UzAnalytics республикамиз олий таълим тизимидаги бўлажак муҳим ислоҳотлар ҳақидаги мақоладан кейин таълим бўйича долзарб мавзуларда материаллар эълон қилишни давом эттиради. Бу сафар ўрта мактаблардаги таълим сифати ҳақида гап боради. Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистонда ушбу соҳага оид муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида ОАВда ва ҳукумат даражасида кўплаб муҳокамалар бўлди. Ушбу соҳанинг асосий муаммолардан бири – ўқитувчилар ва ўқувчиларни турли хил ишлар ва ҳашарларга (пахта терими, кўчаларни тозалаш ва б.) жалб қилиш босқичма-босқич бекор қилинмоқда. Бироқ мажбурий меҳнат – мактаблардаги таълим сифатига таъсир қилувчи муаммоларнинг биттасигина, холос.
Жорий йил июни охири, июли бошларида Тошкентда ЮНИСЕФ (БМТнинг Болалар жамғармаси) ва таълим соҳаси вакиллари Ўзбекистондаги таълим сифати масаласини муҳокама қилди. ЮНИСЕФ ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, тўртинчи синф ўқувчилари орасида фақат 43 фоиз болаларгина ўқиган нарсасини тушуна олади. Уй вазифаларини бажариш учун 28 фоиз ўқувчи 30-60 дақиқа, 25 фоизи 30 дақиқа ёки ундан кам, 22 фоизи 1-2 соат, 17 фоизи эса икки соатдан кўпроқ вақт сарфлаши маълум бўлди. “Инсон капиталини ривожлантириш: келажак учун таълим” мавзусида ташкил этилган мулоқот доирасида таълим соҳаси ва ЮНИСЕФ вакиллари Ўзбекистон миллий таълим дастури лойиҳасини муҳокама қилди.
Ҳужжатнинг тахминий варианти 2020 йилда тайёр бўлади, унинг мақсади мактабларда ўқув режасини тузиш ва ташкиллаштиришдир. “Уй қуришга киришишдан олдин мақсадингиз нима эканини яхши билишингиз керак. Бунинг учун аниқ режа ва чизмалар бўлиши лозим. Агар режангиз бўлмаса, хатога йўл қўясиз: ортиқча ресурслар, маблағ ва вақт сарфлаганингиз қолади. Буни таълим соҳасида ҳам қўлласа бўлади”, ‒ деди ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги ваколатхонасининг таълим бўлими бошлиғи Дипа Шанкар.
Мактабларда таълим сифатини ошириш усуллари ҳақидаги фикрлар билан ОАВда вазир, вазир ўринбосари ёки бошқармалар раҳбарларининг чиқишларида танишиш мумкин.
Бироқ бевосита ушбу масъулиятли вазифани амалга ошираётган ўқитувчилар бу ҳақда нима деяпти? UzAnalytics республикамиз турли шаҳарларидаги ўрта мактаблар ўқитувчиларига иккита савол билан мурожаат қилди:
1. Бугунги кунда Ўзбекистон ўрта мактабларида таълим сифатига таъсир қилаётган қандай асосий муаммолар мавжуд?
2. Таълим сифатини оширишнинг қандай усуллари бор?
Ойжамол Турдиқулова, она тили ва адабиёт ўқитувчиси, психолог Тошкент шаҳри:
1. Мактабларда таълим сифати пастлиги асосий сабабларидан бири, менимча, турғунликдир. Оғзаки айтилаётган гап кўплигига қарамай, амалда ўсиш йўқ. Масалан, ўқитиш жараёнини такомиллаштириш бўйича кўп таклифлар айтилмоқда, лекин кўпчилик ўқитувчилар ўша эски қолипда ишлашни давом эттирмоқда. Тўғри, ҳамма ҳам бир хил эмас. Баъзи ёш ўқитувчиларнинг ҳаракатларини кўриб, ҳавасингиз келади. Аммо бунақалар кам. Балки узоқ йиллар давомида ўқитувчиларнинг маоши кам бўлгани бунга сабабдир. Охирги йилларда уларнинг маоши анча оширилди ва уни бошқа касб эгалариникига нисбатан яхши деб ҳисоблайман. Лекин ўқитувчиларнинг малакаси ва касбига бўлган иштиёқи ошаётганини кўрмаяпман. Кейинги вақтларда улар аттестациядан ўтказилмоқда, аммо бу жараён етарли даражада шаффоф эмас.
