Муаллиф: Севара Хамидова, мустақил тадқиқотчи
Сўнгги икки ойда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўзига хос “инновацион” ташаббус ва ғояларни илгари сурмоқда. Жорий йил июлида Элмира Боситхонова қўмитага янги раҳбар этиб сайлангач (у илгари ҳам қўмитани бошқарган) мамлакат бозорларини маърифат манбасига айлантириш таклифини эълон қилинди. Бунга кўра, бозорларда Хотин-қизлар қўмитасининг махсус хоналари – бўлимларини ташкил этиш таклиф этилди. Бунақа хоналарда бозорда савдо қилувчи аёлларнинг маънавий маданияти маърифий суҳбатлар ва китоб ўқиш, шунингдек, бозорларга ўрнатиладиган радиокарнайлар орқали ўзбек шоираси Зулфиянинг шеърлари, аёлларнинг хулқ-атворига бағишланган ҳадисларни кунига 5 – 6 марта ўқиб эшиттириш йўли билан оширилади. Ушбу ташаббус ижтимоий тармоқларда кўп шов-шувларга ва қизғин муҳокамаларга сабабчи бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар бунақа тадбир куракда турмаслигини, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этмаслигини таъкидлади.
Яқинда Хотин-қизлар қўмитасидан яна бир янги ташаббусни эълон қилинди. Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 27 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигидаги Қўшма қарор ишлаб чиқилди. Бунга кўра, туман ҳокимликлари ҳузурида “Тезкор штаб” ҳамда туман ИИБ соҳавий хизмат ходимлари ва Хотин-қизлар қўмитасининг жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишловчи мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳлар фаолияти ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада маҳалла мутахассиси ва профилактика нозирлари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларни 23 та тоифа бўйича картотекаларни шакллантириш каби вазифалар белгилаб олинди.
Ижтимоий аҳволи бўйича бўлинган 23 та тоифа қуйидагилар:
- илгари судланганлар;
- жиноят содир этишда айбдор деб топилганлар;
- шартли жазо муддатини ўтаётганлар;
- гиёҳвандлар;
- алкоголга ружу қўйганлар;
- руҳий касаллар;
- жиноят қилишга мойиллар;
- уйида узоқ вақт бўлмаганлар;
- узоқ вақтдан сўнг ватанга қайтганлар;
- руҳий мададга муҳтожлар;
- болалар тарбиясига салбий таъсир қилувчилар;
- ғайриахлоқий жиноят содир этганлар;
- нотинч оилалардаги аёллар;
- ички ишлар органларида рўйхатда турувчи аёллар;
- ўз жонига қасд қилишга мойиллар;
- ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар;
- ишсиз аёллар;
- камбағаллар;
- Тошкентда вақтинча яшовчилар;
- рўйхатдан ўтмай яшовчи аёллар;
- тиланчи аёллар;
- балоғатга етмаган (18 ёшгача) ва ёш (18-30 ёш) қизлар;
- ногирон, ажрашган, боласини ёлғиз катта қилаётган, боқувчисини йўқотган аёллар.
Мазкур ташаббус эълон қилинган куниёқ юзлаб аёллар ижтимоий тармоқларга “#потенциальноопасна” (“#потенциалхавфли аёл”) ҳэштеги билан постлар қўя бошлади. Ҳэштег асосчиси Мадина Рўзматова ижтимоий кампания уютириш мақсади бўлмаганини ва бу дўстона флэшмоб эканини айтди. Бироқ ушбу ҳэштег юзлаб аёллар билан фаолларнинг овозини эшитилишига, шу йўл билан зикр этилган тоифаларнинг мантиқсиз ва хато эканига, шунингдек, ушбу рўйхат тузилгандан сўнг ҳар бир ўзбекистонлик аёл шахсий ҳуқуқи ва эркинликлари хавф остида қолишини ҳис қилишига жамоатчилик эътиборини қаратишга ёрдам берди. Кўп ўтмай, Хотин-қизлар қўмитаси сайтида Элмира Боситхонованинг бундай рўйхатни шакллантиришга қатъиян қаршилиги ва мазкур рўйхатни тузилишига мутлақо алоқаси йўқлиги ҳақида хабар эълон қилинди. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) эса рўйхат нотўғри талқин қилинганини таъкидлади: “Ушбу рўйхат аслида иккита бўлиши керак эди, ‒ дея изоҳ берди ИИББдагилар. ‒ Биринчиси дастлабки тўртта банддан, яъни жиноят содир этишга мойил шахслардан иборат бўлиши керак эди. Кейинги 19 та тоифага ижтимоий ҳимояга, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёллар киради”.
