий Ирландиядаги ўнлаб қонли террорчилик ҳужумларини ирландларга хос деб ўйламайди. Чунки ўзаро келиша олмаётган тарафларнинг иккаласи ҳам, асосан, католиклардир, “лекин буни ҳеч ким “радикал католиклик” демайди”. Иккала тараф ўртасидаги тафовут ечими топилмаётган сиёсий эътироз билан боғлиқ. Қўшма Штатлардаги ўнг қанот жангари ташкилотлари ёки 1865 йили, АҚШдаги фуқаролар урушидан кейин ташкил топган ва оқ танлиларнинг устунлиги учун курашган Ку-клукс-кланни дунёдаги энг узоқ фаолият юритган террорчилик ташкилоти сифатида келтириш мумкин. Улар бирор сиёсатдан норозиликдан келиб чиқиб, оммани ўз мақсадига эришиш йўлида сафарбар қилади.
Эътибор қилиниши зарур бўлган яна бир жиҳат шуки, тадқиқотда бирор гуруҳ аъзоси бўлган инсон хулқ-атворини тадқиқ қиладиган ижтимоий психологияда зўравонликни қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ билан бунинг тескариси бўлган гуруҳларни бир-биридан фарқлаш кераклиги баён қилингани айтилади. Аммо одамлар кўпинча зўравон бўлмаган гуруҳ билан зўравон гуруҳ бир хил мафкурага таяниши ва зўравон бўлмаган гуруҳ ҳали танадаги оғирлашмаган касалликка ўхшашини, у ҳам алал-оқибат зўравон гуруҳга айланиб кетишини тахмин қилади. Бунинг сабаби – бошқа омиллар текширилмаган вақтдаги бирор нарсага (мафкура, сиёсий ёки этник гуруҳга) мансублик тенгламадаги ўзгарувчан миқдорга ўхшаб кўринади.
“Агар бунинг ўрнига биз уларга рақобатлашаётган сиёсий тадбиркорлар сафарбар қилган рақобатлашаётган сиёсий гуруҳлар деб қарайдиган бўлсак, зўравонлик тактикасини танлаш гуруҳ бошқа воситалар ёрдамида сиёсий ёки ижтимоий ўзгаришларга эришиш имкониятларини – ўша мақсадларга радикал (зўравонлик) усуллари ёрдамида эришишдан кўра – қай даражада баҳолаётганига боғлиқдир”, деб ёзади муаллиф. Омманинг зўравонлик тарафдори бўлган гуруҳни қўллаб-қувватлаши сабаби унинг олдида турган муаммоларни ҳал этишнинг бошқача ҳал этиш воситалари қолмаганда юз беради, яъни Н. Таккернинг бошқа таҳлилчиларга иқтибосан мулоҳаза юритишича, “на дин, на ҳатто сиёсий мақсадлар терроризмга иштиёқ уйғотмайди: одамлар терроризмни ички ва халқаро сиёсат коррупциялашган ҳамда у адолатсизлик ва тенгсизлик учун жавобгар даб ҳисоблаётган пайт қўллаб-қувватлайди”.
Оқтанлилик, дейди муаллиф, АҚШдаги Ку-клукс-кланни, Норвегия маданиятига мансублик Брейвикка ўхшаш террористларни қўллаб-қувватлашни, давлатнинг католик динини назорат қилишга уриниши ИРА терроризмини бартараф қилишга бўлган ёндашуви эканини англатмайди. Худди шунингдек, Марказий Осиёдаги зўравон сафарбарликни ҳам динга дахли бўлмаган ҳодиса ва унга фақат мақсадга эришиш йўлидаги восита деб қараш керак, чунки экстремистик гуруҳлар муайян эътирозларга боғлиқ тарзда гуруҳга – бу ўринда ўзларининг ўша муаммони ҳал этиш йўлини таклиф этаётган гуруҳига – мансублик ҳиссини шакллантиради. Уларнинг у ёки бу минтақадаги муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги ана шу ҳиссиётни қай даражада шакллантира олишига боғлиқ.