Яна бир сабаб – синфларда болалар сонининг ҳаддан зиёд кўплиги. Уларнинг билим олишга интилиш ва иштиёқи ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.
Бундан ташқари, мактаблардаги “қоғозбозлик” камаймаяпти. Юқоридан комиссия келадиган бўлса, биринчи ўринда ҳужжат ва ҳисоботлар тахт бўлиши керак. Ўқитувчи бунинг учун кўп вақт сарфлашга мажбур. Комиссия, ҳеч бўлмаганда, бир соат ўқитувчининг дарсига кириб, малакасини баҳолаш ўрнига, йиғилган ҳужжатлар ва ёзилган ҳисоботлар асосида хулоса чиқариб, қайтиб кетаверади.
2. Ўрта мактабларда “қоғозбозлик”ни кескин камайтириш керак, деган фикрдаман. Комиссия ўқитувчининг – битта бўлса ҳам – дарсини кузатиб, шундан хулоса қилиши керак.
Яна бир муаммо – синфларда ўқувчилар сонини камайтириш. Мен синфдаги ўқувчилар сонини 20 тадан оширмасликни таклиф қиламан. Шундагина ҳар бир ўқувчига етарли даражада эътибор бериш ва улар билан ишлаш анча самарали бўлади.
Адолат Раҳимбоева, физика ўқитувчиси, Нукус шаҳри:
1. Давлат таълим стандартлари мукаммал эмаслиги ўрта мактабларда билим даражаси пастлигидаги асосий муаммо деб ўйлайман. Ушбу стандартлар болаларнинг ёшига доир хусусиятлари, фанлар ўртасидаги алоқалар, шунингдек, ўқувчилар ўзлаштириши керак бўлган маълумотлар ҳажмини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган.
Ҳар қандай фанда ҳар битта мавзу бўйича бир неча тушунча, таъриф, формула ва сана, ном, воқеа берилади. Худди болалар компьютер сингари маълумотларни ёд олиб, керакли пайтда тугмача босилганда, уларни чиқариб, ёддан айтиб бериши керак, деган тасаввур пайдо бўлади. “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир”, деган мақол кўп такрорланади. Ҳамма бало шундаки, тошга ўйилаётган мана шу нақшлар сараланмаяпти.
Мактаблар рейтинги, аниқроғи, ушбу рейтингни аниқлаш ва баҳолаш жараёни яна бир бошоғриқдир. Рейтинг ўқувчиларнинг “Билимлар беллашуви” ва фан олимпиадаларида эгаллаган балларига қараб аниқланади. Юқори рейтинг олиш учун мактаб ўқитувчилари, директорлари, туман, шаҳар ва вилоят халқ таълими бўлими раҳбарлари ҳар қандай ҳийла-найрангга тайёр. Айни пайтда “Билимлар беллашуви” ва фан олимпиадаларида ҳар бир фан бўйича бир мактабдан 1 – 3 ўқувчи қатнашади. Ушбу беллашувларда жанжал, йиғи-сиғи, устомонлик, шпаргалкалардан фойдаланиш, бир-бирига мағзава ағдариш каби номақбул хатти-ҳаракатлар одамнинг энсасини қотиради. Ҳайъат аъзолари эса иштирокчиларга нисбатан турли айёрликларни қўллайди.
Ушу жараёнда мактабингиздан бирор ўқитувчи ҳайъат аъзоси бўлмаса, ўқувчи совринли ўрин у ёқда турсин, юқори балл ҳам ола билмайди. Албатта, ўқитувчилар билан ўқувчилар орасида ҳалол ва виждонан ишлайдиган педагоглар, билимли болалар бор, бироқ мана шу ўйинлар мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир бўлаётгани ёмон.