Шу ўринда Ўзбекистон 1995 йили БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги (CEDAW) конвенциясига қўшилганини эслатиб ўтиш жоиз. Мамлакатда асосий йўналишлар сифатида қуйидагилар белгилаб олинди:
· аҳолининг гендер масалаларига сезувчанлигини ошириш;
· аёлларнинг репродуктив, ижтимоий ва иқтисоидй ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
· тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш;
· ярашиш, бағрикенглик ҳамда аёллар ҳуқуқи бўйича олинган мажбуриятларга амал қилиш масалаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат институтлари ҳамкорлигини таъминлаш.
Қуйида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолатини такомиллаштириш тадбир ва ташаббусларидаги муаммолар, уларнинг ечими ва бу борадаги зарур ислоҳотлар хусусида эксперт ва фаол аёлларнинг фикрлари келтирилади:
Дилфуза Қуролова, юрист, ҳуқуқий масалалар бўйича эксперт:
‒ Албатта, сўнгги хабарлар ҳаммани тонг қолдирди. Бунда иккита тамойил кўзга ташланади: биринчиси шуки, Хотин-қизлар қўмитаси (бозордаги хотинлар, энди эса картотекалар билан боғлиқ) чуқур ўйлаб кўрилмаган, мантиқдан узоқроқ ёки “чала ишланган” ташаббусларни ўртага ташламоқда. Улар бундай сиёсатни жамият “эътибор қилмай ўтказиб юбориши мумкинлиги ёки йўқлиги”ни текшириб кўраётгандай таассурот уйғотади. Иккинчи тамойил шуки, қўмита жамиятдаги ўрни қанақа эканини билмаётгандай: давлат идораси бўлиши учун ваколат билан ижтимоий ишонч етишмайди, фуқаролик жамияти ролини ўйнаш учун эса қўмитанинг ўзида на истак ва на “ғурур” бордай. Биринчидан, давлат идораси мақомига эга ННТнинг ролини қайд этиш жоиз. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ана шундай ННТдир. У нодавлат ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтган, фуқаролик жамияти сифатида барча имтиёзлардан фойдаланади, лекин шу билан бирга мамлакатнинг гендер сиёсатидаги тамойилларни (тенденция) белгилайдиган давлат идораси ҳисобланади. Бироқ “иккита курсида ўтириш” унчалик тўғри бўлмаса керак. Мабодо қўмита давлат идораси бўлса, “картотекалар” ёки бўлмаса (сўнгги баёнотларга қараганда) “шахсларнинг эътибор қаратилиши лозим бўлган махсус тоифалари”ни яратишга интилаётганини оқлаш мумкин. Лекин бутун республика бўйлаб бошқарма ва бўлимлари бор Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўзини фуқаролик жамияти вакили деб ҳисоблаётган бўлса, рўйхатни тузиш аёлларга тамға босишдан бошқа нарса эмас ва унинг мутассадиларига бу ҳуқуқни ҳеч ким бергани йўқ.
Назаримда, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун қуйидагиларни бажариш лозим:
1. Аёллар билан бевосита мулоқотни қўлга қўйиш. Бунинг у ҳозиргидай бирламчи ташкилотлар ёки маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш идоралари воситасида йўлга қўйилган мажбурий тартибдан воз кечиб, аёлларнинг ҳақиқий эҳитёжини аниқлаш ва аҳоли билан ишлаш.
2. Зудлик билан 2 та энг муҳим: “Оилавий/маиший зўравонликни жиноят деб белгилаш тўғрисида”ги ва “Гендер тенглиги тўғрисида”ни қонунни қабул қилиш зарур. Шундагина ҳозирги бошбошдоқликдан ҳамма ҳимояланган бўлади. Шу ўринда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фақат аёлларни ҳимоя қилиб қолиши керак эмас, гендер масаласини нозик идрок қилишга кўмаклашиши ҳам зарур, бу эркакларни фаол иштирокини талаб этади.
3. Шахсий ишларга аралашмаслик. Кўпинча юрист сифатида ажрашиш жараёни қанақа бўлиши тўғрисида маслаҳат беришни кўпчилик илтимос қилади. Қизлар аксарият ҳолларда турли сабабларга кўра келин бўлиб тушган оилада яшашни давом эттира олмай қолади. Ҳужжатларни топширишнинг илк шартларидан бири – маҳалладан (маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш идораларидан) ва хотин-қизлар қўмитасидан маълумотнома олиш. Қизлар ўша ерга борганда, кўпинча қўпол муомалага дуч келади ҳамда бундай қилмаслик ва ҳар қандай йўл билан бўлса-да оилани сақлаб қолиш кераклиги ҳақида панд-насиҳат олади. Бу шусиз ҳам сиқилиб юрган аёлларга ахлоқий босимни, камситишни ва стрессни кучайтиради.