2. “Қайноқ нуқталар” ва ҳал этиб бўлмайдиган можаро: Марказий Осиёнинг зўравон экстремизмига сиёсий назар
Шу ўринда муаллиф ислом дини ва айрим исломий гуруҳлар одамларни сафарбар қилишини эътибордан соқит қилган ҳолдаги ҳамда эътироздан келиб чиқадиган сафарбарликка асосланган муқобил ёндашув қандай бўлиши мумкин, деган саволни ўртага ташлайди. Унга кўра, соқол қўйиш, ҳижоб ўраш ва диний таълим олиш билан диний экстремизм ўртасида боғлиқлик жуда кам. Аммо бу ҳол Марказий Осиёда терроризм ва зўравон экстремизм хавфи камлигини англатмайди. Яна Марказий Осиё мамлакатларидан ИШИД сингари экстремистик гуруҳларга одам ёллашнинг кўплиги, расмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 4200 киши экани, аммо аслида бу кўрсаткич 3-4 баробар ортиқ экани, яъни ўша ёққа кетганлар ёки кетишга уринганлар сони 12000 – 16000 киши бўлгани айтилади.
Қизиғи шундаки, Суриядаги урушга кетмоқчи бўлганларни йўлидан қайтаришга уринишлар бўлғуси жангариларнинг ўз ватани ёки бошқа мамлакатда ҳужумлар уюштиришига сабаб бўлган. Бунга 2016 йил Қозоғистоннинг Оқтўба шаҳрида амалга ошмай қолган ҳужумни ва 2017 йили Стокҳолм шаҳрида Ўзбекистон ватандоши Раҳмат Оқиловнинг юк машинасида одамларни бостириб кетганини мисол қилиб келтириш мумкин.
Минтақа мамлакатлари ҳукуматлари 90-йилларда ва 2000-йилларнинг бошида Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) таҳдидини тушуниш ва олдиндан башорат қилиш учун кўплаб қонунлар қабул қилди, ўн минглаб кишиларни ҳибсга олди, ҳатто терроризмга алоқаси бўлмаган гуруҳлар ва кишиларни таъқиб қилди. Ваҳолонки, Суриядаги урушда қатнашмоқчи бўлган кишилар сони ЎИҲ аъзолари сонидан 6-7 марта ортиқ эди. Бунга Башар Асаднинг шафқатсиз режимига қарши сурияликлар исёнини исломий бўлмаган мамлакатлар, ҳукуматлар ва сиёсатчилар қўллаб-қувватлагани сабаб бўлган бўлса ажаб эмас. Ажабланарлиси, муаллиф Суриядаги урушдан қайтиб, Туркияда истиқомат қилаётган марказий осиёликлар билан қилган суҳбатлардан маълум бўлишича, уларни бирор ташкилотнинг мафкураси жалб қилмаган. Аксинча, “улар саргузашт қидирган, савоб иш ва гуноҳсиз кишиларни ҳимоя қилмоқчи ёки чегарадош мамлакатда янги ҳаёт бошламоқчи бўлган”. Ёлланган аскарларнинг кўпчилигини ташкил қилувчи ўзбеклар билан тожиклар оиласидан айри яшаётган пайтда, яъни Россияда қийин аҳволда қолиб, ишлаётган пайти ёлланган.
Бундан ташқари, кўп оилалар уйини, бор-будини сотиб, оиласи билан ўша ёққа йўл олган. Қизиғи шундаки, иқтисодий фойда олишни истаган кишилар у ерга фарзандларини олиб бориши даргумон. Муаллиф уларнинг мамлакатида нафақат ўзи, қолаверса, фарзандларининг келажагига ҳам ишонмагани бунга сабаб бўлганини, бунақа ҳолатлар минтақа мамлакатларининг фақат айрим жойларида кўплаб учраши масалага бошқача қарашни тақозо этишини ёзади. Муаллиф таъкидича, одамларнинг оилалари билан чиқиб кетиши касаллик эмас, унинг аломати бўлиши ҳам мумкин. Зўравонлик минтақада содир бўлмаслиги учун қандай структурал ва сиёсий муаммоларни ҳал этиш керак, деган савол қўйилади.