Бундан ташқари, рейтинглар кам сонли ўқувчилар – олимпиада иштирокчилари салоҳиятини аниқлаб беради. Одатда, улар ўқув жараёнидан озод қилинган ҳолда тайёрланади, яъни танловнинг иккинчи босқичи, дейлик, физика фани олимпиадасидан кейинги босқичга ўтаётган бола ўқитувчиси билан бирга бошқа фанларни ўқишдан озод қилинади ва кечаю кундуз физикани ўқийди. Бундай ёндашув билан болани ҳар томонлама ривожлантириш мумкинми?
2. Биринчидан, давлат таълим стандартларини болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига мослаштириш ҳамда фанлараро алоқалар, айниқcа, математика, физика, география ва кимё фанлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ҳисобга олиш керак.
Иккинчидан, мактаб рейтинги деган тушунчани, унинг турли танлов ва олимпиадаларга боғлиқлигини бекор қилиш керак.
Машҳура Азимова, физика ўқитувчиси, Андижон шаҳри:
1. Авваламбор, синфларда ўқувчилар сони ҳаддан ташқари кўп: баъзи синфларда 40 та ёки 45 тага етади. Табиий савол туғилади: 45 дақика давомида (дарс вақти) ўқитувчи ҳар бир ўқувчига етарли вақт ажрата оладими ҳамда бундай ҳолатда таълим сифатини қандай ошириш мумкин?
Биз 45 дақиқа давомида ўтган дарсда берилган уй вазифасини текшириб, 40-45 ўқувчидан олдин ўтилган мавзуни қай даражада ўзлаштирганини аниқлаб, назария ва амалиётни, янги мавзуни тушунтириб ва уй вазифасини бериб улгуришимиз керак.
Бундан ташқари, мактабларда техник воситалар етишмайди. Масалан, ўқувчиларга назарияни гапириб бериш баробарида видеороликлар орқали унинг амалиётта татбиқ этилишини, турли тажрибаларни кўрсатишимиз керак. Шундагина ўқувчиларнинг фанга қизиқиши кучаяди, ўқишга иштиёқи ўсади. Бунинг учун аниқ фанлар ўтиладиган синф хоналарини керакли техник воситалар (компьютер, телевизор, проектор ва б.) билан жиҳозлаш керак.
Бир неча йил олдин ўқитувчилар маошининг камлигидан шикоят қилар эди. Ҳозирги кунда бу муаммо бартараф этилмоқда – маошл бир неча босқичда оширилди.
2. Мактабларда таълим сифатини ошириш борасидаги таклифларим юқорида айтилган сабаблар ва етишмовчиликлардан келиб чиқади:
– синфларда ўқувчилар сонини кескин камайтириш – энг кўпи билан 25 ўқувчигача;
– аниқ фанлар ўтиладиган синф хоналарини техник воситалар (компьютер, телевизор, проектор, махсус экран ва б.) билан жиҳозлаш.
Ольга Пискунова, бошланғич синф ўқитувчиси, Нукус шаҳри:
1. Ҳозирги кунда Ўзбекистон умумтаълим мактабларида таълим сифатига бир неча асосий омил (муаммо) салбий таъсир кўрсатмоқда. Булар:
– дарсликлар, услубий адабиётлар, масалан, бошланғич синф дарсликлари умуман талабга жавоб бермайди;
– ўқитувчиларнинг профессионал даражаси пастлиги (Республика ўқитувчилар малакасини ошириш институтида малака ошириш ижобий натижа бермаяпти);
– интернет ресурсларидан фойдаланиш имконининг деярли йўқлиги;
– давлат идораларининг хавфли гуруҳга кирадиган оилалар ва болаларни назорат қилмаслиги;
– мактабларда моддий-техник база етишмаслиги;
– янги ўқиш тизимига босқичма-босқич ўтилмаётгани – бу борадаги барча ишлар меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш ёки бекор қилиш билан амалга оширилмоқда;
– ўқитувчи фаолияти ва ота-оналар мажбуриятларида аниқ алгоритмнинг йўқлиги.