4. Шелтер – бошпаналар ишини фаоллаштириш ва ҳар бир ҳолатни таҳлил қилишни йўлга қўйиш. 2018 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси оиладаги зўравонлик жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш учун барча минтақалардан шелтерларни ишга туширди. Яна ишонч телефонлари ҳам ишлай бошлади. Лекин у ерларда жабрдийдаларга 1-2 кундан сўнг жавоб бериб юборилади, бу ҳол улар учун таҳдидни янада оширади, чунки уни уйда зўравон киши жаҳли баттар қўзиган ҳолда кутиб туради. Айнан шундай ҳолларда маҳалла билан Хотин-қизлар қўмитаси ёки ички ишлар идоралари оилавий ишларга аралашса ҳамда малакали, руҳий, ҳуқуқий, тиббий ва зарур ҳолларда моддий ёрдам кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Лекин амалда Хотин-қизлар қўмитаси ёрдам керак бўлмаган ёки ортиқча бўлган жойларда ишлаётганини кўряпмиз. Лекин ўша ёрдам зарур бўлган жойда қўмитанинг бор-йўқлиги сезилмайди ҳисоб.
Нозима Давлетова, мустақил тадқиқотчи:
‒ Назаримда, мамлакат бўйича ижтимоий соҳада иккита асосий муаммо мавжуд: етарлича молиявий маблағ ажратилмаслиги ёки маблағлардан самарали фойдаланмаслик ҳамда ижтимоий соҳада ишловчи профессионал ходимлар етишмаслиги. Бугунги кунда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада тадбирлар ишлаб чиқиш масъулияти, асосан, GONGO бўлмиш (давлат ташкил қилган нодавлат ташкилоти) Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасига юклатилган. Қўмитадагилар аёллар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш ва эҳтиёжмандларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яқиндан бошлаб давлат идоралари билан ҳамкорлик қила бошлади. Кўпчилик ҳолларда таклиф этилаётган ва жорий қилинаётган тадбирлар, илгари сурилаётган ғоялар аёллар эҳтиёжларига мос келмаслиги ва шунга ўхшаш муаммоларни ҳал этиш бўйича халқаро тажрибасини билмаслик оқибатида тескари натижа бера бошлади. Ўрта бўғин ходимлари аёлнинг роли ҳақидаги анъанавий патриархал тутим ва қарашлардан келиб чиқиб иш тутади. Агар энг юқоридан кўрсатмалар ва эндигина оёққа тураётган фуқаролик жамияти босими бўлмаса, аёллар муаммолари билан шуғулланиб ўтиришмас эди. Профессионал психологлар, педагоглар, ижтимоий соҳа ходимларининг йўқлиги таълим, иқтисодиёт ва молиялаш соҳасидаги бошқа кўплаб тизимли муаммолар билан боғлиқ. Анъанавий жамиятда мураккаб тутимлар ва маънавий-ахлоқий қадриятлар босимидан чўчиб қолган аёлнинг энди камситиш ва оиладаги зўравонликка бақамти келиши билан бу ҳақда тегишли идораларга хабар бериш эҳтимоли ортади. Республика ИИВ билан бирга аёллар билан ишловчи янги инспектор лавозимининг жорий этилиши айнан шу билан боғлиқ, деб ўйлайман. У зарур ёрдам бериш учун аёлларни тегишли идоралар билан боғлаб турувчи бўғин бўлади. Мен янги инспекторлик лавозими жорий этилишидан яхши натижа кутяпман, чунки аёллар ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси билан фақат бир ташкилот эмас, ички ишлар ва ижтимоий ҳимоя идоралари шуғулланиши керак.
Мадина Рўзматова, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис, комуникациялар бўйича маслаҳатчи, #потенциальноопасна (#потенциалхавфлиаёл) фото-флэшмоби ташаббускори:
#потенциалхавфлиаёл – дўстона фото-флэшмобдан бошқа нарса эмас. Менинг бировни хафа қилиш, ҳақоратлаш, ҳамиятига тегиш ёки мақолаларимизни тармоққа чиқарилган ғалати рўйхатга қарама-қарши қўйиш мақсадим бўлмаган. Асло.