Шунга ўхшаш саволларга жавоб бериш, сафарбарликнинг сабабини аниқлаш мақсадида 2016 – 2018 йилларда 3 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада шу нарса маълум бўлдики, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан одамларни сафарбар қилиш моделлари тасодифий ҳам, ушбу мамлакатларда баравар тақсимланган ҳам эмас. Жуғрофий нуқтаи назардан ҳар бир мамлакатнинг “қайноқ нуқталари” бор. Уларни умумлаштирувчи қонуниятларни топиш мушкул. Аммо кўпчиликнинг ишонишича, ИШИДнинг одатий ёлланувчиси нисбатан камбағал 20 яшар йигит бўлиб, университетда ўқимаган, кўп вақтини масжидга қатнаб ўтказган ва ўша ерда дастлабки диний билим олган, сўнгра салафийликнинг агрессив шаклига “эътиқодини ўзгартирган”. Аммо бундай ҳолатга икки нафар умрида масжидга қадам босмаган йигитнинг ҳолати тўғри келади, шулардан бири эса бой оиладан, университетни битирган бўлиб чиқади. Яна уларга эргашган аёллар ҳам бор. Шунинг учун тадқиқот муаллифи бу ўринда алоҳида шахсларга мўлжалланган моделни эмас, жамоат ва субмиллий моделни қўллаш кераклигини айтади.
Аравон тумани Қирғизистон аҳолисининг 2 фоизи бўлган ҳолда у ердан Сурияга кетиб, “Жабҳат ан-Нусра”, “Ал-Қоида”, Ислом давлати сингари экстремистик ташкилотлар билан боғлиқ гуруҳларга бориб қўшилганлар жами кетганларнинг 1/3 қисмини ташкил қилади, улар орасида аёллар билан болалар кўп. Қозоғистонда эса ёлланганларнинг асосий қисми Жезқазған ва Сатпаев шаҳарлари ва кичик Кенгир қишлоғидан бўлган. Қозоғистон ҳукумати жами 800 киши Сурияга кетганини маълум қилди. Ёлланганлар орасида Тожикистоннинг Хатлон ва Кўлоб вилоятлари, Суғд вилоятининг эса Исфара шаҳри атрофидан аҳоли пунктларидан кўп одамлар бўлган. Лекин Сурияга борган тожикларнинг аксарияти Россияга ишлагани кетган кишилар бўлган. Тожикистон ҳукумати камида 150 та оила ўша ёққа кетганини хабар қилди.
Суриядаги урушга одам ёллаш бўйича уч мамлакатдаги қайноқ нуқталар аниқлаб олингач, уларнинг Яқин Шарққа фарзандлари билан кетишига сабаб нима деган саволга жавоб топиш учун тадқиқот давомида аъзоларини йўқотган оилалар вакиллари, фаоллар, ННТ ва давлат идоралари ходимлари билан суҳбатлар ўтказилди. Қизиғи шундаки, ҳукумат ва хавфсизлик идоралари вакилларининг талқини қариндошларини йўқотган оилалар ва маҳаллий идоралар вакиллариникидан фарқ қилди. Вазиятга объектив баҳо бериш учун фокус гуруҳлари тузилиб, ёлланиш сабаблари муҳокама қилинди.
