Сурат манбаси: inosmi.ru
Муаллиф: Севара Ҳамидова, мустақил тадқиқотчи
Марказий Осиёда оилавий зўравонлик кенг тарқалган ҳол ва кўп йиллик илдизга эга бўлиб, аксарият ҳолларда минтақадаги жамиятнинг патриархал турмуш тарзи мероси ҳисобланади. Кўпинча аёллар билан болалар, камдан-кам ҳолларда эркаклар ундан жабр кўради. “БМТ-аёллар” (БМТнинг махсус тузилмаси) келтирган статистика маълумотига кўра, Қирғиз Республикасида 30 фоиз, Қозоғистонда эса 20 фоиз аёллар аксарият ҳолларда умр йўлдоши зўравонлигига дуч келган. Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки уч ойида мамлакат Хотин-қизлар қўмитасининг 1146 – ишонч телефонига 430 нафар аёл мурожаат қилди. Уларнинг деярли ярми (207 нафари) умр йўлдоши зўравонлигидан жабр кўрган.
Аёллар ҳар йили турли кўринишдаги руҳий ва жисмоний таъсирга дучор бўлмоқда. Марказий Осиё минтақасида гендер тенглик аҳамиятини ошириш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, қонунларни ҳамда ҳуқуқий, қонунни муҳофаза қилиш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланишни йўлга қўйишни такомиллаштириш, ижтимоий меъёрлар ва ролларни ўзгартиришга даъват этувчи каби турли ташаббуслар илгари сурилди.
Оиладаги зўравонликни олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича ижтимоий қонунлар (ҳуқуқий ҳужжатлар) минтақада Туркманистондан бошқа барча мамлакатларда: Тожикистонда 2012 йилда, Қозоғистонда 2009 – 2010 йилларда, Қирғизистонда 2003 йилда (янги қонун 2017 йилда қабул қилинган), Ўзбекистонда эса 2018 – 2019 йилларга келиб қабул қилинган.
Оиладаги зўравонликка қарши минтақа мамлакатлари қонунларининг қисқача баёни
Туркманистондаги гендер сиёсати, жумладан, номусга тегиш, одам (эркаклар ва аёлларни) савдосидан ҳимоя қилиш 2015 йилда қабул қилинган “Эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқи ва тенг имкониятларини таъминлашнинг давлат кафолатлари тўғрисида”ги қонуни доирасида белгилаб берилган. Бундан ташқари, ушбу қонунда аёлларни камситувчи, уларнинг ролини пасайтирувчи ғоя ва маълумотларни тарқатиш тақиқланади, унда яна аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича жиноий ва маъмурий чоралар кўзда тутилган.
Тожикистонда “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун 2012 йилда қабул қилинганига қарамай, ҳар икки аёлнинг бири оилада зўравонликдан жабр кўради. Мамлакатда оиладаги зўравонликнинг олдини олишга тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан бири аёлларнинг ўз ҳуқуқини билмаслиги, шунингдек, дўппослаш, руҳим босим, номусга тегиш ҳамда зўравонлик каби ҳатти-ҳарактларнинг қонунга хилофлиги ва уларнинг қонун йўли билан жазоланиши билмаслигидир. Бундан ташқари, кўпчилик қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлган тақдирда ҳам ижтимоий қоралаш ва ғийбатлардан чўчиб, давлат идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилишдан қўрқади. Тожикистон ҳуқуқшунос аёллари уюшмаси раҳбари Ҳамида Қаноабнинг фикрича, қонун доирасида медиация – воситачилик яхши натижаларни кўрсатмоқда. 40 фоиз ҳолатда ажрашиш, мулкни бўлиш масалалари медиация орқали ҳал этилмоқда, зўравонликнинг олдини олишга эришилмоқда.
Қирғизистонда “Оиладаги зўравонликдан қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 2017 йили қабул қилинган. Қонун шуниси билан эътиборлики, унда давлат идоралари ва адвокатура билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари ҳам ҳимоя ва қўриқлаш субъекти сифатида қайд этилган. Мамлакатда 2003 йилдан эътиборан оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига қўриқлаш ордери бериш тартиби амал қилади, бироқ бундай ордерни олиш тартиб жуда мураккаблигича қолмоқда. Kloop.kg вебсайти хабарига кўра, милиция анча йиллардан бери оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ишларни бажаришга рағбат кўрсатмайди, айни сабабга кўра, шу пайтгача ордер олиш заруриятини унчалик ҳам ёқламайди. 2008, 2016 ва 2018 йиллардаги ордерларни бериш сони ошгани, асосан, фуқаролик жамияти босими ҳамда гендер масалаларига сезгирлик бўйича участка нозирлари ва милиция ходимлари учун ўтказилган тренингларга боғлиқ. 2016 йилда яна милиция фаолиятини баҳолашнинг янги мезонлари жорий этилгани берилган ордерлар сонига таъсир кўрсатди, яъни ўша мезонларга алоҳида банд қилиб, берилган қўриқлаш ордерлари миқдори ҳам киритилган эди.