Мен ушбу масала муҳокамаларидаги жиддийлик ва хезланиш даражасини пасайтирмоқчи бўлган эдим, назаримда, жуда самимий иш бўлди. Гўзал, омади юришган ақлли ва ажойиб қизлар ҳа ҳатто дадил йигитлар ўзи ҳақида гапириб берди. Менинг Facebook’даги лентамга ҳавас қилсангиз арзийди, қаранг, ҳэштегга қандай фотосуратлар қўйилди – сизга ёқиб қолишига аминман. Бир қанча нашрлар биз қизлар билан бир хил постлар қўйганимиз тўғрисида ёзиб чиққандан сўнг бугун мендан 40 киши ҳам онлайн, ҳам офлайн тарзда ўзбек медиа маконида аёллар мавзусидаги муҳокамаларга муносабатим қандай эканини сўради. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлса ҳам, тўғрисини айтаман. Ҳеч қандай муносабатим йўқ. Қўмита ёки бошқа тузилмадагилар бирор нарсага қанчалик мос келишим ёки келмаслигим ҳақида нима деб ўйлашининг менга ҳеч қандай қизиғи йўқ. Ушбу ахборот шов-шувида мен учун бир нарса муҳим: қизларимизнинг ҳеч бири бунақа рўйхатларни жиддий қабул қилмаслиги керак. Ҳар бир қизнинг ўз мақсадига эришиш йўлида – ҳеч кимнинг гапига қулоқ осмасдан – ҳаракатланишга кучи, илҳоми ва қуввати бўлсин.
Менинг фикримга қўшилган қизлар ана шундай нарсаларни гапириб берди. Ҳатто рўйхатда қайд этилганидай, “идеал” бўлмаган ва табиати мураккаб қизлар ҳам ўзини бахтиёр ҳис қилаётганини ва мақсади сари интилаётганидан сўзлади. Шахсан ўзим мақоламда шундай йўл тутишга интилдим.
Фикри ожизимча, аёлларга оид ислоҳотларни амалга ошириш вақтида долзарб бўлмаган қадриятларни тарғиб қилиб, тиқиштириш ўрнига шу масалага эътибор қаратиш лозим.
Биз айни пайтда эскириб кетган нарсалар: асоссиз айбловлар, мунозаралар ва ваъдаларни тарғиб қилишга жуда катта ресурсларни сарфлаяпмиз. Қизларнинг таълим олиши билан боғлиқ масалани тўлиқ ҳал этганимиз йўқ, маиший даражадаги жинсий камситиш бартараф бўлмади, оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ўткир муаммо ҳали ҳам мавжуд. Ўзимдан ёши кичик қизлар билан гаплашганимда, улар ҳали ҳам уларга ўзи маъқул кўрмаган қадриятлар тиқиштирилаётганини, қизлардан ўзи мос бўлишни истамаган нарсалар кутилаётганини айтади. Назаримда, умумий саъй-ҳаракатларни, ресурсларни муваффақиятсиз мулоқот, кераксиз конференция ва “хўжакўрсин” суҳбатларга эмас, ижобий томонга йўналтириш муҳимроқдир. Бу телевизор ёки ижтимоий тармоқлар ленталаридан эмас, ҳар биримиздан – сизнинг шахсий позициянгиз, фикрлашингиз, ишларингиз ва сўзларингиздан бошланади. Дунё ўзгараётганини тушуниб олиш учун вақтимиз етарли бўлди, деб ўйлайман. Ҳозир – ўзимизни ўзгартиришнинг айни вақти.
Мадина Рўзматова таъкидлаганидай, аёлларга потенциал жиноятчилар деб қарагандан кўра, уларни таълим соҳасида ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказиш ҳамда иқтисодий ва фуқаролик имкониятларини кенгайтириш билан муваффақият қозониш ва эркин бўлишга илҳомлантириш керак. Халқаро тажрибани ўрганмай ва ундан фойдаланмай, аёлларни ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган конвенцияларга амал этмай туриб, шунингдек, фуқаролик жамияти иштирокисиз ва аёлларнинг эҳтиёжларини пухта ўрганмасдан тенглик сиёсатини шакллантириш мумкин эмас. Бунақа “нотўғри тузилган рўйхатлар”, мамлакат бозорларидаги аёлларни “маънавийлаштиришга”га уринишлар, кундан-кунга давлат бошқарувидаги кадрлар сиёсати тизимида жиддий хатолар борлигини, демократик қадриятларга ўтишга тайёр эмаслигимизни кўрсатмоқда. Юксак малакали ва гендер масаласида фуқаролик институтлари, ННТлар ва энг муҳими, инсон ресурслари: ижтимоий соҳа ходимлари, юристлар, психологлар, инспекторлар ҳамда давлатга аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий мақомини кўтаришга ёрдам бера оладиган гендер масалалари бўйича мутахассислар зарур.