Маълум бўлишича, қариндошларининг ёлланиб, Сурияга кетишига оила аъзоларининг фақат 1/3 қисми ноодатий диний эътиқод, амалиёт ёки тармоқларни, баъзи ҳолларда эса бундай тармоқлар, асосан, Россия сингари учинчи мамлакатларда фаолият кўрсатганини сабаб қилиб кўрсатган. Сўралганлар фикрича, ёлланганларнинг “нотўғри йўлга кириб қолиши”га, биринчидан, адашгани сабаб бўлган бўлса, иккинчидан, иқтисодий сабаб ва ўқимишлилиги етишмаслиги сингари омиллар таъсир кўрсатган. Лекин фикри сўралганлардан фақат бир киши Сурияга иқтисодий сабабларга кўра кетганини айтган. Лекин нега улар фарзандларини ҳам Сурияга олиб кетган, ўша ёқдан пул жўнатиб турса бўлмасмиди? Буни иқтисодий сабаблар билан тушунтириб бўлмайди. Муҳокамалардан сўнг бунга адолатсизлик сабаб бўлган, кетганлар ҳамма нарсада Муҳаммад пайғамбар давридаги адолат бўлишини истаган, деган хулосага келинди.
Сурияга “қайноқ нуқталар”дан одам ёллашда шахсий алоқалар муҳим роль ўйнаган, кўпчилик қаерга ва нима учун кетаётганини ҳам тушунмаган. Шунинг учун “радикаллашиш”га улгурмай туриб ҳам оиласини олиб йўлга тушаверган, кўпчилиги алданиб қолган. Гарчи миссионерлар ва ёлловчилар ҳақида кўп гапирилса-да, уларни ҳеч ким, кўрдим, деб айтмади. Сўровлардан ёллашда олдинроқ Сурияга кетган кишиларнинг дўстлари, оиласи, синфдошлари ва ҳк. билан ижтимоий тармоқлар (WhatsApp сингари) орқали мулоқотга чиқиши муҳим роль ўйнагани маълум бўлди.
Масалан, зикр этилган Кенгир қишлоғидан Сурияга кетган деярли ҳар бир йигит ўша ердаги гаражда ташкил этилган бокс клубига қатнаб юрган бўлган. Кўряпмизки, масжидлар ёллаш маркази бўлган деган хато қарашлар мавжуд. Яқинроқ ўрганилганда, синфдошлар, оила аъзолари, бокс ва яккакураш клублари, ҳатто туғилган кун зиёфатлари ҳам ёллаш учун қулай жой ёки тадбир экани маълум бўлди.
Шу ўринда муаллиф исёнларни бостириш масалаларини тадқиқ қилган автралиялик эксперт Дэвид Килкуллен фикридан иқтибос келтиради: “Одамларга исён қилиши учун мафкура туртки бермайди. Уларни ижтимоий тармоқлар шунга тортади”.
“Қайноқ нуқталар”даги айрим кишилар уруш бўлаётган жойга бориб, у-бу нарсага эришгач, ўз тармоғидаги бошқа кишиларни ҳам ўша ёққа “тортган”, деган фикр ҳам айтилади тадқиқотда. Лекин муаммога муқобил нуқтаи назардан қараш ва фокус гуруҳлари вакиллари билдирган фикрлар шуни кўрсатадики, ўша “қайноқ нуқталар”да сиёсий эътирозлар, яъни ҳокимиятнинг мавжуд ресурсларни тақсимлашда адолатсизлигига қарши норозиликлар ҳам кучли бўлган.
Зиддият ва эътирозлар тадқиқот ўтказилган учта мамлакатда турлича бўлса-да, уларда умумий 2 та омил мавжуд: 1) ушбу муаммоларга маҳаллий аҳоли “адолат/адолатсизлик” нуқтаи назаридан қарайди; 2) эътироз пайдо бўлган жамоатлар уларни марказий ҳукумат билан муҳокама қилиб, ҳал этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Қозоғистондаги “қайноқ нуқталар” (Жезқазған, Оқтўба, Атирау ва Жанаўзан), асосан, Совет даврида пайдо бўлган ва иқтисодиёти ўта марказлашган “моношаҳарлар” (бирор завод сабаб ташкил топган) бўлиб, улар мустақилликдан кейин ўша заводлар тўхтаб қолган ёки тўлиқ куч билан ишламаётгани сабаби ижтимоий-иқтисодий муаммолар ботқоғига ботиб қолган. Бу ердаги шароит Марказий Осиёнинг энг бой ва ялпи ички маҳсулоти бошқа республикаларникини қўшиб ҳисоблаганда, икки баробар кўп республиканинг бошқа шаҳарлари билан солиштирганда, ниҳоятда паст. Шу сабабли Сатпаев сингари шаҳарларда “кулранг” иқтисодиётдан пул қиладиган жиноятчи тўдалар пайдо бўлди. Улар билан экстремизм ўртасида бевосита боғлиқлик бор. Аҳоли норозилигининг ва Сурияга кўп одам ёлланишининг яна бир омили диний камситиш, яъни соқол қўйиб, диний либос кийган кишиларнинг кийиниш тартибини бузди, деб ишдан ҳайдалаши бўлгани айтилади.