Қирғизистонда ишлаб турган 16 та тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича марказнинг Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби молиялаш билан боғлиқ катта муаммоси бор. Ҳар йили ажратилаётган маблағнинг асосий қисми зўравонлик учун айбдор кишиларнинг ахлоқини тузатиш ва ишонч телефонини ишини юритишга сарфланади.
− Муаммолар яна шундаки, бундай ордерлар фақат уч кунга берилади, жабрдийда ариза бергандан сўнг бир ойгача чўзилиши мумкин, лекин уни олиш жуда қийин, − дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Қирғизистондаги гендер масалалари бўйича эксперти Умутай Даулетова. – Шунча вақтдан бери фақат бир ҳолат бўйича суд орқали зўравонни хонадондан чиқариб юбориш ва жабрджийдага қўриқлаш ордери беришга эришдик. Бошқа ҳолатларда эса айнан жабрдийда уйдан чиқиб кетишга мажбур. Қонунга киритилган янги ўзгаришларга кўра, зўравонликнинг кўплаб турлари “ножўя иш” деб қайта таснифланди ва бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва адвокатлар ишини ўта мураккаблаштиради.
2017 йилдан бошлаб Қозоғистонда олдин кўрилган жиноий чоралар самара бермагани учун оиладаги зўравонлик жиноят деб ҳисобланмайдиган бўлди. Бироқ ушбу ножўя иш биринчи марта содир этилганда, маъмурий жарима тўлаш тартиби жорий этилди, иккинчи марта рўй берганда, қоидабузар 15 кунга ҳибсга олинади, кейинги ҳолатларда иш судга оширилади. Олдинлари дўппослаганлик учун йирик жарималар солинар эди, аммо қоидабузарни ҳибсга олишнинг иложи йўқ эди.
Ўзбекистонда аҳвол қандай?
2018 йилга қадар Ўзбекистонда ушбу соҳага оид алоҳида қабул қилинган қонуний ҳужжатлар йўқ эди. Бироқ бу билан, амалдаги қонунчилик бунақа зўравонликнинг олдини олмаган ёки фуқароларни бундай жиноий хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилмаган, деб бўлмайди. Буларнинг барчаси амалдаги жиноий, маъмурий кодекслар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниб келган.
2018 йилда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда оиладаги ва маиший зўравонлик билан боғлиқ турли ҳолатлар кенг муҳокама қилина бошлагач, махсус ижтимоий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши зарурлиги ҳақида гап очилди. ОАВ хабарларида иккала жинсга ҳам мансуб умр йўлдошлари ва болалар ўлими, уларни ўзини ўлдиришгача олиб бориш ва бошқа ҳолатлар ёритилди. Бундай жиноятлар хусусидаги статистика маълумотлари эълон қилинмайди, бироқ Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси бунақа ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг 45 фоиз сабабини асаб тизимининг бузилиши, 14 фоизга яқини сабабини эса оилавий можаролардан содир бўлишини статистика маълумотларига асосланиб қайд этади. 2018 йилда эълон қилинган “Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонунга жиноятларнинг олдини олиш чоралари, маърифий ишларни олиб боришда давлат муасасалари иштироки ва ролига оид талаблар, оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига қўриқлаш ордерлари бериш ҳақидаги низом киритилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасига ушбу қонун ижросини назорат қилиш (watchdog’лик), шу билан бирга оиладаги зўравонликнинг олдини олиш мақсадида аёллар ўртасида маънавий ва ахлоқий оила қадриятларини мустаҳкамлаш, намунали оилавий муносабатлар, фарзандлар тарбиясини оммалаштириш, фуқаролар, асосан, аёллар билан кенг қамровли иш олиб бориш каби вазифалари юклатилган. Бошқача айтганда, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасига ушбу қонунни амалга ошириш, шунингдек, унинг ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш бўйича муҳим топшириқлар берилган.
Қонунда назарда тутилган қўриқлаш ордери 15 кунга берилади, кейинчалик жабрдийданинг аризасига кўра, 30 кунгача узайтирилиши мумкин.