2. Велосипед ихтиро қилиш шарт эмас, ривожланган мамлакатларнинг таълим соҳасидаги илғор тажрибасига мурожаат қилишимиз ва айни пайтда биз ҳам 1970-1990 йилларда сифатли таълим олганимизни унутмаслигимиз керак. Мамлакатимизда ўрта таълим сифатини ошириш учун таклифларим қуйидагилардан иборат:
– барча дарсликларни таҳрир қилиш зарур. Бу жараёнга малакали ўқитувчиларни жалб қилиш керак;
– барча умумтаълим мактабларини қисқа муддатда интернет ресурслари билан таъминлаш лозим. Бир неча йилдан буён бу ҳақда гапирилади, лекин амалда силжиш йўқ;
– ўқитувчилар ойлик маошини ошириш, уларнинг сифатли дам олишини таъминлаш, уй-жой, ижтимоий имтиёзлар тақдим этиш орқали улар мавқеини оширишни давом эттириш зарур;
– Халқ таълими вазирлиги фаолиятида қатъийлик ва изчиллик етишмаяпти: мактаб формаси гоҳ қабул, гоҳ бекор қилинади; мактаблар таъмири учун маблағ йиғиш тақиқланди, бироқ бунга пул ажратилмаяпти; қоғозбозлик расман бекор қилинган бўлса-да, ўқитувчи ҳар қандай комиссия учун бир уюм қоғозларни тақдим этиши керак.
Гулноза Яшнаровна, математика ўқитувчиси, Тошкент шаҳри:
1. Менинг фикримча, болаларда билим олишга иштиёқ йўқ. Бу уларнинг оилаларига боғлиқ деб ўйлайман. Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Агар ўқитувчи болаларда иштиёқ кўрса, ишига бутунлай бошқача ёндашади. Яхши ўқийдиган ўқувчилар сони жуда кам. Аксарият болаларнинг ўзлаштириши яхши эмас, билим олишга интилиши ҳам йўқ. Ота-онасини чақириб, бу ҳақда гапирсак, ҳар хил жавоб беради. “Қизиқиши бўлмаса, нега боламни эзасан”, дейдиганлари ҳам бор. Бола хулқи ва ўқиши ҳақида ота-онаси билан суҳбатлашишдан мақсад уни тўғри йўлга йўналтириш эмасми? Бундай ота-оналар нима учун боласини мактабга юборади? Айрим ота-оналар суҳбатдан тўғри хулоса чиқариб, чоралар ҳам кўради. Умуман олганда, бундай ҳолат умумий муҳитга таъсир этмасдан қолмайди.
Кузатишим бўйича аксарият ота-оналарнинг фарзандлари ўқишига эътибори кам. Уларнинг жавоби деярли бир хил: “Биз кунбўйи ишдамиз, оила ва бола боқяпмиз”. Шу боси болаларнинг ўқиши ва хулқи деярли назоратсиз қолмоқда. Баъзи ота-оналар ҳаттоки чорак тугул, бир йилда бир марта ҳам мактабга келмайди, фарзандининг ўқиши билан қизиқмайди ҳам.
Хулоса ўрнида
Дарҳақиқат, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир” дейишади. Аммо, бу нақшнинг шакли ва мукаммаллиги ўрта мактабда болаларга бериладиган билим сифати ва даражасига бевосита боғлиқ. Ўрта таълимнинг сифатини ошириш учун, авваламбор, бу соҳадаги муаммоларни ўрганиш лозим. Ушбу муаммоларни бартараф этиш уларни аниқлаш ва борлигини тан олишдан бошланади. Шу сабабдан, ўқитувчиларнинг бу борадаги фикрини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Юқорида айтилган фикрлар таълим сифатини оширишга ёрдам беради деган умиддамиз.