Жанубий Қирғизистоннинг Аравон туманидаги иқтисодий ва норозилик шакли Қозоғистондаги вазиятдан фарқ қилади. У ердаги адолат/адолатсизлик мавзуси этник мансубликка бориб тақалади. Чунки ёлланганларнинг аксарияти этник ўзбеклардир. Бунинг сабаби 201 йилги можаро вақтида ўзбек жамоатининг асосан қирғизлардан ташкил топган маҳаллий ҳокимият идоралари билан келишмовчиликда эди. Фокус гуруҳидаги фикри сўралганлар айтишича, Сурияга кетганларнинг аксарияти эктремизмда айбланиб, маҳаллий ҳокимият идораларидан марҳамат кутиб ўтиргунча, Сурияда ўлишни афзал билган. Бундан ташқари, аҳолининг маълум қисми норасмий суҳбатларда мавжуд бошқарув тизимидан кўра, ислом халифалиги жорий этилиши лозим деган фикр билдирган.
Тадқиқот жараёнида тожикистонлик фокус гуруҳи вакиллари ҳукуматни танқид қилса, таъқибларга учрашини айтиб, очиқ гапирмади. Аммо билдирган фикрларидан маълум бўлишича, мавжуд адолатсизлик, имкониятлар тенгсизлиги ва коррупция сабаб одамлар меҳнат миграциясига кетишга мажбур бўлмоқда. Иштирокчилар ёлловчилар Жезқазған ва Ўшдаги каби мана шу камситишдан ўз мақсадига эришиш йўлида фойдаланганини айтди. Улар меҳнат мигрантларини ижтимоий тармоқлар орқали ёллаган.
Ш ўринда, нега айнан Хатлондан кўпчилик Сурия урушига ёлланди, деган оғир савол туғилади. Бунга имкониятлар тенгсизлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилади. Негаки, Тожикистондаги фуқаролар уруши тугагач, Хатлон вилоятидаги кўпчилик оилалар фойда кўрди. Давлатни кенгайган оила ва унинг атрофидагилар бошқармоқда. Шу сабабли хатлонликлар бу тенгсизликни адолатсизлик деб ҳисоблайди ҳамда сиёсий иқтисод нуқтаи назаридан, уни ҳокимият билан музокара қилиб, ҳал этиш механизми йўқ деб ҳисоблайди.
3. Радикаллашув олдидаги ожизлик ва унга берилмасликка бошқа тарафдан қараш
Умумлаштириб қараганда, учта “қайноқ нуқта”да ҳам мавжуд сиёсий тизимда ҳал этилмаётган муаммолар (этник, иқтисодий, диний ёки учаласининг қоришмаси) мавжуд бўлиб, уларни мулоқот орқали ҳал этиш механизмлари мавжуд эмас. Аслида сиёсий зиддиятлар ҳамиша бўлиб туради, аммо барча тизимлар ҳам уларни ҳал этиш механизмларини таклиф эта олмайди. Айрим ечими оғир муаммолар (масалан, Жезқазғондаги) Совет давридан мерос қолган.