Умуман олганда, ҳозирча жабрдийдага нисбатан умр йўлдоши ёки яқин қариндошлари жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик қилишига оид статистика маълумотлари йўқ. Қонунни мониторинг қилиш ҳамда ушбу ишга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ёки бошқа watchdog ташкилотларни, қолаверса, тадқиқот муассасаларини жалб этиш механизмини қиёмига етказиш бугунки кундаги долзарб масаладир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер бўйича қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқиш ва уларни маромига етказиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Энг ёрқин намуналар сифатида ўтган ҳафтада қабул қилинган “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганини келтириш мумкин. Сўнгги қонун аёлларни оилада ҳам, иш жойларида ҳам тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган. Унда яна қўриқлаш ордерлари бериш, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича бошпаналар ва махсус марказлар ташкил этиш назарда тутилган. Аммо айбдор қонунбузарни қандай жазолашга батафсил тўхталинмаган, фақат у билан масъул идоралар вакиллари суҳбат ўтказиши қайд этилган. Яна бир диққат қилиш керак бўлган жиҳат шуки, эркаклар билан аёлларнинг ҳуқуқи мутлақ тенглигига қарамай, амалдаги қонунлар эркакларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилмайди, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича бошпаналар ва махсус марказлар орқали ёрдам олиш имкониятини бермайди. Бошқача айтганда, эркаклар оиладаги зўравонлик ва тазйиқдан ҳимояланмаган.
Тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар қандай фаолият юритмоқда?
Ижтимоий соҳа ходими ва арт-терепевт[1] Динара Азимованинг айтишича, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) мақомига эга, ушбу ташкилотлар ходимлари (асосан, психотрепевтлар) эса кўпинча ННТни бошқариш стратегияси бўйича тажриба ва билимга эга эмас. Улар донорлар ёрдамида фандрайзинг – маблағ йиғиш, хайрия сингари имкониятлардан фойдаланишни билмайди, турли чет эл дастурлари орқали ходимларининг малакасини ошириш имкониятидан маҳрум. Моҳиятан, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар айни дамда аёлларнинг тегишли органлар – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилишида воситачи вазифасини ўтайди.
Азимованинг фикрича, бундай марказларга стратегик кўрим[2] етишмайди: ҳар бир мутахассиснинг ўз ўрни бўлиши керак. Ишонч телефони орқали мурожаатлар билан психологлар ишлаши, юристлар ва оилавий масалалар бўйича медиация мутахассисларини жалб этиш лозим. Медиация орқали ёрдам бериш, оилавий можароларни бартараф этиш учун асос яратилиши мумкин, лекин бунинг учун ушбу соҳада маълумотга эга тажрибали мутахассислар керак. Мамлакатда ижтимоий соҳада ишлаш бўйича мутахассислар тайёрлайдиган фақат битта факултет мавжудлиги, меҳнат бозорида ушбу мутахассисликка талаб пастлиги оқибатида “урф бўлган” янги амалиётлар бўйича ҳафталик курслар ёки вебинарларда[3] ўқиган ҳар бир кишига маълумотли мутахассис сифатида қаралмоқда.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оиладаги зўравонликка қарши кураш бўйича қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатларни бундан буён ҳам ҳаётга самарали татбиқ қилиш учун айни пайтда Ўзбекистонда ҳам, умуман олганда, минтақада ҳам тегишли тадқиқотлар етишмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар воситачилар сифатида эмас, мустақил ташкилотлар сифатида ривожланиши зарур. Бунинг учун эса ижтимоий реклама ва краудфандинг[4] имкониятлари, жамоатчиликнинг хайрия мақсадларида қўллаб-қувватлаши йўқ. Фикримизча, ички ишлар идоралари орасида гендер масалаларига сезгир муносабатда бўлиш бўйича иш олиб бориш (ташкил этиш) ва ижтимоий меъёрларни ўзгартириш зарур. Бунинг учун уларга фуқаролик жамияти кўмак кўрсатиши ва қўллаб-қувватлаши лозим.
——————————————————————————————————————————————————————————–
[1] Арт-терапия (ингл. art — «санъат» + терапия) – психотрепиядаги йўналиш бўлиб, даволаш учун санъат ва ижод намуналаридан фойдаланишни англатади.
[2] Кўрим (ингл. vision) – атроф муҳитни ёки воқеа-ҳодисаларни қайсидир тарзда кўриш ва баҳолаш.
[3] Вебинар (ингл. webinar) – интернет-семинар.
[4] Краудфандинг (ингл. crowdfunding) – жамоатчиликдан ижтимоий мақсадлар учун маблағ йиғиш.