“Фуқаролар адолатсизликдан шикоят қилиши ва бу шикоятлар бир минтақада бошқасидан фарқ қилиши кутилмаган нарса эмас. Ушбу маммоларга иқтисодиёти бой мамлакатлар ҳам, ривожланган демократик давлатлар ҳам дуч келади”, дейди муаллиф. Унинг таъкидича, Марказий Осиёдан Сурия урушига кўпчиликнинг ёлланишига у ерда шикоятларни музокара йўли билан ҳал этиш механизмлари йўқлигидир. Шунинг учун минтақа ҳукуматлари шундай механизмни топишга ҳаракат қилиши керак. Ҳар қандай адолатсиздик, тенгсизлик, камситиш ва коррупция моҳиятан сиёсий масаладир.
Барча тадқиқот ўтказилган мамлакатларда ягона партия ҳукмронлик қилади. Лекин нисбатан сиёсий рақобат кучли бўлган Қирғизистонда ҳам камсонли этник гуруҳларнинг ҳокимиятдаги иштироки жуда оз. Шу сабабли ёлланаётган кишилар Ислом давлатини мавжуд сиёсий тизимларига муқобил деб билади. Миллий ҳукуматлардан фарқли ўлароқ, Ислом давлати давлатнинг асоси сифатидаги этнонационализмни инкор қилади, яна неолиберал халқаро тартибни ҳам бутунлай рад этади.
СССР тарқаб кетгандан кейин эса ваъда берилган демократия қарор топмади. Шу нақтаи назардан қаралганда, кўплаб оилаларнинг бор-будини сотиб, болаларини уруш бўлаётган жойга олиб кетганини уларнинг ёрқин келажагини таъминлашга ва адолат топишга уриниш сифатида тушуниш мумкин. Аммо улар бу адашгани учун ўз ёки болаларининг ҳаёти билан товон тўлади.
Яна террорчилик ҳужумларини амалга оширганлар ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилганлар ҳам борлигини унутмаслик керак. Улар адолатсизликка дучор бўлганларни, эътирози борларни ҳар хил ҳийлалар билан ўз томонига оғдириб олган. Ҳатто улар ўша норози кишиларни Нью-Йорк ва Стокҳолмдаги пиёдалар, Туркиядаги тунги клуб ва Ироқдаги эзди этник гуруҳига қарши террорчилик амалларини бажаришга кўндирган.
Муаллиф қайд этишича, “шундай қилиб, Ислом давлатининг марказий осиёликларга мурожаати фақат сиёсат ёки ижтимоий адолатга қаратилиб қолмай, унинг вакиллари ўзини унутилган ва ватанининг бир чеккасида қолиб кетган деб ҳис қилган кишиларга шахсан адолатни тиклаб бериш, уйида истиқболни кўра олмаётган кишиларга жой ва келажакни ёлғондан ваъда қилган”.
Хулоса: бузғунчи тармоқлар ўрнига динга қарши курашишнинг хавфли жиҳатлари
Тадқиқот муаллифи фикрича, жангари экстремистларни ёллашни, радикаллашувни, зўравонликни тарғиб қилувчи гуруҳларнинг хулқ-атворини, дунёқарашини тушуниб олишда диний аралашув ёки теологик ёндашувлардан ташқарига чиқиш лозим. ИШИД вакиллари қанчалик “ҳақиқий ислом” номидан гапирмасин, улар ҳам этнонационалист демагоглар сингари ўз манфаатидан келиб чиқиб фикр юритади. Марказий Осиёда исломий ўзликни англаш, диний амалларни бажариш кучайиб бораверади, лекин бу билан намозини ўқиб, бошқа амалларни бажараётган мусулмонлар билан маълум сиёсий эътирозлари сабаб муайян жой ва ҳолатларда сафарбар қилинган муайян гуруҳлар ўртасида алоқа бор, деб хато қилинмаслиги керак. Диний мансублик ёки уни ифода қилиш ҳал этилиши керак бўлган муаммо эмас. Бу Шимолия Ирландиядаги “ирландлик” ёки “католиклик”ка ҳам тегишли. Қўшма Штатлардаги оқтанлиларнинг устунлиги билан боғлиқ террорчилик амалларининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун протестантларни ибодат қилишига ва тери ранги билан боғлиқ тафовутларга қарши курашиш шарт эмас.
Муаллифнинг моделида бунинг ўрнига бирор диний гуруҳга мансублик асосий эътирозларни бартараф қилиш учун қандай сафарбар этилганини аниқлаш таклиф этилади. Шу ўринда у француз тадқиқотчиси Оливье Ройга иқтибосан жараённи яна бир марта “исломнинг радикаллашуви эмас, аксинча, ракаллашувнинг исломлашуви” деб атайди.
О. Рой “Глобаллашган ислом”нинг “Жиҳод Қуръондан кўра Марксга яқинми?” бобида Сурия урушига ёлланганлар ёки уларнинг тарафдорларининг эътирозлари 60-йилларда Парижда коммунистлар етакчилигида норозилик намойишларига чиққан талабаларнинг эътирозларига ҳамоҳанг эканини ёзади. Шундан келиб чиқиб тадқиқотда ИШИД сингари террорчилик тактикасини қўллаётган исёнчилар ёки бошқа норози кишилар дин эмас, ижтимоий, сиёсий ёки шахсий ҳолатлар сабаб радикаллашгани айтилади ва ўз сафидан жой ва мансублик таклиф қилган радикал ташкилотга бориб қўшилади.
Ислом давлати “адолат”ни таъминлашга иддао қилган бўлса, кейинчалик “адолат/адолатсизлик” тушунчаларидан келиб чиқувчи эътирозларни ҳал этиш механизмларини яратишни таклиф этган эди. Агар асосий мақсад зўравонликнинг олдини олиш бўлса, “таъсирга берилувчанлар” жамоатида тарафдорларни кўпайтириб, жиноятчи ва зўравонлар ҳамда уларнинг тарафдорларини сафини камайтириш керак бўлади, деб ҳисоблайди Н.Таккер.
Эътироз радикаллашувнинг асосий сабабларидан бири деб қараладиган бўлса, илгари радикаллашмаган кишилар ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятидан норозилик зўравонликни тарғиб қилувчи тармоқларнинг ишини – ёллашини осонлаштиради.
“Ҳатто зиддиятларни ҳал этиш учун сиёсий эътирозлар билдириши моделини танлаганимизда ҳам, диний мансублик зўравонлик тарафдорларининг одамларни сафарбар қилиш учун танлайдиган йўли деб тахмин қилиш тасодифи ҳол бўлади ёки номақбулдир. Диний тармоқлар сиёсий партиялар, шунингдек, фуқаролик жамияти заиф бўлган тизимда, айниқса, кучли бўлади”, деб ёзади тадқиқотчи. Унинг урғулашича, дунёвий сиёсий механизмлар ва фуқаролик жамияти барпо қила олмаслик оқибатида диний мансублик, худди мусулмон бўлмаган Шимолий Ирландиядагидек, биринчи ўринга чиқади.
ИШИД ёки бошқа мингйиллик жангари гуруҳларнинг Ер юзида Худо салтанатини барпо қилиш билан адолатсизликларга барҳам бериб, дунёни тузатишга қанчалик ишониши ҳар доим ҳам тўғри баҳоланавермайди. Шу ўринда дин арбоблари муқаддас битиклар нотўғри талқин қилинаётганини, экстремистик ташкилотларнинг қилаётган ишлари нотўғри эканини жамоатга тушунтириб бериши керак бўлган энг мақбул амаллардан биридир.
Давлат бирор дин ёки диний гуруҳ тарафини олмасдан, ҳар қандай диний ташкилот фаолиятини унинг зўравонлик инкор қилиши, давлат ва бошқалар ҳуқуқини тан олишидан келиб чиқиб баҳолаши лозим. Дин эркинлигини, фикрни қонунлардан четга чиқмаган ҳолда эркин баён қилишни таъминлаш экстремизмга имкон қолдирмайди. Бунинг учун ҳамма ўзи яшаб турган жамиятнинг бир қисми эканини ҳис қилиши лозим.
Сурат манбаси: pravda.ru